Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2019, Тошкент вақти: 07:48

Ўзбекистон

Ўзбекистонда қайта овоз бериш 10 январга белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Тошкентда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Олий мажлис қонунчилик палатасига депутатларни сайлаш бўйича айрим округларда қайта овоз бериш 10 январда ўтказилиши эълон қилинди.

Олий Мажлис Қуйи палатасидаги 150та депутатлик ўрни учун номзодларни сайлаш бўйича 27 декабр куни ўтказилган сайловда, 135та сайлов округи бўйича 96 номзод сайланган.

10 январ куни 39та сайлов округида етарли овоз ололмаган номзодлар учун қайта овоз берилади.

Ўзбекистонда Янги йилда айрим солиқ ставкалари ўзгаради

Газета.уз ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон президенти 22 декабрда имзолаган ҳужжатга мувофиқ 1 январдан бошлаб қуйи шкалага кирувчи, яъни, олтита энг кам маош миқдоригача бўлган даромадга эга юридик шахсларга белгиланган солиқ миқдори 12 фоиздан 11 фоизга камаяди.

Ўрта ва юқори шкала учун белгиланган солиқ ўзгармайди.

Автомобил ёнилғисининг ҳар бир литри ёки автомобил газининг ҳар бир килограмми учун белгиланган 120 сўм солиқ 145 сўм бўлади. Юридик шахслар учун белгиланган солиқ ставкаси 10 фоиздан 9 фоизга камаяди.

Майда ва кичик корхоналар учун белгиланган умумий солиқ тўлови ҳам бир фоизга, яъни, 8 фоиздан 7 фоизга камаяди.

АҚШ элчиси Ўзбекистон халқини Янги Йил билан қутлади

“Америка Қўшма Штатлари халқи номидан Ўзбекистон халқига энг эзгу тилакларимни изҳор қиламан.

2009 йил Америка Қўшма Штатлари учун бутун мусулмон дунёси халқларига дўстлик қўлини таклиф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янгилаш йили бўлди.

Биз Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида минтақавий хавфсизлик, савдо, таълим ва инсон ҳуқуқлари каби хилма-хил соҳаларда ўзаро бир-бирини тушуниш мустаҳкамланганининг гувоҳи бўлдик.

Ишончимиз комилки, келаётган йилда Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида эришилган ўсиш янада юқори поғоналарга кўтарилади.

21-асрнинг иккинчи ўн йиллигига қадам қўяр эканмиз, дунё янги чақириқлар билан юзма-юз келади, аммо шунга ишончим комилки, биргаликда меҳнат қилиб, биз бу даъватларни муносиб кутиб оламиз.

2010 йил сизга ва оилангизга тинчлик-осойишталик, соғлик-омонлик ва бахт-саодат олиб келсин!”, дейилади Янги Йил муносабати билан АҚШ элчиси Ричард Норланд 31 декабрь куни Ўзбекистон халқига йўллаган табригида.

Россия газ масаласида Украина билан келишди

ЕИ Россиянинг газ нархи ва транзити борасида Украина билан эришилган келишувини олқишлади.

Европа комиссиясига кўра, Россия ҳукумати Украина орқали Европа давлатларига етказиб берилаётган газ таъминотида узилишлар бўлмаслиги хусусида маълум қилган.

Украинанинг “Нафтогаз” энергетик ширкати Москва ва Киев рус газини Украина ҳудуди орқали транзит қилиш борасида келишувга эришганини билдирди.

Бундан бир оз аввал Россия Украина билан юзага чиқиши мумкин бўлган навбатдаги газ можароси туфайли ЕИга етказиб берилаётган газ таъминотида узилишлар бўлишини маълум қилган эди.

39та округда қайта сайлов ўтказилади

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов 28 декабр куни якшанба кунги парламент сайловининг дастлабки натижалариини эълон қилди.

Сайлов дастлабки натижаларига кўра, жами 135 та сайлов округидан 96 нафар депутат сайланган. Қонунчиликка биноан қолган 39та сайлов округида икки ҳафталик муддатда энг кўп овоз олган депутатликка икки номзод учун қайта овоз бериш ўтказилади.
Шунингдек, сайлов куни Ўзбекистон Экологик ҳаракати конференция ўтказиб, парламент депутатлигига ҳаракатнинг 15 вакилини танлаганини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг сайлов тўғрисидаги қонунига мувофиқ, парламент сайловлари якуний натижаси 2010 йил 6 январигача эълон қилинади.

Айни пайтда МДҲ, ШҲТ ва Ислом конференцияси ташкилоти кузатувчилари миссиялари 27 декабр куни Ўзбекистон республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатасига ўтказилган сайловларни демократик ва эркин дея олқишладилар.

28 декабр куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда ҳар учала миссия раҳбари 27 декабр кунги сайловлар эркин ва ошкора ўтди, дея баëнот бердилар.

Сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинди

28 декабр куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси якшанба кунги парламент сайловининг дастлабки натижасини эълон қилди.
МСК раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов дастлабки натижаларга кўра, сайловнинг биринчи босқичида сиёсий партиялар кўрсатган номзодлардан 94 нафари Олий мажлис қонунчилик палатасига депутат этиб сайланганини маълум қилди.

Бу сайланадиган депутатлар умумий сонининг 69,7 фоизини ташкил қилади, деди МСК раиси.

Унинг айтишича, 135та сайлов округидан 40тасида бирорта номзод етарли овоз ололмагани учун, бу округлардан депутатлар сайланмаган.

Шунингдек, сайлов куни Ўзбекистон Экологик ҳаракати конференция ўтказиб, парламент депутатлигига ҳаракатнинг 15 вакилини танлаганини, қўшимча қилди М. Абдусаломов.

Ўзбекистоннинг сайлов тўғрисидаги қонунига мувофиқ, парламент сайловлар якуний натижасининг 2010 йил 6 январигача эълон қилиниши кутилмоқда.

Сайлов натижалари кутилмоқда

Ўзбекистонда Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига 27 декабр куни бўлиб ўтган сайловлар дастлабки натижаларининг эълон қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси якшанба кунги овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг 87 фоизидан ортиғи иштирок этганини эълон қилди. Президент Ислом Каримов якшанба куни Тошкентдаги сайлов участкаларидан бирида овоз бериб бўлгач, журналистлар билан суҳбатда сайловларнинг “эркин ва адолатли” ўтганига ишончи комил эканини таъкидлади.

Якшанба куни кечқурун ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов парламент сайловларини расман ўтган, деб эълон қилди.

Парламент сайлови ўтказилди

Якшанба куни Ўзбекистонда парламент сайлови ўтказилди.

Расмийларга кўра, Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловда сайловчиларнинг 87 фоизидан ортиқғи иштирок этган.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов 27 декабр куни ўтказилган матбуот анжуманида буларни маълум қилди.

- Соат 20:00да Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари сайлови бўйича овоз бериш жараёни якунланди. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда қарийб 15 миллион 108 минг 950 сайловчи иштирок этди. Бу рўйҳатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,8 фоизини ташкил этади. Шундай қилиб, яна бир карра таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига сайлов тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 44-моддасига мувофиқ парламентимиз қонунчилик палатаси депутатлари сайлови ўтган, деб ҳисобланади.

МСК раиси Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан 15 нафар депутат ҳаракат конференциясида аниқланганини ҳам қўшимча қилди.

Якшанба куни Тошкентдаги 644-сонли сайлов участкасида овоз берган президент Ислом Каримов "сайлов эркин ва адолатли бўлиб ўтганига ишончи комил" эканини баён қилди.

Ўзбекистонда қарийб 17 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги 135 ўрин учун “Адолат” социал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Либерал демократик партияси ва Халқ демократик партиясидан номзодлар кўрсатилган.

Депутатлик мандатлари учун курашаётган тўрт партиянинг бирортаси шу пайтгача Каримов ҳукумати сиёсатини танқид остига олмаган.

Якшанба кунги сайловни кузатгани хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан 300 га яқин кузатувчи келди.

Бироқ ЕХҲТнинг сайловларни назорат қилиш бўйича идораси Ўзбекистондаги сайловни кузатиш учун ўз миссиясини юбормади. ЕХҲТ идорасининг сайловлардан аввал эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, амалдаги сиёсий тузум сайловчилар учун муносиб номзодларни танлаш учун шароитлар яратиб бермаган.

Каримов сайловда овоз берди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тошкентдаги 644-сонли сайлов участкасида овоз берди.

- Бугун ўтказилаётган сайловда, албатта, тенглик, ҳаққонийлик тамойилларига қатъий амал қилинади, деб ишонаман. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар кўп партиявийлик ва муқобиллик асосида ўтаётгани мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат шакллангани ва сайлов тизимимиз халқаро нормаларга тўла мос келишининг далолатидир, деди жумладан Ислом Каримов журналистлар билан бўлиб ўтган суҳбатда.

Сайлов ниҳоясига етмоқда

"Ўзбекистонда Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайлов фуқароларнинг фаол иштирокида ўтказилмоқда", дея хабар тарқатди Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси.

27 декабр куни Тошкентда ўтказилган матбуот брифингида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Қўчқор Тоғаев маҳаллий соат 17:00 га қадар сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролардан 13 миллион 670 минг 387 нафари овоз берганини айтди. Бу сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг 79,4 фоизни ташкил этади. Тоғаев, шунингдек, сайлов жараёнида сайлов қонунлари бўзилгани ҳақида маълумотлар келиб тушмаганини айтди.

Ўзбекистонда қарийб 17 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги 135 ўрин учун “Адолат” социал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Либерал демократик партияси ва Халқ демократик партиясидан номзодлар кўрсатилган.

Депутатлик мандатларини қўлга киритиш учун ўзаро баҳс олиб бораётган барча тўрт партия Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини ҳеч қачон танқид остига олмаган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги сайлов жараёнини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан келган 300 га яқин кузатувчи кузатиб бормоқда.

Бироқ ЕХҲТнинг сайловларни назорат қилиш бўйича идораси Ўзбекистондаги сайловни кузатиш учун у ерга ўз миссиясини юбормади.
ЕХҲТ идорасининг сайловлардан аввал эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, амалдаги сиёсий тузум сайловчилар учун муносиб номзодларни танлаш учун шароитлар яратиб бермаган.

27 декабр куни Ўзбекистонда сайлов ўтказилади

27 декабр куни Ўзбекистонда парламентнинг қонунчилик палатасига ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайлов бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан 26 декабр куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

МСК раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов брифинг иштирокчиларига вакиллик ҳокимият органларига ўтказиладиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

Абдусаломовнинг билдиришича, республика ҳудудидаги барча участкалар 27 декабр куни ўтказиладиган сайловга шай қилиб қўйилган.

-Қонунчиликка биноан 135та сайлов округи, 8447та сайлов участкаси, шу жумладан, Ўзбекистоннинг чет эллардаги ваколатхоналарида 44 сайлов участкаси ташкил этилди, округ ва участка сайлов комиссиялари шакллантирилди,-дея қўшимча қилди МСК раиси.

Марказий сайлов комиссияси томонидан 36 давлатдан ва тўртта халқаро ташкилот миссияларидан 270дан зиёд кузатувчи рўйхатга олинган.

28 декабр куни Матбуот марказида матбуот анжумани ўтказилади ва унда Ўзбекистон Олий мажлиси қонунчилик палатасига сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади.

Ўзбекистондаги сайловга хориж кузатувчилари келмоқда

КазИнформ ахборот агентлиги Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раиси Қувондиқ Турғунқулов бошчилигидаги делегация 24 декабр куни Тошкентга келганини хабар қилди.

27 декабр куни Ўзбекистон парламенти ва маҳаллий ижриоя органларига ўтказиладиган сайловни кузатиш учун Қозоғистондан келган делегация таркибида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котибияти ва МДҲнинг кузатувчилар миссияси вакиллари ҳам бор.

Қозоғистон вакиллари пойтахт Тошкент, шунингдек, Андижон ва Хоразм вилоятларида овоз бериш жараёнини кузатади.

Айни пайтда 25 декабр куни тожикистонлик кузатувчилар гуруҳи Душанбедан Тошкентга жўнаб кетди.

Гуруҳ таркибида Тожикистон Олий мажлиси раиси Гулназар Келди, Стратегик тадқиқотлар маркази директори Суҳроб Шарифов ва Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ёқуд Мадумаров ҳам бор.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ҳозиргача Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг сайловларни баҳолаш гуруҳини, МДҲ Ижриоя қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом конференцияси ташкилоти, шунингдек, 36 давлат вакилларини рўйхатга олган.

Ўзбекистондаги сайловни 250дан ортиқ хорижлик вакил кузатиши айтилмоқда.

МДҲ ижрочи котиби ўзбек расмийларини мақтади

ЎзА ахборот агентлиги хабарига қараганда, 27 декабр куни Ўзбекистонда ўтказилажак парламент сайлови тўғрисида МДҲга аъзо мамлакатлар кузатувчилар миссияси раҳбари, МДҲ ижрочи котиби Сергей Лебедев "Сайлов жараёни ғоят юксак савияда ташкил этилган", деган фикр билдирган.

Агентлик хабарига кўра, Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган учрашувда комиссия раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов "кузатувчиларни халқаро стандартларга мос миллий қонунчиликка биноан амалга оширилаётган сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича қилинган ишлар билан таништирган".

Ўзбекистонда парламент сайлови 27 декабр куни бўлиб ўтади.

GM Ўзбекистон янги бозорларга чиқмоқчи

GM Ўзбекистон қўшма корхонаси 2010 йилда ўз маҳсулотлари билан Шимолий Африка ва Жанубий Америка бозорларига чиқиш ҳамда Афғонистонда автомобиллар савдосини бошлашни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда GM Ўзбекистон қўшма корхонасининг маркетинг, савдо-сотиқ ва автосервис масалалари бўйича директори Тоҳир Жалиловнинг Янги йил табригида айтилади. Ушбу табрик “Ўзавтосаноат” компанияси сайтида эълон қилинди.

- Ишончимиз комил, рақобатдош бозорда янги позицияларни қўлга киритиб, автомобил сотиш ва ишлаб чиқариш кўламини оширишга эришамиз, дейилади Тоҳир Жалиловнинг табрик мактубида.

Ҳозирги кунда GM Ўзбекистон қўшма корхонаси ишлаб чиқарган автомобиллар савдоси Марказий Осиё, Россия ва МДҲнинг бошқа давлатларида амалга оширилмоқда.

Газета.уз сайти хабарига кўра, 2009 йилнинг январ-сентябр ойилари давомида GM Ўзбекистон корхонаси автомобил ишлаб чиқариш кўламини ўтган йилга қараганда 4 фоизга оширган.

Freedom House Тошкентни танқид қилди

Фридом хаус инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотига кўра, Ўзбекистонда 27 декабрга белгиланган парламент сайлови арафасида ҳуқуқ фаолларига нисбатан тазйиқлар ортиб бормоқда.

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган ташкилот хабарномасида айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати фуқаролик жамиятига қарши бўлаётган репрессиялар олдини олиш борасида шу пайтгача ҳеч қандай чора-тадбирлар кўрмаган.

Бундан бир оз аввал Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида ўз хавотирларини билдирган.

2005 йилги қонли Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб давлатлари Ўзбекистон билан алоқаларини тўхтатган эди. Бироқ расмий Тошкент Афғонистонга ташилаётган юкларни мамлакат ҳудуди орқали транзит қилишга розилик бергандан сўнг Ғарб Ўзбекистон билан алоқаларни қайта тиклашга киришди.

Ўзбекистон раҳбари Россия расмийсини қабул қилди

ЎзА ахборот агентлиги хабарига кўра, Ислом Каримов ва Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида Оқсаройда бўлиб ўтган мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа қатор масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Расмий ташриф билан Тошкентга келган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Каримов билан учрашишдан олдин ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов билан музокара олиб борган эди.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, 22 декабр куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университати талабалари олдида чиқиш қилган Сергей Лавров Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш Россия ташқи сиёсатининг устивор йўналишларидан бири эканини айтган.

Ўзбекистонда янги автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилади

“Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик компанияси 2012 йилнинг биринчи чорагига қадар Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида "Chevrolet M 300" автомобили учун мураккаб деталлар ва шасси ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага асосланиб "Регнум" ахборот агентлигининг хабар қилишича, мазкур лойиҳа қиймати 5,2 миллион АҚШ доллрини ташкил этади.

2010 йилдан бошлаб “GM Uzbekistоn” қўшма корхонаси йилига 50 мингта "Chevrolet M 300", яъни "Матиз-300" русумидаги автомобил ишлаб чиқариш ва унинг 20 минггини хорижга экспорт қилишни режалаган.

Роналду Тошкентга келди

“Реал” футбол клубининг ярим ҳимоячиси Криштиано Роналду 22 декабр куни Ўзбекистон Футбол федерацияси раҳбарлари билан учрашди.

“Бунёдкор” футбол клуби матбуот хизматига асосланиб 12.uz ахборот портали тарқатган хабарга кўра, Роналду Швецариянинг Цюрих шаҳридан чартер рейс билан Тошкентга келган.

Уни минглаб футбол ишқибозлари кутиб олган.

Аввал тарқатилган хабарларда Роналду пойтахтнинг “Жар” стадионида ўзбекистонлик ёш спортчиларга маҳорат машғулоти ўтказиши маълум қилинган эди.

Сайлов олдидан босим кучайди

“Ўзбекистон ҳукумати 2009 йилнинг 27 декабрига белгиланган парламент сайлови арафасида мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига босимни кучайтирмоқда”, дейилади халқаро Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг махсус баёнотида.

Ҳужжатда айтилишича, мамлакат бўйлаб ўнлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари устидан шу қадар қаттиқ назорат ўрнатилганки, улар де-факто уй қамоғидадир. Уларга сайлов ўтиб бўлгунича уйдан чиқмаслик тайинланган.

Ҳюман Райтс Вотчга кўра, олти нафар ҳуқуқ ҳимоячисининг паспорти олиб қўйилган.

Айни пайтда қатор ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқда қолмоқда. Улардан бири, самарқандлик Норбой Холжигитовнинг соғлиги кескин ёмонлашгани туфайли Жазони ижро этиш бош бошқармаси тиббий муассасига ўтказилган.

Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти хабарига қараганда, 56 га кирган Холжигитовнинг қонида қанд кескин кўпайиб кетган, танасининг бир томони деярли фалаж ҳолатида, қўл ва оёқларида қора доғлар пайдо бўлган, тишлари тушиб кетган. “Ҳуқуқ ҳимоячиси гапира олмаяпти, на юра, на ўтира олади”, деб хабар қилди "Эзгулик".

Канадада ўзбек тилида газета чоп қилинди

18 декабр куни Канаданинг Торонто шаҳрида ўзбек тилида “Туркистон” газетаси чоп қилинди.

Америка қитъасида ўзбек тилида илк бор чоп қилинган нашрга ўзбекистонлик журналист Фаҳриддин Ҳудойқулов таъсисчилик қилмоқда.

16 саҳифадан иборат “Туркистон” газетаси 2 минг нусҳада чоп қилинган. Газетанинг биринчи сонида Торонтода иш бошлаган Туркистонликлар Канада конгресси ҳақида маълумот берилган.

Газетада, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ўзбекистонлик журналистларнинг мақолалари ҳамда Абдулла Орипов, Рауф Парфи ва Ҳолдор Вулқон қаламига мансуб бир қатор шеърлар чоп қилинган.

“Туркистон” газетасининг илк сонидан бошлаб, шунингдек, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романидан парча берила бошлади.

Ўзбек тилидаги газетани бир ойда бир маротаба чоп қилиш режаланган.

Ўзбекистон диний чекловлар бўлган давлатлар қаторида

Дин ва жамият ҳаётини ўрганувчи "The Pew Forum" тадқиқот маркази "Дин йўлидаги глобал чекловлар" деб номланган янги ҳисобот эълон қилди.

Икки йиллик тадқиқот ва бир йиллик таҳлил асосида ҳозирланган мазкур ҳисоботда, дунёнинг 198та давлатидан 64таси, яъни дунёнинг қарийб учдан бир қисмида диний чекловлар даражаси юқори ёки ўта юқори, деб қайд этилган.

Ҳисоботда Ўзбекистон ўз фуқароларининг диний эркинлигини энг кўп чекловчи мамлакатлар қаторига киритилган.

Тадқиқот муаллифларига кўра, қаттиққўл раҳбарлар томонидан бошқарилаётган ва диний эркинлик чекланган 64 давлатда дунё аҳолисининг қарийиб 70 фоизи яшамоқда.

Криштиано Роналду Тошкентга боради

Дунёнинг энг қиммат ўйинчиси, ҳозирда Испаниянинг “Реал” клубида тўп сураётган Криштиано Роналду 22 декабр куни Тошкентга боради.

Uff.uz сайти тарқатган хабарга кўра, “Олтин тўп” соҳиби Криштиано Роналду минган учқич маҳаллий вақт билан 9:00да Тошкент аэропортига қўнади.

Даставвал Португалия терма жамоаси ўйинчиси Ўзбекистон Футбол федерацияси биносида меҳмон бўлади ва кейинчалик “Жар” стадионининг анжуманлар залида Ўзбекистон ва жаҳон журналистлари учун матбуот анжумани ўтказади.

Шу ернинг ўзида Роналду ўзбекистонлик ёш спортчиларга маҳорат машғулоти ўтказади.

Шу куннинг ўзида жаҳоннинг энг қиммат ўйинчиси Алишер Навоий театрида бўлиб ўтадиган “MTVA-Awards-2009” тақдимот маросимининг фахрий меҳмони сифатида қатнашади.

Криштиано Роналдудан аввал жаҳоннинг бошқа машҳур футбол юлдузлари, жумладан, Это О, Пуйоль, Инеста, Фабрегас, Малдини, Испаниянинг “Барселона” клуби президенти Лапорта ҳам Тошкентда бўлган.

Гулнора Каримова Швейцария бойлари рўйхатида

Гулнора Каримова Швейцариядаги энг бадавлат одамлар рўйхатига киритилди.

Асли швейцариялик ва мамлакатда яшайдиган бошқа чет эллик бойлар рўйхатини мамлакатда чоп этиладиган Bilan иқтисодий журнали эълон қилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Bilan журнали тузган "Бойлар" рўйхатининг 6-поғонасини, "Бой аёллар" рўйхатининг эса 9-поғонасини эгаллаган. Журналга кўра, Гулнора Каримова ҳисобида тақрибан 625 миллион доллар бор. Гулнора Каримова Швейцариянинг бадавлат кишилари рўйхатига илк бор киритилди.

Айни пайтда Bilan журналининг ўз исмини ошкор қилишни истамаган ходимига кўра, Гулнора Каримова жорий йилнинг сентябр ойида Женеванинг бойлар яшовчи маҳаллаларидан бирида 16-17 миллион долларга ҳашаматли кўчмас мулк сотиб олган.

Жанубий Қозоғистонда 4 ўзбекистонлик нобуд бўлди

16 декабр куни Жанубий Қозоғистонда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси газ исидан заҳарланиб вафот этди.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар қилишича, бу воқеа Жанубий Қозоғистоннинг Қизилғурт тумани, Қоқпарсой қишлоғида содир бўлган.

Шахсий уйларнинг бирида истиқомат қилаётган 57, 23, 18 ва 20 ёшдаги ўзбекистонликлар иситиш мосламасидаги носозлик туфайли газ исидан заҳарланиб, ўша жойнинг ўзида вафот этган.

Ҳозирча ўзбекистонлик қурбонлар шахсиятига оид бошқа тафсилотлар ошкор қилингани йўқ.

Озодлик манбаларига кўра¸ ўлганларнинг барчаси қўшни давлатда тирикчилик қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бўлган.

Қарағандада ўзбеклар кетаётган автобус ағдарилди

Қарағанда шаҳри яқинида Ўзбекистон фуқаролари кетаётган автобус ағдарилиб кетди, дея хабар тарқатди Казинформ агентлиги.

Агентликка кўра, чоршанба куни эрталаб соат 6:00да Олмаота-Екатеринбург йўналишида кетаётган автобус ҳайдовчиси музлаган йўлда ўзи бошқараётган транспорт воситасини бошқара олмай қолган. Оқибатда 49 нафар йўловчи кетаётган автобус йўл четига чиқиб, ағдарилиб кетган. Йўл транспорт ҳодисасида камида ўн киши тан жароҳати олган ва маҳаллий шифохоналардан бирига ётқизилган.

Йўловчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароларидир, дейилади Казинформ хабарида .

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG