Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 09:35

Ўзбекистон

Андижоннинг сўконғич ҳокими 5 миллион сўмлик жаримага тортилди

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати 26 декабрь куни Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев устидан ўтказилган маҳкама қарорини эълон қилди.

" Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев жорий йилнинг 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ҳолати юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан текшириш ўтказилди.

Текшириш давомида вилоят прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши томонидан Д.Раҳматуллаевни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Текшириш натижасига кўра, Д.Раҳматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Суднинг қарори билан Д.Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган¸" дейилади прокуратура хабарида.

Ўзбекистонда белгиланган энг кам иш ҳақининг 30 баравари 5 миллион 167 200 сўмга тенгдир.

Айни пайтда¸ Андижон шаҳар ҳокимининг лавозимидан озод этилгани ҳақида маълумот йўқ.

Андижон ҳокими пахтага сафарбарлик масаласида ўтказилган мажлисда таълим ва маҳалла мутасаддиларини қаттиқ ҳақорат қилгани ëзилган аудиоëзув биринчи марта Озодлик томонидан жамоатчиликка эълон қилинган эди.

Таниқли рассом Слава Охуновга 6 йиллик тақиқдан сўнг чиқиш визаси берилди

Вячеслав Охунов рафиқаси билан.

Халқаро арт анжуманларига тез-тез таклиф қилинадиган ўзбек рассоми Вячеслав Охуновга олти йиллик сурункали раддиялардан сўнг хорижга чиқишга изн берувчи виза берилди.

Бу ҳақда Озодликка рассомнинг ўзи хабар қилди.

Ўтган йиллар давомида ўз ҳаракатланиш эркинлиги бузилгани устидан рассом Ўзбекистон республикаси ИИВ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимини (ОВИР) бир неча инстанция судга берган эди. Т

Рассомга чиқиш визаси берилмаётганини турли баҳоналар билан изоҳлаб келган ОВИР мулозимлари Вячеслав Охуновнинг мамлакатдан ташқарига чиқарилиши тақиқланган “қора рўйхатга” тиркалганини маълум қилиб қўлига қоғоз беришган.

Рассом икки йилдан бери чиқиш визаси ололмаётгани сабаби ўзининг диссидентлик қарашлари билан боғлиқ эканига шубҳа қилмаслигини айтади.

2018 йилда "Ўзбекнефтгаз" газ қазиб олишни қарийб 17 фоизга оширмоқчи

"Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти 2018 йили табиий газ қазиб олишни 66 миллиард куб метрга етказмоқчи. Бу эса¸ жамият матбуот хизматига кўра¸ 2017 йилги кўрсаткичга нисбатан қарийб 16¸8 фоизга кўпдир.

Ўзбекистондаги 200 дан ошиқ нефть ва газ ширкатини ўз ичига олган миллий оператор¸ расмий рақамларга кўра¸ 2017 йилда 56¸5 миллиард куб метр табиий газ қазиб олган.

2018 йилда газ ҳажмини ошириш¸ расмий изоҳга кўра¸ бу соҳага хориж сармоясини жалб қилиш эвазига қилинади.

Ўзбекистондаги йирик конларидаги геологик разведка ва қазиш ишлари ҳозирга қадар узоқ йиллик шартномаларга мувофиқ Россиянинг Газпром ва Лукойл ¸ шунингдек Хитойнинг давлатга қарашли CNPC ширкатига топширилган.

22 декабрь куни парламент олдида қилган мурожаатида президент Мирзиëев¸ бундай келишувлардан айримларини тилга олиб¸ уни халққа тегишли бойликни халқ манфаатига зид равишда чет элликларга сотиш намунаси сифатида танқид қилди.

Ўзбекистоннинг табиий газга нисбатан ички эҳтиëжи 50 миллиард куб метрни ташкил этгани ҳолда¸ мамлакат олинаëтган йиллик 56¸5 миллиард куб метр газнинг 10 миллиардини Хитойга¸ 6 миллиардини эса¸ Газпромга экспорт қилмоқда.

Ўзбекистонликларга улар эҳтиëжидан қарийб икки баравар кам - 30 миллиард куб метр газ қолаëтгани боис¸ мамлакат аҳолиси ва бизнеси йиллардан бери газ тақчиллигидан¸ айниқса¸ қиш мавсумида азият чекиб келмоқда.

Мирзиëев МДҲ норасмий саммитида қатнашиш учун Москвага келди

Ўзбекистон¸ Россия ва Қозоғистон президентлари ШҲТнинг Остона саммитида. 2017 йил¸ 8 июнь.

26 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) саммитида иштирок этиш учун Москвага келди.

Шу куни Россия президенти Владимир Путин ҳамдўстликка аъзо давлат раҳбарлари билан норасмий учрашув ўтказиб¸ Россиянинг ташкилотга 2017 йилги раислиги якунларини муҳокама қилади.

Кремль матбуот хизматига кўра¸ МДҲ президентлари ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашади.

МДҲ норасмий саммитида унга аъзо Озарбайжон¸ Арманистон¸ Беларус¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Молдова¸ Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари иштирок этади.

МДҲ раҳбарларининг 2017 йилги сўнгги йиғини Молдованинг ташкилотдан чиқиб кетиш эҳтимоли кучайган бир вазиятда ўтмоқда.

Молдова президенти Игорь Додон саммит арафасида ТАСС агентлигига европапараст депутатлар Молдованинг МДҲдан чиқиши масаласини кун тартибига қўйганини билдирди.

Назарбоев 2018 йилни Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилди

2017 йил давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари бир неча бор ўзаро учрашув ўтказдилар.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 25 декабрь куни миллий телеканалда намойиш этилган журналистлар билан интервьюсида 2018 йилни Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилди.

"Ўзбеклар бизга яқин халқ, қўшнимиз, Марказий Осиёдаги катта давлат, шу боис бу мамлакат билан муносабатлар биз учун доим аҳамиятли ва манфаатлидир. Келаëтган йил Қозоғистонда Ўзбекистон¸ Ўзбекистонда эса Қозоғистон йили бўлади¸" - деди Назарбоев жумладан.

Журналистлар билан суҳбат давомида Назарбоев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик яхшиланиб бораётгани ва бу ўзаро савдо-сотиқ ҳажмида ҳам кўринаëтганини таъкидлади.

Қозоғистон президенти ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиëев билан ўзаро савдо ҳажмини яқин келажакда 5 миллиард долларга етказиш борасида келишиб олганини ҳам маълум қилди.

"Ҳозирда биргаликда автомобиль ишлаб чиқариш бўйича келишувимиз бор. Тошкент билан темир йўл ва ҳаво қатнови йўлга қўйилди. Ўзаро алоқаларимиз кенгайиб бормоқда. Биз буни қўллаб-қувватлаймиз¸" деди президент.

Шавкат Мирзиëв ҳокимиятга келиши билан қўшнилар билан муносабатларни яхшилашни ўз устивор мақсадларидан бири деб эълон қилди ва йил давомида қўшни давлат раҳбарлари билан бир неча бор учрашди¸ ўз дастлабки давлат сафарларини ҳам Туркманистон ва Қозоғистондан бошлади.

Мирзиёев топшириғи ортидан унинг ижтимоий сайтлардаги саҳифалари фаоллашди

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг расмий белгиси

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи ортидан унинг ижтимой сайтлардаги расмий саҳифаларидан фойдаланувчилар сони кескин ортди.

26 июлда Тошкентда бўлиб ўтган видео селектр йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш иштирокчиларига интернетга кириб, одамларнинг муаммоларидан хабардор бўлишга чақирганди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги кўпгина воқеалар ҳақида шу ресурс орқали хабардор бўлишини қайд этганди.

Ўзбекистон ҳукуматидаги манбанинг Озодликка айтишича, учрашув ортидан Шавкат Мирзиёев президент матбуот хизмати ходимларига ижтимой таррмоқларида ўз расмий саҳифаларини очишга топшириқ берган.

19 сентябрда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ва Facebook фейсбук вакиллари Facebook қароргоҳида учрашув ўтказиб, Ўзбекистон президенти саҳифасига расмий верификация белгисини қўйиш борасида келишиб олган эдилар.

26 сентябрда Ўзбекистон президенти Facebook саҳифаси, Марказий Осиё президентлари орасида биринчи бўлиб, верификация белгисига эга бўлди.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати раҳбари Асаджон Хўжаев 29 август куни Самарқанд шаҳрида бошланган "Шарқ тароналари" фестивали ёритилишида йўл қўйилган камчиликлар туфайли ишдан олинди.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби, Комилжон Алламжонов
Ўзбекистон президенти матбуот котиби, Комилжон Алламжонов

2017 йил декабрида президент матбуот хизмати раҳбари этиб тайинланган Комилжон Алламжанов асосий эътиборни ижтимоий тармоқларда президент саҳифаларини ривожлантиришга қаратди.

У ижтимоий тармоқларда президент сафарлари ва расмий чиқишларини жонли тарзда узатишни йўлга қўйди.

Ўзбекистон президентининг Instagram саҳифасини расман верификациядан ўтказди.

Сўнгги уч ой ичида Ўзбекистон президентининг Facebook саҳифасидан фойдаланувчилар сони 150820, Instagram саҳифаси - 242 мингга, Telegram саҳифасидан фойдаланувчилар сон 86264 нафарга етди.

Шу билан бирга президентнинг YouTube ва Twitter cаҳифалари ҳам фаоллаша бошлаган.

Президент Филиппинга таъзия билдирди

Филиппиндаги тайфундан қочаётган одамлар.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Филиппин Республикасида вайронкор тошқин ва ер кўчиши юз бериб, кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ушбу мамлакат Президенти Родриго Дутертега таъзия изҳор этди”, деб билдирди 25 декабрь куни президентнинг расмий веб сайти.

22 декабрь куни Филиппинда юз берган “Тембин” тайфуни оқибатида камида 240 одам ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Минданао оролида табиий офат туфайли 52 мингга яқин одам ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Ҳар йили Филиппинда 20тагача тайфун юз беради. 2013 йилда “Хайян” тайфуни оқибатида бу мамлакатда 8 минг одам ўлган эди.

Самарқанд вилоятида талончилик 50 фоизга, оғир жиноятлар 31,5 фоизга кўпайди

Самарқанд вилоятида 2017 йилда ўтган йилга нисбатан талончилик 50 фоизга, оғир ва ўта оғир жиноятлар 31,5 фоизга кўпайди. Бу ҳақда 25 декабрь куни Ҳукумат порталида маълум қилинди.

Хабарда айтилишича, вилоятда бундан ташқари ўғрилик 10,1 фоизга, фирибгарлик 8,4 фоизга, транспорт воситасини олиб қочиш 17,4 фоизга, гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар 7,8 фоизга кўп бўлган.

Айни пайтда унча оғир бўлмаган жиноятлар ўтган йилга нисбатан 7,9 фоизга, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 2,7 фоизга, босқинчилик 18,5 фоизга, номусга тегиш 16,4 фоизга ва безорилик 20,8 фоизга камайган.

“Булунғур, Қўшработ, Оқдарё, Пахтачи, Пастдарғом ва Жомбой туманларида мазкур тоифадаги жиноятлар сезиларли равишда ошган”, дейилади хабарда.

Содир этилган жиноятларнинг 22,6 фоизи, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятларнинг 32,6 фоизи фош этилмай қолган. Ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган шахсларнинг 34,9 фоизи ушланмаган.

Хусусий ширкатлар ўзбекистонликларни хорижга ишга жўнатиш ҳуқуқига эга бўлиши айтилди

Россияда қор тозалаётган ўзбек меҳнат муҳожирлари.

Ўзбекистонда хусусий ширкатларга меҳнат муҳожирларини чет элга ишга жўнатиш ҳуқуқи берилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Низомовга таянган ҳолда 25 декабрда Podrobno.uz агентлиги хабар берди.

Расмийнинг билдиришича, "Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ва айни пайтда ҳукуматга кўриб чиқиш учун юборилган "Рекрутинг ва рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасида хусусий ширкатларга меҳнат муҳожирларини чет элга ишга жўнатиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

Баҳодир Низомовга кўра, бугунги кунда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзбекистонликларни чет элга ишга жўнатиш соҳасининг монополисти ҳисобланади.

“Лекин шунга қарамай, айрим хусусий ширкатлар норасмий равишда бу соҳани оккупация қилиб олган”, дейилади Podrobno.uz хабарида.

Ўзбекистондан ишчи кучини қабул қилиб олувчи энг йирик бозор бугунги кунда Россия ҳисобланади. Россия Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 2017 йилнинг январь-ноябрь ойлари оралиғида Россияда 3 миллион 100 минг ўзбекистонлик муҳожир рўйхатга олинган.

Тошкент бозорларини 10 йил мобайнида зарарли гўшт билан таъминлаган гуруҳ қўлга олинди

Тошкентда пойтахт бозорларини Қашқадарёдан олиб келинган зарарланган гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан 10 йил мобайнида таъминлаб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди.

"Ўзбекистон 24" телеканалининг билдиришича, гуруҳ бош прокуратура қошидаги Солиқ, валюта ва жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати ўтказган қўшма амалиёт пайтида фош этилган.

Хабарда айтилишча, гуруҳ раҳбари Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшаган 40 ёшли Баҳром Ҳайдаровдир. Мазкур гуруҳ дастлаб Қашқадарёда таниш қассоблар, олиб сотарлар ва ветеринарлардан нобуд бўлган ёки нобуд бўлиш арафасида турган касал чорва моллари тўғрисида маълумот тўплашни йўлга қўйган. Улар ҳар бир маълумот учун 15 мингдан 50 минг сўмгача пул тўлашган.

Шундан сўнг бу чорва молларининг ҳар бир килоси 10-15 минг сўмдан Чироқчи туман ветеринар бўлими ходимлари томонидан сотиб олинган ҳамда ҳужжатлар сохталаштирилган. Кейин бу гўшт Зангиота тумани ҳамда Тошкентдаги яширин цехларга олиб келинган. Бу ерда гўшт қайта ишланган ва бўлиштирилиб, бозорларга чиқарилган.

Гуруҳ томонидан Тошкентда ҳар ойда 5 тонннадан 15 тоннагача бўлган миқдорда мана шундай гўшт сотилган. Гўштнинг ҳар қилосига 25-30 минг сўмдан нарх белгиланган.

Айни пайтда жиноят иши бўйича тергов олиб борилаётгани айтилди.

Тошкентдаги 51 сайлов округида туман Кенгашларига қайта сайлов ўтказилади

Сайловчи овоз бермоыда.

Тошкентдаги 51та сайлов округида пойтахт туман кенгашлари депутатлигига сайлов қайта ўтказилади.

“Газета уз” нашрининг 25 декабрда хабар беришича, Тошкент шаҳар сайлов комиссияси 330та сайлов округидан 279тасида ўтказилган овоз бериш натижаларини қониқарли деб топган. Қолган 51та сайлов участкасида қандай сабаблар туфайли қайта сайлов ўтказилиши ҳақида маълумот берилмаган. Қайта овоз бериш куни яқин кунларда аниқланиши билдирилди.

Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Ҳамид Каримов 25 декабрда сайловнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. Унга кўра, сайловда 1 миллион 267 мингдан кўпроқ сайловчи иштирок этган. Бу эса овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 81,2 фоизини ташкил қилади.

Туман кенгашларидаги кўпчилик ўринларни Либерал-демократик партия эгаллаган. Мазкур партия 114 ўринга, “Миллий тикланиш” демократик партияси 45 ўринга, Халқ-демократик партияси 41 ўринга, “Адолат” социал демократик партияси 33 ўринга эга бўлган. Маҳаллий ўз - ўзини бошқариш органларидан 46 киши сайланган.

Депутатликка номзод сифатида Тошкентда 1650 одам рўйхатга олинган эди. Тошкентдаги 11та туманда янгидан ташкил қилинган кенгашларнинг ҳар бирига 30 нафардан депутат сайланади.

Тошкентда Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми уюштирилди

25 декабрь куни ўзбек ва турк компаниялари иштирокида Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми ташкил этилди.

Туркия Савдо палаталари ва товар биржалари уюшмасининг президенти раҳбарлигида Туркия Республикаси ишбилармонлари делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида мамлакат Савдо-саноат палатаси томонидан уюштирилди.

Бу ҳақдаги маҳаллий нашрлар хабарига кўра, тадбир ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек қўшма корхоналарни ташкил этиш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш мақсадида ўтказилган.

Айтилишича, Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги 2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси 1,2 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг 9 ойи давомида ўзаро савдо айланмаси ҳажми 29%га ўсган.

Ҳозирда мамлакатда 500 га яқин турк фирма ва компаниялари фаолият юритади. Фақатгина 2016 йилнинг ўзида республикада турк капитали иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилиб, 53 та компаниянинг ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилган.

Toshkent City қуриладиган жойда уйи бузиладиганларга Яшнабоддан уй берилиши айтилди

Tоshkent city макети.

Toshkent City халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши муносабати билан пойтахтдаги бузилаётган Ўқчи ва Олмазор маҳаллаларида доимий истиқомат қилаётган фуқаролар уларнинг яшаш жойларини бузиш ишлари бошлангунга қадар турар жой билан таъминланади. Бу ҳақда Тошкент ҳокимиятига таяниб, маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Айтилишича, фуқаролар ўз хоҳишига кўра Яшнобод туманидаги янги уйлардан (кўчиб ўтгунларига қадар турар жой ижараси учун товон пули билан таъминланади) ёки иккиламчи турар жой бозоридаги квартиралардан танлашлари мумкин.

2015 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг топшириғига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 7 январдаги 5-сонли қарори билан юқорида келтирилган маҳаллалардаги қолган оилаларни кўчириш ҳисобига бузиладиган турар ва нотурар жой объектлар белгиланган.

Айни пайтда Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Ҳазрати Имом масжиди атрофидаги хонадон эгаларининг шикоят қилишича, 19 декабрь куни бир неча хонадон куч билан бузиб ташланди. 19 декабрда бузилган ҳовли-жойлардан бири яшаган 2 оила - ҳаммаси бўлиб 5 киши 1 та 1 хонали квартирага жойлаштирилгани маълум бўлди.

Бишкекда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар кўргазмаси бўлиб ўтди

Ravon 4 автомашинаси.

Бишкекда 25 декабрь куни RAVON автосалонининг очилиши муносабати билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Тадбир Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги қошидаги Инвестицияларни жалб қилиш ва ҳимоялаш агентлиги томонидан уюштирилди.

Кўргазмада RAVON бернди остида ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналар ва ISUZU русумидаги автобуслар намойиш этилди.

Расмийлага кўра, Бишкекда ташкил этилган Ўзбекистон автосалонида мазкур машиналар комплектациясига қараб 6 минг доллардан 8 минг долларгача бўлган миқдорда сотилади.

Қирғизистон ҳукумати мазкур автомобилларни мамлакат ҳудудида йиғиш ва сотувга чиқаришнни режалаштирмоқда.

Кўргазмада шоу дастур ва конкурслар ўтказилиши режалаштирилган. Конкурс ғолибларига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомашиналардан бири совға қилиниши айтилмоқда.

Қўшни давлатларда Ўзбекистонни "дўст эмас", деб билувчилар сони камайди

Самарқанддаги Регистон майдони Ўзбекистон рамзларидан биридир.

Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси орасида Ўзбекистонга нисбатан ишонч сўнгги бир йилда анча яхшиланди. Бу ҳақда Евроосиё Тараққиёт банкининг Интеграцион тадқиқотлар маркази ўтказган "ЕОТБ интеграцион барометри" ҳисоботида таъкидланди.

Sputnik нашрининг ҳисоботга таянган ҳолда 24 декабрда хабар беришича, 2017 йилнинг ёзида ўтказилган сўров натижалари асосида қирғизистонликларнинг 33 фоизи Ўзбекистонни дўст мамлакат эмас деб билиши аниқланган. Бу эса 2016 йилдаги кўрсаткичдан 19 фоизга оздир. 2016 йилги сўровда қирғизистонилкарнинг 52 фоизи Ўзбекистонни душман мамлакат сифатида тилга олган эди.

Тожикистонда ҳам Ўзбекистонга нисбатан ишончсизлик 14 фоизга озайган. 2012 йилда тожикистонликларнинг 64 фоизи Ўзбекистонни дўст қаторида билган эмас эди.

Қозоғистонда эса Ўзбекистонга нисбатан ишончи 24 фоизга ошган. Ўтган йили Ўзбекистонни дўст давлат деб билувчи қозоғистонликлар сони бундан 9 фоиз кам эди.

"ЕОТБ интеграцион барометри" лойиҳаси 2012 йилдан буён фаолият олиб боради. Тадқиқотлардан мақсад МДҲ минтақасидаги давлатлар аҳолисининг ташқи сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ва бошқа интеграцион йўналишлардаги фикрларини билишдир”, деб ёзди Sputnik нашри.

Тошкент шаҳар туманлари Кенгашларига сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади

Тошкентда 24 декабрь куни биринчи марта ўтказилган шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловда, дастлабки маълумотларга кўра, 1 миллион 188 минг 851 нафар сайловчи иштирок этди. Бу эса умумий сайловчилар сонининг 76,2 фоизини ташкил этади.

Бу ҳақда 24 декабрь куни сайлов якунланганидан сўнг ўтказилган брифингда Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Ҳ.Каримов маълум қилди.

Мазкур сайловнинг яна бир ўзгачалиги, унда биринчи марта сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхати ахборот тизими ҳуқуқий тажриба сифатида қўлланилди. Бу тизим бир сайловчининг бошқа-бошқа сайлов участкаларида икки ёки уч марта қайта овоз беришининг олдини олади. Бундан ташқари бу тизим сайловчилар сонини электрон тарзда ҳисоблаб бориш имкониятини ҳам пайдо қилди.

Сайловнинг дастлабки натижалари 25 декабрь куни соат 16.00 да ўтказиладиган брифингда эълон қилинади.

Суперлигада ўйнайдиган юз футболчи жисмоний тарбия бўйича тест синовидан ўта олмади

Ўзбек футболи ишқибози.

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида иштирок этаётган 5 та жамоанинг юз нафардан ортиқ футболчиси белгиланган нормативлар бўйича тест синовларини топшира олмади.

Бу ҳақда хабар берган Футбол федерациясининг билдиришича, футболчилар учун белгиланган нормативлар асосидаги тест синови жорий йилда биринчи марта ўтказилди.

Тест синовидан мақсад Суперлигада иштирок этаётган футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлаш ҳамда терма жамоалар учун номзодларни танлаш бўлган.

Ҳозиргача тест синовини Суперлигада иштирок этувчи 12 жамоадан фақат “Олмалиқ”, “Машъал”, “Навбаҳор”, Қўқон-1912” ва “Цементчи” жамоалари футболчилари топширди. Тест 30 метрга югуриш, узоқликка сакраш, 7х50 югуруш ва “Yo-Yo” синовидан иборат бўлган.

Синовдан ўта олмаган футболчиларга Чемпионат бошлангунига қадар тайёргарлик кўриш ва тестни қайта топширниш имконияти берилди. Тест синовидан қайта ўта олмаган футболчилар Суперлигадан четлатилади.

Алишер Усмонов Энрике Иглесиаснинг бепул концертини уюштираяпти

28 декабрь куни Тошкентдаги "Истиқлол" санъат саройида испаниялик таниқли қўшиқчи Энрике Иглесиаснинг бепул концерти намойиш қилинади.

Art Uz Promotion Agency хабарига кўра, концерт ташкилотчиси келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновдир.

Концерт чипталари олийгоҳларнинг аълочи талабаларига, фаол ёшларга тарқатилади. Чипталар Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Ёшлар Иттифоқи ҳамда Меҳрибонлик уйлари томонидан тарқатилиши айтилди.

Энрике Иглесиас- Алишер Усмонов ушбу ойда Ўзбекистонга олиб келаётган хориж юлдузларининг учинчисидир.

Усмонов британиялик қўшиқчи Робби Уилямс ва испаниялик тенор Хосе Каррерасни ҳам Тошкентдаги концертини ташкиллаштиргани ҳабар қилинди.

Маҳаллий нашрлар томонидан "уч хориж юлдузининг концертлари Усмоновнинг ўзбекистонликларга янги йил туҳфаси", дея тақдим қилинди.

Робби Уилямс концерти ўзбекистонлик томошабинлар орасида кенг баҳс-мунозарага сабаб бўлди: Биринчидан, концертга билетлар 1 ярим миллион сўмдан 2 миллион сўмгача нархда сотилгани ва иккинчидан, концерт пайти қўшиқчининг томошабинларга орқасини кўрсатгани ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Алишер Усмановни қариндошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Диёра Усмонова – Мирзиёевнинг рафиқаси жияни бўлиб, Алишер Усмоновнинг жияни, 2013 йилда Тошкентдаги ЙҲҲда ҳалок бўлган Бобурнинг бевасидир.

Бундан аввал Алишер Усмонов Ўзбекистон президентига ўз учоғини фойдаланишга берганди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Airbus 340 M-IABU учоғи Ўзбекистон президентининг расмий учоғи сифатида узоқ масофага мўлжалланган рейсларда фойдаланиш мақсадида вақтинча ижарага олинганини маълум қилганди.

Тошкентда прописка тартиби осонлаштирилди

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар осонлаштирилди.

Бу ҳақда Адлия вазирлигига таяниб хабар берган Kun.uz нашрига кўра, эндиликда доимий пропискага эга бўлиш учун турар жой ҳужжатлари, уй-жой мулкдорининг аризаси, никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг нотариал тасдиқланган нусхалари талаб этилмайди.

Шунингдек, бир қатор ҳужжатлар, жумладан, эр-хотиннинг камида бир йил биргаликда яшаганлиги маълумотномаси бекор қилинади.

Янги тартибга кўра, турар жойдан фойдаланишда қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам талаб қилинмайди.

Тест синовлари 15 кун давомида ўтказилади

Янги тартибга кўра, тест синовлари 1 августдан 15 августгача ўтказилади.

Бу ҳақда президентнинг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида қайд қилинган.

Шу пайтгача мамлакат бўйлаб тест синовлари бир кунда- 1 август куни ўтказиб келинаётган эди.

Шунингдек, тест синовлари жавобини олдингидай 10-15 кун кутиш тартиби ҳам бекор қилинади. Эндиликда абитуриент тест топширган куннинг эртасига тест натижасини билиши мумкин бўлади.

“Халқ сўзи” нашрига кўра, янги ўқув йилидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, мусиқий таълим, санъатшунослик, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларида тест синовлари бўлмайди.

Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти каби алоҳида иқтидор талаб этадиган таълим йўналишларига фақат ижодий имтиҳонлар орқали қабул қилиш йўлга қўйилади.

Рига марказий бозорида Ўзбекистон маҳсулотлари сотилади

Янги йилдан бошлаб Латвия пойтахти Риганинг марказий бозорида Тошкент бурчаги очилиб, у ерда Ўзбекистонда етиштирилган мева- сабзавотларни сотиш йўлга қўйилади.

1news.z хабарига кўра, бу ҳақда Латвиянинг Rīgas Centrāltirgus компанияси бошқаруви раиси Артис Друвиниекс бошчилигидаги делегациянинг Тошкентга ташрифи пайти маълум қилинган.

Ўз навбатида Латвия Ўзбекистонга сут ва денгиз маҳсулотларини етказиб беришни таклиф қилган. Бироқ бу борада бирор келишувга эришилгани ҳозирча номаълум.

Ҳайдовчилардан тиббий маълумотнома талаб қилиш бекор қилинди

Ўзбекистонда транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш пайти автомобиль эгасидан талаб қилинадиган тиббий маълумотнома бекор қилинди.

Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 20 декабрдаги қарорига кўра, бекор қилинди.

Расмий ҳужжатда, янги тартиб бир ой ичида амалга тартбиқ қилиниши қайд қилинган.

Янги йил байрами олдидан Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Янги йил байрами арафасида пойтахтда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани кузатилди.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати маълумотига кўра¸ байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар кучли назорат остига олинган.

“Нохуш ҳолатлар юзага келишига йўл қўймаслик, хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус рейдлар ўтказилмоқда.” дейилади хабарда.

Озодлик мобил мухбирларига кўра¸ йўл-патруль хизмати масканларида автотранспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизматининг хабар беришича, янги йил тантаналари пойтахтнинг 12 та жойида ўтказилади.

Бу йил асосий байрам арчаси Лабзак ва Қодирий кўчаларида жойлашган “Наврўз” боғига ўрнатилгани маълум қилинди.

Ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов АҚШ қора рўйхатига тиркалди

АҚШ Молия вазирлиги томонидан коррупция ва инсон ҳақларини топтаган шахслар рўйхатига асли ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов ҳам киритилди.

«Магнитский рўйхати» деб аталувчи жазо санкциялари остида этник ўзбек Олимжон Тўхтаохунов доҳил шахслар бор.

Улар жумладан, «пул маблағларини ювиш, товламачилик, пора бериб оғдириш, босқинчилик билан шуғулланади», дейилади молия вазирлиги ҳисоботида.

АҚШ Молия вазирлиги томонидан коррупция ва инсон ҳақларини топтаган шахслар рўйхатига Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам киритилган эди.

Гулнора Каримова отаси даврида кенг кўламли коррупцияга масъул деб кўрилгани учун¸ инсон ҳақлари гуруҳлари сўрови билан мазкур рўйхатга киритилган

Глобал “Магнитский акти”га мувофиқ тузиладиган мазкур рўйхатга янги киритилган 52 шахс рўйхати 21 декабрь куни эълон қилинган эди.

Шавкат Мирзиёев Москвада ўтадиган МДҲ норасмий саммитида иштирок этади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Москвада бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг норасмий саммитида иштирок этади.

Бу ҳақда «Халқ сўзи” нашрида билдирилди.

«МДҲ аъзо мамлакатлари раҳбарларининг Янги йил арафасидаги навбатдаги учрашуви ортда қолаётган йил якунларини сарҳисоб қилиш ва бирлашма доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш имконини бериши баробарида минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама этиш учун яхши имконият яратади», дея таъкидланади хабарда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG