Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:37

Ўзбекистон

Тошкент- Киев рейси тикланиши мумкин

Ўзбекистон ва Украина Тошкент ва Киев ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклаш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда хабар қилган ЎзА Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юрий Савченкога таянди.

12 декабрь куни Тошкентда Украина давлат авиа хизмати Ўзбекистон давлат авиа назорати вакиллари билан учрашган. Унда Украина халқаро ҳаво йўллари ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси вакиллари иштирок этиб, ушбу масалани муҳокама қилган.

Ҳозирда музокаралар давом этмоқда.

Ўзбек-қирғиз бизнес-форумида 140 млн долларлик шартномалар имзоланди

13 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-қирғиз бизнес-форумида жами 140 млн долларлик 60 га яқин ҳужжат имзоланди.

Gazeta.uz нашрига кўра, шунингдек, 2017−2019 йилларда савдо-иқтисодий, инвестицион транспорт-коммуникацион ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» савдо молиялаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида доиравий келишувга эришилган.

Форумда иштирок этган Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевга кўра, йил бошидан буён икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 60 фоиздан зиёдроққа ўсиб, 200 млн долларни ташкил этган.

Форум пайти икки ўртада сайёҳлик алоқаларини кучайтириш учун янги транспорт йўналишларини ривожлантириш, жумладан, Ўш-Тошкент авиарейси ва Иссиқ кўл вилоятидаги Балиқчи шаҳрига темир йўл рейсини очишнинг зарурлиги айтилди.

 Халқ қабулхоналари ҳузурида Давлат хизматлари марказлари очилади

Янги йилнинг 1 январидан халқ қабулхоналари ҳузурида Давлат хизматлари марказлари иш бошлайди.

Президентнинг 12 декабрдаги янгиқ арорига кўра,эндиликда «ягона дарча» тамойили нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки бевосита фуқароларга ҳам хизмат кўрсатишда амал қилади.

Gazeta.uz хабарига кўра, 2018−2020 йилларда Давлат хизматлари марказларида «ягона дарча» тамойили бўйича кўрсатиладиган 58 та давлат хизматининг рўйхати тасдиқланди.

Уларнинг қаторида уй-жойларнинг сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуришни амалга оширишга рухсатнома, турар жойи бўйича рўйхатга олиш (прописка), рўйхатдан чиқариш ва ҳисобга қўйиш, турли архив маълумотномалари, патентлар, гувоҳномалар ва расмий ҳужжатлар дубликатларини олиш каби хизматлар бор.

Уларнинг барчаси аҳоли талаби юқори бўлган хизматлардир.

 Нодавлат ташкилотларини қўллаш учун 15 миллиард сўм ажратилади

Ушбу масала ўзбек паламентида муҳокам қилинган

2018 йилда Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб қувватлаш учун давлат бютжетидан 15 миллиард сўм маблағ ажратилади.

ЎзА хабарига кўра, бу ҳақда парламентнинг қуйи палатасида ўтган йиғилишда маълум қилинган.

Шунингдек, келаси йил ўзини ўзи бошқариш органларини молиялаштириш учун жорий йилга нисбатан 25 фоиз кўпроқ маблағ яъни 640,5 миллиард сўм ажратиш режаланган.

Қирғизистоннинг янги президенти Ўзбекистонга келди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистоннинг янги президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 13 декабрь куни икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

ЎзА маълумотига кўра, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Жээнбековни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олган.

Ушбу ташриф натижасида ўтказиладиган учрашув ва музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларига оид мавзулар кўрилади.

Жээнбековнинг Тошкентга расмий сафари арафасида қирғиз парламенти Ўзбекистон билан муносабатларга оид қатор ҳужжатларни муҳокама қилди. Жумладан, Косонсой сув омбори Қирғизистонга, Иссиқкўлдаги пансионатлар Ўзбекистонга қайтарилди.

Робби Уилямснинг концертига энг арзон билет бир ярим миллион сўмдан сотилмоқда

Британиялик қўшиқчи Робби Уилямс.

Британиялик қўшиқчи Робби Уилямснинг Тошкентда 15 декабрда ўтадиган бир кунлик концертига билетлар 1,5 миллиондан 1 миллион 800 минг сўмгача бўлган нархда сотилмоқда. Бу ҳақда “Истиқлол” концерт залидан олинган маълумотга таянган ҳолда Sputnik нашри 12 декабрда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, билетлар қимматлигига қарамасдан жуда тез сотилмоқда. Билетларни сотиш душанба кунидан бошланган.

Sputnik нашри Робби Уилямс концертига билет олиш учун ўртача 800 минг сўмдан 1 миллион сўмгача иш ҳақи олувчи оддий ўзбекистонлик бир неча ой пул тўплаши лозимлигини таъкидлаган.

Нашрга кўра, яқинда Тошкентда ўтган Россиянинг "Серебро" гуруҳи концертига билет 100 мингдан 700 мин сўмгача, A'STUDIO ва Любовь Успенская концертига 100 мингдан 1 миллион сўмгача, Юлдуз Усмонова концертига 20 мингдан 250 минг сўмгача сотилган.

Аввалроқ Подробно.уз нашри концерт ташкилотчиси келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов эканини билдирган эди. Нашр бу Усмоновнинг ўзбекистонликларга янги йил совғаси деб хабар берди.

17 декабрь куни эса Форумлар саройида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри жўрлигида испаниялик тенор Хосе Каррераснинг концерти бўлади.

Оркестрга жаҳонга машҳур дирижёрлардан бири, испаниялик маэстро Давид Гименес дирижёрлик қилади. Бу концерт ташкилотчиси ҳам Алишер Усмонов экани айтилмоқда.

Иссиқкўлдаги 4 пансионат Ўзбекистонга қайтарилади

Иссиқкўлдаги "Роҳат" пансионати 2016 йилгача Ўзбекистон ихтиёрида эди.

Қирғизистон Иссиқкўлдаги 4 пансионатни Ўзбекистонга қайтаришни режалаштирмоқда.

Қирғизистон парламентининг Иқтисодиёт ва фискал сиёсат қўмитаси 12 декабрь куни пансионатларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича шартномани қўллаб-қувватлади. Шартномани депутатларга бош вазир ўринбосари Дайир Кенекеев тақдим этди.

Кенекеевга кўра, президент Сўўрўнбой Жээнбековнинг Ўзбекистонга сафари арафасида пансионатлар билан боғлиқ масала шошилинч равишда кун тартибига чиққан. Сўўрўнбай Жээнбековнинг Тошкентга расмий сафари 13-14 декабрь кунлари амалга оширилади.

-Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Ўзбекистонга расмий ташриф билан борганида бу пансионатларни қайтариш бўйича келишувга эришилган эди, -деди бош вазир ўринбосари.

Шартномага кўра, пансионатлар жойлашган ерлар Қирғизистонга қарашли бўлиб қолаверади, пансионатларни бошқариш ҳуқуқи Ўзбекистонга берилади. Ўзбекистон пансионатларни яқин йилларда 3-4 юлдузли меҳмонхоналарга айлантириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Пансионат ходимларининг 80 фоизи ҳам қирғизистонликлар бўлиши шарт.

2016 йил 4 апрелида Ўзбекистон билан муносабатлар ёмонлашгани ортидан Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли “Дилором”, “Роҳат”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор имзолаган эди.

Бу қарордан сўнг Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси масъули Бишкек пансионатлар учун Тошкентга товон пули тўламаслигини билдирган.

Надия Дусанова спорт Оскари - "Олтин Мангуст" билан мукофотланди

Ўзбекистонлик Надия Дусанова спорт ва бадан тарбия соҳасини ривожлантиришга қўшган сезиларли ҳиссаси учун “Олтин Мангуст” ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда “Мангуст” ташкилотининг жамоатчилик кенгаши қарор қабул қилгани тўғрисида Podrobno.uz нашри 12 декабрда хабар берди.

Хабарда айтилишича, халқаро мукофотни топшириш маросими 9 декабрm куни Украинанинг Одесса шаҳрида бўлиб ўтган.

“Олтин мангуст” спорт соҳаси вакилларига бериладиган ягона халқаро мукофот ҳисобланади, шунинг учун уни спорт Оскари деб ҳам аташади.

Мазкур мукофот билан спортни ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшган одамлар ва таниқли спортчилар мукофотланади.

Надия Дусанова жорий йил июлида Ҳиндистонда ўтган енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, баландликка сакраш бўйича Осиё чемпиони бўлган эди.

Ўзбекистон Қирғизистонни халқаро арбитражга берди

Ўзбекистоннинг Иссиқкўлдаги "Роҳат" пансионати. Ҳозирда пансионат номи ўзгарган.

АҚШдаги халқаро арбитраж расмий Тошкентнинг Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли “Дилором”, “Роҳат”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистон олиб қўйганидан норозилик билдириб, киритган даъво аризасини кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда 12 декабрь куни ўтказилган Қирғизистоннинг иқтисодий ва фискал сиёсат бўйича парламент қўмитаси йиғилишида маълум қилган Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари Дайир Кенекеев ушбу масала келишувлар йўли билан ҳал қилиш ҳаракатлари бўлаётганини айтди:

"Биласизки, Қирғизистон бу объектларни қайтариб олгач, Ўзбекистон АҚШдаги халқаро арбитражга мурожаат қилди. Ҳозирда ушбу иш судда кўрилмоқда. Қирғизистон ҳукумати ушбу муаммони ҳуқуқий асосларда ҳал бўлишидан умидвор", деди Кенекеев.

2016 йил 4 апрелида Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев Ўзбекистон пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор имзолаган эди. Бу қарордан сўнг Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси масъули Бишкек пансионатлар учун Тошкентга товон пули тўламаслигини билдирган.

Қирғиз расмийларига кўра, Қирғизистоннинг янги президенти Сўўрўнбой Жээнбековнинг Ўзбекистонга сафари арафаси пансионатлар билан боғлиқ масала шошилинч равишда кун тартибига чиққан.

Хитой Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ярим миллиард доллар сарфламоқчи

Хитой ширкати Ўзбекистон чорвачилигини

Хитойнинг Wanbang ширкати Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасига 500 миллион долларлик инвестиция киритиш бўйича 15та лойиҳани имзолади.

Kun.uz нашрига кўра, ушбу лойиҳалар орқали Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналарида 10 000 гектарлик худудга логистика марказлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш объектларини барпо этиш кўзда тутилган. Жумладан, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича ҳамда тайёр маҳсулотларни экспорт, импорт ва реэкспорт қилишни яхшилаш режаланган.

Хитой озиқ-овқат бозорининг 37 фоизини эгаллаган ушбу ширкат дунёнинг 50дан зиёд давлати билан ҳамкорлик қилади.

Россияда Ўзбекистоннинг яна бир консуллиги очилади

Янги консуллик орқали ўзбек муҳожирларига ёрдам кўрсатишни яхшилаш кўзланган.

Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида Ўзбекистоннинг бош консуллиги очилади.

Бу ҳақдаги ҳужжатни Россия бош вазири Дмитрий Медведов имзолади.

Рус расмийларига кўра, ушбу қарор орқали ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига консуллик ёрдами кўрсатиш яхшиланиши кўзланган.

Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси ва консулликлари ходимлари устидан кўплаб шикоятлар бўлган. Ўзбек муҳожирлари элчихона улар мурожаатларини эътиборсиз қолдириб келишидан норози бўлишгани бир неча бор хабар қилинган.

Қирғиз президенти Ўзбекистонда чегара масаласини муҳокама қилмайди

Қирғизистон Президенти Сўўрўнбай Жеенбековнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи кун тартибида чегаралар тўғрисидаги ҳужжатлар йўқ.

Қирғизистон президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими мудири Айзада Субақожоева 12 декабрь куни журналистлар учун ўтказган брифингда делимитация ва демаркация бўйича Қирғизистон ва Ўзбекистон ишчи гуруҳи ўз ишини давом эттираётганини маълум қилди.

- Давлат чегарасининг қолган қисми бўйича делимитация борасидаги ҳужжатлар ҳозирча йўқ. Шу йилнинг сентябрь ойида имзоланган Шартномадан кейин ҳар икки мамлакат ҳукуматларининг ишчи гуруҳлари ишлаётганини биласиз. Орадан уч ой ўтди. Бизнинг гуруҳ ишламоқда, 40 километрдан ортиқ ҳудуд белгиланди. Бироқ, бу гал делимитация бўйича алоҳида ҳужжат имзоланмайди.

Айзада Субақожоеванинг айтишича, ташриф давомида Сўўрўнбай Жеенбеков Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев, Бош вазир Абдулла Арипов ва Олий Мажлис сенати спикери Ниғматилла Йўлдошев билан учрашади.

Ташриф доирасида бир қатор ҳужжатлар, жумладан молиявий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро Битим, илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида Келишув, икки мамлакат фавқулотда вазиятлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси, шунингдек, Божхона қўмитаси ўртасида Келишув имзоланади.

Сўўрўнбай Жеенбековнинг президент сифатида Ўзбекистонга илк ташрифи 13-14 декабрь кунлари бўлиб ўтади.

500 минг долларни четга ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлган 2 одам ушланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондан 470 минг доллар ва 4 миллион 100 минг рубль пулни ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилган ватандошлар қўлга олинди. Бу ҳақда 12 декабрь куни МХХнинг Наманган вилоят бошқармасига таянган ҳолда Podrobno.uz нашри хабар берди.

Хабарда айтилишича, МХХ ходимлари милиция билан ҳамкорликда Наманган вилояти Учқўрғон туманида “Дамас” машинасини тўхтатган. Машинада тумиандаги “Қалъача” маҳалласида яшовчи 53 ёшли Х. У., “Соҳил” маҳалласида яшовчи 20 ёшли И. Қ., бўлган. И.Қ., қўлида бўлган катта полиэтилен пакет текширилганида ундан 470 минг долларга яқин пул ва 4,1 миллион рубль топилган.

Хабарда иддао қилинишича, қўлга олинганлар бу пулни қўшни давлатларга ноқонуний равишда олиб чиқиш ниятида бўлганлар. Текширувда И.Қ., аввал ҳам чегарани бузгани учун судлангани аниқланган.

Мазкур факт бўйича Ўзбекистогн Жиноят кодексининг 182-моддаси асосида жиноят иши очилди.

Жиззах яқинида зилзила бўлгани қайд этилди

Ўзбекистонда 11 декабрь куни соат 15дан 25 дақиқа ўтганида зилзила бўлгани қайд этилди. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги маълум қилди.

"Тошкент" сейсмостанциясининг билдиришича, зилзиланинг эпицентри Жиззах шаҳридан 30 км жанубий-ғарбий йўналишида, Тошкент шаҳридан 211 км узоқликда содир бўлган

Зилзиланинг кучи 3,5 баллни ташкил этган. Зилзила оқибатида жабрланиш ва талофотлар кузатилмади.

Тошкентда жиноятлар сони 15 фоизга камайгани айтилди

Тошкент шаҳрида жорий йилнингг 11 ойи мобайнида жиноятчилик даражаси ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 15 фоизга камайди.

“Газета uz” нашрининг Ички ишлар бошқармасига таяниб хабар беришича, 11 ойда пойтахтда 12 минг 300та жиноят содир этилган. Ўтган йилнинг шу даврида 14 483та, яъни 2 181тага кўпроқ жиноят содир этилган.

Хабарда айтилишича, милиция ходимлари томонидан йил бошидан бери 957та тезкор қидирув тадбири ўтказилган. Тадбирлар давомида 520 та ўғирлик, 224 та фирибгарлик, 20 та оғир тан жароҳатини етказиш, 21 та қотиллик, 34 та босқинчилик ҳужуми, 50 та талон-тарож, 24 та безорилик, 18 та автотранспорт воситаларини олиб қочиш ва 46 та бошқа жиноят аниқланган.

Бундан ташқари тезкор қидирув жараёнида жиноят содир этганликда гумонланиб қидирувга берилган 1959 нафар шахс қўлга олинди.

Йил бошидан буён шахс бедарак йўқолган 723 нафар шахсдан 530 нафари яшаш жойига қайтарилди.

Эрдўғон Мирзиëевга қўнғироқ қилди

11 декабрь куни Ўзбекистон ва Туркия президентларининг телефон мулоқоти бўлиб ўтди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра¸ суҳбат "Туркия томони ташаббуси билан бўлиб ўтган."

Расмий хабарга кўра¸ “мулоқотда давлат раҳбарлари жорий йил октябрь ойида Туркия Республикасига олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.”

Айни пайтда¸ Шавкат Мирзиëев ва Режеп Таййип Эрдўғон Истанбулда ўтказиладиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммити кун тартибидаги масалалар, жумладан, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг бошқа долзарб масалалари бўйича фикр алмашдилар.

АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишини эълон қилганидан сўнг Эрдўғон бу қарорга қаршилик кўрсатаëтган давлат раҳбарлари сафида етакчилик қилмоқда.

Ҳозирга қадар Тожикистон ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирликлари АҚШ президенти қарорини тан олмасликлари ҳақида расмий баëнот берди. Аммо Ўзбекистон ҳозирча бу воқеага муносабат билдирмади.

11 декабрь кунги телефон мулоқотида бу мавзунинг муҳокама қилинган-қилинмагани очиқланмади.

Ҳамид Олимжон ҳайкали "Адиблар хиëбони"га кўчирилди

Ҳамид Олимжон ҳайкали 1990 йили шоир номидаги хиëбонга ўрнатилган.

Тошкентнинг Ҳамид Олимжон хиëбонига ўрнатилган шоир Ҳамид Олимжон ҳайкалини “Адиблар хиëбони”га кўчириш бошланди.

18 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев "Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида" қарор берган эди.

Президент қарорида¸ "Адиблар хиëбони"да "миллий адабиётнинг улкан намояндалари" Озод Шарафиддинов¸ Эркин Воҳидов¸ Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуфга ҳайкал ўрнатиш¸ айни пайтда¸ Тошкентдаги Ҳамид Олимжон¸ Ғафур Ғулом ва Зулфия ҳайкалларини шу хиëбонга кўчириш кўзда тутилган эди.

Ҳамид Олимжоннинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Яков Шапиро ясаган ҳайкали шоир номидаги хиëбонга 1990 йили ўрнатилган эди.

Қирғизистон президенти минтақа давлатларига илк сафарини Тошкентдан бошлайди

Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 13-14 декабрь кунлари расмий сафар билан Ўзбекистонга келади.

Бу 24 ноябрь куни президент сифатида қасамëд қилган Жээнбековнинг қўшни давлатларга қилаëтган илк расмий сафаридир.

Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар тарқатди.

11 декабрь куни Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев президентга мазкур сафарга ҳозирлик ишлари ҳақида ҳисоб берган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Сўўрўнбай Жээнбековнинг президентликка сайланиши билан биринчилардан бўлиб табриклаган эди.

Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг қўшнилар билан муносабатларни яхшилашни ўз устивор вазифаси деб эълон қилди.

Тошкент 22 йил баҳсларга сабаб бўлган Косонсой сув омбори бошқарувини Қирғизистонга топширди

2012 йилда Кососнсой сув омбори ҳудудида аксилтеррор ўқув машғулотлари ўтказилган эди. Суратда қирғиз ҳарбийлари машғулот пайтида, 2012 йил, 31 октябрь.

Косонсой сув омборидан Ўзбекистон билан ҳамкорликда фойдаланиш юзасидан имзоланган шартномани ратификация қилиш масаласи жорий ҳафтада қирғиз парламентида муҳокама қилинади.

Қирғизистон парламенти матбуот хизматининг билдиришича, шартномага 6 октябрь куни президент Алмазбек Атамбаевнинг Тошкентга қилган расмий сафари доирасида қўл қўйилган.

Шартномада Ўзбекистонда Косонсой, Қирғизистонда Ўртатўқай деб аталувчи сув омборини қўриқлаш, фойдаланиш ва бошқариш тўлиқ Қирғизистон ихтиёрига ўтган. Ўзбекистон эса сув омборидан фойдаланиш ҳаражатларини тўлаб беришни ўз зиммасига олган. Мазкур сув омбори асосан Ўзбекистонни сув билан таъминлайди.

Косонсой сув омбори 22 йилдан бери Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги энг баҳсли ҳудуд бўлиб қолаётган эди. Мазкур ҳудудда низолар ҳам юз берган.

Косонсойдан Шўролар давридан бери Ўзбекистон фойдаланиб келади. Қирғизистон сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудуд ўзига тегишли эканини билдирган.

Айни пайтда Тошкент Косонсой сув омбори Ўзбекистонга тегишли эканини, бу объект тўлиғича Тошкент ихтиёрига ўтказилиши шартлигини талаб қилиб келган эди.

Тошкент прокуратураси уч опа сингил вафотига нотўғри берилган дори сабаб бўлганини тасдиқлади

Тошкент прокуратураси расмийси Бобур Деҳқонов ноябрь ойида бирин- кетин вафот этган уч опа-сингил ўлими юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси хулосасини эълон қилди.

UzNews нашрининг хабар беришича, Деҳқонов экспертиза қизлар артериал қон босимини пасайтириб юборувчи дори истеъмол қилгани оқибатида организмнинг интоксикацияси ва юрак-қон томир етишмовчилиги юзага келганидан вафот этганларини тасдиқлаганини билдирган. Расмий қизлар ичган дорининг номини айтмади.

Деҳқоновга кўра, энди терговчилар бу аптекачининг хатоси бўлганми ёки шифокорнинг нотўғри дори ёзиб берганими, деган саволга жавоб топишлари керак бўлади.

Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани Бешқўрғон мавзесида истиқомат қилган 7 яшар Муниса, 6 яшар Мухлиса ва 4 яшар Моҳира 8 ноябрь кечаси ва 9 ноябрь куни эрталаб бир неча соатнинг ичида кетма-кет вафот этгани тўғрисида Озодлик 11 ноябрда хабар қилган эди.

Қизчалар яқинларининг Озодликка ўшанда айтишича, қийма кабоб еганидан сўнг қорни оғриган болаларга отаси аптекадан дори олиб берган ва қизчалар шу доридан заҳарланган.

Ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пунктларини қайта қуриш режаси муҳокама қилинди

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидан ўтиш учун навбат кутаётган одамлар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида одамлар кўп қатнайдиган ва тиқин бўладиган чегара ўтказиш пунктларини кенгайтириш ҳамда қайта қуриш бўйича ишлар 2018 -2019 йилларда амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитасига таянган ҳолда “Газета.uz” 10 декабрда маълум қилди.

Ўзбек ва қозоқ божгирлари ҳамда чегарачилари 9 декабрь куни “Яллама” чегара –ўтказиш пунктида учрашиб, чегара-божхона инфраструктурасини яхшилаш бўйича икки давлат ўртасида имзоланган “Йўл харитаси”ни амалга ошириш масаласини муҳокама қилган.

Мазкур режа қозоқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг сентябрь ойида Тошкентга қилган сафари доирасида қабул қилинган эди.

Хабарда айтилишича, “Йўл харитаси”нинг амалга тадбиқ этилиши ортидан чегараларнинг одамларни ўтказиш имконияти кенгаяди, чегара пунктлари замонавий техника билан таъминланади, бунинг натижасида эса чегарадаги узоқ навбатлар ва тиқинларга барҳам берилади.

Ўзбекистондаги олтин конларини яна тўртта хорижий кампания қидиради

Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси республикада янги олтин конларини қидириб топиш учун тўртта хорижий инвесторни жалб этади.

Бу ҳақда РИА Новости маълумотига таянган ҳолда Кун.уз сайти хабар берди.

Бобир Исломовнинг Тошкентда бўлиб ўтган Uzgeoinvest-2017 халқаро конференцияда айтишича,Канаданинг B2Gold, Британиянинг NordGold, Туркиянинг TUMAD ва Жанубий Кореянинг Shindong Resources кампаниялари билан имзоланган шартномаларга кўра, улар геологик-қидирув ишларини олиб боради.

Хорижий сармояларнинг қиймати тахминан 8 миллион доллар эканлиги айтилади.

Бобир Исломовга кўра, шартномага кўра инвесторлар ўз тадқиқотлари асосида лойиҳанинг кейинги босқичлари - конларни ўзлаштириш, қазиб олувчи ва қайта ишлаш қувватларини қуриш ҳақида қарор қабул қилиши керак.

Давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қимматбаҳо металлар бўйича 31 та истиқболли ҳудуд ва 12 та кондан иборат рўйхатни тасдиқлаган. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, янги конлардан 151 тонна олтин ва 1,2 минг тонна кумуш олиш мумкин.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникасининг 38 фоизи бутунлай эскирган

Uzbekistan - cotton 2017

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, мамлакатдаги 146 минг 295 дона қишлоқ хўжалиги техникасининг 38 фоизи бутунлай эскирган.

Президент бу ҳақда 9 декабрда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ўтказилган Қишлоқ хўжалиги ходимларига бағишланган йиғилишда айтди.

“Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманлар боғ ва токзорларга ишлов бериш, сабзавот экиш, парваришлаш ва йиғиб олишга мўлжалланган техника билан 34 фоизгина таъминланган, холос. Бу эса меҳнат унумдорлиги ва ҳосилдорликнинг пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг айтишича бу йил мамлакатда 8 миллион 377 минг тонна ғалла, 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилган.

Шавкат Мирзиёев суғориш иншоотларининг ҳам эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолганлигини, аҳолини гўшт, сут, тухум, балиқ билан таъминлаш ҳам талаб даражасида эмаслигини танқид қилди.

Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами илк марта нишонланди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мамлакатдаги 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликларида етиштирилади.

Пахта ва буғдой давлат буюртмасига асосан экилади. Фермерлар пахта ва буғдой шартномаларини бажаришга мажбур.

Режани бажаролмаган фермерларнинг мол-мулки Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан мусоадара қилиниш ҳолатлари бир неча бор кузатилган.

Москвада ўзбекистонлик оғуфурушлар 7 йилдан 18 йилгача муддатга қамалди

Россиянинг Москва вилояти суди

Россия прокуратурасига кўра, Москвада гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганликда айбланган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Россиянинг Москва вилояти суди Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган 8 одамни гиёҳванд моддалари сотишда айбдор деб топди.

Айбланганлар 7 йилдан 18 йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм этилганлар.

Россия бош прокуратурасига кўра, улардан 85 килограмм героин мусодара қилинган.

"Бу шахслар алоҳида жиноят иши очилган шериклари билан биргаликда Москва вилоятида героин сотиш мақсадида жиноий гуруҳ тузган. Гуруҳ фаолиятига 2014 йилда чек қўйилган. Улардан 85 килограмм героин мусодара қилинган", — дейилади прокуратура билдирувида.

Айни пайтда Москва расмийлари Марказий Осиё давлатларидан Россияга гиёҳванд моддалар келтирилиши кўпаяётганини билдиришади.

Россия ҳудудига гиёҳванд моддалар асосан Афғонистондан, Марказий Осиё республикалари орқали келтирилиши айтилади.

Алишер Усмонов Тошкентга Робби Уилямсни олиб келяпти

Британиялик қўшиқчи Робби Уилямснинг бир кунлик концерти Тошкентнинг Форумлар саройида 15 декабр куни бўлади.

Подробно.уз нашрига кўра, концерт ташкилотчиси келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновдир.

Нашр бу Усмоновнинг ўзбекистонликларга янги йил совғаси деб хабар берди.

17 декабрь куни эса Форумлар саройида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри жўрлигида испаниялик тенор Хосе Каррераснинг концерти бўлади.

Оркестрга жаҳонга машҳур дирижёрлардан бири, испаниялик маэстро Давид Гименес дирижёрлик қилади.

Бу концерт ташкилотчиси ҳам Алишер Усмонов экани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Алишер Усмановни қариндошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Диёра Усмонова – Мирзиёевнинг рафиқаси жияни бўлиб, Алишер Усмоновнинг жияни, 2013 йилда Тошкентдаги ЙҲҲда ҳалок бўлган Бобурнинг бевасидир.

Бундан аввал Алишер Усмонов Ўзбекистон президентига ўз учоғини фойдаланишга берганди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Airbus 340 M-IABU учоғи Ўзбекистон президентининг расмий учоғи сифатида узоқ масофага мўлжалланган рейсларда фойдаланиш мақсадида вақтинча ижарага олинганини маълум қилганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG