Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 09:07

Ўзбекистон

Сурат Икромов: Ўзбекистон қамоқхоналарида 13 мингга яқин диний маҳбус бор

Ўзбекистон қамоқхоналарида диний сабабларга кўра қамалган камида 12 минг 800 маҳбус бор.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи ўтган йил якунларига бағишлаб чиқарган ҳисоботида бу ҳақда таъкидланади.

Ташкилот раҳбари Сурат Икромовга кўра, булар 2002 йилдан буён шу даврга қадар қамалган маҳбуслардир.

-Ўтган йилни ўзида Ўзбекистонда уч юзга яқин маҳбус қамалгани бизга маълум ва сиёсий ҳамда диний сабабларга кўра қамалганлар сони йилдан йилга ортиб бораяпти, - дейди Икромов.

Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи бу ҳақдаги ҳисоботни Ўзбекистондаги маҳбусларни яқинлари билан ўтказилган суҳбатлар ва жойлардаги ҳуқуқ фаоллари берган малумотлар асосида чиқарган.

- Диний маҳкумларни сони биз келтираётган рақамлардан кўпроқ бўлиши мумкин, лекин асло кам эмас, - дейди Сурат Икромов.

Сиёсий важлар ила қамалганлар сони 24 нафар эканлиги айтилади.

Сурат Икромовга кўра, қамоқхоналарда уларга нисбатан мунтазам қийноқ қўллаш ҳолатлари давом этмоқда. Озодликка чиқиш вақти келганда уларга қамоқхона ички тартибини бузганлик важи билан муддат қўшиб берилмоқда.

Ўзбекистонда қамалган диний маҳбусларнинг аксари диний-радикал гуруҳларга алоқадорликда айбланиб қамалганлардир.

Улар орасида Ҳизбут Таҳрир, Нурчилар каби диний оқим мансублари, дея кўрилаётганлар ҳам бор.

Ўтган йилларда эса Ўзбекистонда Ироқ ва Суриядаги “Исломий давлат” экстремист гуруҳига алоқадорликда гумонларган юзлаб одам қамалди.

-Булар асосан Россия, Шарқий Европа, Туркиядан қайтиб келган ўзбекистонликлардир. Булар чет давлатларда юриб диний радикал гуруҳларга қўшилиб қолган, дейиляпти. Балки шундайдир. Бизни ташвишга солаётгани қийноқлар. Улардан иқрор қийноқ орқали олиниши. Сабаби чет элларда иш йўқлигидан юрган ўзбекистонликлар ҳам бор. Қайтиб келиши билан обдон текширилмай, диний гуруҳларга алоқадорсан, дея қамоққа олиняпти, - дейди Сурат Икромов.

Кузатувчилар Ўзбекистонда иш йўқлиги ёки репрессиялардан хорижга чиқиб кетган юзлаб ўзбекистонлик сўнгги йилларда Сурия ва Ироқдаги “Исломий давлат” экстремист гуруҳ сафларини тўлдираётганини айтишади.

Янгийўлда 5.1 балл куч билан зилзила рўй берди

Ўзбекистон пойтахти Тошкент яқинида 5,1 балл куч билан зилзила рўй берди.

Тошкент сейсмология марказининг билдиришича, бугун маҳаллий вақт билан 04.12да рўй берган зилзила эпимаркази пойтахтдан 57 километр узоқликда, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида бўлган.

Пойтахт Тошкентда зилзила куча 3 баллни ташкил этган.

Талафотлар ҳақида маълумот йўқ.

Махсус хизматлар Интернет трафиги бўйича назоратни кучайтирди

Ўзбекистонда кейинги ойларда Интернет тезлиги пасайганига махсус хизматларнинг назоратни кучайтиргани сабаб бўлаяпти.

Вести.uz нашрининг IT-экспертларга таяниб хабар беришича, махсус хизматларнинг Интернет трафигини назорат қилиш мақсадида бош серверни мониторинг қилиш ҳаракатлари натижасида тезлик ночорлашмоқда.

3 январь куни “Ўзбектелеком” берган хабарига кўра, мамлакат бўйича Интернет тезлиги яна икки ой пастлигича қолади.

Мазкур ташкилот ҳозирча Интернет тезлиги пасайишини бирор кўринишда изоҳлаганича йўқ.

Ўзбекистонда кўплаб сайтларга тўсиқ қўйилгани боис Тошкент ҳукумати халқаро ташкилотлар тарафидан Интернет душманлари қаторига қўйилган.

Жорий йилда Skype, Viber, Telegram каби мессенжерлар алоқасида мунтазам муаммо кузатилаяпти.

Пенсия учун минимал иш стажи 7 йилга кўтарилиши мумкин

Ўзбекистонда пенсия тайинлаш учун талаб қилинадиган минимал иш стажи 5 йилдан 7 йилга кўтарилиши мумкин.

Ўзбекистон парламенти матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш ҳақидаги масала кўриб чиқилиб, ушбу қонун лойиҳаси тасдиқланган.

Хабарларга кўра, пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаганлар учун минимал стажни босқичма-босқич юқорига кўтариш режаланаяпти.

Жумладан, жорий йилда 7 йилга кўтарилса, 2017 йилдан 9 йил ва 2018 йилдан 10 йилга кўтариш режаланган.

Ўзбекистонда эркаклар учун 25 йил, аёллар учун 20 йиллик иш стажи етарли ҳисобланади.

Етарли иш стажига эга бўлмасдан минимал стаж билан пенсияга чиққанларнинг нафақа пули жуда кам бўлади.

 Ҳайдовчиларни огоҳлантирувчи янги белги жорий этилди

Ўзбекистонда ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун "Фото ва видеофиксация" ахборот-ишора белгиси жорий этилди.

Маҳаллий матбуотнинг Ички ишлар вазирлиги расмийларига таяниб хабар қилиишича, фото ва видео камералар ўрнатилган жойларга ушбу белги қўйилади.

Маълум бўлишича, йўл патрул хизмати ходимлари 5 йилдан буён фото ва видео камералардан фойдаланиб келаяпти ва бу ҳақдаги белги фақат бугунга келиб жорий қилинди.

Тошкент кўчаларига видео камералар ўрнатиш учун давлат бюджетидан 20 миллион доллар маблағ сарфланиши хабар қилинган эди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 3 миллиондан зиёд автомашина рўйхатга олинган¸ бу машиналарнинг 40 фоизи эса биргина Тошкент шаҳрида қайддан ўтган.

Туркия ўзбекистонликлар учун визасиз режимни бекор қилаяпти

Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб Туркия дунёнинг 89 давлатига нисбатан виза тартибини жорий қилишни режалаштирмоқда.

HaberIzmir нашрига кўра, ушбу давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам киритилган. Шунингдек, рўйхатда МДҲнинг Россия, Украина, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Грузия каби давлатлари ҳам бор.

Расмий Анқаранинг мазкур қарори Туркия билан Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган виза режимини енгиллаштириш ва реадмиссия ҳақидаги келишув доирасида қабул қилинган.

Туркиянинг Тошкентдаги консули Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонликлар учун визасиз тартиб бекор қилинганини инкор қилди.

Айни пайтда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси дунёнинг айрим давлатларига нисбатан виза режими жорий қилиш ҳаракатлари кетаётганини тасдиқлади. Бироқ бошқа тафсилотларни очиқламади.

Бугунги кунда ўзбекистонликлар Туркияга визасиз бориши ва ушбу мамлакат ҳудудида 30 кун давомида қолишларига изн берилган.

Туркия ўзбек савдогарлари учун асосий савдо ўчоғи ҳисобланади. Ўзбекистон бозорларининг аксар қисми Туркиядан келтирилган моллар билан тўла.

Шунингдек, Туркия курортлари ҳам ўзбекистонлик дам оладиган асосий масканлардан биридир.

Россиядаги иқтисодий инқироз чуқурлашиб¸ рублнинг долларга нисбатан қадри пасайиши ортидан ўзбекистонлик минглаб меҳнат муҳожири ўзи учун янги меҳнат бозори изламоқда. Кузатувчилар Туркия ўзбекистонлик иш изловчилар учун Россия муқобилига айлана бошлаганини таъкидлаётган эди.

Ўзбекистонда биринчи марта пойтахт Тошкент бюджети ошкор этилди

Тошкент бюджетининг асосий қисмини ижтимоий-маданий тадбирлар ҳаражати ташкил этади.

Ўзбекистонда биринчи марта пойтахт Тошкент бюджети параметрлари эълон қилинди.

2016 йил бюджети параметрлари Тошкент шаҳар ҳокимиятининг расмий сайтида эълон қилинган. Мазкур бюджет 25 декабрь куни Тошкент шаҳар депутатлар кенгаши томонидан қабул қилинган ва 30 декабрда ҳоким томонидан тасдиқланган.

Ҳужжатда қайд этилишича, Тошкент шаҳар бюджетининг кирим қисми 1 триллион 803 миллиард 663 миллион 725 минг сўм миқдорида белгиланган. Чиқимлар ҳам айни мана шу рақамни ташкил этади.

Ҳужжатга асосан, Тошкент шаҳар бюджетига энг кўп маблағ ободонлаштириш ва ижтимоий инфротузилмани ривожлантириш солиғидан тушади. Бу солиқ миқдори 472 миллиард 68 миллион сўмдан кўпроқни ташкил қилади.

Чиқимларнинг асосий қисмини эса ижтимоий-маданий тадбирлар ҳаражати ташкил этади. Бу мақсад учун бюджетдан 1 триллион 408 миллиард 883 минг сўмдан кўпроқ маблағ ажратилган.

Қозоғистонда 5 ўзбекистонлик ис газидан вафот этди

Ўзбекистоннинг 10 фуқароси Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри яқинидаги Турар қишлоғида ис газидан заҳарланди.

Новости - Казахстан агентлигининг Олмаота Фавқулодда вазиятлар департаментига таяниб хабар беришича, ис газидан заҳарланган ўзбекистонликларнинг 5 нафари вафот этган, Улардан икки нафари балоғатга етмаган бола бўлган. Қолган беш нафар ўзбекистонлик эса Каскелен шаҳар касалхонасига ётқизилган.

Хабарда айтилишича, мазкур воқеа 2 январь куни юз берган. Текширувнинг дастлабки натижаларига кўра, ўзбекистонликарнинг ис газидан заҳарланиши бахтсиз ҳодиса бўлгани таҳмин қилинмоқда.

Ўзбекистонлик 23 одамни Украина ва Швейцария шифокорлари операция қилди

Ўзбекистонлик 10 бола ва 13 қария 2014-2015 йиллар мобайнида Швейцария ҳамда Украина шифокорлари иштирокида бепул операция қилинди. Операцияларнинг умумий қиймати 220 минг долларни ташкил этган.

Ўзбекистон маҳаллий матбуотининг хабар беришича, мазкур жарроҳлик амалиётлари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси, Украина болалар кардиологияси ва кардиохирургияси маркази ҳамда Швейцариянинг EurAsia Heart тиббиёт жамғармаси хомийлигида ўтказилган.

Жарроҳлик амалиётлари жараёнида украиналик ва швецариялик шифокорлар ўзбек ҳамкасблари билан тажриба алмашган.

Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисоди ўсиши суръатлари 2016 йилда яхшироқ бўлишини башорат қилмоқда

Ўзбекистон иқтисоди 2016 йилда 7,5 фоизга ошишини башорат қилмоқда Жаҳон банки. Бу ўтган йилги ўсиш суръатларидан бироз яхшироқ экани қайд этилади Жаҳон банки 6 январь куни очиқлаган “Глобал иқтисодий истиқболлар” номли ҳисоботда.

Ўтган йилни Ўзбекистон иқтисоди 7 фоизлик ўсиш билан якунлади. 2016 йилда эса Жаҳон банки экспертлари фикрича, бу мамлакат иқтисоди яхшироқ натижаларни кўрсата олиши мумкин.

Президент Ислом Каримов ўзининг Янги йил байрами табригида 2016 йилда Ўзбекистон иқтисоди 7,8 фоизга ўсишини башорат қилган эди.

Ўзбекистон иқтисодига доир ҳукумат берадиган рақамлар мустақил иқтисодчилар тарафидан шубҳа остига олинади. Мамлакат иқтисодида жиддий муаммолар борлиги 2015 йилда янада яққол кўрина бошлади. Хусусан, далват ишчи ва хизматчилари маошлари ҳамда пенсиялар бир неча ойлаб кечикиши каби ҳолатлар сурункали тус олди.

Апрель ойида эса Ўзбекистон Марказий банки ҳукуматга йўллаган билдиришномада мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келгани ва бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ўзбек ҳукумати Ялта Россия шаҳри ўлароқ кўрсатилган ҳужжатни имзолади

Ялта.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни 2016 йилда ўзбек ширкатларига иштирок таклиф этилмиш халқаро кўргазма-ярмаркалар рўйхатини тасдиқлаган.

“Ҳужжатга кўргазма ўтказилиши режалаштирилмиш мамлакатлар ва шаҳарлар рўйхати илова қилинган бўлиб, рўйхат бош вазир томонидан тасдиқлангани урғуланади. Бу рўйхатдаги 32-бандда июль ойида “Ялта. Золотой грифон-2016”” деб номланган 35-Халқаро вино маҳсулотлари танлови келтирилган. Кўргазма ўтказиладиган жой эса “Ялта шаҳри. Россия” дея кўрсатилган”, дейилади “Украинская правда” нашри хабарида.

Ялта Россия томонидан аннексия қилинмиш Қрим яриморолида жойлашган курорт шаҳарларидан биридир.

2014 йилнинг 28 март куни БМТ Бош ассамблеяси Қримдаги сепаратистик референдумни ноқонуний деб топган пайтда Ўзбекистон овоз беришдан тийилганди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳодиса юзасидан ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Украина парламенти Қримнинг Россия томонидан вақтинча босиб олиниш тарихининг бошланиши 2014 йилнинг 20 феврали эканини эълон қилган. Украина президенти Петро Порошенко 2015 йил 7 октябрида бу борада тегишли қонунни имзолаган.

Қрим аннексиясидан сўнг Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан қатор санкцияларни жорий қилган. Россия яриморолни босиб олганини инкор қилади ва буни “тарихий адолатнинг тикланиши” ўлароқ баҳолайди.

Ўзбекистонлик шахматчи Англиядаги мусобақада биринчи ўринни эгаллади

Самарқандлик гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов Англияда бўлиб ўтган Tradewise Hastings Masters шахмат мусобақасида ғолибликни қўлга киритди.

Анъанавий бўлган бу халқаро мусобақа 28 декабрда бошланиб, 5 январь куни ниҳоясига етди.

Самарқанд Давлат университети талабаси бўлган Жаҳонгир Воҳидов мусобақада польшалик машҳур шахматчи Александр Миста билан бир хил, яъни 7 очкодан тўплаган, бироқ у билан шахсий учрашувда ғалаба қозониб, биринчиликни қўлга киритган.

Жаҳонгир Воҳидов Hastings Blitz 2015/16 деб номлаган шахмат бўйича блиц-турнирда ҳам 1-ўринни олган.

Бухорода бир йилда элликка яқин мулозим ишдан бўшатилди

Бухорода 2015 йил давомида 20та давлат ташкилотининг раҳбари ишдан бўшатилди ва 26 та коллеж директори ўзгартирилди.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Муҳиддин Эсонов халқ депутатлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълум қилди.

Бўшатилган мулозимлардан 11 нафари ўз лавозимини эплай олмагани учун ишдан ҳайдалган.

26та коллежнинг директори ҳам ўз вазифасини қониқарли бажармагани боис ишдан олинган.

Ҳоким Эсонов коллежлардаги ўқув жараёнига раҳбарларнинг совуққонлик билан ёндашаётганини айтиб, уларни танқид қилган. Ҳокимга кўра, айрим ҳолатларда қонунга зид ҳаракатлар ҳам кузатилган.

Янгийўлда диний адабиёт тарқатган уч киши ҳибсга олинди

Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи уч киши корейс протестантлар черковига қарашли диний адабиётларни ноқонуний сақлаш ва тарқатишда айбланиб ҳибсга олинди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб хабар тарқатган 12news.uz маълумотига кўра, уч янгийўлликнинг уйида ўтказилган тинтув пайти диний мазмундаги китоблар, брошюралар ва аудиоёзувлар топилган.

Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Жиззахда ИШИДда айбланган насронийнинг суди бошланди

ИШИДда айбланаëтган Арамаис Авакян

Бугун Жиззахда ИШИДга алоқадорликда айбланган армани насроний Арамаис Авакян ва унинг тўрт нафар шериги устидан суд бошланди.

33 яшар Авакян ИШИДга хайрихоҳликда гумон қилиниб, 4 сентябрдан бери ҳибсда ушлаб турилибди.

Авакян ва унинг шериклари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси яъни “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” ва 244-моддаси яъни “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”да айбланаяпти. Шунингдек, Авакянга "Ўғирлик" моддаси бўйича ҳам айблов қўйилган

Авакяннинг яқинлари унинг ҳибсга олинишига фермерлик фаолияти сабаб бўлганини айтишмоқда. Авакяннинг ҳокимга гап қайтаргани учун бошига шу кўргуликлар тушаётгани айтилаяпти.

Тожикистон президенти расмий ташриф билан Тошкентга келиши мумкин

Эмомали Раҳмон.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2016 йилда расмий ташриф билан Тошкентга келиши мумкин.

"ASIA-Plus" агентлигнининг сешанба куни билдиришича, мазкур масала ўтган йилнинг декабрь ойи охирларида Душанбеда ўтган ўзбек-тожик ташқи ишлар вазирликлари маслаҳат кенгаши доирасида муҳокама қилинган.

Хабарда айтилишича, Эмомали Раҳмоннинг Тошкентга ташрифи сентябрь ойининг биринчи ярмига режалаштирилиши мумкин. Сентябрь ойида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити ўтказилади.

Тожикистон президенти Ўзбекистонга сўнгги марта расмий ташриф билан 2001 йилда келган эди. Ўзбекистон президентининг Тожикистонга расмий ташрифи эса бундан 16 йил аввал, яъни 2000 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтганди.

Петербургда террор ҳақида ёлғон маълумот берган ўзбекистонлик қўлга олинди

Петербург шаҳри кўриниши.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Петербургда террорчилик ҳаракати ҳақида ёлғон маълумот берганликда айбланиб қўлга олинди.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг Петербург полициясига таяниб хабар беришича, 1 январь куни полицияга ўзини Тимиргот Наир деб таништирган одам телефон қилган ва “Француз бульвари” савдо марказига бомба ўрнатгани ҳақида маълумот берган.

Махсус кучлар томонидан савдо маркази текшрилганида, унга бомба ўрнатилгани ҳақидаги маълумот ёлғон экани аниқланган.

Тезкор текширув натижасида телефон қилган шахс Ўзбекистоннинг 46 ёшли фуқароси Наир Темирпўлатов экани аниқланган. У Петербургда рўйхатдан ўтмасдан ноқонуний яшаб келган. Темирпўлатов бомба ҳақида ёлғон маълумот берганини тан олган.

Мазкур воқеа юзасидан жиноят иши очилган.

Ленинградда ўзбекистонлик муҳожир жасади топилди

Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари

Ленинград вилоятининг Всеволожск шаҳрида 20 ёшли ўзбекистонликнинг дорга осилган жасади топилди.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг сешанба куни билдиришича, жасад 3 январь куни эрталаб топилган.

25 ёшли Ўзбекистон фуқароси полицияга янги қурилаётган уйнинг иккинчи ва учинчи қаватлари ўртасидаги симларга осилган 20 ёшли ватандошининг жасадини топгани ҳақида хабар берган.

Хабарда айтилишича, Ленинград вилоят полицияси Ўзбекистон фуқаросининг ҳалок бўлгани тафсилотларини ўрганишга киришган.

Ўзбекистон 51та Олимпиада лицензиясига эга бўлди

Олимпиада лиценциясини қўлга киритганлар орасида Ўзбекистон тарихида таэквандо бўйича биринчи жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин ҳам бор.

Ўзбекистон спортчилари шу кунгача Бразилия пойтахти Рио де Жанейрода 2016 йилда ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи 51та лиценцияга эга бўлди.

Сўнгги 51- лиценцзияни 2 январь куни Хитойдаги халқаро марафонда иштирок этиб, 10-ўринга сазовор бўлган енгил атлетикачи Андрей Петров қўлга киритди. У марафон масофасини 2 соат 17 дақиқа 48 сонияда босиб ўтган.

Хитойнинг Сямин шаҳрида ўтказилган марафонда жаҳоннинг турли давлатларидан келган 27 минг югурувчи иштирок этган.

Расмий хабарларда айтилишича, 51 лицензиядан 24таси параолимпиячиларга тегишлидир.

Тошкентда халқ депутатлари 30 та янги маҳалла тузишга қарор қилди

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори билан пойтахтда 30 та янги маҳалла тузилди.

Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, мавжуд маҳаллаларнинг чегаралари қайта белгиланган ва натижада, яна қўшимча 30 та маҳалла тузилган. Асосан, катта маҳаллалар бўлиниб, кичик маҳаллаларга айлантирилди.

Шу тариқа Тошкент шаҳридаги маҳаллалар сони 505 нафарга етди.

Янги маҳаллаларнинг аксарияти Сергели, Учтепа, Юнусобод ва Яккасарой туманларида.

Ҳозир маҳалла фуқаролик йиғинлари Ўзбекистонда ҳокимият ва ИИВнинг асосий бошқарув механизмларидан бирига айланган. Маҳалла қўмиталари фуқароларнинг ишга, ўқишга жойлашиши, хорижга чиқиши-кириши, оила қуриши-ажрашиши, доимий ёки вақтинча рўйхатга туриш-чиқиш масалаларида ҳал қилувчи бўғинлардан бирига айланган.

Ўшда Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтган ўзбекистонлик қўлга олинди

Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Қорасув районида Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтгани гумон қилинган 30 яшар ўзбекистонлик қўлга олинди.

Ўш вилояти ИИБдан олинган расмий маълумотга кўра, самарқандлик Н.У. исмли шахс бироз муқаддам Қирғизистон фуқароси Юнус Абдужалилов ўлими бўйича тергов иши доирасида қўлга олинган.

Хабарга кўра, бу шахс 2015 йилда уч ой Сурияда бўлган ва у ерда "Тавхид ва Жиҳод" гуруҳи раҳбари шайх Абу Салоҳ кўмагида махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

Ҳозирча бу шахснинг бир неча жиноятни режалагани гумон қилинаётгани айтилмоқда.

Газпром Ўзбекистондан кўпроқ газ сотиб олмоқчи

“Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер.

2016 йилда Россиянинг “Газпром” ширкати Ўзбекистондан табиий газ сотиб олишни кўпайтиради. Бу ҳақда Россия нашрлари “Газпром” раҳбари Алексей Миллер сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

“Биз ўзбекистонлик дўстларимиз билан эришилган музокаралар натижасини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистон газ соҳасида бизнинг ишончли ҳамкоримиз ва биз бундан буён ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантиришда давом этамиз. Шу жиҳатдан ҳам бу йил ўзбек газини сотиб олиш ҳажми ошиши мутлақо табиийдир”, дея иқтибос келтиради Алексей Миллер сўзларидан “Российская газета” нашри.

Аввалроқ “Туркмангаз” масъуллари “Газпром экспорт” ширкати 2016 йил 1 январидан Туркманистон газини сотиб олишни тўлалигича тўхтатиши ҳақида билдиргандилар.

“Бу қарор негизида халқаро газ бозорида ўзгарган конъюнктура ҳамда “Газпром экспорт”да вужудга келган муайян иқтисодий ва молиявий масалалар ётибди”, дея маълум қилинади “Туркмангаз” матбуот хизмати тарқатган хабарномада.

Россия шу кунгача Марказий Осиёдаги Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан газ хом ашёсини сотиб олиб келган.

Газ қазиб олиш бўйича МДҲ давлатлари орасида учинчи ўринда турадиган Ўзбекистонда ҳар йили 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ҳукумат мажлисида қатнаша олишига имкон бериши айтилаётган қарор қабул қилинди

Ҳукумат мажлисларида иштирок этган фуқароларнинг расм ва видеога олиши ҳамда мажлис пайтида овозни ёзиб олиши тақиқланади

Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг давлат идоралари мажлисларида қатнаша олишига имкон берувчи қарор қабул қилинди. “Норма” порталининг хабар қилишича, Ўзбекистон Ахборот технологияларини ривожлантириш ва коммуникациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 22 декабрь куни қабул қилган қўшма қарорга асосан ахборот файдаланувчиларининг давлат ва бошқарув идоралари очиқ мажлисларида иштирок этиши тартибига доир намунавий низом тасдиқланган.

Ҳужжатга кўра, ҳукумат мажлисларида иштирок этган фуқароларнинг расм ва видеога олиши ҳамда мажлис пайтида овозни ёзиб олиши тақиқланади.

Низомда шунингдек, давлат ва бошқарув идоралари жисмоний ва юридик шахслар учун коллегиал мажлисларнинг жадвали, кун тартиби, санаси ва ўтказилиш жойини эълон қилиб бориши белгиланган.

Мажлисда қатнашиш истагида бўлган фуқаро исми-шарифи, яшаш жойи ва бошқа тегишли маълумотлар кўрсатилган сўровнома билан мурожаат қилиши керак, дейилади хабарда. Мажлис пайтида уларга савол бериш ҳуқуқи ҳам тақдим этилиши айтилмоқда.

Ўзбекистонда ҳукумат мажлислари одатда телефон конференциялари шаклида ўтакзилади. Бундай мажлислар иштирокичлари раҳбар мулозимлар тарафидан ҳақоратланиши ҳолатлари тез-тез учрайди.

Президент аҳолининг реал даромади 9,5 фоизга ўсишини ваъда қилди

Президент Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Янги йил табригида 2016 йилда мамлакат иқтисодиётидаги ўсиш 7,8 фоизни ташкил қилишини билдирди.

Ўзбекистон президенти 2016 йилда аҳолининг реал даромадлари 9,5 фоизга, ойлик, пенсия, стипендия ва нафақалар 15 фоизга оширилишини ваъда қилди.

Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига йўлланган табрикда айтилишича, 2016 йилда иқтисодиётга 17 миллиард 310 миллион доллар сармоя ётқизилади. Бу сармоянинг 23,5 фоизи ҳорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.

Президент ўз табригида янги йилда Ўзбекистонда 164 йирик ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилишини таъкидлади.

Европа тараққиёт ва қайта қуриш банки ўтган йилнинг ноябрида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 2015 йилда 2014 йилга нисбатан 0,6 фоизга оз бўлишини ва 7,5 фоизни ташкил этишини билдирганди.

Банкнинг башорат қилишича, 2016 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши янада озаяди ва 7,2 фоиз даражасида бўлади.

Банкнинг 2015 йил 5 ноябрда эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, бу ҳолат Россиядан меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пул миқдорининг кескин камайгани ва Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда иқтисодий ўсишнинг сусайиши билан боғлиқ.

Равшан Эрматов "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланди

Равшан Эрматов 2010 йилги жаҳон футбол чемпионатининг очилиш ўйинига ҳаъкамлик қилмоқда.

Ўзбекистонлик футбол арбитри Равшан Эрматов президент Фармонига асосан “Буюк хизматлари учун” ордени ва Malibu автомашинаси билан мукофотланди.

Равшан Эрматовга мукофотни бош вазир Шавкат Мирзиёёв тантанали равишда топширди. Бу ҳақда 2 январь куни Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар хабар берди.

Равшан Эрматов 2015 йилнинг 27 декабрида жаҳон футбол ассосиацияларининг Бирлашган Араб амирликларида ўтган анжуманида йилнинг энг яхши арбитри сифатида Globe Soccer Awards мукофоти билан тақдирланган эди.

Равшан Эрматов бундан аввал “Ўзбекистон ифтихори” унвони ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG