Қирғизистон ҳукумати Иссиқкўл соҳили яқинида камида 500 минг аҳоли яшаши режалаштирилаётган “Асман” шаҳри қурилишини уч ой ичида бошлаши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маслаҳатчиси Равшан Собиров Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилди.
Унга кўра, Министрлар кабинети раиси Улуқбек Марипов “Асман” шаҳрини қуриш бўйича ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Расмийлар “Асман” шаҳри экологик тоза ҳудуд деб эълон қилинишини, унда фақат электромобиллар ҳаракатланишига рухсат берилишини айтмоқда.
Лойиҳани амалга оширишдан мақсад туризмни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, Иссиқкўл вилоятида ишламай қолган қатор йирик корхоналар фаолиятини қайта тиклашдан иборат экани билдирилди.
Маълум бўлишича, лойиҳани амалга оширишга 20 миллиард доллар маблағ керак бўлади. Равшан Собиров айни пайтда инвесторлар билан музокаралар олиб борилаётганини таъкидлади.
Айрим экспертлар Озодлик радиоси қирғиз хизматига “Асман” экологик тоза шаҳрини қуриш лойиҳаси “хомҳаёл ва қирғиз ҳукуматининг қўлидан келмайдиган иш” деб ҳисоблашларини айтганлар.