Қирғизистонда яна рус тилини расмий тил мақомидан маҳрум қилиш таклиф этилди

Садирдин Тўралиев

Қирғизистон Конституциявий кенгаши аъзоси Садирдин Тўралиев 26 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисда мамлакат конституциясидан рус тилининг расмий тил мақоми эгалигига оид моддани олиб ташлашни таклиф қилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Фуқаролар қанча кўп тил билса, шунча яхшилигини тушунаман, рус тилини билиш орқали биз кўп нарсага эришик. Бироқ биз алоҳида қонун қабул қилиб, хорижий тилларни ривожлантиришимиз, Конституцияга эса фақат қирғиз тили мақомига оид моддани киритишимиз лозим”, деган С. Тўралиев. Унга кўра, заруратга айланмагунича, фуқаролар миллий тилни ўрганмайдилар.

“Биз рус тилига ўрганиб қолдик ва у билан боғланган итдай ўтирибмиз. Бундай бўлмаслиги керак. Биз ўз тилимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Одам дегани шунақа: мажбурий қилиб қўймагунингизча, ҳеч нарсани ўрганмайди”, дея иқтибос келтирган Тўралиев сўзларидан “АКИпресс” агентлиги. Хабарда мажлис иштирокчиларининг бу таклифга муносабати акс этган эмас.

Амалдаги Конституцияга мувофиқ, Қирғизистонда рус тили расмий тил мақомига эга. 2019 йили конституциявий ислоҳот ўтказишни таклиф қилган сиёсий кучлар бирлашмаси рус тилини мазкур мақомдан маҳрум қилиш таклифини ўртага ташлаганди. 2020 йил октябрида Россия элчиси Николай Удовиченко билан учрашув чоғида ўша пайтдаги бош вазир вазифасини бажарувчи Садир Жапаров бу масала кун тартибида йўқлигини билдирган.

Қирғизистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси 17 ноябрь куни муҳокамага қўйилган. Ҳужжат президент ваколатларини ва ролини сезиларли даражада кенгайтиради. Асосий қонунга ўзгартишлар киритилган тақдирда, республика ҳозиргидай парламент бошқарувидаги мамлакат эмас, балки президент бошқарувидаги мамлакатга айланиб қолади. Бундан ташқари, Қирғизистонда “маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи олий орган” — Халқ қурултойини ташкил этиш ҳам таклиф қилинмоқда. Бу органни президент чақириши кўзда тутилган.