Қирғизистонда яна бир собиқ Бош вазир ва собиқ президентнинг укаси МХҚда сўроқ қилинмоқда

Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Игорь Чудинов.

Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Игорь Чудинов айни пайтда Миллий хавфсизлик қўмитасида сўроқ қилинмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизмати ишончли манбаларга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Игорь Чудинов “Қумтор” олтин кони билан боғлиқ коррупция иши доирасида сўроқ қилинмоқда.

Бундан бир неча соат аввал мазкур иш юзасидан собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбеков ва парламент депутати Тўрўбай Зулпукаров ҳам суроққа чақирилгани ҳақида Озодлик радиоси қирғиз хизмати ўз ишончли манбаларига таянган ҳолда хабар берган.

Собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбеков 2011-2016 йилларда Қирғизистон парламентининг раиси бўлган. Унинг акаси Сўўрўнбай Жээнбеков эса 2017 йилнинг 24 ноябридан 2020 йилнинг 15 октябригача Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳозирча бу хабарларни тасдиқламади ва айни пайтда инкор ҳам қилмади.

31 май куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ Бош вазири Ўмурбек Бабанов Канада ширкати томонидан ишлатиладиган “Қумтор” олтин кони бўйича шартнома тузишда коррупцияга йўл қўйганликда айбланиб ҳибсга олинганини расман тасдиқлаган эди.

Қирғизистондаги энг йирик “Қумтор” олтин кони Канаданинг “Центерра Голд” ширкати томонидан ишлатилади.

Жорий йил февралида “Қумтор” олтин конини ишлатаётган Канада ва Қирғизистон ҳукумати ўртасида тузилган шартномани ўрганган давлат комиссияси раиси, депутат Акилбек Жапаров “Канада ширкати билан енг ичида келишиб, Қирғизистоннинг манфаатларига зид келувчи шартномани имзолашда иштирок этган ҳукумат амалдорларини жазолаш”ни талаб қилган эди.