Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 18:32

Ўзбекистон

Ўзбекистонда автотранспортда суюлтирилган газ транзити таъқиқланди

2013 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудуди орқали автотранспортда суюлтирилган газ транзити ман қилинди.

12news.uz ахборот агентлигига кўра, бу таъқиқ “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали автомобил транспортида суюлтирилган газ транзига таъқиқ жорий қилиш ҳақида” Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган қарорига мувофиқ кучга кирган.

Қарордан мақсад давлат хавфсизлиги, жамоа тартиби, аҳоли ҳаёти ва саломатлиги, атроф-муҳитни ҳимоя қилишдан иборат.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Автомобил ва дарё транспорти агентлигига мазкур таъқиқ ҳақида юк жўнатувчиларга маълумот бериш вазифаси юклатилган.

Ахборот агентлигига кўра, Ўзбекистон ҳудуди орқали автотранспортда суюлтирилган газ асосан Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга ташилади.

Ўзбекистон Тожикистонга газ етказиб беришни тўхтатди

Ўзбекистон 31 декабр куни Тожикистонга газ етказиб беришни тўхтатганини "Тожиктрансгаз" расмийлари маълум қилди.

Ўзбекистон томони газ экспорти тўхтатилганини ҳукуматлар ўртасида имзоланган шартнома муддати тугагани билан изоҳлаган.

ИТАР ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, "Ўзтрансгаз" газ етказиб бериш тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирганидан кейин Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевга “вазиятга ойдинлик киритиш ва янги ҳужжат имзолашда ёрдам бериш”ни сўраб мурожаат қилган.

Бироқ, ахборот агентлиги манбаларига кўра, Ўзбекистон томони шу кунгача жавоб бермаган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Ўзбекистон Тожикистонга газ етказиб беришни охирги марта 2012 йил апрел ойида икки ҳафтага тўхтатган.

Ўзбекистонда бензин 40 сўмга қимматлади

Бугундан бошлаб Ўзбекистонда 1 литр бензин ва дизел ёнилғисининг нархи 40 сўмга қимматлади.

Бунга автомобил ёнилғисидан фойдаланганлик учун солиқ тўлови оширилгани сабаб бўлди.

Президент Ислом Каримовнинг 25 декабрдаги фармойишида 1 литр ёнилғи учун солиқ тўлови 240 сўм қилиб белгиланган эди.

Эндиликда 1 литр Аи-80 маркасидаги бензин нархи, янги солиқни ҳисобга олганда, 1645 сўм, Аи-91 1810 сўм, Аи-95 эса 1995 сўмни ташкил этади.

Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида бензин тақчиллиги кузатилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, янги йил арафасида давлатга қарашли АЁҚШларда бензин чекланган миқдорда сотилган.

31 декабр куни Ўзбекистонда НТВ ва Россия-1 каналлари узиб қўйилди

31 декабр куни фаолиятини бошлаган “Маънавият ва маърифат” ҳамда “Дунё бўйлаб” телеканалларининг ишга тушиши билан Ўзбекистондаги УзДижитал ТВ тюнерларидан фойдаланадиган маҳаллий аҳолининг телевизорларида Россиянинг НТВ ва Россия 1 телеканаллари узиб қўйилди.

Ўзбекистондаги янги телеканалларнинг очилиши натижасида иккита каналнинг йўқолиши кўпчилик аҳолининг ижтимоий тармоқлар орқали эътирозига сабаб бўлди. Боиси ўзбек телерадиоканалларига қараганда сезиларли даражада очиқ ва холис ахборот берадиган НТВ ва Россия 1 телеканаллари ўзбекистонликларни холис ахборотга бўлган чанқоғини қондириб келаётган эди.

Кузатувчиларнинг фикрига кўра, 2012 йилнинг декабр ойи бошида “ORIAT” ТРК директори Алишер Холдоров ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Хоразм вилоят бўлими рахбари Ботир Султоновнинг ҳибсга олиниши тўғрисидаги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда Россия каналларининг ўчириб қўйилиши Ўзбекистонда ахборот тарқатиш ва олиш тизимини қўла олиш ва уни янада таъқиқлаш учун навбатдаги чора сифатида баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июл куни “Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси рақамли телеканаллар сонини ошириш, улардан тўлиқ форматда фойдаланиш, сифатли бойитиш ва хизмат кўрсатиш тўғрисида”ги қарори асосида “Маънавият ва маърифат” ҳамда “Дунё бўйлаб” телеканалларининг ишга туширилиши тўғрисида қарор чиқарилган эди.

Ўзбекистон спортчилари 2012 йилда 843 та медални қўлга киритди

Ўзбекистон спортчилари 2012 йилда 281та халқаро мусобақада қатнашиб 268 та олтин, 235 та кумуш, 340 та бронза, жами, 843 та медални қўлга киритди.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизматига асосланиб 12news.uz ахборот агентлигигини хабар қилишича, 2011 йилда Ўзбекистон спортчилари 253 та халқаро мусобақада (235 та олтин, 229 та кумуш, 325 та бронза, жами,) 789та медални қўлга киритган.

2012 йилда ўзбекистонлик спортчиларга ҳорижда машқ ўтказиш 50 та йиғилиш ташкиллаштирилган.

Республикадаги базаларда машқ учун 63 та йиғилиш уюштирилган.

Лондонда ўтказилган Ёзги олимпиада ўзбекистонлик спортчилари учун наша ва допинг муаммолари билан бошланиб, ўша допинг можароси билан якун топди.

Ўзбекистон жамоаси Лондон Олимпиадасида битта олтин, учта бронза медал билан 47-ўринни эгаллади.

2008 йилги Пекин Олимпиадасида Ўзбекистон жамоаси битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритган эди.

Лукойл 2013 йилда Ўзбекистонга кўпроқ сармоя ётқизмоқчи

Россиядаги энг йирик хусусий нефт-газ ширкати ҳисобланган Лукойл 2013 йилда Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар учун кўпроқ сармоя ажратишни режаламоқда.

Буни Лукойлнинг хорижий лойиҳалар бўлими бошлиғи Андрей Кузяевга асосланиб Россиядаги ахборот агентликлари хабар қилди.

Кузяев ўз ширкати Ўзбекистондаги лойиҳаларга энг кўп сармоя ётқизиладиган давр 2013-2017 йилларга тўғри келишини айтган.

Хабарларга кўра, Лукойл келаси йил Марказий Осиёдаги лойиҳаларга 687.5 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишни мўлжаллаган.

Лукойл Бухоро вилоятидаги Қандим ва Устюрт Платосидаги газ ҳавзаси лойиҳаларига 392.3 миллион доллар сармоя ажратилишини билдирган.

Айни пайтда, Ғисор газ хавзасини ўзлаштириш учун 286.2 миллион доллар ажратилади.

Янги йил кунлари “Ucell” айрим хизмат турларини чеклайди

Ўзбекистондаги “Ucell” уяли алоқа оператори янги йил кунлари айрим хизмат турлари чекланишини эълон қилди.

“Ucell”нинг Интернетдаги сайтида SMS оқимини оптимизация қилиш ва SMS маълумотлар ушланиб қолишининг олдини олиш мақсадида айрим хизмат турлари вақтинча ишламаслиги билдирилган.

Айни пайтда “Билайн” уяли алоқа оператори ҳам ўз абонертларига янги йил табриклари вақтида етиб бориши учун SMS маълумотларни яқинларига 31 декабрда кун давомида эртароқ жўнатишни ўз Интернет сайти орқали тавсия қилди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” мобил оператори фаолиятини вақтинча тўхтатгани, 31 июл куни Тошкент шаҳар хўжалик ишлари бўйича суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилгани мамлакат бўйлаб уяли алоқа сифати пасайишига сабаб бўлган.

Мираброр Усмонов Миллий олимпия қўмитаси президенти этиб сайланди

Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаевнинг Твиттердаги ўз саҳифасида ёзишича, Тошкент шаҳар футбол федерацияси президенти лавозимида ишлаб келган Ойбек Қосимов Миллий олимпия қўмитасининг Бош котиби этиб сайланган.

Мираброр Усмонов 2006 йил январидан Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти ҳисобланади. Айни вақтда Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор ҳисобланмиш Усмонов Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлигига ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Футбол федерациясидаги фаолиятини тўхтатмайди.

Сенат расмий сайти маълумотларига кўра, 65 ёшли Мираброр Усмонов 1990-1992 йилларда Ўзбекистон савдо вазири, 1992-1994 йилларда «Ўзбексавдо» ширкати раиси, 1994-2005 йилларда эса Ўзбекистон бош вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бошлиғи лавозимидан четлатилди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бошлиғи Бобур Алимов ўз лавозимидан четлатилган. Бу хабарни агентликдаги манбаа Озодлик радиосига тасдиқлади.

Алимовнинг нима сабабдан лавозимидан олингани ва уни ўрнига ким агентликка раҳбар этиб тайинлангани номаълум.

Бу ҳақда расмий матбуотда ҳам ҳозирча маълум қилинмаган.

Бобур Алимов 2005 йилда Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Рустам Шоғуломов ўрнига раҳбар этиб тайинланган эди.

Унгача Алимов “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси раҳбари бўлиб ишлаб келган.

Аввалига Давлат матбуот қўмитаси бўлган, кейинчалик Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига ўзгартирилган идора Ўзбекистон матбуотини назорат қилувчи тузилма сифатида кўрилади.

Мурод Исмоилов "Пахтакор"нинг тўлақонили бош мураббийига айланди

Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клубини ўтган мавсумда вақтинчалик бошқариб келган Мурод Исмоилов жамоанинг тўлақонли бош мураббийи этиб тайинланди.

Бу ҳақда пойтахтлик клуб матбуот хизмати маълум қилди.

Исмоиловни бош мураббий этиб тайинлаш қарори клуб акциядорлари йиғилишида қабул қилингани айтилмоқда.

Мураббий Мурод Исмоилов “Пахтакор” клубини бошқариб келган сербиялик мутаҳассис Деян Журжевич жорий йилнинг июн ойида вазифасидан озод этилганидан сўнг вақтинча бош мураббийлик вазифасини бажариб келаётган эди.

Муродов бошчилигида “Пахтакор” жамоаси 2012 йилда Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

Ўзбекистон Президенти армияга чақирувни эълон қилди

Президент Каримов 28 декабр куни “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви 2013 йилнинг феврал-мартида амалга оширилади.

Белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар эса, янги йилнинг март-апрел ойларида бўшатилади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида 48 минг нафар атрофида ҳарбий хизматчи бор.

Россияда 2,3 миллион ўзбек муҳожири бор

Россияда чорвачилик билан шуғулланаётган ўзбек мардикорлари.
Россия Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, Россияда жами 2 миллион 333 минг 244 ўзбекистонлик бор.

Ўзбекистонликлар Россияда расман қайддан ўтган муҳожирлар орасида энг кўпи бўлиб, бу мамлакатдаги ҳар тўртинчиси муҳожир ўзбек экани қайд қилинади расмий хабарда.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, Россияда расмий қайддан ўтмасдан яшаб, ишлаётган ўзбек муҳожирларининг сони ҳам бир бир қанча миллионни ташкил қилади.

Россияда жами 10 миллион 300 минг хориж фуқароси расман қайдга олинган.

Собиқ вазир Маркс Жуманиёзов вафот этди

Чоршанба куни Ўзбекистон собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Маркс Жуманиёзов 75 ёшида оламдан ўтди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач Маркс Жуманиёзов Хоразм вилоятига тайинланган илк ҳоким ҳисобланади.

Жуманиёзов Хоразм вилоятини уч йил бошқаргач, 1995 йилдан бошлаб Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимида фаолият кўрсатган.

1997 йилдаги “пахта иши” бўйича можаро боис Жуманиёзов вазир лавозимидан истеъфога жўнатилган.

Кейинчалик Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизматини бошқарган ва маълум муддат президент маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

Ўзбек маҳбуси норозилик сифатида мих ютди

Қашқадарёдаги УЯ 64/51 колониясида жазо муддатини ўтаётган 57 ёшли Камолиддин Фахриддинов қамоқхонадаги шароитга норозилик сифатида мих ютган.

Бу ҳақда бугун хабар тарқатган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси маълумотида "маҳкум Фахриддинов қамоқхонада ҳожатхонага фақат график асосида бориш тартиби жорий қилинганига норозилик билдириб мих ютгани" айтилади.

"Ҳожатхона графикдан ташқари пайтлари ёпиқ турганига қаршилик билдириб Фахриддинов бир неча бор ҳуқуқ тартибот идораларига ёзма равишда қилган мурожаатлари натижа бермагач, 3 декабр куни мих ютишга мажбур бўлгани" айтилади ассоциация хабарида.

Товламачиликда айбланиб қамалган Камолиддин Фахриддиновнинг аҳволи қандайлиги айни пайтда номаълум қолмоқда.

Боғча тарбияси учун тўлов миқдори белгиланди

Янги йилнинг 1 январидан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган болалар боғчалари учун ота-оналардан олинадиган тўловнинг аниқ миқдори белгиланди.

Norma.uz сайти хабарига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги давлатга қарашли 5 кунлик боғчада тарбиялаш учун оилада фақат битта бола бўлса, бир ойга 79 590 сўм қилиб белгиланди.

Агар болалар сони кўп бўлса, уларнинг ҳар бири учун ойига 56 509 сўмдан тўғри келади.

Олти кунлик боғчалар учун тўлов миқдори эса битта бола учун 96 304 сўм, биттадан кўп оилаларнинг фарзандларининг ҳар бирига 67 652 сўмга тенг бўлади.

Туман марказлари ва қишлоқ ҳудудларидаги 5 кунлик боғчалар учун 55 713 сўм, 6 кунлик боғчалар учун эса 96 304 сўм ҳар бир болага тўланиши лозим.

Ўзбекистонда яна бензин қимматлайди

Янги йилнинг 1 январидан бошлаб 1 литр бензин ва дизел ёнилғисининг нархи 40 сўмга қимматлайди.

Бу ҳақда хабар қилган Norma.uz сайти маълумотига кўра, бензин ва дизелдан фойдаланганлик учун солиқ тўлови оширилгани ҳисобига ёнилғилар нархи қимматлаяпти.

Президент Каримовнинг 25 декабрдаги фармойишига кўра, 1 литр ёнилғи учун солиқ тўлови 240 сўм қилиб белгиланди.

Эндиликда Аи-80 бензини 1 литрининг расмий нархи 1605 сўм, Аи-91 бензини 1770 сўм, Аи-95 бензини эса 1955 сўмни ташкил этади.

Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида бензин тақчиллиги кузатилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, вилоятлардаги АЁҚШларга 2-3 кунда бир марта бензин берилмоқда. Бензиннинг қўлдаги нархи эса 5-6 минг сўмга чиқиб кетган.

Тошкентда минтақа энерготармоғи бўйича музокаралар ўтмоқда

Тошкентда Марказий Осиё ягона электр тармоғи масаласи юзасидан музокараларнинг навбатдаги босқичи ўтказилмоқда.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон томони сўзлашувлар давомида энергетик тармоқ масаласида ягона фикрга кела олмаётгани хабар қилинди.

Қозоғистон томони сўнгги икки йилдан бери Ўзбекистон энергетик тармоқдан электр энергиясини ноқонуний ўзлаштириб олаётганини иддао қилиб, тармоқдан чиқиш гниятида эканини айтиб келади. Агар Қозоғистон энергетик тармоқдан чиқса Қирғизистоннинг шимолий ҳудудлари электр энергия таъминотидан узилиб қолади.

Ўзбекистонда яна бир маҳбус қийноқлардан жон берди

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг маълум қилишича, Шавкат Нурматов исмли диндор тергов пайтидаги қийноқлар оқибатида вафот этди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, 40 ёшли Шавкат Нурматов Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси тергов изоляторидаги қийноқлар туфайли 14 декабр куни вафот этган.

Нурматов 5 ноябр куни ўз уйида Тошкент вилояти милицияси ходимлари томонидан қўлга олинган. Ўша кундан бери у тергов изоляторида сақланган, 14 декабр куни эса Жазони ижро этиш бош бошқармаси республика касалхонасига олиб борилган. Бир соатдан кейин унинг жасади қаридошларига қайтарилган.

Аввалроқ Шавкат Нурматов конституциявий тузумга тажовуз қилиш, диний экстремистик ташкилотга аъзо бўлиш ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатишда айбдор деб топилиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилган ҳамда 2006 йилда амнистия туфайли озодликка чиққан эди.

ХВЖ: яқин муддатда Ўзбекистон иқтисоди ўсишда давом этади.

Халқаро валюта жамғармаси яқин муддатда Ўзбекистон иқтисоди ўсишини башорат қилмоқда.

Ҳафта бошида ХВЖ ва Ўзбекистон расмийлари кейинги пайтларда мамлакат иқтисодида кузатилаётган ҳодисалар ривожини муҳокама қилган. Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасига таянган ҳолда "Азия Плюс" агентлигининг хабар қилишича, томонлар қисқа ва ўрта муддатдаги истиқболлар ҳамда жаҳон иқтисоди ўсишининг сусайиши Ўзбекистон иқтисодий ўсишига таъсири хусусида фикр алмашган.

Учрашув якунларига оид ХВЖ баёнотида “Ўзбекистон иқтисоди тез суръатларда ўсишда давом этаётгани” таъкидланади.

ХВЖ Ўзбекистоннинг “солиқ-бюджет соҳаси, банк тизими барқарорлиги ва ташқаридан қарз олишда эҳтиёткорлиги” мамлакатни глобал иқтисодий бўҳрон оқибатларидан ҳимоялашга ҳисса қўшгани айтилади.

ХВЖ прогнозларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2012 йилда 8 фоизга ошади.

ХВЖ миссиялари одатда Ўзбекистонга ташрифларидан сўнг, Тошкент расмийларининг мамлакат иқтисоди “изчил ривожланиб бораётгани”га оид ҳисоботларига таянган ҳолда некбин прогнозларни беради.

Бироқ мустақил иқтисодчилар Ўзбекистон расмийлари эълон қиладиган иқтисодий кўрсаткичларни шубҳа остига олади. Хусусан, иқтисодчилар, Ўзбекистонда ишсизлик авж олгани боис, норасмий маълумотларга кўра, 5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик ташқарига чиқиб кетганини мамлакат иқтисодий аҳволига мисол қилиб кўрсатади.

Пахтакор тумани ҳокимининг ҳибсга олингани айтилмоқда

Жиззахлик ҳуқуқ фаолларининг хабар беришларича, 24 декбар куни МХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси тезкор вакиллари томонидан Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокими Ғофир Қаршибоев маҳаллий фуқаролардан биридан пора олаётган вақтида хизмат хонасида ҳибсга олинган.

Бу ҳақда хабар қилган жиззахлик ҳуқуқ фаолларига кўра, ҳоким ҳозирда МХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси тергов изоляторида сақланмоқда. Порага берилган пул миқдори, жабрланувчининг шахси ҳақида маълумот йўқ.

Пахтакор тумани ҳокимлиги навбатчиси Ғофир Қаршибоевнинг истеъфога чиққанини айтди, айни пайтда унинг ҳибсга олинганидан хабари йўқлигини билдирди.

Жиззах вилояти ҳокими Сайфиддин Исмоиловнинг буйруғи билан туман ҳокими ўринбосари Бахтиёр Маҳмудов ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайнланди.

2013 йилда Ўзбекистонда 526 км йўл қурилади

2013 йилда Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан автомобиль йўллари ва кўприклар қурилишига 921 миллиард 572 миллион сўм сарфланади.

Келгуси йили “Ўзавтойўл” ширкати тизимидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳамда саноат қувватларини модернизация қилиш учун 34,5 миллиард, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳолатини яхши сақлаш ва уларнинг жорий таъмирини кўнгилдагидек амалга ошириш мақсадида янги техника ва асбоб-ускуналар харид қилиш учун эса 31,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда янги йил арафасидаги дам олиш кунлари сурилди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 24 декабр кунги қарорига кўра, 29 декабр шанба ва 30 декабр якшанба дам олиш кунлари мос равишда 2012 йилнинг 31 декабр душанба ва 2013 йил 2 январ чоршанба кунларига кўчирилади.

2012 йилнинг 29 декабр шанба ва 30 декабр якшанба кунлари эса иш кунлари этиб белгиланди.

Президент қарорига кўра, ўзбекистонликлар 31 декабрдан 2 январгача қаторасига уч кун дам олишади.

Қарор янги йил муносабати билан аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида қабул қилингани айтимоқда.

Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёл қутқарилди

Ўзбекистонлик аёлни Гоа штати Калангут шаҳри полицияси қутқарди.
Ҳиндистоннинг Гоа штатидаги Калангут шаҳрида полиция фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурланган ўзбекистонлик аёлни қутқарди.

Бу ҳақда хабар қилган Times of India нашрига кўра, унинг қўшмачиси, деб гумон қилинган бир эркак ўтган ҳафтада қўлга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилиши кутилмоқда.

Айтилишича, Калангут шаҳри полицияси ўз манбасидан бир чет эллик аёл фоҳишалик билан шуғулланиш учун мижози ҳузурига кетаётгани тўғрисида маълумот олгач ўша машинани тўхтатиб аёлни ва сўнгра унинг қўшмачиси, деб гумон қилинган шахсни қўлга олган.

Қўшмачи, деб гумон қилинган шахс аёлга мижоз топиб берганликда ҳамда фоҳишаликдан топилган даромадга кун кечирганликда айбланиши мумкин.

Полицияга кўра, ўзбекистонлик аёл Ҳиндистон ҳудудида муҳлати ўтиб кетган виза билан яшаб юрган. Аёл, шунингдек, чет ээликлар тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланиши мумкин.

Times of India нашри хабарига кўра, ўзбекистонлик аёл ижтимоий ҳимоя марказига олиб кетилган.

Сўнгги 8 ой ичида Калангут шаҳрида одам савдосининг 41 қурбони қутқарилган, фоҳишалик ва қўшмачиликда айбланган 52 шахс қамоққа олинган.

Ўзбекистонда “Тозалаш-Аксилтеррор” тадбирлари бошланди

ЎзА ахборот агентлигига кўра, мазкур амалиётлардан мақсад Янги йил байрамини тинч ўтказиш, байрам тадбирларининг хавфсизлигини таъминлашдир.

Айтилишича, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, барча шаҳарлар ва туман марказларида, қишлоқ, овул ва маҳаллаларда, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлигини ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланувчи махсус гуруҳлар фаолият олиб боради.

Янги йил арафасида ўтказиладиган “Тозалаш-Аксилтеррор” амалиётларига ўхшаш тадбирлар Ўзбекистонда бошқа байрамлар олдидан ҳам ўтказилади ва бундай ҳолатларда мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алоҳида назорат қилинади.

1 январдан чиптани чет эл валютасига олиш мумкин

1 январдан бошлаб Ўзбекистонда фаолият юритаётган чет эл ҳаво компаниялари авиачипталарни Ўзбекистон резидентлари ва бу мамлакат резидентлари эмас шахсларга, парвоз қаердан бошланиб, қаерда якунланишидан қатъиназар, чет эл валютасига сотиши мумкин.

Маҳаллий авиакомпаниялар ҳам Ўзбекистон резидентлари эмас шахсларга парвоз қаердан бошланиб, қаерда якунланишидан қатъиназар, чет эл валютасига сотиши мумкин. Резидентлар эса, парвоз тўлалигича республикадан ташқарида бўлсагина билетни чет эл валютасига сотиб олиши мумкин.

Янги йилнинг биринчи кунидан кучга кирадиган бу тартиб, “Норма.уз” нашри хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19 декабрда қабул қилинган қарори билан жорий этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG