Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:37

Ўзбекистон

Туркия ëш ўзбек ишбилармонларини ўз университетларида ўқитиб бермоқчи

Туркия ва Ўзбекистон президентлари Эрдўғон ва Мирзиëев.

19 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев томонидан қабул қилинган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) президенти Сердар Чам шундай баëнот берди.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан сўнг Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кирганини таъкидлаган Анқара расмийси¸ ўз ҳукумати Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайëрлигини билдирган.

Чам сафари давомида Тошкент ва Анқара расмийлари ўзбекистонлик ëш тадбиркор ва ишбилармонларга трейнинглар бериш¸ уларни Туркия университетларида ўқитишни кўзда тутувчи келишув имзоланган.

Расмий нашрларга кўра¸ шунингдек томонлар Ўзбекистондаги тегишли вазирликлар ходимлари учун Туркиянинг экспорт соҳасидаги тажрибасини ўргатишга қаратилган турли семинар ва форумлар уюштириш борасида ҳам келишиб олган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра¸ Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги томонидан Ўзбекистонда шу кунгача 23,6 миллион доллар миқдоридаги 700 га яқин грант лойиҳалари амалга оширилган.

"Эрк" фаоли Исроил Холдоров қамоқдан манзил колониясига ўтказилди

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов 2016 йил сентябрида Навоийдаги қамоқхонада Исроил Холдоров билан кўришган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/36-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Исроил Холдоров Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек аҳоли пунктидаги 64/66-сонли манзил колонияга ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 19 декабрь куни хабар қилди.

Айтилишича, Исроил Холдоров Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ажрими билан жазо муддатининг 3/2 қисмини ўтаб бўлгани ва муносиб хулқ-атворда тавсифлангани учун манзил колонияга ўтказилган.

“Эзгyлик” жамияти ўз баёнотида Исроил Холдоровнинг манзил колонияга чиқарилишини ижобий воқеа сифатида баҳолаб, унинг яқин орада озод қилинишига умид билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Холдоров 2006 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон “Эрк” демокартик партиясининг Андижон вилояти бўлими раиси сифатида Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди томонидан конституциявий тузумга тажовуз ҳамда давлат чегараларини ғайриқонуний равишда кесиб ўтишда айбланиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Дастлабки муддат тугатиш ортидан Холдоровга берилган жазо яна икки марта узайтирилди.

Москва суди ҳизбчиликда айбланган бухоролик қочқинни 16 йилга қамади

Бухоролик Раҳмиддин Камолов Москвада тақирбошлар томонидан пичоқлаб кетилган эди.

18 декабрь куни Москва округ ҳарбий суди ўзбекистонлик диний қочқин Раҳмиддин Камоловни 16 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди.

Россия махфий хизматлари 28 ёшли бухоролик муҳожирни “Ҳизб-ут Таҳрир” ташкилотининг Москвадаги бўлимига раҳбарлик қилиб келганликда айблаб келаëтган эди.

Раҳмиддин Камолов ҳимоячилари судда на унинг “ҳизбчиларга“ алоқаси ва қўйилган бошқа жиноятларини тасдиқловчи исбот-далил келтирилмаганини айтмоқда.

Судланувчи яқинларига кўра¸ 2016 йилнинг 30 августида Москвада Раҳмиддин Камоловни ўғирлашга уриниш бўлган эди.

Камолов бундан уч йил олдин Москвада маҳаллий миллатчилар томонидан пичоқлаб кетилган ва Хорошевский туман суди унга ҳужум қилган Андрей Байдаковга икки йиллик шартли жазо тайинлаган эди.

Ўзбек муҳожирлари Россиядан пул юбориш бўйича яна Марказий Осиëда биринчи

Россия Марказий банки эълон қилган сўнгги ҳисоботга кўра¸ 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўзбекистонликлар ўз ватанига пул ўтказиш тизимлари орқали 2¸636 миллиард АҚШ доллари юборган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 31 фоизга кўпдир.

Банк ҳисоботидан кўрилишича¸ пул юбориш миқдори 2017 йилнинг учинчи чорагида сезиларли даражада ошган ва июль-сентябрь ойларида ўзбекистонликлар юборган пул миқдори 1¸198 миллиард долларни ташкил этган; ўртача пул ўтказиш миқдори 365 долларни ташкил этган.

2017 йилнинг биринчи уч ойида Россиядаги ўзбекистонликлар ўз ватанига пул ўтказиш тизимлари орқали 570 миллион¸ иккинчи чорагида эса¸ 868 миллион доллар юборган.

Марказий банк ҳисобича¸ Россиядаги ўзбекистонликлар пул юбориш бўйича марказий осиëлик мигрантлар орасида яна биринчиликни сақлаб қолган.

Бу рўйхатнинг иккинчи поғонасига қўйилган тожикистонлик муҳожирлар Россиядан ўз ватанига 2017 йилнинг 9 ойи давомида 1¸696 миллиард доллар¸ қирғизистонликлар эса 1¸576 миллиард доллар пул юборган.

Россия Ички ишлар вазирлиги эълон қилган маълумотга кўра¸ 2017 йилнинг 9 ойи давомида 3 109 341 нафар ўзбекистонлик миграция қайдидан ўтган.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сонининг расмий қайддагидан кўра анча кўплиги тахмин қилинади.

Озиқ-овқат импортидаги монополияга чек қўювчи фармон лойиҳаси муҳокамага қўйилди

18 декабрь куни Ўзбекистон президентининг “Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида фақат рус тилида эълон қилинган мазкур ҳужжат муаллифи сифатида Бош прокуратура кўрсатилган.

Фармон лойиҳасида Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишнинг монополлашгани боис сунъий равишда айрим товарлар тақчиллиги яратилиб¸ улар нархининг асоссиз равишда оширилгани танқид қилинади.

Мазкур вазиятга барҳам бериш мақсадида президент фармони лойиҳаси “айрим хўжалик субъектларига мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш бўйича тақдим этилган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзларини 2018 йил 1 февралидан бекор қилишни кўзда тутади.

Шунингдек¸ фармон лойиҳаси¸ Вазирлар Маҳкамасининг озиқ-овқат импорти билан шуғулланувчи айрим хўжалик субъектларига бундан кейин шундай имтиëз беришни тақиқлайди.

Очиқ муҳокамага қўйилган фармон лойиҳасининг 15 январда имзоланиши режаланган.

Келажакда милиционер ва прокурорлар даромад ва мулки тўғрисида ҳисоб беради

Тошкентдаги Халқаро пресс клубнинг навбатдаги йиғилишида Бош прокуратура расмийси Баҳром Қобилов яқин муддатда милиция ва прокуратура ходимлари даромадлари ҳамда мулклари тўғрисида солиқ декларацияси топшириш мажбуриятига эга бўлишларини маълум қилди.

Унга кўра, коррупцияга қарши давлат дастури ва Ҳаракатлар стратегиясига биноан ишлаб чиқилаётган янги қонунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг солиқ декларацияси топшириши жорий этилади.

Бу борада 18 декабрда хабар берган Podrobno.uz нашрига кўра, мазкур қонун қабул қилинса, давлат идоралари раҳбарларининг солиқ декларациялари сир тутилмайди ва матбуотда эълон қилинади. Оддий ходимлар эса қонунда белгиланган умумий тартибда солиқ декларация топширадилар.

Аввалроқ “Давлат хизмати” тўғрисидаги қонун лойиҳаси Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида эълон қилинган эди. Мазкур қонунда “кичик мутахасис” мақомидан ташқари барча давлат амалдорлари ҳар йили ўзининг ва оила аъзоларининг даромадлари ва чиқимлари, мулклари тўғрисида декларация топшириши шартлиги белгиланган.

Қонун лойиҳасида давлат хизматчиси ўзининг ва оила аъзоларининг даромадалари ва мулки тўғрисида нотўғри маълумотларни берган бўлса, уни лавозимидан бўшгатиш назарда тутилади.

Мирзиёев аччиқ қалампир экиш тўғрисида кўрсатма берди

Қорақалпоғистонда 2018 йилда 15 минг гектар ерга қизил қалампир экилади.

Президент Шавкат Мирзиёев пахтадан кам ҳосил олинадиган жойларга Индонезиядан келтириладиган ва 60-80 кун ичида пишадиган аччиқ қалампир экиш ҳақида кўрсатма берди. Бу ҳақда ЎзА 18 декабрда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, мутахасислар бугунги кунда жаҳонда 4,4 миллион гектар ерга аччиқ қалампир экилаётганини ва ундан йилига 68,3 миллион тонна ҳосил олинаётганини билдирмоқдалар. Бир гектар ердан 15-20 тонна аччиқ қалампир олиш мумкин. Беш кило ҳўл мевадан 1 кило қуритилган қалампир олинади.

Бундай маҳсулотнинг 1 тоннаси жаҳон бозорида ўртача 8 минг 640 доллар экани айтилмоқда. 2017 йилда аччиқ қалампирдан олинган умумий даромад жаҳонда 30 миллиард доллардан ошиб кетиши кутилмоқда. Аччиқ қалампирнинг асосий қисми Индонезия, Хитой ва Мексикада етиштирилади.

Хабарда айтилишича, Беруний туман ҳокими Фарҳод Эрмонов 2018 йилда тумандаги 1000 гектар ерга аччиқ қалампир экалишини билдирган.

Мирзиёев кўрсатмасига биноан Қорақалпоғистонда 2018 йилда 15 минг гектар ерга қизил қалампир экилади, дейилади хабарда.

15 декабрь куни Қорақалпоғистонга сафар қилган Шавкат Мирзиёев бу минтақада пахта ўрнига қизилмия экишни тавсия қилди.

Ноябрда 134 чегарабузар қўлга олинди

Чегарабузарларнинг кўпчилиги Қирғизистон билан чегарада қўлга олинган,

Ўзбекистон чегарачилари ноябрь ойида 134 нафар чегарабузарни қўлга олди ва 1триллиард 580 миллиард сўмлик контрабанда маҳсулотларини мусодара қилди.

Бу ҳақда Подробно.uz нашри давлат чегарасини қўриқлаш бўйича давлат қўмитасига таянган ҳолда 18 декабрда хабар берди.

Маълумотда айтилишича, қонунбузарларнинг 76 нафари Қирғизистон, 48 нафари Қозоғистон, 9 нафари Тожикистон ва 1 нафари Афғонистон билан чегараларда қўлга олинган. Туркманистон билан чегарадош ҳудудларда қонунбузарликлар кузатилмаган.

Барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон қонунчилигида назарда тутилган тартибда текширув-тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўн йилда 33 музей ёпилади ва 7та янги музей ташкил қилинади

Ўзбекистонда келгуси 10 йил ичида 33 музей ёпилади ва уларнинг ўрнида 7та янги музей ташкил этилади. Регунм агентлигининг 18 декабрда билдиришича, бу тўғрида 11 декабрда бош вазир Абдулла Арипов имзолаган қарор Ўзбекистон қонунчилиги миллий базаси сайтида эълон қилинди.

Музейларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва музейлар фаолиятини мукаммаллаштиришнинг 2017-2017 йилга мўлжалланган режасида қайд этилишича, ёпиладиган ва янги ташкил этиладиган музейлардан ташқари яна 21 музей фаолияти қайта қурилади.

Мазкур қарор маҳаллий ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда музейлар концепциясини шакллантириш мақсадида қабул қилинган.

Бу тадбирни амалга ошириш учун 572, 354 миллиард сўм маблағ ажратиш назарда тутилмоқда.

Банкларнинг хизмат кўрсатиш тарифлари 95 фоизгача арзонлатилди

Марказий банк биноси.

Ўзбекистон банклар ассоциацияси кўрсатилаётган хизматлар учун нархларни 15 фоиздан 95 фоизгача арзонлатди. Бу ҳақда Марказий банк расмий билдирув тарқатди.

Мазкур арзонлатиш президент Мирзиёев 2017 йил 12 сентябрда имзолаган банк тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилгани таъкидланмоқда.

Расмий билдирувда айтилишича, Марказий банк махсус тадқиқот ўтказиб манфаатли тарифларни таклиф қилган ва шу асосда мамлакатдаги тижорат банклари тариф сиёсатини оптимизациялаш бўйича ҳукуматлараро шартномалар имзоланган.

Ҳужжатга биноан банклар томонидан кўрсатилаётган 187 хизматдан 63таси бепул бўлиб қолаверади. Қолган 86 хизмат учун нарх 95 фоизгача бўлган миқдорда арзонлатилади.

Ўзбекистонда доллар қимматлаб, евро арзонлади

Марказий банк 2017 йил 19 декабрдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилади.

19 декабрдан бошлаб АҚШ доллари курси 12 декабрь куни ўрнатилган курсгдан 8,62 сўмга қимматлади ва 1 доллар 8101,62 сўмни ташкил этди.

Евро курси 3,62 сўмга арзонлаб, 1 евро 9528,32 сўмга тенглашди.

Москвада ўзбекистонликларнинг яширин босмахонаси фош қилинди

Москва шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фош қилган ўзбекистонликларга қарашли яширин босмахонада қатор қалбаки ҳужжатлар: миграция карталаридан тортиб, ҳайдовчилик гувоҳномаларигача тайёрлангани тўғрисида РИА Новости хабар қилди.

Айтилишича, РФ Жиноят Кодексининг “Қалбаки акциз маркаларини тайёрлаг ва сотиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи кўрилмоқда.

Хабарда яширин босмахонада неча киши ушлангани айтилмаган, уларнинг исм-фамилияси келтирилмаган.

Ўтган ҳафтада Подольск шаҳрида полиция қўлбола ароқ тайёрланадиган яширин корхонадан 40 тонна спирт ва 15 тонна спиртли суюқликни мусодара қилган, бу иш билан ҳам ўзбекистонликлар шуғуллангани хабар қилинган эди.

Содиқ Сафоев ЕТТБ директорлар кенгаши мажлисида қатнашди

Олий Мажлис Сенати раис ўринбосари Содиқ Сафоев.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ижроия директори, Олий Мажлис Сенати раис ўринбосари Содиқ Сафоев ўтган ҳафтада Лондонда бўлиб ўтган банк бошқаруви кенгаши йиғилишида қилган чиқишида Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини, мамлакатда демократлаштириш ва ҳокимиятнинг очиқлигини ошириш, коррупцияга қарши кураш, маҳаллий ҳокимиятнинг ваколатини кенгайтириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигидан иборат кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади, деб хабар қилди Ўзбекистондаги нашрлар.

Содиқ Сафоев биринчи вазифалар қаторида ҳукумат томонидан мамлакатда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хусусий бизнеснинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва янги молиявий хизматларни жорий этилаётганини айтиб ўтди.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган ЕТТБ президенти Сума Чакраборти ташриф буюрган эди. Ташриф чоғида Сума Ўзбекистон Республикаси резиденти Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказган эди. Ноябрь ойида эса ЕТТБнинг биринчи вице-президенти Филипп Беннет ҳам Тошкентга ташриф буюрган эди ва ташриф чоғида 2010 йилдан бери биринчи марта Банк 120 миллион долларлик учта кредит шартномаси имзолаган эди.

ЕТТБ директорлар кенгаши 2018 йилда Ўзбекистон учун янги стратегияни қабул қилишни режалаштирди. Ўз навбатида айтиб ўтиш керакки, бу ҳамкорлик узоқ муддатли стратегик устувор йўналишларни белгилаб беради.

Ҳозирда, ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 186 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг шартнома имзоланди. 2018 йилда Банк турли лойиҳалар бўйича 15 та лойиҳани амалга ошириши ҳам кутилмоқда.

Тошкент вилоятининг 7 туманида қурилишлар учун ер ажратиш вақтинча тўхтатилди

Тошкент вилоятининг айрим аҳоли пунктларида қурилишлар учун ер майдонларини ажратиш Вазирлар Маҳкамасининг 12 декабрдаги қарорига биноан тўхтатилгани тўғрисида uz24.uz хабар қилди.

Айтилишича, вилоятнинг 7 та — Зангиота, Қибрай, Тошкент, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ ва Янгийўл туманларида жисмоний ва юридик шахсларга қурилишлар учун ер ажратишга вақтинча тақиқ жорий этилган. Бу ушбу ҳудудлар бўйича бош режа лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани билан боғлиқ, дейилади қарорда.

Қарорда белгиланишича, ушбу тақиқлар Президент ва Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Аҳоли пунктларида жойлашган кўчмас мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишда тарафлар жорий этилган тақиқлар ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилади.

Қуюқ туман ҳаво қатновлари жадвалини ўзгартиришга мажбур қилди

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларига қуюқ туман тушгани туфайли авиақатновлар жадвалига ўзгаришлар киритилди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”компаниянинг расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, 15 декабрдан 16 декабрга ўтар кечаси тушган қуюқ туман туфайли учиш ва қўнишда кўришнинг ёмонлашганлиги сабабли Тошкент, Бухоро ва Андижон аэропортлари ёпиб қўйилган. Миллий авиакомпаниянинг 11 рейси захира аэродромларига йўл олган.

Айни пайтда Сочи – Тошкент йўналиши бўйича учиб келаётган HY686 ва Нукус – Тошкент йўналиши бўйича келаётган HY54 рейслари захира аэродроми — Самарқанд халқаро аэропортига йўналтирилган. Қолган бир неча рейсларнинг учиб келиши ва Истанбул, Нукус каби шаҳарларга рейсларнинг парвози ҳам кечиктирилган.

Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги аэропортлардаги рейсларнинг ҳолатини миллий авиакомпаниянинг онлайн таблоси ёки аэропортларнинг маълумотхонаси орқали билиб олиш мумкин.

«Миллий авиакомпания экипажлари об-ҳаво шароити яхшиланиши ҳамоно рейсларни амалга оширишга тайёр. Пайдо бўлган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва бизни тўғри тушунганингиз учун ташаккур билдирамиз», дейилади МАК хабарида.

Хорижда яшириниб юрган ватандошларнинг қайтиши шартлари тушунтирилди

16 декабрь куни Жиззах вилояти ИИБ, Тергов департаменти, Жиноят-қидирув бошқармаси ва Жиззах вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда қидирувдаги шахс агарда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яширинган бўлса, ҳеч қандай тўсқинликларсиз ватанига қайтиши, фуқаролик паспорти йўқолган ёки амал қилиш муддати ўтган бўлса, консуллик элчихоналаридан ватанга қайтиш гувоҳномаларини расмийлаштириб беришда амалий ёрдам кўрсатилиши, оилавий, моддий аҳволи инобатга олиниши, ўз айбига чин кўнгилдан пушаймонлиги, етказилган моддий зарарнинг 70 фоизи қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмаслиги юзасидан тушунтириш берилди.

Бу ҳақда хабар қилган кун.уз сайтига кўра, йиғилишда жиноят содир этгач, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган жиззахликларнинг оила аъзолари ва яқинлари ҳам иштирок этган.

Йиғилишда қидирувдаги шахсларнинг яқин оила аъзоларига республикада олиб борилаётган сиёсат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидаги ислоҳотлар, давлат раҳбари томонидан қабул қилинган Афв тўғрисидаги фармон, Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган «Амнистия тўғрисида»ги қарор, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, «қамоқ» эҳтиёт чорасини ўзгартириш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Экспорт қилинаётган маҳсулотларга белгиланган бож тўловлари бекор қилинди

Ўзбекистонда экспорт қилинаётган маҳсулотларга белгиланган бож тўловлари бекор қилинди. Бу борадаги фармонни президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрда имзолади.

“Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ва рақобатдошлигини таъминлашни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда таъкидланишича, қонунда белгиланган айрим махсус турдаги маҳсулотларгагина экспорт божлари сақлаб қолинади.

Фармонга биноан экспорт билан шуғулланувчи корхоналар экспорт лицензияси олиш мажбуриятидан ҳам озод қилинди.

Бундан ташқари ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни хорижга экспорт қилувчи ширкатлар чет элларда ваколатхоналар, савдо уйлари очиш ҳамда уларга консигнация асосида маҳсулот етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлди.

Қозоғистонда совуқда қолган 48 нафар ўзбекистонлик қутқарилди

Қозоғистонда қиш.

Қозоқ полициячилари Самара-Шимкент йўналишидаги трассада 48 нафар Ўзбекистон ватандошининг ҳаётини сақлаб қолди.

Бу ҳақда Актўбў вилоят полицияси матбуот хизматига таянган ҳолда Sputnik нашри 16 декабрда хабар берди.

"15 декабрь куни Самара-Шимкент трассасининг Иргиз послёкасига яқин қисмида Россия Федерациясидан Ўзбекистонга кетаётган автобус бузилиб қолди. Бу воқеа фожеага айланиши мумкин эди, чунки термометр -23 даража совуқни кўрсатаётганди”, деб ёзади Sputnik нашри.

Воқеа жойига зудлик билан етиб келган полиция ходимлари йўловчиларни хавфсиз ва иссиқ жойга кўчиришга муваффақ бўлган.

Рамзан Қодиров Мирзиёевни "Ислом оламининг буюк сиёсий арбоби", дея атади

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Instagram саҳифасида Ўзбекистонда Ислом академияси ташкил қилинаётганини олқишлаб, бу қарорнинг мусулмон олами учун аҳамиятли бўлганини таъкидлайди:

“Ушбу ҳужжат нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон дунёси учун катта аҳамиятга эга. Бундай қарор Шавкат Миромонович президентлигининг иккинчи йили бошланган кунда қабул қилингани рамзий аҳамиятга эга. Бундан аввал, у ёзда Самарқандда Ал-Бухорий номидаги Халқаро Ислом марказини қуришни бошлаш топшириғини берган эди”, дейди Қодиров Instagram орқали.

У Мирзиёев билан танишганидан мамнунлигини ёзиб, Мирзиёевни “Ислом оламининг буюк сиёсий арбоби” сифатида таърифлайди:

“Мен унинг мусулмон олами учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ислом цивилизацияси обидалари ва муқаддас қадамжоларини асраб қолишга алоҳида эътибор қаратаётганини ҳис қилдим”, дейди Қодиров.

Қодиров Мирзиеёв Ўзбекистоннинг "аввалги шуҳратини" қайтаришига ҳам ишонч билдиради:

“У 13 йил давомида ҳукуматни бошқарган, иқтисодиётдан хабардор, мамлакатнинг барча муаммолари ва уларни ҳал қилиш йўлларини билади. Энг муҳими - Мирзиёев ўз халқи, Ватанини севади, Ўзбекистонга аввалги шон-шуҳрат ва қудратини қайтариш учун бор кучи ва билимини беришга тайёр”, дейди Қодиров Мирзиёевни таърифлар экан.

Қодиров "аввалги шон-шуҳрат" деганда қайси даврни назарда тутганини очиқламаган.

Ноябрь ойи охирида Рамзан Қодиров Instagram саҳифасида президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Ойбек Турсунов билан бирга тушган суратини эълон қилиб, унга "таянч қўрғони" эканини билдирганди.

Абрамов ЎФФ расмийларини танқид қилгани учун футболдан четлатилди

16 декабрь куни Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) машҳур тренер, «Нефтчи» клуби бош мураббийи Вадим Абрамовни футболдан четлатди.

Бу ҳақдаги қарорда Абрамовнинг «номаълум муддатга футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш»дан маҳрум қилингани қайд қилинган.

Қарорда айтилишича, Абрамов Ўзбекистон "футбол расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдиргани ва ЎФФ томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги учун" футболдан четлатилган.

Қарорда Абрамовнинг айнан қайси танқидий фикри учун бундай тақиққа учрагани очиқланмаган.

Мирзиёев турк делегациясини қабул қилади

Жорий йил 18 декабрида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш бўйича агентлиги (TİKA​) раҳбари Сердар Чам бошчилигидаги делегация Тошкентга ташриф буюради.

Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги Матбуот хизматига кўра, турк делегациясининг президент Мирзиёев билан учрашуви режаланган.

Мирзиёев жорий йил октябрида Ўзбекистон давлат раҳбарининг сўнгги 18 йил ичида Туркияга илк расмий ташрифини амалга оширди ва ушбу ташриф доирасида 3¸5 миллиард долларлик 30та қўшма лойиҳа имзоланди.

Мазкур ташрифдан сўнг расмий Тошкент икки ўртадаги ҳамкорлик масалалари, айниқса, бир пайтлари Ўзбекистон бозоридан “сиқиб” чиқарилган турк тадбиркорларини мамлакатга таклиф қилишни кучайтирди.

Тошкентда Турк бизнес марказини ташкил қилиш ҳам режаланган.

Почта хизматига ўзгартиришлар киритилди

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири 16 декабрда имзолаган «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги янги ҳужжатга кўра, почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, энидиликда «Юридик шахслардан қабул қилинган пул ўтказмалари, олувчининг аризасига биноан олувчининг пластик карточкасига ўтказиб берилиши мумкин».

Шунингдек, карантин эълон қилинган жойларда сабзавотлар, мевалар, уруғлар, кўчатлар ва ўсимликлар, гўштдан қилинган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари солинган посилкалар қабул қилинмайди.

Қирғизистон 20 декабрдан Ўзбекистонга яна электр сотишни бошлайди

Қирғизистон 20 декабрдан Ўзбекистонга яна электр энергияси экспортини бошлайди.

Tazabek нашрига кўра, бу ҳақда матбуотга Қирғизистон миллий энергетика холдинги бошқарув раиси Айбек Қалиев хабар маълум қилган.

Шартномага мувофиқ, қирғизистон томони 20 декабрдан 2018 йил мартига қадар Ўзбекистонга 550 млн кВт/соат электр энергияси экспорт қилиши лозим.

1 кВт/соатига 2,4 центдан нарх белгилангани эътиборга олинса, Ўзбекистон бу шартнома бўйича Қирғизистонга 13 млн 200 минг доллар пул тўлагани маълум бўлади.

Аввалроқ Қирғизистон Ўзбекистонга 2 центдан 1,25 млрд кВт/соат электр энергияси сотиш бўйича шартнома имзолагани билдирилганди. Бу қирғиз энергетикларининг жорий йилда ўзбекистонлик ҳамкасблари билан имзолаган иккинчи шартномадир.

Қирғизистоннинг Ўзбекистонга электр бериши маълум муддат тўхтаб қолганди: Жорий йил 16 июндан қайта электр энергиясини сота бошлади.

Кейинги бир неча йил давомида Ўзбекистоннинг аксар қишлоқларида электр муаммоси мунтазам кузатилмоқда. Айрим қишлоқларда кунига фақат бир неча соатгина электр берилади.

 Қалбаки пул ишлатган фирибгарлар ушланди

Қалбаки пул ишлатиб, бошқаларни фирибгарлик йўли билан алдаган тошкентлик икки киши қўлга олинди.

Чирчиқ шаҳар ИИБ маълумотига кўра, 48 ва 41 ёшлардаги икки эркак чирчиқлик бир аёлнинг аризасидан сўнг ушланган.

Воқеа аёл Чирчиқ шаҳридаги пул айирбошлаш шоҳобчасидан 950 АҚШ долларини олиб, кўчага чиққан пайт содир бўлган.

Эркаклар аёлни алдаб, унинг қўлига сохта долларни бериб, аёлнинг 950 долларини ўғирлаб кетишган.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича, Жиноят кодексининг 168-моддаси яъни “Фирибгарлик” бўйича жиноий иш очилиб, тергов -суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қуюқ туман сабаб Тошкентга парвозлар кечиктирилди

Тошкент шаҳрида жума кунидан буён кузатилаётган қалин туман пойтахт аэопортида бир нечта рейсларнинг кечиктирилишига сабаб бўлди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширатидагилар кўриш масофаси 50 метрдан кам бўлгани учун Олма-Ота, Урумчи, Москва, Истанбул, Санкт-Петербург, Рига шаҳарларидан учиб келиши керак бўлган парвозлар кечиктирилганини айтишди.

Шунингдек, Тошкент аэропортидан Москва, Бангкок, Деҳлига учиши керак бўлган парвозлар ҳам кечиктирилган.

Қалин туман маҳаллий парвозлар графигига ҳам таъсир қилди.

Фарғона, Навоий, Урганчдан келадиган ҳамда Урганч, Қарши, Бухорога учиши керак бўлган рейслар кечиктирилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатидагилар туман тарқаши билан парвозлар тикланиши айтишмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG