Қирғизистон пойтахти жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарга айланди

25 январь куни шаҳарда ҳавонинг ифлосланиши 279 даражада эканини қайд этди.

Жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги ҳаво сифатини ўрганувчи World Air Quality ташкилоти Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўрнатган мослама 25 январь куни шаҳарда ҳавонинг ифлосланиши 279 даражада эканини қайд этди.

Бу билан Қирғизистон пойтахти Бишкек жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарга айланди. Бишкекдан кейинги ўринларни биринчи ўнликда Ҳиндистоннинг Дели, Калькута, Мўмбай, Хитойнинг Шэнян, Пекин, Покистоннинг Лахор, Непалнинг Катманду, Бангладешнинг Дакка ва Вьетнамнинг Ханой шаҳарлари эгаллади.

Айни пайтда Бишкекнинг Ак-Ўргў мавзесида ҳавонинг ифлосланиш индекси 450 даражага, Қизил қурувчи мавзесида 428 даражага, Новопавловка қишлоғида 410 даражага етган. Бу ўта хафли даража ҳисобланади.

World Air Quality ҳисобича, ҳавонинг ифлосланиш индекси 50 даражадан паст бўлиши лозим. Айнан мана шу даража инсон саломатлиги учун хавфсиз ҳисобланади.

Бишкек ўтган йилнинг ноябридан бери жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар ўнлигидан тушмай келмоқда. Ўтган ҳафтада Бишкекда ҳавонинг яхшилангани кузатилган, аммо 24 январдан яна ифлосланиш даражаси кўпайди.