Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 04:42

Ўзбекистон

Шартномасиз ижарачини жаримага тортишга оид қонун кучга кирди

Ўзбекистонда фуқаролар ўртасида нотариус тасдиғисиз йўлга қўйилган ижара келишувлари аниқланган тақдирда томонлар жаримага тортилади.

Бу ҳақдаги ўзгартишлар 2012 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Фуқаролик кодекси ва бошқа тегишли меъёрий ҳужжатларга киритилди.

Нотариус тасдиғисиз кўчмас мулкини ижарага берганлар фуқароларни жаримага тортиш амалиёти эса 1 февралдан бошланади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов республикадаги қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги лойиҳани 30 декабр куни имзолади ва шу қонунга мувофиқ квартира шартномаларини нотариус тасдиғидан ўтказиш мажбурияти 1 январдан кучга кирди.

Эндиликда бу тартибни бузган фуқароларга энг кам иш ҳаққининг 5 баробаридан 10 баробарига қадар жарима солинади.

Шунингдек, 1 февралдан бошлаб сотиб олган кўчмас мулкини ўз вақтида расмийлаштирмаган шахслар ҳам энг кам иш ҳаққининг 1 баробаридан 5 баробарига қадар жаримага тортиладиган бўлди.

Телекоммуникацияга оид 1999 йилги қонун ўзгарди

Ўзбекистонда 1999 йилда қабул қилинган "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги қонунга ўзгартишлар киритилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 10 йилдан буён ўзгартирилмаган қонунни ўзгартириш шартини "демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш" мақсади билан изоҳлади.

Ўзбекистон расмий матбуотида берилган хабарларга кўра, янги таҳрирдаги қонунга "домен номи", "домен номлари тизими", "телекоммуникация тармоқлари аттестацияси" каби қатор янги тушунчалар киритилган.

Янги таҳрирдаги қонунда телекоммуникация тармоқларига оид жиҳозларни ўрнатиш ва бу соҳада хизмат кўрсатишда иштирок этиш ҳаққидан жисмоний шахслар маҳрум этилган.

Каримов 2012 йилда аҳоли даромадлари ошишини ваъда қилди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Янги йил байрами муносабати билан мамлакат ҳалқига йўллаган табригида 2012 йилга келиб аҳоли даромадлари 22-24 фоизга оширилишини ваъда қилди.

Унга кўра, 2012 йилда аҳоли ойлик маошлари, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори 20 фоиз, аҳолининг реал даромадлари эса 22-24 фоизга оширилади.

Бундан ташқари, президент Каримов янги йил давомида давлат бюжетининг 60 фоизи, биринчи галда, соғлиқни сақлаш ва таълим, илм-фан ва маданият соҳаларини ривожлантиришга қаратилажагини ҳам айтиб ўтди.

ЎзА да чоп этилган расмий хабарга кўра, 2012 йил давомида ҳам қишлоқ ва шаҳарларда намунали коттеж уйларнинг қурилиши айни суратда давом эттирилади.

Президент ўз нутқида 2011 йилда жами 7 минг 400 оила янги уйлик бўлган бўлса, 2012 йилда бундай оилалар сони 8 минг 510 нафарга етишини айтди.

Лицензиясиз ўзбек таксичилари жаримага тортилади

1 январдан бошлаб Ўзбекистон вилоятларидаги таксилар барчаси сариқ рангда бўлади.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда ўтказилган такси ислоҳати талабларига жавоб берадиган такси машиналаригина йўналишларга чиқарилади.

Лицензияси бўлмаган ёки белгиланган рангга бўялмаган такси эгалари жаримага тортилиб, автомобиллари мусодара қилинади.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги маълумотига кўра, 1 январдан бошлаб таксилар Тошкент шаҳрида қаймоқ ранг, вилоятларда сариқ бўлиши шарт.

Марказий Осиё ахборотлар хизмати агентлиги маълумотига кўра, лицензиясиз такси ҳайдовчилари энг кам иш ҳақининг 20 дан 100 баробари (480-2400 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.

Агар бу ҳолат иккинчи бор такрорланса автомобил мусодара қилинади.

Газета.уз маълумотига кўра, Тошкент шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатувчи 100 дан зиёд ширкат ва улар ихтиёрида 1200 тадан ортиқ автомашина мавжуд.

Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида 35 минг нафаргача нолегал таксичи-киракашлар бор.

Тожикистонда ўзбек тилидаги илк ахборот агентлиги очилди

Тожикистон жанубида Ўзбекистоннинг кўнгилочар газеталари машҳур ҳисобланади.
Янги йил арафасида Тожикистонда "Диёр" номидаги ахборот агентлиги ўз фаолиятини бошлади.

Бу ҳақда хабар қилган REGNUM агентлиги маълумотига кўра, бу Тожикистондаги ўзбек тилидаги илк ахборот агентлиги ҳисобланади.

“Диёр” агентлиги маданият, таълим, илм-фан ва бошқа соҳалардаги хабарларни ўзбек ва рус тилларида тарқатишни режалаштирган.

Тожикистон жанубида яшовчи аҳоли орасида Ўзбекистоннинг бир қатор кўнгилочар газета ва журналларига қизиқиш катта экани кузатилади.

Айни пайтда Ўзбекистонда кирил ёзувида чопдан этилаётган айрим мустақил рўзномалар турли йўллар билан Тожикистонга кириб келмоқда.

“Бекажон”, “Чақимчи”, “Даракчи” каби кўнгилочар газеталар шулар жумласидандир.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда 937 мингга яқин ўзбек яшайди, улар мамлакат аҳолисининг 15,29 фоизини ташкил қилади

БМТда ўзбекистонлик сиёсий маҳкумлар иши кўрилади

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлигининг 63-сессияси кун тартибига ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар масаласи киритилди.

Янги йилнинг 30 апрелидан 4 майигача Женавада бўлиб ўтадиган БМТнинг навбатдаги сессиясида “Эзгулик” жамияти томонидан тақдим қилинган маълумотлар асосида сиёсий маҳкумлар иши Ўзбекистон ҳукумати иштирокида кўриб чиқилиши режалаштирилди.

“Эзгулик” маълумотига кўра, айни пайтда жамият уч нафар ҳуқуқ фаоли- Аъзам Фармонов, Алишер Кароматов ва Расул Худойназаровлар бўйича маълумотларни БМТга етказмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоб-китобича, Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 мингдан зиёд диний-сиёсий мотивлар билан қамалган маҳбус сақланмоқда.

Ўзбекистондаги айрим банклар доллар беришни қайта бошлади

Тошкентдан олинган сўнгги маълумотларга кўра, пойтахтдаги айрим банклар хорижий валютада пул жўнатмалари беришни қайта йўлга қўйган.

Тошкентлик манбага кўра, шаҳардаги "Капитал банк" бўлимларида хориждан жўнатилган пул жўнатмаларини бемалол олиш мумкин.

31 декабр куни Хоразмдан олинган маълумотга кўра, вилоятдаги "Миллий банк" бўлимларидан хориж валютасидаги пул жўнатмаларини олишда муаммо бўлмаяпти.

Ўзбекистондаги банклар 28 декабрдан 3 январгача хориждан келган пул жўнатмаларини эгаларига беришни тўхтатгани эълон қилинган эди.

Айни пайтда Тошкентдаги "Ипотека", "Ипак йўли", "Қишлоқ қурилиш" каби бир қанча банкларда пул жўнатмаларини олиш ҳануз имконсиз экани айтилмоқда.

Банк расмийлари 30 декабр куни Озодлик билан суҳбатда йил якунларини чиқараётган банклар ҳар йилги тартибда вақтинчалик хориждан келган пул жўнатмаларини тўхтатиб турганини айтган эди.

Ўзбекистон банклари хорижий валютада пул беришни тўхтатди

Янги йил арафасида Ўзбекистон банклари хориж валютасидаги пул жўнатмаларини беришни тўхтатиб қўйди.

Банк расмийларига кўра, шу кунларда йил якунларини чиқараётган банклар ҳар йилги тартибда вақтинчалик хориждан келган пул жўнатмаларини тўхтатиб турибди.

Аммо, Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлган бу чора яқинлари хориждан жўнатган пул ҳисобига кун кўраётган кўплаб ўзбекистонликларни байрам арафасида қийин аҳволга солаётгани кузатилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, хориж валютасидаги пул жўнатмаларини бериш амалиёти 2012 йилнинг 3 январидан яна йўлга қўйилади.

Ўзбек боксчилари Покистон мусобақасида ғолиб бўлди

Ўзбекистонлик боксчи Элшод Расулов.
Ўзбекистонлик боксчилар Беназир Бхутто номи остида Покистонда ўтган халқаро мусобақада ғалаба қозондилар.

Dawn.com сайти хабарига кўра, Ўзбекистон жамоаси 6 та олтин, 3 та кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритган. Ғолибларга 5 минг долларлик пул мукофоти ҳам берилган.

Иккинчи ўринга Сурия жамоаси чиқди ва улар 2 та олтин, 2 та кумуш ҳамда бронза медаллари билан бирга 3 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофотини қўлга киритди.

Ғолибликни қўлга киритган ўзбек боксчилари орасида, жумладан, 81 килограм вазнда Элшод Расулов, 91 килограмлик вазнда Рустам Тўлагановлар бўлди.

Ленинградда 19 ёшли ўзбекистонлик ўз жонига қасд қилди


25 декабр куни тахминан соат 17 ларда Ленинград вилоятининг Ульяновск тумани Телман шаҳарчасидаги тадбиркорлик ширкатларига қарашли бинолардан бирида сиртмоққа осилган Ўзбекистон фуқароси мурдаси аниқланди, дейди Озодлик мухбирига ўзини Валерий деб таништирган Ульяновск туман Ички ишлар бўлими ходими.

- Мен бу ҳодиса содир бўлганини тасдиқлайман. У ерда бизнинг участковой ходимимиз бўлган, шу сабабли унинг айтганларига қараганда бу йигитнинг ёши 19 да бўлган, у шу фирмада қоровулчилик қилган, дейди Ульяновск полицияси ходими.

Полициячилардан олинган маълумотларга кўра, нобуд бўлган ўзбекистонликнинг исми-шарифи Чори Алиев бўлган ва у Ленинград вилоятида ноқонуний истиқомат қилиб келган.

Телман шаҳарчаси полициячилари Ўзбекистон фуқаросининг ўз жонига қасд қилганлиги сабаблари ва вазиятини ўрганишни давом этмоқда.

LUKoil жанубий Ҳисор конидан газ қазиб олишни бошлади

Россиядаги йирик ширкатлардан бири — LUKoil Ўзбекистоннинг Жануби-ғарбий Ҳисор минтақасидаги йирик газ конларидан бири саналмиш Жарқудуқ-Янги Қизилча конидан газ қазиб олишни бошлади.

Пайшанба куни оқшом ширкат тарқатган расмий баёнотга кўра, Жарқудуқ конидан дастлаб йилига 1 миллиард 100 миллион куб метр ҳажмида газ қазиб олиш, кейинчалик олинаётган газ ҳажмини қарийб 6 миллиардга ошириш режалаштирилган.

Ширкат ушбу кон инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшимча 1 миллиард 200 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишни ҳам режаламоқда.

LUKoil ширкати айни кезда Жанубий-шарқий Ҳисорда жойлашган Қизилбайроқ ва Қўшқудуқ нефт конларида ҳам иш олиб бормоқда.

Жанубий-шарқий Ҳисорда мавжуд жами заҳира ҳажми 1 миллиард 417 миллион куб метр газ ва 23 миллион баррел нефт ҳамда нефт конденсатидан иборат экани айтилади.

Ўзбекистон Қозоғистон электрини "ўғирлаш"га чек қўйишни ваъда қилди

Ўзбекистон Қозоғистон Ягона энергетик тизимидан шартномадан ташқари электр қувватини олишга чек қўйишни ваъда қилди, дея хабар тарқатди Қозоғистон расмийлари.

Казинформ агентлигининг хабар қилишича, Қозоғистон Саноат ва янги технологиялар вазири ўринбосари Бахитжон Жақсалиев етакчилигидаги делегация ушбу муаммони муҳокама қилгани пайшанба куни Тошкентга келган.

Мазкур вазирлик тарқатган хабарномага кўра, уйларни иситиш мавсуми бошланганидан бери Ўзбекистон энерготизими Қозоғистон ягона энерегетика тизимидан санкциясиз электр энергиясини ола бошлаган. Бунда суткасига 10 миллион кВт соат электр ҳақида гап бораётгани айтилмоқда.

“Ўзбекэнерго” давлат ширкатининг бундай ҳаракатлари Қозоғистон жанубида аҳолига электр етказиб беришда узилишларга сабаб бўлгани айтилмоқда.

Расмий хабарномада айтилишича, Ўзбекистон томони электр қувватини сакнциясиз олиш, яъни оддий қилиб айтганда, “ўғирлашга” чек қўйишни ваъда қилган ва шартномадан ташқари олинган электр учун товон пули тўлашга розилик берган.

Бундан ташқари қозоқ делегацияси Ўзбекистон томони қўшни мамлакатнинг Жамбил электр станциясига берилаётган табиий газ миқдорининг қисқартирилгани масаласини ҳам кўтаргани айтилмоқда.

Ўзбекистонда 10 минг бола президент совғаси олади

Ўзбекистонда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва ногирон болалардан жами 10 мингдан зиёд болакай президент Ислом Каримов номидан янги йил совғалари олади.

Ўзбекистон ўрта ва махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, 22 декабрдан бошлаб, самолёт ва махсус юк автомобиллари орқали совғалар вилоятларга жўнатилмоқда.

Айни совғалар мамлакатнинг барча ҳудудларида ўтказиладиган "Президент арчаси" байрам томошалари пайти тарқатилади.

Ўн минг болага президент совғалари улашилаётган жорий йилда халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра¸Ўзбекистонда 9 ëшдан 15 ëшгача бўлган 2 миллионга яқин бола мактаб ўрнига пахта даласига ҳайдалди.

Сурхондарёда солиқ бошлиғи пора билан ушланди

Сурхондарё вилоятидаги Шеробод тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Халил Норматов тадбиркор Н. Тошпўлатовдан пора олаётган пайти ҳибсга олинди.

Бу ҳақда хабар қилган Newsuz.com сайти маълумотига кўра, Х. Норматов порахўрлик ва лавозимини суистеъмол қилишда айбланмоқда.

Тергов жараёнида аниқланишича, Халил Норматов ҳайдовчиси воситасида тумандаги тадбиркорлардан пул ва маҳсулот кўринишида “ўлпон” йиғиб келган.

Солиқ бошлиғи, жумладан, Шерободдаги “Алибек саховат файз”, Алишер Акмал Нур” хусусий фирмаларидан доимий равишда пул ва спиртли ичимликлар ундириб келган.

Новосибирск бозорида ўзбек савдогари отилди

Новосибирскдаги Хилокский бозорида кўплаб ўзбекистонликлар ишлайди
Новосибирскнинг Ленин туманида мева сотаётган андижонлик Ғайрат исмли савдогарни мева нархини арзонлаштиришга рози бўлмагани учун маҳаллий харидор ов милтиғи билан отди.

Воқеага гувоҳ бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига кўра, воқеа 26 декабр куни шаҳарнинг Ленин тумани Хилоксий кўчасида содир бўлган.

Новосибирск Ички ишлар бўлими тарқатган хабарга кўра, 20 ёшли маҳаллий фуқаро 41 ёшли ўзбекистонлик савдогардан 1,5 минг рубллик мева ва ёнғоқни арзонроқ беришни сўраган.

Полиция маълумотига кўра, ўзбек савдогари белгилаган нархдан қониқмаган харидор машинасидан “Сайга” русумидаги ов милтиғини олиб келиб, савдогарнинг бошига отган.

Ўзбек савдогари 41 ёшли Ғайрат ака шифохонага ётқизилган.

Ўша куннинг ўзида маҳаллий полиция шаҳарнинг Ленин туманида яшовчи 20 ёшли йигитни ҳибсга олган.

Парламент мустақил матбуот ривожидан мамнун

"Менинг Оламим" веб сайти ҳам Ўзбекистондаги мустақил сайтлардан бири.
Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда нодавлат оммавий ахборот воситалари сони икки баробарга ошган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлис қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитасининг сўнгги йиғилишида маълум қилинди.

Бугунги кунда мамлакатда 1243 та нодавлат оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 160 дан зиёди мустақил веб-сайтлар, 43 фоизи босма нашр, 53 фоизи телеканал ва 85 фоизи радиоканаллардир.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ўта ночор аҳволда эканини таъкидлаб келадилар.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси¸ Ҳюман Райтс Уотч каби ташкилотлар Ўзбекистонни матбуот эркинлигини жиддий топтаëтган давлатлар сифатида танқид қилиб келмоқдалар.

АҚШдаги нуфузли Freedom House - Озодлик уйи ташкилоти ҳам йиллардан бери Ўзбекистонни матбуоти эркин бўлмаган давлатлар қаторига қўшди.

Расмий Тошкент эса бу каби танқидларни деярли эътиборсиз қолдириб келмоқда.

Ўзбекистон- Хитой муносабатларининг 20 йиллиги нишонланмоқда

Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтао Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни табриклади.

Ху Цзинтаонинг табрик мактубида "Хитой-ўзбек муносабатлари ўрнатилганидан бошлаб, 20 йил мобайнида муносабатлар илдамлик ва барқарорлик билан ривожлангани" қайд қилинади.

Шунингдек, мактубда президент Ислом Каримовнинг жорий йил 11 апрелида Хитойга қилган сафари орқали ўзаро муносабатларнинг янги ва муҳим босқичига ўтгани таъкидланади.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, президент Каримовнинг Хитойга ташрифи давомида Ислом Каримов ва Ху Цзинтао Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги қўшма декларацияни имзолаган эдилар.

Президент Каримовнинг Хитойга сафари чоғида 5 миллиард долларлик сармоя ва савдо битимлари имзоланган эди.

Жумладан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Хитойнинг Синхуа ахборот агентликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Қирғизистонга газ бериш қисман тикланди

Ўзбекистон қўшни Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларига газ таъминотини қайта ишга туширди. 26 декабр куни икки давлат ўртасида бу минтақаларга газ етказиб бериш шартномаси тугагани боис газ бериш тўхтатиб қўйилган эди.

Регнум агентлигининг “Қирғизгаз” ширкати вакилига таяниб хабар қилишича, Қирғизистон жанубига газ етказиб бериш қисман қайта тикланган.

Маълум бўлишича “Қирғизгаз” ширкати Ўзбекистондан 5 миллион куб метр миқдорида газ сотиб олиш тўғрисида билдиришнома юборган, бироқ қўшни республикадан жавоб келмаган.

Ўзбекистон газини экспорт қилиш билан шуғулланадиган “Ўзтрансгаз” ширкати эса, газ қазиб олишдаги муаммолар боис ёнилғини етказиб беришда қийинчиликлар пайдо бўлганини маълум қилган.

Ўзбекистоннинг ўзида ҳам бу йилги қиш мавсумида аҳолига етказиладиган газ миқдори кескин камайгани боис, ўзбекистонликлар уйларини иситишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Ўзбекистонлик муҳожир босқинчиликда айбланди

Санкт-Петербург суди Ўзбекистон фуқаросини 5 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

Фонтанка.ру Интернет нашрининг ёзишича, 25 яшар Мақсуд Эшқувватов бир нечта босқинчиликни амалга оширганликда айбдор деб топилган. Ҳукмда айтилишича, ўзбекистонлик асосан аёллар ва қарияларга ҳамла қилган.

Жорий йил 13 январидан 28 мартига қадар Эшқувватовнинг Санкт- Петербург шаҳар Киров тумани ҳудудида жами бешра босқинчилик содир этгани аниқланган.

У 28 март куни тунда бир аёлни тунаётган пайтда қўлга олинган. Эшқувватов тергов пайтида босқинчилик ҳолатларининг сўнггисини бўйнига олган, унга қўйилган аввалги босқинчиликларга оид айбловни рад этган.

Тошкентда 11 киши диний мотивлар билан қамалди

Ўзбекистонда диний мотивлар билан қамалганлар турмадан ҳар доим ҳам ўз оёғи билан чиқмайди
27 декабр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида диний мотивлар билан жавобгарликка тортилган 11 нафар диндор устидан ҳукм ўқилди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, судланганлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддаси, 2-банди ҳамда 216-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда, яъни диний, экстремистик, фундаменталистик ва бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, бошқариш ёки улар фаолиятида иштирок этишда айбдор, деб топилган.

Судья Ихтиёр Дониёров чиқарган ҳукм билан 3 йилдан 6 йилгача бўлган муддатларга қамалганларнинг энг ёши 1988 йилда, энг каттаси 1968 йилда туғилган.

Судланувчилар исм-фамилияларига қараганда, бир оиладан 3 ака-ука Содиржоновлар қамалган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг маълум қилишича, судлов жараёнида судланувчилар тергов давомида қийноққа солингани маълум бўлган. Бироқ бу маълумотларга на судья, на прокурор эътибор қаратган.

Ўзбекистонда бензинни деб такси кира қимматлади

Бензин қиммат - йўл кира қиммат. Бензин арзон - йўл кира арзон.
Ўзбекистонда ёнилғи тақчиллиги оқибатида шаҳарлараро қатновчи таксилари кираси икки бараварга қимматлаб кетди.

Бу ҳақда хабар қилган CA-NEWS агентлигига кўра, шу кунда Тошкент – Андижон йўналишида қатнайдиган такси ҳайдовчилари ҳар бир йўловчидан 50 минг сўм олмоқда.

Икки ҳафта муқаддам бу йўналишда йўл кира 25-30 минг сўмни ташкил қилар эди.
Йўл кира қимматлаганини ҳайдовчилар бензин тақчиллиги ва оқибатда унинг қимматлагани билан изоҳламоқдалар.

Ўзбекистонда, хусусан пойтахтда кейинги ойларда бензин тақчиллиги кузатилаётгани тўғрисида Озодлик бир неча бор хабар қилган эди.

Ўзбекистонда автомобил номери ҳақи белгиланди

Ўзбекистонда 31 декабрдан автотранспортларнинг давлат рақамлари, уларни қайддан ва техник кўрикдан ўтказиш ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топширишда олинадиган тўлов ставкалари кучга киради.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги буйруғига кўра, жорий йил 31 декабридан автотранспорт воситаларига давлат рақамлари олиш учун ўзбекистонликлар энг кам иш ҳақининг 1,5 баробарида пул тўлайди.

Агар шу йил 1 декабридан Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 62920 сўм қилиб белгилангани эътиборга олинса, “номер нархи” 94380 сўмни ташкил қилади. Шунингдек, мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва прицеп (ярим прицеп) учун давлат рақами олинган пайтда энг кам маошнинг 75 фоизи ёки 47190 сўм, транзит рақами учун эса энг кам иш ҳақининг 25 фоизи ёки 15730 сўм миқдорида пул тўлаш керак бўлади.

Дам олиш куни 31.12 дан 02.01га кўчди

Президент қарорига биноан ўзбекистонликлар Янги йил кутиладиган кун ҳам ишда бўлади.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 26 декабр куни эълон қилинган қарорига биноан 2012 йил, 2 январ, душанба дам олиш куни, деб эълон қилинди.

Айни шу қарор билан 2011 йил, 31 декабр, шанба иш куни, деб эълон қилинди.

Дам олиш куни 31 декабрдан 2 январга, қарорда айтилишича, “Янги йил байрами муносабати билан аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида” кўчирилган.

Жаҳоннинг мутлақ кўпчилик давлатларида дам олиш бериладиган байрамлар ҳафтанинг дам олиш кунларига тўғри келиб қолган тақдирда байрамгача ёки байрамдан кейинги кун қўшимча дам олиш куни сифатида эълон қилинади.

Бундай амалиёт Совет Иттифоқи даврида ҳам қўлланилган.

Наманганда “Меҳрибонлик уйи” директори судланди

26-сонли “Меҳрибонлик уйи” директори Соҳибахон Ҳамроқулова 16 миллион сўмни ўзлаштирган.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди 26-сонли “Меҳрибонлик уйи” директори Соҳибахон Ҳамроқуловани сохта ҳужжатлар орқали 16 миллион сўмни ўзлаштирганликда айбдор деб топди.

Бу ҳақда хабар қилган Newsuz.com сайти маълумотига кўра, Ҳамроқулова аслида ишламаган 50 нафар ходимга сохта табел юритиб, шу орқали 16 миллион сўзни ўзлаштирган.

Суд ҳукмида айтилишича, Соҳибахон Ҳамроқулова 26-сонли “Меҳрибонлик уйи”га қарашли “Меҳржон” болалар дам олиш масканидаги айрим асбоб-ускуналарни ҳам сотиб, шахсий эхтиёжлари учун ишлатган.

“Меҳрибонлик уйи”нинг тўрт нафар ходими ҳам ушбу жиноятга шерикликда айбланиб, маҳкамага тортилган.

Ўзбекистон билан Россия миграция ваколатхонаси очмоқчи

Ўзбекистон ва Россия расмийлари иккала мамлакатда Миграция хизмати ваколатхоналари очиш устида музокара олиб бормоқда.

Newsuz.com сайти хабарига кўра, бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев Тошкентда жураналистлар билан учрашув пайти маълум қилган.

Айни ҳафтада Тошкентда ўтаётган меҳнат миграцияси бўйича Россия-Ўзбекистон ишчи гуруҳи йиғинида ҳам ушбу масаланинг муҳокама қилинаётгани айтилмоқда.

Норасмий ҳисоб-китобга кўра¸ Россияда 3 миллиондан 5 миллионгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.

Россия Марказий Банки эълон қилган маълумотларга қараганда, 2011 йилнинг учинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатиш тизимлари орқали 1 миллиард 507 миллион доллар юборилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG