Линклар

Шошилинч хабар
15 сентябр 2019, Тошкент вақти: 17:22

Ўзбекистон

Ўзбекистонда самолётларга лазер нурини йўналтирганлик учун жазо белгиланади

Ўзбекистон Қонунчилик палатаси депутатлари лазер нурини самолётга йўналтирган жисмоний шахсларга жазо белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ишламоқдалар.

Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, 2014-2015 йилларда Ўзбекистонда самолётга лазер нурини йўналтиришгани оид 16 та ҳолат қайд этилган.

Булардан 9та ҳолат Тошкентда, 3 та ҳолат Самарқандда, 2 та ҳолат Бухоро ва яна иккитаси Фарғонада қайдга олинган.

Экспертлар лазер нури учувчи кабинасига тушса, самолёт кўтарилаётган ва қўнаётган кезларда учувчини адаштириши, кўзини қамаштириши мумкин, деб таъкидламоқда.

2013 йилда ҳам Ўзбекистонда лазер нурини таратувчи портатив қурилмаларни чеклаш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Брюсселда Европарламент вакиллари билан учрашди

Брюселлда Марказий Осиё жамияти ушбу минтақа экспертлари ва ҳуқуқ фаоллари иштирокида Марказий Осиёнинг келажаги, бу минтақадаги 5 республика ўртасидаги интеграция муаммоларига бағишланган давра суҳбатини уюштирди.

Асосий эътибор ушбу минтақада инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволи муҳокамасига бағишланган.

25 январда бошланиб, 29 январгача давом этадиган тадбир иштирокчиларининг Европа парламенти депутатлари, парламентнинг Марказий Осиё билан алоқаларга масъул делегацияси вакиллари билан қатор учрашувлари режалаштирилган.

Ҳозиргача Ўзбекистон ва Марказий осиёлик фаоллар Европа Парламентининг Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти масалалари бўйича расмийлари Сессилия Викстром ва Ясенко Селмовичлар билан учрашди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини автотранспортда экспорт қилиш муддати 6 ойга узайтирилди

Ўзбекистон ҳукумати автотранспортда хорижга мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум экспорт қилиш муддатини 2016 йил 1 июлигача узайтирди. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори шу йил 20 январида чиққан.

Экспортга рухсат Мева-сабзавот маҳсулотларидан ички бозорда рационал фойдаланиш ҳамда экспортни ташкиллаштириш масалаларини ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан тасдиқланмиш рўйхатга кирган ҳуқуқий шахсларгагина берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2015 йил 1 сентябридан бошлаб мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни автотранспорт воситаларида хорижга олиб чиқиб кетиш тақиқланганди. Қарор изоҳида бундан мақсад Ўзбекистон мева-сабзавоти ва полиз экинларини солиқ ва бож тўловларини четлаб ўтиб, хорижга олиб чиқаëтган “ноҳалол экспортчилар”ни тўхтатиш ва уларни фош қилиб, жазога тортиш ва экспортни шаффофлаштириш экани таъкидланганди.

Бироқ ўтган йилнинг октябрь ойи бошида Ўзбекистон ҳукумати 2016 йил 1 январигача мева-сабзавотни автотранспорт билан экспорт қилишга рухсат берган ва ўтган ҳафта бу муддат яна 6 ойга узайтирилган.

Fergananews.com сайти тахминича, ҳукуматнинг бу қарорига “Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 13 январь куни Ўзбекистон давлат корпорациялари вакиллари билан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш бўйича бўлиб ўтган учрашув таъсир қилган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда врачлар ҳар беш йилда бир имтиҳон қилинадиган бўлди

Ўзбекистонда варч ва ҳамширалар пахта терими ва ҳашарга тез-тез жалб этиб турилади

Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида ишлайдиган барча врачлар беш йилда бир аттестациядан ўтказиладиган бўлди. Норма.уз нашрининг хабар қилишича, Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган қарорга биноан врачлар ўзлари эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини аниқлаш аттестацияси ва олий тиббиёт ўқув юртларига қабул квотларини аниқлаш тартиби белгилаб берилган.

Мазкур ҳужатга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига доир врачлар аттестацияси ҳар беш йилда бир марта, аввалги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома муддати тугаганидан уч ой вақт ичида, ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Бакалавриат, магистратура, клиник ординатура ва бирламчи мутахассислик курсларини тугатиб, илк бор ишга қабул қилинган врачлар мутахассислиги бўйича уч йил ишлагач аттестациядан ўтказилиши талаб этилади.

Бунда айрим тоифадаги врачлар, жумладан беш йилдан камроқ стажга эга, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёллар аттестациядан ўтказилмайди.

Икки босқич – компьютер ва оғзаки имтиҳон шаклида ўтказиладиган аттестацияда 70 ва ундан юқори балл олган врач аттестациядан ўтган ҳисоблананди. 50-70 балл врач шартли ўтган ҳисобланади. 50 баллдан камроқ натижа кўрсатган врач йиқилади.

Ўзбекистонда тиббиёт муассасалари ходимларининг бевосита хизмат вазифаларидан ташқари пахта терими, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш каби ишларга жалб этиш ҳолатлари сурункали тус олган.

Россияда беш ойлик қамоққа ҳукм этилган ўзбекистонлик аёл суд залида туғиб қўйди

Россиянинг Оренбург вилоятида ўзбекистонлик аёл суд залида кўзи ёрди. Россия матбуотининг ёзишича, Оренбург вилояти Адамов тумани судида чегарадан ноқонуний ўтганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси устидан ҳукм ўқиб бўлингач, тўлғоқ тута бошлаган.

Хабар қилинишича, аёлни дарҳол касалхонага олиб кетишган. Чегарани бузганликда айбдор деб топилган Ўзбекистон фуқароси ва чақалоқнинг аҳволи қониқарли, дейилади хабарларда.

Суд ҳукмига кўра, аёл умумий режимдаги колонияда беш ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик миллионлаб муҳожирларни миграция қонунларини бузганлик ва бошқа маъмурий қонунбузарликларда айблаб, жазога тортиш ҳолатлари кейинги пайтларда кўпаймоқда.

Расмий маълумотларга кўра, бу каби тазйиқ ва Россиядаги иқтисодий бўҳрон оқибатида ўзбекистонлик муҳожирлар сони кейинги бир йил ичида 1 миллионга камайган. Шунингдек, тирикчилик учун Россияга келаётган ўзбекистонликлар оқими ҳам 70 фоизга камайган.

Ўзбекистон жорий йилда Европага ўтган йилга қараганда озроқ мева-сабзавот сотади

Берлинда ўтган “Яшил ҳафталик 2016” қишлоқ хўжалик ярмаркаси доирасида Ўзбекистон Европа давлатларига 91 миллион 200 минг долларлик мева-сабзавот етказиб бериш тўғрисидаги шартномаларни имзолади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ўтган ҳафта якунида билдиришича, мазкур ярамаркада дунёнинг 68 мамлакатидан келган вакиллар ишитрок этган. Ўзбекистон делегациясига ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев раҳбарлик қилган.

Айтиб ўтиш лозимки, жорий йилда имзоланган шартномалар ўтган йилгига қараганда деярли 39 миллион долларга оздир. 2015 йилда Берлин ярмаркасида Европа давлатлари Ўзбекистондан 130 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб олиш тўғрисидаги шартномаларни имзолаган эди.

Россиянинг Калуга вилоятида ёнғиндан уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Калуга вилоятининг Ильинка қишлоғидаги уйлардан бирида рўй берган ёнғин оқибатида уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди.

Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси расмийларига таяниб “Интерфакс” агентлиги хабар қилди.

Уйда яшаган уч аёл ва эркак қўлбола иситиш ускуналаридан фойдалангани ва тундаги ёнғинга шу ускуна сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Уйда яшаган бир ўзбекистонлик ёнғиндан омон қолди, қолгани ҳалок бўлди.

Москвада эмизикли боласини сотган ўзбекистонлик она 5 йилга қамалди

Москва вилоятининг Долгопрудненский шаҳарида ўз фарзандини сотган ўзбекистонлик Гулнора Ҳошимова одам савдосида айбдор деб топлиб, 5 йилга қамалди.

Тергов давомида Ҳошимова ўтган йилнинг октбярь ойида 2 ойлик ўғлини 70 минг рублга сотгани аниқланган.

Маҳкама ўзбекистонлик онани ахлоқ тузатиш колониясига жўнатиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Чақалоқ Москва вилоятидаги касалхонага юборилган.

Россияда ўз фарзандини сотган ёки сотмоқчи бўлган бир қанача ўзбекистонлик аёл аввал ҳам жазога маҳкум этилган эди.

Ўзбекистонда уй-жой 15 фоизга арзонлади

Сўнгги бир йил ичида пойтахт Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарларида уй-жой нархи 15 фоизга арзонлаган.

Панел уйлар нархи 15, ғиштдан қурилган уйлар нархи 10-12 фоизга тушган.

“SION GROUP” таҳлил марказига кўра, ўтган ой ичида Ўзбекистонда кўчмас мулк нархлари 3 фоизга пастлаган.

Бу хол Ўзбекистонда АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси “қора бозор”да кўтарилган бир пайтда кузатиляпти.

Ҳозир “қора бозор”да бир АҚШ долларининг қиймати 6 минг сўмдан ошиб кетган. АҚШ доллари яна ошадиган бўлса уй-жой нархи яна тушади, демоқда таҳлилчилар.

"Камолот" Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар чекланишини рад қилди

Ўзбекистондаги ҳукумат тарафидан молияланадиган "Камолот" ёшлар ҳаракати мамлакатда ижтимоий тармоқлар фаолияти чекланиши ҳақидаги хабарларни рад қилиб чиқди.

Авалроқ sputniknews-uz.com сaйти Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар ёшлар онгига салбий таъсир қилаётгани сабаб “Камолот” бу тармоқларни чеклаш масаласини мухокама этаётгани ҳақда хабар қилган эди.

“Камолот” матбуот ҳизмати бу хабарлар асоссиз экани, ҳaрaкaтни ўзи ҳам Facebook, Twitter вa бoшқa ижтимoий тaрмoқлaрдa ўз сaҳифaсигa эгaлигини билдирди.

Яқинларгача ўзбекистонликлар асосан Одноклассники ва ВКонтакте каби Россия доменидаги ижтимоий тармоқларидан фойдаланиб келган бўлса¸ сўнгги йилларда Facebook тармоғидаги ўзбекистонлик фойдаланувчилар сони ҳам кўпайиб бормоқда.

Ҳозирда Однокласники тармоғида уч миллиондан ортиқ ўзбекистонлик фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлса¸ Facebookда эса тўрт юз мингга яқин ўзбекистонлик бор.

Тошкент Давлат консерваториясида Ҳолокост қурбонлари хотирасига концерт ўтказилади

Концерт 27 январь куни Тошкент Давлат консерваториясида бўлиб ўтади

Тошкентда Ҳолокост қурбонлари хотирасига бағишланган концерт ўтказилади. Исроил ва Германия элчихоналари ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлигида уюштирилаётган концерт 27 январь куни Давлат консерваториясида бўлиб ўтади.

ГФР элчихонаси матбуот хизматининг билдиришича, концерт Камолиддин Ўринбоев бошчилигидаги Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркетсри ижросида бўлиб ўтади.

“Иккинчи жаҳон уруши бошланишида Ўзбекистон Ҳолокостдан қочган минглаб яҳудийлар ҳамда юзлаб қочқин ва эвакуация қилинганлар учун паноҳ бўлди. Ўзбекистон халқи ўз эшикларини очиб қочқинларга паноҳ берди, улар билан бир бурда нонини баҳам кўрди. Бу ҳеч қачон унут бўлмайди”, дейилади элчихона хабарномасида.

Шостакович, Уильямс, Каччини ва Боярская асаралари ижро этиладиган концертда Ким Киенг, Кирилл Борчанинов каби мумтоз қўшиқ ижрочилари ҳам иштирок этади.

Лукойл қийинчиликларга қарамасдан Қандим газни қайта ишлаш заводини қуриш лойиҳасини давом эттиради

Лукойл Ўзбекистонда Қандим-Шоди-Қўнғирот газ конларини ўзлаштириш лойиҳаларида иштирок этади.

Ўзбекистонда Қандим газни қайта ишлаш заводини қуриш лойиҳасида Россиянинг Лукойл ва Кореянинг Hyunday Engineering ширкатлари иштирок этади.

Ўзбекистон ҳукумати 8,1 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга иншоот ташқи инфратузилмаларига 108 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизилишини назарда тутувчи қарор қабул қилди.

Регнум агентлигининг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар қилишича, 2016 йил охирига қадар “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ширкати заводга элтувчи темир йўл линияларини қуриб битказиши режалаштирилмоқда. Умумий узунлиги 48,7 километрни ташкил этадиган темир йўлга 50 миллион доллар сарфланади. 2017 йил охиргача эса “Ўзбекэнерго” қиймати 58,8 миллион долларга тенг электр билан таъминлаш объектларини қуриб бериши айтилади хабарда.

Бунда Лукойл ва Hyunday Engineering компанияларининг лойиҳадаги иштироки қиймати хабарда келтирилмаган.

Ўтган йили пайдо бўлган хабарда заводни қуришни ўз ичига олувчи Қандим конларини ўзлаштириш лойиҳасининг умумий қиймати 2,66 миллиард долларга тенг экани айтилган эди.

Айни пайтда, Россиянинг Лукойл ширкати 21 январь куни сармоя дастурларини қисқартиришини маълум қилди. Жаҳон бозорида нефть ва газ нархининг тушиши ортидан қийин аҳволга тушиб қолганини тан олган Лукойл 2016 йил учун мўлжалланган 8,5 миллиард долларлик сармоя миқдорини 1,5 миллиард долларга камайтиришга мажбур эканини эълон қилди.

2015 йил ноябрида Лукойл Қўнғирот газ конларини ўзлаштириш лойҳаларидан воз кечишини эълон қилди.

Лукойл 2004 йилда Ўзбекистон ҳукумати билан имзоланган Маҳсулотни тақсимлаш келишуви доирасида Қандим-Шоди-Қўнғирот газ конларини ўзлаштириш лойиҳаларида иштирок этади.

Лукойл сармоялар миқдорини қисқартиради

Россиянинг йирик Лукойл нефт ширкати ётқизилаётган сармоялар миқдорини 24 фоизгача қисқартиради. Бу ҳақда журналистларга ширкат раҳбари Вагит Алекперов маълум қилди.

Лукойл сармояларининг катта қисми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Ўн йил давомида Ўзбекистонда олиб борилган геологоразведка ва янги конларни ўзлаштириш ишларига Лукойл 3,5 миллиард доллар сармоя ётқизган. Лукойл Ўзбекистонга жами 12 миллиард доллар сармоя ётқизишни режалаштирган эди.

Вагит Алекперовнинг айтишича, сармоялар миқдорининг қисқартирилиши нефтнинг жаҳон баҳоси тушиб кетгани билан боғлиқ. Алекперов 2016 йилда ширкат 8,5 миллиард доллар сармоя ётқизишни режалагани, бироқ нефть нархи тушиб кетгани муносабати билан бу сармоялар 1,5 миллиард долларга қисқартирилишини маълум қилган.

Хитой, Россия ва Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг катта инвесторлари

Бухородаги текстил корхонаси.

Хитой, Россия ва Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари ҳисобланади. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг 20 январда эълон қилинган 2015 йил якунларига оид ҳисоботида, жумладан, мана шу ҳақда гап боради.

Статистика қўмитасига кўра, ўтган йилда республикада хориж сармоядорлари иштирокида 494 қўшма корхона ташкил қилинган. Мазкур корхоналарнинг 103таси Хитой, 91таси Россия ва 53таси Жанубий Корея иштирокида уюштирилган.

Ҳисобот таҳлил қилинса, Ўзбекистон иқтисодиётида 2015 йилда Россия улуши бошқа йилларга инисбатан кўпайганинини, Хитой ва Жанубий Корея улуши эса камайганини кузатиш мумкин. Масалан, 2014 йилда Ўзбекистонда Россия иштирокида 69та, Хитой иштирокида 110та, Жанубий Корея иштирокида эса 56та қўшма корхона ташкил қилинган эди.

Ўзбекистонда электр қуввати ишлаб чиқариш 104 фоизга кўпайди

Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш кўпайганига қарамай, кўпчилик ўзбекистонликлар шам ёруғида ўтиришибди.

“Ўзбекэнерго” ҳиссадорлик жамияти 2014 йилда Ўзбекистонда электр қуввати ишлаб чиқариш 104,2 фоизга ўсганини расман маълум қилди.

Ширкат сайтида қайд этилишича, ўтган йили мамлакатда 55 миллиард 500 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган, бу эса ўтган йилга нисбатан 104,2 фоизга кўпдир.

“Ўзбекэнерго”, шунингдек, 2015 йилда маҳсулот экспорт қилиш ҳамда хизмат кўрсатиш режаси юз фоиздан кўпроққа бажарилганини ҳам билдирган. Ширкат сайтида қайд этилишича, ишлаб чиқаришга сарфланадиган ҳаражатлар қисқартирилиши ортидан ишлаб чиқилган электр энергияси таннархининг 14 фоиз арзонлашига сабаб бўлган.

Айни пайтда қиш мавсумида ўзбекистонликлар электр энергияси таъминотида мунтазам узилишлар бўлаётган шароитда яшаб келмоқда. Озодликка етиб келган хабарларга қараганда, айрим вилоят ва туманларда электр қуввати суткасига 2-3 соатдан берилмоқда.

Бундестаг депутатлари Ўзбекистонга сафар қилмоқда

21 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Германия парламенти депутатлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон дипломатик идораси тарқатган хабарга кўра¸ учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатлар¸ хусусан¸ парламентлараро алоқалар муҳокама қилинган.

Немис депутатлари Ўзбекистонга сафар давомида “Иқтисодий ислоҳотлар¸ ижтимоий муҳофаза ва хусусий тадбиркорликни мустаҳкамлашда парламент роли: Германия ва Ўзбекистон тажрибаси” деб номланган давра суҳбатида қатнашганлар.

Ушбу суҳбат 21 январь куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган.

Ўзбекистон ширкати Қозоғистонда мева етиштириб¸ хорижга сотмоқчи

Мева-сабзавот етиштириш ва сотиш билан шуғулланувчи Ўзбекистондаги йирик ширкат Қозоғистоннинг тўрт вилоятида боғлар барпо қилиб, етиштириладиган мевани экспорт қилмоқчи.

Бу ҳақда хабар қилган "Новости-Казахстан" ахборот агентлигига кўра, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг қўшни Қозоғистонга қизиқиш билдиришига бу мамлакатда иш юритиш Ўзбекистонга нисбатан фойдалироқ эканлиги билан изоҳланади.

Қозоғистондаги “Атамекен” Миллий тадбиркорлар ассоциацияси раиси ўринбосари Нуржан Альтаевнинг агентликка айтишича¸ 19 январь куни Ўзбекистондаги сабзавот ва мева экспорти билан шуғулланувчи йирик компания вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтган.

Улар сармоя ётқизиш учун Қозоғистондаги шароитнинг идеал эканлигини таъкидлаб¸ Жанубий Қозоғистон, Жамбул, Олмаота ва Қизил Ўрда вилоятларида боғ барпо этиб, мевани чет мамлакатларга сотиш режасини муҳокама қилганлар.

Қозоғистон томони бундай таклиф билан келган ўзбек ширкати номини очиқлашни истамади.

Freedom House Акром Йўлдошев қамоқда ўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан баёнот тарқатди

"Акромийлар" гуруҳи етакчиси Акром Йўлдошев.

2005 йилдаги Андижон фожиаси ортида турганликда айбланган "Акромийлар" оқими асосчиси Акром Йўлдошев беш йил олдин қамоқда ўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан Freedom House халқаро ташкилоти баёнот тарқатди.

Ташкилотнинг халқаро дастурлар бўйича вице-президенти Роберт Герман: “Ўзбекистон ҳукумати олти йил давомида Акром Йўлдошевнинг ўлими ҳақида хабар бермай, шармандали иш қилди. Акром Йўлдошевнинг тақдири ҳақида ғарб давлатлари ҳукуматлари ва унинг оиласи қилган мурожаатлар жавобсиз қолдириб келинди”, деб билдирди.

Герман Қўшма Штатларни Ўзбекистондан бу борада тўла ҳисобт олишга ундади.

Акром Йўлдошев беш йил олдин қамоқда ўлгани ҳақида "Озодлик" радиоси шу йилнинг 11 январида ўз манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Йўлдошев 1999 йилда тузумга қарши жиноятларда айбдор деб топилиб, 17 йилга қамалган эди.

"Пахтакор"нинг икки ўйинчиси хориж клублари билан шартнома тузди

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари.

“Пахтакор” футбол клубининг икки футболчиси 2016 йилдаги мавсумни хориж клубларида ўтказади.

“Пахтакор” жамоаси дарвозабони Александр Лобанов Эроннинг "Персеполис" клуби билан олти ойлик шартномани имзолади. Бу шартнома олти ойдан кейин яна бир йилга узайтирилиши мумкин. Лобанов бундан олдин Қозоғистоннинг “Қайсар” ва “Акжайик” клублари таркибида ҳам ўйнаган эди.

Жамоа ҳимоячиси Егор Кримец эса ўз карьерасини Хитойнинг “Бейжинг Гоан” клубида давом эттиради. “Пахтакор” футбол клуби раҳбариятининг билдиришича, Кримец Хитой клубига икки йиллик муддатга ижарага берилган.

Ўзбекистон Тожикистон учун темир йўл транзити тарифини пасайтирди

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг темир йўл ширкатлари темир йўл орқали юк ташишда чегирмалар тизимини яратиш борасида келишувга эришган.

Тожикистон Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати нефть маҳсулотлари, алюминий ва алюминий қириндисини Қудуқли-Келес ва Қудуқли-Қорақалпоқ темир йўллари бўйлаб ташишда белгиланган тарнзит нархларини 15 фоизга туширган.

Ўз навбатида, “Тожик темир йўли” ширкати ҳам Ўзбекистон юкларини Тожикистоннинг темир йўл зонаси орқали транзит қилишда чегирмалар тақдим этган.

Мазкур келишув икки қўшни давлат орасидаги юк айланмасининг ошишига хизмат қилади, демоқда тожик расмийлари.

Украина шарқидаги жангларда қатнашган ўзбекистонликлар ўн йилгача муддатга қамалиши мумкин

Ўзбекистон ҳукумати Украина шарқидаги жангларда қатнашган фуқаролари жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сешанба куни бу ҳақда пресс-релиз чиқарди.

Унда мамлакат ғарбидаги жангларда қатнашаётган ўзбекистонликлар 10 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига тортилишлари ҳақида огоҳлантирилади.

Украинада ҳукумат тарафида ёки айирмачилар томонида туриб жанг қилаётганлар орасида ўзбекистонликларнинг ҳам борлиги айтилади. Лекин, уларнинг аниқ сони маълум эмас.

“Моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, - демоқда ўзбек расмийлари.

ЖБ: Ўзбекистонни иқтисодий ривожланишига кўмаклашишга тайёрмиз

Жаҳон банки логотипи.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер банк бундан буён ҳам Ўзбекистон иқтисодиётини рвиожлантириш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.

Маҳаллий матбуотнинг 19 январь куни билдиришича, бу борда Сирил Мюллер Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга жўнатган расмий мактубда гап боради.

“Жаҳон банки гуруҳи бизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни юқори баҳолайди ва бундан буён ҳам мамлакат билан ҳамкорлик концепциясидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон иқтисодий ривожланишига кўмаклашишда давом этади”, дейилади мактубда.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки томонидан имзоланган 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси доирасида Жаҳон банки январь ойида Ўзбекистонга 3,5 -4 миллиард долларлик кредит бериши кутилмоқда.

2012-2015 йиллардаги ҳамкорлик стратегияси доирасида Жаҳон банки Ўзбекистонга 1 миллиард 973 миллион доллар қарз берган эди.

Тўрақўрғон ГЭСи қурилишини Япония назорат қилади

Тўрақўрғон ГЭСи йилига 7 миллиард кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши режаланмоқда.

Япониянинг TEPSCO ширкати Наманган вилоятида барпо этиладиган Тўрақўрғон ГЭСи қурилиши юзасидан консалтинг хизмати кўрсатади.

Ўзбекистон нашрларининг сешанба куни билдиришича, бу борадаги шартнома Япония ширкати ва “Ўзбекэнерго” ўртасида имзоланган. Маълумотда айтилишича, Япония ширкати Тўрақўрғон ГЭСини лойиҳалаш ишларини технологик, молиявий ва ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан назорат қилиб боради.

“Ўзбекэнерго” 2013 йил августида Тўрақўрғон ГЭСини қуришга тайёргарлик ишларини бошлаган эди. Мазкур ГЭС 900 МВт қувватга эга бўлади ва йилига 7 миллиард кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Тўрақўрғон ГЭСининг биринчи энергоблоки 2018 йилда, иккинчи энергоблоки эса 2019 йилда ишга туширилиши режалаштирилган.

ГЭСни қуриш учун зарур бўлган маблағнинг 1 миллиард 100 миллион доллари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, 704 миллиони Ўзбекистон қайта қуриш ва ривожлантириш жамғармаси, 300 миллион доллари “Ўзбекэенерго” томонидан берилади.

Ўзбекистон олимпия жамоаси Рио де Жанейрога бориш имконидан маҳрум бўлди

Ўзбекистоннинг 23 ёшгача бўлган олимпия терма жамоаси 2016 йилда Бразилияда бўладиган ёзги олимпиада ўйинларига бориш имконидан мосуво бўлди.

Бу жамоа Қатарда бўлиб ўтаётган Осиё чемпионати давомида гуруҳ босиқичидаги кетма-кет иккита ўйинда мағлубиятга учради.

Uff.uz сайти жамоа ҳимоячиси Максимилян Фомин мағлубиятдан сўнг Facebook саҳифасида мухлисларига беписанд комментлар қолдирганини танқид қилди. Орадан бир кун ўтиб, ижтимоий тармоқлардаги танқидлардан сўнг Фомин ёзувларини ўчириб ташлаган.

АҚШда Ўзбекистонни "ўта хавфли давлатлар" сирасига киритиш таклиф қилинди

АҚШ конргессига Ўзбекистонни "ўта хавфли давлатлар" рўйхатига киритиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси таклиф қилинди.

"Известия" газетасининг хабар қилишича, рўйхатдаги давлатлар фуқароларнинг виза учун топширган аризаси энг камида 30 кун кўриб чиқилади. Шунингдек, бу давлатдан борган қочқинлар устидан ҳам алоҳида тартибда назорат ўрнатилади.

Бу рўйхатда Ўзбекистондан ташқари Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва яна 30га яқин Араб ҳамда Африка давлатлари бор.

Ҳозирча "Хавфсизлик акти" деб номланаётган бу ҳужжат Кентукки штати сенатори, республикачилардан президентликка номзод Рэнд Пол томонидан ишлаб чиқилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG