Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2019, Тошкент вақти: 05:46

Ўзбекистон

Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисоди ўсиши суръатлари 2016 йилда яхшироқ бўлишини башорат қилмоқда

Ўзбекистон иқтисоди 2016 йилда 7,5 фоизга ошишини башорат қилмоқда Жаҳон банки. Бу ўтган йилги ўсиш суръатларидан бироз яхшироқ экани қайд этилади Жаҳон банки 6 январь куни очиқлаган “Глобал иқтисодий истиқболлар” номли ҳисоботда.

Ўтган йилни Ўзбекистон иқтисоди 7 фоизлик ўсиш билан якунлади. 2016 йилда эса Жаҳон банки экспертлари фикрича, бу мамлакат иқтисоди яхшироқ натижаларни кўрсата олиши мумкин.

Президент Ислом Каримов ўзининг Янги йил байрами табригида 2016 йилда Ўзбекистон иқтисоди 7,8 фоизга ўсишини башорат қилган эди.

Ўзбекистон иқтисодига доир ҳукумат берадиган рақамлар мустақил иқтисодчилар тарафидан шубҳа остига олинади. Мамлакат иқтисодида жиддий муаммолар борлиги 2015 йилда янада яққол кўрина бошлади. Хусусан, далват ишчи ва хизматчилари маошлари ҳамда пенсиялар бир неча ойлаб кечикиши каби ҳолатлар сурункали тус олди.

Апрель ойида эса Ўзбекистон Марказий банки ҳукуматга йўллаган билдиришномада мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келгани ва бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ўзбек ҳукумати Ялта Россия шаҳри ўлароқ кўрсатилган ҳужжатни имзолади

Ялта.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни 2016 йилда ўзбек ширкатларига иштирок таклиф этилмиш халқаро кўргазма-ярмаркалар рўйхатини тасдиқлаган.

“Ҳужжатга кўргазма ўтказилиши режалаштирилмиш мамлакатлар ва шаҳарлар рўйхати илова қилинган бўлиб, рўйхат бош вазир томонидан тасдиқлангани урғуланади. Бу рўйхатдаги 32-бандда июль ойида “Ялта. Золотой грифон-2016”” деб номланган 35-Халқаро вино маҳсулотлари танлови келтирилган. Кўргазма ўтказиладиган жой эса “Ялта шаҳри. Россия” дея кўрсатилган”, дейилади “Украинская правда” нашри хабарида.

Ялта Россия томонидан аннексия қилинмиш Қрим яриморолида жойлашган курорт шаҳарларидан биридир.

2014 йилнинг 28 март куни БМТ Бош ассамблеяси Қримдаги сепаратистик референдумни ноқонуний деб топган пайтда Ўзбекистон овоз беришдан тийилганди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳодиса юзасидан ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Украина парламенти Қримнинг Россия томонидан вақтинча босиб олиниш тарихининг бошланиши 2014 йилнинг 20 феврали эканини эълон қилган. Украина президенти Петро Порошенко 2015 йил 7 октябрида бу борада тегишли қонунни имзолаган.

Қрим аннексиясидан сўнг Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан қатор санкцияларни жорий қилган. Россия яриморолни босиб олганини инкор қилади ва буни “тарихий адолатнинг тикланиши” ўлароқ баҳолайди.

Ўзбекистонлик шахматчи Англиядаги мусобақада биринчи ўринни эгаллади

Самарқандлик гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов Англияда бўлиб ўтган Tradewise Hastings Masters шахмат мусобақасида ғолибликни қўлга киритди.

Анъанавий бўлган бу халқаро мусобақа 28 декабрда бошланиб, 5 январь куни ниҳоясига етди.

Самарқанд Давлат университети талабаси бўлган Жаҳонгир Воҳидов мусобақада польшалик машҳур шахматчи Александр Миста билан бир хил, яъни 7 очкодан тўплаган, бироқ у билан шахсий учрашувда ғалаба қозониб, биринчиликни қўлга киритган.

Жаҳонгир Воҳидов Hastings Blitz 2015/16 деб номлаган шахмат бўйича блиц-турнирда ҳам 1-ўринни олган.

Бухорода бир йилда элликка яқин мулозим ишдан бўшатилди

Бухорода 2015 йил давомида 20та давлат ташкилотининг раҳбари ишдан бўшатилди ва 26 та коллеж директори ўзгартирилди.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Муҳиддин Эсонов халқ депутатлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълум қилди.

Бўшатилган мулозимлардан 11 нафари ўз лавозимини эплай олмагани учун ишдан ҳайдалган.

26та коллежнинг директори ҳам ўз вазифасини қониқарли бажармагани боис ишдан олинган.

Ҳоким Эсонов коллежлардаги ўқув жараёнига раҳбарларнинг совуққонлик билан ёндашаётганини айтиб, уларни танқид қилган. Ҳокимга кўра, айрим ҳолатларда қонунга зид ҳаракатлар ҳам кузатилган.

Янгийўлда диний адабиёт тарқатган уч киши ҳибсга олинди

Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи уч киши корейс протестантлар черковига қарашли диний адабиётларни ноқонуний сақлаш ва тарқатишда айбланиб ҳибсга олинди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб хабар тарқатган 12news.uz маълумотига кўра, уч янгийўлликнинг уйида ўтказилган тинтув пайти диний мазмундаги китоблар, брошюралар ва аудиоёзувлар топилган.

Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Жиззахда ИШИДда айбланган насронийнинг суди бошланди

ИШИДда айбланаëтган Арамаис Авакян

Бугун Жиззахда ИШИДга алоқадорликда айбланган армани насроний Арамаис Авакян ва унинг тўрт нафар шериги устидан суд бошланди.

33 яшар Авакян ИШИДга хайрихоҳликда гумон қилиниб, 4 сентябрдан бери ҳибсда ушлаб турилибди.

Авакян ва унинг шериклари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси яъни “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” ва 244-моддаси яъни “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”да айбланаяпти. Шунингдек, Авакянга "Ўғирлик" моддаси бўйича ҳам айблов қўйилган

Авакяннинг яқинлари унинг ҳибсга олинишига фермерлик фаолияти сабаб бўлганини айтишмоқда. Авакяннинг ҳокимга гап қайтаргани учун бошига шу кўргуликлар тушаётгани айтилаяпти.

Тожикистон президенти расмий ташриф билан Тошкентга келиши мумкин

Эмомали Раҳмон.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2016 йилда расмий ташриф билан Тошкентга келиши мумкин.

"ASIA-Plus" агентлигнининг сешанба куни билдиришича, мазкур масала ўтган йилнинг декабрь ойи охирларида Душанбеда ўтган ўзбек-тожик ташқи ишлар вазирликлари маслаҳат кенгаши доирасида муҳокама қилинган.

Хабарда айтилишича, Эмомали Раҳмоннинг Тошкентга ташрифи сентябрь ойининг биринчи ярмига режалаштирилиши мумкин. Сентябрь ойида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити ўтказилади.

Тожикистон президенти Ўзбекистонга сўнгги марта расмий ташриф билан 2001 йилда келган эди. Ўзбекистон президентининг Тожикистонга расмий ташрифи эса бундан 16 йил аввал, яъни 2000 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтганди.

Петербургда террор ҳақида ёлғон маълумот берган ўзбекистонлик қўлга олинди

Петербург шаҳри кўриниши.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Петербургда террорчилик ҳаракати ҳақида ёлғон маълумот берганликда айбланиб қўлга олинди.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг Петербург полициясига таяниб хабар беришича, 1 январь куни полицияга ўзини Тимиргот Наир деб таништирган одам телефон қилган ва “Француз бульвари” савдо марказига бомба ўрнатгани ҳақида маълумот берган.

Махсус кучлар томонидан савдо маркази текшрилганида, унга бомба ўрнатилгани ҳақидаги маълумот ёлғон экани аниқланган.

Тезкор текширув натижасида телефон қилган шахс Ўзбекистоннинг 46 ёшли фуқароси Наир Темирпўлатов экани аниқланган. У Петербургда рўйхатдан ўтмасдан ноқонуний яшаб келган. Темирпўлатов бомба ҳақида ёлғон маълумот берганини тан олган.

Мазкур воқеа юзасидан жиноят иши очилган.

Ленинградда ўзбекистонлик муҳожир жасади топилди

Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари

Ленинград вилоятининг Всеволожск шаҳрида 20 ёшли ўзбекистонликнинг дорга осилган жасади топилди.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг сешанба куни билдиришича, жасад 3 январь куни эрталаб топилган.

25 ёшли Ўзбекистон фуқароси полицияга янги қурилаётган уйнинг иккинчи ва учинчи қаватлари ўртасидаги симларга осилган 20 ёшли ватандошининг жасадини топгани ҳақида хабар берган.

Хабарда айтилишича, Ленинград вилоят полицияси Ўзбекистон фуқаросининг ҳалок бўлгани тафсилотларини ўрганишга киришган.

Ўзбекистон 51та Олимпиада лицензиясига эга бўлди

Олимпиада лиценциясини қўлга киритганлар орасида Ўзбекистон тарихида таэквандо бўйича биринчи жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин ҳам бор.

Ўзбекистон спортчилари шу кунгача Бразилия пойтахти Рио де Жанейрода 2016 йилда ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи 51та лиценцияга эга бўлди.

Сўнгги 51- лиценцзияни 2 январь куни Хитойдаги халқаро марафонда иштирок этиб, 10-ўринга сазовор бўлган енгил атлетикачи Андрей Петров қўлга киритди. У марафон масофасини 2 соат 17 дақиқа 48 сонияда босиб ўтган.

Хитойнинг Сямин шаҳрида ўтказилган марафонда жаҳоннинг турли давлатларидан келган 27 минг югурувчи иштирок этган.

Расмий хабарларда айтилишича, 51 лицензиядан 24таси параолимпиячиларга тегишлидир.

Тошкентда халқ депутатлари 30 та янги маҳалла тузишга қарор қилди

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори билан пойтахтда 30 та янги маҳалла тузилди.

Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, мавжуд маҳаллаларнинг чегаралари қайта белгиланган ва натижада, яна қўшимча 30 та маҳалла тузилган. Асосан, катта маҳаллалар бўлиниб, кичик маҳаллаларга айлантирилди.

Шу тариқа Тошкент шаҳридаги маҳаллалар сони 505 нафарга етди.

Янги маҳаллаларнинг аксарияти Сергели, Учтепа, Юнусобод ва Яккасарой туманларида.

Ҳозир маҳалла фуқаролик йиғинлари Ўзбекистонда ҳокимият ва ИИВнинг асосий бошқарув механизмларидан бирига айланган. Маҳалла қўмиталари фуқароларнинг ишга, ўқишга жойлашиши, хорижга чиқиши-кириши, оила қуриши-ажрашиши, доимий ёки вақтинча рўйхатга туриш-чиқиш масалаларида ҳал қилувчи бўғинлардан бирига айланган.

Ўшда Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтган ўзбекистонлик қўлга олинди

Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Қорасув районида Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтгани гумон қилинган 30 яшар ўзбекистонлик қўлга олинди.

Ўш вилояти ИИБдан олинган расмий маълумотга кўра, самарқандлик Н.У. исмли шахс бироз муқаддам Қирғизистон фуқароси Юнус Абдужалилов ўлими бўйича тергов иши доирасида қўлга олинган.

Хабарга кўра, бу шахс 2015 йилда уч ой Сурияда бўлган ва у ерда "Тавхид ва Жиҳод" гуруҳи раҳбари шайх Абу Салоҳ кўмагида махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

Ҳозирча бу шахснинг бир неча жиноятни режалагани гумон қилинаётгани айтилмоқда.

Газпром Ўзбекистондан кўпроқ газ сотиб олмоқчи

“Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер.

2016 йилда Россиянинг “Газпром” ширкати Ўзбекистондан табиий газ сотиб олишни кўпайтиради. Бу ҳақда Россия нашрлари “Газпром” раҳбари Алексей Миллер сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

“Биз ўзбекистонлик дўстларимиз билан эришилган музокаралар натижасини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистон газ соҳасида бизнинг ишончли ҳамкоримиз ва биз бундан буён ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантиришда давом этамиз. Шу жиҳатдан ҳам бу йил ўзбек газини сотиб олиш ҳажми ошиши мутлақо табиийдир”, дея иқтибос келтиради Алексей Миллер сўзларидан “Российская газета” нашри.

Аввалроқ “Туркмангаз” масъуллари “Газпром экспорт” ширкати 2016 йил 1 январидан Туркманистон газини сотиб олишни тўлалигича тўхтатиши ҳақида билдиргандилар.

“Бу қарор негизида халқаро газ бозорида ўзгарган конъюнктура ҳамда “Газпром экспорт”да вужудга келган муайян иқтисодий ва молиявий масалалар ётибди”, дея маълум қилинади “Туркмангаз” матбуот хизмати тарқатган хабарномада.

Россия шу кунгача Марказий Осиёдаги Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан газ хом ашёсини сотиб олиб келган.

Газ қазиб олиш бўйича МДҲ давлатлари орасида учинчи ўринда турадиган Ўзбекистонда ҳар йили 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ҳукумат мажлисида қатнаша олишига имкон бериши айтилаётган қарор қабул қилинди

Ҳукумат мажлисларида иштирок этган фуқароларнинг расм ва видеога олиши ҳамда мажлис пайтида овозни ёзиб олиши тақиқланади

Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг давлат идоралари мажлисларида қатнаша олишига имкон берувчи қарор қабул қилинди. “Норма” порталининг хабар қилишича, Ўзбекистон Ахборот технологияларини ривожлантириш ва коммуникациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 22 декабрь куни қабул қилган қўшма қарорга асосан ахборот файдаланувчиларининг давлат ва бошқарув идоралари очиқ мажлисларида иштирок этиши тартибига доир намунавий низом тасдиқланган.

Ҳужжатга кўра, ҳукумат мажлисларида иштирок этган фуқароларнинг расм ва видеога олиши ҳамда мажлис пайтида овозни ёзиб олиши тақиқланади.

Низомда шунингдек, давлат ва бошқарув идоралари жисмоний ва юридик шахслар учун коллегиал мажлисларнинг жадвали, кун тартиби, санаси ва ўтказилиш жойини эълон қилиб бориши белгиланган.

Мажлисда қатнашиш истагида бўлган фуқаро исми-шарифи, яшаш жойи ва бошқа тегишли маълумотлар кўрсатилган сўровнома билан мурожаат қилиши керак, дейилади хабарда. Мажлис пайтида уларга савол бериш ҳуқуқи ҳам тақдим этилиши айтилмоқда.

Ўзбекистонда ҳукумат мажлислари одатда телефон конференциялари шаклида ўтакзилади. Бундай мажлислар иштирокичлари раҳбар мулозимлар тарафидан ҳақоратланиши ҳолатлари тез-тез учрайди.

Президент аҳолининг реал даромади 9,5 фоизга ўсишини ваъда қилди

Президент Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Янги йил табригида 2016 йилда мамлакат иқтисодиётидаги ўсиш 7,8 фоизни ташкил қилишини билдирди.

Ўзбекистон президенти 2016 йилда аҳолининг реал даромадлари 9,5 фоизга, ойлик, пенсия, стипендия ва нафақалар 15 фоизга оширилишини ваъда қилди.

Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига йўлланган табрикда айтилишича, 2016 йилда иқтисодиётга 17 миллиард 310 миллион доллар сармоя ётқизилади. Бу сармоянинг 23,5 фоизи ҳорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.

Президент ўз табригида янги йилда Ўзбекистонда 164 йирик ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилишини таъкидлади.

Европа тараққиёт ва қайта қуриш банки ўтган йилнинг ноябрида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 2015 йилда 2014 йилга нисбатан 0,6 фоизга оз бўлишини ва 7,5 фоизни ташкил этишини билдирганди.

Банкнинг башорат қилишича, 2016 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши янада озаяди ва 7,2 фоиз даражасида бўлади.

Банкнинг 2015 йил 5 ноябрда эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, бу ҳолат Россиядан меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пул миқдорининг кескин камайгани ва Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда иқтисодий ўсишнинг сусайиши билан боғлиқ.

Равшан Эрматов "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланди

Равшан Эрматов 2010 йилги жаҳон футбол чемпионатининг очилиш ўйинига ҳаъкамлик қилмоқда.

Ўзбекистонлик футбол арбитри Равшан Эрматов президент Фармонига асосан “Буюк хизматлари учун” ордени ва Malibu автомашинаси билан мукофотланди.

Равшан Эрматовга мукофотни бош вазир Шавкат Мирзиёёв тантанали равишда топширди. Бу ҳақда 2 январь куни Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар хабар берди.

Равшан Эрматов 2015 йилнинг 27 декабрида жаҳон футбол ассосиацияларининг Бирлашган Араб амирликларида ўтган анжуманида йилнинг энг яхши арбитри сифатида Globe Soccer Awards мукофоти билан тақдирланган эди.

Равшан Эрматов бундан аввал “Ўзбекистон ифтихори” унвони ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини ботулизм хавфидан огоҳлантирмоқда

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат аҳолисини уй шароитида тайёрланган сифатсиз консерва маҳсулотларини истеъмол қилмасликка чақирди.

Вазирлик расмийларига кўра, нотўғри тайёрланган ва сақланган консерва махсулотларини истеъмол қилиш оқибатида инсон ҳаётига ўта хавфли бўлган касалликлар, жумладан ботулизм касаллиги келиб чиқиши мумкин.

“Ҳар қандай касаллик каби ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида. Бунинг учун уй шароитида санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилмай тайёрланган консерваларни, бозорларда, кўча-кўйда ноқонуний савдо билан шуғулланаётган шахслар томонидан сотилаётган, сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик лозим”, дейилади вазирлик баёнотида.

Ўзбекистонда янги йил дастурхонига консерваланган махсулотлар, жумладан бақлажон ва сабзавотлардан тайёрланган икра, бодринг, помидор тузламалари ва қўзиқориндан тайёрланган консерва маҳсулотлар тортилиши одам тусига айланган.

Лекин, вазирлик баёнотида ҳар йили қанча одам консерва махсулотларидан заҳарланиши ҳақида айтилмаган.

Ўзбекистонда бензин нархи ошди

Ўзбекистонда биринчи январдан бошлаб бир литр бензиннинг нархи 45 сўмга кўтарилди. Бу ҳақда Газета.уз сайти хабар беради.

Аи-80 бензинининг литри учун янги нарх 2075 сўм (аввалги нархи — 2030 сўм эди), Аи-91 учун эса 2280 сўм (2235 сўм эди) қилиб белгиланди.

Айни пайтда суюлтирилган бир килограмм газнинг нархи 30 сўмга, сиқилган газники эса 35 сўмга ошган.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳолига бензин етказиб бериш тобора муаммога айланиб бормоқда.

Озодлик бензин олиш учун бир неча километрлаб автомобиллар навбати пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Дизел ёнилғисини ҳам АЁҚШлардан топиш бугунги кунда муаммо бўлиб қолган.

Ўзбекистонда кичик юк автомобиллари импортига акциз солиғи оширилди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2016 йил 1 январдан кичик ўлчамли юк машиналари импортига 70 фоизлик акциз солиқ киритди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар беради.

Сайтнинг Вазирлар Маҳкамаси қарорига таяниб ёзишича, тўлиқ оғирлиги 5 тоннадан катта бўлмаган кичик ўлчамдаги юк транспортлари маҳсулотнинг нархидан 70 фоизлик акциз солиғи киритилди. Айни вақтгача бу автотранспорт воситалари учун 30 фоизлик божхона божи ва қўшимча қиймат солиғи тўлашган. Катта юк кўтарувчи юк автомобилларига 70 фоизлик акциз солиқ ва 30 фозлик импорт божи амал қилган.

2015 йилнинг июлида GM Uzbekistan қўшма корхонаси Labo мини юк машинасини Хоразм вилоятидаги заводда серияли ишлаб чиқаришни бошлаган эди. Корхона бир йилда 5 минг донагача Lаbo юк машинаси ишлаб чиқаради.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, охирги 3 йил ичида Ўзбекистонга 16 мингта яқин мини юк машинаси олиб кирилган бўлиб, унинг 95 фоизи Хитой ва Жанубий Кореядан импорт қилинган.

Янги йилнинг илк кунлари Ўзбекистонда уч марта зилзила бўлди

1966 йилда Тошкентда рўй берган зилзила муносабати билан ўрнатилган ёдгорлик

Бугун маҳаллий вақт билан соат 13.37 да Тошкентда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ер қимирлади. Хабарларга кўра, Тошкент шаҳрида зилзила кучи 2 балл атрофида бўлган.

Европа-ўртаерденгизи сейсмологик маркази маълумотига кўра, зилзила маркази Афғонистон ҳудудида 200 метр чуқурликда бўлган.

Биринчи январга ўтар кечаси ҳам маҳаллий вақт билан соат 03:15да ва 08:26да Ўзбекистонда 2 марта зилзила содир бўлган эди.

"Тошкент" сейсмология маркази маълумотига кўра, биринчи зилзила маркази Андижондан 30 км масофада бўлган. Марказда беш балли силкиниш бўлган, Андижонда ва Тошкентда эса 2 балли силкиниш сезилган.

Биринчи январь эрталаб юз берган иккинчи зилзила эса соат 8:26да қайд этилган. Унинг маркази Ўзбекистон ҳудудида, Андижонга 20 километр мсасофада бўлгани айтилади.

Бу зилзила кучи 4,3 баллни ташкил этган, зилзила 30 км чуқурликда содир бўлган.

Қурбон бўлганлар ва вайронагарчилик ҳақида хабарлар йўқ.

Марказий банк VISAга оид хабарларни шарҳлар экан, асосий масалага тўхталмади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мамлакатдаги банклар томонидан чет эл валютасини расмий курс бўйича сотиш режими кучайтирилаётгани тўғрисидаги хабарларни 29 декабрда инкор этди, деб хабар қилди ca-news агентлиги.

Марказий банкка кўра, бу соҳада қонунларга қандайдир ўзгартишлар киритилиши режалаштирилмаган.

Марказий банкнинг бу баёноти айрим оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарларга жавоб эканлиги айтилди.

Ўзбекистондаги айрим тижорат банклари мижозлар хорижга чиққанда ​фойдаланаладиган ​халқаро VISA пластик картаси беришни вақтинча тўхтатгани, банк мулозимлари бунинг сабабини валюта захирасининг камайганлиги билан изоҳлаётгани тўғрисида 29 декабрь куни Озодлик хабар қилган эди.

Унда валюта айирбошлашни тартибга солувчи қонунларга ўзгартиш киритилгани ёки киритилаётгани тўғрисида сўз йўқ, мижозларга VISA карталарини бериш тўхтатилганини банкларда чет эл валютаси камлиги ёки йўқлиги билан изоҳланаётгани тўғрисида хабар қилинган эди.

Масалан, “Капиталбанк” акциядорлик тижорат банкининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам мижозларга халқаро VISA карталари бериш тўхтатилганини тасдиқлар экан, бундай деган эди:

“Ҳақиқатан ҳам конверсион карталар ҳозир мижозларга очилмаяпти. Валюта балансимиз минусда бўлганлиги учун халқаро VISA картаси беришни вақтинча тўхтатдик. Мижозларга январь ойининг иккинчи ярмидан кейин хабар олинг, деяпмиз”, деди банк мулозими.

“Ўзбекэнерго” Тўрақўрғон ИЭС қурилиши учун тендер эълон қилди

“Ўзбекэнерго” ҳиссадорлик ширкати 29 декабрда Намангандаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг икки энергоблоки қурилиши юзасидан тендер эълон қилди.

Ширкат бундан 1 ой муқаддам тендер натижалари 2016 йилнинг май – июнь ойларида эълон қилинажаги, 2016 йилнинг иккинчи ярмидан эса лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланажаги тўғрисида хабар қилган эди.

Тўрақўрғон иссиққлик электр станциясини барпо этиш юзасидан қурилиш ишлари 2013 йил августида бошланган эди. Мазкур иншоотнинг лойиҳавий қуввати 900 МВтни ташкил қилади ва йилига 7 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг биринчи энергоблоки 2018 йилда, иккинчи энергоблок 2019 йилда ишга туширилиши режалаштирилган.

Лойиҳанинг қиймати 1 миллиард 100 миллион доллардир. Бу маблағнинг 704 миллион доллари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, 300 миллион доллари эса Ўзбекистон қайта қуриш ва тараққиёт жамғармаси томонидан берилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 12,4 минг МВтга тенг бўлган 45 та электр станцияси бор.

Энергия, хусусан электр энергияси тақчиллиги кейинги йилларда Ўзбекистонда сурункали характер касб этган.

Ўзбекистонда жамоат жойларида ароқ ичганлар 15 суткага қамалиши мумкин

30 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда жамоат жойларида алкоголли ичимликлар истеъмоли учун солинадиган жарима миқдори оширилди.

Иш жойлари, кўча, стадион, хиёбон, паркларда, барча турдаги жамоат транспортида ҳамда бошқа жамоат жойларида спиртли ичимлик ичганларга энг кам иш ҳақининг ярми миқдорида – 65120 сўм жарима солинади.

Бу ҳақда хабар қилган gazeta.uzга кўра, агар бу тартиббузарлик жарима солинганидан сўнг бир йил давомида такрорланса, энг кам иш ҳақининг 2 дан 1 идан 2 миқдоригача жарима солинади ёки 15 суткагача маъмурий ҳибс билан жазоланади.

Алкоголли ичимлик ичишга тўй ва юбилей тадбирларида ҳамда спиртли ичимликларни қуйиб сотишга рухсати бор савдо ва умумий овқатланиш муассасаларида рухсат берилади.

Ўзбекистонда жамоат жойларида тамаки чекканлар жаримага тортилади

Ўзбекистонда жамоат жойларида тамаки маҳсулотлари истеъмол қилганларга бугун – 30 декабрдан бошлаб энг кам иш ҳақининг учдан бири – яъни 43 минг сўм миқдорида жарима солинади.

Ўзбекистонда тамаки чекишга оид биринчи марта жорий этилаётган бу жазо чораси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилди ва уни президент Каримов 29 декабрда имзолади. Ҳужжат 30 декабрь куни кучга кирди.

Янги қоидага биноан иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим ва соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин хавфи кучли жойлар, жумладан автомобилларга ёнилғи қуйиш шоҳобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки чекиш мумкин эмас.

Тамаки чекишга ажратилган махсус жойлардагина рухсат берилади.

Янги қоида нос чекишга нисбатан ҳам жорий этилгани хабар қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган gazeta.uzга кўра, жамоат жойларида тамаки чекишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун 2012 йили қабул қилинган, лекин у ҳужжатда жазо чоралари белгилаб қўйилмагани учун қонун ишламаётган эди.

Қаршида милиция ходимлари узоқ муддатларга қамалди

Ўзбекистон милицияси ходимлари (сурат дагиларнинг хабарда келтирилган воқеага алоқаси йўқ).

Қаршида 13 нафар милиция ходими пора олиш, қийноқ ва асоссиз равишда ҳибсда ушлаб туриш каби 11 жиноятда айбдор деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ муддатларига ҳукм қилинди.

Озодлик радиоси мобил мухбирларининг хабар беришича, Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимларига нисбатан ҳукм 25 декабрь куни Қашқадарё вилоят Муборак туман суди томонидан ўқилган.

Милиция ходимлари қилган жиноятларининг оғирлигига қараб, 2,5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилган. Милиционерларга нисбатан суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.

Озодлик Қаршида милиция ходимиларига нисбатан жиноят ишлари очилгани ҳақида 4 ноябрь куни Ўзбекистондаги ҳуқуқ тартибот органларидаги манбаларига таяниб хабар берган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG