28 март куни Ўзбекистон терма жамоси Қатар жамоасини 1:0 ҳисобида енгиб, 2018 йилда бўладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқиш имконини сақлаб қолди. Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтган ЖЧ-2018 саралаш учрашувида ягона голни Одил Аҳмедов урди. Бу ўйиндан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси 12 очко билан А гуруҳида учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига қилган сафари чоғида унга арзини айтмоқчи бўлган Хатирчи туманининг Тасмачи қишлоғида яшовчи ўнлаб аёл ва қария йўлдан қайтарилди. Аёлларнинг Озодликка айтишича, маҳалла оқсоқоли ва йўл хавфсизлиги ҳаракати инспекторлари, йўлни ёпиб қўйиб, автобус ва машиналарни қишлоқдан чиқартирмаган.
Ўзбекистонда “ҳоким маршрути” деган тушунча борлиги Озодликка Фурқат туманидан келган бир шикоятни ўрганиш жараёнида маълум бўлди. Туман марказидаги марказий кўча бўйида яшайдиганларнинг Озодликка шикоят қилишича, ҳокимият уларни уйларини таъмирлашга мажбур қилмоқда.
Чиқиш визасини олиш билан боғлиқ муаммолар сабаб айрим ўзбекистонликлар хориждаги фарзандлари ва турмуш ўртоқлари ёнига қайта олмаётганини айтмоқда. Хусусан¸ Озодликка мурожаат қилган тошкентлик аëл чиқиш визаси берилмаётгани сабаб Араб амирликларидаги оиласидан ажраб қолганини айтади.
28 март куни икки давлат президентларининг келаси ойга белгиланган учрашувига ҳозирликни муҳокама қилган Россия ва Ўзбекистон Бош вазирлари¸ Мирзиëевнинг Москва сафари давомида икки давлат ҳамкорлигини моҳиятан янги босқичга кўтарувчи катта ҳужжатлар тўплами имзоланишини билдирди.
Ислом Каримов даврида Тошкент марказий кўчаларидан бирига номи берилганига қарамай¸ расмийлар томонидан тилга олинмай келинган совет Ўзбекистонининг 24 йиллик 1-раҳбари Шароф Рашидов 100 йиллиги мамлакат бўйлаб кенг нишонланадиган бўлди.
Ўзбекистон матбуотининг 27 март куни хабар беришича, президент Мирзиёев юридик шахс мақомига эга бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъектлари ва янги рўйхатга олинган хусусий тадбиркорларга микрокредитлар бериш тизимини енгиллаштирувчи қарорни имзолади.
28 март куни Тошкентда ўтказилиши кутилаётган Ўзбекистон-Қатар ўйини олдидан “Бунёдкор” стадиони кассаларининг олди бўм-бўш. Бу ҳақда Озодликнинг пойтахтдаги мобил мухбири хабар қилди. Унинг хабар беришича, аввалги ўйинлардан аввал стадион кассалари олдида кузатилган ур-йиқитдан дарак ҳам йўқ.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган видео жамоатчилик ва расмийлар эътиборини Ўзбекистон ўрта мактабларидаги ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларидаги муаммоларга тортди. Озодлик бу видео ортидаги тафсилотларни ўрганди. Маълум бўлишича¸ ўз ҳамкасбини ўқувчиларнинг жинсий тажовузидан қутқармоқчи бўлган муаллима "айбдор" қилинган.
Наманган вилояти ҳокимининг махсус фармойиши билан вилоят марказининг шоҳкўчаларида Damas машиналари юриши 25 мартдан тақиқланди. Бу қарорга кўра¸ эрталабки соат 7:00дан кечки 20:00 гача бўлган оралиқда Damasлар "Чорсу", "Сардоба" бозорлари ва марказий "Темир йўл вокзали"га борувчи кўчаларга кирмайдиган бўлди.
“Малайзияда қайд этилган натижалар учун мухлислар олдида узр сўрайман. Деярли барча ўйинлар ғалаба ва мағлубият орасида туради. Сурия билан ўйинда қаердадир мен хато ҳам қилгандирман”,- деди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи «А» гуруҳи 7-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Қатар учрашуви арафасида.
Март ойи бошидан буён Ўзбекистон бўйлаб барча боғчаларда текширувлар ўтказилиб, махсус педагогик таълимга эга бўлмаган тарбиячилар ишдан бўшатилмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, бундан буён болалар боғчаларида фақат олий маълумотлилар ишлайди.
Давомини ўқинг