Қозоғистон полицияси фаоллар ва журналистлар ҳукумат танқидчиси билан учрашишига тўсқинлик қилди

Журналист Лукпан Ахмедяров.

Қозоғистоннинг Ўрал шаҳрида полиция журналист Лукпан Ахмедяров ва бир нечта фаол Атирау шаҳрига боришига тўсқинлик қилди.

Атирау шаҳрида улар 4 февраль куни қамоқдан озод қилиниши кутилаётган ҳукумат танқидчиси Макс Боқаев билан учрашишни режалаштирган эдилар.

Ўралдаги фаолларнинг Озодликка айтишича, Ахмедяров 3 февраль куни Атирауга кетаётганида полиция томонидан тўхтатилган ва номаълум иш бўйича сўроқ қилинган.

Ахмедяров ҳибсга олинишидан олдин полиция билан тортишаётгани акс этган видеони Facebookда улашди. Журналистнинг сўзларига кўра, полиция унинг қўлига чақирув варағини топширган.

4 февраль куни Ўралда яна тўрт нафар ҳуқуқ ҳимоячиси полиция бўлимига чақирилган.

Ўрал полиция бўлими ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда фаоллар ва Ахмедяров «махфий жиноят иши» бўйича чақирилганини билдирди.