Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 19:15

Ўзбекистон

Термизда Афғонистон консулхонаси очилади

Афғонистон президенти ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиëев билан.

Бу ҳақда Ўзбекистонга сафар қилаëтган Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ўтказилган қўшма матбуот брифингида Шавкат Мирзиëев баëнот берди.

Ўзбекистон ва Афғонистон президентларининг 5 декабрь кунги музокаралари ниҳоясида Шавкат Мирзиëев ва Ашраф Ғани Қўшма баёнот имзолади¸ деб хабар тарқатди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Расмий хабарга кўра¸ икки давлат делегациясилари сўзлашувлари якунида ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланган.

“Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир”¸ дейилади матбуот баëнотида.

Шунингдек, Афғонистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзолангани айтилмоқда.

Тожикистон билан чегара музокаралари қайта жонлантирилади

Бекободдаги ўзбек-тожик чегара пункти.

Тожикистон ва Ўзбекистон чегара масалалари бўйича беш йил олдин тўхтатиб қўйилган музокараларни қайта жонлантиради. Бу ҳақда Тожикистон телеграф агентлигига таянган ҳолда Kun.uz 4 декбарда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Тожикистонда Ўзбекистон билан чегара масалаларини ҳал этиш бўйича янги ҳукумат комиссияси ташкил этилган. Комиссияга бош вазир Коҳир Расулзоданинг шахсан ўзи раҳбарлик қилиши айтилмоқда.

Тожикистон эълон қилган расмий маълумотларда айтилишича, икки давлат ўртасидаги чегара 1332 километрни ташкил этади. Мазкур чегара чизиғининг тахминан 1240 километри аниқлаб бўлинган ва ратификация қилинган.

Чегаранинг 93 километри эса Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида баҳсли бўлиб қолмоқда.

Хорижлик сайёҳларга виза муддати узайтирилди ва виза нархи арзонлатилди

Самарқанд шаҳри ўзбекистонга келган сайёҳлар борадиган асосий манзиллардан бири.

Ўзбекистонга келаётган сайёҳларга бундан буён бир ойлик виза берилади, шунингдек, виза нархи 20 долларга арзонлатилди. Бу борадаги қарони президент Мирзиёев 4 декабрь куни имзолади.

Авваллари хорижлик сайёҳларга 7 ва 15 кунлик визалар берилар эди. Виза нархи эса 60 долларни ташкил этган. Қарорга асосан виза учун янги нарх 40 доллар қилиб белгиланди.

Қарорда, шунингдек, гуруҳ бўлиб саёҳатга келувчилар учун минимал кўрсаткич 5 киши қилиб белигланди. Бундан аввал гуруҳ бўлиб келувчи сайёҳлар сони 10 кишидан кам бўлмаслиги лозим эди.

Қарор Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш бўйича белгилаб берилган биринчи галдаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

Таймазовни чемпионликдан маҳрум этган қарор ўз кучида қолди

Олимпиада ўйинларининг олтин медаллари соҳиби Артур Таймазов, Лондон ш., 2012 йил 11 август.

Спорт арбитраж суди ўзбекистонлик курашчи Артур Таймазовнинг Халқаро олимпия қўмитасига нисбатан киритган апелляция аризасини кўриб чиқишни рад этди.

Спорт арбитраж суди расмий сайтида маълум қилинишича, Халқаро олимпия қўмитаси Таймазовнинг 2008 йилдаги Олимпия ўйинларида қўлга киритган олтин медалдан маҳрум қилган эди. Курашчи қўмитанинг мазкур қарори устидан апрель ойида шикоят киритган.

Халқаро олимпия қўмитаси Таймазовнинг допинг пробаси қайта текширилганда тақиқланган туринабол моддаси топилганини билдирган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда қўмита Таймазовнинг олтин медални бекор қилиш тўғриси да 2017 йилнинг 31 мартида қарор қабул қилган.

120 кило вазн тоифасида Артур Таймазов Бейжинда ўтган 2008 йилги Олимпиадада россиялик курашчи Бахтиёр Аҳмедов устидан ғалаба қозонган эди. Спорт арбитраж суди қароридан сўнг энди олтин медал Аҳмедовга олиб берилади.

Таймазов эркин кураш бўйича 120 килограммгача оғирликда 2004 йилда Афинада, 2008 йилда Пекинда, 2012 йилда Лондонда ўтказилган Олимпиадаларда учта олтин медални, 2000 йилда Сиднейда ўтказилган Олимпиадада битта кумуш медални қўлга киритган.

Ўзбекистонда миграция марказлари тузилади

Ўзбекистон бўйлаб барча вилоятларда миграция марказлари ташкил қилинади. Norma.uz ёзишича, бу марказлар Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи миграция масалалари агентлигида янги тузиладиган фонд томонидан ташкил қилинади. Ушбу фонд меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий, ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланиши режаланган.

Марказлар меҳнат муҳожирларини хорижда ишга жойлаштириш ва уларни қайтишига кўмаклашиш, хорижда мушкул вазиятга тушганларни қўллаб-қувватлаш билан лозим.

Айни кўринишдаги марказлардан бири жорий йил ноябрь ойи бошида Самарқандда очилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, марказда Россияга ишлашга кетмоқчи бўлганлар дастлаб махсус суҳбатдан ўтади. Кейин эса тиббий кўрикдан ўтиб, рус тили бўйича тест топширишлари лозим бўлади.

Тошкентда Марказий Осиёда ягона ишбилармонлик авиацияси ташкил этишмоқчи

Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан Тошкентда ишбилармонлик авиацияси ташкил этилади. Президент матбуот хизматига кўра, янги авиация Марказий Осиё минтақасидаги биринчи ва ягона тизим бўлади.

Лойиҳага кўра, ишбилармонлик авиацияси якка тартибдаги ҳамда корпоратив парвозлар, шунингдек, улар билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш, авиация техникасига ёрдам бериш, уларни эксплуатация қилиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Янги лойиҳа хорижлик инвесторлар қатори маҳаллий тадбиркорларга ҳам маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб бериш, ўзаро бизнес-шериклар топиш учун хизмат кўрсатиши айтилаяпти.

Ҳозирча лойиҳа Тошкентнинг қайси аэропорти орқали амалга ошиши ва лойиҳа учун қанча маблағ ажратилиши очиқланмади.

Йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима оширилди

Ўзбекистонда 1 декабрдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори 15 фоизга қимматлади.

Эндиликда хавфсизлик камарини тақмаганлик учун жарима - 34 минг сўм, аптечка бўлмаса - 86 120 сўм, давлат рақамисиз юриш – 861 200 сўм, тезликни ошириш 861 минг сўмгача, светофорнинг қизил чироғида ўтиш — 344 минг сўм этиб белгиланди.

Шунингдек, машина ойналарини қорайтириш – 172 240, телефонда гаплашиш - 344 480 сўм, автомобилни маст ҳолатда бошқариш учун– 2 583 600 сўмлик жарима белгиланди.

Бош прокурор қабулига киролмаётганларни тинчлантириш учун ОМОН чақиртирилгани хабар қилинди

Ўзбекистон прокуратураси эмблемаси.

Ўзбекистон Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев билан учрашишга келган одамлар ОМОН воситасида тинчлантирилди. Бу ҳақда Бибиси радиоси воқеа гувоҳларига таянган ҳолда хабар берди.

Маълумотда айтилишича, 1 декабрь куни 50 нафарга яқин одам прокуратура биноси олдига йиғилиб, Бош прокурор қабул қилишини талаб этган. Воқеа гувоҳлари уларни тинчлантириш учун ОМОН формасидаги 2 киши ва 4 милиция ходими келганини, улар йиғилганларни милицияга олиб кетиш билан таҳдид қилганларини айтганлар.

“...Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев ҳар ойнинг биринчи жумасида фуқароларни қабул қилиши маълум қилинган. Бироқ шикоят билан келаётган фуқароларнинг айримлари қарийб уч ойдан бери Бош прокурор билан учрашолмаяпти”, деб ёзди Бибиси.

Хабарда айтилишича, қабулга келганлар орасида яқинлари қийноққа солинганлар ҳам бўлган.

“Август ойида сайёр қабул ташкил қилган Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев тергов давомида қийноқлар қўлланилгани бўйича ҳолатни кўриб чиқишга сўз берган. Бироқ қийноққа тутилганлар яқинларининг айтишича, бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти”, дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрда қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишни тақиқловчи фармонни имзолаган эди.

Мазкур фармонда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан белгиланган тартибда тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шарт қилиб белгиланган.

Афғонистон президенти Бухорони зиёрат қилади

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 4 декабрь куни расмий ташриф билан Тошкентга келади. Мазкур ташриф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг қўшма баёноти қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан-таълим ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, тижорат шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Афғонистон президенти ташриф доирасида Бухоро шаҳрини зиёрат қилади. Ашраф Ғани Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади ва маъруза қилади.

Қорилар мусобақасида бундан буён Қуръон ўқишни билган ҳар бир одам қатнаша олади

Ўзбекистонда XVIII қорилар мусобақаси мамлакатнинг ҳар бир туман, шаҳар ва вилоятларида ўтказилади. Бу ҳақда муфтий Усмонхон Алимов махсус қарорни имзолагани тўғрисида Azon.uz нашри хабар берди.

Қорилар мусобақасининг туман ва вилоят босқичлари 2018 йил 20 мартга қадар ўтказилиши белгиланган.

Қарорда таъкидланишича, мусобақада Қуръони карим қироати бўйича иқтидори бўлган барча шахслар қатнаша оладилар.

Бундан ташқари қорилар мусобақаси диний идора тасарруфидаги 9 та мадраса, Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси талабалари, имом-хатиблар, имом-ноиблар ўртасида ҳам ўтказилади.

Бухородан Қорақалпоғистонга юк ташиладиган темир йўли очилди

Мискин темир йўл станцияси

Ўтган йилнинг декабрь ойида қурилиши бошланган Бухоро – Мискин темир йўли расман фойдаланишга топширилди.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, янги темир йўлнинг очилиш маросими 1 декабрь куни Қорақалпоғистонда жойлашган Мискин масканида бўлиб ўтган.

Узунлиги 355 километр бўлган бу темир йўли Бухоро вилоятининг Бухоро туманини Қорақалпоғистоннинг Мискин масканини бир-бирига боғлайди ва бу йўлдан асосан, юк ташийдиган вагонлар қатнаши айтилмоқда.

Тез орада электрлаштирилиши айтилаётган мазкур темир йўли шу ҳудуддаги "қазилма бойликларини ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш ва шу билан бирга янги ишлаб чиқариш корхоналарини очишга хизмат қилади".

Расмий хабарда айтилишича, бу янги линия шу пайтга қадар Тошкентдан Урганчга қатнайдиган поездларнинг Навоий – Учқудуқ – Мискин оралиғидаги 1 минг 64 километрлик йўлини қарийб 100 километрга қисқартиради.

Президент Мирзиёев Ўзбекистонда бизнес авиацияси ташкил қилинишини билдирди

2 декабрь куни Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига борган ва бу ерда қуриладиган янги аэропорт лойиҳаси билан танишган президент Мирзиёев Ўзбекистонда бизнес-авиациясини ташкил қилишини билдирди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, бу "якка тартибдаги ва корпоратив парвозлар, шунингдек, улар билан боғлиқ хизматларни кўрсатишга ихтисослашган" авиация бўлади.

Расмий хабарда айтилишича, бу тузилма ўзбекистонлик ва хорижлик ишбилармонларга хизмат кўрсатади ва уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб беради.

Шунингдек, Тошкентда қурилаётган янги аэропорт лойиҳаси билан танишув жараёнида президент бу аэропортда чет эллардан келадиган делегацияларга замонавий халқаро стандартлар асосида хизматни йўлга қўйиш зарурлигини урғулаган.

Президентининг 2017 йил 25 январдаги қарорига ассосан, Тошкент халқаро аэропортида халқаро парвозларга мўлжалланган яна битта терминални қуриш режаланган.

Ҳозиргача бу терминал лойиҳаси тайёролангани, бу лойиҳа Жанубий Корея ёрдами билан молиялаштирилиши айтилди. Расмий хабарда айтилишича, янги терминалда соатига 1 минг 500 йўловчига хизмат кўрсатилади.

Сирдарё футбол клубида ўйинчининг ёшини кичрайтириш ҳолати аниқланди

FIFA, 2012-йил

Ўзбекистон Футбол Федерацияси (ЎФФ) 23-29 ноябрь кунлари Бухорода бўлган 2000-йилда туғилган ўсмирлар футбол жамоалари ўртасидаги республика чемпионатида ёши кичрайтирилган ўйинчилар бўлганини аниқлади.

2 декабрь куни Федерация расмий сайтида берилишича, жами 12та жамоа орасида бўлган Сирдарё вилояти термасида "ёши кичрайтирилган ва қайдномадан ўтмаган футболчи" бўлгани аниқланган.

Натижада, вилоят терма жамоасининг натижалари бекор қилинган ва мусобақадан четлаштирилган.

Бу натижадан сўнг ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов чиқарган буйруқда эса жамоага масъул бўлган икки киши - "Жаҳонгир Муродқосимов ва Аҳрор Миразимовларни футболдан бутунлай четлаштириш, лицензия, сертификатларини бир умрга бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тақдимнома киритилиши айтиб ўтилган"и хабар қилинди.

Хабарда айтилишича, буйруқ нусхаси федерациянинг ҳудудий бўлимларига ҳам етказилган ва бундай ҳолатга йўл қўядиганларга кескин чора кўрилишидан огоҳлантирилган.

Воронежда боласини пуллашга уринаётган ўзбекистонлик она ушланди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Воронеж шаҳар прокуратураси янги туғилган боласини сотишга уринишда айбланган икки ўзбекистонлик ушланганини маълум қилди.

Прокуратура расмий сайтида 1 декабрь куни берилган хабарда айтилишича, 2017 йилнинг сентябрь ойида боласини туққан ва расман рўйхатдан ўтказмаган 39 яшар ўзбекистонлик аёл 29 яшар ўзбекистонлик эркак билан болани 30 минг рублга сотган кезда қўлга олинган.

Улардан болани сотиб олган шахс эса шошилинч-тергов гуруҳининг вакили бўлган.

Икковлонга Россия ЖКнинг 127-моддаси асосида одам савдоси билан боғлиқ айблов эълон қилинди. Бу жиноят учун Россияда 10 йилга қадар қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Ўзбекистон президенти янги матбуот котибини тайинлади

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби этиб Комил Алламжонов тайинланган.

Ўзбек расмий матбуотига кўра, президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги фармонни 1 декабрда имзолаган.

Шу йилнинг август ойида президент Мирзиёев матбуот хизмати раҳбари Асаджон Хўжаевни лавозимидан озод қилганидан сўнг ушби лавозим бўш бўлиб қолаётганди.

Асаджон Хўжаев Ўзбекистон Миллий телерадикомпания раиси Бобир Алиханов билан бир кунда ишдан олинганди.

33 ёшли Алламжонов узоқ йил Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби лавозимида ишлаган.

Матбуот котиблигига келишидан олдин президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлган.

Ўзбекистонда президентнинг матбуот котиблиги рамзий лавозим айланган.

Матбуот котибларнинг матбуот учун баёнот бериши ёки журналистлар учун брифинглар ўтказиши деярли кузатилмаган.

Сўнгги йилларда бу лавозимда матбуотдан йироқ одамлар ишлаган.

Ўзбекистоннинг янги элчиси Доналд Трампга ишонч ёрлиғини топширди

Ўзбекистоннинг АҚШга тайинланган янги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трампга ишонч ёрлиғини топширди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” агентлиги хабар қилди.

Ваҳобов элчи этиб тайинлангунга қабар Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг муовини бўлиб ишлаган.

Ваҳобов Ўзбекистонда Мирзиёев президент бўлганидан буён АҚШга элчи этиб тайинланган ва президент Трампга ишонч ёрлиғини топширган илк ўзбек дипломатидир.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги аввалги элчиси Бахтиёр Ғуломов апрел ойида элчилик лавозимидан кетган эди.

Ўзбекистонда Ҳажга борувчиларга талаблар кучайтирилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 1 декабр куни эълон қилган Ҳаж ҳақидаги фатвосида “талабгорлар Ҳаждан қайтиб келгунича оиласини таъминлашга қолдирадиган нафақадан ташқари Ҳажга бориб келишига етадиган маблағга қодир бўлиши” айтилган.

Бундан ташқари фатвода талабгор маҳаллада юриш-туриш ва муомалада ўзгаларга ибрат ҳамда намуна кўрсатган бўлиши лозимлиги айтилган.

Мусулмонлар идораси фатвосида айтилишича, ўтган йиллар давомида Ҳажга борган айрим ўзбекистонликлар моддий имконияти ёки соғлиги яхши бўлмаса ҳам узоқ сафарга отланганликлари аниқланган.

"Уларнинг ўғил-қизлари гўёки ўз фарзандлик бурчларини бажариш ёки эл-юрт орасида сохта обрў топиш мақсадида ота-оналарини ҳаж сафарига жўнатганлари аниқланган", - дейилади фатвода.

Ўзбекистонда Ҳажга бориш учун одамлар йиллаб навбат кутишади.

30 миллиондан ортиқроқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон йилига 7 ярим минг одамни Ҳажга жўнатади.

Андрей Филатов йирик газ конини ўзлаштириш лойиҳасининг 50 фоиз акциясини сотиб олди

Россиялик миллиардер Андрей Филатов.

Россиялик миллиардер Андрей Филатовнинг Brighttree Holding LTD ширкати “Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги” газ конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида Баxтиёр Фозиловга қарашли Altmax Holding Ltd ширкатидан 50 фоиз акцияларни сотиб олди.

Podrobno.uz нашрининг Москвадаги “Коммерсантъ” газетасига таяниб хабар беришича, Филатовнинг мазкур газ конини ўзлаштириш лойиҳасига ётқизадиган сармояси умумий қийматнинг 37,5 фоизини ташкил қилади.

Андрей Филатов Globaltrans ва “Трансойл” темир йўл операторлари ва Global Ports контейнерлар терминали операторининг катта миқдордаги улушларига эга.

2013 йилда у нефтни қайта ишлаш, инфраструктура ва инновацион бизнесга сармоя ётқизиш билан шуғулланадиган “Тулома” ширкатига асос солган.

“Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги” газ кони заҳираси 100 миллиард кубометрга яқинни ташкил қилади. Мазкур конни ўзлаштириш лойиҳасининг умумий қиймати 5 миллиард доллар экани айтилмоқда.

Сўнгги 5 йилда 7 одам, шу йилнинг 10 ойида 191 одам судлар томонидан оқланди

Ўзбекистон судлари жорий йилнинг 10 ойи мобайнида ўтган 5 йилга нисбатан 27 маротаба купроқ оқлов ҳукмларини чиқарди. Бу ҳақда президент Мирзиёевнинг 30 ноябрда имзоланган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган фармонида маълум қилинди.

Фармонда таъкидланишича, сўнгги 5 йилда судлар 7 шахсни оқлаган бўлса, жорий йил йил бошидан бери 191 шахс судда оқланган. Бундан ташқари 10 ой ичида реабилитация ва бошқа асосларга кўра 3511та жиноят иши тўхтатилган.

Ҳужжатга асосан, бундан буён қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланади.

Шунингдек, фармонда жиноят иши бўйича фактларни сохталаштириш ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатмаларни беришга мажбурлаш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгилашга кўрсатма берилган.

Ўзбекистон ОПЕКнинг нефть ишлаб чиқаришни қисқартириш бўйича йиғилишида иштирок этади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон нефть ишлаб чиқарувчи давлатларнинг ОПЕК ташкилоти йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда 30 ноябрь куни ТАСС ўз манбьаларига таянган ҳолда хабар берди.

Австрия пойтахти Венада 30 ноябрда бошланган ОПЕК йиғилишида нефть ишлаб чиқаришни қисқартириш шартномасига қўшиладиган давлатлар сонини кўпайтириш имкониятлари муҳокама қилинади. Ўзбекистон мазкур шартномага қўшилган эмас ва ОПЕК аъзоси ҳисобланмайди.

Хабарда айтилишича, йиғинга Ўзбекистондан ташқари ОПЕКка аъзо бўлмаган яна 9 давлат, жумладан, Туркманистон ва Миср ҳам қатнашади.

Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати бу хабарни тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ.

ТАСС манбаларига кўра, мазкур йиғинда иштирок этиш Ўзбекистон нефть ишлаб чиқаришни қисқартириш шартномасига автоматик тарзда қўшилишини англатмайди.

Ўтган йилнинг 30 ноябрида ўтган ОПЕК йиғилишида 2017 йилда нефть қазиб олишни кунига 1 миллион 200 минг баррелга қисқартириш шартомасига эришилган эди. Бу шартномага 11 давлат, жумладан, Россия қўшилган.

Ижтимоий фикр: Президентга аҳолининг 93,1 фоизи ишонади

Президент Шавкат Мирзиёев.

"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон аҳолисининг 93,1 фоизи президент Шавкат Мирзиёевга ишонч билдиришини иддао қилди.

Sputnik нашрининг хабар беришича, юқоридаги рақам "Ижтимоий фикр" Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 1100 киши ўртасида олиб борган сўров натижасида аниқланган.

Сўровда иштирок этганларнинг 49,1 фоизи эркаклар, 50,9 фоизи аёллар, шаҳарда яшовчилар 51 фоиз, қишлоқда яшовчилар 49 фоиз. Сўровда 18 ёшдан бошлаб турли ёшдаги одамлар иштирок этган.

“Шу йилнинг июль ойида ўтказилган ана шундай сўровда Мирзиёевга иштирокчиларнинг 92,4 фоизи ишонч билдирганди”, деб ёзди Sputnik нашри.

Президент "жиноят процессида қийноқларга йўл қўйилмаслиги"га оид фармон имзолади

Президент Шавкат Мирзиëев 30 ноябрь куни “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган янги фармонга қўл қўйди.

Бу фармон¸ унда ëзилишича¸ "ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили, аҳоли билан очиқ мулоқот натижаларини умумлаштириш қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлигидан" келиб чиқиб ҳозирланган.

Ижроси устидан назорат қилиш мамлакат Бош прокурорига топширилган янги фармонда «жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги” таъкидланган.

ТАСС: Ўзбекистон Россиядан 12 та ҳужумчи вертолëт сотиб олади!

МИ-35 русумидаги Россия ҳужумчи вертолëти.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва "Рособоронэкспорт" Ми-35 русумидаги 12 дона ҳужумчи вертолëт савдосига оид келишув имзолади.

Бу ҳақда Россиянинг давлатга қарашли ТАСС агентлиги ўз дипломатик манбасига таяниб хабар қилди.

"Бу ҳақдаги келишув имзоланди. Жанговар машиналарни Ўзбекистонга етказиш 2018 йилдан бошланади. Бу келишув ва уни ижро қилиш шартлари бўйича узоқ давом этган музокаралар Россия ҳукумати раҳбари Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга яқинда қилган сафари давомида ниҳоясига етди”¸ деб иқтибос келтиради ўз дипломатик манбасидан ТАСС.

30 ноябрь кунги хабарда қайд этилишича¸ айни кунларда "Рособоронэкспорт" делегацияси Тошкентда Мудофаа вазирлиги ва республика мудофаа саноати қўмитаси раҳбарлари билан сўзлашувлар олиб бормоқда.

Айтилишича¸ ўзбек томони таклифига мувофиқ келган Россия ҳарбий мутахассислари делегацияси¸ ўтган йил ноябрь ойида имзоланилган ўзаро ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга оид шартнома ижросига бағишланган амалий тадбирлар ўтказмоқда.

Президент Бош вазирнинг беш ўринбосарини бир кунда ўзгартирди

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг саккизта ўринбосари бор.

29 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги эълон қилган хабарга кўра¸ 28 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиëев алоҳида фармонлар билан мамлакат бош вазирининг беш ўринбосарини ўзгартирган.

Бу фармонларга мувофиқ:

Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Акмалов Қахрамон Валиевич Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплексининг раҳбари;

«Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси бўлиб ишлаган Отажонов Нодир Собирович Ташқи савдо фаолияти, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари;

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб келган Мирзаев Зойир Тоирович Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари;

Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари комплексининг раҳбари бўлиб ишлаган Қўчқоров Жамшид Анварович Молия вазири - Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари комплексининг раҳбари ва

Холмурадов Сухроб Рустамович - Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат ҳудудлари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплексининг раҳбари лавозимига тайинланди.

Айни фармонлар билан бу бешала мулозим шу пайтгача эгаллаб келган лавозимларидан озод этилган.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг саккизта ўринбосари бор.

Мирзиëев яна бир янги вазирлик ва жамғарма тузишга фармон берди

Президент Шавкат Мирзиëев.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида” деб номланган янги фармони 29 ноябрь куни расман эълон қилинди.

Фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасида Ўзбекистондаги жорий аҳвол танқид қилинган фармонда¸ “инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш соҳасида давлат бошқарувининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш” зарурати борлиги айтилади.

Шундан келиб чиқиб президент мамлакатда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги¸ ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этишни буюради.

Мазкур тузилмаларнинг асосий фаолият йўналиши давлат ва жамият қурилишига, иқтисодиёт тармоқларига, қишлоқ хўжалигига, ижтимоий ривожланишга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тизимига инновацияларни жорий этиш билан боғлиқ бўлади.

Кун.уз нашри хабарига кўра¸ янги вазирликка Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов раҳбар этиб тайинланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG