Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 16:15

Ўзбекистон

Ўзбекистонда доллар қимматлаб, евро арзонлади

Марказий банк 2017 йил 19 декабрдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилади.

19 декабрдан бошлаб АҚШ доллари курси 12 декабрь куни ўрнатилган курсгдан 8,62 сўмга қимматлади ва 1 доллар 8101,62 сўмни ташкил этди.

Евро курси 3,62 сўмга арзонлаб, 1 евро 9528,32 сўмга тенглашди.

Москвада ўзбекистонликларнинг яширин босмахонаси фош қилинди

Москва шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фош қилган ўзбекистонликларга қарашли яширин босмахонада қатор қалбаки ҳужжатлар: миграция карталаридан тортиб, ҳайдовчилик гувоҳномаларигача тайёрлангани тўғрисида РИА Новости хабар қилди.

Айтилишича, РФ Жиноят Кодексининг “Қалбаки акциз маркаларини тайёрлаг ва сотиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи кўрилмоқда.

Хабарда яширин босмахонада неча киши ушлангани айтилмаган, уларнинг исм-фамилияси келтирилмаган.

Ўтган ҳафтада Подольск шаҳрида полиция қўлбола ароқ тайёрланадиган яширин корхонадан 40 тонна спирт ва 15 тонна спиртли суюқликни мусодара қилган, бу иш билан ҳам ўзбекистонликлар шуғуллангани хабар қилинган эди.

Содиқ Сафоев ЕТТБ директорлар кенгаши мажлисида қатнашди

Олий Мажлис Сенати раис ўринбосари Содиқ Сафоев.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ижроия директори, Олий Мажлис Сенати раис ўринбосари Содиқ Сафоев ўтган ҳафтада Лондонда бўлиб ўтган банк бошқаруви кенгаши йиғилишида қилган чиқишида Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини, мамлакатда демократлаштириш ва ҳокимиятнинг очиқлигини ошириш, коррупцияга қарши кураш, маҳаллий ҳокимиятнинг ваколатини кенгайтириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигидан иборат кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади, деб хабар қилди Ўзбекистондаги нашрлар.

Содиқ Сафоев биринчи вазифалар қаторида ҳукумат томонидан мамлакатда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хусусий бизнеснинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва янги молиявий хизматларни жорий этилаётганини айтиб ўтди.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган ЕТТБ президенти Сума Чакраборти ташриф буюрган эди. Ташриф чоғида Сума Ўзбекистон Республикаси резиденти Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказган эди. Ноябрь ойида эса ЕТТБнинг биринчи вице-президенти Филипп Беннет ҳам Тошкентга ташриф буюрган эди ва ташриф чоғида 2010 йилдан бери биринчи марта Банк 120 миллион долларлик учта кредит шартномаси имзолаган эди.

ЕТТБ директорлар кенгаши 2018 йилда Ўзбекистон учун янги стратегияни қабул қилишни режалаштирди. Ўз навбатида айтиб ўтиш керакки, бу ҳамкорлик узоқ муддатли стратегик устувор йўналишларни белгилаб беради.

Ҳозирда, ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 186 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг шартнома имзоланди. 2018 йилда Банк турли лойиҳалар бўйича 15 та лойиҳани амалга ошириши ҳам кутилмоқда.

Тошкент вилоятининг 7 туманида қурилишлар учун ер ажратиш вақтинча тўхтатилди

Тошкент вилоятининг айрим аҳоли пунктларида қурилишлар учун ер майдонларини ажратиш Вазирлар Маҳкамасининг 12 декабрдаги қарорига биноан тўхтатилгани тўғрисида uz24.uz хабар қилди.

Айтилишича, вилоятнинг 7 та — Зангиота, Қибрай, Тошкент, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ ва Янгийўл туманларида жисмоний ва юридик шахсларга қурилишлар учун ер ажратишга вақтинча тақиқ жорий этилган. Бу ушбу ҳудудлар бўйича бош режа лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани билан боғлиқ, дейилади қарорда.

Қарорда белгиланишича, ушбу тақиқлар Президент ва Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Аҳоли пунктларида жойлашган кўчмас мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишда тарафлар жорий этилган тақиқлар ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилади.

Қуюқ туман ҳаво қатновлари жадвалини ўзгартиришга мажбур қилди

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларига қуюқ туман тушгани туфайли авиақатновлар жадвалига ўзгаришлар киритилди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”компаниянинг расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, 15 декабрдан 16 декабрга ўтар кечаси тушган қуюқ туман туфайли учиш ва қўнишда кўришнинг ёмонлашганлиги сабабли Тошкент, Бухоро ва Андижон аэропортлари ёпиб қўйилган. Миллий авиакомпаниянинг 11 рейси захира аэродромларига йўл олган.

Айни пайтда Сочи – Тошкент йўналиши бўйича учиб келаётган HY686 ва Нукус – Тошкент йўналиши бўйича келаётган HY54 рейслари захира аэродроми — Самарқанд халқаро аэропортига йўналтирилган. Қолган бир неча рейсларнинг учиб келиши ва Истанбул, Нукус каби шаҳарларга рейсларнинг парвози ҳам кечиктирилган.

Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги аэропортлардаги рейсларнинг ҳолатини миллий авиакомпаниянинг онлайн таблоси ёки аэропортларнинг маълумотхонаси орқали билиб олиш мумкин.

«Миллий авиакомпания экипажлари об-ҳаво шароити яхшиланиши ҳамоно рейсларни амалга оширишга тайёр. Пайдо бўлган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва бизни тўғри тушунганингиз учун ташаккур билдирамиз», дейилади МАК хабарида.

Хорижда яшириниб юрган ватандошларнинг қайтиши шартлари тушунтирилди

16 декабрь куни Жиззах вилояти ИИБ, Тергов департаменти, Жиноят-қидирув бошқармаси ва Жиззах вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда қидирувдаги шахс агарда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яширинган бўлса, ҳеч қандай тўсқинликларсиз ватанига қайтиши, фуқаролик паспорти йўқолган ёки амал қилиш муддати ўтган бўлса, консуллик элчихоналаридан ватанга қайтиш гувоҳномаларини расмийлаштириб беришда амалий ёрдам кўрсатилиши, оилавий, моддий аҳволи инобатга олиниши, ўз айбига чин кўнгилдан пушаймонлиги, етказилган моддий зарарнинг 70 фоизи қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмаслиги юзасидан тушунтириш берилди.

Бу ҳақда хабар қилган кун.уз сайтига кўра, йиғилишда жиноят содир этгач, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган жиззахликларнинг оила аъзолари ва яқинлари ҳам иштирок этган.

Йиғилишда қидирувдаги шахсларнинг яқин оила аъзоларига республикада олиб борилаётган сиёсат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидаги ислоҳотлар, давлат раҳбари томонидан қабул қилинган Афв тўғрисидаги фармон, Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган «Амнистия тўғрисида»ги қарор, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, «қамоқ» эҳтиёт чорасини ўзгартириш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Экспорт қилинаётган маҳсулотларга белгиланган бож тўловлари бекор қилинди

Ўзбекистонда экспорт қилинаётган маҳсулотларга белгиланган бож тўловлари бекор қилинди. Бу борадаги фармонни президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрда имзолади.

“Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ва рақобатдошлигини таъминлашни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда таъкидланишича, қонунда белгиланган айрим махсус турдаги маҳсулотларгагина экспорт божлари сақлаб қолинади.

Фармонга биноан экспорт билан шуғулланувчи корхоналар экспорт лицензияси олиш мажбуриятидан ҳам озод қилинди.

Бундан ташқари ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни хорижга экспорт қилувчи ширкатлар чет элларда ваколатхоналар, савдо уйлари очиш ҳамда уларга консигнация асосида маҳсулот етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлди.

Қозоғистонда совуқда қолган 48 нафар ўзбекистонлик қутқарилди

Қозоғистонда қиш.

Қозоқ полициячилари Самара-Шимкент йўналишидаги трассада 48 нафар Ўзбекистон ватандошининг ҳаётини сақлаб қолди.

Бу ҳақда Актўбў вилоят полицияси матбуот хизматига таянган ҳолда Sputnik нашри 16 декабрда хабар берди.

"15 декабрь куни Самара-Шимкент трассасининг Иргиз послёкасига яқин қисмида Россия Федерациясидан Ўзбекистонга кетаётган автобус бузилиб қолди. Бу воқеа фожеага айланиши мумкин эди, чунки термометр -23 даража совуқни кўрсатаётганди”, деб ёзади Sputnik нашри.

Воқеа жойига зудлик билан етиб келган полиция ходимлари йўловчиларни хавфсиз ва иссиқ жойга кўчиришга муваффақ бўлган.

Рамзан Қодиров Мирзиёевни "Ислом оламининг буюк сиёсий арбоби", дея атади

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Instagram саҳифасида Ўзбекистонда Ислом академияси ташкил қилинаётганини олқишлаб, бу қарорнинг мусулмон олами учун аҳамиятли бўлганини таъкидлайди:

“Ушбу ҳужжат нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон дунёси учун катта аҳамиятга эга. Бундай қарор Шавкат Миромонович президентлигининг иккинчи йили бошланган кунда қабул қилингани рамзий аҳамиятга эга. Бундан аввал, у ёзда Самарқандда Ал-Бухорий номидаги Халқаро Ислом марказини қуришни бошлаш топшириғини берган эди”, дейди Қодиров Instagram орқали.

У Мирзиёев билан танишганидан мамнунлигини ёзиб, Мирзиёевни “Ислом оламининг буюк сиёсий арбоби” сифатида таърифлайди:

“Мен унинг мусулмон олами учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ислом цивилизацияси обидалари ва муқаддас қадамжоларини асраб қолишга алоҳида эътибор қаратаётганини ҳис қилдим”, дейди Қодиров.

Қодиров Мирзиеёв Ўзбекистоннинг "аввалги шуҳратини" қайтаришига ҳам ишонч билдиради:

“У 13 йил давомида ҳукуматни бошқарган, иқтисодиётдан хабардор, мамлакатнинг барча муаммолари ва уларни ҳал қилиш йўлларини билади. Энг муҳими - Мирзиёев ўз халқи, Ватанини севади, Ўзбекистонга аввалги шон-шуҳрат ва қудратини қайтариш учун бор кучи ва билимини беришга тайёр”, дейди Қодиров Мирзиёевни таърифлар экан.

Қодиров "аввалги шон-шуҳрат" деганда қайси даврни назарда тутганини очиқламаган.

Ноябрь ойи охирида Рамзан Қодиров Instagram саҳифасида президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Ойбек Турсунов билан бирга тушган суратини эълон қилиб, унга "таянч қўрғони" эканини билдирганди.

Абрамов ЎФФ расмийларини танқид қилгани учун футболдан четлатилди

16 декабрь куни Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) машҳур тренер, «Нефтчи» клуби бош мураббийи Вадим Абрамовни футболдан четлатди.

Бу ҳақдаги қарорда Абрамовнинг «номаълум муддатга футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш»дан маҳрум қилингани қайд қилинган.

Қарорда айтилишича, Абрамов Ўзбекистон "футбол расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдиргани ва ЎФФ томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги учун" футболдан четлатилган.

Қарорда Абрамовнинг айнан қайси танқидий фикри учун бундай тақиққа учрагани очиқланмаган.

Мирзиёев турк делегациясини қабул қилади

Жорий йил 18 декабрида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш бўйича агентлиги (TİKA​) раҳбари Сердар Чам бошчилигидаги делегация Тошкентга ташриф буюради.

Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги Матбуот хизматига кўра, турк делегациясининг президент Мирзиёев билан учрашуви режаланган.

Мирзиёев жорий йил октябрида Ўзбекистон давлат раҳбарининг сўнгги 18 йил ичида Туркияга илк расмий ташрифини амалга оширди ва ушбу ташриф доирасида 3¸5 миллиард долларлик 30та қўшма лойиҳа имзоланди.

Мазкур ташрифдан сўнг расмий Тошкент икки ўртадаги ҳамкорлик масалалари, айниқса, бир пайтлари Ўзбекистон бозоридан “сиқиб” чиқарилган турк тадбиркорларини мамлакатга таклиф қилишни кучайтирди.

Тошкентда Турк бизнес марказини ташкил қилиш ҳам режаланган.

Почта хизматига ўзгартиришлар киритилди

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири 16 декабрда имзолаган «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги янги ҳужжатга кўра, почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, энидиликда «Юридик шахслардан қабул қилинган пул ўтказмалари, олувчининг аризасига биноан олувчининг пластик карточкасига ўтказиб берилиши мумкин».

Шунингдек, карантин эълон қилинган жойларда сабзавотлар, мевалар, уруғлар, кўчатлар ва ўсимликлар, гўштдан қилинган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари солинган посилкалар қабул қилинмайди.

Қирғизистон 20 декабрдан Ўзбекистонга яна электр сотишни бошлайди

Қирғизистон 20 декабрдан Ўзбекистонга яна электр энергияси экспортини бошлайди.

Tazabek нашрига кўра, бу ҳақда матбуотга Қирғизистон миллий энергетика холдинги бошқарув раиси Айбек Қалиев хабар маълум қилган.

Шартномага мувофиқ, қирғизистон томони 20 декабрдан 2018 йил мартига қадар Ўзбекистонга 550 млн кВт/соат электр энергияси экспорт қилиши лозим.

1 кВт/соатига 2,4 центдан нарх белгилангани эътиборга олинса, Ўзбекистон бу шартнома бўйича Қирғизистонга 13 млн 200 минг доллар пул тўлагани маълум бўлади.

Аввалроқ Қирғизистон Ўзбекистонга 2 центдан 1,25 млрд кВт/соат электр энергияси сотиш бўйича шартнома имзолагани билдирилганди. Бу қирғиз энергетикларининг жорий йилда ўзбекистонлик ҳамкасблари билан имзолаган иккинчи шартномадир.

Қирғизистоннинг Ўзбекистонга электр бериши маълум муддат тўхтаб қолганди: Жорий йил 16 июндан қайта электр энергиясини сота бошлади.

Кейинги бир неча йил давомида Ўзбекистоннинг аксар қишлоқларида электр муаммоси мунтазам кузатилмоқда. Айрим қишлоқларда кунига фақат бир неча соатгина электр берилади.

 Қалбаки пул ишлатган фирибгарлар ушланди

Қалбаки пул ишлатиб, бошқаларни фирибгарлик йўли билан алдаган тошкентлик икки киши қўлга олинди.

Чирчиқ шаҳар ИИБ маълумотига кўра, 48 ва 41 ёшлардаги икки эркак чирчиқлик бир аёлнинг аризасидан сўнг ушланган.

Воқеа аёл Чирчиқ шаҳридаги пул айирбошлаш шоҳобчасидан 950 АҚШ долларини олиб, кўчага чиққан пайт содир бўлган.

Эркаклар аёлни алдаб, унинг қўлига сохта долларни бериб, аёлнинг 950 долларини ўғирлаб кетишган.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича, Жиноят кодексининг 168-моддаси яъни “Фирибгарлик” бўйича жиноий иш очилиб, тергов -суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қуюқ туман сабаб Тошкентга парвозлар кечиктирилди

Тошкент шаҳрида жума кунидан буён кузатилаётган қалин туман пойтахт аэопортида бир нечта рейсларнинг кечиктирилишига сабаб бўлди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширатидагилар кўриш масофаси 50 метрдан кам бўлгани учун Олма-Ота, Урумчи, Москва, Истанбул, Санкт-Петербург, Рига шаҳарларидан учиб келиши керак бўлган парвозлар кечиктирилганини айтишди.

Шунингдек, Тошкент аэропортидан Москва, Бангкок, Деҳлига учиши керак бўлган парвозлар ҳам кечиктирилган.

Қалин туман маҳаллий парвозлар графигига ҳам таъсир қилди.

Фарғона, Навоий, Урганчдан келадиган ҳамда Урганч, Қарши, Бухорога учиши керак бўлган рейслар кечиктирилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатидагилар туман тарқаши билан парвозлар тикланиши айтишмоқда.

Робби Уилямсга Тошкентда зарбоф тўн кийдиришди

Британиялик поп-қўшиқчи 15 декабр куни Тошкентдаги Халқаро форумлар саройида концерт берди.

Концерт пайти унинг ташкилотчилари қўшиқчига зарбоф тўн кийдиришди.

Концертга бойлиги Forbes журналига кўра 15 ярим миллиард долларни ташкил этадиган келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик ишбилармон Алишер Усмонов ҳомийлик қилган.

Маҳаллий нашрлар Роббий Уилямснинг концерти Усмоновнинг ўзбекистонликларга янги йил тухфаси, дея ёзганди.

Концертга билетлар эса 1 ярим миллион сўмдан 2 миллион сўмгача нархда сотилган.

Бу ўзбекистонликлар ўртача ойлигидан икки баравар кўпдир.

Мирзиёев Ислом академиясини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди

\

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Ислом академиясида ҳузурида 2 йиллик магистратура, 3 йиллик таянч докторантура ва 3 йиллик докторантура фаолият юритади.

Шунингдек, Академияда мустақил тадқиқотчилар учун масофадан ўқиш, тадқиқот ишларини мустақил олиб бориш имконияти яратилади, хориждан докторантлар ва тадқиқотчилар ўқиш ва амалиётга шартнома асосида қабул қилинади.

Магистратурага олий таълим муассасаларининг камида бакалавр даражаси дипломига эга бўлган, Академияда тайёрланадиган мутахассисликлар ихтисослигига мос келадиган йўналишларни битирган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари қабул қилинади.

Академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассислиги бўйича магистрларни, шунингдек ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрланади.

Қарорда академия қачондан очилиши ва қеарда бўлиши айтилмаган.

Ўзбекистон расмийлари бензин нархи ошгани юзасидан изоҳ берди

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси расмийларига кўра, мамлакатда бензин нархи 40 фоизга ошганига инфляция сабабчидир.

Қўмита вакиллари 14 декабр куни Тошкентда журналистлар билан ўтказган учрашув чоғида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари бир неча йиллар давомида оширилмаганини айтиб, бу ҳолат Ўзбекистонда нефть-газ тизими корхоналарининг охирги йилларда зарар билан ишлашига сабаб бўлганини қайд этишди.

Натижада маҳсулотлар тақчиллиги юзага келган.

Расмийларига кўра, Ўзбекистонда бензин нархи 40 фоизга ошган, ноябрь ойида умумий инфляция даражаси 2 фоизни ташкил этган бўлса, унинг 0,5 фоизи бензин нархи ошиши ҳисобига тўғри келди, деб хабар қилди 14-декабр куни Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси расмийлари.

Эслатиб ўтамиз, 15 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон бўйича бензин нархи кескин оширилди, ёқилғининг янги баҳоси аввалгисидан тахминан 40%га юқорилади.

Мирзиёев Германияда 11 йил ишлаб Ўзбекистонга қайтган фермерга "Каптива" совға қилди

Германияда 11 йил давомида чорвачилик бўйича ишлаган ва ўтган йили ватанига қайтган қорақалпоғистонлик Алишер Қурбановга президент Шавкат Мирзиёев "Каптива" машинасини совға қилган.

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Хўжайли туманида барпо этилаётган замонавий логистика марказида бўлган ҳамда "Panaev Farms" фермер хўжалиги раҳбари Қутлимурат Панаев билан суҳбатлашган.

Суҳбат давомида Панаев Германияда 11 йил давомида чорвачилик бўйича ишлаган Алишер Қурбановни Қорақалпоғистонга қайтариб, унга барча имкониятларни яратиб бергани ва у бугунги кунда фермада менежер лавозимида ишлаётганини билдирган.

"Шавкат Мирзиёев Алишер Қурбановга юртимизга қайтиб ишлаётгани учун Каптива автомашинасини совға қилди", дейилади хабарда.

Ўзбекистон раҳбари хорижда ишлаётган юртдошларини ватанга қайтиб, юрт равнақига хисса қўшишга даъват этиб келади.

Ҳозирда чет давлатларда ишлаётган ўзбекистонликлар сони бир неча миллионни ташкил этиши айтилади.

Иқтисодиёт вазирининг муовини: бензин нархи суъний равишда паст ушлаб туриларди

Ўзбекистон - ZTE Petroleum АЁҚШ

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирининг биринчи муовини Мубин Мирзаев мамлакатда охирги пайтларда юзага келган нефть маҳсулотлари тақчиллиги сабабларини очиқлади.

Унга кўра, тақчилликка нефть корхоналарининг рағбатлантирилмагани, нархларнинг сунъий равишда паст ушлаб турилгани, бунинг натижасида зарар миқдорини камайтириш мақсадида нефтни қайта ишловчи заводлар тўлиқ қувват билан ишламагани сабабдир.

14 декабрда Тошкентдаги Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган анжуманда гапирган Мубин Мирзаев жумладан шундай деди:

“Йиллар давомида нархни арзон ушлаб туриш кимга яхши, албатта истеъмолчига. Аммо корхона ташкилотларга бу зарар. Мисол учун, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни келтириш мумкин. Биз ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари бошқа давлатлардагига қараганда арзон, деб мақтаниб юрдик. Охир-оқибат нима бўлди? Яъни,Тошкент шаҳри бу маҳсулотлар билан таъминланди, аммо республиканинг бошқа ҳудудларида тақчиллик юзага келди. Бунга зарар миқдорини кўпайтирмаслик учун нефтни қайта ишловчи заводларнинг тўлиқ қувватда ишламаслиги сабаб бўлди”.

Мубин Мирзаевга кўра, бензин ва дизель нархининг кўтарилиши нефтни қайта ишлаш заводларининг кам миқдорда бўлса-да фойда билан ишлашига имкон беради.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарори билан мамлакатда автобензин нархлари 23 октябрдан бошлаб бирданига 35 фоизга кўтарилган эди.

Москвада "ўзбекистонлик исломчилар" қўлга олингани иддао қилинди

"Москвада Федерал хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида ўзбекистонлик исломчилар томонидан ташкил этилган яширин босмахона фош этилди", деб хабар берди 14 декабрь куни Новости агентлиги.

Хабарда айтилишича, “ўзбекистонлик исломчилар” яширин босмахонада миграция карталари, ишлаш ҳуқуқини берувчи патент, диплом, касаллик варақаси, талабалик гувоҳномаси ва шу каби нарсаларни чоп этган.

“Полиция мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатиш масаласини ўрганмоқда”, дейилади хабарда.

Воқеанинг бошқа тафсилотлари расмийлар томонидан очиқланмади.

Аҳолини рўйхатга олиш 2020 йилда ўтказилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон аҳолисини рўйхатга олиш тадбири 2020 йилда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 14 декабрда Тошкентдаги Халқаро пресс клубнинг навбатдаги йиғилишида Статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегалов маълум қилди.

“Бутун дунёда 2020 йилда аҳолини рўйхатга олиш жараёни бошланишига ҳоизрлик кўрилмоқда. Биз ҳам бу йўналишда ишлаяпмиз. Бу жуда катта меҳнатни ва маблағни талаб қиладиган жараён”, деб иқтибос келтиради Бегалов сўзларидан “Газета.uz” нашри.

Статистика қўмитаси раисига кўра, халқаро тажриба бир одамни рўйхатга олиш учун камида 3-4 доллар маблағ сарфланиши лозимлигини кўрсатган.

Қўмитанинг билдиришича, 2017 йилнинг сентябригача бўлган ҳолатга кўра, Ўзбекистонда аҳоли сони 32,5 миллион одамга етган.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш сўнгги марта 1989 йилда ўтказилган эди.

Текстиль корхоналарига пахтани бевосита фермернинг ўзидан сотиб олиш ҳуқуқи берилди

Тошкентдаги "Кўкча Текстиль" корхонаси.

Ўзбекистондаги текстил корхоналири 2018 йилги пахта терими мавсумида тажриба тариқасида хом ашёни тўғридан-тўғри фермерларданг сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу борадаги фармонни президент Мирзиёев имзолагани тўғрисида “Ўзбекистон 24” телеканали 14 декабрда хабар берди.

Текстиль ва тикувчилик-тўқимачилик саноатини тезкор ривожлантириш чора-тадбирлари назарда тутилган фармонда айтилишича, текстиль корхоналари фермерлар билан шартнома асосида қанча пахта сотиб олиниши ва пахта нави ҳақида келишиб оладилар. Шартнома тузилганидан сўнг корхона фермерга аванс тариқасида келишилган нархнинг 60 фоизини беради.

Хабарда айтилишича, бу билан текстиль корхоналари пахта етиштириш ва териш жараёнини нав танлашдан бошлаб сифат даражасигача назорат қилиш имкониятига эга бўлади.

Фармон билан текстиль саноатини ривожлантириш учун 20 тадбирдан иборат бўлган “йўл харитаси” ҳам тасдиқланган.

Ўзбекистонда бугунги кунда текстиль саноати соҳасида 7 мингга яқин корхона фаолият юритмоқда. Улар йилига 1,5 миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқариш қувватига эга. Мазкур пахта толасининг 60 фоизи Ўзбекистонда ишлатилади.

Икки йилдан сўнг биринчи марта хоккей бўйича Ўзбекистон чампионати ўтказилади

Иллюстратив сурат.

Тошкентда Ўзбекистон Хоккей федерацияси ташкил этилди ва федерациянинг таъсис қурилтойида мамлакатда биринчи марта хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионатини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Podrobno.uz нашрининг 14 декабрда хабар беришича, Хоккей федерацияси таъсис қурилтойи 12 декабрда ўтказилган. Ўзбекистоннинг 12 вилоятида 5 йил ичида муз устида хоккейни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш федерациянинг асосий стратегияси сифатида қабул қилинди.

Хабарда айтилишича, 5 йил ичида 500-1500 томошабин ўрнига эга бўлган хоккей спорт комплекслари барпо этилади. 2018 йилда бундай комплекслар Самарқанд, Андижон ва Қаршида қурилиши режалаштирилмоқда. 2019 йилнинг охиригача эса Тошкент вилоятида машғулотлар базаси ташкил этилади.

Федерация 2020 йилдан бошлаб 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган боллар орасида, 2022 йилдан бошлаб эса ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатлари ўтказишни режалаштирмоқда.

Вазифаларини уддаламаган солиқчилар жаримага тортилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат солиқ хизмати ва молия идоралари раҳбарларига янги жарима санкцияларини жорий қилди.

Бу ҳақда Podrobno.uz нашри хабар қилди.

Хизмат вазифаларини бажармаганлик учун жарима қўллаш 2018 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Махаллий бюджетга кутилгандек фойда келтирмаган амалдорлар ойлик маошининг 10 фоизигача жарима белгиланиши режалаштирилган.

Хизмат вазифаларини қониқарли бажарганларга эса мукофот пуллари тасдиқланади.

Белгиланган фойданинг кутилган натижалари қўлга киритилса – ойлик маошнинг 10 фоиз миқдорида мукофотланади, тўловлар бўйича солиқ қарзлари қисқартирилса – 20 фоиз, махаллий бюджет фойдаларини ошириш заҳираларини аниқлаш бўйича ҳисоб кўрсатгичларини бажарилса – 20 фоиз.

Таъкидланишича, қониқарсиз иш учун максимал жарима 30 фоизни ташкил этади, максимал мукофот пули эса – 50 фоиздир.

Мукофотлаш ва жарима чораларини кўриш билан молия вазири, Давлат солиқ кўмитаси вакиллари, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, вилоят ва Тошкент шахар хокимлари шуғулланиши айтилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG