Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2019, Тошкент вақти: 07:48

Ўзбекистон

Ўзбеклар Россиядан пул ўтказиш бўйича яна биринчи

Россия Марказий банки маълумотига кўра, 2013 йилнинг учинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 4 миллиард 908 миллион АҚШ долларидан ошган.

2012 йил давомида Россияда ишлаётган ўзбек мухожирларининг пул ўтказмалари 5 миллиард 693 миллион долларини ташкил қилган эди.

2013 йил тўққиз ойи давомида Россиядан хорижга пўл жўнатиш бўйича тожиклар ўзбеклардан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

Ўтган йил январь-сентябрь ойларида Тожикистонлик меҳнат мухожирлари Россиядан ватанига уч миллиард доллардан кўпроқ пул ўтказган.

Россиядан хорижга пул ўтказиш бўйича Ўзбекистон, Тожикистондан кейин учинчи ўринни Украина эгаллаб келмоқда.

Россия Марказий банки ҳисоботига кўра, 2013 йилнинг учта чорагида МДҲ давлатларига банк тизимлари орқали 15 миллиард доллардан ортиқ пул ўтказилган.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари Ўзбекистонда қолган яқинларига пул ўтказишда МIGOM, Contact, Быстрая почта, MoneyGram, Unistream, Золотая Корона, АзияЭкспресс каби банк тизимларидан фойдаланади.

Ўзбекистон президенти Ички ишлар вазирига ўринбосарлар тайинлади

Собиқ Ички ишлар вазири Б.Матлюбов (ў).
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ички ишлар вазири ўринбосари Раҳмат Тошназарович Маматовни вазирининг биринчи ўринбосари - Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш Бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлади.

Айни пайтда, президентнинг бошқа қарорига мувофиқ Баҳодир Низомович Қурбонов Маматовнинг ўрнига Ички ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди.

Ислом Каримов 24 декабрь куни имзо чеккан қарори Ички ишлар вазирлигининг расмий сайтида сешанба куни эълон қилинди.

Ислом Каримов 13 декабрь кунги фармони билан Баҳодир Матлюбовни Ички ишлар вазири лавозимидан бўшатган эди.

Президентнинг бошқа фармонига мувофиқ Матлюбовнинг биринчи ўринбосари Адҳамжон Аҳмадбоевни Ички ишлар вазири этиб тайинлаган.

Ўзбекистонда бензин нархи 25 сўмга оширилди

2014 йил 1 январдан Ўзбекистонда 1 литр бензин нархи 25 сўмга қимматлади.

Бунга автомобил ёнилғисидан фойдаланганлик учун жисмоний шахслардан олинадиган солиқ миқдори 240 сўм ўрнига 265 сўмга қилиб белгилангани сабаб бўлди.

Аи-80 маркали бир литр бензиннинг янги нархи 1670 сўм бўлди. Бир литр Аи-91 бензин 1835 сўм, Аи-95 бензин нархи эса 2020 сўмни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда бензин нархи охирги марта 2013 йил 1 январида 40 сўмга қимматлаган эди.

Ўшанда нарх ошишига автомобил ёнилғисидан фойдаланганлик учун жисмоний шахслардан олинадиган солиқ миқдори кўтарилгани сабаб бўлган эди.

Ўзбекистонда 1 январдан уяли алоқа абонентлик номери тўлови 20 фоизга ошади

2014 йил 1 январдан юридик шахсларнинг абонентлик номеридан фойдаланганлик учун уяли алоқа операторига тўлови 20 фоизга ошади ва 500 сўм ўрнига 600 сўм бўлади.

Маҳаллий ахборот воситалари хабарига кўра, шу ҳақдаги тегишли қарор Ўзбекистон раҳбари томонидан тасдиқланган.

Охирги марта уяли алоқа хизматининг абонентлик тўлови 2012 йил 1 январда оширилган ва ўша пайтда 400 сўмни ташкил қилган эди.

Уч ой ўтиб, апрел ойидан Ўзбекистондаги уяли алоқа операторлари аксарият тариф режалари учун кунлик абонентлик тўловини икки баробарга, яъни, 1 центдан 2 центга оширган.

Ўзбекистон президенти мамлакат конституцияси эълон қилинган кун муносабати билан 6 декабрь куни қилган чиқишида ҳозир мамлакатда 19 миллион одам уяли алоқа хизматидан фойдаланаётгани, ҳар бир оилага ўртача учтадан қўл телефони тўғри келишини айтган эди.

Ҳозир Ўзбекистонда тўртта уяли алоқа оператори фаолият юритмоқда. Beeline ва UCell операторлари GSM стандартида, Perfectum Mobile ва Uzbekistan Mobile операторлари CDMA стандартида хизмат кўрсатмоқда.

Ўзбекистон божхона постларида қарийб 2 ярим минг осори-атиқа ушлаб қолинди

2013 йил давомида Ўзбекистоннинг божхона постларида 2 минг 479 дона осори-атиқа буюмларнинг ноқонуний ҳаракати аниқланди.

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматига кўра, Тошкент халқаро аэропортида Озарбайжон пойтахти Бокуга учиб кетмоқчи бўлган наманганлик Марзия Иброҳимова божхона текширувини четлаб 64 дона олтин “Николай тангалари”ни олиб ўтишга уринган пайтда қўлга олинган.

Экспертиза текшируви натижасида тангалар 19 аср бошида зарб қилингани ва улар тарихий ва маданий қимматга эга бўлгани аниқланган.

Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Женева кантонидаги муҳташам виллага 23 декабрь куни кириб олган Швейцариядаги Ўзбекистон демократик фонди раҳбари, диссидент ёзувчи Сафар Бекжон уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъат дурдонаси ҳамда қадимий Қуръон китоби нусҳаси чиққанини маълум қилган эди.

Таъкидлаш жоиз, ҳозирча Озодик тасарруфида Женевадаги вилладан чиққан Қуръон нусҳаси ва унинг ёнидан чиққан маълумотноманинг асл эканига оид маълумотлар йўқ.

Янги йилда Ўзбекистонда аҳолининг ярми рақамли телевидение томоша қилиш имконига эга бўлади

2014 йилда Ўзбекистоннинг Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида қиймати 2,5 миллион доллардан ошиқроқ бўлган рақамли телепередатчиклар ўрнатилади. Шундан сўнг мамлакат аҳолисининг 50 фоизи рақамли телевизион сигналларни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Бу ҳақда матбуотга Радиоалоқа, радиоёйинлов ва телевидение маркази давлат унитар корхонаси бош директори Ғолибшер Зиёев билдирган.

Унга кўра, Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Андижон, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасида аввал ўрнатилган рақамли передатчиклар билан бир қаторда Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида рақамли телевизион передатчиклар фойдаланишга топширилган. Бу билан Ўзбекистонда аҳолининг 42 фоизи сифатли рақамли сигнал қабул қилиш имконига эга бўлган.

Деҳлида қўшмачиликда гумонланган ўзбекистонлик икки аёл ушланди

Ҳиндистон пойтахти Деҳлининг “Индира Ганди” халқаро аэропортида ўзбекистонлик икки аёл қўшмачиликда гумонланиб қўлга олинди.

Маҳаллий полиция маълумотига кўра, улар Ўзбекистон фуқароси бўлган 27 яшар Шаҳноза ва 25 ёшдаги Назокатнинг шикояти асосида ушланган.

Ҳиндистондаги ахборот агентликлари хабарига кўра, исми ошкор қилинмаган икки аёл Шаҳноза ва Назокатни яхши иш билан таъминлаш ва катта маош тўлаш ваъдаси билан Ҳиндистонга алдаб олиб бориб бир неча ой давомида фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.

Қизлар қулфлаб қўйилган квартирадан қочишга муваффақ бўлганидан сўнг ёрдам сўраб полицияга мурожаат қилган.

Полиция айбланувчи аёлларни сўроқ қилганидан кейин расмий жараённи тугатиш учун Шаҳноза ва Назокатни Ўзбекистон элчихонасига топширган.

Ўзбекистон Давлат мадҳияси хорижда қисқа шаклда ишро этилиши мумкин

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатнинг идора ва ташкилотлари хорижда тадбир ўтказаётган пайтда давлат мадҳияси ижро этилишининг янги тартибини ўз фармони билан тасдиқлади.

Ҳужжат хорижда тадбирлар ўтказишни режалаган идора ва ташкилотлар зиммасига бу ҳақда олдиндан Ташқи ишлар вазирлигига маълумот бериш вазифасини юклайди.

Жорий йил декабрь ойида Маданият ва спорт ишлари вазири қарорига мувофиқ Давлат мадҳияси ижро этилишининг янги тартиби тасдиқланган эди.

Янги тартибга мувофиқ, хорижда ўтказилаётган турли спорт тадбирлари давомида давлат мадҳияси қисқартирилган шаклда ижро этилиши мумкин.

Мадҳия ижроси пайтида ҳозир бўлганлар ўринларидан туриб, давлат байроғига юзланиб, ўнг кафтларини кўкракнинг чап томонига қўйишлари талаб этилади.

ЎР Давлат мадҳияси 1992 йил 10 декабрда мамлакат президенти фармони билан қабул қилинган.

Самарқандда “ГАИ” ходими ҳамкасбининг тасодифий ўқидан ҳалок бўлди

28 декабрь куни Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бошқармаси аппаратида милиция кичик лейтенанти Жамшид Бобонов ўзига тегишли табель қуролини тозалаётган пайтда тўппонча ичида қолиб кетган ўқ тасодифий отилиб ҳамкасби Лазиз Ҳазратқуловни яралади.

Бу ҳақда Озодликка Самарқанд вилояти ИИБ ЙХҲБга яқин манбалар хабар қилди.

Самарқанд шаҳар Хаваси касалхонасига тезда олиб борилган милиция ходими кечанинг ўзида вафот этди. Ҳазратқуров якшанба куни дафн қилинди.

29 декабрь куни Ўзбекистон ИИВ воқеаларни ўрганиш учун махсус инспекция ходимларини Самарқандга жўнатган.

Самарқнад шаҳар прокуратураси воқеа бўйича ЖКнинг 207-моддаси бўйича суриштирув бошлаган.

Лазиз Ҳазратқулов Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги (ЎзА) Бош директори Маматқул Ҳазратқуловнинг туғишган укасидир.

Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо ҳудудига тўққизинчи аъзо бўлиб қўшилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномани унинг Томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш ҳақидаги Баённомани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунга имзо чекди.

Бу билан Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилган тўққизинчи давлат бўлди.

Ўзбекистон МДҲ нинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши ҳақидаги шартномани 2013 йил 31 май куни Беларус пойтахти Минскда бўлиб ўтган МДҲ бош вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида имзолаган эди.

“Эркин савдо ҳудуди ташкил этиш” ҳақидаги битмига МДҲнинг саккиз давлати - Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Украина ва Қирғизистон имзо чеккан.

Ҳозирда Қирғизистон ва Тожикистон мазкур келишувни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Hyundai Қашқадарёда синтетик ёнилғи ишлаб чиқарадиган завод қуради

Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering & Construction ширкати Қашқадарё вилоятида синтетик ёнилғи ишлаб чиқарадиган заводнинг технологик қисмини қуриб бериш бўйича шартнома имзолади.

Буни Uzbekistan GTL қўшма корхонасидаги манбага таяниб ахборот агентликлари хабар қилди.

24 декабрь куни имзоланган шартноманинг қиймати ошкор қилинмади. Келишувда қурилиш ишлари 2017 йил августида тугатилиши назарда тутилган.

Янги завод ишга тушганида йилига 3,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ва 864 минг тонна дизел ёнилғиси, 304 минг тонна авиакеросин, 395 минг тонна нефт ва 11,2 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Заводнинг техник-иқтисодий асослари лойиҳаси Франциянинг Technip ширкати томонидан ишлаб чиқилган.

2009 йил ноябрида “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси Малайзиянинг Petronas ва Жанубий Африка Республикасининг Sasol ширкатлари билан Қашқадарё вилоятида синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган завод қуриш учун “Uzbekistan GTL” қўшма корхонаси ташкил этиш ҳақида келишув имзолаган.

Лойиҳа қиймати 2¸5 миллиард АҚШ долларни ташкил этиши билдирилган эди.

Жорий йилда Ўзбекистонда 408та автомобил ёниб кетди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилда 408та транспорт воситасида ёнғин содир бўлган, шундан 215та автомобил ёниб, кул бўлган, жами 31 киши жароҳатланган.

Бироқ расмий маълумотда автомобилларда чиққан ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони кўрсатилмаган.

Ўзбекистонда газ баллон ўрнатилган машиналарнинг портлаши тез-тез учрамоқда.

Озодлик тассаруфидаги маълумотларга кўра, 26 октябрь куни Тошкентдаги Қўйлиқ буюм бозори ҳудудида Нексия автомобилига ўрнатилган метан газ баллони портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлган, олти одам жароҳатланган.

Ундан бир неча кун аввал Қўйлиқ бозори яқинидаги кўчада яна бир Нексия русумидаги автомобил портлаб, машинадаги тўрт киши ҳалок бўлган эди.

Озодлик ўтаётган йил давомида шу каби ўнлаб воқеаларни ёритди.

Расмий маълумотга кўра, ўтган йили жами 429та автомобилда ёнғин чиққан ва шундан 200таси ёниб кетгани натижасида жами 220 миллион сўмлик зарар кўрилган.

Урганчлик аёл қўшмачилик айблови билан беш йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди қарорига кўра, Зуҳра Азимова қўшмачилик билан шуғулланганликда айбдор деб, топилиб беш йилга озодликдан маҳрум этилган.

12uz.com хабарига кўра, Зуҳра Азимова Жиноят кодексининг 130-моддаси (Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш), 131-моддаси (Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш), 135-моддаси (Одам савдоси) бўйича айбланган.

Суд материалларига кўра, Азимова Урганч шаҳридаги кўпқаватли уйларнинг бирида фоҳишахона ташкил этиб, ёш қизларни алдов ва қўрқитиш йўли ила фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаб келган.

Маълум бўлишича, Зуҳра Азимова аввал ҳам айнан фоҳишахона ташкил этиш ва қўшмачиликда айбланиб, судланган, бироқ авф қилиниб, озодликка чиқарилган.

Паркент электр идораси раҳбари 6 йилга қамалди

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туман суди ҳукмига кўра, Паркент туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Дилшод Мирзакаримов катта миқдордаги пулни ўзлаштирганлик айби билан олти йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган “Тошкент ҳақиқати” газетасига кўра, Мирзакаримов 2009 йилнинг ноябрь ойида “Тошкент электр тармоқлари” омборидан жами 121 миллион 597 минг 666 сўмлик трансформаторлар олингани ҳақида сохта юк хатини имзолаб, бу пулларни ўзлаштирган.

Шунингдек, Мирзакаримов Паркент туманидаги боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари билан тузилган шартномалар орқали корхонага 24 миллион 129 минг 485 сўм миқдорида зарар етишига сабабчи бўлган.

Суд ҳукмига кўра, Дилшод Мирзакаримов қамоқдан чиққач, уч йил давомида раҳбар лавозимида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.

Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида электр тақчиллиги давом этмоқда. Қишлоқ жойларида кунига фақат маълум соатлардагина электр энергияси берилаяпти.

Тошкент-Олмаота ва Тошкент-Балиқчи поезди қатнай бошлайди

2014 йилда Олмаота-Тошкент йўналишида халқаро тезюрар поезди қатнай бошлайди. Бу ҳақда Қозоғистон транспорт ва коммуникация вазири Аскар Жумагалиев маълум қилди.

26 декбарь куни ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда гаприрган вазир Тошкент йўналишидаги поезд айнан қайси ойдан қатнай бошлаши ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Айни пайтда Тошкентда 24-26 декабрь куни ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон ҳукумати расмийлари музокараларида Тошкент-Балиқчи поезди қатновини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олинди.

Мазкур йўналишдаги поезд қатнови бир неча йил олдин тўхтаб қолган эди.

Россиянинг "резинка квартиралар" қонуни туфайли ўзбек муҳожири ватанга қайтишга мажбур бўлади

- Россия Президенти куни кеча имзолаган ва жамоатчилик “резинка квартиралар қонуни” деб атаётган қонун туфайли ўзбекистонлик қонуний меҳнат муҳожирлари ҳам тез кунда ноқонунийга айланади, деди Озодликка ўзбекистонлик фаолларнинг Россиядаги “Ватандош” жамияти раҳбари Усмонали Баратов.

Президент Путин жорий ҳафтада имзолаган “резинка квартиралар” тўғрисидаги қонунга биноан “қалбаки регистрация”дан ўтказганлар жазоланади.

Ахборот агентликларига кўра, қонунда россиялик ёки чет элликни қалбаки қайддан ўтказган хонадон эгалари бир неча минг рублдан бир неча юз минг рублгача бўлган миқдорда жаримага тортилиши ёки 3 йилгача бўлган муддатга аҳлоқ тузатиш ишларига маҳкум қилиниши ёхуд шу муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

“Ватандош” жамияти раҳбари фикрича, қонун ижроси бошлангач, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг катта қисми турар-жойсиз қолади ва натижада полиция учун уларни мамлакатдан чиқариб юборишга асос пайдо бўлади.

Тошкент ҳайвонот боғига шер боласи келтирилди

Тошкент ҳайвонот боғига ўзаро ҳайвонларни айирбошлаш дастури доирасида Россиянинг Калининград шаҳридан Алекс лақабли бир яшар шер боласи келтирилди. Бу ҳақда 12uz.com нашри хабар бермоқда.

Пойтахтнинг йиртқич меҳмони айни дамда бир ойлик карантинда экани, ундан сўнг эса янги оиласига қўшилиши айтилмоқда.

Калининград ҳайвонот боғи бош зоологи Евгений Козловскийнинг айтишича, ҳайвонларни ўзаро айирбошлаш ҳайвонот боғларидаги ген ранг-баранглигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

1924 йилда ташкил этилган Тошкент ҳайвонот боғида ҳозирда уч мингдан зиёд жонивор ва 415 турдаги қушлар сақланади. Боғнинг умумий майдони қарийб 23 гектарни ташкил этади.

Давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиев лавозимидан озод этилди

Uzmetronom Интернет газетасининг ўз манбаларига таяниб ëзишича¸ 25 декабрь куни Ўзбекистон президенти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиевни лавозимидан бўшатган.

Газетанинг ëзишича¸ бу лавозимда атиги 9 ой ишлаган Файзиев Тошкент вилояти пкокуратурасидаги лавозимлардан бирига тайинланган.

Кузатувчиларга кўра¸ президентнинг кучишлатар тизимлари бўйича давлат маслаҳатчи лавозими Ўзбекистондаги энг хавфли лавозимга айланган ва ҳозирга қадар бу вазифага тайинланганларнинг аксари президент марҳаматидан мосуво бўлган.

Хусусан¸ бу лавозимда бир неча йил ишлаган Равшан Муҳиддинов 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда.

Мазкур лавозимда муқаддам ишлаган Бахтиëр Ғуломов ва Анвар Набиевлар каръерасига ҳам¸ таъкидланишича¸ давлат маслаҳатчиси вазифасидан озод этилгач¸ барҳам берилган.

Британиялик таҳлилчилар Ўзбекистонда халқ ғалаёнлари бошланиб кетишидан огоҳлантирди

Британияда чиқадиган нуфузли The Economist журнали эълон қилган рўйхатда Ўзбекистон “халқ ғалаёнлари қулоч ёйиб кетиш хавфи энг юқори бўлган” 19 давлат қаторига кирди.

Жаҳондаги 150 мамлакатдаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий аҳвол таҳлил этилган ушбу рўйхат The Economist журналининг Intelligence Unit тадқиқот маркази тарафидан тузилган.

The Economist Intelligence Unit маркази таҳилига кўра, Ўзбекистонда сиёсий ворислик механизмининг йўқлиги мамлакат барқарорлиги учун катта хавфдир.
Ўзбекистон “халқ ғалаёнлари қулоч ёйиб кетиш хавфи энг юқори бўлган” 19 давлат қаторига кирган постсовет ўлкалари орасидаги ягона мамлакатдир.

Ушбу рўйҳатда Ўзбекистон Зимбабве, Яман, Венесуэла, Сурия ва бошқа мамлакатлар билан бир қаторда турибди.

Ўзбекистонда амнистия тўғрисидаги қарор ижроси бошланди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қабул қилинган куннинг 21 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Сенати қабул қилган “Амнистия тўғрисида”ги қарор ижроси бошлангани тўғрисида давлатга қарашли ЎзА ахборот агентлиги ёзди.

Хабарга қараганда, маҳкумларни амнистия туфайли озодликка чиқариш тарғибот тадбирига айлантирилмоқда.

Агентликнинг ёзишича, ўшандай тадбирларнинг дастлабкиларидан бири Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги колонияда ўтказилган.

Амнистия бўйича неча нафар маҳбус озодликка чиқиши маълум эмас.

Туғруқ пайтида рус врачлари томонидан кўчада қолдирилган ўзбекистонлик аёл ватанига қайтди

Шоира Улашева.
Владивостокда кўзи ёриётган пайтда туғруқхонага киритилмай кўчада қолдирилган ўзбекистонлик муҳожир Шоира Улашева ватанига қайтиб келди.

“Российская газета” Россиядаги ўзбекларнинг “Адолат” ташкилоти раҳбари Баҳодир Нураковга таяниб, ташкилот аёлга Ўзбекистонга кетиши учун поезд чиптаси олиб бергани ҳақида 24 декабрда хабар берди.

Озодлик радиоси 5 ноябрь куни тўлғоқ ҳолатида Владивосток шаҳридаги 1- туғруқхонага “Тез ёрдам” олиб келган ўзбекистонлик аёлни туғруқхона врачлари қабул қилишдан бош тортгани тўғрисида ўз вақтида хабар берган эди.

Ноқонуний муҳожир ҳисобланган Шоира Улашева суд қарорига биноан Россияни 25 ноябрда тарк этиши керак эди. Бироқ боласининг касал бўлиб қолгани муносабати билан унинг депортацияси кечиктирилган эди.

Тошкентда эртага Қирғизистон билан чегараларни аниқлаш музокаралари бошланади

Ўзбек-қирғиз чегараси - Ўзбекистоннинг "Дўстлик" чегара пунктида чегарадан ўтиш учун навбат кутиб турган одамлар.
Тошкентда 26 декабрда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш юзасидан ҳукуматлараро музокаралар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон матбуотининг билдиришича, музокарада иштирок этиш учун Тошкентга Қирғизистон бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов келади.

Шу кунгача 1378 километрдан кўпроқ бўлган Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 1007 километри аниқланган. 58 та ҳудуд, яъни 371 километрга тенг бўлган чегара чизиғи икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолаётгани учун шу кунгача белгиланмаган.

Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик ҳамкорлиги тўғрисидаги қонун имзоланди

Ўзбекистон президенти Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик шартномасини тасдиқлаш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Мазкур қонун 13 декабр куни Ўзбекистон Олий мажлиси юқори палатаси томонидан қабул қилинган эди. Стратегик ҳамкорлик шартномаси эса Қозоғистон президентининг шу йил июнида Ўзбекистонга қилган расмий сафари доирасида имзоланган.

Бундан ташқари Хитой билан дўстлик ва ҳамкорлик шартномасини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун ҳам президент томонидан имзоланган.

Тошкентдаги Реабилитация марказида сақланаётган Янис Галанос Грецияга бадарға қилиниши мумкин

13 ноябрдан бери Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига тегишли Реабилитация марказида тутиб турилган Греция фуқароси Янис Галанос ватанига қайтарилиши мумкин.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик матбуот варақчасида Галанос тегишли ҳужжатларсиз ва муддати ўтиб кетган паспорт билан Ўзбекистонда юргани, шу сабабли қўлга олингани айтилади.

Вазирлик хабарномасидан маълум бўлишича, Тошкентда туғилган 31 ёшли Янис Галанос 2009 йили Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, Греция фуқаролигини қабул қилган.

16 декабрь куни Греция ҳам дохил бўлган Европа Иттифоқи аъзоси Италия расмийларидан келиб тушган нота асосида Янис Галанос итальян дипломатлари билан учраштирилган. “Ҳозирги пайтда Италия элчихонаси томонидан Галанос Я.С.ни Ватанига қайтариш учун ҳужжатларни ошиғич расмийлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда”, дейилади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарномада.

Ўзбекистонда кўмир 2018 йилда сероб бўлиши мумкин

Кейинги йилларда кўмир Ўзбекистонда ҳам Афғонистондагидай қопларда сотиладиган бўлиб қолган.
Ўзбекистон ҳукумати жорий йил июнида тасдиқланган 2013-2018 йилларда Кўмир саноати корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик қайта қуриш дастурини амалга ошириш учун 555 млн доллар сарфламоқчи.

Бу ҳақда хабар қилган UzbekistanToday нашрига кўра, дастурни молиялаш Кўмир саноатини техник қайта қуриш ва модернизациялаш жамғармаси, “Ўзбеккўмир” корхонаси ҳамда тижорат банклари маблағлари эвазига амалга оширилади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда энергия тақчиллиги кузатилмоқда. Аҳоли табиий газ, электр қуввати ҳамда кўмир тақчиллиги ҳамда қимматлиги тўғрисида кўп шикоят қилади.

Масалан, Қашқадарё вилоятининг аксар туманларида кўмир икки бараварга қимматлагани, қиш кириши биланоқ кўмирнинг бир килограмми минг сўмга чиққани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG