Линклар

Шошилинч хабар
15 сентябр 2019, Тошкент вақти: 17:23

Ўзбекистон

Мирзиёев “Тошиссиққувват”нинг Миробод тумани бўлими раҳбарини вазифасидан четлатди

“Тошиссиққувват” ишлаб чиқариш бирлашмасининг Миробод тумани бўлими раҳбари "аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишда камчиликка йўл қўйгани учун" вазифасидан четлатилган.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Facebook’даги саҳифасида таъкидланишича, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйган камчиликлари учун Миробод тумани ҳокимига ҳам ҳайфсан эълон қилинган.

Хабарда айтилишича, “бош вазирининг электрон қабулхонасига аҳоли ва тадбиркорлардан энг кўп ариза ва шикоятлар тушганлиги, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддатларини асоссиз бузилишига йўл қўйганлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда мурожаатларни вақтида ва қонуний ҳал этилиши бўйича аниқ чоралар кўриш топширилган”.

Бундан олдин Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Маданият ва спорт вазири муовини, Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори, шунингдек, Наманганнинг Поп тумани ҳокимига Бош вазир виртуал қабулхонасига келган мурожаатларни ҳал этишда сохталикка йўл қўйгани учун ҳайфсан эълон қилган эди.

Ўзбекистон ҳукуматининг расмий портали - www.gov.uz да Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси сентябр ойи ўрталаридан иш бошлагани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси фаолллари Шавкат Мирзиёевни виртуал қабулхонасини уни муваққат президентдан ҳақиқий президентга айлантириш йўлидаги “хўжа кўрсин“ тадбир деб аташган.

GM Uzbekistan мижозлар муаммоларини ҳал қилиш учун қабулхона очди

GM Uzbekistan ширкати ўз мижозлари муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал қилиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи тузган.

Ширкатнинг муваққат раҳбари Рустам Ражабов ва бошқа менежерларидан иборат гуруҳ мижозлардан тушган шикоятларни кўриб чиқади.

Ширкатнинг расмий сайтида мурожаатлар ҳар куни эрталаб 8.00дан 11.00гача GM Uzbekistan широкатининг +99871−141-77-77 телефони орқали қабул қилиниши айтилган.

Ҳудди шундай ишчи гуруҳи ва қабулхона "Ўзавтосаноат" ширкатида ҳам тузилди.

Ширкат раҳбари муовини Кобилжон Азимов ишчи гуруҳга раис этиб тайинланди.

Ўзбекистонликларнинг ўзлари четдагидан икки баравар қиммат нархда машина сотиб олишга мажбурлар. Бундан ташқари, автосалонлар миллий валюта-сўмда эмас, долларда фаолият қилиб келган.

Фуқароларнинг машина учун банкка тўлаган пул-долларлари ширкатга таалуқли гуруҳ томонидан шахсий мақсадларда айлантириб келингани фош этилган.

Жорий йилнинг апрел ойида "Ўзавтосаноат" бошқарув раисининг ўринбосари ва 'GM-Uzbekistan' қўшма корхонаси бош директори Тоҳиржон Жалилов ушбу коррупция жанжаллари орқасидан лавозимидан четлатилган, ҳибсга олингани хабар қилинган, яқинда эса у гаров эвазига уй қамоғига ўтказилгани айтилганди.

Президент сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ гуруҳи раҳбари Тошкентга келади

2015 йилги президентлик сайловида овоз бериш жараëни.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик институтлар ва инсон ҳақлари бюроси (ДИИҲБ)нинг Ўзбекистонда 4 декабрь куни ўтказиладиган президентлик сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари Йохан Петер Трауготт Тейлер 1 ноябрь куни Тошкентга келади.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 28 октябрда ЕХҲТга аъзо бўлган 13 мамлакат вакилларидан тузилган 17 кишилик кузатувчилар миссияси асосий гуруҳини рўйхатга олган.

МСК баëнотига кўра¸ "ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича миссияси таркибига асосий гуруҳ билан бирга 28 нафар узоқ муддатли кузатувчи¸ шунингдек овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар киритилган".

Узоқ муддатли кузатувчиларнинг 5 ноябрда Ўзбекистонга келиши ва президентлик сайловолди кампаниясининг боришидан тортиб¸ овоз бериш жараëнига қадар мониторинг қилиши кутилмоқда.

ЕХҲТ гуруҳи сайловлардан сўнг ўз хулосаларини ҳисобот шаклида тақдим этади.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда ўтказилган президент ва парламент сайловларининг барчаси ЕХҲТ томонидан на демократик ва на муқобил сайлов стандартларига мос келмайди¸ деб баҳоланган.

ШҲТ ҳукумат раҳбарларининг Бишкекдаги мажлисида Ўзбекистонни Рустам Азимов тамсил этади

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳукумат раҳбарларининг навбатдаги мажлисига Ўзбекистондан бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги делегация боради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.

2-3 ноябрь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтадиган бош вазирлар кенгашида 10 га яқин ҳужжат имзоланиши кутилмоқда. Унда ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари ташкилот доирасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий масалаларини муҳокама қиладилар.

Метро қурилиши муносабати билан Юнусободдаги “Уч қаҳрамон” бозори бузилиши мумкин

Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши бўйлаб яна икки станция қурилиши бошланиши муносабати билан “Уч қаҳрамон” бозори ўрнида метро поездлари учун депо пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда Podrobno.uz янгиликлар агентлиги хабар қилади.

Юнусобод йўналишидаги икки станция қурилиши кўп йиллардан бери тўхтаб қолганди. Муваққат президент Шавкат Мирзиёев сентябрь ойи охирида бу ишни давом эттириш ҳақида топшириқ берган.

Қурувчиларга кўра, станциялардан бири Юнусобод деҳқон бозори ёнида, яна бири эса ундан бир километрча нарида жойлашади. Шу билан Юнусобод метро йўналиши охирига етиши эътиборга олинса, бу ерда поездлар турадиган депо пайдо бўлади ва у Тошкент ҳалқа йўли яқинидаги “Уч қаҳрамон” буюм бозори ўрнида қурилиши тахмин қилинмоқда. Янги метро станциялари қачон ишга тушиши ҳақида ҳозирча ҳеч қанақа маълумот йўқ.

“GM O`zbekiston” мижозлар масаласини ҳал қилиш учун ишчи гуруҳ ташкил этди

“GM O`zbekiston” қўшма корхонасида автомобилларни сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш масалалари бўйича ватандошлар мурожаатини кўриб чиқиш учун махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Корхона сайтида ёйинланган маълумотларга кўра, бош директор вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов раҳбарлик қилаётган гуруҳ мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш билан шуғулланади.

Гуруҳга мурожаатномаларни электрон почта орқали тақдим қилиш, шунингдек, бу борада “Мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази” (+998 71 141 77 77) ёки яқиндаги дилерлик ташкилотига мурожаат қилиш мумкинлиги айтилмоқда.

“Фуқаролар мурожаатлари, улар қайси воситалар орқали етказилганлигидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг Виртуал қабулхонаси аппаратига ҳисобот тариқасида мунтазам равишда етказилади ва ҳар бир мурожаат юзасидан амалга оширилган чоралар ҳақида маълумот берилади”, дейилади “GM O`zbekiston” сайти эълонида.

Шу каби ишчи гуруҳ “Ўзавтосаноат” компаниясида ҳам тузилади.

Сўнгги пайтда муваққат президент виртуал қабулхонасига “GM O`zbekiston” автомобиллари юзасида ҳам шикоятлар кўп тушган. Бу шикоятлар орасида мамлакат ички бозорида автомобиллар нархини қайта кўриб чиқишга оид таклифлар ҳам бор.

Қорақалпоғистонга янги прокурор тайинланди

Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий сайтида 31 октябрь куни эълон қилинган хабарга кўра¸ Қорақалпоғистон Рееспубликасига янги прокурор тайинланган.

Расмий хабарда ëзилишича¸ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 27 октябрь кунги қарорига мувофиқ¸ адлия катта маслаҳатчиси Таджиев Эркабай Аминович Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси прокурори этиб тайинланган.

Айни пайтда¸ Таджиев Ўзбекистон Бош прокурори буйруғига асосан мазкур прокуратура ҳайъати раиси этиб тасдиқланган.

Янги тайинловга қадар Эркабай Таджиев Тошкент вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Тошкент беш йил ичида қарийб 10 миллиард долларлик лойиҳани амалга оширмоқчи

Янги режага кўра¸ ҳукумат шаҳар ва қишлоқлардаги йўллар аҳволини яхшиламоқчи.

Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги расмийсининг Регнум агентлигига билдиришича¸ Тошкент ҳукумати 2019 йилга қадар муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфраструктураси соҳасида жами қиймати 9 миллиард 800 миллион долларлик 150 та лойиҳани амалга оширмоқчи.

Тошкент расмийсига кўра¸ беш йил ичида якунланиши кўзда тутилаëтган бу лойиҳалар 5628 дона трансформатор пунктини қуриш ва қайта таъмирлаш¸ 25 минг километрлик электр узатиш линияси барпо этиш ва аҳолининг 90 фоизини мобиль алоқа билан таъминлашни ўз ичига олади.

Келаси беш йил ичида ҳукумат шунингдек электрлашган темир йўллар ҳиссасини ҳозирги 34 фоиздан 51 фоизга кўтариш¸ шаҳар ва қишлоқлардаги 1952¸6 километр кўчани капитал ва жорий ремонтдан чиқариш ва аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлашни 90 фоизга етказишни ҳам режаламоқда.

Москва хиëбонларидан бирига Ислом Каримов номи берилади

Ўзбекистонда Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича ҳукумат комиссияси иш олиб бормоқда.

Маҳаллий нашрларнинг ëзишича¸ яқин кунларда Ўзбекистоннинг Москва марказидаги консуллиги яқинидаги ҳозирча номсиз янги хиёбонга Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов номи берилади.

Москва шаҳар ҳокимлиги сайтига кўра¸ Ислом Каримов номи берилиши таклиф этилган хиëбон Якиманка туманидаги Большая Полянка кўчасининг 39-уй ва Казачье 1-тор кўчасидаги 13-уй оралиғида жойлашган.

Айтилишича¸ бу ташаббус Россия ва Ўзбекистон фан, сиёсат ва санъат намояндалари томонидан ўртага ташланган ва улар шу сўров билан Москва шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилишган. Ҳозирча мазкур сўров муаллифларига оид маълумот очиқланмади.

Бу сўровнинг Москва шаҳри маъмуриятининг 1 ноябрдаги мажлисида кўриб чиқилиши ва унга оид қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистонда Ислом Каримов номини абадийлаштириш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Ҳозирча марҳум президент номи унинг қизи ва куëви томонидан таъмирдан чиқарилгани айтилаëтган Тошкент шаҳридаги собиқ Жўрабек масжидига берилди.

Саратовда ўзбекистонликлар кетаётган автобус ағдарилиши оқибатида 16 одам жароҳатланди

Россия йўлларида автобуслар ҳалокати тез-тез юз бериб туради.

Россиянинг Саратов вилоятида 24 нафар ўзбекистонлик кетаётган автобуснинг ағдарилиши оқибатида 16 киши жабрланди.

Саратов вилоят саломатликни сақлаш вазирлигининг билдиришича, жабрланганлардан 6 нафари касалхонага ётқизилган, қолган 10 одам енгил тан жароҳатлари олган.

Автобус Садовка қишлоғи яқинида якшанба куни Москва вақти билан соат 8дан 20 дақиқа ўтганида ағдарилиб кетган.

Дастлабки текширув натижаларига қараганда, қор босган трассада ҳайдовчи бошқарувини қўлдан чиқариб юборган ва бунинг оқибатида автобус йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Санкт-Петербургдан Тошкентга кетаётган автобус йўловчиларининг барчаси Ўзбекистон ватандоши бўлган.

Ўзбекистонда учоқларда йўловчи ташиш 5 фоизга озайди

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" самолëтлари.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиаширкати 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида 16 минг 690 та рейсни амалга ошириб, 1 миллион 882 минг йўловчига хизмат кўрсатди.

Авиаширкат расмий сайтидаги ҳисоботда қайд этилишича, мазкур рақам ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 5 фоизга оздир.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” маълумотида йўловчилар сонининг озайиши сабаблари айтилмаган. Бироқ авиаширкат яқин хориж ва республика бўйлаб парвозлар сони 4,2 ва 14,4 фоизга озайганини билдирган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳаво йўлларида юк ташиш ҳажми ҳам ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 1,6 фоизга камайган.

Ҳисоботда айтилишича, 9 ойда миллий авиаширкатнинг юк ташувчи самолётлари 734та рейсни амалга оширган ва 30,6 минг тонна юкни манзилга етказган.

Олий Мажлис Ўзбекистоннинг 2017 йилги бюджетини қабул қилди

Олий Мажлиснинг депутатлари.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси жума куни ўтган йиғилишида 2017 йилга мўлжалланган республика бюджетини ҳамда бюджет ва солиқ сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилди.

Бюджет лойиҳасида айтилишича, 2017 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 7,8 фоиз даражасида кутилмоқда.

Бундан ташқари солиқларни камайтириш, бюджет ташкилотлари ҳодимларининг ойликларини ошириш, пенсия, нафақалар ва стипендиялар миқдорини кўпайтириш назарда тутилган.

Масалан, жорий йилда солиқ тўловлари ялпи ички маҳсулотнинг 20,2 фоизи даражасида бўлса, кейинги йилда бу рақам 18,9 фоизни ташкил қилади

Ўзбекистон бюджетининг 59,7 фоизи ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий ҳимоялашга ажратилган.

2017 йилда кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва болалар учун тўланадиган нафақаларга 2,6 триллион сўм ажратилган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 4 номзодни рўйхатга олишга қарор қилди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) 28 октябрда Ўзбекистон президентлигига номзодларни рўйхатга олиш ҳақидаги қарорни қабул қилди.

Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида Ўзбекистон Демократик партияси "Миллий тикланиш"дан Сарвар Отамуратов, Либерал-демократик партиядан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов ва "Адолат" Социал-демократик партиясидан Наримон Умаров рўйхатга олинди.

Сайловолди курашлари номзодларни рўйхатга олган кундан бошланади.

Сайловолди кампанияси пайтида номзодларга "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" теле ва радиоканалларида 638 минутдан, 12та маҳаллий телерадиоканалларда 206 минутдан ва "Тошкент" телерадиоканида 286 минутдан эфир вақти ажратилади.

Шунингдек, номзодларга Ўзбекистон марказий гезета ва журналларида нашр учун жой ажратилган.

Ўзбекистонда президентлик сайлови 4 декабрда бўлиб ўтади.

Шавкат Мирзиёев АҚШ давлат котибининг ўринбосари билан мулоқот ўтказди

ЎзА ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 29 октябрь куни АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннонни қабул қилди.

Томас Шэннон бир кун муқаддам Самарқандда бўлиб, 2 сентябрда миясига қон қуйилиши натижасида вафот этган Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирганди.

Шавкат Мирзиёев ва Томас Шэннон учрашуви давомида, ЎзА хабарига кўра, томонлар Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари ўзаро ҳурмат ва ишонч, ўзаро манфаатларни инобатга олиш тамойиллари асосида изчил, муваффақиятли ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётганини таъкидладилар.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган барча истиқболли йўналишларда шериклик ва ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилган.

Томас Шэннон АҚШ раҳбарияти Ўзбекистон билан серқирра муносабатларни изчил ва барқарор ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ўзбек элчихонаси Москвада Ислом Каримовга ҳайкал қўйиш таклифи билан чиқди

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Москва шаҳар маъмуриятига марҳум президент Ислом Каримовга ҳайкал қўйиш таклифи билан мурожаат қилган.

Агар Москва шаҳар маъмурияти руҳсат берса Каримов ҳайкали Ўзбекистон элчихонаси олдидаги ҳиёбонга ўрнатилиши мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматига яқин "Узметроном" веб-сайти ўз манбасига таяниб, Москвада Ислом Каримовга қўйиладиган ҳайкалнинг тантанали очилиш маросими 30 январ, Каримовнинг туғилган кунига мўлжалланаётгани ҳақида хабар қилди.

Ўзбекистонни 27 йил бошқарган Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрда мияга қон қуйилиш туфайли вафот этгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистондан мева-сабзавот экспорт қилаётган шахсларга имтиёзлар берилди

Имтиёзлар “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати томонидан берилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати МДҲ ва Болтиқбўйи давлатларига полиз экинлари, мева-сабзовот ва тез айнийдиган маҳсулотларни олиб чиқаётганларга имтиёзлар берилганини маълум қилди.

Жорий йилнинг 31 декабригача тез айнийдиган маҳсулотларни рефрижиратор секцияларида сақлаш учун олинадиган 3700 доллар миқдоридаги қўшимча тўлов бекор қилинди.

Бундан ташқари маҳсулотларни Ўзбекистон бўйлаб ташиш учун белгиланган тарифлар коэффициентлари 30 фоиздан 60 фоизгача арзонлатилди.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг билдиришича, эскпорт қилинаётган мева-сабзавотларни вагонларга юклаш муддати узайтирилган ва 4 сутка қилиб белгиланган.

Шунингдек, Қозоғистоннинг “KTZ Express” ширкати билан юк ташиш бўйича шартномани имзолаган шахсларга Қозоғистон ҳудудида транзит нархи 30 фоизга арзонлади.

Бердимуҳаммедов Мирзиёевни Туркманистонга таклиф қилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёевни Ашгабатга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Турманистон давлат ахборот агентлигининг билдиришича, 26 октябрь куни икки давлат президенти телефон орқали ўзаро суҳбатлашган. Мирзиёев ҳамкасбининг таклифини қабул қилган

. Ўзбекистон президентининг Туркманистонга ташриф қилишининг аниқ куни дипломатик каналлар орқали белгиланади.

Телефон суҳбати Ўзбекистон ташаббуси билан бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердумуҳаммедовни ва туркман халқини Туркманистон мустақиллигининг 25 йиллиги билан табриклади.

Ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиев Олимпиада медалидан маҳрум қилинди

Ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиев.

Халқаро Олимпия қўмитаси ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиев 2008 йилдаги Олимпиадада қўлга киритган кумуш медаль бекор қилинганини билдирди.

Халқаро Олимпия қўмитаси сайтида таъкидланишича, Жаҳон антидопинг агентлиги ўткизган қайта текширув пайтида Сослан Тигиевнинг пробасидан допинг топилган.

Аввалроқ эркин курашчи Сослан Тигиев қонидан допинг топилгани муносабати билан 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида олган кумуш медалидан ҳам маҳрум қилинган эди.

Халқаро Олимпия қўмитаси бундан аввал Пекин ва Лондон Олимпиадалари пайтида топширилган допинг пробалари қайта текширилганини билдирган эди.

Мазкур текширувлар ортидан ўзбекистонлик эркин курашчи Артур Таймазов ҳам 2008 йилдаги Олимпиада пайтида сазовор бўлган олтин медалидан маҳрум қилинган.

Тошкентда қурилаётган бино қулаши оқибатида 3 киши нобуд бўлди

26 октябрь куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани Фаробий кўчасида қурилаётган бино қулаши оқибатида 3 киши нобуд бўлди, 2 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.

Дастлабки тахминга кўра, бино қулашига қурилиш меъёрларининг бузилиши сабаб бўлган.

Вазирлик қутқарувчилари бино вайроналари остидан 2 кишини қутқариб олганлар ва нобуд бўлганларнинг жасадларини олиб чиққанлар.

Мазкур ҳолат бўйича Шайҳонтоҳур туман ички ишлар бошқармаси ва прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилмоқда.

Мирзиёев касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини кафолатловчи қонунни имзолади

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга оид қонунни имзолади.

Мазкур қонун 6 октябрь куни Ўзбекистон парламентининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 12 октябрь куни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланганди.

1948 йили АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида қабул қилинган конвенцияни шу пайтгача жаҳондаги 153 давлат ратификация қилган.

Ҳужжатда ишчилар ва иш берувчиларнинг ташкилот тузиш ва уларга аъзо бўлиш ҳуқуқи, бу ташкилотларнинг ўз низоми ва маъмурий регламентларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳаракат дастурини тасдиқлаш ва амалга ошириш ҳуқуқи, давлат идораларининг бирлашиш ҳуқуқини чекламаслиги ёки уни қонуний амалга оширишга тўсқинлик қилмаслиги, бу ташкилотларни тарқатиб юбориш ёки маъмурий тартибда улар фаолиятини тўхтатиб қўйишни таъқиқлаш ҳамда ишчилар ва иш берувчиларга эркин бирлашиш ҳуқуқини кафолатловчи чоралар кўриш кўзда тутилган.

АҚШ Давлат котиби муовини Тошкентга келади

АҚШ Давлат котибининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Томас Шэннон.

АҚШ Давлат котибининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Томас Шэннон Марказий Осиё сафари доирасида 27 октябрь куни Ўзбекистонга келади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, сафар чоғида Т. Шэннон мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинади ҳамда бошқа қатор учрашувларни ўтказади.

Бу америкалик дипломатнинг Марказий Осиёга илк сафаридир. АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, жаноб Шэннон минтақа мамлакатлари билан ҳамкорлик доирасида С5+1 гуруҳи билан мулоқотни давом эттиради.

Ўзбекистонга ташриф чоғида дипломатнинг Тошкентдан ташқари Самарқанд шаҳрида бўлиб, у ерда собиқ президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Т. Шэннон Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов билан Нью Йоркда учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилганди.

Атамбаев Ўзбекистонга Мирзиёв президент бўлишини истайди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистонга Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланишига умид қилади. Бу ҳақда Атамбаев 26 октябрь куни қатор мамлакатлар элчиларига ишонч ёрлиқларини топшириш маросимида билдирган.

Хитой элчиси Сяо Синхуага мурожаат қиларкан, Атамбаев кун тартибида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини амалга ошириш масаласи турганини эслатди.

- Ўзбекистонга Шавкат Мирзиёев президент бўлишини истайман. Бу одам билан мени қарийб 10 йиллик танишлик, балки танишликдан кўра кўпроқ нарса боғлаб туради. Эндиликда у ёки бу сабаблар билан аввал амалга ошмай қолган кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш фурсати келди. Бу Хитойга ҳам, Ўзбекистонга ҳам тегишли, - деди Қирғизистон президенти.

Эслатиб ўтамиз, чоршанба куни Ш.Мирзиёев ва А.Атамбаев ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган. Сўзлашув чоғида икки давлат раҳбари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан, ўзбек-қирғиз чегараси делимитацияси ва демаркациясини муваффақиятли якунлаш масаласини муҳокама қилганлар.

Кинорежиссёр Мелис Абзалов Швеция пойтахтида тупроққа қўйилди

Мелис Абзалов жаноза маросими

Ўзбекистонда таниқли кинорежиссёр Мелис Абзалов 26 октябрь куни Швеция пойхтати Стокҳолмда тўпроққа қўйилди, дея хабар беради Озодлик мобиль мухбири.

Унинг айтишича, жаноза маросимида 50дан зиёд ўзбекистонликлар ва режиссёр таниш ва яқинлари иштирок этди.

Мелис Абзалов 25 октябрда 78 ёшида юрак хуружидан оламдан ўтганди.

Абзалов сўнгги йилларда Швецияда қизи Назиранинг уйида яшаётган эди.

Кинорежиссёр яратган "Келинлар қўзғолони", "Суюнчи", "Чинор остидаги дуэль", "Майсаранинг иши, "Армон", "Ўтган кунлар", "Чимилдиқ" каби фильмлар ўзбек киносеварларига яхши таниш.

Мирзиёев ва Атамбаев телефон орқали суҳбатлашди

Ўзбекистон ва Қирғизистон байроқлари.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев бугун Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан телефон орқали суҳбатлашди.

Бу борада Қирғизистон президенти маъмурияти томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Президентлар суҳбатидан аввалроқ бугун эрталаб Ўзбекистоннинг 140 кишидан иборат делегацияси Ўшга келган эди.Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов раҳбарлигидаги делегация тантана билан кутиб олинди.

Учрашувда томонлар чегара олди ҳудудларининг ўзаро ҳамкорлиги масаласини муҳокама қилишлари режалаштирилган.

Октябрь ойининг бошларида 130 кишилик қирғиз делегацияси Тошкент таклифи билан Андижонга борган эди. Андижон учрашувида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш меморандумини имзолаган.

Тошкент ЗАГСларига талабаларни никоҳ рўйхатига олмаслик тўғрисида кўрсатма берилди

Тошкент ЗАГСларига лицей ва коллеж талабалари ўртасидаги никоҳни рўйхатга олмаслик тўғрисида кўрсатма берилди.

“Новости Узбекистана” нашрининг 25 октябрь куни билдиришича, Тошкент шаҳар ҳокимиятидан берилган мазкур кўрсатмада лицей ва коллеж талабалари ўқишни битирмай туриб турмуш қуришга ёшлик қилишлари таъкидланган.

Сўнгги пайтларда Тошкент ҳокимияти пойтахтда ажралишлар ва эрта турмуш қуриш масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Аввалроқ пойтахт ҳокими Раҳмонбек Усмонов ажрашаётган оилалар матбуотда шарманда қилинишини билдирган эди.

Хабарларда айтилишича,Тошкентда ажралишлар сони кескин кўпайган. Масалан, жорий йилнинг шу кунига қадар ажралишлар сони тузилган никоҳларга нисбатан 32 фоизини ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қонунчилигида йигитларга 18 ёшдан, қизларга 17 ёшдан турмуш қуришга рухсат берилади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG