Қирғизистон президенти Туркия раҳбари Эрдўғон билан учрашувида Ўрхон Инанди масаласини кўтарди

Садир Жапаров (чапда) Эрдўғон билан Анқарада 9 июнда учрашди.

Анқарада Қирғизистон президенти Садир Жапаров Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан учрашувида Бишкекда бедарак йўқолган “Сапат” таълим тизими раҳбари Ўрхон Инанди масаласини кўтарди.

“Президент Садир Жапаров ҳамкасби Режаб Тоййип Эрдўғондан Қирғизистонда Ўрхон Инандининг йўқолиб қолгани юзасидан савол берди. Эрдўғон Инандини танимаслигини, у ҳақда маълумоти йўқлигини ва ФЕТОчилар тўғрисида билгиси ҳам келмаслигини айтди”,-дейилади президент матбуот химзати тарқатган хабарда.

Жапаровнинг Туркияга 9-11 июнь кунлари қилган расмий сафари асли туркиялик бўлган қирғиз фуқароси Ўрхон Инанди бедарак йўқолган бир пайтга тўғри келди.

Қирғизистондаги “Сапат” таълим тизими президенти бўлган 53 ёшли Инанди 31 май куни тунда йўқолган. Уни қидириш ишлари давом этмоқда.

HRW 9 июнда тарқатган баёнотида Ўрхон Инанди “АҚШда яшовчи уламо Фатҳуллох Гулан асос солган ҳаракатга алоқадорликда гумонланиб” Туркия томонидан таъқиб қилинаётган бўлиши эҳтимол деб ҳисоблаши билдирилган.

Айни пайтда Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан музокаралар ортидан 9 июнь куни Анқарада ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон учрашув чоғида “ФЕТО [Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракати - таҳр] дохил террор ташкилотларига қарши кураш ҳамда минтақадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилган”ини билдирди.