Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:34

Ўзбекистон

Ўзбекистон билан Россия ўртасида тинч атом бўйича битим имзолади

«Росатом» бош директори Алексей Лихачев.

Ўзбекистон ва Россия жума куни атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро битимни имзолади. Бу ҳақда «Росатом» давлат корпорацияси ахборот хизматига таяниб, кун.уз хабар қилди.

Ҳужжат Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов ва «Росатом» бош директори Алексей Лихачев томонидан имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадда фойдаланиш соҳасида икки томонлама ўзаро алоқалар учун ҳуқуқий асос яратади.

«Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун истиқболли йўналишлар орасида Ўзбекистон атом энергетикаси учун миллий инфратузилмани яратиш ва такомиллаштириш ҳамда кадрларни тайёрлаш, мамлакатда АЭС ва тадқиқот реакторларини қуриш, шунингдек уларни бутун цикл давомида қўллаб-қувватлаш кабилар бор», - дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳамкорликдаги ишларнинг эҳтимолий йўналишлари орасида Ўзбекистон минерал-хомашё базасини ўрганиш билан уран конларини қидириш ва ўзлаштириш, уран моддасини сақлаш бўйича махсус жойларни асл ҳолатига қайтариш, радиофаол изотопларни ишлаб чиқариш ва уларни саноатда, тиббиёт ҳамда қишлоқ хўжалигида қўллаш, бошқа илмий тадқиқотлар бор.

Битим аниқ лойиҳалар ва илмий тадқиқотларни бажариш учун қўшма ишчи гуруҳларни ташкил этиш, экспертлар билан алмашиш, семинарларни ташкиллаштиришни ҳам назарда тутади.

Ўқитувчиларни калтаклаган Сайхунобод ҳокими иши судга оширилди

Сайхунобод тумани прокуратураси мулозими 5 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Носиржон Эгамбердиев устидан даъвочи йўқлиги сабаб унга нисбатан жиноий иш очилмаганини айтган эди.

Сайхунобод туман прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижаси бўйича шу туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ва 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилганҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Бу ҳақда kun.uz сайти Сирдарё вилояти прокуратурасига таяниб хабар қилди.

Сайтга кўра, ҳоким устидан қўзғатилган иш 2017 йил, 28 декабрда маъмурий ишлар бўйича Сайхунобод туман судига юборилган.

Хабар қилинишича, айни пайтда, Сайхунобод туман ҳокими Н.Эгамбердиев ҳам туман прокурори номига ариза билан мурожаат этиб, унда 28 август куни туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишдан яширин равишда ёзиб олинган видеотасвирни оммавий ахборот воситаларига чиқариб юбориб, унинг обрўсига путур етказган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

“Текшириш натижаси бўйича Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежи директори К.Раҳмоновнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 46-моддасида назарда тутилган фуқароларга маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, яъни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий зарар етказадиган маълумотларни ошкор этиш ҳуқуқбузарлиги аломатлари мавжуд бўлганлиги аниқланган”, дейилган сайт хабарида.

Сайхунобод тумани прокуратураси мулозими 5 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Носиржон Эгамбердиев устидан даъвочи йўқлиги сабаб унга нисбатан жиноий иш очилмаганини айтган эди.

Озодлик Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиев жорий йил августида мактаб директорларини Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб бормагани учун калтаклаётгани акс этган видеони эълон қилган эди.

"Ўзбекнефтегаз" Европа стандартларига жавоб берувчи бензин сотадиган АЁҚШлар тармоғини барпо этмоқчи

Таъсисчиларидан бири “Ўзбекнефтегаз” бўлган Jizzakh Petroleum қўшма корхонаси Ўзбекистонда тижорат нархлари асосида хориждан келтирилган бензин билан савдо қилувчи АЁҚШлар тармоғини барпо этади.

Podrobno.uz хабарида айтилишича, мазкур тармоқда Европа сифати ва стандартларига мос келувчи Аи-92, Аи-93, Аи-95, Аи-98 бензини ва дизель ёқилғиси сотилади.

“Ўзбекнефтегаз” бу иш “яқин кунларда амалга оширилишини” маълум қилди, лекин аниқ бир муддат ҳақида билдирмади.

Хабарда айтилишича, Jizzakh Petroleum қўшма корхонаси йилига "Евро-5" стандартига мос келувчи 5 миллион тоннагача нефтни қайта ишлашни, 3 миллион 700 минг тонна мотор мойлари, 700 минг тоннадан кўпроқ авиация керосни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Тошкент вилоятида 15 январдан аналог телеканаллар трансляцияси тўхтатилади

Тошкент вилоятида 2018 йилнинг 15 январидан бошлаб аналог телеканалларни трансляция қилиш тўхтатилади. Бу ҳақда 28 декабрда Радиоалоқа, радиоэшиттирш ва телевидения марказига таянган ҳолда Podrobno.uz хабар берди.

Хабарда айтилишича, аналог телевидениядан воз кечиш босқичма-босқич амалга оширилади ва 2018 йил охирига бориб, аналог телевидения бутун мамлакат ҳудудида ўчирилади.

Аввалроқ рақамли телевиденияга ўтиш жараёни учун бепул рақамли телеканаллардан иборат мультиплекс шакллантирилгани хабар қилинган эди. Мазкур мультиплексга Миллий телерадиокомпания таркибига кирувчи телеканаллар ва мустақил телекомпаниялар киритилган.

Хабарда айтилишича, рақамли телевидения жорий этилиши ортидан кабел телеканаллари фаолияти тўхтатилмайди, лекин кабел телеканаллари операторлари аналог ўрнига рақамли телеканалларни эфирга узатади.

Ўзбекистонда рақамли телеканаллар тизимини шакллантириш учун Япония қарз берган эди.

Дастлаб, бу мақсад учун ажратилган кредит миқдори 78 миллион доллар экани айтилган. Бироқ сўнгги хабарда Япония берган қарз миқдори 62,5 миллион доллар экани қайд этилди.

Халқаро пресс клуб ва Kun.uz Мирзиёевни “президент ва миллат етакчиси” деб атади

Шавкат Мирзиёев.

Kun.uz сайтида 29 декабрда чоп этилган Халқаро Пресс-клубнинг Таҳлил ва мониторинг бўлими бошлиғи Сардор Усмонов мақоласига “Президент ва миллат етакчисининг мурожаатномаси”, деб сарлавҳа қўйилган.

“Буюк нотиқнинг маърузаси уч муҳим жиҳат билан фарқ қилади. Булар услуб, мазмун ва ўзининг мақсадли аудиториясига ўтказган таъсиридир. Атоқли тарихий нутқлар олийжаноб қадриятларга таянган ҳолда келажак ҳиссиётини ифодалайди ва миллат олдида турган вазифаларни бажариш учун бутун давлат ва жамият кучини сафарбар этишга даъват этади. Пировардида эса бундай нутқлар миллат онгининг ажралмас қисми сифатида хотирада сақланиб қолади”, дейилади Мирзиёевнинг 22 декабрда Олий Мажлисга мурожаат нутқига муносабат билдирилган мақолади.

Ўзбекистонда собиқ президент Ислом Каримов матбуот ва халқ орасида “юртбоши” сифатида алқанар эди.

Ўзбек матбуоти президентга нисбатан “миллат етакчиси” таърифини биринчи марта ишлатмоқда.

Прокуратура Сергелидаги янги уйларни бўлиштирганларга жиноят ишларини очди

Сергелида янги қурилган уйлардан бири.

Тошкентда Сергели туманидаги янги қурилган уйларни муҳтож оилаларга бўлиштириш жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликлар юзасидан жиноят иши очилди.

Газета.uz нашрининг Тошкент шаҳар прокуратураси расмийси Бобир Деҳқоновга таянган ҳолда 28 декабрда билдиришича, уй-жой бўлиштириш комиссияси айрим ҳужжатларни, жумладан, яшаш шароитини текшириш, кадастр ва уй олувчининг иш ҳаққига оид ҳужжатлар соҳталаштиргани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 11та жиноят иши очилган ва Жиноят кодексининг ”хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш”, “масъулиятсизлик”, “хизмат ваколатидан фирибгарлик билан фойдаланиш”, “мурожаатлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш” моддалари асосида айбловлар билдирилган.

Прокуратура расмийси мазкур жиноят иши бўйича қанча одам жавобгарликка тортилаётгани тўғрисида маълумот бермади. Унга кўра, бу иш юзасидан тергов давом этмоқда.

Озодлик радиоси "Камбағаллар учун Сергелида қурилган уйлар бойларга бўлиштириб берилгани" тўғрисида 24 ноябрда хабар берган эди.

Саудия Арабистони Ўзбекистон учун Умра квотасини оширди

Ҳаж амалларини бажариш учун Маккага жўнаб кетаётган ўзбекистонликлар.

Саудия Арабистони Ўзбекистон учун 2018 йилга мўлжалланган Умра квотасини деярли икки баробарга кўпайтирди.

Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси вакилига таянган ҳолда 28 декабрда хабар берган Новости агентлигининг ёзишича, 2018 йили 10 минг ўзбекистонлик Умра зиёратини амалга оширади. Аввалги йилларда Умра зиёратига ҳар йили 6 минг нафарга яқин ўзбекистонлик жўнатилар эди.

Диний идора вакили бундай келишувга Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси, Мусулмонлар идораси раҳбариятининг Ҳаж ва Умра зиёратлари бўйича Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳамкори ҳисобланган Al-Hidaya ширкати вакиллари билан ўтказган музокараси чоғида эришилганини айтди.

Жорий йилда Ўзбекистон учун Ҳаж квотаси 1,4 мартага оширилиб, 7 минг 200 кишига етказилган эди. Бироқ Умра квотаси 6 минг киши миқдорида сақланиб қолинган эди.

2018 йилдан бошлаб Қурбон ва Рамазон ҳайит байрамларида узлуксиз 3 кун дам олинади

Фатҳ жоме масжиди. Тошкент вилояти.

"Халқимизнинг маънавий ҳаётида олийжаноблик, миннатдорчилик, эзгулик, раҳмдиллик, ҳамжиҳатлик фазилатлари белгиланишида муқаддас Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, миллий-маънавий қадриятларимизни юксалтириш ва сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига қўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланиши кўзда тутилмоқда".

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармони айтилгани тўғрисида ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Тилга олинган фармонга биноан Ўзбекистонликлар Янги йил, Наврўз ва Мустақилликда қаторасига 5 кундан дам олажаги тўғрисида олдинроқ хабар берилган эди.

Ўзбекистонликлар Янги йил, Наврўз ва Мустақилликда қаторасига 5 кундан дам олади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги Фармонни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган gazeta.uzга кўра, ҳужжат давлат байрамлари даврида, қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида фуқароларга тўлиқ ва фойдали дам олиш учун қўшимча шароитларнинг яратилишини таъминлашга қаратилган. Шу мақсадда 2018 йилда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик куни давлат байрамларига тўғри келган қўшимча ишланмайдиган кунлар қонунчиликда белгиланмоқда, шунингдек айрим дам олиш кунларини ушбу байрам саналарига яқин бўлган иш кунларига кўчирилиши амалга оширилмоқда. Натижада 2018 йилда байрам кунларида узлуксиз дам олиш давомийлиги қўшимча ишламайдиган кунларни белгилаш ва айрим дам олиш кунларни кўчириш орқали таъминланади:

Янги йилга — 5 календарь куни (2017 йил 30 ва 31 декабрь -календарь бўйича дам олиш кунлари, 2018 йил 1 январь — ишламайдиган байрам куни, 2018 йил 2 январь — қўшимча ишламайдиган кун, 2018 йил 3 январь — 6 январдан кўчирилган дам олиш куни);

Наврўз байрамига — 5 календарь куни (18 март — календарь бўйича дам олиш куни, 19 март — 17 мартдан кўчирилган дам олиш куни, 20 март — кўшимча дам олиш куни, 2018 йил 21 март — ишламайдиган байрам куни, 22 март — 24 мартдан кўчирилган дам олиш куни);

Мустақиллик кунига — 5 календарь куни (2018 йил 31 август — кўшимча ишламайдиган кун, 2018 йил 1 сентябрь — ишламайдиган байрам куни, 2 сентябрь — календарь бўйича дам олиш куни, 3 — сентябрь 15 сентябрь шанба кунидан кўчирилган дам олиш куни, 4 сентябрь — 8 сентябрдан кўчирилган дам олиш куни).

Тошкент билан Бишкек ўртасида солиққа оид битим имзоланди

Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати хабар қилди. Айтилишича, 2017 йилнинг 5 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси ҳукумати ўртасида Солиқ қонунчилигига риоя этиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битим 2017 йил 26 декабрда кучга кирди.

Мазкур ҳужжат солиқ масалаларида ҳамкорлик қилиш ва ўзаро ёрдам бериш ҳамда тажриба ва ахборот алмашишнинг самарали механизмларини кенгайтириш учун ҳуқуқий асос яратишга ҳамда икки давлатда солиқ қонунчилиги бузилишини олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган.

Ушбу Битим доирасида ҳамкорлик томонлар давлатларининг солиқ идоралари орқали бир-бирларига ёрдам бериш тўғрисида сўров жўнатиш йўли билан амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳасидаги иштироки юзасидан музокаралар бўлди

Қамбарота-2 ГЭСи 2011 йилда ишга туширилган эди.

Ўзбекистоннинг Қамбарота-1 ГЭСи қурилишида иштирок этиши юзасидан эришилган келишув қоғоздагина қолмай, балки амалга тадбиқ этила бошланди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Данияр Сидиков маълум қилди.

Podrobno.uz нашрининг 27 декабрда хабар беришича, элчи Тошкентда Қамбарота-1 ГЭСини қуриш бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон ишчи гуруҳлари ўзининг биринчи учрашувини ўтказганини ва ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинганини айтди.

Сидиковга кўра, Ўзбекистон мазкур ГЭС лойиҳасида ҳам технологик, ҳам заҳира жиҳатидан ҳам иштирок эта олади.

Октябрь ойнинг бошларида “Ўзбекгидроэнерго” ва Қирғизистоннинг Миллий энергетика холдинги Қамарота-1 ГЭСи лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш масаласида меморандум имзолаган эди.

Ўзбекистон узоқ йиллардан бери Қирғизистонга сув заҳираларини тўлиқ назорат қилиш имкониятини берувчи бу лойиҳанинг амалга оширилишига қарши чиқиб келаётган эди.

Қамбарота-1 ГЭСи 1860 мегаватт қувватга эга бўлиб, йил сайин 5 миллиард 100 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқиши режалаштирилмоқда. Қамбарота сув омбори эса 4 миллиард 600 минг кубометр сув сақлашга мўлжалланади.

Қамчиқ довонида 44 та автомашина қор уюмидан чиқариб олинди

Қамчиқ довонида кетаётган машина.

Қамчиқ довонида 27 декабрда 44та автомашина қор уюмидан чиқариб олинди ва 25 нафар одамга тиббий, психологик ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги матбуот хизмати маъулум қилди.

Хабарда айтилишича, бундай вазият Қамчиқ довонида кучли шамол эсгани, қор ёққани ва йўлларнинг музлагани оқибатида пайдо бўлди. 27 декабрь куни кечга яқин Қамчиқ довонидаги йўллар қордан тозаланиб, икки томонлама ҳаракатланиш қайта йўлга қўйилди.

Йўлларни тозалаш пайтида ҳаракат вақтинчалик чеклангани муносабати билан ҳайдовчи ва йўловчилар учун кутиш ва исиниш масканлари ташкил этилди.

"1800 нафарга яқин киши 45та умумий овқатланиш масканларига жойлаштирилиб, иссиқ чой ва овқат билан таъминланди, улардан 29 нафар бола оналари билан «Она ва бола» хоналарига жойлаштирилди. 25 нафардан ортиқ ҳайдовчи ва йўловчиларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди, 44та автотранспорт воситалари қор уюмидан чиқариб олинди, улардан 6 та автотранспорт воситалари эвакуатор ёрдамида техник таъмирлаш масканларига етказилди. Ҳаракатдаги стационар ёқилғи қуйиш шохобчаси ташкил этилди", дейилади расмий маълумотда.

2019 йилдан енгил автомобилларни техник кўрикдан тадбиркорлик субъектлари ўтказади

2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш фақатгина тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматининг 22 декабрдаги қарорига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

2018 йил 1 январдан бошлаб эса, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг жисмоний шахсларнинг енгил автотранспорт воситаларини (юк, йўловчи ва махсус транспорт воситаларидан ташқари) мажбурий техник кўрикдан ўтказиш функцияси босқичма-босқич тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларга топширилади.

15 январга қадар техник кўрикдан ўтказганлик учун тўловлар миқдорлари қайта кўриб чиқилиши, бунда транспорт воситаси тоифаси ҳисобга олинган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар учун алоҳида дифференцияланган тўлов миқдорлари жорий этилиши лозим.

Ички ишлар вазирлиги доимий равишда тадбиркорларнинг техник кўрикдан ўтказиш борасидаги фаолиятини мониторинг қилиб, самарадорлигини таҳлил қилиб боради. 2018 йилда техник кўрикдан ўтказиш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши лозим.

11 ойда ички ишларнинг 201 ходими жиноий жавобгарликка тортилди

Жорий йилнинг 11 ойида ички ишлар тизимида хизмат интизомини бузганлиги учун 7,5 мингга яқин ходим интизомий жазога, жиноят содир этганлиги учун эса 201 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбирига берган интервьюсида билдирган.

“Биз бундай масъулиятсиз ходимларни аниқлаш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ва сафларимизни тозалаш бўйича манзилли чора-тадбирларни давом эттирамиз”, - деган ички ишлар вазири.

Улуғнорнинг селектор мажлисидан кейин ўлган ҳокими ўрнига янги ҳоким тайинланди

Улуғнор тумани ҳокими 57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтган эди.

Андижон вилоят, Улуғнор туман Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Дониёр Тўйчиевич Махсудов туманга ҳоким этиб тайинланди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрга кўра, 1976 йилда туғилган Дониёр Махсудов шу вақтгача Андижон вилоятининг Булоқбоши туманига ҳокимлик қилиб келаётганди. У янги лавозимда октябрь ойида вафот этган Асилбек Юсупов ўрнида иш бошлайди.

57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтган эди. Туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ 6 октябрь куни дафн қилинган Юсупов 3 октябрь куни пахта йиғим-теримига оид вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов​ ўтказган селектор мажлисида ҳоким томонидан тергалгани ортидан иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб, йиқилиб тушган.

Улуғнор туман Халқ депупутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.

ЎзА: Молия вазирлиги тизимидан 500 дан ортиқ ходим ишдан бўшатилган

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги танқиддан кейин Молия вазирлиги тизимида катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Собиқ Молия вазири ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи паноҳида бўлган ва ҳанузгача тизимда ишлаб келаётган, молия тизимининг номига доғ тушираётган “каламушлар”ни ҳайдаш юзасидан ҳудудий раҳбарларга қатъий топшириқлар берилган.

23 декабрь куни Тошкент шаҳар давлат молиявий назорати бошқармаси бошлиғи ҳамда унинг 3 нафар ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилди.

Шундан сўнг, Молия вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан жойлардаги молия идораларидан 273 нафар (23 нафари раҳбар ходимлар):

Ғазначилик идораларидан 65 нафар (12 нафари раҳбар ходим):

Пенсия жамғармасидан 100 нафар (1 нафари раҳбар ходим):

Давлат молиявий назорати бошқармалари ходимларидан 100 нафари (4 нафари раҳбар ходим) жами молия тизими бўйича 562 нафар давлат идораси номига доғ туширган ходимлар ўз лавозимидан озод этилди.

Молия вазирлиги тизимидаги вакант иш ўринларини инновацион ғоя ва фикрга эга, замонавий технологияларни яхши ўзлаштирган, иқтидорли ёшлар билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи ҳамда иқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртларига мурожаатлар юборилди.

Шавкат Мирзиёев Москвада Владимир Путин билан учрашди

Россия. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан Сочида урашган эди.2017, 11 октябрь.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 26 декабрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий учрашувида иштирок этди.

Бу ҳақда хабар қилган president.uz сайтига кўра, Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси Президентининг Ново-Огарёво қароргоҳида Владимир Путин кутиб олди.

Владимир Путин давлат раҳбарларини ташрифи билан қутлаб, Россиянинг МДҲга раислиги якунлари ҳақида тўхталиб ўтди. Жорий йил ўзаро интеграцияни мустаҳкамлаш ва ташкилот нуфузини ошириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини таъкидлади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик аъзо давлатларни узвий боғлаб туриши, ушбу учрашув алоқаларга янги суръат бағишлашини қайд этди.

Учрашувда Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақага таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Бош прокуратура Сайхунобод ҳокими бўйича хулоса эълон қилиши кутилмоқда

Сайхунобод тумани прокуратураси мулозими 5 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Носиржон Эгамбердиев устидан даъвочи йўқлиги сабаб унга нисбатан жиноий иш очилмаганини айтган эди.

Сирдарё вилоят прокуратураси Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг ҳаракатларини ўрганиб, унинг натижаларини республика прокуратурасига тақдим қилган. Якуний хулосани республика Бош прокуратураси бериши керак.

Бу ҳақда kun.uz сайти мухбирига 19 декабрь куни Сирдарё вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Шерзод Ортиқбоев билан билдирган.

Сайтнинг бугун хабар қилишича, унинг Бош прокуратура Сайхунобод ҳокими юзасидан сўровини 1 ҳафтадан буён жавобсиз қолдириб келмоқда. Сайтнинг ёзишича, Бош прокуратура ўз жавобини Telegram канали орқали билдиришни ваъда қилган.

Сайхунобод тумани прокуратураси мулозими 5 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Носиржон Эгамбердиев устидан даъвочи йўқлиги сабаб унга нисбатан жиноий иш очилмаганини айтган эди.

Озодлик Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиев жорий йил августида мактаб директорларини Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб бормагани учун калтаклаётгани акс этган видеони эълон қилган эди.

Президент танқиди ортидан Молия вазирлигида 24 раҳбар ишдан олинди

Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров 22 декабрь кунги парламент йиғинида президент танбеҳига қулоқ солмоқда.

ЎзА президент Мирзиёев танқидидан сўнг Молия вазирлигидан ёппасига 50 киши ишдан бўшатилгани тўғрисидаги хабарларга ойдинлик киритди.

Хабарда айтилишича, вазирликнинг марказий аппаратидан 50 киши эмас, 24 киши ишдан бўшатилган.

Дастлаб 2 нафар бош бошқарма бошлиғи, 2 нафар бош бошқарма бошлиғи ўринбосари, 4 нафар бошқарма бошлиғи, 1 нафар бошқарма бошлиғи ўринбосари, 3 нафар бўлим бошлиғи ҳамда 4 нафар ходим, жами 16 киши лавозимидан озод этилган. Кейинроқ яна 8 киши бўшатилган.

“Жумладан, Ғазначилик бошлиғи ўринбосари — Амалиёт бошқармаси бошлиғи Ф.Нурмуҳамедов, Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошлиғи Ш.Хайдаров, Саноатнинг базавий тармоқлари ва ёқилғи-энергетика мажмуи молияси бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи А. Абдуллаев, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари М.Агзамов, Солиқ ва божхона-тарифи сиёсати бошқармасининг бошлиғи И. Голишева, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси Ташкилий-услубий ишлар бўлими бошлиғи Б.Жумаевлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди”, деб ёзди ЎзА.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрда Олий Мажлисга қилган мурожаатида Молия вазирлигидаги салбий ҳолатларни кескин танқид қилган эди.

Озодлик радиоси 25 декабрда президент танқиди ортидан Молия вазирлигида тозалаш бошлангани тўғрисида хабар берганди.

Тошкент аэропортида бир ойда 4 исроиллик ўқ - дори билан қўлга олинди

Тошкент аэропортида 25 декабрь куни бир ойда тўртинчи марта ёнидан ўқ-дори топилган Исроил ватандоши қўлга олинди. Бу ҳақда Исроилнинг “9-канал”ига таянган ҳолда Фарғона ру нашри 26 декабрда хабар берди.

Қўлга олинган исроилликнинг исми маълум қилинмади. Хабарда айтилишича, бу шахс Ўзбекистонга ўқлар жойлаштирилган обоймани олиб киришга ҳаракат қилган. Исроил элчихонаси расмийси қўлга олинган шахс билан учрашиб, унинг озод қилиниши масаласини расмийлар билан муҳокама қилмоқда.

Телеканалнинг билдиришича, 13 декабрда Тошкент аэропортида отаси ва икки акаси билан Ўзбекистон орқали Таиландга учаётган Исроил армиясининг 19 ёшли хизматчиси Нагораи Мадар қўлга олинган эди.

Унинг жомадонидан гильза топилган. Бунинг оқибатида у баллистик экспертиза якунлангунига қадар 6 кун Тошкент аэропортида яшашга мажбур бўлган.

Исроил журналистлари бир ой мобайнида Тошкентда 4 нафар исроилликнинг ўқ-дори билан қўлга олинишини “ғалати ҳолат”, деб баҳолаганлар.

Журналистлар ёшлар ўртасида Тошкентга ўқ-дори билан учиб, у ерда ўткир кечинмаларни бошдан кечиришга асосланган ”экстремаль спорт” тури пайдо бўлган бўлиши эҳтимол, деган фикрни ҳам билдирганлар.

Тошкентда Россия ИИВ ваколатхонаси ташкил этилди

Россия полицияси аввалги йилларда меҳнат муҳожирларига кўплаб "ов"ларни уюштирган эди.

Тошкентда Россия Ички ишлар вазирлигининг ваколатхонаси очилди. Бу ҳақда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдиновга таянган ҳолда Sputnik нашри 26 декабрда хабар берди.

Мазкур ваколатхона Ўзбекистон ҳукумати билан миграция соҳасида, Россияга кўчиб ўтиш дастурини амалга оширишда ва қўшма меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳамкорликни йўлга қўйиши кутилмоқда.

2017 йилнинг апрелида Ўзбекистон Россия билан миграция соҳаси бўйича ўзаро ваколатли бўлган органларни таъсис этишга келишиб олган эди.

Мазкур келишувга мувофиқТошкентда Россия Ички ишлар вазирлиги ваколатхонаси ташкил этилиши лозим бўлган. Москвада эса Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ваколатхонасидан ташқари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ваколатхонаси ҳам ташкил этилади.

Миграция соҳасида ҳамкорлик қилувчи ваколатхоналарни ўзаро ташкил этиш масаласини Тошкент ва Москва биринчи марта 2007 йилда муҳокама қилган эди.

Вилоятлар ўртасидаги постларнинг 66таси ёпилади

Президент танқидидан сўнг Андижонга Олтинкўл туманидан киришдаги 36-йўл патрул пости олиб ташланди.

Ўзбекистон вилоятлари ўртасидаги йўл-патруль хизмати масканлари ҳамда патруль-пост хизматининг ярми олиб ташланади.Бу ҳақда ЎзА ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга таянган ҳолда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, вилоятлар ўртасида мавжуд бўлган 133 та стационар маскандан 66 таси тугатилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрда мазкур постлар мавжудлигини танқид қилиб, улар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва савдо муносабатларига, ички ва ташқи туризмга салбий таъсир кўрсатаётганини билдирган эди.

Озодлик радиоси 25 декабрда президент танқидидан сўнг бир қатор вилоятларнинг ички йўлларидаги айрим постлар қисқартирилгани, аммо вилоятлар ўртасидаги постлар ҳануз сақланиб турилгани ҳақида хабар берган эди.

Андижоннинг сўконғич ҳокими 5 миллион сўмлик жаримага тортилди

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати 26 декабрь куни Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев устидан ўтказилган маҳкама қарорини эълон қилди.

" Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев жорий йилнинг 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ҳолати юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан текшириш ўтказилди.

Текшириш давомида вилоят прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши томонидан Д.Раҳматуллаевни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Текшириш натижасига кўра, Д.Раҳматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Суднинг қарори билан Д.Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган¸" дейилади прокуратура хабарида.

Ўзбекистонда белгиланган энг кам иш ҳақининг 30 баравари 5 миллион 167 200 сўмга тенгдир.

Айни пайтда¸ Андижон шаҳар ҳокимининг лавозимидан озод этилгани ҳақида маълумот йўқ.

Андижон ҳокими пахтага сафарбарлик масаласида ўтказилган мажлисда таълим ва маҳалла мутасаддиларини қаттиқ ҳақорат қилгани ëзилган аудиоëзув биринчи марта Озодлик томонидан жамоатчиликка эълон қилинган эди.

Таниқли рассом Слава Охуновга 6 йиллик тақиқдан сўнг чиқиш визаси берилди

Вячеслав Охунов рафиқаси билан.

Халқаро арт анжуманларига тез-тез таклиф қилинадиган ўзбек рассоми Вячеслав Охуновга олти йиллик сурункали раддиялардан сўнг хорижга чиқишга изн берувчи виза берилди.

Бу ҳақда Озодликка рассомнинг ўзи хабар қилди.

Ўтган йиллар давомида ўз ҳаракатланиш эркинлиги бузилгани устидан рассом Ўзбекистон республикаси ИИВ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимини (ОВИР) бир неча инстанция судга берган эди. Т

Рассомга чиқиш визаси берилмаётганини турли баҳоналар билан изоҳлаб келган ОВИР мулозимлари Вячеслав Охуновнинг мамлакатдан ташқарига чиқарилиши тақиқланган “қора рўйхатга” тиркалганини маълум қилиб қўлига қоғоз беришган.

Рассом икки йилдан бери чиқиш визаси ололмаётгани сабаби ўзининг диссидентлик қарашлари билан боғлиқ эканига шубҳа қилмаслигини айтади.

2018 йилда "Ўзбекнефтгаз" газ қазиб олишни қарийб 17 фоизга оширмоқчи

"Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти 2018 йили табиий газ қазиб олишни 66 миллиард куб метрга етказмоқчи. Бу эса¸ жамият матбуот хизматига кўра¸ 2017 йилги кўрсаткичга нисбатан қарийб 16¸8 фоизга кўпдир.

Ўзбекистондаги 200 дан ошиқ нефть ва газ ширкатини ўз ичига олган миллий оператор¸ расмий рақамларга кўра¸ 2017 йилда 56¸5 миллиард куб метр табиий газ қазиб олган.

2018 йилда газ ҳажмини ошириш¸ расмий изоҳга кўра¸ бу соҳага хориж сармоясини жалб қилиш эвазига қилинади.

Ўзбекистондаги йирик конларидаги геологик разведка ва қазиш ишлари ҳозирга қадар узоқ йиллик шартномаларга мувофиқ Россиянинг Газпром ва Лукойл ¸ шунингдек Хитойнинг давлатга қарашли CNPC ширкатига топширилган.

22 декабрь куни парламент олдида қилган мурожаатида президент Мирзиëев¸ бундай келишувлардан айримларини тилга олиб¸ уни халққа тегишли бойликни халқ манфаатига зид равишда чет элликларга сотиш намунаси сифатида танқид қилди.

Ўзбекистоннинг табиий газга нисбатан ички эҳтиëжи 50 миллиард куб метрни ташкил этгани ҳолда¸ мамлакат олинаëтган йиллик 56¸5 миллиард куб метр газнинг 10 миллиардини Хитойга¸ 6 миллиардини эса¸ Газпромга экспорт қилмоқда.

Ўзбекистонликларга улар эҳтиëжидан қарийб икки баравар кам - 30 миллиард куб метр газ қолаëтгани боис¸ мамлакат аҳолиси ва бизнеси йиллардан бери газ тақчиллигидан¸ айниқса¸ қиш мавсумида азият чекиб келмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG