Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 04:46

Ўзбекистон

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 78 ёшга тўлди

Ўзбекистонни чорак асрдан буён идора этиб келаётган президент Ислом Каримов бугун 78 ёшга тўлди.

Ислом Каримов бундан 27 йил аввал Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Бош котиблигига тайинланган эди.

Каримов Ўзбекистон конституциясида бир кишининг кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўлиши мумкин эмаслиги аниқ ёзиб қўйилган бўлса ҳам, бу Ислом Каримовнинг чорак аср президент бўлишига монелик қилмади.

Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаолларига кўра, президент Каримов 1991 йил президент бўлганидан буён Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари давомли поймол этиб келинмоқда, ҳукумат коррупцияга ботган ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар, мусулмонлар, ишбилармонлар ва фермерлар таъқиб этилмоқда.

Тошкент вилоятининг учта тумани милиция бошлиқлари ўзгарди

Ўзбекистон ички ишлар вазири Тошкент вилоятининг уч туманидаги ички ишлар бўлимларига янги раҳбарлар тайинлади.

“Постда” нашри хабарига кўра, Оҳангарон тумани ИИБга Музаффар Аҳмаджонов, Бўка тумани ИИБга Сайдислом Юсупов, Пскент тумани ИИБга Олим Эргашев бошлиқ этиб тайинландилар.

Бу ўзгариш Ўзбекистон президентининг ички ишлар ходимлари фаолиятини кескин танқид қилишидан кўп ўтмай рўй берди. Ўтган ой Ўбекистон Конституциясининг 23 йиллиги муносабати билан Тошкентда ўтказилган йиғинда чиқиш қилган президент Ислом Каримов мамлакатда ички ишлар органлари ходимлари ишини тартибга солувчи махсус қонун йўқлигини эътироф этганди.

Ислом Каримов 2015 йилнинг дастлабки тўққиз ойида аҳолидан тушган шикоятларнинг асосий қисми ҳуқуқ-тартибот идоралари устидан эканини айтган.

"Ўзбекистон темир йўллари" жорий йилда 803 миллион АҚШ долларини ўзлаштирмоқчи

Жорий йилда “Ангрен-Поп” темир йўли қурилишини якунлаш режаси ҳам бор

“Ўзбекистон темир йўллари” жорий йилда 801 миллион АҚШ долларига тенг 28та лойиҳани амалга ошириш режаларини эълон қилди. Давлат ширкати матбуот хизматининг билдиришича, бунда 799,22 миллион доллар маблағнинг жалб этилиши режалаштирилган.

Хабарномага кўра, куни-кеча “Ўзбекистон темир йўллари” ҳиссадорлик жамияти фаолиятининг 2015 йилги якунлари ва 2016 йил учун режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилган.

Жорий йилда амалга тадбиқ этилиши режаланган лойиҳаларга “Ангрен-Поп” темир йўли қурилишини якунлаш, “Қўқон-Андижон” участкасини электр билан таъминлаш, “Самарқанд-Бухоро” участкасида юқори тезликдаги поезда қатновини йўлга қўйиш каби режалар тилга олинган. Бундан ташқари, “Навоий-Конимеҳ-Мискен” йўналиши бўйича янги темир йўлни қуриш, “Қраши-Термиз” темир йўлини электрлаштиришни якунлаш ва янги йўловчи поездларни сотиб олиш режалаштирилаётгани билдирлди.

“Ўзбекистон темир йўллари” расмийларига кўра, 2015 йилда ўзлаштирилиши режаланган 734,9 миллион маблағ ўрнига жами 755,16 миллион доллар жалб қилинган.

2014 йлда Япония Халқаро тараққиёт агентлиги “Қарши-Термиз” темир йўлини электрлаштириш лойиҳасини амалга оширишда коррупция ҳолатлари аниқлангани боис 176 миллион долларга тенг молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйган эди.

Айтилишича, сўнгги 10-15 йил давомида Ўзбекистонда 1200 километрлик янги темир йўллар қурилган, 3800 километрлик темир йўл модернизация қилинган. Ўзбекистонда темир йўлларнинг умумий узунлиги 6500 километрни ташкил этади.

Ўзбекистон ва Украина ўртасида ўзаро савдо қисқарди

Ўзбекистон билан Украина ўртасидаги савдо айланмаси 2015 йилда 38 фоиздан кўпроққа қисқарди.

Ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга Украинадан 154,4 миллион долларлик товар импорт қилинган. Бу эса, Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигига кўра, 2014 йилнинг шу даврига солиштирганда 44,4 фоизга қамроқдир.

Айни даврда Украина Ўзбекистондан импорт қилган товарлар ҳажми 12,7 фоизга қисқариб, 57,3 миллион долларни ташкил этган.

Икки давлат ўртасидаги умумий товар айланмаси 2015 йилнинг 11 ойи давомида 38,3 фоизга қисқарган ва 211,7 миллион долларни ташкил этган.

28 январь куни Германиянинг Ўзбекстондаги элчиси ҳам икки давлат ўртасида ўзаро савдо ҳажми қисқарганини билдирган эди.

Элчи Найтхарт Хёфер-Виссингга кўра, 2015 йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида Германиядан олиб келинган товарлар қиммати 380 миллион еврога тенг бўлган, 2014 йилги савдо айланмаси эса, 465 миллион еврони ташкил этган.

Саратовда ўз эгизаги паспорти билан Россияга кирган йигит судланди

Саратов областининг Озинск район судида 25 яшар Ўзбекистон фуқароси Ҳасанбой Эргашев устидан маҳкама бўлиб ўтди.

Россия прокуратураси томонидан давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтганликда айбланган Эргашев¸ судда айтилишича¸ ўз эгизаги Ҳусанбойнинг паспорти билан олти марта Россия ҳудудига кириб-чиққан.

2015 йилнинг 13 сентябрь куни Эргашев автомобилда Санкт-Петербургдан Фарғонага кетиш учун чегарани кесиб ўтаëтганида чегарачилар томонидан ушланган.

Маҳкама ҳукми билан Эргашев 10 минг рубль жаримага тортилди.

Тошкентда Boeing хизмат маркази очилди

28 январь куни Тошкентда учқичларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи техник марказ иш бошлади.

МДҲ ҳудудида биринчи экани айтилаëтган мазкур марказ Ўзбекистон ҳаво йўллари ва АҚШнинг Boeing самолëтсозлик корпорацияси ўртасидаги ҳамкорлик натижасида очилган.

Ўзбекистон ҳаво йўлларига қарашли техник хизмат ҳудудига жойлашган ушбу марказ учун АҚШ ширкати ярим миллион доллар маблағ ажратган. Марказда маҳаллий ва хорижий учқичларга техник хизмат кўрсатилади.

Айни пайтда¸ жорий йил кузига қадар Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатининг Boeing ширкатидан Dreamliner русумидаги икки учқич сотиб олаëтгани эълон қилинди.

Абдулазиз Комилов Пекинда ШҲТ бош котиби билан учрашди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Хитойга қилаëтган уч кунлик сафари доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби¸ тожик дипломати Рашид Алимов билан учрашди¸ деб хабар қилди ўзбек дипломатлари идораси.

Расмий хабарга кўра¸ учрашувда 2016 йил июнь ойида Тошкентда ўтказилиши кутилаëтган ШҲТ саммитига тайëргарликнинг бориши муҳокама қилинган.

Хитой¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг Тошкент учрашувига ҳозирлик доирасида¸ Озодликка маълум бўлишича¸ Ўзбекистон пойтахтида катта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланган.

Тошкент марказидаги чинорларни кесиш жараëни ҳам¸ норасмий манбаларга кўра¸ айнан ана шу саммитга ҳозирлик билан изоҳланмоқда.

Ташкилотнинг сўнгги саммитида унга раислик қилиш Ўзбекистонга топширилган эди.

Ўзбекистон-Германия савдо айланмаси қисқарган

Тошкентда журналистлар билан учрашган Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ўтган йил қисқарганини эътироф этди.

Элчига кўра¸ 2015 йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида Германиядан олиб келинган товарлар қиммати 380 миллион еврога тенг бўлган¸ 2014 йилги савдо айланмаси эса¸ 465 миллион еврони ташкил этган. Айни пайтда¸ 2015 йилда Ўзбекистондан Германияга 16.1 миллион евролик товар импорт қилинган.

2015 йилда 50 дан ошиқ немис ширкатлари ташаббуси билан Германия-Ўзбекистон бизнес кенгаши ташкил этилди ва элчи ана шу кенгашнинг ўзаро савдо алоқаларини кенгайтиришига умид билдирди.

Элчи таъкидича¸ 2016 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашига раислик қилувчи Берлин ҳукумати¸ бу мақомда ҳам икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтиришга ҳаракат қилади.

2002 йилда Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида Германия ҳаво кучлари ҳарбий-транспорт базаси очган ва 2015 йил 11 декабрь куни бу базанинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтган эди.

Ўтган йил Россияга мева-сабзавот сотиш 10 фоизга ошган

Россия Қишлоқ хўжалик вазирлиги ва Москвадаги ўзбек элчихонаси расмийлари ўтказилган учрашувда¸ Ўзбекистондан мева-сабзавот сотиб олишни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Томонларнинг матбуотга билдиришича¸ ўзбек мева-сабзавоти экспорти 2014 йилга нисбатан ўтган йили 10.6 фоизга ошган ва бу ҳажмни янада ошириш потенциали бор.

Ўзбекистондан 2015 йилда Россияга экспорт қилинган маҳсулотларининг 31 фоизини сабзавот¸ 24.8 фоизини мева ва ëнғоқлар¸ 13.4 фоизини спиртли ичимликлар¸ 12.9 фоизини тамаки маҳсулотлари¸ 10.6 фоизини эса мева шарбатлари ташкил этган.

20 январь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мева ва сабзавотни автоулов воситасида экспорт қилиш учун белгиланган муҳлатни 2016 йилнинг 1 июлига қадар узайтиришга қарор қилди.

БМТ 2016 йилда Ўзбекистон иқтисодининг 7 фоизга ўсишини башорат қилди

“2016 йилги жаҳон иқтисоди вазияти ва истиқболлари” деб номланган янги ҳисоботида БМТ Ўзбекистондаги ялпи миллий маҳсулот ҳажмининг жорий йилда 7 фоизга ўсишини башорат қилди.

БМТ экспертларига кўра¸ бу ўсиш 2015 йилда 8 фоиз бўлган¸ 2017 йилда эса унинг 6.9 фоиз бўлиши тахмин этилмоқда.

Ҳисоботга кўра¸ 2015 йилда Ўзбекистондаги инфляция даражаси 11 фоизни ташкил қилган. Бу кўрсаткичнинг 2016 йилда 9.9 фоиз¸ 2017 йилда эса¸ 8 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати эълон қилган рақамларга кўра¸ ўтган йил ўзбек иқтисоди 2014 йилга нисбатан 8 фоизга ошган ва жорий йилда бу ўсиш 7.8 фозини ташкил этади.

Ўзбекистон Пхенян ядровий синовлари юзасидан ташвиш билдирди

КХДР лидери Ким Чен Ун мамлакатнинг юқори лавозимли ҳарбий мулозимлари билан.

Ўзбекистон Корея халқ демократик республикасида навбатдаги ядровий синовлар ўтказилгани юзасидан ташвиш изҳор қилди. Жаҳон ахборот агентлигининг хабар қилишича, бу синовлар “БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларининг қўпол равишда бузилиши билан бирга Корея яриморолида тинчлик ва ўзаро ишончни ўрнатиш юзасидан жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларига қарши бориш ҳисобланади”.

“Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни барпо этишнинг ташаббускори сифатида Ўзбекистон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома қоидаларига қатъий риоя этилишининг тарафдори бўлгани ҳолда Пхенянни кескинлик кучайишига олиб борадиган ҳамда минтақадаги ва, умуман, дунёдаги хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳлика ҳисобланадиган бузғунчилик ҳаракатларини тўхтатишга чақиради”, дейилади агентлик хабарида.

Шу йилнинг 6 январь куни Пхенян водород бомбасини муваффақият билан синовдан ўтказилганини эълон қилганди. КХДР расмийлари баёнотида синов экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмагани иддао қилинган.

Корея халқ демократик республикаси 2006, 2009 ва 2013 йилларда учта ядровий синовни амалга оширган. Бунга жавобан БМТ Хавфсизлик кенгаши Пхенянга нисбатан турли санкциялар жорий қилган.

Ўзбекистонлик эркак бир шиша ароқ устида хотинини ўлдирди

Россиянинг Нижегород вилоятида ўзбекистонлик эркак ўз хотинини ароғини олиб қўйгани учун уриб ўлдирди.

Нижегород вилояти тергов қўмитасининг билдиришича, 57 ёшли ўзбекистонлик 47 ёшли рафиқасини бир нечта зарба билан ўлдириб қўйган.

Аёл шу жойни ўзида жон берган. Эркак ўз кўрсатмасида хотини бир шиша ароғини олиб қўйгани учун жаҳл устида бу жиноятга қўл урганини айтиб берган.

Украина Ўзбекистон билан эркин савдо битимини ратификация қилди

Украина парламенти Ўзбекистон билан 2011 йилда имзоланган эркин савдо битимини ратификация қилди.

Айни битимда Украина ва Ўзбекистон ўртасида савдо режимини соддалаштириш, божхона тўловларининг бекор қилиниши назарда тутилади.

Жумладан, келишувга кўра, томонлар 2020 йил 31 декабрига қадар ўзаро бож тўловларини қўлламайди.

Ўзбекистон дунёдаги энг коррупциялашган 15 давлатнинг бири

Transparency International ташкилоти ҳисоботига кўра, Ўзбекистон бу йил ҳам коррупция билан боғлиқ аҳволни ўнглай олмаган.

Ўзбекистон ҳисоботда 168 мамлакат орасида коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлардан бири сифатида 153-ўринни эгаллади.

Рўйхатда Ўзбекистон Зимбабве, Эритрея, Сурия, Туркманистон каби мамлакатлар қаторида келади.

Дунёдаги коррупция энг кам мамлакатлар сифатида рўйҳатда биринчи поғонада Дания, Янги Зеландия ва Финляндия келади.

Шимолий Корея эса дунёнинг энг коррупциялашган мамлакати сифатида рўйхат тубидан жой олди.

Тошкент аэропортининг янги терминали Жанубий Корея ёрдамида барпо этилади

Тошкент аэропортида божхона текшируви.

Тошкент аэропортининг янги халқаро терминали Жанубий Кореянинг моддий-техник кўмаги билан барпо этилади.

Бу ҳақда 26 январь куни хабар тарқатган ўзбек маҳаллий матбуотининг билдиришича, айни пайтда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги Тошкент аэропорти янги терминалининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни Кореядаги Инчен аэропорти консорциумига топширган. Консорциум техник-иқтисодий асосни олти ойдан кейин, яъни июнь ойида Ўзбекистонга тақдим этади.

Инчен аэропорти бошқарувчиси Ким Донг Чел 25 январь куни Тошкентда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда, Тошкент аэропортини Марказий Осиёнинг асосий аэропортига айлантириш лоийҳасини тақдим этгани ҳабар қилинмоқда.

Ўзбекистон спортчилари Бельгияда ўтган мусобақада 6 медалга сазовор бўлди

Бельгиянинг Антверпен шаҳрида 21 январдан 25 январгача ўтказилган сувда сузиш бўйича халқаро мусобақада Ўзбекистон спортчилари олтита медални қўлга киритди.

Хабарларда айтилишича, ўзбек спортчилари қўлга киритган медалларнинг учтаси олтин, биттаси кумуш ва 2 таси бронзадир. Олтин медалларни Владислав Мустафин ва Раънохон Омонова қўлга киритиган. Кумуш медал ҳам 400 метрга сузиш мусобақасида Раънохон Омоновага насиб қилди.

2 та бронза медалга эса Александр Дерлюгов сазовор бўлган.

Ўтган йилнинг ноябрида Қатар пойтахти Доҳада ўтган жаҳон Гран-при мусобақасида Раънохон Омонова жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, Бразилияда ўтадиган Олимпида ўйинларига йўлланма олган эди.

Ўзбекистонда самолётларга лазер нурини йўналтирганлик учун жазо белгиланади

Ўзбекистон Қонунчилик палатаси депутатлари лазер нурини самолётга йўналтирган жисмоний шахсларга жазо белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ишламоқдалар.

Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, 2014-2015 йилларда Ўзбекистонда самолётга лазер нурини йўналтиришгани оид 16 та ҳолат қайд этилган.

Булардан 9та ҳолат Тошкентда, 3 та ҳолат Самарқандда, 2 та ҳолат Бухоро ва яна иккитаси Фарғонада қайдга олинган.

Экспертлар лазер нури учувчи кабинасига тушса, самолёт кўтарилаётган ва қўнаётган кезларда учувчини адаштириши, кўзини қамаштириши мумкин, деб таъкидламоқда.

2013 йилда ҳам Ўзбекистонда лазер нурини таратувчи портатив қурилмаларни чеклаш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Брюсселда Европарламент вакиллари билан учрашди

Брюселлда Марказий Осиё жамияти ушбу минтақа экспертлари ва ҳуқуқ фаоллари иштирокида Марказий Осиёнинг келажаги, бу минтақадаги 5 республика ўртасидаги интеграция муаммоларига бағишланган давра суҳбатини уюштирди.

Асосий эътибор ушбу минтақада инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволи муҳокамасига бағишланган.

25 январда бошланиб, 29 январгача давом этадиган тадбир иштирокчиларининг Европа парламенти депутатлари, парламентнинг Марказий Осиё билан алоқаларга масъул делегацияси вакиллари билан қатор учрашувлари режалаштирилган.

Ҳозиргача Ўзбекистон ва Марказий осиёлик фаоллар Европа Парламентининг Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти масалалари бўйича расмийлари Сессилия Викстром ва Ясенко Селмовичлар билан учрашди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини автотранспортда экспорт қилиш муддати 6 ойга узайтирилди

Ўзбекистон ҳукумати автотранспортда хорижга мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум экспорт қилиш муддатини 2016 йил 1 июлигача узайтирди. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори шу йил 20 январида чиққан.

Экспортга рухсат Мева-сабзавот маҳсулотларидан ички бозорда рационал фойдаланиш ҳамда экспортни ташкиллаштириш масалаларини ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан тасдиқланмиш рўйхатга кирган ҳуқуқий шахсларгагина берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2015 йил 1 сентябридан бошлаб мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни автотранспорт воситаларида хорижга олиб чиқиб кетиш тақиқланганди. Қарор изоҳида бундан мақсад Ўзбекистон мева-сабзавоти ва полиз экинларини солиқ ва бож тўловларини четлаб ўтиб, хорижга олиб чиқаëтган “ноҳалол экспортчилар”ни тўхтатиш ва уларни фош қилиб, жазога тортиш ва экспортни шаффофлаштириш экани таъкидланганди.

Бироқ ўтган йилнинг октябрь ойи бошида Ўзбекистон ҳукумати 2016 йил 1 январигача мева-сабзавотни автотранспорт билан экспорт қилишга рухсат берган ва ўтган ҳафта бу муддат яна 6 ойга узайтирилган.

Fergananews.com сайти тахминича, ҳукуматнинг бу қарорига “Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 13 январь куни Ўзбекистон давлат корпорациялари вакиллари билан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш бўйича бўлиб ўтган учрашув таъсир қилган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда врачлар ҳар беш йилда бир имтиҳон қилинадиган бўлди

Ўзбекистонда варч ва ҳамширалар пахта терими ва ҳашарга тез-тез жалб этиб турилади

Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида ишлайдиган барча врачлар беш йилда бир аттестациядан ўтказиладиган бўлди. Норма.уз нашрининг хабар қилишича, Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган қарорга биноан врачлар ўзлари эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини аниқлаш аттестацияси ва олий тиббиёт ўқув юртларига қабул квотларини аниқлаш тартиби белгилаб берилган.

Мазкур ҳужатга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига доир врачлар аттестацияси ҳар беш йилда бир марта, аввалги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома муддати тугаганидан уч ой вақт ичида, ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Бакалавриат, магистратура, клиник ординатура ва бирламчи мутахассислик курсларини тугатиб, илк бор ишга қабул қилинган врачлар мутахассислиги бўйича уч йил ишлагач аттестациядан ўтказилиши талаб этилади.

Бунда айрим тоифадаги врачлар, жумладан беш йилдан камроқ стажга эга, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёллар аттестациядан ўтказилмайди.

Икки босқич – компьютер ва оғзаки имтиҳон шаклида ўтказиладиган аттестацияда 70 ва ундан юқори балл олган врач аттестациядан ўтган ҳисоблананди. 50-70 балл врач шартли ўтган ҳисобланади. 50 баллдан камроқ натижа кўрсатган врач йиқилади.

Ўзбекистонда тиббиёт муассасалари ходимларининг бевосита хизмат вазифаларидан ташқари пахта терими, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш каби ишларга жалб этиш ҳолатлари сурункали тус олган.

Россияда беш ойлик қамоққа ҳукм этилган ўзбекистонлик аёл суд залида туғиб қўйди

Россиянинг Оренбург вилоятида ўзбекистонлик аёл суд залида кўзи ёрди. Россия матбуотининг ёзишича, Оренбург вилояти Адамов тумани судида чегарадан ноқонуний ўтганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси устидан ҳукм ўқиб бўлингач, тўлғоқ тута бошлаган.

Хабар қилинишича, аёлни дарҳол касалхонага олиб кетишган. Чегарани бузганликда айбдор деб топилган Ўзбекистон фуқароси ва чақалоқнинг аҳволи қониқарли, дейилади хабарларда.

Суд ҳукмига кўра, аёл умумий режимдаги колонияда беш ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик миллионлаб муҳожирларни миграция қонунларини бузганлик ва бошқа маъмурий қонунбузарликларда айблаб, жазога тортиш ҳолатлари кейинги пайтларда кўпаймоқда.

Расмий маълумотларга кўра, бу каби тазйиқ ва Россиядаги иқтисодий бўҳрон оқибатида ўзбекистонлик муҳожирлар сони кейинги бир йил ичида 1 миллионга камайган. Шунингдек, тирикчилик учун Россияга келаётган ўзбекистонликлар оқими ҳам 70 фоизга камайган.

Ўзбекистон жорий йилда Европага ўтган йилга қараганда озроқ мева-сабзавот сотади

Берлинда ўтган “Яшил ҳафталик 2016” қишлоқ хўжалик ярмаркаси доирасида Ўзбекистон Европа давлатларига 91 миллион 200 минг долларлик мева-сабзавот етказиб бериш тўғрисидаги шартномаларни имзолади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ўтган ҳафта якунида билдиришича, мазкур ярамаркада дунёнинг 68 мамлакатидан келган вакиллар ишитрок этган. Ўзбекистон делегациясига ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев раҳбарлик қилган.

Айтиб ўтиш лозимки, жорий йилда имзоланган шартномалар ўтган йилгига қараганда деярли 39 миллион долларга оздир. 2015 йилда Берлин ярмаркасида Европа давлатлари Ўзбекистондан 130 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб олиш тўғрисидаги шартномаларни имзолаган эди.

Россиянинг Калуга вилоятида ёнғиндан уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Калуга вилоятининг Ильинка қишлоғидаги уйлардан бирида рўй берган ёнғин оқибатида уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди.

Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси расмийларига таяниб “Интерфакс” агентлиги хабар қилди.

Уйда яшаган уч аёл ва эркак қўлбола иситиш ускуналаридан фойдалангани ва тундаги ёнғинга шу ускуна сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Уйда яшаган бир ўзбекистонлик ёнғиндан омон қолди, қолгани ҳалок бўлди.

Москвада эмизикли боласини сотган ўзбекистонлик она 5 йилга қамалди

Москва вилоятининг Долгопрудненский шаҳарида ўз фарзандини сотган ўзбекистонлик Гулнора Ҳошимова одам савдосида айбдор деб топлиб, 5 йилга қамалди.

Тергов давомида Ҳошимова ўтган йилнинг октбярь ойида 2 ойлик ўғлини 70 минг рублга сотгани аниқланган.

Маҳкама ўзбекистонлик онани ахлоқ тузатиш колониясига жўнатиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Чақалоқ Москва вилоятидаги касалхонага юборилган.

Россияда ўз фарзандини сотган ёки сотмоқчи бўлган бир қанача ўзбекистонлик аёл аввал ҳам жазога маҳкум этилган эди.

Ўзбекистонда уй-жой 15 фоизга арзонлади

Сўнгги бир йил ичида пойтахт Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарларида уй-жой нархи 15 фоизга арзонлаган.

Панел уйлар нархи 15, ғиштдан қурилган уйлар нархи 10-12 фоизга тушган.

“SION GROUP” таҳлил марказига кўра, ўтган ой ичида Ўзбекистонда кўчмас мулк нархлари 3 фоизга пастлаган.

Бу хол Ўзбекистонда АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси “қора бозор”да кўтарилган бир пайтда кузатиляпти.

Ҳозир “қора бозор”да бир АҚШ долларининг қиймати 6 минг сўмдан ошиб кетган. АҚШ доллари яна ошадиган бўлса уй-жой нархи яна тушади, демоқда таҳлилчилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG