Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2019, Тошкент вақти: 05:47

Ўзбекистон

Петербургда чақалоғини сотмоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл ушланди

31 март куни Санкт-Петербургда ўз боласини 800 минг рубль (11900 АҚШ доллари)га пулламоқчи бўлган ўзбекистонлик 33 яшар аёл қўлга олинди.

CA-NEWS агентлиги маълумотига кўра, ўзбекистонлик аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, тергов-суриштирув жараёни бошланган.

Аёлнинг пулламоқчи бўлган чақалоғи 6 ойлик бўлган.

Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўз фарзандларини сотишга уринишлари билан боғлиқ воқеалар аввал ҳам учраган.

Жумладан, яқинда Москва вилоятида уч ойлик чақалоғини 70 минг рублга (тахминан 1130 АҚШ доллари) пуллашга уринган ўзбекистонлик аёл қўлга олинган.

Ўзбекистон 5 йилда озиқ-овқат саноатига 600 млн доллар сарфламоқчи

Мева-сабзавот экспорти 5 йил ичида 2,7 мартага оишрилиши иддао қилинаяпти.

Ўзбекистон озиқ-овқат саноатини ривожлантириш учун 2016-2020 йиллар мобайнида 595,9 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишни режалаштирмоқда.

Uzdaily.uz сайти маълумотига кўра, бунинг учун 180та инвестициявий лойиҳалар амалга оширилади.

Режага кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар қурилади. Айрим корхоналар таъмирланиб, модернизация қилинади.

Янги лойиҳани амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий сармоялар жалб қилинади.

Ушбу лойиҳа амалга оширилса, 200га яқин турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, мева-сабзавотлар экспорти 2,7 мартага оширилиши иддао қилинмоқда.

Сенатда прокуратура устидан назорат қилувчи комиссия тузилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилди.

Ўзбек сенаторлари Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида бу ҳақдаги қарорни тасдиқлади.

Қарорга кўра, комиссия аъзолари сенаторлар орасидан мамлакатнинг барча минтақаларидан вакил бўлган ўн беш кишилик таркибда Сенат томонидан сайланади.

Комиссия зиммасига прокуратура органлари фаолиятини ҳар томонлама назорат қилиш юклатилган.

Петербургда ўзига ўт қўймоқчи бўлган ўзбек аёли қутқарилди

Аёл ўзига ўт қўйишидан аввал қутқарилган.

30 март куни Санкт-Петербургдаги "Южный полюс" савдо марказида устига бензин қуйиб, ўзини ёқмоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл қутқариб қолинди.

Бу ҳақда хабар қилган Piter.tv телеканалига кўра, ўзбекистонлик аёл савдо марказининг одамлар гавжум жойига бориб, устига бензин қуйган ва гугурт чақмоқчи бўлган пайти марказ қоровуллари аёлни тўхтатиб қолган.

Аёл эрининг доимий калтаклашлари боис жонидан тўйгани ва шунинг учун ўзини ўлдирмоқчи эканини айтган.

Полиция вазиятни ўрганиш учун бу аёлни ўз идорасига олиб кетган.

Тошкентда йўл ҳақи ошади

1 апрелдан бошлаб Тошкентдаги жамоат транспортининг барча турларида йўлкира 20 фоизга ошади. Эндиликда пойтахт автобуслари ёки метросидан фойдаланадиган йўловчилар 1000 сўм эмас, 1200 сўм тўлашларига тўғри келади.

Маҳаллий агентликларнинг “Тошшаҳартрансхизмат” ширкатидан олинган маълумотларга асосланган ҳолда хабар қилишича, йўлкиранинг оширилишига ёқилғи-мойлаш материаллари, электр энергияси ва эҳтиёт қисмлар учун харажатлар ошгани сабаб бўлган.

Аввалроқ Озодлик 1 апрелдан Тошкентда иссиқ ва совуқ сув, газ ва электр энергияси учун тўланадиган ҳақ ошиши ҳақида хабар қилганди.

Тошкентда жамоат транспортида йўл ҳақи охирги марта 2014 йил 15 июнидан оширилган.

Каримов Путин билан хавфсизлик ва савдо алоқаларини муҳокама қилади

Каримов ва Путин 2015 йил 16 октябрида Қозоғистонда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 25-26 апрель кунлари Москвага қиладиган расмий сафари давомида асосан Афғонистондаги вазият муносабати билан минтақада юзага келган хавфсизлик муаммолари¸ шунингдек Россия-Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар муҳокама қилинади.

Интерфакс агентлигининг Кремлдаги манбасига таяниб ëзишича¸ Афғонистон шимолидаги вазиятнинг ëмонлашиб бораëтгани бу масалани ўзаро муҳокамага қўйишни тақозо қилмоқда.

Айни пайтда¸ Европа ва Туркиядан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб олишга Россия киритган санкциялар ортидан ўзбек мева-сабзавотлари экспортини кўпайтириш ҳам Путин ва Каримов музокараларида тилга олинадиган асосий мавзу қилиб белгиланган.

Москвада ишидчиликда айбланиб қўлга олинганларнинг аксари ўзбеклардир

Россия ҳуқуқ тизимларининг маҳаллий матбуотга билдиришича¸ Москвада “Исломий давлат” террор гуруҳига алоқадорликда гумонланиб 20 га яқин одам қўлга олинган ва уларнинг кўпчилиги ўзбекистонликлардир.

Россия матбуотига кўра¸ Федерал хавфсизлик хизматининг полиция билан биргаликда ўтказган амалиëтлари давомида 20 га яқин одам ҳибсга олинди ва улар дастлабки тахминларга кўра¸ ИШИДга янги одам қидириш ва ëллаш билан шуғулланганлар.

Айтилишича¸ махсус амалиëтлар Москвадаги бир қатор манзилда¸ хусусан¸ Симоновский валдаги хусусий квартиралардан бирида ўтказилган. Ҳибсга олинганларнинг телефон ва компютерлари мусодара қилинган¸ улар ëнидан турли давлатлар¸ хусусан¸ Туркия паспортлари топилган. Россия ҳуқуқ тизимларига кўра¸ бу паспортлар сохта ва улар ИШИДга ëлланганларнинг Россия ҳудудидан ортиқча текширувсиз чиқиб кетишини таъминлаш мақсадида ҳозирланган.

Федерация кенгаши Ўзбекистон қарзининг 95 фоизидан воз кечиш келишувини маъқуллади

Россия парламентининг юқори палатаси – Федерация кенгаши 30 март куни Ўзбекистоннинг 885 миллион долларлик қарзидан кечишга оид қонунни ратификация қилди.

2014 йилнинг 10 декабрь куни Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сафари чоғида имзоланган ушбу келишув 27 март куни Дума депутатлари томонидан маъқулланган эди.

Россия томони Ўзбекистон қарзини 889 миллион 300 минг доллар миқдорида белгилаган бўлса¸ Ўзбекистон бу қарзнинг фақат 43 миллион 100 минг долларини тан олган ва ўз навбатида Москвани собиқ СССР Олмос фонди орқали Ўзбекистондан камида 1 миллиард доллар қарздорга чиқарган.

Федерация кенгаши ратификация қилган ҳужжатда Ўзбекистоннинг Олмос фондига нисбатан эътирозларидан воз кечиши эвазига¸ 889 миллион 300 минг долларлик қарзнинг 95 фоизини ўчириш кўзда тутилади.

Келишувга кўра¸ эндиликда ўзбек томони 30 кун ичида Россияга 25 миллион доллар тўлаши керак ва шундан сўнг бу тортишув мутлақ ҳал этилган деб ҳисобланади.

Дума энагалар танлови ва фаолиятини кучли назоратга олишни сўрамоқда

Ўзбекистонлик энага Гулчеҳра Бобоқулова ўз қарамоғидаги болани ўлдириб¸ уйига ўт қўйди.

Россия Давлат Думаси қошидаги Оила¸ хотин-қизлар ва болалар масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Ольга Епифанова ҳукуматдан хусусий хизматчилар ëллаш билан шуғулланувчи агентликлар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш вазияти ҳақида ҳисоб беришни сўради.

Депутатнинг бундай сўровига ўзбекистонлик энага Гулчеҳра Бобоқулова амалга оширган даҳшатли қотилликдан сўнг россияликлар йўллаган шикоят мурожаатлари асос бўлган.

Дума қўмитаси раҳбари вояга етмаганлар¸ хусусан¸ эмизикли болаларга қаровчи энагаларнинг қандай танланиши¸ улар фаолиятининг қандай назорат қилиниши ҳақида ҳукуматнинг тегишли идораларидан ҳисобот талаб қилмоқда.

Дума депутатлари болага қараш билан фақат руҳий жиҳатдан соғлом одамлар шуғулланиши лозимлигини таъкидлаëтган бир пайтда¸ бундай саломатликни қандай аниқлаш масаласи ҳозирча ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан мавҳумлигича қолмоқда.

Февраль охирида Ўзбекистонлик энаганинг ўз қарамоғидаги тўрт яшар касал қизчани ўлдириб¸ бошини танасидан жудо қилгани Россияда катта шов-шув ва норозиликларга сабаб бўлди.

Ҳозирда Бобоқулова "Бутирка" ҳибсхонасининг руҳий касалликлар бўлимида сақланмоқда.

ЕХҲТ раиси Тошкентни инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга чақирди

Президент Ислом Каримов Германия ташқи ишлар вазири ва Европада хавфсизлик ҳамда ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк Вальтер Штайнмайерни (ўнгда) Оқсаройда қабул қилди.

Германия ташқи ишлар вазири ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон ҳукуматини “инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга” чақирди. Ғарб агентликларининг билдиришича, бу ҳақда у Тошкентда ҳукумат расмийлари билан учрашуви пайтида гапирган.

Ўзбекистон президенти чоршанба куни Франк Вальтер Штайнмайерни Тошкентда қабул қилди. ЎзАнинг билдиришича, учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон-Германия сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

Хабарларда айтилишича, сўнгги 15 йил ичида Германия Ўзбекистон иқтисодига 784 миллион доллар сармоя ётқизган. Ўзбекистонда Германия сармоядорлари иштирокида 113 корхона фаолият кўрсатмоқда.

Франк Вальтер Штайнмайер 30 мартдан Марказий Осиё сафарини бошлаган эди. У Тошкент сафарини якунлагач, Қирғизистон ва Тожикистонга сафар қилади.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудуд масаласи Қирғизистон парламентида муҳокама қилинди

Унгартепа-Ункуртоғ кўриниши.

Қирғизистон парламенти 30 март куни Ўзбекистон билан баҳсли бўлиб турган Ункуртоғ масаласини ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилди.

Ўзбекистонда Унгартепа, деб аталувчи мазкур ҳудудда Қирғизистон телеретрансляторлари ва Ўзбекистоннинг телефон сигналларини тарқатувчи станцияси мавжуд. Ўзбекистон мазкур ҳудудни ўзига қарашли, деб билади.

29 март куни қирғиз ҳукумати гўёки Ункуртоғни Ўзбекистонга тегишли эканини тан олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган ва исбот сифатида ҳукуматнинг бу борадаги протоколининг фотонусхаси эълон қилинган эди.

Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев парламентда ўтган муҳокамада ҳукуматнинг бундай қарори борлигини рад этди ҳамда Ункуртоғ Ўзбекистонга тегишли эканини тан олиш тўғрисидаги ҳеч қандай ҳужжатни имзоламаганини билдирди.

Депутатлар бу масалага ойдинлик киритиш учун Бош прокуратурага тергов ўтказиш ҳақида кўрсатма берди.

"Zamondosh" портали ўз фаолиятини тўхтатади

"Zamondosh" портали асосчиси Ризохўжа Обидов, Прагада олинган сурат.

Ўзбек тилидаги "Zamondosh" портали ўз фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда портал жамоаси 30 март куни қарор қабул қилди.

“Биз барча муштарийлар, ҳамкорлар, стрингерлар ва биз билан 2007 йилдан 2016 йилгача бўлган барчага миннатдорчилик билдирамиз”, дейилади портал номидан тарқатилган билдирувда.

Портал жамоаси нашр фаолияти тўхтатилиши сабабларини очиқламаган. Порталнинг ёпилиши унинг асосчиси ўлими билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда.

30 март куни "Zamondosh" сайти асосчиси, ўзбекистонлик таниқли журналист Ризохўжа Обидов оғир хасталикдан сўнг Ҳолландиянинг Тиль шаҳридаги касалхонада 58 ёшида оламдан ўтгани хабар қилинган эди.

Тошкентнинг 120 та чорраҳасига видеокамера ўрнатилди

Пойтахтнинг йирик чорраҳаларида йўл ҳаракатини видеокузатиш тизими яқин ойларда ишга туширилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ЙҲХБ раҳбари подполковник Барат Маменовдан олинган маълумотларга таяниб, Ўзбекистондаги веб-нашрлар хабар қилди.

Kun.uz сайтига кўра, Тошкент шаҳрининг120та чорраҳасида камералар ўрнатиш ишлари поёнига етган вайўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари синов тариқасида видеотасвирга олинмоқда. Илк босқичда, камералар давлат рақами ва машина тезлигини қайд эта олади.

"Мабодо, камера ЙҲҚ бузилишини қайд этгудек бўлса, автомобиль эгасининг уйига жарима тўғрисида мактуб келади. Бунда, айни қоидабузарлик вақтида машинани ким бошқаргани муҳим эмас. Аммо, автомобиль эгаси, ЙҲҚ бошқа шахс томонидан бузилганини исботлай олса, жарима айбдор ҳайдовчи номига қайта расмийлаштирилади", – деган Тошкент шаҳри ЙҲХБ раҳбари.

Ўзбекистонда беш йилдан буён қоидабузарликларни видеоқайд этиш тизими қўлланаётганига қарамай, ўтган йилдан бошлаб камера воситасида қайд қилинган ЙҲҚ бузилишига ҳам маъмурий жавобгарлик жорий қилинган, 2016 йилнинг мартидан бошлаб янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари амал қила бошлади, деб хабар қилди kun.uz сайти.

Ўзбекистон милициясининг намунали таянч пунктларига Matiz автомашиналари берилди

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, 29 март куни Тошкентдаги “Туркистон” саройида “Намунали милиция таянч пункти” кўрик-танлови мамлакат босқичи бўлиб ўтди ва ғолибларга Matiz автомобиллари топширилди.

Якуний босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичларида ғолиб бўлган 14 милиция таянч пункти иштирок этди, деб хабар қилди ЎзА.

Айтилишича, танлов якунига кўра, Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани “Истиқлол” маҳалласидаги 294-сонли, Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Далварзин” маҳалласидаги 194-сонли, Бухоро вилояти Ромитан тумани “Ромитан” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 94-сонли, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани “Қилчиноқ” овулидаги 199-сонли милиция таянч пунктлари ғолибликни қўлга киритган.

Тошкентда биринчи космонавт Юрий Гагаринга ёдгорлик ўрнатилади

Инсоннинг коинотга илк бор парвоз қилганига 55 йил тўлиши муносабати билан биринчи фазогир Юрий Гагариннинг бронзадан ясалган бюсти Ўзбекистонда ўрнатилади, деб хабар қилди Ўзбекистондаги веб-нашрлар.

Алексей Леонов томонидан ишланган бюст 12 апрель куни Тошкентдаги Политехника музейига тантанали топширилади.

Айтилишича, тадбир Тошкентдаги Россия фан ва маданият маркази ҳамда “Маданият мулоқоти - Ягона олам” хайрия фонди ташаббуси билан ўтказилади. Унда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси В.Тюрденев, Ўзбекистон ва Россия Фанлар Академияси, Воҳидов Халқаро ёшлар аэрокосмик фонди вакиллари, олимлар иштирок этади.

1961 йил 12 апрель куни Юрий Гагарин “Восток” ракетасида “Бойқўнғир” космодромидан фазога учган. 108 дақиқа давомида ракета Ер шарини бир марта айланиб чиқиб, Саратов вилояти, Смеловка қишлоғи ҳудудига қўнган.

Биринчи рус-совет космонавтига Тошкентда ёдгорлик ўрнатилиши ўзбек маданиятида чуқур из қолдирган машҳур арбобларнинг номлари шаҳарлар, туманлар, кўчалар, ҳиёбонлар, метро бекатлари ва бошқа объектлардан ўчирилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Осиё тараққиёт банки: Ўзбекистонда инфляция 2016 йили 10%, 2017 йили 11%ни ташкил қилади

11Apr2012

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ички ялпи маҳсулоти ўсиши ҳажмига доир прогноз кўрсаткичларини пасайтирди. Бу ҳақдаги маълумотлар ОТБнинг йиллик “Осиё тараққиёти обзори - 2016” ҳисоботида эълон қилинди.

ОТБга кўра, 2016 йили Ўзбекистонда ички ялпи маҳсулоти ўсиши суръати аввал прогноз қилинган 7,2 фоиздан 6,9 фоизга пасаяди, инфляция эса 10 фоизни ташкил қилади.

Банк ҳисоботида айтилишича, прогнознинг пасайтирилиши Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатлардаги мураккаб иқтисодий вазият билан боғлиқ.

Келаси йили ички ялпи маҳсулот ўсиши суръати 7,3 фоизни, инфляция эса, 11 фоизни ташкил қилиши башорат қилинди.

Ўзбекистон ички ялпи маҳсулот ўсиш суръати бундай ўсиш деярли тўхтаб қолган Россия фонида тушунарсиз кўринишини ўзбекистонлик баъзи мустақил иқтис идчилар Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмининг кичиклиги билан тушунтиради.

Ўзбекистонлик таниқли журналист Ризо Обид Ҳолландияда вафот этди

Ўзбек журналисти Ризо Обид (Прага шаҳрининг Вацлав майдонида олинган сурат).

Ўзбекистонлик таниқли журналист, Замондош сайти асосчиси Ризохўжа Обидов оғир хасталикдан сўнг Ҳолландиянинг Тил шаҳридаги касалхонада 30 мартга ўтар кечаси 58 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Озодликка Замондош сайти муҳаррири Анвар Каримов маълум қилди.

Ризо Обид тахаллуси билан ижод қилган Ризохўжа Обидов 1958 йил 1 январида Наманганда туғилганди. Қатор маҳаллий ва халқаро нашрлар билан ҳамкорлик қилиб келган Ризо Обид 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг тазйиқлар туфайли Ўзбекистонни тарк этган ва Ҳолландиядан бошпана олиб яшаётганди.

Озодлик радиоси маҳрумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Ўзбек футболчилари баҳрайнликларни 1:0 ҳисобида мағлуб этди

Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзолари.

2018 йилда ўтказилажак жаҳон чемпионати Осиё саралаш мусобақаси иккинчи босқичининг сўнгги учрашувида футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси баҳрайнлик футболчиларни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида кеча оқшом ўтказилган ўйинда ягона голни Сардор Рашидов киритди.

21 очко билан Н гуруҳида биринчиликни сақлаб қолган Ўзбекистон терма жамоаси шу тариқа саралаш ўйинларининг ҳал қилувчи 3-босқичига йўлланма олди. Бу босқич учун 12 апрель куни қуръа ташланади.

Каримов келаси ой охирида Москвага расмий сафар қилади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 25-26 апрель кунлари расмий ташриф билан Россияга боради.

Бу ҳақда РИА Новости ахборот агентлиги Россия Молия вазири Сергей Сторчак сўзларига таяниб хабар қилди.

Жаноб Сторчакнинг таъкидича, Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи чоғида кўтариладиган асосий мавзулардан бири ўзбек қуролли-кучларига ҳарбий ускуналар етказиб бериш масаласи бўлади.

Ўтган йили Россия президенти Владимир Путин Уфа шаҳрида бўлган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити пайти Каримовни Москвага таклиф этган эди.

Германия ташқи ишлар вазири Тошкентга сафар қилади

Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер 30 март куни Тошкентга келади.

Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати 29 март куни маълум қилди.

Ташриф давомида Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва бошқа ўзбек расмийлари билан учрашади.

Ўзбекистон ТИВ баёнотида айтилишича, сўзлашувлар чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Франк-Вальтер Штайнмайер айни вақтда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси ҳамдир.

Каримов ва Путин ўзбек армиясини модернизациялаш масаласини муҳокама қилади

Путин 2014 йил 10 декабрида Тошкентга келган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Москвада президент Владимир Путин билан ўзбек армиясини замонавий қуроллар билан таъминлаш масаласини муҳокама қилади.

Ўзбекистон президентининг Москвага сафари 25-26 апрель кунларига режалаштирилган.

“Новости” агентлиги Россия молия вазирининг ўринбосари Сергей Строчакка таянган ҳолда, президентлар музокаралар давомида ўзбек армиясини модернизациялаш масаласини ҳам муҳокама қилишларини билдирди.

Президент Владимир Путин Ислом Каримовни 2015 йил Уфада ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити пайтида Москвага расмий сафар билан келишга таклиф қилган эди.

Тошкентда Гагарин бюсти ўрнатилади

Юрий Гагарин.

Тошкентда одам биринчи марта коинотга парвоз қилганининг 55 йиллигини нишонлаш доирасида Совет Иттифоқи қаҳрамони, жаҳонинг энг биринчи фазогири Юрий Гагаринга бронза бюст ўрнатилади.

Бюстни ўрнатиш ташаббуси РосссотрудничествонингЎзбекистондаги ваколатхонаси ва “Маданиятлар диалоги - Ягона дунё” халқаро ҳайрия ташкилоти томонидан кўтарилган. Бюст Тошкент политехника музейи биносига 12 апрель куни ўрнатилади.

Тошкентда бундан аввал Совет Иттифоқи даврини эслатувчи бир қатор ҳайкаллар, жумладан, Иккинчи Жаҳон урушига оид ёдгорликлар бузиб ташлангани ёки бошқа жойларга кўчирилгани хабар қилинган эди.

Аҳолини алдаб газни қиммат пуллаган мулозим судланди

Жиззах вилоятидаги “Дўстликтумангаз” идораси омбор мудири Адҳам Маматов аҳолини алдаб, газни қиммат нархда пуллаганлик айблови билан маҳкамага тортилди.

“Ҳуқуқ” газетаси ёзишича, Маматов суюлтирилган газ баллонларининг ҳар бири учун 2 мингдан 5 минг сўмгача устама нарх қўйиб, сўнгги уч йил давомида жами 12 миллион 66 минг сўм пулни ноқонуний равишда ўзлаштирган.

Маматов бу пулларни Дўстлик туманидаги “Қаҳрамон”, “Саритепа”, “Олтин водий”, “Бунёдкор” ва “Наврўз” маҳаллаларида яшовчи аҳолини алдаб ўзлаштирган.

Нашр хабарига кўра, Маматов етказилган моддий зарарни қоплаган. Бироқ унга нисбатан қандай жазо қўллангани очиқланмаган.

Ўзбекистонда ўтган йили 16 млрд долларлик инвестиция ўзлаштирилди

Хорижий инвестициянинг 59,1 фоизи ёқилғи-энергетика соҳасига сарфланган.

Ўтган йили Ўзбекистонда 40,737 триллион сўмлик (15,7 миллиард долларлик) инвестиция ўзлаштирилди.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси ҳисоб-китобича, инвестициялар бўйича ўтган йилги кўрсаткичлар 2014 йилга нисбатан 9,6 фоизга яхшиланган.

Хорижий инвестиция ва кредитларнинг 59,1 фоизи ёқилғи-энергетика соҳасига, 19,2 фоизи транспорт ва алоқа соҳасига, 3,6 фоизи енгил саноат соҳасига, 1,4 фоизи кимё ва нефт-кимё саноатига жалб этилган.

Жорий йил январида Жаҳон банки Ўзбекистонга 4 миллиард долларлик кредит беришини билдирганидан сўнг халқаро ҳуқуқ фаоллари, касаба уюшмалари ва бизнес соҳаси вакилларидан иборат Cotton Campaign коалицияси 9 март куни Вашингтонда Жаҳон банки президенти Жим Кимга Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига кредит беришни тўхтатиб туриш талаби билан петиция топширди. Петицияни бутун дунё бўйлаб 140 минг одам имзолаган.

Ўзбекистон тезюрар поездлар рейтингида 17-ўринни эгаллади

Ўзбекистон тезюрар поездлар рейтингида 20 давлат ичида 17- ўринни эгаллади.

GoEuro нашри тузган ушбу рейтинг Global High-Speed Train Ranking дея номланади.

Рейтинг поездларнинг рекорд тезлиги, операциявий тезлиги, темирйўл йўналишлари ва аҳолининг қамрови бўйича кўрсаткичларни инобатга олиб тузилган.

GoEuro ҳисоб- китобича, Ўзбекистонда поездларнинг тезлиги соатига 255 километрни, операциявий тезлик эса 250 км/соатни ташкил қилади.

Рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон темирйўл тизимида тезюрар поездларнинг улуши 8,21 фоизни ташкил қилади ва аҳолининг 9,01 фоизи тезюрар поездлардан фойдаланади.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон аҳолиси тезюрар поезднинг 1 километри учун 0,18 евро тўлайди ва бу кўрсаткич бўйича мамлакат дунёда 11 ўринни эгаллайди.

Рейтингда Япония, Жанубий Корея ва Хитой асосий учликни эгаллаган.

Ўзбекистонда Испаниянинг Talgo S. A. ширкатига қарашли “Афросиëб” тезюрар поездлари 2011 йилдан бошлаб Тошкент-Самарқанд йўналишида қатнай бошлаган. Электропоезд Тошкент билан Самарқанд орасидаги йўлни 2 соат ичида босиб ўтади.

Ўтган йил августидан бошлаб “Афросиëб” позедлари Қаршига ҳам қатнай бошлади.

Бундай тезюрар поезд Бухоро ва Хивани ҳам Тошкент билан боғлаши режаланган.

Электропоездлар қатновини йўлга қўйиш учун Самарқанд вилояти Жума шаҳарчасидаги ўнга яқин уй бузилган.

Темир йўл қурилиши боис айни вилоятнинг Нурбулоқ шаҳарчасидаги шифобахш иссиқ сув чиқадиган бир неча саломатлик марказлари ҳам ëпиб қўйилгани ҳам айтилди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG