Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 18:32

Ўзбекистон

Ўзбекистондаги олтин конларини яна тўртта хорижий кампания қидиради

Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси республикада янги олтин конларини қидириб топиш учун тўртта хорижий инвесторни жалб этади.

Бу ҳақда РИА Новости маълумотига таянган ҳолда Кун.уз сайти хабар берди.

Бобир Исломовнинг Тошкентда бўлиб ўтган Uzgeoinvest-2017 халқаро конференцияда айтишича,Канаданинг B2Gold, Британиянинг NordGold, Туркиянинг TUMAD ва Жанубий Кореянинг Shindong Resources кампаниялари билан имзоланган шартномаларга кўра, улар геологик-қидирув ишларини олиб боради.

Хорижий сармояларнинг қиймати тахминан 8 миллион доллар эканлиги айтилади.

Бобир Исломовга кўра, шартномага кўра инвесторлар ўз тадқиқотлари асосида лойиҳанинг кейинги босқичлари - конларни ўзлаштириш, қазиб олувчи ва қайта ишлаш қувватларини қуриш ҳақида қарор қабул қилиши керак.

Давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қимматбаҳо металлар бўйича 31 та истиқболли ҳудуд ва 12 та кондан иборат рўйхатни тасдиқлаган. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, янги конлардан 151 тонна олтин ва 1,2 минг тонна кумуш олиш мумкин.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникасининг 38 фоизи бутунлай эскирган

Uzbekistan - cotton 2017

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, мамлакатдаги 146 минг 295 дона қишлоқ хўжалиги техникасининг 38 фоизи бутунлай эскирган.

Президент бу ҳақда 9 декабрда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ўтказилган Қишлоқ хўжалиги ходимларига бағишланган йиғилишда айтди.

“Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманлар боғ ва токзорларга ишлов бериш, сабзавот экиш, парваришлаш ва йиғиб олишга мўлжалланган техника билан 34 фоизгина таъминланган, холос. Бу эса меҳнат унумдорлиги ва ҳосилдорликнинг пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг айтишича бу йил мамлакатда 8 миллион 377 минг тонна ғалла, 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилган.

Шавкат Мирзиёев суғориш иншоотларининг ҳам эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолганлигини, аҳолини гўшт, сут, тухум, балиқ билан таъминлаш ҳам талаб даражасида эмаслигини танқид қилди.

Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами илк марта нишонланди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мамлакатдаги 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликларида етиштирилади.

Пахта ва буғдой давлат буюртмасига асосан экилади. Фермерлар пахта ва буғдой шартномаларини бажаришга мажбур.

Режани бажаролмаган фермерларнинг мол-мулки Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан мусоадара қилиниш ҳолатлари бир неча бор кузатилган.

Москвада ўзбекистонлик оғуфурушлар 7 йилдан 18 йилгача муддатга қамалди

Россиянинг Москва вилояти суди

Россия прокуратурасига кўра, Москвада гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганликда айбланган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Россиянинг Москва вилояти суди Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган 8 одамни гиёҳванд моддалари сотишда айбдор деб топди.

Айбланганлар 7 йилдан 18 йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм этилганлар.

Россия бош прокуратурасига кўра, улардан 85 килограмм героин мусодара қилинган.

"Бу шахслар алоҳида жиноят иши очилган шериклари билан биргаликда Москва вилоятида героин сотиш мақсадида жиноий гуруҳ тузган. Гуруҳ фаолиятига 2014 йилда чек қўйилган. Улардан 85 килограмм героин мусодара қилинган", — дейилади прокуратура билдирувида.

Айни пайтда Москва расмийлари Марказий Осиё давлатларидан Россияга гиёҳванд моддалар келтирилиши кўпаяётганини билдиришади.

Россия ҳудудига гиёҳванд моддалар асосан Афғонистондан, Марказий Осиё республикалари орқали келтирилиши айтилади.

Алишер Усмонов Тошкентга Робби Уилямсни олиб келяпти

Британиялик қўшиқчи Робби Уилямснинг бир кунлик концерти Тошкентнинг Форумлар саройида 15 декабр куни бўлади.

Подробно.уз нашрига кўра, концерт ташкилотчиси келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновдир.

Нашр бу Усмоновнинг ўзбекистонликларга янги йил совғаси деб хабар берди.

17 декабрь куни эса Форумлар саройида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри жўрлигида испаниялик тенор Хосе Каррераснинг концерти бўлади.

Оркестрга жаҳонга машҳур дирижёрлардан бири, испаниялик маэстро Давид Гименес дирижёрлик қилади.

Бу концерт ташкилотчиси ҳам Алишер Усмонов экани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Алишер Усмановни қариндошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Диёра Усмонова – Мирзиёевнинг рафиқаси жияни бўлиб, Алишер Усмоновнинг жияни, 2013 йилда Тошкентдаги ЙҲҲда ҳалок бўлган Бобурнинг бевасидир.

Бундан аввал Алишер Усмонов Ўзбекистон президентига ўз учоғини фойдаланишга берганди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Airbus 340 M-IABU учоғи Ўзбекистон президентининг расмий учоғи сифатида узоқ масофага мўлжалланган рейсларда фойдаланиш мақсадида вақтинча ижарага олинганини маълум қилганди.

Ўзбек элчихонаси ёнғинда ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотни ўрганмоқда

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Москва вилоятининг Раменское шаҳридаги савдо марказида ёнғин оқибатида уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганлиги ҳақидаги маълумотни текшираётганини билдирди.

Бу ҳақда элчихона матбуот котиби Алишер Усмоновга асосланиб РИА Новости хабар берди.

Москва вилоятидаги ёнғинда уч ўзбекистонлик ишчи ҳалок бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Аниқланишича, ёнғин чиққан жойда ўзбекистонлик исми ошкор этилмаётган бир эркак ва аёл нобуд бўлган, яна бир аёл “Тез ёрдам” машинасида жон берган.

Улар шу ерда жойлашган “Дисконт центр” арзон буюмлар сотишга мўлжалланган дўкон ишчилари бўлишган.

Мирзиёев афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитинани орден билан тақдирлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик таниқли гимнастикачи Оксана Чусовитинани “Эл-юрт ҳурмати“ ордени билан тақдирлади.

Давлат мукофотини қабул қилиб олар экан Чусовитина бундан буён ҳам Ўзбекистон шаънини халқаро спорт майдонларида ҳимоя қилишини айтган.

Чусовитина 41 ёшида энг ёши улуғ гимнасткачи сифатида рекордга эришган, шунингдек ушбу спорт тури бўйича етти маротаба олимпиа ўйинларида иштирок этган ягона спортчи ҳисобланади.

Чусовитина Озодлик мухбири билан суҳбатда саккизинчи марта олимпиада ўйинларида иштирок этиш нияти борлигини ва Ўзбекистонни тамсил этишини яширмаганди.

Бекободда кучли шамол электр ва газ линияларини шикастлади

Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан юз эллик километр жанубда жойлашган Бекободда 7 декабр кунида кучли шамол шаҳарнинг электр ва газ линияларини шикастлади.

Шаҳардаги бир қанча дарахт ағдарилган, ўнлаб одам жароҳатланган.

Шамол бир қанча уйларнинг томини учириб кетган.

Ўзбекистон Гидреметеорология марказига кўра, 7 декабр куни эрталаб 7:00 дан 18:00гача Бекободда шамол тезлиги секундига 28 метрни ташкил этган.

Ўзбекистон Фавфулодда вазиятлар вазирлигига кўра, табиий офатдан жабр кўрганларга ёрдам берилган.

Офат келтирган зарар кўлами ҳақида маълумот йўқ.

Мирзиёев пахта теримида мажбурий меҳнат қўлланилмаганини билдирди

Тошкент вилоятининг пахта даласидаги теримчилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституцияси куни муносабати билан 7 декбарда сўзлаган нутқида Ўзбекистонда жорий йилги пахта теримида мажбурий меҳнат билан боғлиқ бирорта факт аниқланмаганини айтди.

“Мана, бу йил ҳаммангиз кўрдингиз, эшитдингиз, биз бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабаларни мажбурий равишда пахта теримига чиқаришни қатъиян тақиқладик. Пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тизимли мониторинг йўлга қўйилди. Бу муҳим масалани аввало ўзимиз қаттиқ назоратга олганимиз туфайли биронта салбий ҳолат аниқланмади. Амалга оширилган ишлар самараси халқаро ташкилотлар, қолаверса, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда”, деди Мирзиёев.

Ўзбекистон Конституциясининг37-моддасида мажбурий меҳнат тақиқланган.

Бироқ Озодлик радиоси жорий пахта терими мавсумида Фарғона вилоятидан қарийб 17 минг, Наманган вилоятидан 1900 ва Сурхондарё вилоятидан 14900 нафар ҳашарчи пахта териш учун ихтиёрий мажбурий тарзда Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах вилоятларига махсус поездларда юборилгани, Тошкент вилоят пахтазорларида эса Андижондан олиб келинган хашарчилар пахта тераётгани ҳақидаги хабарларни тарқатган эди.

Озодлик манбалари Қашқадарё вилоятининг Касби ва Яккабоғ туманларидаги баъзи мактабларнинг юқори синф ўқувчилари 30 сентябрдан яна пахта теримига чиқарилгани, коллежларнинг учинчи курс ўқувчилари ҳам пахта теримига ҳайдалгани ҳақида билдирган эдилар.

ОАВларни рўйхатга олиш соддалаштирилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда нашр этилувчи газеталар.

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш осонлаштирилади ва уларга янги имтиёзлар берилади. Бу борадаги қонун биринчи ўқишда Олий Мажлис томонидан қабул қилингани тўғрисида 7 декабрь куни Podrobno.uz нашри хабар берди.

Депутатларнинг билдиришича, мазкур қонун оммавий ахборот воситаларини давлат органларининг ва амалдорларнинг ноқонуний қарорларидан, ҳаракатларидан ёки ҳаракатсизлигидан ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий жиҳатидан ҳимоя қилишнинг омиллари яратилишига туртки беради.

Бундан ташқари қонунда журналистларга ва ижодий жамоаларга давлат томонидан имтиёзлар, солиқ чекловлари, молиявий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий механизмалари белгилаб берилади.

Оғир атлетика терма жамоаси биринчи марта жаҳон чемпионатида совринли ўринни эгаллади

Оғир атлетика бўйича ўзбеклардан чиққан биринчи жаҳон чемпиони Руслан Нуриддинов Бразилияда ўтган Олимпиадада.

АҚШнинг Анахайм шаҳрида ўтган 83-жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик оғир атлетикачилар 5та медални қўлга киритиб, жамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади.

Sports.uz нашрининг билдиришича, Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси биринчи марта жаҳон чемпионатида совринли ўринни эгаллади.

28 ноябрдан 5 декабргача ўтказилган турнирда 72 давлатдан келган 400 спортчи иштирок этди. Ўзбекистон жамоаси битта олтин, иккита кумуш ва иккита бронза медалга сазовор бўлди.

Олтин медални Ўзбекистон жамоасига 69 кило вазн тоифасида 179 кило штангани даст кўтарган Достон Ёқубов олиб келди.Иван Ефремов кумуш ва бронза медалга, Фарҳодбек Собиров кумуш, Адҳамжон Эргашев эса бронза медалга эгалик қилди.

Айтиб ўтиш жоизки, 2017 йил сентябрида Оғир атлетика халқаро федерацияси допинг қўлланилгани аниқлангани муносабати билан Россия, Қозоғистон, Хитой, Белорусия, Озарбайжон, Арманистон, тукрия, Украина ва Молдова терма жамоаларини оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилган эди.

Ўзбекистондан 5000 доллар олиб чиқишга рухсат берилди

2018 йил 1 январидан бошлаб 5000 АҚШ долларигача бўлган миқдордаги нақд пулни ҳеч қандай рухсатномасиз Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, 2000 долларга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги хорижий валютани нақд кўринишда олиб чиқиш тартиби ҳам ўзгартирилди.

Янги йилдан бошлаб 2000 долларни декларациясиз хорижга олиб чиқиш мумкин: ёзма равишда мажбурий декларация тақдим этиш тартиби бекор қилинди.

Инкассатор иштирокидаги аварияда икки киши ўлди

Воқеа жойидан Озодликка йўлланган сурат.

3 декабрь куни Тошкент вилояти Чиноз тумани М-34 автомобил йўлида инкассатор УАЗ ва ВАЗ 2106 ўртасида автотўқнашув содир бўлди.

Бу ҳақда воқеага гувоҳ бўлган чинозлик Озодликка 7 декабрь куни маълум қилди:

"ВАЗ 2106 автоуловида 3 одам бўлган. 2 нафари воқеа жойида ҳалок бўлди. Биттаси оғир аҳволда шифохонага олиб кетилди. Авария соат 18:30 да содир бўлган бўлса, на шошилинч ёрдам келди, на ИИБ. ЙПХ 2 соатдан кейин келди", дея чинозлик воқеа жойида олинган суратни Озодликка йўллади.

Чиноз туман ИИБдан олинган маълумотга кўра, воқеа Чиноз шаҳридан 4 километр узоқликда бўлган. Озодлик боғланган милиция ходими тергов кетаётгани боис воқеа тафсилотларига тўхталмади.

Ҳозирда авария бўйича очилган ишни Тошкент вилоят прокуратураси ўрганмоқда.

Хитой ширкати Бухорода йилига 1 млрд куб метр газ қазиб олмоқчи

Бухоро вилояти Олот тумани Қоракўл блокида жойлашган Хўжасаёт участкасида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда газ қазиб олиш бошланди.

Рronedra.ru нашрига кўра, “Ўзбекнефтегаз” Хитойнинг CNPC миллий нефтегаз ширкати билан ҳамкорликда умумий қиймати 400 миллион АҚШ доллари миқодоридаги лойиҳа устида ишламоқда.

Жорий йилда Хитой Бухоро вилоятидаги учта йирик конда газ қазиб олиш ишларини олиб бораяпти.

CNPC ширкати Бухоро конларида бир йилда 1 млрд куб метр газ қазиб олишни режалаштирмоқда. Олинган газни, асосан, экспортга жўнатиш режаланган. Ички бозор учун атиги 6,5 минг тонна газ қолдирилади.

2006 йилда "Ўзбекнефтегаз" Хитой билан бешта инвестблокларда 5 йил давомида геология-қидирув ишларини ўтказиш бўйича келишув имзолаган.

Кейинги қарийб 10 йил давомида Ўзбекистонда табиий газ муаммоси юзага келган. Юзлаб чекка қишлоқлар кейинги 2-3 йил ичида газдан бутунлай узиб қўйилди.

Статистика қўмитаси биринчи марта ойлик инфляция кўрсаткичи тўғрисида маълумот берди

Тошкент бозори

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси биринчи марта истеъмол секторида инфляциянинг бир ойлик кўрсаткичи тўғрисида очиқ маълумот берди.

Қўмита расмий сайтида билдирилишича, ноябрь ойида товар ва хизматлар ннархи ўрта ҳисобда расман 2 фоизга ошган. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,5 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 3,4 фоизга, хизматлар 0,5 фоизга қимматлаган. Бу эса 2016 йилнинг ноябрь ойига солиштирганда 0,8 фоизга кўпдир.

Қўмитанинг билдиришича, айрим маҳсулотларнинг қимматлагани мавсумий омиллар билан боғлиқ. Маълумотда қайд этилишича, мавсум билан боғлиқ ҳолда помидор нархи 60,6 фоизга, бодринг 54 фоизга қимматлаган.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашига эса бензин нархининг 39,7 фоизга ошгани сабаб бўлган. Бу соҳада энг катта нарх ўсиши дори-дармон бозорида кузатилган. Дори-дармонлар нархи 4,8 фоизга қимматлаган.

Ўзбекистон Афғонистонда темир йул куриб беради

Ашраф Ғани Тошкентда Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи 6 декабрь куни якунланди.

Афғонистон президенти Ўзбекистонга расмий ташриф билан 4 декабрда келган эди. У 5 декабрь куни президент Мирзиёев билан музокаралар ўтказди. Учрашув якунида икки давлат ўртасида 20дан ортиқ ҳужжатларга, жумладан, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш юзасидан шартномалар имзоланди.

Бундан ташқари Тошкент Кобул билан ҳамкорликда Афғонистонда дафн этилган буюк ўзбек мутафаккир олимлари мозорларини ободонлаштиришга, 2018 йилда Афғонистонда Абу Райҳон Беруний илмий меросига бағишланган халқаро анжуман ўтказишга ҳам келишилган. Шунингдек, Термизда Афғонистон консулхонаси очилади

Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Бухорони зиёрат қилган Афғонистон президенти Ашраф Ғани Бухоро давлат университети фахрий доктори унвонига эга бўлди.

Президент расмий сайтининг хабар беришича, Бухоро университетида проффесор ўқитувчилар ва талабалар олдида нуқт сўзлаган Ашраф Ғани “Бухорои шарифни зиёрат қилиш орзуим эди”, деб билдирди.

Афғонистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзолангани айтилмоқда.

.

Асака автомобиль заводига Ислом Каримов номи берилди

Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов.

Андижон вилояти Асака шаҳридаги автомобиль заводига 6 декабрь куни Ислом Каримов номи берилди. Бу ҳақда UzAuto ширкати маълум қилди.

Завод ҳудудида Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси барпо этилди ҳамда доимий равишда фаолият юритадиган "Ислом Каримов ва Ўзбекистонда автомобиль саноатининг ривожи" кўргазма-музей иш бошлади.

Бу ишлар президент Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилди.

Мазкур қарор доирасида Тошкентида, Самарқандда ва Қаршида Ислом Каримов ҳайкаллари ўрнатилган эди.

Мирзиёев 27 ноябрь куни имзолаган яна бир қарорига асосан Ўзбекистонда 2018 йилда Ислом Каримовнинг 80 йиллиги тантанали нишонланади.

Мирзиёев 2700 маҳкумни афв қилди

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА агентлиги хабар берди.

Мамлакат тарихида илк бор президент томонидан бу қадар кўп одам бирданига афв қилинмоқда.

Каримов вафотидан кейин қабул қилинган илк амнистияга биноан жами қирқ мингга яқин одам афв қилинган.

Ўтган бир йил давомида 14 нафар журналист, сиёсий партиялар фаоллари ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Муҳаммад Бекжон, Аъзамжон Фармонов, Солижон Абдураҳмонов, Бобомурод Раззоқов, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Рустам Усмонов, Самандар Қўқонов, Эркин Мусаев, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Даврон Тожиев ва Муҳаммадали Қорабоев озод этилди.

Ҳюман Райтс воч инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида яна 12 нафар инсон ҳуқуқи фаоли ва журналистлар қолмоқда.

Чорвоқ замонавий курортга айлантирилади (ВИДЕО)

Тошкент вилоятидаги Чимён- Чорвоқ дам олиш зонасида 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа асосида эркин туристик зона ташкил қилинади.

Бу ҳақдаги махсус қарор президент Мирзиёев томонидан имзоланди.

Режага кўра, бу ерда янги замонавий меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар мажмуалари қурилади.

Фармонда ҳудудга қатновчи транспорт тизимини ҳам яхшилаш кўрсатилган.

Бир ой муддат ичида янги эркин туристик зона чегараларини аниқлаб олиш белгиланган.

Кейинги пайтда Чорвоқ оромгоҳидаги шароитлардан норозилик шикоятлари кўпаётган эди.

Чорвоқ қачон чинакам курортга айланади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:36 0:00

AzonFM онлайн радиоси иш бошлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда AzonFM онлайн радиоси 6 декабрдан бошлаб тест режимида фаолият бошлади. Бу ҳақда Azon.uz сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад маълум қилди.

Хабарда айтилишича, AzonFM эшиттиришлари “Қуръон тиловати, “Бир оят тафсири”, “Бир ҳадис шарҳи”, “Замонавий фиқҳий масалалар” ва “Умумий фиқҳ” ҳамда ақида, саволларга жавоблар, машҳур уламолар билан суҳбатлар”дан иборат бўлади.

Жорий йилнинг июль ойи охирларидан Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси исломий онлайн дарсларни ўтказа бошлагани ҳам хабар қилинган эди.

Ҳафтанинг ҳар душанба, сешанба ва чоршанба кунлари тафсир, ақида, фиқҳ, ҳадис шарҳи, тажвид ва араб тили фанларидан онлайн дарслар Youtube, Facebook ва Instagram саҳифалари орқали олиб борилмоқда.

“Ушбу дарсларни таниқли уламолар ва Тошкент ислом институтининг маҳоратли устозлари ўтказишади”, дейилади муфтият билдирувида.

Ўзбекистонда 2 миллионга яқин одам тўйиб овқатланмайди

Ўзбекистонда 2014-2016 йилларда 1 миллион 9 минг одам ёки умумий аҳолининг 6,3 фоизи тўйиб овқатланмаган. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ташкилоти эълон қилган ҳисоботда маълум қилинди.

Бу кўрсаткич аввалги йилларга қараганда анча оздир. 2010-2012 йилларда Ўзбекистон умумий аҳолисининг 7,9 фоизи, 2005-2007 йилларда эса 12,4 фоизи тўйиб овқатланмаслиги айтилган.

“2017 йилда Европа ва Марказий Осиё ҳудудларида овқатланиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги таҳлили” ҳисоботида Марказий Осиёда жами 5,6 миллион одам тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмаслиги таъкидланган.

Kun.uz нашрининг ҳисоботга таяниб билдиришича, Тожикистонда 2,6 миллион одам ёки аҳолининг 30 фоизи тўйиб овқатланмайди. Туркманистонда бу кўрсаткич 300 минг (аҳолининг 5,5 фоизи), Қирғизистонда 400 минг (аҳолининг 6,3 фоизи) одамни ташкил қилади.

Буюк ўзбек мутафаккирларининг Афғонистондаги мозорлари обод этилади

Ашраф Ғани ва Шавкат Мирзиёев журналистлар учун брифинг ўтказди.

Тошкент Кобул билан ҳамкорликда Афғонистонда дафн этилган буюк ўзбек мутафаккир олимлари мозорларини ободонлаштиради. Бу ҳақда Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан Тошкентда ўтган музокаралардан сўнг президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди

ЎзАнинг билдиришича, музокараларда 2018 йилда Афғонистонда Абу Райҳон Беруний илмий меросига бағишланган халқаро анжуман ўтказишга ҳам келишилган.

Расмий хабарга кўра¸ икки давлат делегациялари сўзлашувлари якунида ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланган.

Ашраф Ғани расмий ташриф билан Ўзбекистонга 4 декабрь куни келган эди. Унинг ташрифи 6 декбаргача давом этади. Сафар доирасида Ашраф Ғани Бухорони зиёрат қилиши ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон Афғонистонга 25 автобус ва 3 трактор совға қилди

Ашраф Ғани Тошкентда Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Ўзбекистон Афғонистонга самимий дўстлик ифодаси ўлароқ 25та Isuzu автобуси ҳамда 3 та New Holland тракторини совға қилди.

Президент расмий сайтининг билдиришича, бу ҳақда Афғонистон президенти Ашраф Ғани Тошкентдаги қишлоқ хўжалик техникаси заводига борган пайтда маълум қилинди. Унга бош вазир Абдулла Арипов ҳамроҳик қилган.

Ашраф Ғани расмий ташриф билан Ўзбекистонга 4 декабрь куни келган эди. Унинг ташрифи 6 декабргача давом этади.

Расмий хабарга кўра¸ икки давлат делегациясилари сўзлашувлари якунида ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланган.

“Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир”¸ дейилади матбуот баëнотида.

Шунингдек, Афғонистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзолангани айтилмоқда.

Термизда Афғонистон консулхонаси очилади

Афғонистон президенти ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиëев билан.

Бу ҳақда Ўзбекистонга сафар қилаëтган Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ўтказилган қўшма матбуот брифингида Шавкат Мирзиëев баëнот берди.

Ўзбекистон ва Афғонистон президентларининг 5 декабрь кунги музокаралари ниҳоясида Шавкат Мирзиëев ва Ашраф Ғани Қўшма баёнот имзолади¸ деб хабар тарқатди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Расмий хабарга кўра¸ икки давлат делегациясилари сўзлашувлари якунида ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланган.

“Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир”¸ дейилади матбуот баëнотида.

Шунингдек, Афғонистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзолангани айтилмоқда.

Тожикистон билан чегара музокаралари қайта жонлантирилади

Бекободдаги ўзбек-тожик чегара пункти.

Тожикистон ва Ўзбекистон чегара масалалари бўйича беш йил олдин тўхтатиб қўйилган музокараларни қайта жонлантиради. Бу ҳақда Тожикистон телеграф агентлигига таянган ҳолда Kun.uz 4 декбарда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Тожикистонда Ўзбекистон билан чегара масалаларини ҳал этиш бўйича янги ҳукумат комиссияси ташкил этилган. Комиссияга бош вазир Коҳир Расулзоданинг шахсан ўзи раҳбарлик қилиши айтилмоқда.

Тожикистон эълон қилган расмий маълумотларда айтилишича, икки давлат ўртасидаги чегара 1332 километрни ташкил этади. Мазкур чегара чизиғининг тахминан 1240 километри аниқлаб бўлинган ва ратификация қилинган.

Чегаранинг 93 километри эса Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида баҳсли бўлиб қолмоқда.

Хорижлик сайёҳларга виза муддати узайтирилди ва виза нархи арзонлатилди

Самарқанд шаҳри ўзбекистонга келган сайёҳлар борадиган асосий манзиллардан бири.

Ўзбекистонга келаётган сайёҳларга бундан буён бир ойлик виза берилади, шунингдек, виза нархи 20 долларга арзонлатилди. Бу борадаги қарони президент Мирзиёев 4 декабрь куни имзолади.

Авваллари хорижлик сайёҳларга 7 ва 15 кунлик визалар берилар эди. Виза нархи эса 60 долларни ташкил этган. Қарорга асосан виза учун янги нарх 40 доллар қилиб белгиланди.

Қарорда, шунингдек, гуруҳ бўлиб саёҳатга келувчилар учун минимал кўрсаткич 5 киши қилиб белигланди. Бундан аввал гуруҳ бўлиб келувчи сайёҳлар сони 10 кишидан кам бўлмаслиги лозим эди.

Қарор Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш бўйича белгилаб берилган биринчи галдаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG