Қирғизистон: Медиаташкилотлар Жапаровни журналистларни обрўсизлантиришдан тийилишга чақиришди

Садир Жапаров

Қирғизистондаги медиаташкилотлар президент вазифасини бажарувчи бош вазир Садир Жапаровнинг ахборот ва матбуот кунида берган баёноти юзасидан хавотир билдириб чиқишди. Бу ҳақда “Медиаполиси институти”, Журналистик тадқиқотлар жамғармаси, Журналистларнинг мустақил уюшмаси ва бошқа медиаташкилотлар, ОАВ ва журналистлар томонидан имзоланган мурожаатномада айтилган.

Улар фикрича, Жапаровнинг баёноти журналистларга нисбатан салбий стереотип тасаввурларни шакллантиришга қодир ва шу билан Қирғизистондаги матбуот эркинлиги учун хавф туғдиради.

“Журналистлар маълумотларни бузиб кўрсатаётганликда айбланган баёнот ҳеч қанақа аниқ фактга асосланган эмас. Бироқ Садир Жапаровнинг тарафдорлари буни бир ишора ўлароқ қабул қилганига амин бўлиш учун ижтимоий тармоқдаги бош вазирни дастаклаш гуруҳларига назар солиш кифоя: агар Жапаров ёки унинг командасини танқид қилаётган бўлса, бу оммавий ахборот воситасига ишониб бўлмайди. Устига устак, президент вазифасини бажарувчининг бу даҳанаки ҳужумлари журналистларнинг ижтимоий тармоқларда таҳдид ва таъқиб нишонига айланиб қолишига олиб келди”, дейилади мурожаатда.

Медиаташкилотлар Жапаровни демократик жамиятда эркин оммавий ахборот воситалари ролини тан олиш ва тасдиқлашга ҳамда журналистларни обрўсизлантиришдан тийилишга чақиришган. Шунингдек, улар бош вазирга мунтазам матбуот анжуманлари ўтказиш ва сиёсий фаворитизмга йўл қўймасликни таклиф қилишган.

Садир Жапаров 3 ноябрь куни Region телеканалига берган интервьюсида Озодликнинг қирғиз хизмати - Азаттиқ ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирган. У ўзининг қаттиқ танқид қилинаётгани ва сўзлари бузиб кўрсатилаётганини айтган. Бу баёнотдан кейин ижтимоий тармоқларда Азаттиққа нисбатан таҳдид кўпайган.

Жапаровнинг матбуот хизмати медиаташкилотлар баёноти юзасидан изоҳ берганича йўқ.