Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 19:04

Ўзбекистон

Президент "жиноят процессида қийноқларга йўл қўйилмаслиги"га оид фармон имзолади

Президент Шавкат Мирзиëев 30 ноябрь куни “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган янги фармонга қўл қўйди.

Бу фармон¸ унда ëзилишича¸ "ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили, аҳоли билан очиқ мулоқот натижаларини умумлаштириш қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлигидан" келиб чиқиб ҳозирланган.

Ижроси устидан назорат қилиш мамлакат Бош прокурорига топширилган янги фармонда «жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги” таъкидланган.

ТАСС: Ўзбекистон Россиядан 12 та ҳужумчи вертолëт сотиб олади!

МИ-35 русумидаги Россия ҳужумчи вертолëти.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва "Рособоронэкспорт" Ми-35 русумидаги 12 дона ҳужумчи вертолëт савдосига оид келишув имзолади.

Бу ҳақда Россиянинг давлатга қарашли ТАСС агентлиги ўз дипломатик манбасига таяниб хабар қилди.

"Бу ҳақдаги келишув имзоланди. Жанговар машиналарни Ўзбекистонга етказиш 2018 йилдан бошланади. Бу келишув ва уни ижро қилиш шартлари бўйича узоқ давом этган музокаралар Россия ҳукумати раҳбари Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга яқинда қилган сафари давомида ниҳоясига етди”¸ деб иқтибос келтиради ўз дипломатик манбасидан ТАСС.

30 ноябрь кунги хабарда қайд этилишича¸ айни кунларда "Рособоронэкспорт" делегацияси Тошкентда Мудофаа вазирлиги ва республика мудофаа саноати қўмитаси раҳбарлари билан сўзлашувлар олиб бормоқда.

Айтилишича¸ ўзбек томони таклифига мувофиқ келган Россия ҳарбий мутахассислари делегацияси¸ ўтган йил ноябрь ойида имзоланилган ўзаро ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга оид шартнома ижросига бағишланган амалий тадбирлар ўтказмоқда.

Президент Бош вазирнинг беш ўринбосарини бир кунда ўзгартирди

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг саккизта ўринбосари бор.

29 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги эълон қилган хабарга кўра¸ 28 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиëев алоҳида фармонлар билан мамлакат бош вазирининг беш ўринбосарини ўзгартирган.

Бу фармонларга мувофиқ:

Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Акмалов Қахрамон Валиевич Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплексининг раҳбари;

«Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси бўлиб ишлаган Отажонов Нодир Собирович Ташқи савдо фаолияти, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари;

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб келган Мирзаев Зойир Тоирович Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари;

Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари комплексининг раҳбари бўлиб ишлаган Қўчқоров Жамшид Анварович Молия вазири - Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари комплексининг раҳбари ва

Холмурадов Сухроб Рустамович - Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат ҳудудлари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплексининг раҳбари лавозимига тайинланди.

Айни фармонлар билан бу бешала мулозим шу пайтгача эгаллаб келган лавозимларидан озод этилган.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг саккизта ўринбосари бор.

Мирзиëев яна бир янги вазирлик ва жамғарма тузишга фармон берди

Президент Шавкат Мирзиëев.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида” деб номланган янги фармони 29 ноябрь куни расман эълон қилинди.

Фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасида Ўзбекистондаги жорий аҳвол танқид қилинган фармонда¸ “инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш соҳасида давлат бошқарувининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш” зарурати борлиги айтилади.

Шундан келиб чиқиб президент мамлакатда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги¸ ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этишни буюради.

Мазкур тузилмаларнинг асосий фаолият йўналиши давлат ва жамият қурилишига, иқтисодиёт тармоқларига, қишлоқ хўжалигига, ижтимоий ривожланишга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тизимига инновацияларни жорий этиш билан боғлиқ бўлади.

Кун.уз нашри хабарига кўра¸ янги вазирликка Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов раҳбар этиб тайинланган.

Туркия Ўзбекистонни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилишга чақирди

Жорий йил февралида Туркияга борган ўзбек ҳукумати делегацияси турк бизнесини Ўзбекистонга сармоя ëтқизишга даъват қилган эди.

Туркия Иқтисодиëт вазири Ниҳат Зейбекчи Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши вазирларининг 30 ноябрь куни Истанбулда бошланган йиғилишида Ўзбекистон ва Туркманистонни кенгаш аъзолигига қўшилишга даъват этди.

Бу ҳақда Анадолу ахборот агентлиги хабар берди.

“Туркий тилли давлатлар бири-бирга рақиб эмас. Агар бу давлатлар ўзаро ҳамкорлик қилишга ўтса¸ улар минтақадаги ўйин қоидаларини белгиловчи кучга айланади. Шу йўлдаги биринчи қадам сифатида биз орамизда турган савдо тўсиқларини олиб ташлашимиз лозим”¸ деди жумладан Анқара ҳукумати вазири.

2009 йили ўзаро ҳамкорликни рағбатлаштириш мақсадида ташкил этилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига Озарбайжон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Туркия аъзо.

Туркия Статистика институтига кўра¸ Туркия 2016 йили Озарбайжон¸ Қозоғистон ва Қирғизистонга жами 2.2 миллиард долларлик экспорт қилган¸ бу уч давлат билан импорт ҳажми эса¸ 1.5 миллиард долларни ташкил этган.

Тошкентда 26 кун ичида 18 мингга яқин йўл ҳаракати қоидаларини бузиш аниқланган

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайтига кўра¸ жорий йилнинг 20 ноябридан 26 ноябрга қадар пойтахтда “Тозалаш-Антитеррор” тадбири ўтказилган.

Бу тадбирда қатн ашган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ўтказган рейдлар давомида 17 617 та йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган.

Қонунбузарликлар тафсилотини ҳам тақдим қилган бошқарма матбуот хизматига кўра¸ 1256 та белгиланган тезликни меъёридан ошириш, 549 та светофорнинг тақиқловчи ишорасига ҳаракатланиш, 156 та маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш, 568 та уяли телефондан фойдаланилганлик ҳолати аниқланган ва ҳайдовчилар баробарида 414 пиёдага ҳам жарима солинган.

Ноябрнинг 26 куни давомида Тошкентдаги 115 та чорраҳага ўрнатилган видеокамералар воситасида 2414 та йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд қилинган.

Бошқарма бу қонунбузарликлар учун солинган жами жарима миқдори ҳақида маълумот бермаган.

Хорижга пул жўнатмаларини сўмда амалга оширишга имконият берилгани айтилмоқда

Иллюстратив сурат.

Хориж валютасига эга бўлмаган ўзбекистонликлар бундан буён Ўзбекистондан бошқа давлатларга пул жўнатмаларини миллий валюта -сўмда амалга оширишлари мумкин.

"Агробанк" ва "Ҳамкорбанк” пул жўнатмаларини сўмда жўнатиш хизматини жорий этгани тўғрисида маҳаллий нашрлар маълум қилди.

Аввалроқ Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов 1 декбардан бошлаб ўзбекистонликларга бундай имконият яратиб берилиши тўғрисида билдирган эди.

Хабарда айтилишича, бундан буён чет элга пул жўнатмоқчи бўлган ўзбекистонликлар банкка пул жўнатмаларини сўмда олиб келишлари мумкин. Банк сўмни автоматик тарзда хориж валютасига конвертация қилиб, белгиланган манзилга жўнатади. Мижозлар банк орқали нақд пул ўрнига, пластик карточкаларидаги пулни жўнатиш имкониятига ҳам эга.

Бу ҳолатда Western Union, Contact, Unistream, MoneyGram ва "Золотая Корона" каби халқаро тўлов карталаридан фойдаланилади.

Шу кунгача Ўзбекистон банклари хорижга пул жўнатмаларини жўнатишда миллий валютани қабул қилмасди. Чет элга Ўзбекистондан пул жўнатмалари фақат нақд доллар кўринишида амалга оширилар эди.

Тошкентда оила бўлиб яшаётган гомосексуаллар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда милиция бирга яшаётган гомосексуал жуфтликни қўлга олди. Бу ҳақда UzNews.uz нашри Тошкент шаҳар Юнсуобод туман милициясига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотда айтилишича, 1994 ва 1988 йилда туғилган икки йигит 3 сентябрдан бошлаб бир хонадонда бирга яшашга қарор қилишган. Улар пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида бир уйни ижарага олишган. Суд –тиббиёт экспертизаси улар ўзаро жинсий алоқда бўлганларини тасдиқлади.

Мазкур ҳолат бўйича 20 ноябрда жиноят иши очилган. Ўзбекистонда гомосексуализм жиноят ҳисобланади. Жиноят кодексининг 120-моддасига асосан гомосексуалистлар бир йилдан уч йилгача эркинликни чеклаш ёки уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Ўзбекистонда аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан гейларни калтаклаш, ҳақорат қилиш ҳолатлари тез-тез кузатиб турилади.

Ўзбекистон гомосексуал муносабатлар қонунан тақиқланган давлатлардан биридир. БМТга аъзо бўлган 122 давлатда гомосексуал алоқалар жиноят ҳисобланмайди. 73 давлатда эса бу ҳолат жиноят ҳисобланади.

Жазмани бошқа аёлга уйланганини билган ўзбекистонлик ўзига ўт қўйди

Иллюстратив сурат.

Москвада муҳожиротда бўлган ўзбекистонлик 32 ёшли Дилфуза исмли аёл яхши кўрган йигити Сирожиддин бошқа қизга уйланганини билганидан сўнг ўзига ўт қўйди. Бу ҳақда “Московский комсомолец” газетасига таянган ҳолда Podrobno.uz нашри 29 ноябрда хабар берди.

Маълум бўлишича, аёл танасининг 80 фоизи куйган. Касалхонага ётқизилган аёлнинг аҳволи ўта оғирлиги айтилмоқда.

Хабарда билдирилишича, Дилфуза Сирожиддин билан Ўзбекистонда танишган ва олти йил олдин улар ишлаш учун Москвага келишган. Кейинроқ Дилфуза Сирожиддин билан жанжаллашиб қолган ва 7 ёшли ўғлини олиб ватанига қайтган, бироқ орадан икки ой ўтгач яна ортга қайтган.

Москвага қайтгач Дильфуза Сирожиддин бошқа аёлга уйланганини билган ҳамда рашк туфайли ўзига ўт қўйиб юборган.

Афғонистон президенти Тошкентга 4 декабрда расмий ташриф билан келади

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 4 декабрда расмий ташриф билан Тошкентга келади. Бу ҳақда 29 ноябрь куни Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Мазкур ташрифга тайёргарликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш учун 29 ноябрь куни Афғонистон делегацияси “Кобул-Тошкент –Кобул” авиақатновининг биринчи рейси билан Тошкентга келди.

Афғонистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий ва МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар Ашраф Ғани ташрифи билан боғлиқ масалаларни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан муҳокама қилди.

“Кобул-Тошкент –Кобул” қатнови тахминан 8-9 декбрдан бошлаб ҳафтасига икки марта- чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Жорий йилнинг январида Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари Кобулда икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш тўғрисидаги “йўл харитаси”ни имзолаган эдилар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 2016 йилнинг январь-октябрь ойлари оралиғида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо алоқалари 429 миллион доллар бўлган.

Ёшлар иттифоқи 40 кишини "Ўзбекистон белгиси" нишони билан тақдирлади

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан турли соҳаларда фаолият юритаётган ёшлардан бир гуруҳини “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида” Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг қарори билан мамлакат бўйлаб 40 киши “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Қарор матнини ЎзА агентлиги эълон қилди. Мукофотланганлар орасида турли касб эгалари бор.

Қарорда айтилишича, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан “миллий маънавият, маданий мерос ва умуминсоний қадриятлар негизида юксак ватанпарварлик, халқпарварлик, фидойилик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватан обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишда, намуна кўрсатаётган ёшлар” тақдирланади.

Россияда 5 ўзбекистонлик Қирғизистоннинг сохта паспорти билан ушланди

Россия Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси миграция масалалари бўйича бўлими ходимлари Федерал хавфсизлик хизмати зобитлари билан биргаликда Ўзбекистондан бўлган беш нафар мигрант томонидан сохта ҳужжатлардан фойдаланиш ҳолатига чек қўйишди. Бу ҳақда Россия ИИВнинг Рязань вилояти бўйича бошқармаси маълумотига таяниб, кун.уз хабар қилди.

Қонунбузарлик ҳолати Рязаннинг Советск туманида аниқланган. Шаҳар аҳолисидан Войков кўчасидаги уйлардан бирида Россияда нолегал тарзда бўлиб турган фуқаролар яшаши ҳақида маълумот келиб тушган.

Текширув давомида Ўзбекистоннинг 24-34 ёшлар оралиғидаги беш нафар фуқароси Қирғизистон фуқароси эканлиги ҳақидаги сохта ҳужжатларни тақдим этди. Аниқланишича, ўзбекистонликлар Россияга ўз ҳужжатлари билан келишиб, бу ерда ҳозирча шахси аниқланмаган сотувчилардан Қирғизистон фуқаролари ҳужжатларини сотиб олишган. Улар ушбу мамлакат фуқароларига мўлжалланган имтиёзлардан фойдаланмоқчи бўлгани айтилмоқда.

Мигрантларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 327-моддаси 3-қисми бўйича жиноят ишлари очилди, улар 6 ойгача бўлган муддатга қамалиши мумкин.

Кобулдан Тошкентга биринчи парвоз амалга оширилди

Тошкент аэропортида "Кобул-Тошкент-Кобул" рейсининг очилиш маросими. Фотосурат gazeta.uz сайтидан олинди.

Кобулдан Тошкентга йўловчи ташувчи биринчи авиапарвоз 29 ноябрда амалга оширилди. Чоршанба куни эрталаб 9:30да Kam Air ширкатига тегишли Boeing 737 самолёти Тошкент аэропортига келиб қўнди.

Мазкур рейс Тошкент аэропортида миллий мусиқа ва рақслар билан кутиб олинди.

Газете.uz нашрининг “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га таяниб хабар беришича, авиақатновни йўлга қўйиши бўйича президент Шавкат Мирзиёев кўрсатма берган.

“Афғонистон билан авиақатнов йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари пойтахтларини Европа ва Осиё билан боғловчи авиахабга айлантириш йўлидаги ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланади”, - дейилади хабарда.

“Кобул-Тошкент –Кобул” қатнови тахминан 8-9 декбрдан бошлаб ҳафтасига икки марта- чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Мазкур рейс Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга 4 декбарда қиладиган расмий ташрифи арафасида уюштирилди. Учоқ Тошкентга Афғонистон делегациясини олиб келган.

Мирзиёев пахтачиликни бошқариш тизимини такомиллаштирмоқчи

Ўзбекистонда “Ўзпахтасаноат” ва “Ўзпахтаэкспорт” ширкатлари бирлаштирилиб, “Ўзпахтасаноат” ҳиссадорлик жамияти ташкил этилди. “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг ширкати тугатилди ва “Ўзпахтаёғ” пахта саноати тармоғидан чиқарилиб, ёғ-мой сангоати таркибига киритилди.

Президент Мирзиёев томонидан 28 ноябрда имзоланган “Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда мана шундай ўзгартиришлар назарда тутилган.

Қарорда таъкидланишича, бундан мақсад “пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош ва сифатли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уларни йирик хорижий бозорларга янада олиб чиқиш”дир.

Ҳужжатга биноан 2018 йил 1 январдан бошлаб “Сифат” пахта толасини сертификатлаш маркази Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидан чиқарилиб, “Ўзстандарт” агентлиги тузилмасига бирлаштирилади.

Шу кунгача 1200 ходимга эга бўлган “Сифат” ва 1500 ходимга эга бўлган “Ўзстандарт” пахта толасини сертификатлаш борасида бир бири билан мувофиқлаштирилмаган ҳолда бир хил ишни бажариб келган.

Фарғона водийсида биринчи марта газ кони топилди

Иллюстратив сурат.

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги Учтепа қишлоғида янги газ кони топилди ва мазкур ҳудудга техник қурилмалар ўрнатилиб, тумандаги айрим маҳаллаларга газ берила бошланди. Бу тўғрида “Ўзтрансгаз” ширкатига таянган ҳолда Kun.uz 28 ноябрда маълум қилди.

Газ 1080 метр чуқурликдан 100 атмосфера босимида соатига 2300-2400 кубометр миқдорида қазиб олинмоқда. Хабарда айтилишича, конда газни филтрлаб тозаловчи ускуналар ўрнатилган.

“Газ конининг ер остида қанча захирага эга экани ҳудудда қазилаётган яна иккита қудуқ ишлари якунига етгач маълум бўлади. Ҳозирда чиқаётган табиий газ босими эса коннинг катта миқдордаги захирага эга эканлигидан дарак бериб турибди”, - деб ёзди Kun.uz.

Хабарда айтилишича, шу кунгача Фарғона водийсида газ конлари топилмаган эди. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига табиий газ Қамчиқ довонидан қувур орқали етказилади. Булоқбоши туманида топилган кон биринчиси бўлди.

Бош вазир ўринбосарлари сони икки нафарга кўпайди

Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни имзолаган фармонга асосан шу йилнинг март ойидан бери Миллий банкни бошқариб келаётган Суҳроб Рустамович Ҳолмуродов бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланди.

1973 йилда туғилган Ҳолмуродов инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплексига раҳбарлик қилади.

Суҳроб Ҳолмуродов янги ташкил этилган Инновацияларни ривожлантириш вазирлигига ҳам кураторлик бўлади. Мазкур вазирликка шу кунгача Фанлар академияси вице-президенти лавозимида ишлаган Иброҳим Йўлчиевич Абдураҳмонов раҳбарлик қилади.

Президент фармони билан маориф, соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни ҳимоя қилиш, бадан тарбия ва спорт масалалари бўйича бош вазир ўринбосари лавозими жорий этилди. Ҳозирча бу лавозимга ким тайинлангани хабар қилинмади. Авваллари бу масалалар бош вазир тасарруфида эди.

Бу билан бош вазир ўринбосарлари сони саккиз кишига етди. Олдин бош вазирнинг 6 ўринбосари бор эди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл ширкатлари билетларни арзонлатишга келишди

«Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси «Қозоғистондаги темир йўллари» миллий ширкати билан харидорларга имтиëзли нархлар таклиф этишга келишиб олди¸ деб хабар қилди Подробно.уз нашри.

Хабарга кўра¸ икки ширкат бошқаруви вакилларининг жорий ҳафта ўтказилган учрашувида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳокама қилинган.

Иккала темир йўл ширкати расмийларининг билетнинг қанча олдиндан олинганига қараб белгиланадиган чегирма-имтиëзлар тизимини жорий қилишга келишиб олгани¸ мазкур учрашувнинг муҳим натижаси сифатида тақдим этилган.

Россияда ишлайдиган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун Қозоғистон темир йўллари асосий транзит воситаси ҳисобланади.

Риштонда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши оқибатида 4 киши, жумладан, 3 ўқувчи жароҳатланди

Иллюстратив сурат.

Фарғона вилоятининг Риштон туманида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши оқибатида 4 киши жароҳатланди.

Ўзбекистон маҳаллий матбуотининг Фавқулодда ҳолатлар вазирлигига таяниб хабар беришича, воқеа 27 ноябрь куни эрталаб соат 8дан 40 дақиқа ўтганида Риштон босмахонасида юз берган.

Мазкур ҳодисага газдан фойдаланишнинг хавфсизлик қоидаларига амал қилинмагани сабаб бўлгани таҳмин қилинмоқда.

Ҳаво-газ аралашмаси чақнаши оқибатида бир киши ўртача даражада куйиш ва босмахона яқинида жойлашган 1-сонли мактабнинг уч нафар ўқувчиси енгил жароҳатланиш ташҳиси билан касалхонага олиб келинган.

Биринчи ёрдам кўрсатилганидан сўнг ўқувчилар уйларига жўнатилган.

Риштон туман прокуратураси мазкур воқеа юзасидан суриштирув-текширув ишларини олиб бормоқда.

Тошкент милицияси диндорлар оммавий ҳибс қилингани тўғрисидаги хабарларга раддия берди

Иллюстратив сурат.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси Тошкент вилоятида диндорларнинг оммавий қамоққа олиниши тўғрисидаги маълумотларга раддия берди.

Шаҳар милицияси расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра¸ 27 ноябрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасида ўтказилган брифинг давомида оммавий ахборот воситалари вакилларининг диндор фуқаролар ички ишлар органларида ушлаб турилганлиги ҳолати юзасидан берилган саволларига тушунтириш берилган.

Мазкур хабарда ëзилишича¸ брифингда "жорий йилнинг 16-21 ноябрь кунлари “Facebook” ва бошқа ижтимоий тармоқларда мақолалар чоп этилиб, уларда ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида яшовчи диндор фуқароларнинг уйлари тинтув қилиниб, ушбу фуқаролардан 2009 йилдан буён қидирувда бўлган Тохтаходжаева Гузал Авазованинг яширинаётган жойини сўраганликлари, шундан 80 нафар шахсларни туман ички ишлар бошқармаларига олиб бориб, ушлаб турганликлари, уларнинг 7 нафарини эса ҳибсга олганликлари ҳолати юзасидан берган саволларига тушунтириш" берилган.

Тушунтиришга кўра¸ пойтахт милицияси Янгийўл ва Чиноз туманларида Гўзал Тўхтахўжаева билан боғлиқ ҳеч қандай амалиётлар ўтказмаган.

Тошкент милициясига кўра, Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик ва экстремистик ташкилотга аъзоликда айбланиб 2009 йилда қидирувга берилган Гўзал Тўхтахўжаевани ушлаш мақсадида қаерда яшириниб келаётганлигини билиши ҳамда у билан алоқада бўлиши мумкин бўлган, бироқ бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмаган шахслар билан суриштирув ишлари ўтказилмоқда.

Ислом Каримовнинг 80 йиллиги 2018 йилда нишонланади

Ўзбекистонниг собиқ президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистонда 2018 йилда Ислом Каримовнинг 80 йиллиги тантанали нишонланади. Бу борадаги қарорни президент Мирзиёев 27 ноябрь куни имзолади.

“Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарор Каримовнинг “хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш мақсадида қабул қилинган”.

Қарорда 2018 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасини очиш, Қарши шаҳрида ҳайкал ўрнатиш, “Ўзбеккино” томонидан Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш назарда тутилган.

Бундан ташқари Ислом Каримовга бағишланган китобларни нашр этиш, илмий анжуманларни ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Кобулдан Тошкентга биринчи марта йўловчи ташувчи авиақатнов амалга оширилади

Афғонистоннинг Kam Air ширкатига тегишли учоқ.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида биринчи марта авиақатнов амалга оширилади. Бу ҳақда Sputnik нашри 27 ноябрь куни Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда хабар берди.

Маълум қилинишича, 29 ноябрь куни эрталабки соат 9да Кобулдан Тошкентга биринчи марта йўловчи ташувчи самолёт учиб келади.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатидаги манба Тошкентга парвозлар Афғонистоннинг Kam Air ширкати томонидан амалга оширилишини билдирган.Бироқ ҳозирча мазкур парвозларнинг давомийлиги ва қайси кунлари амалга оширилиши аниқ маълум эмас.

Жорий йилнинг январида Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари Кобулда икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш тўғрисидаги “йўл харитаси”ни имзолаган эдилар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 2016 йилнинг январь-октябрь ойлари оралиғида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо алоқалари 429 миллион доллар бўлган.

Ўзбекистон молия-иқтисод сектори раҳбарлари ўзгарди. Галина Саидова ва Элëр Ғаниев истеъфога кетди

Маҳаллий Интернет нашрларининг хабар беришича¸ Ўзбекистон Иқтисодиёт вазири Галина Каримовна Саидова истеъфога чиқиши муносабати билан ҳозиргача Молия вазирлигини бошқарган 61 яшар Ботир Хўжаев Иқтисодиëт вазири этиб тайинланган.

61 яшар асли самарқандлик Галина Саидова 2011 йил августидан буён Иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаëтган эди. 2010-2011 йилларда Саидова Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири бўлиб ишлаган.

Ҳозирча мамлакат иқтисодий секторидаги белгиловчи шахслардан саналган Саидовани истеъфога чиқишга мажбур қилган омиллар ҳақида маълумот йўқ.

Бош вазир ўринбосари, Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси раҳбари Жамшид Қўчқоров Ботир Хўжаев ўрнига Молия вазири этиб тайинланган.

Ботир Хўжаев 2006-2009 йилларда Иқтисодиёт вазири, 2009-2011 йилларда бош вазири ўринбосари ва Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

Шавкат Мирзиëев президентликка келгач¸ ўтган йил декабрида у Ислом Каримов даврида молия секторини бошқариб келган Рустам Азимов ўрнига Молия вазири этиб тайинланган эди.

Айни куни 2012 йил 13 январдан буён Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар¸ инвестиция ва савдо вазири лавозимида ишлаб келган 57 яшар Элёр Ғаниев ҳам вазифасидан бўшатилди.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев¸ иқтисодий сектордаги кадр ўзгаришларига муносабат билдирди.

Сапарбой Жубаев Ўзбекистон иқтисодий секторидаги кадр ўзгаришлари ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:00 0:00
Бевосита линк

8 ойда ярим миллиондан ортиқ ўзбекистонлик иш излаб мамлакатдан чиқиб кетди

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияга одатда автобусларда боради. Бу автобус йўлда бузилиб қолиб, унинг йўловчилари 6 кун совуқда қолган эди. Саратов области, 26.12.2016

2017 йилнинг 8 ойида Ўзбекистондан577 933 нафар ёшлар чет элга иш қидириб чиқиб кетган. Уларнинг 2,5 фоизи вояга етмаганлардир.

Бу ҳақда Ёшлар иттифоқининг марказий кенгаш йиғилишида эълон қилинган маълумотларга таяниб, Diydor aziz сайти хабар қилди.

Айтилишича, Андижонда 70 мингдан ортиқ, Фарғонада 65 минг ва Бухорода 64 мингдан зиёд ёшлар чет элларда ишламоқда.

“Ёшлар иттифоқи кенгашида ёшлар иш қидириб чет элга чиқиб кетаётганлигининг сабабларини ўрганиб, ечим излаш кимнинг вазифаси эканлиги сўроқ остига олинган”, дейилган хабарда.

Биргина Россияда, расмий маълумотларга қараганда, қарийб 2 млн. ўзбекистонлик меҳнат мигранти бор.

Ўзбекистонда доллар ва евро яна қимматлади

Марказий банк биноси.

Марказий банк 2017 йил 28 ноябрдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилади.

Шундай қилиб, 28 ноябрдан бошлаб АҚШ доллари курси 20 ноябрда ўрнатилган курсдан 10,77 сўмга ўсди ва бир доллар 8095.88 сўмни ташкил этди.

Евро курси 166,46 сўмга қимматлаб, 1 евро 9659, 53 сўмга тенг бўлди.

Намангандаги хусусий корхонада юз берган ёнғинда бир ишчи ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Наманганда полиэтилен ишлаб чиқарувчи Неat Source Industry хусусий корхонасида юз берган ёнғин оқибатида корхонанинг бир ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда ёнғин ўчишириш хизматига таянган ҳолда Podrobno.uz нашри хабар берди.

Хабарда билдирилишича, Наманган шаҳри Марғилон кўчаси 218-уйда жойлашган хусусий корхонада ёнғин 23 ноябрь куни соат 11ларга яқин бошланган.

350 квадрат метр майдонга эга корхонада бошланган ёнғин пойабзал ишлаб чиқарувчи “Пантера саноат сервис”, кийим-кечак тикувчи “Асрор текстиль”, ойнак цехи, терини қайта ишлаш цехи, “Асил шароф гўшт маҳсулотлари” ширкатига қарашли музлаткичли омборхонага туташиб кетган. Натижада ёнғин 2000 квадрат метрдан кўпроқ ҳудудни қоплаган.

Ёнғинни ўчиришга 19та ўт ўчирувчи машина жалб қилинди. Ёнғин суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш техник хавфсизлиги бузилгани ортидан юз бергани таҳмин қилинмоқда.

Хабарда ҳалок бўлган ишчининг шахси очиқлангани эмас. Бу воқеа юзасидан жиноят иши очилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG