Қозоғистон: Дариға Назарбоева парламент сайловида иштирок этади

Дариға Назарбоева

Қозоғистон тўнғич президентининг қизи Дариға Назарбоева 2021 йил 10 январига белгиланган парламент сайловида иштирок этади.

Аввал парламент юқори палатасига раҳбарлик қилган Д. Назарбоеванинг исми депутатликка номзод ўлароқ “Нур Ўтан” партияси рўйхатидан жой олган. Рўйхатга жами 126 киши киритилган. Рўйхат ҳукмрон партиянинг 25 ноябрь куни бўлиб ўтган ХХ қурултойида бир овоздан маъқулланган.

Нурсултон Назарбоевнинг вориси ўлароқ давлат раҳбари лавозимини эгаллаган амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаев шу йил май ойида Дариға Назарбоеванинг Сенат спикери ва аъзоси сифатида ваколатлари тўхтатилганига оид фармонни имзолаганди. Д. Назарбоевани давлатдаги иккинчи шахс мақомида тутиб турган лавозимдан олинишини ўшанда кўпчилик Қозоғистондаги турли молиявий ва сиёсий гуруҳлар ўртасидаги кураш натижаси сифатида баҳолаганди.

Саксон ёшда бўлган Нурсултон Назарбоев ҳалигача Қозоғистонда энг муҳим қарорларни берадиган асосий сиёсатчи ўлароқ кўрилади. Қарийб 30 йиллик ҳукмронликдан сўнг президентлик лавозимини тарк этганига қарамай, Назарбоев “Нур Ўтан” партияси раҳбари бўлиб қолишда давом этмоқда. Унга умрбод Хавфсизлик кенгашига раислик қилиш ваколати берилган. Шунингдек, у миллат лидери – Элбоши мақомига ҳам эга.