Ҳиндистонда коронавирусга чалинганлар сони расман 20 миллиондан ошди

Нью-Деҳлидаги касалхоналардан бири.

Ҳиндистонда 4 май куни яна 357 минг кишида коронавирус аниқланди ва бу билан мамлакатда вирус юққанлар сони 20 миллиондан ошди. Ҳиндистон жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринда бормоқда.

Ҳиндистонда сўнгги учу ой ичида COVID-19га чалинганлар сони деярли икки баробарга кўпайди. Коронавирусдан ўлганлар сони расман 220 мингдан ошди.

Бироқ мутахассислар коронавирусга чалинганлар ва ўлганлар сони расман билдирилаётганидан кўп эканини айтмоқдалар. Чунки уйидан касалхонага кела олмай вафот этган юзлаб одамлар расмий статистикага киритилмаяпти.

Ҳиндистонда коронавирус беморлари учун касалхоналар, дори-дармонлар ва сунъий нафас олдириш аппаратлари етишмаяпти. Мутахассисларга кўра, 1 миллиард 400 миллион аҳолиси бор Ҳиндистонда вазият янада мураккаблашиши кутилмоқда.