Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 09:40

Ўзбекистон

2018 йилда Ўзбекистонда киракашлар патент асосида ишлаши мумкин

Келгуси йилда жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширишига рухсат берилиши мумкин.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.Қўчқоров маълум қилгани тўғрисида ЎзА ўзининг Телеграм каналида хабар қилди.

Ушбу тартиб тегишли лицензия олган ўриндиқ жойлари 4 йўловчидан ортиқ бўлмаган таксиларга нисбатан татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.

Унинг таъкидлашича, мазкур таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг солиқлар йиғувчанлигини ошириш, даромадларини легализация қилиш, қўшимча резервларни аниқлаш доирасида берган топшириқларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг ўрнатилган базавий миқдоридан ошган суммасига 10 фоиз миқдорида ягона ижтимоий тўловнинг пасайтирилган ставкасини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бунда базавий иш ҳақи фонди сифатида ўтган йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

МХХ раиси Путин ўтказган мажлисда қатнашди

МХХ бошлиғи Рустам Иноятов МДҲ давлатлари хавфсизлик хизматлари бошлиқлари йиғилишида Путиннинг ëнида ўтирибди.

Россия президенти Владимир Путин МДҲ давлатлари хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизматига таяниб, Кун.уз сайти хабар қилди.

Учрашувда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ҳам иштирок этди.

“Айтишни истардимки, хавфсизлик идоралари ҳамиша, шу жумладан халқларимиз учун мураккаб вақтларда ҳам жуда муҳим давлат вазифаси – мамлакат манфаатларини ва унинг фуқароларини ташқи тажовузлар, турли хил суистеъмолликлар, террорчилик, уюшган жиноятчиликдан ҳимоя қилган ва жиддий йўқотишларга учраган”, деб айтди Путин учрашув бошида.

Учрашув давомида Путин МДҲ давлатлари Сурияда ИШИД жангарилари яксон қилингандан кейин қолган бошқа террорчилар қаерга қайтиши ва қочишига бефарқ эмаслигини таъкидлаб ўтди.

“Террорчиликка келсак, бу ерда сизга ҳеч нарса айтиш шартмас, сиз ҳаммасини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Бу йўналишлар бўйича айнан сизлардан зарур маълумотларни оламиз. Биз учун бу борада нима юз бераётганини кузатиш жуда муҳимдир. Дунёда вазият жуда кескинлашиб кетди ва сизга маълум бўлгандек, Россия қуролли кучларининг Суриядаги самарали ҳаракатларидан кейин бу террорчилар қаерга қайтиши ва қочишига биз бефарқмасмиз. Биз бу газандалар қаерга кўчиб ўтаётганини тушунамиз ва бу “кўчиб ўтишлар” давлатларимиз ва халқларимиз учун қандай хавф туғдиришини биламиз. Шунинг учун бу борада ҳамкорлик қилишимиз муҳимдир”, деб ўз сўзларини давом эттирган Путин.

Ўзбекистонда "Келажак бунёдкори" медали таъсис этилади

Сенат биноси

Ўзбекистон Республикаси Сенатининг навбатдаги, XIII ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, мажлис кун тартибига қатор қонунларни кўриб чиқиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган. Жумладан, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни, «Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида»ги қонун, «Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонунларни кўриб чиқиш белгиланган.

Сенаторлар шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун, «Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун ҳамда «Келажак бунёдкори» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кўриб чиқишлари кутилмоқда.

Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти тингланади.

Бундан ташқари, 2018 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича дастур кўриб чиқилади.

Тошкентга учган Қирғизистон парламент делегацияси Самарқандга қўнди

Қирғизистон парламенти – Жўғўрқу Кенеш спикери етакчилигидаги делегация тушган самолёт Тошкент шаҳри аэропортига туман туфайли қўна олмагани сабабли Самарқандга қўнди.

Бу ҳақда Азаттиқ радиоси хабар қилди.

Айтилишича, Достон Жумабеков бошчилигидаги Қирғизистон парламент делегацияси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Сенат ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раислари Ниғматилла Йўлдошев ҳамда Нуриддин Исмоиловлар билан учрашув ўтказади. Делегация сафари 20 декабрда бошланди.

Делегация «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» экспозициясини бориб кўради, шунингдек Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйиш маросимида иштирок этади.

Туман туфайли ёпилган Тошкент аэропорти очилди

Тошкент аэропорти.

Об-ҳаво шароити ёмонлашгани муносабати билан 20 декабрь куни эрталабдан ёпиқ бўлганТошкент халқаро аэропорти очилиб, одатдаги режимда ишини давом эттирмоқда.

Қуюқ туман туфайли аэропортнинг қўниш ва учиш майдонида кўриш даражаси белгиланган минимумдан пастлагани оқибатида аэропорт бир неча соатга ёпилган эди..

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатининг билдиришича, Истанбул, Минск, Санкт-Петербург, Тель-Авив, Бишкек ва Римдан келган самолётлар Самарқанд ва Навоий аэропортларига қўндирилган.

Париж, Лондондан учиб келган самолётлар ва Turkish Airlines учоғи заҳирадаги ёрдамчи аэропортларга йўналтирилган.

Ўзбекистон ҳаво йўллари Тошкент аэропорти ёпилгани муносабати билан рейсларнинг учиш ва қўниш вақтини +99871 140-28-01 /02 /03 /04 қўшимча равишда аниқлаб олишни тавсия қилмоқда.

Олти ойда 1,5 минг нафардан ортиқ амалдор коррупцияда айбланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2017 йилнинг биринчи ярмида коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда гумонланган 1566 давлат амалдорига нисбатан 1130 жиноят иши очилди.

Бу ҳақда Podrobno.uz нашри 19 декабрда Коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссияси ҳисоболтига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотда таъкидланишича, 1442 амалдорга нисбатан очилган 954 жиноят иши судларга ўтказиб берилган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга оздир. Коррупция билан боғлиқ жиноятларга нисбатан очилган ишлар сони ҳам 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигига қараганда 22 фоизга оз бўлган.

Хабарда коррупция жиноятлари оқибатида келтирилган зарарнинг 77 фоизи ундирилгани ҳам айтилади.

Ҳисоботда пора олиш, пора бериш ва пора бериш-олишда ўртамчилик қилиш билан боғлиқ жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан 13 фоизга озайгани белгиланган.

Мирзиёев бола боқчаларни Жанубий Корея намунаси асосида ривожлантирмоқчи

Ўзбекистондаги вазияти аянчли бола боқчалардан бири.

Президент Мирзиёев Ўзбекистондаги боғчаларда болани ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, физио-психологик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш бўйича таълим дастурлари жорий этиш тўғрисида кўрсатма берди.

Президент расмий сайтининг билдиришича, бу ҳақда Мирзиёев 19 декабрда ўтган видеоселектор йиғилишида гапирди.

Президентга кўра, бугунги кунда “боғчалар таълим муассасаси вазифасини бажариш ўрнига ота-она ишда бўлган вақтда болага қараб турадиган муассасага айланиб қолган”. Шундан келиб чиққан ҳолда президент вазиятни тубдан яхшилашни талаб қилди.

“Шавкат Мирзиёев кейинги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайгани, 2,45 миллион боладан 818 минг нафаригина боғчаларга қамраб олинганини таъкидлади”, дейилади расмий хабарда.

Йиғилишда боғчалардаги вазиятни тубдан ўзгартириш мақсадида 2018 йилда 427та боғчани таъмирлаш ва янги боғчаларни қуришга бюджетдан 771 миллиард сўм ажратилиши назарда тутилган.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 2018 йилда Жанубий Корея тажрибаси асосида мактабгача таълим муассасаларини услубий ва дидактик ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш меъёрларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари “давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасалар фаол ташкил этилади. Боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатли бўлишини таъминлаш учун бир болани овқатлантириш учун ажратилаётган маблағ миқдори оширилади, ҳар бир мактабгача таълим муассасасига фермер ва тадбиркорлик субъектларини бириктирилади”, дейилади расмий билдирувда.

ТИВ: Қирғизистон электр берадиган маҳалла Янги йилни "ёрқин чироқ ва иссиқликда" кутиб олади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Косонсойдаги битта маҳаллага Қирғизистон электр энергияси бера бошлаганини маълум қилди.

“Косонсой сув омборига яқин ҳудудда жойлашган “Ёшлик” маҳалласида яшовчи Ўзбекистон ватандошлари янги 2018 йилни ёрқин электр чироғи ва иссиқликда кутиб оладилар”, деб билдирди вазирликнинг расмий сайти 19 декабрь куни.

Хабарда айтлишича, маҳаллага Қирғизистон орқали электр таъминотини қайта тиклаш ҳақида шахсан Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 18 декабрда кўрсатма берган.

Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолатни “президент Мирзиёев ва президент Жээнбеков 2017 йил 13-14 декабрь кунлари Тошкентда ўтган музокараларда эришган келишувларининг амалга оширилиши" сифатида баҳолади.

Хабарда Косонсой сув омбори ҳудудига яқин жойлашган мазкур маҳаллада аввал электр таъминоти бўлгани ёки бўлмагани еҳуд Қирғизистон маҳалланинг электр таъминотини қачон ва нима сабабдан узиб қўйгани ҳақида маълумот берилмаган.

6 октябрда Қирғизистонинг аввалги президенти Алмазбек Атамбаев давлат ташрифи билан Тошкентга келган ва музокараларда 22 йилдан бери икки давлат ўртасида баҳсларга сабаб бўлган Косонсой сув омборини бошқариш Қирғизистон ихтиёрига ўтгани тўғрисидаги шартномага эришилган эди.

Шартномага асосан, мазкур сув омборидаги сувнинг 92 фоизидан Ўзбекистон фойдаланишда давом этади ва бунинг учун Қирғизистонга йил сайин сув тўплашга кетган 230 минг АҚШ долларидан кўпроқ ҳаражатни тўлаб бериш мажбуриятни ўз зиммасига олади.

Фермер ва тадбиркорларга болалар боғчаларига ҳомийлик қилиш вазифаси юклатилади

Ўзбекистондаги болалар боғчаларидан бири.

Боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатли бўлишини таъминлаш учун бир болани овқатлантириш учун ажратилаётган маблағ миқдори оширилади, ҳар бир мактабгача таълим муассасасига фермер ва тадбиркорлик субъектларини бириктирилади.

Бу ҳақда президент Мирзиёев мактабгача тарбия муассасалари муаммоларига бағишланган видеоселектор мажлисида айтгани тўғрисида президент матбуот хизмати маълум қилди.

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор мажлиси 19 декабрда бўлиб ўтди.

Мажлисда Президент Шавкат Мирзиёев кейинги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайгани, 2,45 миллион боладан 818 минг нафаригина боғчаларга қамраб олинганини таъкидлади. Боғчаларда болани ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, физио-психологик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш бўйича таълим дастурлари жорий этилмаган.

Видеоселектор йиғилишида мактабгача тарбия муассасаларининг бошқа бир қатор муаммолари муҳокама қилингани айтилди.

Трамп ва Мирзиёев телефон орқали АҚШнинг Жанубий Осиёдаги стратегиясини муҳокама қилди

Президент Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистонда савдо-сотиқнинг ривожланишига ва террорчилик хавфининг озайишига хизмат қилувчи ислоҳотлар олиб борилаётганини қўллаб-қувватлади.

Вашингтон маъмуриятининг билдиришича, бу ҳақда Трамп 19 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган телефон суҳбати пайтида гапирди.

АҚШнинг расмий баёнотида айтилишича, Трамп Мирзиёев билан минтақавий хавфсизлик ҳамда ўзаро ҳамкорликни яхшилаш имкониятларини ўрганиш мақсадида суҳбатлашган.

Президент Трамп ва президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги аҳамиятини, жумладан, президент Трампнинг Жанубий Осиёдаги стратегиясини ҳамда АҚШнинг Афғонистондаги ҳозирлигини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ҳукумати расмий баёнотида эса, Трамп Мирзиёевни АҚШга таклиф қилгани ҳбилдирилди.

Президентлар Трамп ва Мирзиёев 2017 йилда икки марта –май ойида Саудия Арабистонидаги Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида ҳамда сентябрда Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида кўришган. Лекин Мирзиёев ва Трамп ҳали юзма юз музокаралар ўтказмаган.

Туркия ëш ўзбек ишбилармонларини ўз университетларида ўқитиб бермоқчи

Туркия ва Ўзбекистон президентлари Эрдўғон ва Мирзиëев.

19 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев томонидан қабул қилинган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) президенти Сердар Чам шундай баëнот берди.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан сўнг Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кирганини таъкидлаган Анқара расмийси¸ ўз ҳукумати Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайëрлигини билдирган.

Чам сафари давомида Тошкент ва Анқара расмийлари ўзбекистонлик ëш тадбиркор ва ишбилармонларга трейнинглар бериш¸ уларни Туркия университетларида ўқитишни кўзда тутувчи келишув имзоланган.

Расмий нашрларга кўра¸ шунингдек томонлар Ўзбекистондаги тегишли вазирликлар ходимлари учун Туркиянинг экспорт соҳасидаги тажрибасини ўргатишга қаратилган турли семинар ва форумлар уюштириш борасида ҳам келишиб олган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра¸ Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги томонидан Ўзбекистонда шу кунгача 23,6 миллион доллар миқдоридаги 700 га яқин грант лойиҳалари амалга оширилган.

"Эрк" фаоли Исроил Холдоров қамоқдан манзил колониясига ўтказилди

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов 2016 йил сентябрида Навоийдаги қамоқхонада Исроил Холдоров билан кўришган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/36-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Исроил Холдоров Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек аҳоли пунктидаги 64/66-сонли манзил колонияга ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 19 декабрь куни хабар қилди.

Айтилишича, Исроил Холдоров Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ажрими билан жазо муддатининг 3/2 қисмини ўтаб бўлгани ва муносиб хулқ-атворда тавсифлангани учун манзил колонияга ўтказилган.

“Эзгyлик” жамияти ўз баёнотида Исроил Холдоровнинг манзил колонияга чиқарилишини ижобий воқеа сифатида баҳолаб, унинг яқин орада озод қилинишига умид билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Холдоров 2006 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон “Эрк” демокартик партиясининг Андижон вилояти бўлими раиси сифатида Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди томонидан конституциявий тузумга тажовуз ҳамда давлат чегараларини ғайриқонуний равишда кесиб ўтишда айбланиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Дастлабки муддат тугатиш ортидан Холдоровга берилган жазо яна икки марта узайтирилди.

Москва суди ҳизбчиликда айбланган бухоролик қочқинни 16 йилга қамади

Бухоролик Раҳмиддин Камолов Москвада тақирбошлар томонидан пичоқлаб кетилган эди.

18 декабрь куни Москва округ ҳарбий суди ўзбекистонлик диний қочқин Раҳмиддин Камоловни 16 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди.

Россия махфий хизматлари 28 ёшли бухоролик муҳожирни “Ҳизб-ут Таҳрир” ташкилотининг Москвадаги бўлимига раҳбарлик қилиб келганликда айблаб келаëтган эди.

Раҳмиддин Камолов ҳимоячилари судда на унинг “ҳизбчиларга“ алоқаси ва қўйилган бошқа жиноятларини тасдиқловчи исбот-далил келтирилмаганини айтмоқда.

Судланувчи яқинларига кўра¸ 2016 йилнинг 30 августида Москвада Раҳмиддин Камоловни ўғирлашга уриниш бўлган эди.

Камолов бундан уч йил олдин Москвада маҳаллий миллатчилар томонидан пичоқлаб кетилган ва Хорошевский туман суди унга ҳужум қилган Андрей Байдаковга икки йиллик шартли жазо тайинлаган эди.

Ўзбек муҳожирлари Россиядан пул юбориш бўйича яна Марказий Осиëда биринчи

Россия Марказий банки эълон қилган сўнгги ҳисоботга кўра¸ 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўзбекистонликлар ўз ватанига пул ўтказиш тизимлари орқали 2¸636 миллиард АҚШ доллари юборган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 31 фоизга кўпдир.

Банк ҳисоботидан кўрилишича¸ пул юбориш миқдори 2017 йилнинг учинчи чорагида сезиларли даражада ошган ва июль-сентябрь ойларида ўзбекистонликлар юборган пул миқдори 1¸198 миллиард долларни ташкил этган; ўртача пул ўтказиш миқдори 365 долларни ташкил этган.

2017 йилнинг биринчи уч ойида Россиядаги ўзбекистонликлар ўз ватанига пул ўтказиш тизимлари орқали 570 миллион¸ иккинчи чорагида эса¸ 868 миллион доллар юборган.

Марказий банк ҳисобича¸ Россиядаги ўзбекистонликлар пул юбориш бўйича марказий осиëлик мигрантлар орасида яна биринчиликни сақлаб қолган.

Бу рўйхатнинг иккинчи поғонасига қўйилган тожикистонлик муҳожирлар Россиядан ўз ватанига 2017 йилнинг 9 ойи давомида 1¸696 миллиард доллар¸ қирғизистонликлар эса 1¸576 миллиард доллар пул юборган.

Россия Ички ишлар вазирлиги эълон қилган маълумотга кўра¸ 2017 йилнинг 9 ойи давомида 3 109 341 нафар ўзбекистонлик миграция қайдидан ўтган.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сонининг расмий қайддагидан кўра анча кўплиги тахмин қилинади.

Озиқ-овқат импортидаги монополияга чек қўювчи фармон лойиҳаси муҳокамага қўйилди

18 декабрь куни Ўзбекистон президентининг “Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида фақат рус тилида эълон қилинган мазкур ҳужжат муаллифи сифатида Бош прокуратура кўрсатилган.

Фармон лойиҳасида Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишнинг монополлашгани боис сунъий равишда айрим товарлар тақчиллиги яратилиб¸ улар нархининг асоссиз равишда оширилгани танқид қилинади.

Мазкур вазиятга барҳам бериш мақсадида президент фармони лойиҳаси “айрим хўжалик субъектларига мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш бўйича тақдим этилган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзларини 2018 йил 1 февралидан бекор қилишни кўзда тутади.

Шунингдек¸ фармон лойиҳаси¸ Вазирлар Маҳкамасининг озиқ-овқат импорти билан шуғулланувчи айрим хўжалик субъектларига бундан кейин шундай имтиëз беришни тақиқлайди.

Очиқ муҳокамага қўйилган фармон лойиҳасининг 15 январда имзоланиши режаланган.

Келажакда милиционер ва прокурорлар даромад ва мулки тўғрисида ҳисоб беради

Тошкентдаги Халқаро пресс клубнинг навбатдаги йиғилишида Бош прокуратура расмийси Баҳром Қобилов яқин муддатда милиция ва прокуратура ходимлари даромадлари ҳамда мулклари тўғрисида солиқ декларацияси топшириш мажбуриятига эга бўлишларини маълум қилди.

Унга кўра, коррупцияга қарши давлат дастури ва Ҳаракатлар стратегиясига биноан ишлаб чиқилаётган янги қонунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг солиқ декларацияси топшириши жорий этилади.

Бу борада 18 декабрда хабар берган Podrobno.uz нашрига кўра, мазкур қонун қабул қилинса, давлат идоралари раҳбарларининг солиқ декларациялари сир тутилмайди ва матбуотда эълон қилинади. Оддий ходимлар эса қонунда белгиланган умумий тартибда солиқ декларация топширадилар.

Аввалроқ “Давлат хизмати” тўғрисидаги қонун лойиҳаси Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида эълон қилинган эди. Мазкур қонунда “кичик мутахасис” мақомидан ташқари барча давлат амалдорлари ҳар йили ўзининг ва оила аъзоларининг даромадлари ва чиқимлари, мулклари тўғрисида декларация топшириши шартлиги белгиланган.

Қонун лойиҳасида давлат хизматчиси ўзининг ва оила аъзоларининг даромадалари ва мулки тўғрисида нотўғри маълумотларни берган бўлса, уни лавозимидан бўшгатиш назарда тутилади.

Мирзиёев аччиқ қалампир экиш тўғрисида кўрсатма берди

Қорақалпоғистонда 2018 йилда 15 минг гектар ерга қизил қалампир экилади.

Президент Шавкат Мирзиёев пахтадан кам ҳосил олинадиган жойларга Индонезиядан келтириладиган ва 60-80 кун ичида пишадиган аччиқ қалампир экиш ҳақида кўрсатма берди. Бу ҳақда ЎзА 18 декабрда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, мутахасислар бугунги кунда жаҳонда 4,4 миллион гектар ерга аччиқ қалампир экилаётганини ва ундан йилига 68,3 миллион тонна ҳосил олинаётганини билдирмоқдалар. Бир гектар ердан 15-20 тонна аччиқ қалампир олиш мумкин. Беш кило ҳўл мевадан 1 кило қуритилган қалампир олинади.

Бундай маҳсулотнинг 1 тоннаси жаҳон бозорида ўртача 8 минг 640 доллар экани айтилмоқда. 2017 йилда аччиқ қалампирдан олинган умумий даромад жаҳонда 30 миллиард доллардан ошиб кетиши кутилмоқда. Аччиқ қалампирнинг асосий қисми Индонезия, Хитой ва Мексикада етиштирилади.

Хабарда айтилишича, Беруний туман ҳокими Фарҳод Эрмонов 2018 йилда тумандаги 1000 гектар ерга аччиқ қалампир экалишини билдирган.

Мирзиёев кўрсатмасига биноан Қорақалпоғистонда 2018 йилда 15 минг гектар ерга қизил қалампир экилади, дейилади хабарда.

15 декабрь куни Қорақалпоғистонга сафар қилган Шавкат Мирзиёев бу минтақада пахта ўрнига қизилмия экишни тавсия қилди.

Ноябрда 134 чегарабузар қўлга олинди

Чегарабузарларнинг кўпчилиги Қирғизистон билан чегарада қўлга олинган,

Ўзбекистон чегарачилари ноябрь ойида 134 нафар чегарабузарни қўлга олди ва 1триллиард 580 миллиард сўмлик контрабанда маҳсулотларини мусодара қилди.

Бу ҳақда Подробно.uz нашри давлат чегарасини қўриқлаш бўйича давлат қўмитасига таянган ҳолда 18 декабрда хабар берди.

Маълумотда айтилишича, қонунбузарларнинг 76 нафари Қирғизистон, 48 нафари Қозоғистон, 9 нафари Тожикистон ва 1 нафари Афғонистон билан чегараларда қўлга олинган. Туркманистон билан чегарадош ҳудудларда қонунбузарликлар кузатилмаган.

Барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон қонунчилигида назарда тутилган тартибда текширув-тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўн йилда 33 музей ёпилади ва 7та янги музей ташкил қилинади

Ўзбекистонда келгуси 10 йил ичида 33 музей ёпилади ва уларнинг ўрнида 7та янги музей ташкил этилади. Регунм агентлигининг 18 декабрда билдиришича, бу тўғрида 11 декабрда бош вазир Абдулла Арипов имзолаган қарор Ўзбекистон қонунчилиги миллий базаси сайтида эълон қилинди.

Музейларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва музейлар фаолиятини мукаммаллаштиришнинг 2017-2017 йилга мўлжалланган режасида қайд этилишича, ёпиладиган ва янги ташкил этиладиган музейлардан ташқари яна 21 музей фаолияти қайта қурилади.

Мазкур қарор маҳаллий ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда музейлар концепциясини шакллантириш мақсадида қабул қилинган.

Бу тадбирни амалга ошириш учун 572, 354 миллиард сўм маблағ ажратиш назарда тутилмоқда.

Банкларнинг хизмат кўрсатиш тарифлари 95 фоизгача арзонлатилди

Марказий банк биноси.

Ўзбекистон банклар ассоциацияси кўрсатилаётган хизматлар учун нархларни 15 фоиздан 95 фоизгача арзонлатди. Бу ҳақда Марказий банк расмий билдирув тарқатди.

Мазкур арзонлатиш президент Мирзиёев 2017 йил 12 сентябрда имзолаган банк тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилгани таъкидланмоқда.

Расмий билдирувда айтилишича, Марказий банк махсус тадқиқот ўтказиб манфаатли тарифларни таклиф қилган ва шу асосда мамлакатдаги тижорат банклари тариф сиёсатини оптимизациялаш бўйича ҳукуматлараро шартномалар имзоланган.

Ҳужжатга биноан банклар томонидан кўрсатилаётган 187 хизматдан 63таси бепул бўлиб қолаверади. Қолган 86 хизмат учун нарх 95 фоизгача бўлган миқдорда арзонлатилади.

Ўзбекистонда доллар қимматлаб, евро арзонлади

Марказий банк 2017 йил 19 декабрдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилади.

19 декабрдан бошлаб АҚШ доллари курси 12 декабрь куни ўрнатилган курсгдан 8,62 сўмга қимматлади ва 1 доллар 8101,62 сўмни ташкил этди.

Евро курси 3,62 сўмга арзонлаб, 1 евро 9528,32 сўмга тенглашди.

Москвада ўзбекистонликларнинг яширин босмахонаси фош қилинди

Москва шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фош қилган ўзбекистонликларга қарашли яширин босмахонада қатор қалбаки ҳужжатлар: миграция карталаридан тортиб, ҳайдовчилик гувоҳномаларигача тайёрлангани тўғрисида РИА Новости хабар қилди.

Айтилишича, РФ Жиноят Кодексининг “Қалбаки акциз маркаларини тайёрлаг ва сотиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи кўрилмоқда.

Хабарда яширин босмахонада неча киши ушлангани айтилмаган, уларнинг исм-фамилияси келтирилмаган.

Ўтган ҳафтада Подольск шаҳрида полиция қўлбола ароқ тайёрланадиган яширин корхонадан 40 тонна спирт ва 15 тонна спиртли суюқликни мусодара қилган, бу иш билан ҳам ўзбекистонликлар шуғуллангани хабар қилинган эди.

Содиқ Сафоев ЕТТБ директорлар кенгаши мажлисида қатнашди

Олий Мажлис Сенати раис ўринбосари Содиқ Сафоев.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ижроия директори, Олий Мажлис Сенати раис ўринбосари Содиқ Сафоев ўтган ҳафтада Лондонда бўлиб ўтган банк бошқаруви кенгаши йиғилишида қилган чиқишида Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини, мамлакатда демократлаштириш ва ҳокимиятнинг очиқлигини ошириш, коррупцияга қарши кураш, маҳаллий ҳокимиятнинг ваколатини кенгайтириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигидан иборат кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади, деб хабар қилди Ўзбекистондаги нашрлар.

Содиқ Сафоев биринчи вазифалар қаторида ҳукумат томонидан мамлакатда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хусусий бизнеснинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва янги молиявий хизматларни жорий этилаётганини айтиб ўтди.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган ЕТТБ президенти Сума Чакраборти ташриф буюрган эди. Ташриф чоғида Сума Ўзбекистон Республикаси резиденти Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказган эди. Ноябрь ойида эса ЕТТБнинг биринчи вице-президенти Филипп Беннет ҳам Тошкентга ташриф буюрган эди ва ташриф чоғида 2010 йилдан бери биринчи марта Банк 120 миллион долларлик учта кредит шартномаси имзолаган эди.

ЕТТБ директорлар кенгаши 2018 йилда Ўзбекистон учун янги стратегияни қабул қилишни режалаштирди. Ўз навбатида айтиб ўтиш керакки, бу ҳамкорлик узоқ муддатли стратегик устувор йўналишларни белгилаб беради.

Ҳозирда, ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 186 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг шартнома имзоланди. 2018 йилда Банк турли лойиҳалар бўйича 15 та лойиҳани амалга ошириши ҳам кутилмоқда.

Тошкент вилоятининг 7 туманида қурилишлар учун ер ажратиш вақтинча тўхтатилди

Тошкент вилоятининг айрим аҳоли пунктларида қурилишлар учун ер майдонларини ажратиш Вазирлар Маҳкамасининг 12 декабрдаги қарорига биноан тўхтатилгани тўғрисида uz24.uz хабар қилди.

Айтилишича, вилоятнинг 7 та — Зангиота, Қибрай, Тошкент, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ ва Янгийўл туманларида жисмоний ва юридик шахсларга қурилишлар учун ер ажратишга вақтинча тақиқ жорий этилган. Бу ушбу ҳудудлар бўйича бош режа лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани билан боғлиқ, дейилади қарорда.

Қарорда белгиланишича, ушбу тақиқлар Президент ва Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Аҳоли пунктларида жойлашган кўчмас мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишда тарафлар жорий этилган тақиқлар ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилади.

Қуюқ туман ҳаво қатновлари жадвалини ўзгартиришга мажбур қилди

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларига қуюқ туман тушгани туфайли авиақатновлар жадвалига ўзгаришлар киритилди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”компаниянинг расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, 15 декабрдан 16 декабрга ўтар кечаси тушган қуюқ туман туфайли учиш ва қўнишда кўришнинг ёмонлашганлиги сабабли Тошкент, Бухоро ва Андижон аэропортлари ёпиб қўйилган. Миллий авиакомпаниянинг 11 рейси захира аэродромларига йўл олган.

Айни пайтда Сочи – Тошкент йўналиши бўйича учиб келаётган HY686 ва Нукус – Тошкент йўналиши бўйича келаётган HY54 рейслари захира аэродроми — Самарқанд халқаро аэропортига йўналтирилган. Қолган бир неча рейсларнинг учиб келиши ва Истанбул, Нукус каби шаҳарларга рейсларнинг парвози ҳам кечиктирилган.

Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги аэропортлардаги рейсларнинг ҳолатини миллий авиакомпаниянинг онлайн таблоси ёки аэропортларнинг маълумотхонаси орқали билиб олиш мумкин.

«Миллий авиакомпания экипажлари об-ҳаво шароити яхшиланиши ҳамоно рейсларни амалга оширишга тайёр. Пайдо бўлган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва бизни тўғри тушунганингиз учун ташаккур билдирамиз», дейилади МАК хабарида.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG