Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2020, Тошкент вақти: 13:14

LIVE BLOG: Абитуриент кундалиги

Кириш имтиҳонлари бошланди, йўллар ёпилди

Иллюстратив сурат.

Душанба, 29 июль куни соат 8:00 ҳамда 15:00 да 2019-2020 ўқув йилги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, кириш имтиҳонлари Юнусобод тумани Амир Темур кўчасидаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси, Мирзо Улуғбек тумани Ниёзбек йўли кўчасидаги олий ўқув юртлариаро спорт мажмуаси, Шайхонтоҳур тумани Беруний кўчасидаги Халқ истеъмол товарларининг кўргазма ярмарка савдоси республика маркази, Юнусобод тумани, Ифтихор кўчасидаги спорт мажмуаси, Шайхонтоҳур тумани Ислом Каримов шоҳ кўчасидаги «Ёшлик» спорт мажмуаси каби ҳудудларда ўтказилади.Имтиҳон кунлари йўловчиларга қулайлик яратиш, транспорт қатнови узлуксизлигини таъминлаш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ 29 июлдан бошлаб ўз тасарруфидаги йўналишларга автобусларни одатдаги ҳаракат жадвалидан бир соат олдин чиқариши айтилмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг маълум қилишича, имтиҳон кунлари, яъни 29 июлдан 10 августга қадар соат 05:00 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида, пойтахтнинг Юнусобод туманидаги Кўргазма, Корхожиота, Ифтихор, ва Ниёзбек йўли каби кўчалар транспорт воситаларининг ҳаракати учун вақтинча беркитилади.

Олийгоҳлар ректорлари пора олмасликка қасамёд қилишди

Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий сайтида олийгоҳлар ректорлари номидан эълон қилинган баёнотда пора олмасликка сўз берилган. “Биз, олий таълим тизими раҳбарлари, кўп сонли ректорлар, профессор-ўқитувчилар ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда коррупцияга қарши курашиб, фарзандларимизнинг келажаги ва Ватанимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ваъда берамиз”, дейилади баёнотда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мамлакат олийгоҳларида коррупция ҳолатлари борлигини тан олган: ​“Тан олишимиз керак, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, тизимда масъул ходимлар ўртасида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар йўқолмаган”.

Порахўрлик қилаётган ходимларнинг таълим соҳасига тасодифан кириб қолгани ва улар туфайли таълим муассасалари обрўсизлангани таъкидланади.

Обрўни кўтариш ва коррупцияга қарши курашишга бел боғлаганини айтаётган олийгоҳлар ректорлари вазиятни яхшилаш учун махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганини айтишган.

Ушбу режага кўра, эндиликда олийгоҳларда ҳалол ва пок виждонли, масъулиятли профессор-ўқитувчи ва ходимлар ишлайди.

“Жамоатчилик кенгаши” ташкил қилиниб, абитуриентларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиш жараёнига, касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказишга, талабалар билимини баҳолашга ҳамда ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашга, ўқишларини бошлаши учун турли хил сунъий тўсиқларга, фуқаролардан ҳар хил ноқонуний тўлов ундирилишига йўл қўйилмаслиги таъминланиши ваъда қилинган.

Коррупцияни енгиш учун мурожаат эгалари етти қадамдан иборат режа таклиф қиладилар. Мурожаатнома Ўзбекистонда қабул имтиҳонлари бошланиши арафасида пайдо бўлди.

“Талабаларнинг ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш тўғрисидаги мурожаатларини рад этиш, ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш ҳолатларининг олди олинишини, шунингдек, фуқароларнинг аризаларини ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда ортиқча оворагарчиликларга йўл қўйилмаслигини таъминлаб берамиз”, дейилади баёнотда.

Халқаро ташкилотлар чиқарган ҳисоботларда Ўзбекистон коррупцияга ботган давлатлар рўйхатидан жой олиб келади.

Тошкентдаги "Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан яқинда ўтказилган коррупция бўйича сўровда қатнашганларнинг 66,5 фоизи Ўзбекистонда коррупция кенг тарқалганини эътироф этган.

Абитуриент-2019: Ҳужжат қабул қилиш тугади

Олийгоҳларга ҳужжат қабул қилиш муддати узайтирилмади- қабул жараёни 15 июль куни ёпилди. Жойлардан олинган маълумотга кўра, олийгоҳлардаши қабул бўлимлари душанба куни соат 24:00гача очиқ турган. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимовнинг Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилишича, мамлакат бўйича жами 60та олийгоҳ ва уларнинг 30та филиалига кириш учун 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилган. Ўтган йилга нисбатан 251 минг 973 нафар ёки 30,91 фоиз кўп ҳужжат топширилган. Танлов кўрсаткичи – ўртача бир ўринга 10,28тани ташкил этди (8,3 та).

  • Энг кўп ҳужжат топширилган олийгоҳлар:
  1. Самарқанд давлат университети – 74 минг 377 нафар;
  2. Андижон давлат университети – 45 минг 977 нафар;
  3. Қарши давлат университети – 44 минг 676 нафар;
  4. Фарғона давлат университети – 42 минг 118 нафар;
  5. Урганч давлат университети – 39 минг 405 нафар;

Тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилинадиган таълим йўналишларига абитуриентлардан 86 минг 748та ариза қабул қилинди.

Жорий йилги қабул жараёни ўтган йилларга нисбатан тартибсиз кўринишда ўтгани борасидаги шикоятлар бўлди. Деярли барча олийгоҳлардаги қабул ур-йиқит, тўполонлар, турнақатор навбатлар билан ўтгани ҳақида Озодликка ўнлаб хабарлар келди. Бу ҳолатлар акс етган видео ва фото тасвирлар "Абитуриент кундалиги" жонли блоги орқали эълон қилинди.

Халқаро ислом академияси чет элликларни ўқишга имтиҳонсиз қабул қилмоқчи

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси 2019-2020 ўқув йилида бакалавриатга ўқишга кирмоқчи бўлган хорижлик абитуриентларни кириш имтиҳонларидан озод этди. Чет элликлар академияга суҳбат асосида қабул қилинади. ​ЎзХИА сайтида қайд этилишича, талабалар $2500 пул тўлаган ҳолда академияда ўзбек ва рус тилида таълим олишлари мумкин. Уларга бакалавриатда ўқиш учун Исломшунослик (қуръоншунослик, ҳадисшунослик, Ислом ҳуқуқи, ақида ва тасаввуф, Ислом тарихи ва манбашунослиги), Диншунослик, Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мусулмон мамлакатлари), Туризм (зиёрат туризми), Халқаро муносабатлар, Психология (Дин социопсихологияси) ҳамда Филология ва тилларни ўқитиш (араб тили) каби йўналишлар таклиф қилинган. Ўқишга кириш учун ҳужжатларни электрон тарзда ҳам топшириш мумкинлиги айтилмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирда ЎзХИАда Россия Федерацияси, Қирғизистон ва Тожикистон ватандошлари таҳсил олмоқда. Академия ўқишга қабул қилинган хорижликларнинг виза олиши ва яшаши билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам ваъда қилган.

ЎзХИА аввалроқ ўз толибаларига олийгоҳ ичида рўмол ўрашни тақиқлагани билан матбуот эътиборини тортган. Кейинчалик академия жамоатчилик босими остида талаба қизларга рўмолни ўзбекча қилиб, бўйин орқасидан ўрашга рухсат берганди. Кийинишга оид талаблар хорижлик талабалар олдига ҳам қўйилади-йўқми – бу ҳақда маълумот йўқ.

Абитуриент-2019: Саксон ёшли отахон ҳужжат топширди

Сурхондарёлик 80 ёшли Тўхтамиш Султонов Ўзбекистондаги энг ёши катта абитуриент бўлди.

Давлат хизматлари агентлигига кўра, Тўхтамиш Султонов Сурхондарё вилояти Ангор тумани Давлат хизматлари маркази орқали олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.

Тўхтамиш ота Самарқанд давлат университетининг Биологияни ўқитиш методикаси ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг даволаш ва педиатрия иши йўналишини танлаган.

Давлат хизматлари агентлиги эълон қилган суратга муҳрланган ёзувлардан маълум бўлишича, Тўхтамиш Султонов 12 июль куни соат 19:24да ҳужжат топширган.

Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда ёшга доир чекловлар олиб ташланган.

Аввалроқ Фарғонада ҳам 72 ёшли аёл бирданига учта олийгоҳга ўқишга кириш учун абитуриент сифатида ҳужжат топширганди.

Давлат тест маркази хабарига кўра, онахон 1973 йилда кооператив техникумини тамомлаган.

Энди у “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича Фарғона давлат университетига, Қўқон педагогика институтига ва Наманган давлат университетига ҳужжат топширган. Пенсионер аёл кундузги бўлимда ўқишни ният қилган.

Шунингдек, Навоийнинг Қизилтепа туманида яшовчи 67 яшар Шарофат Ташева ҳам Навоий давлат педагогика институтига ҳужжат топширган. Онахон институтнинг она тили ва адабиёти факультетига ўқишга киришни режалаган.

Бугун олийгоҳларга ҳужжат топширишнинг охирги куни

Абитуриент-2019: Турнақатор навбатлар, ур-йиқит, тўполон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:07 0:00

Олийгоҳларга ҳужжат қабул қилиш 15 июль куни тўхтатилади. Қабул кунлари узайтирилиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганди. Бироқ ҳозирча қабул узайтирилиши ҳақида расман ҳеч қандай хабар берилмади. Демак, бугун қабулнинг охирги куни. Ҳукумат қарори билан Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган. Ҳужжатга кўра, Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача абитуриентларнинг доимий рўйхатда турган жойидан қатъи назар қабул қилинади.

Жойлардан олинган маълумотларга кўра, ҳануз олийгоҳлар олдида турнақатор навбатлар кузатилмоқда.

Xushnudbek.uz қабул жараёнига оид абитуриентларга эслатмаларни эълон қилди:

  • Қабул 15 июлгача (ўша куни ҳам), узайтирилгани йўқ, миш-мишларга ишонманг. Агар узайтирилса, албатта расмий хабар берилади;
  • Қабул комиссиялари охирги абитуриент қолгунча (соат нечигача бўлса ҳам) фаолият олиб боради, ҳеч ким қолиб кетмайди;
  • Сиртқи учун қабул - 15 июлгача (ўша куни ҳам). 30 июль деб адашманг;

Президентнинг жорий йил 14 май кунги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, абитуриентлардан олийгоҳларнинг бакалавриатига ўқишга кириш учун ҳужжатлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

Абитуриентлар бундан буён бакалавриат йўналиши бўйича бирданига учта олийгоҳда ўтказиладиган танловда иштирок этиши мумкин.

"Қарши университетидаги тартибсизликларга ким жавобгар?"

Қарши Давлат Университетидаги қабул жараёнига оид хабар: "Мана бу кўриб турганингиз тасвирлар Қарши Давлат Университети сиртқи бўлимига қабул жараёнлари. Бу ердаги тиқилинч ҳолат, тартибсизлик, ноқулай шароит менимча бу машҳар тонгида ҳам бунчалик бўлмаса керак. Тасвирдаги инсонларнинг кўпчилиги кўп йиллик иш стажига эга устозлар, бунинг устига қабул жараёнига масъул ходимларнинг ҳужжат қабул қилувчиларга қўпол муомиласини айтмайсизми? Бу ҳолатлар устозлар, аввало инсон шахсиятига нисбатан ҳақоратку! Нима ҚДУ шунчалик қўл етмас қудратли ташкилотми? Буларнинг фаолиятини ҳеч ким назорат қилмайдими? Шу кеча- кундузда Ўзбекистонда кузатилаётган анамал иссиқ шароитда бу ҳолат тўғримикан? Бу иссиқ об- ҳаво шароитида бир ҳужжат топширувчи ҳушидан кетиб қолди. Унга ҳеч қандай биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмади. Бу ҳолат учун ким жавобгар?" (Хабар таҳрир қилинмасдан чоп этилди. Таҳр.)

Навоий педагогика институтидаги бақир-чақир

Навоий педагогика институтидаги бақир-чақир
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:51 0:00

​Ҳужжат қабулида бақир-чақир ва катта навбатлар. Ҳужжат топширишга келган абитуриентларнинг кўплигидан ҳатто тўсиқлар бузиб юборилди. Озодликка йўлланган бу видео Навоий педагогика институтида олингани иддао қилинмоқда. Бу видео қачон олингани номаълум.

Наманган университетида ҳам қабул ур-йиқит билан ўтаяпти

Наманган Давлат университетида ҳам мамлакатнинг бошқа олийгоҳларида кузатилаётган турнақатор навбатлар мавжуд. Бу ҳақда наманганлик абитуриентлардан бири Озодликка хабар берди. Абитуриент сўзларига исбот тарзида воқеа жойида олинган суратларни ҳам Озодликка йўллади.

Олийгоҳларга 1 миллионга яқин абитуриент ҳужжат топширди

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар сони 14 июлга келиб 960 минг кишидан ошди. Давлат тест марказининг маълум қилишича, шу кунгача кундузги бўлимда ўқиш учун 672 016 нафар, кечки бўлимда ўқиш учун 11 947 нафар, сиртқи бўлимда ўқиш учун эса 276 880 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Ўқиш учун энг кўп ариза (65605) Самарқанд давлат университетига топширилган. Кейинги ўринларда Андижон давлат университети (41832 та) ва Қарши давлат университети (40538 та) келади.

“Бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иш”, “Мактабгача таълим” ҳамда “Жисмоний маданият” кабилар абитуриентлар энг кўп танлаётган йўналишлар ўлароқ қайд этилган.

Аввалроқ Озодлик олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун мамлакат бўйлаб қабул комиссияларида узундан-узун навбатлар пайдо бўлгани ҳақида хабар қилганди.

Абитуриентни ўқишга киритиб қўйиш ваъдаси билан $30 000 олган аёл қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон пойтахтида ўғлини Тошкент Давлат Юридик университетига ўқишга киритиб қўйиш мақсадида М.Г. исмли аёлдан 30 000 АҚШ доллари олган Х.А. исмли аёл ушланди. Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармасининг маълум қилишича, муқаддам судланган 54 ёшли Х.А. Шота Руставели кўчасида келишилган пулни олган пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган. “Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади бошқарма хабарномасида.

Фақат 5 та олийгоҳга 24 соат давомида ҳужжат топшириш мумкин

Ўтган ҳафта Давлат хизматлари агентлиги ОТМларга ҳужжатни 24 соат давомида топшириш мумкинлигини эълон қилган эди. Озодлик мобил мухбири Тошкентдаги бир қанча олийгоҳларга бориб вазиятни ўрганди. Маълум бўлишича, олийгоҳлар соат 19:00дан кейин ҳужжат қабул қилишни тўхтатмоқда. Жумладан, Низомий педагогика университети, Шарқшунослик, Жаҳон тиллари олийгоҳларида соат 19:00дан бошлаб қабул тўхтатилаётгани аниқланди. ​“Эрталаб соат 5:00да келинг. Келиб навбат оласиз. Университет дарвозаси соат 7:30да очилади. Кейин ўша навбат орқали ҳаммага “номер” тарқатилади. Кейин шу “номер” орқали навбатингиз келганда ҳужжат топширасиз”, деди педагогика олийгоҳи ходими. Давлат хизматлари агентлигига кўра, айни пайтда агентлик орқали мамлакат бўйича фақат 5 та олийгоҳга кечаю кундуз ОНЛАЙН тарзда ҳужжат топшириш мумкин:

1. Тошкент давлат юридик университети;

2. Қорақалпоқ давлат университети;

3. Гулистон давлат университети;

4. Фарғона давлат университети;

5. Самарқанд давлат университети;

Давлат Тест маркази ўзининг Телеграмдаги саҳифаси орқали онлайн ҳужжат топширишга оид қуйидаги маълумотларни эълон қилди:

  • Шунчаки абитуриентлар паспорт ва дипломининг серияси ва рақамини, шахсий идентификация рақамини (ПИН ФЛ) киритса кифоя, бошқа нарса керак эмас. Паспорт ва дипломларнинг сканери ҳам шарт бўлмайди, рақамларини киритса бўлди;

  • Лайфхак: мабодо кимдир паспорти ва дипломини йўқотиб қўйган бўлса ва янгисини олишга улгурмаслигига кўзи етса, унда онлайн ҳужжат топширсин. Ҳеч кимга ҳужжат кўрсатиш шартмас, рақамларини билсангиз кифоя. Имтиҳонга эса паспорт столдан олинган вақтинчалик паспорт (09-шакл) билан кирса бўлади;
  • Ягона порталдан ҳужжат топшириш хизмати текин бўлади;
  • Фақат ўтган йили тугатган абитуриентлар Ягона порталдан ҳужжат топширмоқчи бўлса, 101.365 сўм тўлов қилинади;
  • Ягона портал орқали аввал ҳужжат топширганлар йўналишини ўзгартира олмайди! Бунинг учун қабул комиссиясига бориш керак;
  • Ягона портал орқали рўйхатдан ўтишда ўта ҳушёр бўлиш керак, маълумотлар нотўғри киритилса, уни портал орқали тузатиб бўлмайди. Бунинг учун давлат хизматлари марказига бориш керак;
  • Қуйидаги абитуриентлар онлайн ҳужжат топшира олмайди:
    - алоҳида имтиёзга эга бўлганлар (яъни турли мукофот соҳиблари, олимпиада ғолиблари ва ҳ.к.);
    - фуқаролик паспорти бўлмаган шахслар (масалан, 16 ёшга тўлмаганлар);
    - фуқаролиги бўлмаган шахслар.

    Ушбу тоифадагилар давлат хизматлари марказига шахсан ўзлари боришлари шарт.

Мамлакатдаги барча олийгоҳлар фақат бир кун: ҳужжат топширишнинг охирги куни - 15 июль куни соат 24:00гача ишлайди.

Бу ҳақда Озодлик мобил мухбири суҳбатлашган Тошкентдаги олийгоҳлар ходимлари маълум қилишди.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб деярли барча олийгоҳларда узундан -узун навбатлар давом этмоқда.

Расман: Тест пайти информатикадан саволлар бўлмайди

2019/2020 ўқув йилида «Математика» фанидан бериладиган тест топшириқлари таркибида «Информатика» фанидан саволлар бўлмайди. Шу пайтгача рўйхатдан ўтган абитуриентларга берилган «Абитуриентнинг қайд варақаси»да «Математика (информатика билан)» деб ёзилган. Эндиликда «Математика» фанидан бериладиган тест топшириқларига «Информатика» фанидан саволлар қўшилмайди.

Жорий йил 4 июль кунги «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг йиғилиши 1-сон баёни 12-иловасига мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари таълим йўналишлари рўйхати ва тест бўйича уларга мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси» тасдиқланди. Янги ўзгариш ушбу ҳужжатга мувофиқ белгиланган.

Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 24 соатлик режимга ўтди

Қарши давлат универcитетидаги навбатлар.

Олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун берилган муддат ниҳоясига яқинлашган айни кунларда бутун мамлакат бўйлаб қабул комиссияларида узундан-узун навбатлар пайдо бўлди. Озодлик LiveBlog – жонли блог шаклида ëритиб бораëтган бу вазиятга муносабат билдирган Давлат хизматлари агентлиги ОТМларга ҳужжатни 24 соат давомида топшириш мумкинлигини эълон қилди. Мурожаат этувчиларнинг юқори оқими туфайли Давлат хизматлари марказларининг 24 соатлик иш режимига ўтказилгани баробарида махсус хизмат ускуналар билан жиҳозланган Давлат хизматлари агентлиги автобусларининг ҳам абитуриентлар кўп жойларга қўшимча ёрдам сифатида жўнатилаëтгани билдирилди.

Агентлик расмий хабарига кўра¸ “Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимлари бундай мобил хизматларни Самарқанд давлат университети ҳудудида кўрсатмоқда”.

Президентнинг жорий йил 14 май кунги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, абитуриентлардан олийгоҳларнинг бакалавриатига ўқишга кириш учун ҳужжатлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

Абитуриентлар бундан буён бакалавриат йўналиши бўйича бирданига учта олийгоҳда ўтказиладиган танловда иштирок этиши мумкин.

Озодлик гаплашган Давлат тест маркази расмийси иддаосича¸ абитуриентларнинг янги ўзгаришларни яхши тушунмаëтгани бу йилги қабул жараëнида узундан-узун навбатлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидаги ур-йиқит

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидаги ур-йиқит
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:09 0:00

Фейсбук тармоғидаги "Халқ билан мулоқот/Диалог с народом" саҳифасига жойланган ушбу видео Қаршида олинган. "Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидаги қабул ҳолати. Улар иссиқ кунда одамларнинг азобли навбат туришидан роҳат олади шекилли, ҳамон эскича ишлаётганларга ҳеч қандай ўзгариш керакмас", дейди пост эгаси.

Самарқанд университетидаги турнақатор навбатлар

Самарқанд университетидаги турнақатор навбатлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:12 0:00

Ушбу видео 10 июль куни Самарқанд Давлат университетида олинган. Университетдаги қабул жараёнида турнақатор навбатларнинг охири кўринмайди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари овоз кучайтиргичлар орқали абитуриентларни тартибга чақирмоқда.

Урганч университетида ҳам қабул жараёни узун навбатлар билан ўтмоқда

Урганч университетида ҳам қабул жараёни узун навбатлар билан ўтмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:37 0:00

Урганч Давлат университетида ҳам қабул жараёни ур-йиқит билан ўтаяпти. Абитуриентлар навбатини тартибга солувчи бирор кимса йўқлиги боис, ким уриб-суриб олдинга ўта олса, ўша одам ҳужжат топширишга муваффақ бўлаяпти. Абитуриентларга кўра, эрталаб соат 6дан университетга келишган. Бироқ тушдан кейин ҳам ҳужжат топшира олмаган.

"Фарғонада ДТМ системаси яхши ишламаяпти"

"Фарғонада ДТМ системаси яхши ишламаяпти"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:22 0:00

Фарғонадаги олий ўқув юртларида ҳам қабул жараёнларида муаммолар мавжудлиги ҳақида хабар қилишди фарғоналик абитуриентлар. "Фарғона шаҳрида абитуриентларнинг навбатда туриши. Система яхши ишламаяпти", дея видео ва суратлар йўллади фарғоналик абитуриентлар 11 июль куни.

Қарши университетида қабул жараёни ур-йиқит билан бўлаяпти

Қарши университетидаги ур-йиқит
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:25 0:00

Озодликка 9 июль куни жўнатилган ушбу видеода Қарши Давлат университетидаги қабул жараёнида бўлаётган ур-йиқит тасвирланган. Видеони жўнатган қаршилик абитуриент қабул жараёнидаги шароитлардан нолиди: "Қарши Давлат университетида катта навбат. Қабулни тўхтатиб, ҳужжатларни деразадан қабул қилиб ўтиришибди. Абитуриентлар учун умуман шароит йўқ. Ҳамма иссиқда қолиб кетди. Биз абитуриентлар ёрдам кутиб қоламиз".

ДТМ абитуриентларнинг Озодликка қилган шикоятларига жавоб берди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (ДТМ) 9 июль куни абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жараëнида “муаммо йўқлиги” ҳақида расмий баëнот тарқатди. Бу баëнот Озодликда “Абитуриент-2019: Республика бўйлаб айрим олийгоҳларда ҳужжат қабул қилиш вақтинча тўхтатилди” сарлавҳали мақола эълон қилингани эртасига пайдо бўлди. Тест маркази 9 июль кунги баëнотида бу маълумотни инкор қилишга уринди. Ëзилишича¸ марказ электрон дастури 24 соат тўхтовсиз ишламоқда - айнан 8 июль куни рекорд даражада – 81 мингдан ошиқ абитуриент рўйхатга олинган. ДТМга кўра¸ абитуриентлар 15 кун ичида навбатсиз рўйхатдан ўтиш имконидан фойдаланмаган¸ ҳужжат қабул қилиш якунланишига бир ҳафтача вақт қолганда эса¸ рўйхатдан ўтмоқчи бўлаëтганлар сони кескин ошиб кетган. Ўз серверида муаммо йўқлигини таъкидлаш баробарида ДТМ¸ ҳар бир абитуриентни рўйхатга олиш жараëнининг ИИВ¸ банк тизими¸ шунингдек¸ имтиëз беришга ваколатли яна 15 вазирлик ва ташкилот электрон тизимига боғлиқ эканини таъкидлайди. “Бундай катта ҳажмдаги ахборотлар базаси билан ишлаш табиий равишда тезликнинг пасайишига олиб келади”¸ дейилади ДТМ баëнотида.9 июль кунги расмий изоҳи якунида ДТМ: “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги¸ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги¸ Давлат тест маркази ҳамкорлигида рўйхатдан ўтиш жойларида навбат юзага келмаслиги учун барча зарур чоралар кўрилди. Жумладан¸ тезлик оширилди¸ қабул комиссиялари иш соатлари узайтирилди¸ мавжуд линияларга қўшимча равишда корпоратив тармоқ линиялари қўшилди”¸ деб ҳисоб берди.

Низомий университетида турнақатор навбатлар (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

9 июль куни Тошкентда жойлашган Низомий номидаги педагогика университетига ҳужжат топширишга борган абитуриентлардан бири қабул жараёнидаги узундан-узун навбатлар ва тартибсизликлардан шикоят қилди: ​"Бугун опам билан Низомий номидаги педагогика университетига ҳужжат топширишга келгандик. Жуда катта навбат ва тартибсизлик: квитанцияни олишга навбат, тўловга навбат, ҳужжат топширишга навбат, ҳужжат топшириш учун бериладиган рақамчаларни олишга навбат. Яна ҳеч ким тартиб билан турмайди. Бизга 2014-ракамни беришди. У дегани - кечки соат 8гача ҳам навбатинг келмайди дегани. Абитуриентлар уйда имтиҳонга тайёрланиш ўрнига эртадан кечгача шу саратонда шунақа навбат кутишга мажбур", дея абитуриент ижтимоий тармоқларда қолдирган постига воқеа жойидан суратларни ҳам илова қилган.

8 июлда ҳужжат қабул қилиш вақтинча тўхтатилди

Андижон Давлат университети абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараëни
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:22 0:00

8 июль куни Ўзбекистон бўйлаб олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширишда жиддий муаммолар юзага келди. Тошкент¸ Жиззах¸ Андижон ва Фарғонадаги айрим универститетларга ҳужжат қабул қилиш жараëнидан Озодликка юборилган сурат ва видеоларда юзлаб одамнинг қуëш тиғида узундан-узун тик оëқда навбат кутаëтгани акс этган. Озодлик гаплашган қабул комиссияси расмийлари¸ бу ҳолатни Давлат тест маркази компьютер тизимидаги узилишлар билан изоҳлади.

 72 ёшли абитуриент

Фарғоналик 72 ёшли аёл бирданига учта олийгоҳга ўқишга кириш учун абитуриент сифатида ҳужжат топширди. Бу ҳақда 2 июль куни Давлат тест маркази раҳбари Барно Ражабовга таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар қилдилар. Хабарда айтилишича, бу аёл 1973 йилда кооператив техникумини тамомлаган. Энди у “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича Фарғона давлат университетига, Қўқон педагогика институтига ва Наманган давлат университетига ҳужжат топширган. Пенсионер аёл кундузги бўлимда ўқишни ният қилган. Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда ёшга доир чекловлар олиб ташланган.

Олийгоҳларга имтиҳонсиз ўқишга кириш имтиёзлари

Бош вазир Абдулла Арипов 6 май куни имзолаган қарорга кўра, Мудофаа вазирлиги, ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси ходимлари фарзандлари олийгоҳларга имтиҳонсиз қабул қилинади. ​Ҳукуматнинг 27 апрелдан бошлаб кучга кирган яна бир қарорида эса Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш йўналиши бўйича қўшимча давлат грантлари асосида олийгоҳларга имтиҳонсиз қабул қилиниши белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ва қисм қўмондонлиги тавсияномасига асосан ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчилар ҳам олийгоҳларга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG