Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 10:08

Ўзбекистон

Мирзиёев 2700 маҳкумни афв қилди

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА агентлиги хабар берди.

Мамлакат тарихида илк бор президент томонидан бу қадар кўп одам бирданига афв қилинмоқда.

Каримов вафотидан кейин қабул қилинган илк амнистияга биноан жами қирқ мингга яқин одам афв қилинган.

Ўтган бир йил давомида 14 нафар журналист, сиёсий партиялар фаоллари ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Муҳаммад Бекжон, Аъзамжон Фармонов, Солижон Абдураҳмонов, Бобомурод Раззоқов, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Рустам Усмонов, Самандар Қўқонов, Эркин Мусаев, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Даврон Тожиев ва Муҳаммадали Қорабоев озод этилди.

Ҳюман Райтс воч инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида яна 12 нафар инсон ҳуқуқи фаоли ва журналистлар қолмоқда.

Чорвоқ замонавий курортга айлантирилади (ВИДЕО)

Тошкент вилоятидаги Чимён- Чорвоқ дам олиш зонасида 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа асосида эркин туристик зона ташкил қилинади.

Бу ҳақдаги махсус қарор президент Мирзиёев томонидан имзоланди.

Режага кўра, бу ерда янги замонавий меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар мажмуалари қурилади.

Фармонда ҳудудга қатновчи транспорт тизимини ҳам яхшилаш кўрсатилган.

Бир ой муддат ичида янги эркин туристик зона чегараларини аниқлаб олиш белгиланган.

Кейинги пайтда Чорвоқ оромгоҳидаги шароитлардан норозилик шикоятлари кўпаётган эди.

Чорвоқ қачон чинакам курортга айланади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:36 0:00

AzonFM онлайн радиоси иш бошлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда AzonFM онлайн радиоси 6 декабрдан бошлаб тест режимида фаолият бошлади. Бу ҳақда Azon.uz сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад маълум қилди.

Хабарда айтилишича, AzonFM эшиттиришлари “Қуръон тиловати, “Бир оят тафсири”, “Бир ҳадис шарҳи”, “Замонавий фиқҳий масалалар” ва “Умумий фиқҳ” ҳамда ақида, саволларга жавоблар, машҳур уламолар билан суҳбатлар”дан иборат бўлади.

Жорий йилнинг июль ойи охирларидан Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси исломий онлайн дарсларни ўтказа бошлагани ҳам хабар қилинган эди.

Ҳафтанинг ҳар душанба, сешанба ва чоршанба кунлари тафсир, ақида, фиқҳ, ҳадис шарҳи, тажвид ва араб тили фанларидан онлайн дарслар Youtube, Facebook ва Instagram саҳифалари орқали олиб борилмоқда.

“Ушбу дарсларни таниқли уламолар ва Тошкент ислом институтининг маҳоратли устозлари ўтказишади”, дейилади муфтият билдирувида.

Ўзбекистонда 2 миллионга яқин одам тўйиб овқатланмайди

Ўзбекистонда 2014-2016 йилларда 1 миллион 9 минг одам ёки умумий аҳолининг 6,3 фоизи тўйиб овқатланмаган. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ташкилоти эълон қилган ҳисоботда маълум қилинди.

Бу кўрсаткич аввалги йилларга қараганда анча оздир. 2010-2012 йилларда Ўзбекистон умумий аҳолисининг 7,9 фоизи, 2005-2007 йилларда эса 12,4 фоизи тўйиб овқатланмаслиги айтилган.

“2017 йилда Европа ва Марказий Осиё ҳудудларида овқатланиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги таҳлили” ҳисоботида Марказий Осиёда жами 5,6 миллион одам тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмаслиги таъкидланган.

Kun.uz нашрининг ҳисоботга таяниб билдиришича, Тожикистонда 2,6 миллион одам ёки аҳолининг 30 фоизи тўйиб овқатланмайди. Туркманистонда бу кўрсаткич 300 минг (аҳолининг 5,5 фоизи), Қирғизистонда 400 минг (аҳолининг 6,3 фоизи) одамни ташкил қилади.

Буюк ўзбек мутафаккирларининг Афғонистондаги мозорлари обод этилади

Ашраф Ғани ва Шавкат Мирзиёев журналистлар учун брифинг ўтказди.

Тошкент Кобул билан ҳамкорликда Афғонистонда дафн этилган буюк ўзбек мутафаккир олимлари мозорларини ободонлаштиради. Бу ҳақда Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан Тошкентда ўтган музокаралардан сўнг президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди

ЎзАнинг билдиришича, музокараларда 2018 йилда Афғонистонда Абу Райҳон Беруний илмий меросига бағишланган халқаро анжуман ўтказишга ҳам келишилган.

Расмий хабарга кўра¸ икки давлат делегациялари сўзлашувлари якунида ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланган.

Ашраф Ғани расмий ташриф билан Ўзбекистонга 4 декабрь куни келган эди. Унинг ташрифи 6 декбаргача давом этади. Сафар доирасида Ашраф Ғани Бухорони зиёрат қилиши ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон Афғонистонга 25 автобус ва 3 трактор совға қилди

Ашраф Ғани Тошкентда Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Ўзбекистон Афғонистонга самимий дўстлик ифодаси ўлароқ 25та Isuzu автобуси ҳамда 3 та New Holland тракторини совға қилди.

Президент расмий сайтининг билдиришича, бу ҳақда Афғонистон президенти Ашраф Ғани Тошкентдаги қишлоқ хўжалик техникаси заводига борган пайтда маълум қилинди. Унга бош вазир Абдулла Арипов ҳамроҳик қилган.

Ашраф Ғани расмий ташриф билан Ўзбекистонга 4 декабрь куни келган эди. Унинг ташрифи 6 декабргача давом этади.

Расмий хабарга кўра¸ икки давлат делегациясилари сўзлашувлари якунида ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланган.

“Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир”¸ дейилади матбуот баëнотида.

Шунингдек, Афғонистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзолангани айтилмоқда.

Термизда Афғонистон консулхонаси очилади

Афғонистон президенти ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиëев билан.

Бу ҳақда Ўзбекистонга сафар қилаëтган Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ўтказилган қўшма матбуот брифингида Шавкат Мирзиëев баëнот берди.

Ўзбекистон ва Афғонистон президентларининг 5 декабрь кунги музокаралари ниҳоясида Шавкат Мирзиëев ва Ашраф Ғани Қўшма баёнот имзолади¸ деб хабар тарқатди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Расмий хабарга кўра¸ икки давлат делегациясилари сўзлашувлари якунида ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланган.

“Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир”¸ дейилади матбуот баëнотида.

Шунингдек, Афғонистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзолангани айтилмоқда.

Тожикистон билан чегара музокаралари қайта жонлантирилади

Бекободдаги ўзбек-тожик чегара пункти.

Тожикистон ва Ўзбекистон чегара масалалари бўйича беш йил олдин тўхтатиб қўйилган музокараларни қайта жонлантиради. Бу ҳақда Тожикистон телеграф агентлигига таянган ҳолда Kun.uz 4 декбарда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Тожикистонда Ўзбекистон билан чегара масалаларини ҳал этиш бўйича янги ҳукумат комиссияси ташкил этилган. Комиссияга бош вазир Коҳир Расулзоданинг шахсан ўзи раҳбарлик қилиши айтилмоқда.

Тожикистон эълон қилган расмий маълумотларда айтилишича, икки давлат ўртасидаги чегара 1332 километрни ташкил этади. Мазкур чегара чизиғининг тахминан 1240 километри аниқлаб бўлинган ва ратификация қилинган.

Чегаранинг 93 километри эса Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида баҳсли бўлиб қолмоқда.

Хорижлик сайёҳларга виза муддати узайтирилди ва виза нархи арзонлатилди

Самарқанд шаҳри ўзбекистонга келган сайёҳлар борадиган асосий манзиллардан бири.

Ўзбекистонга келаётган сайёҳларга бундан буён бир ойлик виза берилади, шунингдек, виза нархи 20 долларга арзонлатилди. Бу борадаги қарони президент Мирзиёев 4 декабрь куни имзолади.

Авваллари хорижлик сайёҳларга 7 ва 15 кунлик визалар берилар эди. Виза нархи эса 60 долларни ташкил этган. Қарорга асосан виза учун янги нарх 40 доллар қилиб белгиланди.

Қарорда, шунингдек, гуруҳ бўлиб саёҳатга келувчилар учун минимал кўрсаткич 5 киши қилиб белигланди. Бундан аввал гуруҳ бўлиб келувчи сайёҳлар сони 10 кишидан кам бўлмаслиги лозим эди.

Қарор Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш бўйича белгилаб берилган биринчи галдаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

Таймазовни чемпионликдан маҳрум этган қарор ўз кучида қолди

Олимпиада ўйинларининг олтин медаллари соҳиби Артур Таймазов, Лондон ш., 2012 йил 11 август.

Спорт арбитраж суди ўзбекистонлик курашчи Артур Таймазовнинг Халқаро олимпия қўмитасига нисбатан киритган апелляция аризасини кўриб чиқишни рад этди.

Спорт арбитраж суди расмий сайтида маълум қилинишича, Халқаро олимпия қўмитаси Таймазовнинг 2008 йилдаги Олимпия ўйинларида қўлга киритган олтин медалдан маҳрум қилган эди. Курашчи қўмитанинг мазкур қарори устидан апрель ойида шикоят киритган.

Халқаро олимпия қўмитаси Таймазовнинг допинг пробаси қайта текширилганда тақиқланган туринабол моддаси топилганини билдирган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда қўмита Таймазовнинг олтин медални бекор қилиш тўғриси да 2017 йилнинг 31 мартида қарор қабул қилган.

120 кило вазн тоифасида Артур Таймазов Бейжинда ўтган 2008 йилги Олимпиадада россиялик курашчи Бахтиёр Аҳмедов устидан ғалаба қозонган эди. Спорт арбитраж суди қароридан сўнг энди олтин медал Аҳмедовга олиб берилади.

Таймазов эркин кураш бўйича 120 килограммгача оғирликда 2004 йилда Афинада, 2008 йилда Пекинда, 2012 йилда Лондонда ўтказилган Олимпиадаларда учта олтин медални, 2000 йилда Сиднейда ўтказилган Олимпиадада битта кумуш медални қўлга киритган.

Ўзбекистонда миграция марказлари тузилади

Ўзбекистон бўйлаб барча вилоятларда миграция марказлари ташкил қилинади. Norma.uz ёзишича, бу марказлар Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи миграция масалалари агентлигида янги тузиладиган фонд томонидан ташкил қилинади. Ушбу фонд меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий, ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланиши режаланган.

Марказлар меҳнат муҳожирларини хорижда ишга жойлаштириш ва уларни қайтишига кўмаклашиш, хорижда мушкул вазиятга тушганларни қўллаб-қувватлаш билан лозим.

Айни кўринишдаги марказлардан бири жорий йил ноябрь ойи бошида Самарқандда очилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, марказда Россияга ишлашга кетмоқчи бўлганлар дастлаб махсус суҳбатдан ўтади. Кейин эса тиббий кўрикдан ўтиб, рус тили бўйича тест топширишлари лозим бўлади.

Тошкентда Марказий Осиёда ягона ишбилармонлик авиацияси ташкил этишмоқчи

Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан Тошкентда ишбилармонлик авиацияси ташкил этилади. Президент матбуот хизматига кўра, янги авиация Марказий Осиё минтақасидаги биринчи ва ягона тизим бўлади.

Лойиҳага кўра, ишбилармонлик авиацияси якка тартибдаги ҳамда корпоратив парвозлар, шунингдек, улар билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш, авиация техникасига ёрдам бериш, уларни эксплуатация қилиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Янги лойиҳа хорижлик инвесторлар қатори маҳаллий тадбиркорларга ҳам маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб бериш, ўзаро бизнес-шериклар топиш учун хизмат кўрсатиши айтилаяпти.

Ҳозирча лойиҳа Тошкентнинг қайси аэропорти орқали амалга ошиши ва лойиҳа учун қанча маблағ ажратилиши очиқланмади.

Йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима оширилди

Ўзбекистонда 1 декабрдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори 15 фоизга қимматлади.

Эндиликда хавфсизлик камарини тақмаганлик учун жарима - 34 минг сўм, аптечка бўлмаса - 86 120 сўм, давлат рақамисиз юриш – 861 200 сўм, тезликни ошириш 861 минг сўмгача, светофорнинг қизил чироғида ўтиш — 344 минг сўм этиб белгиланди.

Шунингдек, машина ойналарини қорайтириш – 172 240, телефонда гаплашиш - 344 480 сўм, автомобилни маст ҳолатда бошқариш учун– 2 583 600 сўмлик жарима белгиланди.

Бош прокурор қабулига киролмаётганларни тинчлантириш учун ОМОН чақиртирилгани хабар қилинди

Ўзбекистон прокуратураси эмблемаси.

Ўзбекистон Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев билан учрашишга келган одамлар ОМОН воситасида тинчлантирилди. Бу ҳақда Бибиси радиоси воқеа гувоҳларига таянган ҳолда хабар берди.

Маълумотда айтилишича, 1 декабрь куни 50 нафарга яқин одам прокуратура биноси олдига йиғилиб, Бош прокурор қабул қилишини талаб этган. Воқеа гувоҳлари уларни тинчлантириш учун ОМОН формасидаги 2 киши ва 4 милиция ходими келганини, улар йиғилганларни милицияга олиб кетиш билан таҳдид қилганларини айтганлар.

“...Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев ҳар ойнинг биринчи жумасида фуқароларни қабул қилиши маълум қилинган. Бироқ шикоят билан келаётган фуқароларнинг айримлари қарийб уч ойдан бери Бош прокурор билан учрашолмаяпти”, деб ёзди Бибиси.

Хабарда айтилишича, қабулга келганлар орасида яқинлари қийноққа солинганлар ҳам бўлган.

“Август ойида сайёр қабул ташкил қилган Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев тергов давомида қийноқлар қўлланилгани бўйича ҳолатни кўриб чиқишга сўз берган. Бироқ қийноққа тутилганлар яқинларининг айтишича, бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти”, дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрда қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишни тақиқловчи фармонни имзолаган эди.

Мазкур фармонда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан белгиланган тартибда тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шарт қилиб белгиланган.

Афғонистон президенти Бухорони зиёрат қилади

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 4 декабрь куни расмий ташриф билан Тошкентга келади. Мазкур ташриф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг қўшма баёноти қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан-таълим ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, тижорат шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Афғонистон президенти ташриф доирасида Бухоро шаҳрини зиёрат қилади. Ашраф Ғани Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади ва маъруза қилади.

Қорилар мусобақасида бундан буён Қуръон ўқишни билган ҳар бир одам қатнаша олади

Ўзбекистонда XVIII қорилар мусобақаси мамлакатнинг ҳар бир туман, шаҳар ва вилоятларида ўтказилади. Бу ҳақда муфтий Усмонхон Алимов махсус қарорни имзолагани тўғрисида Azon.uz нашри хабар берди.

Қорилар мусобақасининг туман ва вилоят босқичлари 2018 йил 20 мартга қадар ўтказилиши белгиланган.

Қарорда таъкидланишича, мусобақада Қуръони карим қироати бўйича иқтидори бўлган барча шахслар қатнаша оладилар.

Бундан ташқари қорилар мусобақаси диний идора тасарруфидаги 9 та мадраса, Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси талабалари, имом-хатиблар, имом-ноиблар ўртасида ҳам ўтказилади.

Бухородан Қорақалпоғистонга юк ташиладиган темир йўли очилди

Мискин темир йўл станцияси

Ўтган йилнинг декабрь ойида қурилиши бошланган Бухоро – Мискин темир йўли расман фойдаланишга топширилди.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, янги темир йўлнинг очилиш маросими 1 декабрь куни Қорақалпоғистонда жойлашган Мискин масканида бўлиб ўтган.

Узунлиги 355 километр бўлган бу темир йўли Бухоро вилоятининг Бухоро туманини Қорақалпоғистоннинг Мискин масканини бир-бирига боғлайди ва бу йўлдан асосан, юк ташийдиган вагонлар қатнаши айтилмоқда.

Тез орада электрлаштирилиши айтилаётган мазкур темир йўли шу ҳудуддаги "қазилма бойликларини ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш ва шу билан бирга янги ишлаб чиқариш корхоналарини очишга хизмат қилади".

Расмий хабарда айтилишича, бу янги линия шу пайтга қадар Тошкентдан Урганчга қатнайдиган поездларнинг Навоий – Учқудуқ – Мискин оралиғидаги 1 минг 64 километрлик йўлини қарийб 100 километрга қисқартиради.

Президент Мирзиёев Ўзбекистонда бизнес авиацияси ташкил қилинишини билдирди

2 декабрь куни Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига борган ва бу ерда қуриладиган янги аэропорт лойиҳаси билан танишган президент Мирзиёев Ўзбекистонда бизнес-авиациясини ташкил қилишини билдирди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, бу "якка тартибдаги ва корпоратив парвозлар, шунингдек, улар билан боғлиқ хизматларни кўрсатишга ихтисослашган" авиация бўлади.

Расмий хабарда айтилишича, бу тузилма ўзбекистонлик ва хорижлик ишбилармонларга хизмат кўрсатади ва уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб беради.

Шунингдек, Тошкентда қурилаётган янги аэропорт лойиҳаси билан танишув жараёнида президент бу аэропортда чет эллардан келадиган делегацияларга замонавий халқаро стандартлар асосида хизматни йўлга қўйиш зарурлигини урғулаган.

Президентининг 2017 йил 25 январдаги қарорига ассосан, Тошкент халқаро аэропортида халқаро парвозларга мўлжалланган яна битта терминални қуриш режаланган.

Ҳозиргача бу терминал лойиҳаси тайёролангани, бу лойиҳа Жанубий Корея ёрдами билан молиялаштирилиши айтилди. Расмий хабарда айтилишича, янги терминалда соатига 1 минг 500 йўловчига хизмат кўрсатилади.

Сирдарё футбол клубида ўйинчининг ёшини кичрайтириш ҳолати аниқланди

FIFA, 2012-йил

Ўзбекистон Футбол Федерацияси (ЎФФ) 23-29 ноябрь кунлари Бухорода бўлган 2000-йилда туғилган ўсмирлар футбол жамоалари ўртасидаги республика чемпионатида ёши кичрайтирилган ўйинчилар бўлганини аниқлади.

2 декабрь куни Федерация расмий сайтида берилишича, жами 12та жамоа орасида бўлган Сирдарё вилояти термасида "ёши кичрайтирилган ва қайдномадан ўтмаган футболчи" бўлгани аниқланган.

Натижада, вилоят терма жамоасининг натижалари бекор қилинган ва мусобақадан четлаштирилган.

Бу натижадан сўнг ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов чиқарган буйруқда эса жамоага масъул бўлган икки киши - "Жаҳонгир Муродқосимов ва Аҳрор Миразимовларни футболдан бутунлай четлаштириш, лицензия, сертификатларини бир умрга бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тақдимнома киритилиши айтиб ўтилган"и хабар қилинди.

Хабарда айтилишича, буйруқ нусхаси федерациянинг ҳудудий бўлимларига ҳам етказилган ва бундай ҳолатга йўл қўядиганларга кескин чора кўрилишидан огоҳлантирилган.

Воронежда боласини пуллашга уринаётган ўзбекистонлик она ушланди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Воронеж шаҳар прокуратураси янги туғилган боласини сотишга уринишда айбланган икки ўзбекистонлик ушланганини маълум қилди.

Прокуратура расмий сайтида 1 декабрь куни берилган хабарда айтилишича, 2017 йилнинг сентябрь ойида боласини туққан ва расман рўйхатдан ўтказмаган 39 яшар ўзбекистонлик аёл 29 яшар ўзбекистонлик эркак билан болани 30 минг рублга сотган кезда қўлга олинган.

Улардан болани сотиб олган шахс эса шошилинч-тергов гуруҳининг вакили бўлган.

Икковлонга Россия ЖКнинг 127-моддаси асосида одам савдоси билан боғлиқ айблов эълон қилинди. Бу жиноят учун Россияда 10 йилга қадар қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Ўзбекистон президенти янги матбуот котибини тайинлади

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби этиб Комил Алламжонов тайинланган.

Ўзбек расмий матбуотига кўра, президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги фармонни 1 декабрда имзолаган.

Шу йилнинг август ойида президент Мирзиёев матбуот хизмати раҳбари Асаджон Хўжаевни лавозимидан озод қилганидан сўнг ушби лавозим бўш бўлиб қолаётганди.

Асаджон Хўжаев Ўзбекистон Миллий телерадикомпания раиси Бобир Алиханов билан бир кунда ишдан олинганди.

33 ёшли Алламжонов узоқ йил Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби лавозимида ишлаган.

Матбуот котиблигига келишидан олдин президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлган.

Ўзбекистонда президентнинг матбуот котиблиги рамзий лавозим айланган.

Матбуот котибларнинг матбуот учун баёнот бериши ёки журналистлар учун брифинглар ўтказиши деярли кузатилмаган.

Сўнгги йилларда бу лавозимда матбуотдан йироқ одамлар ишлаган.

Ўзбекистоннинг янги элчиси Доналд Трампга ишонч ёрлиғини топширди

Ўзбекистоннинг АҚШга тайинланган янги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трампга ишонч ёрлиғини топширди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” агентлиги хабар қилди.

Ваҳобов элчи этиб тайинлангунга қабар Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг муовини бўлиб ишлаган.

Ваҳобов Ўзбекистонда Мирзиёев президент бўлганидан буён АҚШга элчи этиб тайинланган ва президент Трампга ишонч ёрлиғини топширган илк ўзбек дипломатидир.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги аввалги элчиси Бахтиёр Ғуломов апрел ойида элчилик лавозимидан кетган эди.

Ўзбекистонда Ҳажга борувчиларга талаблар кучайтирилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 1 декабр куни эълон қилган Ҳаж ҳақидаги фатвосида “талабгорлар Ҳаждан қайтиб келгунича оиласини таъминлашга қолдирадиган нафақадан ташқари Ҳажга бориб келишига етадиган маблағга қодир бўлиши” айтилган.

Бундан ташқари фатвода талабгор маҳаллада юриш-туриш ва муомалада ўзгаларга ибрат ҳамда намуна кўрсатган бўлиши лозимлиги айтилган.

Мусулмонлар идораси фатвосида айтилишича, ўтган йиллар давомида Ҳажга борган айрим ўзбекистонликлар моддий имконияти ёки соғлиги яхши бўлмаса ҳам узоқ сафарга отланганликлари аниқланган.

"Уларнинг ўғил-қизлари гўёки ўз фарзандлик бурчларини бажариш ёки эл-юрт орасида сохта обрў топиш мақсадида ота-оналарини ҳаж сафарига жўнатганлари аниқланган", - дейилади фатвода.

Ўзбекистонда Ҳажга бориш учун одамлар йиллаб навбат кутишади.

30 миллиондан ортиқроқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон йилига 7 ярим минг одамни Ҳажга жўнатади.

Андрей Филатов йирик газ конини ўзлаштириш лойиҳасининг 50 фоиз акциясини сотиб олди

Россиялик миллиардер Андрей Филатов.

Россиялик миллиардер Андрей Филатовнинг Brighttree Holding LTD ширкати “Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги” газ конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида Баxтиёр Фозиловга қарашли Altmax Holding Ltd ширкатидан 50 фоиз акцияларни сотиб олди.

Podrobno.uz нашрининг Москвадаги “Коммерсантъ” газетасига таяниб хабар беришича, Филатовнинг мазкур газ конини ўзлаштириш лойиҳасига ётқизадиган сармояси умумий қийматнинг 37,5 фоизини ташкил қилади.

Андрей Филатов Globaltrans ва “Трансойл” темир йўл операторлари ва Global Ports контейнерлар терминали операторининг катта миқдордаги улушларига эга.

2013 йилда у нефтни қайта ишлаш, инфраструктура ва инновацион бизнесга сармоя ётқизиш билан шуғулланадиган “Тулома” ширкатига асос солган.

“Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги” газ кони заҳираси 100 миллиард кубометрга яқинни ташкил қилади. Мазкур конни ўзлаштириш лойиҳасининг умумий қиймати 5 миллиард доллар экани айтилмоқда.

Сўнгги 5 йилда 7 одам, шу йилнинг 10 ойида 191 одам судлар томонидан оқланди

Ўзбекистон судлари жорий йилнинг 10 ойи мобайнида ўтган 5 йилга нисбатан 27 маротаба купроқ оқлов ҳукмларини чиқарди. Бу ҳақда президент Мирзиёевнинг 30 ноябрда имзоланган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган фармонида маълум қилинди.

Фармонда таъкидланишича, сўнгги 5 йилда судлар 7 шахсни оқлаган бўлса, жорий йил йил бошидан бери 191 шахс судда оқланган. Бундан ташқари 10 ой ичида реабилитация ва бошқа асосларга кўра 3511та жиноят иши тўхтатилган.

Ҳужжатга асосан, бундан буён қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланади.

Шунингдек, фармонда жиноят иши бўйича фактларни сохталаштириш ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатмаларни беришга мажбурлаш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгилашга кўрсатма берилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG