Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2019, Тошкент вақти: 16:16

Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл ширкатлари билетларни арзонлатишга келишди

«Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси «Қозоғистондаги темир йўллари» миллий ширкати билан харидорларга имтиëзли нархлар таклиф этишга келишиб олди¸ деб хабар қилди Подробно.уз нашри.

Хабарга кўра¸ икки ширкат бошқаруви вакилларининг жорий ҳафта ўтказилган учрашувида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳокама қилинган.

Иккала темир йўл ширкати расмийларининг билетнинг қанча олдиндан олинганига қараб белгиланадиган чегирма-имтиëзлар тизимини жорий қилишга келишиб олгани¸ мазкур учрашувнинг муҳим натижаси сифатида тақдим этилган.

Россияда ишлайдиган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун Қозоғистон темир йўллари асосий транзит воситаси ҳисобланади.

Риштонда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши оқибатида 4 киши, жумладан, 3 ўқувчи жароҳатланди

Иллюстратив сурат.

Фарғона вилоятининг Риштон туманида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши оқибатида 4 киши жароҳатланди.

Ўзбекистон маҳаллий матбуотининг Фавқулодда ҳолатлар вазирлигига таяниб хабар беришича, воқеа 27 ноябрь куни эрталаб соат 8дан 40 дақиқа ўтганида Риштон босмахонасида юз берган.

Мазкур ҳодисага газдан фойдаланишнинг хавфсизлик қоидаларига амал қилинмагани сабаб бўлгани таҳмин қилинмоқда.

Ҳаво-газ аралашмаси чақнаши оқибатида бир киши ўртача даражада куйиш ва босмахона яқинида жойлашган 1-сонли мактабнинг уч нафар ўқувчиси енгил жароҳатланиш ташҳиси билан касалхонага олиб келинган.

Биринчи ёрдам кўрсатилганидан сўнг ўқувчилар уйларига жўнатилган.

Риштон туман прокуратураси мазкур воқеа юзасидан суриштирув-текширув ишларини олиб бормоқда.

Тошкент милицияси диндорлар оммавий ҳибс қилингани тўғрисидаги хабарларга раддия берди

Иллюстратив сурат.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси Тошкент вилоятида диндорларнинг оммавий қамоққа олиниши тўғрисидаги маълумотларга раддия берди.

Шаҳар милицияси расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра¸ 27 ноябрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасида ўтказилган брифинг давомида оммавий ахборот воситалари вакилларининг диндор фуқаролар ички ишлар органларида ушлаб турилганлиги ҳолати юзасидан берилган саволларига тушунтириш берилган.

Мазкур хабарда ëзилишича¸ брифингда "жорий йилнинг 16-21 ноябрь кунлари “Facebook” ва бошқа ижтимоий тармоқларда мақолалар чоп этилиб, уларда ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида яшовчи диндор фуқароларнинг уйлари тинтув қилиниб, ушбу фуқаролардан 2009 йилдан буён қидирувда бўлган Тохтаходжаева Гузал Авазованинг яширинаётган жойини сўраганликлари, шундан 80 нафар шахсларни туман ички ишлар бошқармаларига олиб бориб, ушлаб турганликлари, уларнинг 7 нафарини эса ҳибсга олганликлари ҳолати юзасидан берган саволларига тушунтириш" берилган.

Тушунтиришга кўра¸ пойтахт милицияси Янгийўл ва Чиноз туманларида Гўзал Тўхтахўжаева билан боғлиқ ҳеч қандай амалиётлар ўтказмаган.

Тошкент милициясига кўра, Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик ва экстремистик ташкилотга аъзоликда айбланиб 2009 йилда қидирувга берилган Гўзал Тўхтахўжаевани ушлаш мақсадида қаерда яшириниб келаётганлигини билиши ҳамда у билан алоқада бўлиши мумкин бўлган, бироқ бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмаган шахслар билан суриштирув ишлари ўтказилмоқда.

Ислом Каримовнинг 80 йиллиги 2018 йилда нишонланади

Ўзбекистонниг собиқ президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистонда 2018 йилда Ислом Каримовнинг 80 йиллиги тантанали нишонланади. Бу борадаги қарорни президент Мирзиёев 27 ноябрь куни имзолади.

“Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарор Каримовнинг “хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш мақсадида қабул қилинган”.

Қарорда 2018 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасини очиш, Қарши шаҳрида ҳайкал ўрнатиш, “Ўзбеккино” томонидан Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш назарда тутилган.

Бундан ташқари Ислом Каримовга бағишланган китобларни нашр этиш, илмий анжуманларни ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Кобулдан Тошкентга биринчи марта йўловчи ташувчи авиақатнов амалга оширилади

Афғонистоннинг Kam Air ширкатига тегишли учоқ.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида биринчи марта авиақатнов амалга оширилади. Бу ҳақда Sputnik нашри 27 ноябрь куни Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда хабар берди.

Маълум қилинишича, 29 ноябрь куни эрталабки соат 9да Кобулдан Тошкентга биринчи марта йўловчи ташувчи самолёт учиб келади.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатидаги манба Тошкентга парвозлар Афғонистоннинг Kam Air ширкати томонидан амалга оширилишини билдирган.Бироқ ҳозирча мазкур парвозларнинг давомийлиги ва қайси кунлари амалга оширилиши аниқ маълум эмас.

Жорий йилнинг январида Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари Кобулда икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш тўғрисидаги “йўл харитаси”ни имзолаган эдилар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 2016 йилнинг январь-октябрь ойлари оралиғида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо алоқалари 429 миллион доллар бўлган.

Ўзбекистон молия-иқтисод сектори раҳбарлари ўзгарди. Галина Саидова ва Элëр Ғаниев истеъфога кетди

Маҳаллий Интернет нашрларининг хабар беришича¸ Ўзбекистон Иқтисодиёт вазири Галина Каримовна Саидова истеъфога чиқиши муносабати билан ҳозиргача Молия вазирлигини бошқарган 61 яшар Ботир Хўжаев Иқтисодиëт вазири этиб тайинланган.

61 яшар асли самарқандлик Галина Саидова 2011 йил августидан буён Иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаëтган эди. 2010-2011 йилларда Саидова Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири бўлиб ишлаган.

Ҳозирча мамлакат иқтисодий секторидаги белгиловчи шахслардан саналган Саидовани истеъфога чиқишга мажбур қилган омиллар ҳақида маълумот йўқ.

Бош вазир ўринбосари, Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси раҳбари Жамшид Қўчқоров Ботир Хўжаев ўрнига Молия вазири этиб тайинланган.

Ботир Хўжаев 2006-2009 йилларда Иқтисодиёт вазири, 2009-2011 йилларда бош вазири ўринбосари ва Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

Шавкат Мирзиëев президентликка келгач¸ ўтган йил декабрида у Ислом Каримов даврида молия секторини бошқариб келган Рустам Азимов ўрнига Молия вазири этиб тайинланган эди.

Айни куни 2012 йил 13 январдан буён Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар¸ инвестиция ва савдо вазири лавозимида ишлаб келган 57 яшар Элёр Ғаниев ҳам вазифасидан бўшатилди.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев¸ иқтисодий сектордаги кадр ўзгаришларига муносабат билдирди.

Сапарбой Жубаев Ўзбекистон иқтисодий секторидаги кадр ўзгаришлари ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:00 0:00
Бевосита линк

8 ойда ярим миллиондан ортиқ ўзбекистонлик иш излаб мамлакатдан чиқиб кетди

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияга одатда автобусларда боради. Бу автобус йўлда бузилиб қолиб, унинг йўловчилари 6 кун совуқда қолган эди. Саратов области, 26.12.2016

2017 йилнинг 8 ойида Ўзбекистондан577 933 нафар ёшлар чет элга иш қидириб чиқиб кетган. Уларнинг 2,5 фоизи вояга етмаганлардир.

Бу ҳақда Ёшлар иттифоқининг марказий кенгаш йиғилишида эълон қилинган маълумотларга таяниб, Diydor aziz сайти хабар қилди.

Айтилишича, Андижонда 70 мингдан ортиқ, Фарғонада 65 минг ва Бухорода 64 мингдан зиёд ёшлар чет элларда ишламоқда.

“Ёшлар иттифоқи кенгашида ёшлар иш қидириб чет элга чиқиб кетаётганлигининг сабабларини ўрганиб, ечим излаш кимнинг вазифаси эканлиги сўроқ остига олинган”, дейилган хабарда.

Биргина Россияда, расмий маълумотларга қараганда, қарийб 2 млн. ўзбекистонлик меҳнат мигранти бор.

Ўзбекистонда доллар ва евро яна қимматлади

Марказий банк биноси.

Марказий банк 2017 йил 28 ноябрдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилади.

Шундай қилиб, 28 ноябрдан бошлаб АҚШ доллари курси 20 ноябрда ўрнатилган курсдан 10,77 сўмга ўсди ва бир доллар 8095.88 сўмни ташкил этди.

Евро курси 166,46 сўмга қимматлаб, 1 евро 9659, 53 сўмга тенг бўлди.

Намангандаги хусусий корхонада юз берган ёнғинда бир ишчи ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Наманганда полиэтилен ишлаб чиқарувчи Неat Source Industry хусусий корхонасида юз берган ёнғин оқибатида корхонанинг бир ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда ёнғин ўчишириш хизматига таянган ҳолда Podrobno.uz нашри хабар берди.

Хабарда билдирилишича, Наманган шаҳри Марғилон кўчаси 218-уйда жойлашган хусусий корхонада ёнғин 23 ноябрь куни соат 11ларга яқин бошланган.

350 квадрат метр майдонга эга корхонада бошланган ёнғин пойабзал ишлаб чиқарувчи “Пантера саноат сервис”, кийим-кечак тикувчи “Асрор текстиль”, ойнак цехи, терини қайта ишлаш цехи, “Асил шароф гўшт маҳсулотлари” ширкатига қарашли музлаткичли омборхонага туташиб кетган. Натижада ёнғин 2000 квадрат метрдан кўпроқ ҳудудни қоплаган.

Ёнғинни ўчиришга 19та ўт ўчирувчи машина жалб қилинди. Ёнғин суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш техник хавфсизлиги бузилгани ортидан юз бергани таҳмин қилинмоқда.

Хабарда ҳалок бўлган ишчининг шахси очиқлангани эмас. Бу воқеа юзасидан жиноят иши очилди.

Ўн ойда 177 милиционер жиноий жавобгарликка тортилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 177 нафар милиция ходими порахўрлик, таъмагирлик ва бошқа жиноятларни содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда 26 ноябрь куни Sputnik нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Ички ишлар вазирлигида ўтган видеоселектор йиғилишида интизомий жазога тортилган ходимлар сони ўтган йилга нисбатан жорий йилда 285 нафарга кўпайгани қайд этилган.

“Йиғилишда, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчилик бузилиши ҳолатлари юзасидан чуқур таҳлил олиб бориш, уни келтириб чиқарувчи сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатларнинг келгусида содир этилишини олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар белгиланган”, деб ёзди Sputnik нашри.

Самарқанд янги ҳокими "Samarkand City" олимпия шаҳарчасини қуришни ваъда қилди

Регистон мажмуаси, Самарқанд (иллюстратив сурат)

Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев шаҳарда Осиё ўйинлари халқаро стандартига жавоб берадиган олимпия ўйинлари шаҳарчаси қурилишини ваъда қилди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, ҳоким шаҳардаги эшкак эшиш спортига мосланган канал бўйида 2017 йилги ҳосил мавсумига бағишлаб ўтказилган "Ҳосил байрами"да чиқиш қилган.

"Эшкак эшиш канали ҳудудида Осиё ўйинлари даражасидаги халқаро спорт турнирларини бемалол қабул қила оладиган Олимпия шаҳарчаси ҳам бунёд этилади", дея ҳоким Туроб Жўраевдан иқтибос келтирди, Kun.uz нашри.

Шунингдек, ҳоким вилоятдаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси атрофида 27 та етти қаватли меҳмонхона қурилишини билдирган.

Туроб Жўраев 2008 йилда Сурхондарё вилояти ҳокими бўлган, Ислом Каримов президентлиги даврида сўконғич, уронғичлиги билан танилган ҳоким эди.

У 2013 йилда мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб Қашқадарё ҳокими вазифасидан четлатилган эди.

Шавкат Мирзиëев президентликка сайлангач, аввалига, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, октябрь ойида эса, вилоят ҳокими этиб тайинланди.

Кореяда президент Мирзиёев исми билан номланган китоб чоп этилди

Президент Мирзиёев исми билан номланган китоб муқоваси ва илк саҳифаси

Кореяда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти сифатидаги илк йили ҳақида битилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб корейс тилида, 50 минг нусхада чоп этилди.

Президент матбуот хизматининг 23 ноябрь куни хабар қилишича, шу йилнинг сентябрь ойида чоп этилган 320 саҳифалик китобда Шавкат Мирзиёевнинг президент вазифасини бажарувчи, сўнгра президент сифатидаги фаолияти ҳикоя қилинган. Унинг турли саналар ва минбарларда сўзлаган нутқларидан иқтибослар берилган.

"Китобнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” номли бобида ушбу дастур чуқур таҳлил қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсатдаги минтақавий ҳамкорликнинг янги суръатига туртки бўлган, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан алоқаларини янги босқичга олиб чиққан ташаббуслари ҳақида сўз юритилган", дейилади расмий хабарда.

Хабарда айтилишича, бу китоб “Uz Kor Economy Media Group” томонидан чоп этилган, муаллиф "машҳур журналист ва ёзувчи Чо Чоль Хёндир".

Президент Мирзиёев Мисрдаги террор акти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Мисрнинг Синай ярим оролида содир этилган террор актидан сўнг йиғилган издиҳом, 24 ноябрь, 2017 йил.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мисрнинг Синай ярим оролида амалга оширилган террорчилик акти муносабати билан мамлакат Президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сисига ҳамдардлик билдирди.

24 ноябрь куни Синай ярим оролидаги масжидга жума намози пайтида қилинган террорчилик ҳужуми оқибатида 235 одам қурбон бўлди, 100дан ортиғи яраланди.

Ҳужумга масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ зиммасига олгани йўқ. Ҳодиса ортидан Мисрда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Миср армияси бу ҳужумдан сўнг бошланган аксилтеррор амалиёти доирасида 25 ноябрь куни Эр-Рисан қишлоғида 30 жанггари ўлдирилганини маълум қилди.

Sky News Arabia агентлиги берган хабарда айтилишича, ҳаводан берилган зарбаларда жанггари гуруҳларга тегишли, деб кўрилган бир қанча автомобиль ва уйлар яксон қилинган.

Ўзбекистондаги ҳар бир меҳмонхонада энди Қуръон ва жойнамоз бўлади

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатдаги ҳар бир меҳмонхонада диний китоблар, жумладан, мусулмонлар учун Қуръони карим ва ибодат қилиш учун жойнамоз ва қиблани кўрсатувчи белги бўлишини билдирди.

Қўмита расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда мазкур тартиб 2018 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган қоидаларга мувофиқ йўлга қўйилишини айтди.

- Биз мамлакатимизга келадиган меҳмонларнинг диний эътиқод қилишларида қулайлик яратиш мақсадида шундай тартибни йўлга қўймоқдамиз. Ўзбекистондаги ҳар бир меҳмонхонада энди Қуръон ва жойнамоз бўлади. Бундай қоида чет давлатларда ҳам бор. Кўпчилик меҳмонхоналарда Инжил китоблари бор, - деди қўмита мулозими.

Ўзбекистондаги меҳмонхоналарда бошқа динга эътиқод қилувчилар учун ҳам шароитлар бўладими? Инжил ва Таврот китоблари ҳам бўладими?

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу саволга шундай жавоб қилди.

- Албатта, Ўзбекистон турли дин мансубларидан иборат мамлакат, агар меҳмон шундай китобларни сўраса меҳмонхона ёрдам беради, бу умумий тажрибада бор нарса, - деди қўмита мулозими.

Бундан аввал Тошкент аэропортида намозхона очилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Ўзбекистон Конституциясида дин ёки эътиқод эркинлиги кафолатланган бўлса ҳам, амалда хавфсизликни эркинликдан устун қўйиб, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд назорат қилиниши айтиб келинади.

Тошкент милицияси Зангиотадаги оммавий ҳибслар юзасидан изоҳ берди

Тошкент шаҳар милицияси Тошкент шаҳри ва Зангиота, Чиноз ва Янгийўл туманларида диндорларнинг оммавий ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ берди.

Тошкент шаҳар ИИБси мулозими Дониёр Тошхўжаев UzNews.uz мухбирига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244- (Оммавий тартибсизликлар) моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган ва 2009 йилда Тошкент шаҳар Учтепа туман ИИБ тергов бўлими томонидан қидирувга берилган Гўзал Тўхтахўжаевани қўлга олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг қаердалигини биладиган, у билан мулоқотда бўлиши мумкин бўлган, лекин бу ҳақда ички ишлар органларига хабар бермаган шахсларни сўроқ қилаётганини тасдиқлаган.

Бундан ташқари, Тошхўжаев ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Гўзал Тўхтахўжаеванинг қаердалигини аниқлаш учун Чиноз ва Янгийўл туманларида яшовчи фуқароларни сўроқ қилишмаганини алоҳида таъкидлаган.

Ўтган ҳафта Озодлик Тошкент ва Зангиотада "қора рўйхат"дан ўчирилган тўқсонга яқин диндор ушланиб, соатлаб сўроқ қилингани, уйларида тинтув ўтказилгани, айримлари ҳибсда олиб қолингани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон ва Россия Хавфсизлик кенгашлари ўртасида ҳамкорлик режаси имзоланди

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ўртасида ўтказилган учрашуви натижалари бўйича ҳамкорлик режаси имзоланди. Бу ҳақда ТАССга таяниб, Kun.uz хабар қилди.

Қайд этилишича, Патрушев МДҲ давлатларидан бўлган ҳамкасблари билан икки томонлама музокаралар ўтказган.

Хусусан, "Патрушевнинг учрашувлари натижалари бўйича Беларусь Хавфсизлик кенгаши давлат котиби Станислав Зась, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов билан ҳамкорлик режалари имзоланди".

Шунингдек, Молдова Хавфсизлик Кенгаши Олий кенгаши котиби Артур Гуменюк ва РФ Хавфсизлик кенгаши котиби ўртасида хавфсизлик кенгашлари девонлари ўртасида ўзаро алоқалар ҳақида баённома имзоланди.

Патрушевнинг Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Абдураҳим Қаҳҳоров билан учрашувида “икки давлат махсус хизматлари ва кучишлатар тузилмаларининг ўзаро муносабатлари масалалари кўриб чиқилди”.

Адлия вазири ҳокими ўқитувчиларни калтаклаган Сайхунобод туман аҳолиси билан учрашади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетов ва ўринбосари Акбар Тошқулов 24 ноябрь куни соат 14:00 га қадар Сирдарё шаҳрида жойлашган «Малик» мусиқа ва санъ​ат мактаби биносида шаҳар, шунингдек, Сирдарё ва Сайхунобод тумани аҳолиси билан учрашади.

Бу ҳақда хабар қилган кун.уз сайтига кўра, шу куни Оқолтин туманида жойлашган «Оқолтин» мусиқа ва санъат мактаби биносида соат 16:00 дан то 21:00 қадар шу туман, Сардоба ва Мирзообод аҳолиси билан учрашув режалаштирилган.

Адлия вазири ва ўринбосарига мурожаат этишни истаган аҳоли ўрнатилган тартибда кўрсатилган манзил ва вақтда учрашувга келиши мумкинлиги айтилган хабарда.

Озодлик Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиев жорий йил августида мактаб директорларини Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб бормагани учун калтаклаётгани акс этган видеони эълон қилган эди.

Бу воқеа Адлия вазири билан учрашувда тилга олинадими-йўқми - хабарда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган.

Таиландда ўзбекистонлик 49 яшар аёл қўшмачиликда айбланиб қўлга олинди

Иллюстрация

Самарқанд вилоят, Булунғур туманилик 49 яшар аёл Ўзбекистондан аёлларни Таиландга олиб бориб, фоҳишалик билан шуғуллантирган.

Аёллардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланган уюшган гуруҳ етакчиси Таиландда қўлга олинди, деб хабар берди Спутник сайти Ўзбекистон миллий ОАВларига таяниб.

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси маълумотига кўра, ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган, Ўзбекистондан аёлларни Таиланд давлатига олиб бориб, у ерда фоҳишалик қилиш билан шуғуллантирган, улардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланган уюшган гуруҳ етакчиси Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида яшаган М.Б. исмли аёл вазирликнинг бош бошқарма ва "Интерпол" Миллий марказий бюроси тезкор ходимлари билан ҳамкорликда Таиландда қўлга олинган.

Аёл жавобгарликни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистонга олиб келинганлиги айтилмоқда.

Корея Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг уч стратегик йўналишини маълум қилди

Президент Мирзиёевнинг Кореяда кутиб олиниши.

Жанубий Корея Ўзбекистон билан муносабатларни уч асосий стратегик йўналишда ривожлантиришини маълум қилди.

Президент Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифини ёритиш бўйича матбуот марказининг хабар беришича, 23 ноябрда Сеулда ўтган бизнес форумда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Бэк Ун-гю мана шу мавзуда нутқ сўзлаган.

Корейс вазирига кўра, Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорликнинг уч йўналиши қуйидагилардир: Биринчиси- юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш; иккинчиси — нодир металларни қазиб олиш ва газ-кимё соҳасидаги бизнесни ривожлантириш; учинчиси — тикланувчи энергия соҳасида бизнесни ривожлантириш.

Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи 21-25 ноябрь кунлари амалга оширилмоқда. Ташрифнинг биринчи кунида Корея билан Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 9 миллиард долларга яқин бўлган 75 та шартнома имзолангани хабар қилинган эди.

Ижодий ўғирликда гумонланаётган Фарғона сайёҳлик рамзи муаллифи судга тортилади

Фарғона сайёҳлик рамзи ва "Мафтункор Россия" рамзи.

Фарғона вилояти ҳокимияти вилоятнинг сайёҳлик рамзи муаллифини плагиатда айблаб судга беради. Бу ҳақда “Газета uz” нашри 23 ноябрь куни хабар берди.

Хабарда таъкидланишча, вилоят ҳокимияти туристик логотипни бекор қилиш тўғрисида ҳам қарор чиқарган.

Аввалроқ Озодлик радиоси Россиянинг Brandson бренд агентлиги Ўзбекистон томонини Фарғона учун сайёҳлик рамзини яратишда кўчирмачилик қилганликда айблаганини хабар қилган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу борада текшириш олиб борган ва Фарғона сайёҳлик рамзи кўчирмакашлик маҳсули эканини тасдиқланган.

Мазкур логотипда Brandson Branding Agency иштирокида ишлаб чиқилган “Мафтункор Россия” рамзининг умумий дизайни ва концепцияси такрорлангани аниқланган.

“Давлат туризм қўмитаси Фарғона вилоятининг туристик логотипи учун янги танлов эълон қилди”, дейилади хабарда.

Мирзиёев кореялик ишбилармонларга фойдани эркин кўчиришни кафолатлашга ваъда берди

Шавкат Мирзиëев Сеул аэропортида фахрий қоровул билан қарши олинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея пойтахти Сеулда 23 ноябрь куни ўтган Ўзбекситон-Корея бизнес форумида кореялик ишбилармонларга уларнинг сармоялари дахлсизлиги ва фойдани эркин кўчиришни кафолатлашга ваъда берди.

Президентнинг Кореяга ташрфини ёритиш матбуот марказининг билдиришича, Мирзиёев “Сизларга мурожаат қилар эканман, биз Ўзбекистонда Корея компаниялари билан очиқ ва шаффоф ишлашни ният қилаётганимизни билдирмоқчиман. Мен сизларга инвестицияларингизнинг ишончли ҳимояси, мулкларингизнинг дахлсизлиги ва фойдани эркин кўчиришни кафолатлайман”, деб айтган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳукумати кореялик ширкатлар учун қулай шарт-шароитларни яратиб беришини таъкидлаган.

“Бу шунчаки сўзлар эмас. Бу менинг сиёсий иродам, метин ва ўзгармас позициям”, деб айтган президент.

Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи 21-25 ноябрь кунлари амалга оширилмоқда. Ташрифнинг биринчи кунида Корея билан Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 9 миллиард долларга яқин бўлган 75 та шартнома имзолангани хабар қилинган эди.

Ўзбекистонда ёшларга бериладиган давлат мукофоти таъсис этилди

Қарор мазмуни ва мукофот номидан келиб чиқилса, "Мард ўғлон" қизларга берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси президенти 2017 йил 21 ноябрь куни «Мард ўғлон» давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган кун.уз нашрига кўра, «Мард ўғлон» давлат мукофоти ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади;

«Мард ўғлон» давлат мукофотига талабгорлар Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия томонидан кўриб чиқилади. Унинг натижаларига кўра Комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси президентига таклифлар киритилади;

«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси президентининг қарори билан амалга оширилади;

«Мард ўғлон» давлат мукофоти энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида белгиланади.

Ўзбекистон ва Корея ўртасида деярли 9 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифининг биринчи кунида 8 миллиард 940 миллион долларлик 75 та шартнома имзоланди, деб хабар берди 22 ноябрь куни президент ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази.

Эришилган шартномаларнинг 2,96 миллиард доллари энергетика ва нефтгазкимёси, 2,7 миллиард доллари банк-молия, 1,7 миллиард доллари қурилиш ва инфраструктурани ривожлантириш соҳаларига таалуқли.

Матбуот маркази хабарларида айтилишича, шунингдек, Ўзбекистон уранини Жанубий Корегя сотиш бўйича ҳам келишувга эришилган.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторларидан ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистгон ҳудудида Корея капитали асосида 461 корхона ишламоқда.

2017 йилнинг январь-октябрь ойлари якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1 миллиард 100 миллион долларга етган.Расмий маълумотга қараганда, бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 1,3 маротабага кўпдир.

Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Корегя давлат ташрифи билан 21 ноябрь куни борган эди. Давлат ташрифи 25 ноябргача давом этади.

Ўзбекистон футболида Суперлига ва Про-лига пайдо бўлди

Ўзбекистонда 2018 йилги мавсумдан бошлаб Олий лига “Ўзбекистон суперлигаси”, мамлакат биринчилиги эса “Ўзбекистон Про-лигаси” деб номланади.

Ўзбекистон Футбол федерациясининг билдиришича, бу борадаги қарорни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ижроия қўмитаси қабул қилди.

Суперлигада 2018 йилги мавсумда 12 команда иштирок этади. Ҳар бир жамоа 4 босқичда 38та ўйин ўтказади. 33та тур якунланганидан сўнг командалар 2 гуруҳга ажратилади.

Турнир таблицасида биринчидан олтинчигача бўлган ўринларни эгаллаган командалар чемпионлик мақоми учун, 7-дан 12-гача бўлган ўринларни эгаллаган командалар Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун курашади.

38-тур якунларига кўра, энг кўп очко олган жамоа мамлакат чемпиони бўлади. 12-ўринни эгаллаган жамоа эса Про-лигага туширилади. 11-ўриндаги команда эса Про-лигада 2 ўринни олган жамоа билан Суперлигага йўлланма олиш учун иккита плей-офф матчини ўтказади.

Про-Лигада 16 жамоа иштирок этади. Турнир 2 босқичда ўтадиган 30 турдан иборат бўлади. Про-лига ғолиби кейинги йилда Суперлигада иштирок этади. Иккинчи ўринни эгаллаган жамоа эса Суперлигада 11-ўринни эгаллаган жамоа билан Суперлигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киртиш учун мусобақалашади.

Корея Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши учун кўмак кўрсатади

ЖСТ логотипи.

Жанубий Корея Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда кўмак кўрсатади.

“Газета.uz”нинг Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлигига таяниб 22 ноябрда хабар беришича, бу борадаги “йўл харитаси” ва меморандум президент Мирзиёевнинг Сеулга қилаётган давлат ташрифи доирасида имзоланди.

“Йўл харитаси”га асосан Жанубий Корея мутахасислари Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишидан келиб чиқадиган оқибатларни баҳолаш, миллий қонунчиликнинг мазкур халқаро ташкилот талабларига уйғунлигини экспертиза қилиш, вазирлик ва идораларга бу йўналишда техник кўмак кўрсатиш каби ишларни амалга оширадилар.

Хабарда айтилишича, Сеулда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Жанубий Корея билан ҳамкорликда Ўзбекистонда эркин савдо ҳудудини яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG