Ҳаага суди Косоводаги урушда содир этилган жиноятларни тергов қила бошлади

Косово бўйича Ҳаага суди. 2021 йилнинг 15 сентябри.

Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида 1998-1999 йилларда Косовода бўлган урушда содир этилган жиноятларни кўриб чиқиш бўйича ташкил этилган суд илк жараённи бошлади. 15 сентябрда бошланган суд жараёнининг биринчи кунида айбланувчиларга расман айблов билдирилади, прокурорлар ва адвокатларга сўз берилади.

Суд доирасида Косово озодлик армияси қўмондони Солиҳ Мустафога қотиллик, асирларни қийноққа солиш ва ноинсоний муносабатда бўлиш, суд қарорисиз одамларни қамоққа олиш каби айбловлар билдирилмоқда. Терговнинг билдиришича, Мустафо бу жиноятларни 1999 йилнинг апрелида Злаш шаҳрида содир этган.

49 ёшли Солиҳ Мустафо бу айбловларни тан олмаяпти. У ўтган йили Косово Мудофаа вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаб турган вақтда қўлга олинганди.

Этник албанлар ва серб қуролли гуруҳлари ўртасидаги урушда содир этилган жиноятларни тергов қилиш бўйича Ҳаага суди 2015 йилда ташкил этилган эди.

Европа Иттифоқи шафеълигида ташкил этилган мазкур суд Косово қонунлари асосида иш олиб боради. Бироқ гувоҳларга босим ўтказилишининг олдини олиш мақсадида суд жараёни Ҳаагада бўлиб ўтади.

Косово Сербия билан урушдан сўнг 2008 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган эди. Бунга қадар у Сербия тассаруфидаги мухторият бўлган. Ўшандан бери Косово мустақиллигини 110 давлат тан олди. Бироқ Сербия шу кунгача Косовони ўз ҳудудининг бир бўлаги сифатида эътироф этади.