Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 09:38

Ўзбекистон

8 ойда ярим миллиондан ортиқ ўзбекистонлик иш излаб мамлакатдан чиқиб кетди

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияга одатда автобусларда боради. Бу автобус йўлда бузилиб қолиб, унинг йўловчилари 6 кун совуқда қолган эди. Саратов области, 26.12.2016

2017 йилнинг 8 ойида Ўзбекистондан577 933 нафар ёшлар чет элга иш қидириб чиқиб кетган. Уларнинг 2,5 фоизи вояга етмаганлардир.

Бу ҳақда Ёшлар иттифоқининг марказий кенгаш йиғилишида эълон қилинган маълумотларга таяниб, Diydor aziz сайти хабар қилди.

Айтилишича, Андижонда 70 мингдан ортиқ, Фарғонада 65 минг ва Бухорода 64 мингдан зиёд ёшлар чет элларда ишламоқда.

“Ёшлар иттифоқи кенгашида ёшлар иш қидириб чет элга чиқиб кетаётганлигининг сабабларини ўрганиб, ечим излаш кимнинг вазифаси эканлиги сўроқ остига олинган”, дейилган хабарда.

Биргина Россияда, расмий маълумотларга қараганда, қарийб 2 млн. ўзбекистонлик меҳнат мигранти бор.

Ўзбекистонда доллар ва евро яна қимматлади

Марказий банк биноси.

Марказий банк 2017 йил 28 ноябрдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилади.

Шундай қилиб, 28 ноябрдан бошлаб АҚШ доллари курси 20 ноябрда ўрнатилган курсдан 10,77 сўмга ўсди ва бир доллар 8095.88 сўмни ташкил этди.

Евро курси 166,46 сўмга қимматлаб, 1 евро 9659, 53 сўмга тенг бўлди.

Намангандаги хусусий корхонада юз берган ёнғинда бир ишчи ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Наманганда полиэтилен ишлаб чиқарувчи Неat Source Industry хусусий корхонасида юз берган ёнғин оқибатида корхонанинг бир ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда ёнғин ўчишириш хизматига таянган ҳолда Podrobno.uz нашри хабар берди.

Хабарда билдирилишича, Наманган шаҳри Марғилон кўчаси 218-уйда жойлашган хусусий корхонада ёнғин 23 ноябрь куни соат 11ларга яқин бошланган.

350 квадрат метр майдонга эга корхонада бошланган ёнғин пойабзал ишлаб чиқарувчи “Пантера саноат сервис”, кийим-кечак тикувчи “Асрор текстиль”, ойнак цехи, терини қайта ишлаш цехи, “Асил шароф гўшт маҳсулотлари” ширкатига қарашли музлаткичли омборхонага туташиб кетган. Натижада ёнғин 2000 квадрат метрдан кўпроқ ҳудудни қоплаган.

Ёнғинни ўчиришга 19та ўт ўчирувчи машина жалб қилинди. Ёнғин суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш техник хавфсизлиги бузилгани ортидан юз бергани таҳмин қилинмоқда.

Хабарда ҳалок бўлган ишчининг шахси очиқлангани эмас. Бу воқеа юзасидан жиноят иши очилди.

Ўн ойда 177 милиционер жиноий жавобгарликка тортилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 177 нафар милиция ходими порахўрлик, таъмагирлик ва бошқа жиноятларни содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда 26 ноябрь куни Sputnik нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Ички ишлар вазирлигида ўтган видеоселектор йиғилишида интизомий жазога тортилган ходимлар сони ўтган йилга нисбатан жорий йилда 285 нафарга кўпайгани қайд этилган.

“Йиғилишда, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчилик бузилиши ҳолатлари юзасидан чуқур таҳлил олиб бориш, уни келтириб чиқарувчи сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатларнинг келгусида содир этилишини олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар белгиланган”, деб ёзди Sputnik нашри.

Самарқанд янги ҳокими "Samarkand City" олимпия шаҳарчасини қуришни ваъда қилди

Регистон мажмуаси, Самарқанд (иллюстратив сурат)

Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев шаҳарда Осиё ўйинлари халқаро стандартига жавоб берадиган олимпия ўйинлари шаҳарчаси қурилишини ваъда қилди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, ҳоким шаҳардаги эшкак эшиш спортига мосланган канал бўйида 2017 йилги ҳосил мавсумига бағишлаб ўтказилган "Ҳосил байрами"да чиқиш қилган.

"Эшкак эшиш канали ҳудудида Осиё ўйинлари даражасидаги халқаро спорт турнирларини бемалол қабул қила оладиган Олимпия шаҳарчаси ҳам бунёд этилади", дея ҳоким Туроб Жўраевдан иқтибос келтирди, Kun.uz нашри.

Шунингдек, ҳоким вилоятдаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси атрофида 27 та етти қаватли меҳмонхона қурилишини билдирган.

Туроб Жўраев 2008 йилда Сурхондарё вилояти ҳокими бўлган, Ислом Каримов президентлиги даврида сўконғич, уронғичлиги билан танилган ҳоким эди.

У 2013 йилда мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб Қашқадарё ҳокими вазифасидан четлатилган эди.

Шавкат Мирзиëев президентликка сайлангач, аввалига, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, октябрь ойида эса, вилоят ҳокими этиб тайинланди.

Кореяда президент Мирзиёев исми билан номланган китоб чоп этилди

Президент Мирзиёев исми билан номланган китоб муқоваси ва илк саҳифаси

Кореяда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти сифатидаги илк йили ҳақида битилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб корейс тилида, 50 минг нусхада чоп этилди.

Президент матбуот хизматининг 23 ноябрь куни хабар қилишича, шу йилнинг сентябрь ойида чоп этилган 320 саҳифалик китобда Шавкат Мирзиёевнинг президент вазифасини бажарувчи, сўнгра президент сифатидаги фаолияти ҳикоя қилинган. Унинг турли саналар ва минбарларда сўзлаган нутқларидан иқтибослар берилган.

"Китобнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” номли бобида ушбу дастур чуқур таҳлил қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсатдаги минтақавий ҳамкорликнинг янги суръатига туртки бўлган, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан алоқаларини янги босқичга олиб чиққан ташаббуслари ҳақида сўз юритилган", дейилади расмий хабарда.

Хабарда айтилишича, бу китоб “Uz Kor Economy Media Group” томонидан чоп этилган, муаллиф "машҳур журналист ва ёзувчи Чо Чоль Хёндир".

Президент Мирзиёев Мисрдаги террор акти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Мисрнинг Синай ярим оролида содир этилган террор актидан сўнг йиғилган издиҳом, 24 ноябрь, 2017 йил.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мисрнинг Синай ярим оролида амалга оширилган террорчилик акти муносабати билан мамлакат Президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сисига ҳамдардлик билдирди.

24 ноябрь куни Синай ярим оролидаги масжидга жума намози пайтида қилинган террорчилик ҳужуми оқибатида 235 одам қурбон бўлди, 100дан ортиғи яраланди.

Ҳужумга масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ зиммасига олгани йўқ. Ҳодиса ортидан Мисрда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Миср армияси бу ҳужумдан сўнг бошланган аксилтеррор амалиёти доирасида 25 ноябрь куни Эр-Рисан қишлоғида 30 жанггари ўлдирилганини маълум қилди.

Sky News Arabia агентлиги берган хабарда айтилишича, ҳаводан берилган зарбаларда жанггари гуруҳларга тегишли, деб кўрилган бир қанча автомобиль ва уйлар яксон қилинган.

Ўзбекистондаги ҳар бир меҳмонхонада энди Қуръон ва жойнамоз бўлади

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатдаги ҳар бир меҳмонхонада диний китоблар, жумладан, мусулмонлар учун Қуръони карим ва ибодат қилиш учун жойнамоз ва қиблани кўрсатувчи белги бўлишини билдирди.

Қўмита расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда мазкур тартиб 2018 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган қоидаларга мувофиқ йўлга қўйилишини айтди.

- Биз мамлакатимизга келадиган меҳмонларнинг диний эътиқод қилишларида қулайлик яратиш мақсадида шундай тартибни йўлга қўймоқдамиз. Ўзбекистондаги ҳар бир меҳмонхонада энди Қуръон ва жойнамоз бўлади. Бундай қоида чет давлатларда ҳам бор. Кўпчилик меҳмонхоналарда Инжил китоблари бор, - деди қўмита мулозими.

Ўзбекистондаги меҳмонхоналарда бошқа динга эътиқод қилувчилар учун ҳам шароитлар бўладими? Инжил ва Таврот китоблари ҳам бўладими?

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу саволга шундай жавоб қилди.

- Албатта, Ўзбекистон турли дин мансубларидан иборат мамлакат, агар меҳмон шундай китобларни сўраса меҳмонхона ёрдам беради, бу умумий тажрибада бор нарса, - деди қўмита мулозими.

Бундан аввал Тошкент аэропортида намозхона очилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Ўзбекистон Конституциясида дин ёки эътиқод эркинлиги кафолатланган бўлса ҳам, амалда хавфсизликни эркинликдан устун қўйиб, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд назорат қилиниши айтиб келинади.

Тошкент милицияси Зангиотадаги оммавий ҳибслар юзасидан изоҳ берди

Тошкент шаҳар милицияси Тошкент шаҳри ва Зангиота, Чиноз ва Янгийўл туманларида диндорларнинг оммавий ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ берди.

Тошкент шаҳар ИИБси мулозими Дониёр Тошхўжаев UzNews.uz мухбирига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244- (Оммавий тартибсизликлар) моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган ва 2009 йилда Тошкент шаҳар Учтепа туман ИИБ тергов бўлими томонидан қидирувга берилган Гўзал Тўхтахўжаевани қўлга олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг қаердалигини биладиган, у билан мулоқотда бўлиши мумкин бўлган, лекин бу ҳақда ички ишлар органларига хабар бермаган шахсларни сўроқ қилаётганини тасдиқлаган.

Бундан ташқари, Тошхўжаев ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Гўзал Тўхтахўжаеванинг қаердалигини аниқлаш учун Чиноз ва Янгийўл туманларида яшовчи фуқароларни сўроқ қилишмаганини алоҳида таъкидлаган.

Ўтган ҳафта Озодлик Тошкент ва Зангиотада "қора рўйхат"дан ўчирилган тўқсонга яқин диндор ушланиб, соатлаб сўроқ қилингани, уйларида тинтув ўтказилгани, айримлари ҳибсда олиб қолингани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон ва Россия Хавфсизлик кенгашлари ўртасида ҳамкорлик режаси имзоланди

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ўртасида ўтказилган учрашуви натижалари бўйича ҳамкорлик режаси имзоланди. Бу ҳақда ТАССга таяниб, Kun.uz хабар қилди.

Қайд этилишича, Патрушев МДҲ давлатларидан бўлган ҳамкасблари билан икки томонлама музокаралар ўтказган.

Хусусан, "Патрушевнинг учрашувлари натижалари бўйича Беларусь Хавфсизлик кенгаши давлат котиби Станислав Зась, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов билан ҳамкорлик режалари имзоланди".

Шунингдек, Молдова Хавфсизлик Кенгаши Олий кенгаши котиби Артур Гуменюк ва РФ Хавфсизлик кенгаши котиби ўртасида хавфсизлик кенгашлари девонлари ўртасида ўзаро алоқалар ҳақида баённома имзоланди.

Патрушевнинг Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Абдураҳим Қаҳҳоров билан учрашувида “икки давлат махсус хизматлари ва кучишлатар тузилмаларининг ўзаро муносабатлари масалалари кўриб чиқилди”.

Адлия вазири ҳокими ўқитувчиларни калтаклаган Сайхунобод туман аҳолиси билан учрашади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетов ва ўринбосари Акбар Тошқулов 24 ноябрь куни соат 14:00 га қадар Сирдарё шаҳрида жойлашган «Малик» мусиқа ва санъ​ат мактаби биносида шаҳар, шунингдек, Сирдарё ва Сайхунобод тумани аҳолиси билан учрашади.

Бу ҳақда хабар қилган кун.уз сайтига кўра, шу куни Оқолтин туманида жойлашган «Оқолтин» мусиқа ва санъат мактаби биносида соат 16:00 дан то 21:00 қадар шу туман, Сардоба ва Мирзообод аҳолиси билан учрашув режалаштирилган.

Адлия вазири ва ўринбосарига мурожаат этишни истаган аҳоли ўрнатилган тартибда кўрсатилган манзил ва вақтда учрашувга келиши мумкинлиги айтилган хабарда.

Озодлик Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиев жорий йил августида мактаб директорларини Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб бормагани учун калтаклаётгани акс этган видеони эълон қилган эди.

Бу воқеа Адлия вазири билан учрашувда тилга олинадими-йўқми - хабарда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган.

Таиландда ўзбекистонлик 49 яшар аёл қўшмачиликда айбланиб қўлга олинди

Иллюстрация

Самарқанд вилоят, Булунғур туманилик 49 яшар аёл Ўзбекистондан аёлларни Таиландга олиб бориб, фоҳишалик билан шуғуллантирган.

Аёллардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланган уюшган гуруҳ етакчиси Таиландда қўлга олинди, деб хабар берди Спутник сайти Ўзбекистон миллий ОАВларига таяниб.

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси маълумотига кўра, ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган, Ўзбекистондан аёлларни Таиланд давлатига олиб бориб, у ерда фоҳишалик қилиш билан шуғуллантирган, улардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланган уюшган гуруҳ етакчиси Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида яшаган М.Б. исмли аёл вазирликнинг бош бошқарма ва "Интерпол" Миллий марказий бюроси тезкор ходимлари билан ҳамкорликда Таиландда қўлга олинган.

Аёл жавобгарликни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистонга олиб келинганлиги айтилмоқда.

Корея Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг уч стратегик йўналишини маълум қилди

Президент Мирзиёевнинг Кореяда кутиб олиниши.

Жанубий Корея Ўзбекистон билан муносабатларни уч асосий стратегик йўналишда ривожлантиришини маълум қилди.

Президент Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифини ёритиш бўйича матбуот марказининг хабар беришича, 23 ноябрда Сеулда ўтган бизнес форумда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Бэк Ун-гю мана шу мавзуда нутқ сўзлаган.

Корейс вазирига кўра, Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорликнинг уч йўналиши қуйидагилардир: Биринчиси- юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш; иккинчиси — нодир металларни қазиб олиш ва газ-кимё соҳасидаги бизнесни ривожлантириш; учинчиси — тикланувчи энергия соҳасида бизнесни ривожлантириш.

Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи 21-25 ноябрь кунлари амалга оширилмоқда. Ташрифнинг биринчи кунида Корея билан Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 9 миллиард долларга яқин бўлган 75 та шартнома имзолангани хабар қилинган эди.

Ижодий ўғирликда гумонланаётган Фарғона сайёҳлик рамзи муаллифи судга тортилади

Фарғона сайёҳлик рамзи ва "Мафтункор Россия" рамзи.

Фарғона вилояти ҳокимияти вилоятнинг сайёҳлик рамзи муаллифини плагиатда айблаб судга беради. Бу ҳақда “Газета uz” нашри 23 ноябрь куни хабар берди.

Хабарда таъкидланишча, вилоят ҳокимияти туристик логотипни бекор қилиш тўғрисида ҳам қарор чиқарган.

Аввалроқ Озодлик радиоси Россиянинг Brandson бренд агентлиги Ўзбекистон томонини Фарғона учун сайёҳлик рамзини яратишда кўчирмачилик қилганликда айблаганини хабар қилган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу борада текшириш олиб борган ва Фарғона сайёҳлик рамзи кўчирмакашлик маҳсули эканини тасдиқланган.

Мазкур логотипда Brandson Branding Agency иштирокида ишлаб чиқилган “Мафтункор Россия” рамзининг умумий дизайни ва концепцияси такрорлангани аниқланган.

“Давлат туризм қўмитаси Фарғона вилоятининг туристик логотипи учун янги танлов эълон қилди”, дейилади хабарда.

Мирзиёев кореялик ишбилармонларга фойдани эркин кўчиришни кафолатлашга ваъда берди

Шавкат Мирзиëев Сеул аэропортида фахрий қоровул билан қарши олинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея пойтахти Сеулда 23 ноябрь куни ўтган Ўзбекситон-Корея бизнес форумида кореялик ишбилармонларга уларнинг сармоялари дахлсизлиги ва фойдани эркин кўчиришни кафолатлашга ваъда берди.

Президентнинг Кореяга ташрфини ёритиш матбуот марказининг билдиришича, Мирзиёев “Сизларга мурожаат қилар эканман, биз Ўзбекистонда Корея компаниялари билан очиқ ва шаффоф ишлашни ният қилаётганимизни билдирмоқчиман. Мен сизларга инвестицияларингизнинг ишончли ҳимояси, мулкларингизнинг дахлсизлиги ва фойдани эркин кўчиришни кафолатлайман”, деб айтган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳукумати кореялик ширкатлар учун қулай шарт-шароитларни яратиб беришини таъкидлаган.

“Бу шунчаки сўзлар эмас. Бу менинг сиёсий иродам, метин ва ўзгармас позициям”, деб айтган президент.

Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи 21-25 ноябрь кунлари амалга оширилмоқда. Ташрифнинг биринчи кунида Корея билан Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 9 миллиард долларга яқин бўлган 75 та шартнома имзолангани хабар қилинган эди.

Ўзбекистонда ёшларга бериладиган давлат мукофоти таъсис этилди

Қарор мазмуни ва мукофот номидан келиб чиқилса, "Мард ўғлон" қизларга берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси президенти 2017 йил 21 ноябрь куни «Мард ўғлон» давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган кун.уз нашрига кўра, «Мард ўғлон» давлат мукофоти ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади;

«Мард ўғлон» давлат мукофотига талабгорлар Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия томонидан кўриб чиқилади. Унинг натижаларига кўра Комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси президентига таклифлар киритилади;

«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси президентининг қарори билан амалга оширилади;

«Мард ўғлон» давлат мукофоти энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида белгиланади.

Ўзбекистон ва Корея ўртасида деярли 9 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифининг биринчи кунида 8 миллиард 940 миллион долларлик 75 та шартнома имзоланди, деб хабар берди 22 ноябрь куни президент ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази.

Эришилган шартномаларнинг 2,96 миллиард доллари энергетика ва нефтгазкимёси, 2,7 миллиард доллари банк-молия, 1,7 миллиард доллари қурилиш ва инфраструктурани ривожлантириш соҳаларига таалуқли.

Матбуот маркази хабарларида айтилишича, шунингдек, Ўзбекистон уранини Жанубий Корегя сотиш бўйича ҳам келишувга эришилган.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторларидан ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистгон ҳудудида Корея капитали асосида 461 корхона ишламоқда.

2017 йилнинг январь-октябрь ойлари якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1 миллиард 100 миллион долларга етган.Расмий маълумотга қараганда, бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 1,3 маротабага кўпдир.

Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Корегя давлат ташрифи билан 21 ноябрь куни борган эди. Давлат ташрифи 25 ноябргача давом этади.

Ўзбекистон футболида Суперлига ва Про-лига пайдо бўлди

Ўзбекистонда 2018 йилги мавсумдан бошлаб Олий лига “Ўзбекистон суперлигаси”, мамлакат биринчилиги эса “Ўзбекистон Про-лигаси” деб номланади.

Ўзбекистон Футбол федерациясининг билдиришича, бу борадаги қарорни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ижроия қўмитаси қабул қилди.

Суперлигада 2018 йилги мавсумда 12 команда иштирок этади. Ҳар бир жамоа 4 босқичда 38та ўйин ўтказади. 33та тур якунланганидан сўнг командалар 2 гуруҳга ажратилади.

Турнир таблицасида биринчидан олтинчигача бўлган ўринларни эгаллаган командалар чемпионлик мақоми учун, 7-дан 12-гача бўлган ўринларни эгаллаган командалар Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун курашади.

38-тур якунларига кўра, энг кўп очко олган жамоа мамлакат чемпиони бўлади. 12-ўринни эгаллаган жамоа эса Про-лигага туширилади. 11-ўриндаги команда эса Про-лигада 2 ўринни олган жамоа билан Суперлигага йўлланма олиш учун иккита плей-офф матчини ўтказади.

Про-Лигада 16 жамоа иштирок этади. Турнир 2 босқичда ўтадиган 30 турдан иборат бўлади. Про-лига ғолиби кейинги йилда Суперлигада иштирок этади. Иккинчи ўринни эгаллаган жамоа эса Суперлигада 11-ўринни эгаллаган жамоа билан Суперлигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киртиш учун мусобақалашади.

Корея Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши учун кўмак кўрсатади

ЖСТ логотипи.

Жанубий Корея Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда кўмак кўрсатади.

“Газета.uz”нинг Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлигига таяниб 22 ноябрда хабар беришича, бу борадаги “йўл харитаси” ва меморандум президент Мирзиёевнинг Сеулга қилаётган давлат ташрифи доирасида имзоланди.

“Йўл харитаси”га асосан Жанубий Корея мутахасислари Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишидан келиб чиқадиган оқибатларни баҳолаш, миллий қонунчиликнинг мазкур халқаро ташкилот талабларига уйғунлигини экспертиза қилиш, вазирлик ва идораларга бу йўналишда техник кўмак кўрсатиш каби ишларни амалга оширадилар.

Хабарда айтилишича, Сеулда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Жанубий Корея билан ҳамкорликда Ўзбекистонда эркин савдо ҳудудини яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Шавкат Мирзиëев Жанубий Кореяга давлат ташрифини бошлади

Шавкат Мирзиëев Сеул аэропортида фахрий қоровул билан қарши олинди.

22 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Корея Республикасига келди.

Сеул аэропортида Ўзбекистон Президенти ва рафиқаси давлат ташрифи протоколига мувофиқ фахрий қоровул билан қарши олинди.

Президент матбуот хизматига кўра¸ Ўзбекистон президентининг Сеулда ўтказадиган музокаралари давомида “сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.”

Президент Мирзиëевнинг ташриф давомида Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин¸ парламент раиси Чон Сэ Гюн ва Бош вазир Ли Нак Ён билан учрашиши¸ Ўзбекистон-Жанубий Корея бизнес форумида қатнашиши кутилмоқда.

Мирзиëев сафари арафасида Hyundai корпорацияси президенти ва Ўзбекистон Инвестиция бўйича давлат қўмитаси раҳбари корея автомобилларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш юзасидан ўзаро англашинув меморандуми имзолади. Агар бу меморандум амалий шартномага айланса¸ Hyundai корпорацияси Ўзбекистонда 200 миллион долларлик лойиҳани бошлаши мумкин.

Шунингдек¸ “Ўзбекенгилсаноат” ширкати ҳам 21 ноябрь куни Кореядаги етакчи савдо корхонаси ҳисобланган Posco Daewoo, Color Paradise, Solsang International Corp, Ratel E & T Co., Ltd., Korea Factory ва Lotte Mart савдо тармоғи билан 2018 йил охирига қадар 70 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилиш бўйича келишувга эришган.

Атамбаев Мирзиëевни "Данакер"¸ Фаррух Зокировни "Дўстлик" ордени билан мукофотлади

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан сўнг Қирғизистон билан давлат раҳбарлари даражасидаги борди-келдилар қайта тикланди.

Қирғизистон президентлигидан кетаëтган Алмазбек Атамбаев 22 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевни «Данакер» ордени билан мукофотлади.

Бу орденнинг Ўзбекистон раҳбарига икки қўшни давлат ўртасидаги стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш ва дўстликни қайта тиклашдаги хизматлари учун берилгани алоҳида қайд этилган.

Шавкат Мирзиëев президент вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиши билан қўшни давлатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ва мустаҳкамлашни устивор вазифаси деб эълон қилди.

Ўз дастлабки хориж сафарларини ҳам қўшнилардан бошлаган Мирзиëевнинг сентябрь ойида Қирғизистонга қилган давлат ташрифи натижасида икки давлат фуқаролари ўртасидаги ўзаро борди-келдини осонлаштириш¸ чегараларни очишга оид қатор ҳужжатлар имзоланган эди.

Атамбаевнинг айни кунги фармони билан “Ялла” гуруҳи етакчиси Фаррух Зокировга ҳам “Дўстлик” ордени берилди.

Атамбаев президент сифатидаги сўнгги иш кунларидан Россия президенти Владимир Путинни ҳам ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун 1-даражали «Манас» ордени билан тақдирлади.

Али Ферузни Ўзбекистонга депортация қилиш вақтинча тўхтатилди

Али Феруз.

Москвадаги “Новая газета”нинг келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган журналисти Али Феруз Россия ҳудудида ноқонуний ишлагани учун суд томонидан 5 минг рубль жарима тўлашга ҳукм қилинди.

Али Феруз Москванинг Басманний туман судига 21 ноябрь куни кечқурун Хориж ватандошларини сақлаш марказидан олиб борилди.

Суд инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Али Ферузга нисбатан ажримини эътиборга олган ҳолда журналистни Россиядан Ўзбекистонга депортация қилиш тўғрисидаги қарор ижросини вақтинча тўхтатиш тўғрисида ҳам қарор чиқарди.

Ҳақиқий исми Худойберди Нурматов бўлган Ўзбекистон ватандоши Али Феруз Россияда бир неча йилдан бери қочқинлик мақоми олишга ҳаракат қилиб келади. Лекин Россия ҳукумати унга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.

Али Феруз август ойи бошларида Россияда қонуний ишлаш тартибини бузганликуда айбланиб қўлга олинган эди. Журналист Ўзбекистонга қайтадиган бўлса, у ерда террор ташкилотига аъзоликда айбланиши мумкинлигини иддао қилмоқда.

Октябрь ойининг охирларида Али Феруз Андрей Сахаров номидаги "Жасорати учун" ордени билан мукофотланган эди.

Жиноят ишини сохталаштирган милиция ходими 11 йилга қамалди

Ички ишлар вазирлигининг “Постда” газетаси Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ички ишлар бошқармаси жиноят-қидирув бўлими ходими бўлган капитан А.Юнусов жиноят ишларини соҳталаштирганликда айбланиб 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганини билдирди.

Хабарда айтилишича, Юнусов илгари жиноят содир этган қизлар билан тил бириктириб, Фахриддин исмли шахснинг машинасига наркотик ташлатган ва унга нисбатан жиноят ишини сохталаштирган.

Фахриддинузоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган суддан сўнг машинага наркотик модда ташлаб қўйган қизлардан бири виждон азобига чидай олмай, бўлган воқеани Фахриддиннинг онасига айтиб беради. Фахриддиннинг онаси туман прокуратурасига арз билан мурожаат қилади. Иш қайтадан кўриб чиқилиб, Юнусовнинг ноқонуний ҳаракатлари исботланган.

Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Жанубий Кореяга келди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 21 ноябрь куни давлат ташрифи билан Корея Республикасига келди.

Ўзбекистон президенти расмий сайтининг 22 ноябрда билдиришича, “Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган”.

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Миллий Ассамблея Спикери Чон Сэ Гюн ва Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён билан учрашади ҳамда Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этади.

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон ва Корея президентларининг Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ва шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисини сайёҳлар билан ишлашга ўргатувчи тренерлар тайёрланди

Бу ҳақда хабар қилган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматига кўра, 17 ноябрда тренерларга сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтган.

Сертификат олган тренерлар қишлоқ аҳолисига кичик меҳмонхоналар ташкил этишди ўргатади.

Кичик меҳмонхоналар Европа Иттифоқининг “Марказий Осиёнинг барқарор иқтисодий ривожи учун бизнес уюшмалар орқали қишлоқ туризми ва экологик туризмни кучайтириш” лойиҳаси доирасида очиш режлаштирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG