Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 10:12

Ўзбекистон

Қамчиқ орқали поездлар қатнови тикланди

1 февралдан бошлаб Қамчиқ давони орқали ўтувчи Тошкент-Андижон-Тошкент йўналиши бўйича поезд қатнови тикланган.

Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати маълум қилди.

Ўтган ҳафта айни йўналишнинг Поп-Ангрен қисмида юк поездини кўчки босиб қолиши ва темир йўлга шикаст етиши ортидан поездлар қатнови тўхтаб қолгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

23 январь куни зилзила туфайли рўй берган кўчки сабаб "Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл йўналишининг янги очилган Кўл станциясига яқин ҳудудда тоғ жинслари ҳаракатга келиб кўчки содир бўлган.

Оқибатда темир йўлнинг шу қисмида ҳаракатланаётган 41та вагондан иборат юк поездини кўчки босиб қолган.

Поезднинг бир нечта вагонлари ағдарилган. Кўчки оқибатида электрлаштирилган темир йўлга ҳам шикаст етган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, темр йўлда 150 минг куб метрдан зиёд кўчки юзага келган.

"Ўзбекистон темир йўллари" ширкати эса профилактика сабаб темир йўлда поездлар қатнови тўхтаганини маълум қилган.

“Сомон Эйр” Тошкентга илк парвозни 10 февралда амалга ошириши мумкин

Тожикистонннинг “Сомон Эйр” ширкати Душанбедан Ўзбекистон пойтахти Тошкентга илк парвоз 10 феврал куни амалга оширилиши мумкинлигини билдирди.

“Бортида Тожикистон авиация тузилмалари делегацияси бўлган биринчи рейс парвози Ўзбекистон пойтахтига 10 февраль куни амалга оширилиши мумкин”, деб билдирди “Сомон Эйр” ширкати матбуот хизмати.

Шу билан бир қаторда, ширкат матбуот хизматининг таъкидлашича, Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича биринчи доимий рейс 20 феврал кунига режаланган.

“Сомон Эйр” Душанбедан Тошкентга қишки мавсум якунига қадар ҳафтада бир марта, душанба кунлари парвозни режалаштирган.

Ёзги мавсумда эса рейслар сони ҳафтасига иккитага кўпайтирилади – душанба ва пайшанба кунлари.

Тожикистон транспорт вазири Шерали Ганжалзоданинг 30 январ куни журналистларга Душанбе ва Тошкент ўртасидаги авиақатнов тегишли ҳукуматлараро келишув имзоланганидан сўнг очилиши мумкинлигини айтганди.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар 1992 йилда тўхтатилган эди.

АҚШ элчихонаси: Трамп фармони ўзбекистонликларга тегишли эмас

АҚШ президенти Доналд Трампнинг 7 мамлакат фуқароларининг Қўшма Штатларга киришини вақтинча тўхтатувчи фармони Ўзбекистон ватандошларига тегишли бўлиши мумкин, агар улар айни пайтда Эрон, Ироқ, Сурия, Судан, Ливия, Яман ва Сомали фуқаролигига ҳам эга бўлсалар.

Юқорида тилга олинган давлатлар билан қўш фуқаролиги бўлмаган ўзбекистонликларга эса президент Трампнинг АҚШга киришни тақиқловчи фармони таалуқли эмас.

Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси сешанба куни баёнот тарқатди.

27 январ 2017 йилда эълон қилинган фармон Ироқ, Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Сурия ва Яман мамлакатлари фуқаролари учун виза берилишини вақтинча тўхтатиб туришни назарда тутади.

“Агар сиз юқорида санаб ўтилган давлатлардан бирининг фуқароси бўлсангиз ёки жуфт фуқароси бўлсангиз, илтимос, виза суҳбатини белгиламанг ва ҳеч қандай виза тўловларини амалга оширманг. Агар сиз суҳбатга қириш кунини аввалроқ бегилаб қўйган бўлсангиз, ушбу суҳбатга келманг, чунки биз сиз билан виза суҳбатини ўтказа олмаймиз. Шуни назарда тутиш лозимки, расмий ҳукумат мақасадлари, белгиланган халқаро ташкилотлар номидан расмий иш юзасидан ёки Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти боғлиқ расмий мақсадлари учун муайян сафарларга ёки муайян мулозимларига ушбу фармон шартлари тааллуқли эмас”, - дейилган элчихона баёнотида.

Ўзбекистон фуқаролари ҳамон “Суҳбатсиз визага мурожаат этиш дастури”да иштирок этишлари мумкин.

Ушбу дастур муайян визага ариза берувчилар учун консул билан суҳбатдан ўтмасдан визага мурожаат қилишларига имкон беради.

Ўзбекистон президенти Мирзиёев 2-3 ой ичида Россия президенти Владимир Путин билан Москвада учрашади

Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин икки – уч ой ичида россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Москвада учрашади.

Бу ҳақда 1 февраль куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

"Известия" газетасининг билдиришича, учрашувда энергетика, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш, ҳарбий-техник ҳамкорлик ва миграция сиёсати муҳокама қилинади.

"Россияда ўзбек қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун катта бозор мавжуд ва бу бозорни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш, табиийки, биринчи ўриндаги вазифадир... Ўзбек томони Россия нефтини бож тўловларисиз олиш масаласини ҳам кўтариши мумкин дейишга асосимиз бор. Россия ҳукумати Ўзбекистоннинг бу илтимосини яқинда рад этган эди. Ўзбекистондан келаётган муҳоджирлар масаласи ҳам муҳокама қилинади”,- деб билдирган “Известия” газетасининг Кремлдаги манбаси.

2016 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш шартномасини имзолаган эди.

Аввалроқ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистон Қуролли Кучларини 2020 йилгача Россияда ишлаб чиқарилган замонавий қуроллар билан таъминлаш ва модернизациялаш дастури амалга оширилаётганини билдирган эди.

Ўзбекистон жаҳондаги энг эркин бўлмаган давлатлар учлигидан жой олди

Freedom House рейтинги.

Freedom House халқаро ташкилоти эркин бўлмаган давлатлар рўйхатини эълон қилди.

Ҳар йили эълон қилиб бориладиган ҳисоботнинг навбатдаги рейтингида Ўзбекистон экспертлар томонидан берилиши мумкин бўлган 100 баллдан 3 балл олиб “эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари бўғиладиган” 49 давлат қаторидан жой олди.

Ўзбекистон эркин бўлмаган давлатлар ичида учинчи ўринга қўйилган. Биринчи ўринни -1 балл олган Сурия, иккинчи ўринни 1 балл олган Тибет, учинчи ўринни эса Эртирея, Туркманистон ва Ўзбекистон эгаллаган.

Ўзбекистондан кейинги ўринлар Жанубий Судан, Сомали ва Суданга берилган.

Freedom House рейтингида энг эркин мамлакатлар учлигига ҳар бири 100 баллдан олган Норвегия, Финландия ва Швеция киритилди.

Ўзбекистонда "Ягона дарча" божхона тизими жорий этилади

Ўзбекистон Жанубий Кореянинг KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамокрликда “Ягона дарча” божхона ахборот тизимини ташкил этади.

Ўзбекистон божхона хизматининг билдириишча, мазкур тизим Интернет орқали онлайн режимда вазирлик ва муассасалардан божхона учун зарур бўлган ҳужжатларни олиш имкониятини пайдо қилади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Жанубий Корея Ўзбекистонга 5,5 миллион доллар миқдорида грант ажратган.

Бундан ташқари Жанубий Корея “Ягона дарча” тизими учун замонавий техник воситаларни ҳам тақдим этади.

Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича авиақатнов 20 февралдан йўлга қўйилади

Ўзбекистон ҳаво йўлларига қарашли йўловчи ташувчи самолёт.

Тожикистондан Ўзбекистон пойтахтига биринчи парвоз 10 февраль куни амалга оширилиши мумкин.

Мазкур рейс йўловчилари Тожикистоннинг "Сомон Эйр" авиаширкати делегацияси аъзолари бўлади.

“Улар Тошкент аэропорти ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" вакиллари билан музокаралар ўтказиб, рейсларни тиклаш бўйича барча масалаларни ҳал этишни режалаштирган", - деб хабар берди “Сомон Эйр” матбуот хизмати.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, Душанбе - Тошкент йўналиши бўйича доимий рейс 20 февралдан бошлаб йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар 1992 йилда тўхтатилган эди.

Аввалроқ "Ўзбекистон ҳаво йўллари" бош директори Валерий Тян маҳаллий нашрларга "Ҳукуматлараро келишув имзо чекилишига тайёр. Душанбега рейс яқин орада амалга оширилади" - деб билдирган эди.

Самарқандда қизларни Россияга жинсий қулликка сотган аёл қамалди

Самарқанд вилоятидан Россияга жинсий қулликка қизлар ва аёлларни сотишни йўлга қўйган шахс суд ҳукми билан 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Podrobno.uz нашрининг 31 январь куни хабар беришича, Миллий хавфсизлик хизмати ўтказган амалиёт пайтида Пастарғом тумани турғуни Турсунхон Қодирова Самарқанд аэропортида навбатдаги қизни Москвага жўнатаётган пайтда қўлга олинган. Хабарда 47 ёшли Қодирова 2007 йилда қўшмачилик билан шуғуллангани учун судлангани таъкидланган.

Айтилиишча, Қодирова қизлар ва аёлларга Москва вилоятида сотувчи, уй хизматчиси, официантлик иш ўринларини таклиф қилиб, уларни Россияга жўнатган. Москвада эса кутиб олган одамлар қизларни жинсий қулликда сақланган.

Судда Турсунхон Қодирова ўзига билдирилган айбловни тан олган.

Ўзбекистон ва Россия тиббиёт марказлари ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади

Ўзбекистон ва Россия тиббиёт марказлари ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади.

Матбуот хабарларида айтилишича, Петербургдаги Алмазов номидаги тиббиёт маркази ва Республика кардиология маркази ўртасидаги келишув Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромовнинг 27 январда Петербургга қилган сафари давомида имзоланган.

Ҳужжатда клиник, профилактик ва экспериментал кардиология соҳасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун илмий-таълимий ва тадқиқот муҳитини яратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ИИВ тизимида бир қатор раҳбарлар ўзгарди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тизимида Тошкент шаҳри ва тўртта вилоят бошқармаларида раҳбарлар ўзгарган.

"Постда" нашрида хабар қилинишича, полковник Абдувоҳид Исмоилов Ўзбекистон Республикаси ИИВ ташкилий-инспектор бошқармаси бошлиғи;

Подполковник Элбек Хайруллаев Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси жиноий қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи;

Подполковник Беҳзод Сайфуллаев Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси Хорижга кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинлаган.

Шунингдек, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятлари Ички ишлар бошқармаларида ҳам бир қатор лавозимларга янги шахслар тайинланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 январда генерал-майор Абдусалом Азизовни Ички ишлар вазири этиб тайинлаганди.

Вазирликни 2013 йилдан буён бошқариб келган Адҳам Аҳмадбоевнинг ҳуқуқ-тартибот органлари бўйича президент давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани айтилмоқда.

56 яшар Абдусалом Азизов 2009 йилнинг май ойидан буён Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келаётган эди.

Мирзиёевнинг президентлик лавозимидаги илк китоби нашр этилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номдаги китоби “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилди.

Китобда Мирзиёевнинг шу йил 14 январь куни бўлиб ўтган, Ўзбекистонни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси ўрин олган.

Ушбу китоб Шавкат Мирзиёевнинг президент лавозимида нашр этилган илк китобидир.

Ўзбекистонда президент чиқишларини китоб шаклида нашр этиш анъанага айланган.

Тошкентда ўтказилган "Китоблар дунёси" ярмаркасида 2016 йилда Ўзбекистонда энг кўп сотилган китоб Ислом Каримовнинг "Юксак маънавият-енгилмас куч" номли китоби бўлгани ҳақда ҳукумат нашрлари ўтган ой хабар берган эди.

Оролбўйини ривожлантириш учун 2 миллиард 600 миллион доллар ажратилади

Орол денгизининг 1984 йилдаги (чапда) ва ҳозирги ҳолати.

Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилдан 2021 йилгача экологик ҳалокат ёқасидаги Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш учун 8 триллион 400 миллиард сўм, яъни 2 миллиард 600 миллион доллар маблағ ажратади.

Новости агентлигининг душанба куни билдиришича, бу тўғридаги фармонни президент Мирзиёев 30 январь куни имзолади.

Орол денгизи 1960 йилгача дунёдаги энг катта тўртинчи кўл эди. Бироқ сўнгги 40 йил ичида денгиз ҳудуди икки баробарга қисқариб, сув баландлиги 18 метрга тушиб кетган. Оролдаги ҳайвонот дунёси ва балиқлар йўқ бўлиб кетди.

Президент фармонига асосан ажратилган маблағнинг 915 миллион доллари юз минг ишчи ўрни яратишга ва мазкур ҳудуднинг сармоявий иқлимини яхшилшага сарфланади. 670 миллион доллар инфраструктурани яхшилашга, 360 миллион доллар эса чўллашишга қарши тадбирлар ҳамда сув заҳирасини бошқариш соҳасига ажратилади.

Оролбўйидаги кам таъминланган одамларга бир марталик моддий ёрдам берилади

Оролбўйидаги вазиятни экологик ҳалокат деб аташ мумкин.

Оролбўйи ҳудудида яшовчи кам таъминланган одамларга жорий йил 1 февралидан бошлаб бир марталик моддий ёрдам берилади.

Президент Мирзиёев 30 январда имзолаган Оролбўйини ривожлантириш тўғрисидаги фармонга биноан мазкур ҳудудда яшаган қаровчиси йўқ қарияларга, пенсионерларга, боқувчиси ногирон бўлган оилаларга ва бошқа кам таъминланган тоифаларга энг ойлик иш ҳақининг иккидан бешгача кўрсаткичи миқдорида модий ёрдам берилади.

Ёрдамнинг пул миқдоридаги кўриниши 90 доллардан 225 долларгача бўлиши мумкин.

Оролбўйини ривожлантириш масаласида эса Ўзбекистон молия вазирлиги қошида махсус жамғарма ташкил этилади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлди

Президент Мирзиёев.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан президент Мирзиёев Корея Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Анга табрик мактуби йўллади.

Мактубда Мирзиёев Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг асосий савдо-иқтисодий ва молиявий-сармоявий ҳамкорларидан бири экани таъкидланган.

Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, 2016 йилда Сургил газ конида Корея билан ҳамкорликда Устюртгаз-кимё комплексининг барпо этилишини ҳам эслаб ўтган.

Ўз ўрнида жаноб Хван Гё Ан Корея келажакда Ўзбекистон билан бу каби лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишига ишонч билдирди.

Жорий йилда Ўзбекистонда кореяликлар яшай бошлаганининг 80 йиллиги ҳам нишонланади. Мана шу сана муносабати билан Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйи барпо этилмоқда.

Қозоғистонда ўзбекистонлик аёл жинсий қулликдан қутқарилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон ватандоши бўлган аёл Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида жинсий қулликдан озод қилинди.

Қозоқ матбуотининг хабар беришича, полициячилар номаълум шахслар ижарага олинган уйда Ўзбекистон ватандошини жинсий қулликда сақлаётгани тўғрисида оператив маълумот олгани ортидан махсус амалиёт ўтказилди.

Ўзбекистон ватандоши бўлган аёл жинсий қулликдан озод этилиб, уни қулликда сақлаган уч аёл –Шахтинск шаҳрининг 30 ёшли турғуни, қарағандалик 27 ёшли қиз ва 27 ёшли олмаоталик қўлга олинди.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлдик қизни аввал Олмаотада жинсий қулликда сақлашган. Кейин эса Қарағандага олиб келишган.

Қўлга олинганларга нисбатан 10та жиноят иши очилди.

Сахалинда кекса аёлни зўрлаганликда айбланган ўзбекистонлик 10 йилга қамалди

Россиянинг Сахалин вилоятида кекса аёлни зўрлаганликда айбланган 25 ёшли ўзбекистонлик муҳожир 10 йилга қамалди.

Vostok.Today нашрининг Сахалин тергов қўмитасига таяниб хабар беришича, 2016 йил 11 сентябрида Троицкое қишлоғида Ўзбекистон ватандоши бўлган ва 2015 йилдан бери Россияда ноқонуний ишлаётган муҳожир маст аҳволда 61 ёшли аёлнинг уйига кириб келган ҳамда уни калтаклаган.

Шундан сўнг у бу аёлни зўрлаб, кейин унинг велосипедини ўғирлаб қочган.

Суд ҳукмига асосан муҳожир жазо муддатини умумий режимдаги аҳлоқ тузатиш колониясида ўтайди.

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилди

Шавкат Мирзиёев Самарқандда Ислом Каримов қабрига гул қўймоқда. 2017 йил, 30 январ. Сурат gazeta.uz сайтидан олинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январ куни Биринчи президент Ислом Каримовнинг туғилган куни муносабати билан Самарқандга бориб, марҳумнинг қабрига гул қўйди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, Шавкат Мирзиёев Самарқанд ва Тошкентда Ислом Каримов хотираси ҳурматига уюштирилган маросимларда иштирок этди.

30 январда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов туғилган кунга 79 йил тўлди. Бу сана арафасида - 25 январь куни Президент Мирзиёев Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга биноан ҳар йили 30 январь куни Ислом Каримовнинг туғилган кунини нишонланади. Ислом Каримов вафот этган 2 сентябрь эса Фармонда Биринчи президентни хотирлаш куни, деб эълон қилинди.​

Душанбе билан Тошкент ўртасида авиақатновлар очилиши кутилмоқда

Тожикистон Халқаро авиқатновлар расмийларига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида ҳаво қатновлари 2 ҳафтадан камроқ вақт ичида йўлга қўйилади.

Душанбе аэропорти матбуот котиби Жамила Ҳусейнованинг 30 январь куни Озодлик радиоси тожик хизматига билдиришича, тез орада Тошкентга парвоз қиладиган учоққа чипталарни сотиш бошланади.

Аэропорт расмийсига кўра, Ўзекистондан келган делегация ҳозирда Душанбеда. Делегация Сомон-эйр авиаширкати вакиллари билан билетлар нархлари устидаги маслани муҳокама қилаяпти.

Ҳозирча Сомон-эйрнинг ҳафтасига 1 марта Душанбе-Тошкент- Душанбе йўналишида парвозларни амалга ошириши режалаштирилмоқда.

Айтилишича, Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳам шу йўналишда парвозларни амалга оширади.

Ўзбекистон ва Тожикистон делегациялари ўртасида ўтган йилнинг 30 ноябрида Душанбе шаҳрида имзоланган келишувда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиақатновлар 2017 йилнинг январь ойидан қайта тикланиши мумкинлиги айтилган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиақатновлар 1992 йилда тўхтатиб қўйилган.

Ўзбекистонда янги - «Ўзагроэкспортбанк» акциядорлик тижорат банки ташкил этилади

Ўзбекистон президенти бу ҳақдаги қарорни 24 январда имзолагани тўғрисидаги хабар бугун пайдо бўлди.

Ҳужжатга кўра, янги банк экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт имкониятларини самарали ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш, агросаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Банкнинг бошланғич устав капитали 10 млн евро этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари, шу жумладан халқаро молия муассасалари белгиланган тартибда банк акциядорлари бўлишлари мумкин.

Янги банк ва унинг филиаллари рўйхатга олинган санадан 5 йил муддатга барча турдаги солиқлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади ва бўшаётган маблағлар банкнинг ресурс ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирилади.

Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (7,5 млн евро, 75 фоиз), «Ўзбекинвест» компанияси (1 млн евро, 10 фоиз), «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзагросуғурта» ва «Кафолат СК» (500 минг евродан ёки 5 фоиздан) банкнинг муассислари ҳисобланади.

Мирзиёев сериаллар кўрсатавермай, муаммолар тўғрисида ҳам гапиришни буюрди

Шавкат Мирзиёев Хоразмга 28 январда сафар қилди.

“…ҳар куни телевизордан Корея ва Ҳиндистон киноларини кўрсатавермасдан, мана шу масалаларни айтиш керак: эй, уйғонинглар, шунча имконият берилди, амалга оширинглар!”

Бу гапни, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига қилган амалий сафари чоғида айтди.

Маҳаллий нашларнинг хабар қилишича, Ўзбекистон раҳбари янги иш ўринларини яратиш, инвестицияларни жалб қилиш мақсадида вилоятнинг Янгиариқ, Қўшкўпир, Ҳазорасп туманларида янги яратиладиган корхоналарни барча турдагисолиқ ва тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) 2027 йилнинг 1 январигача, бошқа туманларда эса 2022 йилнинг 1 январигача озод қилиш кўзда тутилганини билдирган.

“Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, сизга катта топшириқ - сизлар ҳам юришингиз керак. Назорат, талаб қилиш керак, одамларни ишонтириш керак, жавобгарликни бўйнингизга олишингиз лозим. Сизда жуда катта масала бу ерда - ҳар куни телевизордан Корея ва Ҳиндистон киноларини кўрсатавермасдан, мана шу масалаларни айтиш керак: эй, уйғонинглар, шунча имконият берилди, амалга оширинглар! Деган Шавкат Мирзиёев.

Биринчи президентнинг иккинчи қизи отасини эслаб ёзув қолдирди

Лола Каримова-Тиллаева онаси билан отасининг иш жойида.

Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг туғилган кунга 79 йил тўлиши муносабати билан унинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева отасини хотирлаб ижтимоий тармоқда ёзув қолдирди.

"Ҳамиша 30 январь куни биз Сизни таваллуд айёмингиз билан қутлашга ошиқар эдик. Бугун эса ўзгача…..Сиз энди бизнинг орамизда йўқсиз, азиз отажоним…Шундай бўлса-да, биз дилдан доимо сизнинг борлигингизни ҳис этиб турамиз….То қалбларимиздаги муҳаббат абадий яшар экан, сиз ҳам юракларимизда мангу қолажаксиз", деб ёзди Лола Каримова-Тилляева (матн орфографияси ва пунктуацияси муаллифники)

30 январда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов туғилган кунга 79 йил тўлди. Бу сана арафасида - 25 январь куни Президент Мирзиёев Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонга биноан ҳар йили 30 январь куни Ислом Каримовнинг туғилган кунини нишонланади. Ислом Каримов вафот этган 2 сентябрь эса Фармонда Биринчи президентни хотирлаш куни, деб эълон қилинди.

Ўзбекистонда ишлаётган пенсионерларга нафақа пулини тўлиқ бериш масаласи ўрганилмоқда

Наманганда пенсионерлар пенсия учун навбатда турибди.

Ўзбекистон ҳукумати ишлаётган пенсионерларга нафақа пулларини тўлиқ миқдорда тўлаш масаласини кўриб чиқади. Бу ҳақда Ўзбекистонни 2021 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган медиа ҳафталик доирасида молия вазири Мубин Мирзаев маълум қилди.

Sputnik нашрининг 27 январь куни хабар беришича, ҳозирча “Нуроний” жамғармаси ходимларига пенсияларни тўлиқ тўлаш жорий этилди.

“Бу масала долзарб бўлиб турибди ва биз бу йўналишда ишлаяпмиз. Биз бугунги кунда ишлаётган пенсионерларга нафақаларини тўлиқ тўлаш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқаяпмиз”, деди вазир.

Ўзбекистонда амалдаги қонунчиликка биноан ишлаётган пенсионерларга нафақа пулининг 50 фоизи тўланади.

Урганчда Ўзбекистондаги энг биринчи чиқиндини қайта ишлаш заводи қурилади

Чиқиндихона.

Президент Шавкат Мирзиёев 27-28 январь кунлари Хоразмга қилган ташрифи чоғида Урганчда мамлакатда биринчи марта чиқиндиларни қайта ишлайдиган замонавий завод барпо этишини маълум қилди.

Президентга кўра,Урганчда 15 гектар майдонда чиқиндини қайта ишлаш заводи қурилади. Мазкур завод қурилиши учун Ўзбекистон миллий банки 7 миллиард сўм ва 970 минг доллар ажратади.

Завод йилига 900 тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Мирзиёевнинг айтишича, бундай заводлар Ўзбекистоннинг бошқа қатор ҳудудларида ҳам барпо этилади.

Президентга кўра, резина, автошина, сувқоғоз ва пластмасса чиқиндиларидан иссиқлик энергияси олиш учун ёқилғи, дараҳт чиқиндиларидан уйларни истиш учун брикетлар, баклашкалардан синтепонлар ишлаб чиқарилади.

Урганчдаги завод шу йилнинг охиригача ишга туширилиши режаланмоқда.

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлашда давом этади

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов билан чегара масалаларида сўзлашмоқда.

Ўзбекистон Россия ва Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан яқин қўшничилик алоқаларини ўрнатишда давом этади. Бу ҳақда Ўзбекистонни 2021 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Жавлон Ваҳобов маълум қилди.

Аввалроқ стратегия лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинган эди. Стартегияда бешта приоритет йўналиш қайд этилган: булар ташқи сиёсат, давлат бошқарувини, суд-ҳуқуқ тизимини модернизациялаш, иқтисодни либераллаштириш, ижтимоий соҳада ислоҳотлар ўтказишдир.

“Республика раҳбарияти томонидан эълон қилинган приоритетлар орасидан биз ўзимиз учун муҳим, деб Марказий Осиё давлатларини танлаб олдик”, деди Ваҳобов.

Унга кўра, Ўзбекистон хорижий ҳамкорлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш борасида иккита йўл харитасини ишлаб чиқади. Жумладан, Тожикистон ва Туркманистон билан чегараларни аниқлаш бўйича музлатиб қўйилган музокаралар қайта жонлантирилади.

Ўзбекистонда Футбол ТВ март ойидан иш бошлайди

Барселона ўйинчиси Лионел Месси.

FUTBOL TV телеканалига Ўзбекистонда фаолият юритиш лицензияси берилди.

"Газета уз"нинг хабар беришича, бу борадаги қарор Вазирлар маҳкамаси қошидаги идоралараро мувофиқлаштирув қўмитаси томонидан қабул қилинди.

Янги телеканалда Чемпионлар Лигаси, УЕФА Европа Лигаси, Британия премьер лигаси ва Испания чемпионати намойиш этилади. Ҳозиргача бу мусобақалар UzReport TV томонидан кўрсатилиб келинаётган эди.

Хабарда айтилишича, ўйинлар жонли эфирда, ёзувда эса такроран намойиш этилади. Бундан ташқари футбол тўғрисидаги кўрсатувлар ҳам бериб борилади.

FUTBOL TV Ўзбекистонда март ойидан фаолият бошлаши режалаштирилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG