Қозоғистон президенти “инсон ҳуқуқлари борасидаги долзарб чора-тадбирлар режаси”ни ишлаб чиқишга кўрсатма берди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев ҳукуматга “инсон ҳуқуқлари борасидаги долзарб чора-тадбирлар режаси”ни ишлаб чиқиш тўғрисида кўрсатма берди. Бу ҳақда ҳукумат нашрлари 9 куни хабар қилди.

Президент бу борада имзолаган фармонга асосан, ҳукумат режани тузишда Қозоғистоннинг халқаро мажбуриятлари, жумладан, БМТ тузилмалари билан имзоланган шартномалардаги мажбуриятларини инобатга олиши шарт.

Бундан ташқари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши махсус процедураларига асосан одам савдоси жабрдийдаларининг, имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёлларга нисбатан дискриминацияга барҳам бериш чораларини кўриши лозим.

Фармонда фуқароларнинг турли ташкилотларга бирлашиш, фикр эркинлиги, яшаш ва хавфсизлик ҳуқуқи, одил судлов ҳуқуқи, қийноқларга қарши кураш масалаларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланади.

Режани ишлаб чиқиш муддатлари фармонда айтилмаган. Бироқ президент ҳукуматга ҳар йили 25 январь куни мазкур режанинг бажарилиши юзасидан ҳисобот бериш мажбуриятини юклаган.