Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 18:37

Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайтини очди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Интернетда ўз сайтини очди. Сайт president.uz деб номланади. Унда Президент ташрифлари, қарорлари, нутқлари, фотогалерияси жамланган. Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ҳам сайтда батафсил келтирилган.

Шунингдек, сайтда боғланиш учун президентнинг Интернет почта адреси ҳам кўрсатилган.

Тошкент Душанбе билан чегаранинг делимитацияланмаган қисмини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Тожикистон чегара хизматлари вакилларининг 2015 йил, 27 апрелида Ҳўжандда бўлиб ўтган учрашувида олинган сурат.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг уч кунлик учрашуви якунланди. Унда тожик-ўзбек давлат чегарасининг делимитация ва демаркация масалалари муҳокама қилинди.

Бу ҳақда Тожикистон ташқи сиёсат идораси ахборот департаментига таяниб, “Азия Плюс” нашрининг хабар қилишича, учрашувда ўзбек-тожик давлат чегарасининг қолган қисмларидаги ўтиш чизиғига оид тегишли масалалар муҳокама қилинган.

Музокараларда Ўзбекистон делегациясига алоҳида топшириқлар бўйича элчи Илҳом Неъматов, Тожикистон делегациясига эса ТИВ раҳбари ўринбосари Маҳмадшариф Ҳақдод бошчилик қилди.

Шу билан бирга, “АП”нинг ҳукумат доираларидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Ўзбекистон ва Тожикистон жорий йил охирига қадар икки давлат чегарасидаги баҳсли қисмлар билан боғлиқ бўлган масалалар борасида тўлиқ келишиб олишлари, ҳамда тегишли халқаро келишувни имзолашлари мумкин.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг асосий ўтиш линияси келишиб олинган ва икки давлатнинг ўзбек-тожик Давлат чегараси тўғрисидаги 2002 йилдаги Битим билан мустаҳкамланган. У ҳар икки мамлакат парламенти томонидан ратификация қилинган.

Бугунги кунда икки давлат мамлакатнинг 60 километрлик чегараси мувофиқлаштирилмаган.

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 1332,9 км.

Шавкат Мирзиёев Афғонистон Президентига ҳамдардлик билдирди

Кобулдаги Германия элчихонаси олдида мина ўрнатилган автомобил портлатилиши оқибатида 31 май куни камида 90 одам ҳалок бўлди, 400 одам яраланди.

Шавкат Мирзиёев Кобулда содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанига ҳамдардлик мактуби йўллади.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА агентлигига кўра, Президентнинг ҳамдардлик мактубида бундай дейилган:

"Афғонистон пойтахти Кобул шаҳри марказида содир этилган мудҳиш ва ғайриинсоний террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб бегуноҳ кишиларнинг нобуд бўлгани ва оғир жароҳат олгани ҳақидаги хабар бизни қаттиқ қайғуга солди.

Ушбу мусибатли дамларда Сизга ва биродар Афғонистон халқига чуқур таъзия изҳор этамиз. Қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлигимизни етказиб қўйишингизни сўраймиз. Жароҳат олганларни эса тез фурсатларда соғайиб кетишини тилаймиз", дейилади Президент мактубида.

Кобулдаги Германия элчихонаси олдида мина ўрнатилган автомобил портлатилиши оқибатида 31 май куни камида 90 одам ҳалок бўлди, 400 одам яраланди. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ мазкур ҳужум учун масъулиятни зиммасига олмади.

Бугундан GM Uzbekistan автомобилларининг нархлари оширилди

Ravon 4

GM Uzbekistan 1 июндан автомобиллари нархларини оширди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» ахборот хизматига таяниб UZ24 хабар қилди.

Нархларнинг қанча миқдорда оширилиши бўйича «Ўзавтосаноат» ҳеч қандай маълумот бермаган. UZ24 манбаларининг хабарига кўра, нархлар ўртача 30%га қимматлашиши кутилмоқда.

Сайтга кўра, GM Uzbekistan сайтида кўрсатилган телефон рақамлари орқали компания билан боғланишнинг имкони бўлмаган. Ишонч телефонидан берилган жавобда эса уларда нархлар ҳақида ишончли маълумот йўқлиги айтилган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 26 майдаги қарори билан GM Uzbekistan автомобиллари миллий валютада сотилиши белгиланган.

БМТ Олий Комиссари инсон ҳуқуқига эътибор қаратаётгани учун Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн Тошкентда. 2017 йилнинг 10 майи.

Ўзбекистонда 10-12 май кунлари расмий ташриф билан бўлган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн президент Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, Тошкентдаги учрашув пайтида “очиқ ва самимий мулоқотда бўлгани” учун ташакур изҳор қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, Олий Комиссар ўз мактубида: “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига шахсан эътибор қаратаётганингиз, жумладан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хорижга виза асосида чиқиш тартибини бекор қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар учун Сизга миннатдорлик билдирмоқчиман”, деб ёзди.

Зайд Раад ал Ҳусайн БМТнинг Ўзбекистонга ташриф қилган энг биринчи Инсон ҳуқуқлари бўйича олий Комиссари бўлди.

“Мамлакатингизга ташрифим Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлашдаги муайян мураккабликларни англаш, мамлакатингиз ҳокимияти, фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий муассасаси ва халқаро ҳамжамиятга Бошқармамиз кўмак кўрсатиши мумкин бўлган соҳаларни белгилаб олиш имконини берди”, дейилади Олий Комиссар мактубида .

Тошкентнинг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов янги лавозимга тайинланди

Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Козим Тўлагановнинг 90-йиллардаги сурати.

Козим Тўлаганов Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари - Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Ўзбекистон ҳукумат порталининг хабар беришича, президентнинг бу борадаги фармони 30 майда имзоланган.

2016 йил декабрида Озодлик радиоси Мирзиёев Тўлагановни Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя этилиши устидан Давлат назорати бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинлагани тўғрисида хабар берган эди.

1949 йилда туғилган Козим Носирович Тўлаганов 1997-2001 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими, кейинроқ бош вазир ўринбосари ва 2005 йилгача Тошкент вилояти ҳокими сифатида ишлаган.

2006 йилда Козим Тўлаганов Тошкент шаҳар суди томонидан иқтисодий жиноятларда айбланиб,1 йиллик синов муддати билан 20 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Суд Козим Тўлагановга давлатга 1 миллион 300 минг доллар миқдорида келтирилган зиённи тўлаш мажбуриятини ҳам юклаган.

Чирчиқ дарёси соҳилига қурилган уйлар бузилади

.

Тошкент вилоятидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси қирғоғига қурилган уйлар бузилади. Бу ҳақда Podrobno.uz нашри 31 май куни Атроф муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитаси расмийсига таянган ҳолда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, айни пайтда Чирчиқ дарёси соҳилида 200та уй ноқонуний қурилгани аниқланган. Бугунги кунда ноқонуний қурилган уйларни аниқлаш ишлари давом этмоқда. Бу иш бир ой ичида якунланиши режалаштирилмоқда. Шундан сўнг Тошкент вилоят ҳокимиятига ноқонуний уйларни бузиш тўғрисида таклиф киритилади.

Расмийнинг билдириишча, Чирчиқ дарёси соҳилидаги сел юриш хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда қонуний қурилган уйлар ҳам мавжуд. Бу хонадонларнинг эгалари бошқа хавфсиз жойларга кўчирилади.

Чирчиқ дарёси Тошкент шаҳри ва вилоятини сув билан таъминловчси асосий манбадир.

Зулфиқор Мусоқов Иккинчи жаҳон уруши тўғрисида эпик фильмни суратга олади

Таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов.

Таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов Иккинчи жаҳон уруши тўғрисида 2 серияли эпик бадиий фильмни суратга олади. Бу ҳақда Мусоқовнинг ўзи чоршанба куни ўзбек журналистларига маълум қилди.

"Берлин — Оққўрғон" деб номланадиган бу фильмнинг қаҳрамонлари орасида ўзбекистонликлардан ташқари Сталин, Гитлер, Черчилль, Гесс, Риббентроп, Молотов ҳам бор. Мазкур фильмдаги воқелар 1930, 1939, 1942 йилларни қамраб олади.

Мусоқов фильмида ўзбек актёрларидан ташқари хорижлик артистлар ҳам иштирок этади. Режиссёр, жумладан, Гитлер ролига Германиядан Константин Ротовни таклиф қилганини айтди.

Режиссёр бу фильмни йил охиригача суратга олиб бўлиш ниятида эканини ҳам билдирди.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонда яшаган 6,5 миллион аҳолининг 1,5 миллиони фронтга кетган, улардан 420 минги қайтиб келмаган, 640 минги яраланган.

Уруш йилларида хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллион одам, жумладан, 300 минг етим қолган болани Ўзбекистон очлик ва ўлимдан сақлаб қолган.

Хитой Бухородаги учта конда газ қазиб олиш ишларини бошлади

Хитой Бухоро вилоятидаги учта йирик конда газ қазиб олиш ишларини бошламоқда.

Бу борада чоршанба куни ўзбек матбуотида тарқатилган хабарда айтилишича, Хитойнинг CNPC миллий нефтегаз ширкати конларда бир йилда 1 млрд куб метр газ қазиб олишни режалаштирмоқда.

Аввалроқ New Silk Road Oil & Gas Company Ltd ўзбек-хитой қўшма корхонаси жорий йилда Қоракўл инвестициявий блоки конларида газ қазиб олишни бошлаши ҳақида хабар берилганди.

Қиймати 377,5 млн доллар бўлган лойиҳа техник-иқтисодий асоси Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланган.

2006 йилда «Ўзбекнефтегаз» Хитойбилан бешта инвестблокларда 5 йил давомида геология-қидирув ишларини ўтказиш бўйича келишув имзолаганди.

Петербургда ўзбекистонлик аёл боғда кўз ёрди

Россиянинг Санкт - Петербург шаҳридаги боғда ўзбекистонлик аёлнинг муддатидан олдин кўзи ёриди.

“Оперативное прикритие” агентлигининг хабар беришича, 30 май куни эрталаб Кондратев кўчасидаги 25 уй олдидаги боғда 23 ёшли ўзбекистонлик чақалоқли бўлди.

Воқеа гувоҳлари ўзбекистонлик аёлни тез ёрдам чақириб, туғруқхонага жўнатган. Аммо чақалоқ касалхонага етиб бормай вафот этган.

Мазкур воқеа юзасидан полиция текширув ишларини олиб бормоқда.

Президент сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлади

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Президентнинг расмий сайтида 31 май куни эълон қилинган хабарда айтилишича, мазкур ҳужжатга биноан Ички ишлар вазирлиги Молия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда 2 ой муддатда сиёсий бошпана бериш учун мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик маълумотлар базасини шакллантириш бўйича таклиф киритиши лозим.

Ўзбекистон Конституциясига асосан сиёсий бошпана бериш президентнинг ваколати ҳисобланади .

Сиёсий бошпана тақдим этишни сўраб берилган арзнома 1 йил муддат ичида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон учун Умра квотасини 10 минг қилиш режаланмоқда

2018 йилдан Ўзбекистон фуқаролари учун Умра квотасини ҳозирги 6000 ўрнига 10000 нафар қилиб белгилаш режаланмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқ Юсупов Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида таъкидлади.

"Жорий йилдан бошлаб 7200 нафар юртдошимиз Ҳаж сафарини, келгуси йилдан бошлаб эса 10 минг нафар юртдошимиз Умра зиёратини адо этиши режалаштирилган", - деди Юсупов.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирга қадар ҳар йили 5 минг нафар ўзбекистонлик Ҳаж сафарини, 6 минг нафари эса Умра зиёратини адо этиб келишаётган эди.

“Баркамол авлод” тадбирида қатнашмаган хонанданинг лицензияси бекор қилинди

Жиззах шаҳрида ўтган “Баркамол авлод” спорт мусобақасининг очилиш концертида қатнаша олмаган хонанда Шаҳноза Отабоева лицензиясидан маҳрум қилинган.

Хонанда бу ҳақда инстаграм саҳифасида билдирди.

Отабоева “Ўзбекконцерт” бирлашмасининг янги рахбари Азамат Ҳайдаров номига ёзган ўз тушунтириш хати нусхасини ҳам инстаграмга жойлади.

“Мен, Шаҳноза Отабоева, 25 май куни Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод” спорт мусобақасининг очилишига тайёргарлик кунларида ҳам қатнашдим. 1 ой аввал Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги аҳоли 25 май кунига ният қилиб тўйга айтишганди. Закладларини ҳам олиб қўйгандим. Тадбирдан кетолмайман деб айтсам, илтимос, тўйга 5 минг киши айтилган, бизни шарманда қилманг, деб Жиззахдаги меҳмонхонага келиб ўтириб олишди. Бизга рахбарлик қилган Одил акага айтдим, бир йўлини қилиш керак дедим. Ёрдам бермадилар. Тўй эгалари ўзимни осаман, порталга ёзаман деб айтишди. Шунга халқ кўтарилиб кетмаслиги учун, тўйга кетишга мажбур бўлдим. Бошқа қайтарилмайди. Мажбурлигимдан, обрўйимга путур етмасин деб, 2 ўт орасида қолдим, - деб ёзилган 30 май куни Шахноза Отабоева номидан ёзилган тушунтириш хақтида.

Кейинроқ бу хат хонанданинг инстаграмдаги саҳифасидан ғойиб бўлди.

Ўзбекистонда қўшиқчилар давлатдан тегишли рухсатнома – Линцензиясиз фаолият юрита олишмайди.

Бу ҳужжат “Ўзбекконцерт” бирлашмаси томонидан ҳар хил муддатларга берилади.

GM Uzbekistan аҳолидан “шапка” ҳақида маълумот сўрамоқда

Ўзбекистондаги автомобил ишлаб чиқарувчи GM Uzbekistan ширкати мамлакат автосалонларидаги турли қонунбузарлик ҳолатлари, жумладан машиналарни халқ тилида “шапка” деб аталадиган пора эвазига олиш ҳолатлари ҳақида маълум қилиш сўралган хабарни ўз сайтида эълон қилди.

“Ҳурматли истеъмолчилар, дилерлик корхоналари ёки уларнинг ходимлари томонидан автомобилларни реализация қилишнинг ўрнатилган тартибида қонунбузарлик ҳолатлари амалга оширилгани аниқланса, қўшимча мукофотлаш талаб қилинса ва бошқа қонунга зид хатти-ҳаракатлар амалга оширилса, GM Uzbekistan ягона ишонч телефонига: (+998 71) 147-14-14 дарҳол мурожаат қилишингизни сўраймиз", - дейилади компания хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 29 майдан 1 июнгача автосалонлар "инвентаризация" учун ёпилган. 1 июндан GM Uzbekistan барча автомобилларини сўмда сотишни йўлга қўйишини билдирган.

Чимён тоғларида Франция элчихонаси дипломати ҳалок бўлди

Франция байроғи.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хавфсизлик хизмати бошлиғи парапланда учаётиб, Тошкент яқинидаги Чимён тоғли ҳудудида қулаб тушди ва ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тошкентдаги Франция элчихонаси маълум қилди.

Элчихонага кўра, ҳалок бўлган дипломат Туркманистон ва Тожикистон масалалари билан ҳам шуғулланган.

Новости агентлигининг 30 май куни хабар беришича, ҳозирда марҳумнинг жасади Тошкентда қолмоқда. Ўзбекистон ҳукумати билан жасадни Францияга қайтариш масаласи ҳал этилмоқда.

Элчихона расмий сайтида хавфсизлик хизмати бошлиғи Франсис Делега 27 май, шанба куни ҳалок бўлгани билдирилган.

Расмий хабарда айтилишича, у профессионал парапланчи бўлган ва ҳар ойда икки марта Чимён тоғларида парапланда учиб турган.

Ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича навбатдаги музокаралар якунланди

Ўзбек чегарачиси ити билан ўзбек-қирғиз чегарасини қўриқламоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича навбатдаги музокаралар 21-26 май кунлари Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда 30 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, чегарани аниқлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро комиссияларининг мутахасислари чегара участкаларида камерал ишларни олиб борган.

Бундан ташқари Андижон ва Ўш вилоятлари туташган ҳудудлардаги чегараларда қўшма топографик ва ер тузиш ишлари амалга оширилди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини делимитация қилиш бўйича оралиқ Шартнома лойиҳасини тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масалари бўйича музокаралар президент Ислом Каримов вафот этганидан сўнг Атамбаев 2016 йил декабрида Тошкентга қилган сафари ортидан кескин жонланган эди. Томонлар ҳар ойда 10 кундан чегара бўйича музокараларни олиб бормоқдалар.

Ўзбек –Қирғиз чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади.

Козимжон Комилов Олий суди раиси лавозимига сайланди

Ўзбекистон Олий суди биноси.

Ўзбекистон Олий суди раиси лавозимига Козимжон Комилов сайланди. Бу ҳақда 30 май куни хабар берган ўзбек матбуотининг билдиришича, Комиловни беш йил муддатга раисликка сайлаш тўғрисидаги қарор Олий Мажлис Сенати томонидан 27 майда қабул қилинган.

Бунгача Козимжон Комилов Олий хўжалик суди раиси лавозимида ишлаб келган. У Олий суд раиси сифатида Шоюнус Ғозиевнинг ўрнини эгаллади.

Президент Мирзиёев 21 февраль куни Олий суд ва Олий хўжалик судини бирлаштириш ва Фуқаролик, жиноий, маъмурий ҳамда иқтисодий масалалар бўйича Олий суд ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди 1 июндан ўз фаолиятини бошлайди.

Қозоғистонда Ravon Nexia машинасини йиғиш ишлари бошланди

GM Uzbekistan ва AllurGroup Қозоғистоннинг Қўстанай вилоятидаги "СариаркаАвтоПром"ширкати базасида Ravon Nexia R3 автомобилини йиғиш ишларини бошлади.

AllurGroup ширкати расмий сайтида эълон қилинган маълумотда айтилишича, Ravon брендининг Қозоғистондаги расмий дистрибютери “УзАвтоАзия” ҳисобланади. Бу ширкат AllurAuto автомарказлари воситачилигида савдо юритади.

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган автомашиналарни имтиёзли кредитлар дастури бўйича харид қилиш мумкин бўлади.

Қозоғистонда ўзбек автомобилларини йиғиш корхонасини ташкил этиш масаласи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 22-23 март кунлари Остонага ташрифи давомида президент Нурсултон Назарбоев билан ўтказилган музокаралар чоғида муҳокама қилинган эди.

Мирзиёев 170 одам ҳалок бўлиши муносабати билан Шри-Ланка халқига таъзия билдирди

Шри-Ланка. Қутқарувчилар сув тошқинида ҳалок бўлган одамни вайроналар остидан олиб чиқмоқда.

Шавкат Мирзиёев Шри-Ланка президенти Майтхрипала Сирисенага кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва бедарак йўқолгани муносабати билан самимий ҳамдардлик изҳор этди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг 30 май куни билдиришича, Мирзиёев ўз мактубида Шри-Ланка халқига ҳамда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради.

Шри-Ланкада 26 майдан бери давом этаётган табиий офат оқибатида 170дан ортиқ одам ҳалок бўлди, юздан ортиқ одам бедарак кетди.

Сув тошқинлари натижасида 48 минг турар жой бинолари вайрон бўлган, ярим миллион одам бошқа ҳудудларга кўчирилган.

Душанбе ва Тошкент расмийлари чегара масалаларини муҳокама қилади

Ўзбек-тожик чегараси.

Маҳаллий матбуотнинг хабар қилишича¸ 30-31 майда Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳудудий ва чегаравий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг йиғини бўлиб ўтади.

Ҳал қилинмай келаëтган чегара муаммоларига бағишланадиган ушбу сўзлашувларга Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Маҳмадшариф Ҳақдод,алоҳида топшириқлар бўйича Ўзбекистон элчиси Илҳом Неъматов бошчилик қилади.

Икки давлат ўртасидаги умумий узунлиги 1332,9 километрлик чегаранинг 60 километрлик қисми бўйича қўшнилар мустақилликдан бери келишувга эриша олмаган.

2000-йилларда¸ асосан¸ Душанбенинг Роғун ГЭСи қуриш режасига Тошкент томонининг жиддий эътирози ортидан қўшни ҳукуматлар ўртасидаги сиëсий муносабатлар совуқлашиб¸ чегараларни узил-кесил белгилаш жараëни ҳам боши берк кўчага кириб қолган эди.

Шавкат Мирзиëев қўшнилар билан муносабатларни яхшилашни ўз сиëсатининг устивор йўналиши қилиб белгилаши ортидан¸ Тошкент ва Душанбе ҳукуматлари ўртасидаги сўзлашувлар қайта жонланди.

Президент хориж сармоясининг келмаëтгани учун вазирларни айблади

Президент Шавкат Мирзиёев

29 май куни президент Шавкат Мирзиёев ўзининг давлат раҳбари сифатида Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Хитойга қилган сафарлари¸ шунингдек Туркия раҳбари билан ўтказилган олий даражадаги учрашувлари якунлари бўйича имзоланган битимлар, шартномалар ва лойиҳалар ижроси бўйича махсус ҳукумат йиғилиши ўтказди¸ деб хабар берди ЎзА миллий агентлиги.

Президент таъкидича¸ бу сафарлар давомида кўп миллиард долларлик иқтисодий шартномалар¸ йирик лойиҳаларга оид меморандумлар имзоланганига оид “баландпарвоз ҳисобот”ларга қарамай¸ Ўзбекистонга кутилган хориж сармояси келмаган.

Инвестицион дастурлар ижроси учун ҳар бир вазир ва қўмита раҳбари шахсан масъул эканини таъкидлаган Мирзиëев¸ уларнинг ҳафтасига бир марта Бош вазирга¸ ойига бир марта шахсан ўзига ҳисоб бериш тизими жорий этилишини билдирди.

ЎзАнинг ëзишича¸ душанба кунги йиғилишда шунингдек¸ “лойиҳаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши, мутасаддиларнинг ижро интизоми, масъул шахсларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишини назорат қилиш Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура зиммасига юкланган”.

Рустам Азимов бошчилигидаги Тошкент делегацияси Туркияга қилган сафари давомида 2 миллиад долларлик лойиҳаларга оид меморандум имзолангани¸ Мирзиëевнинг Москва сафари ниҳоясида 5 миллиард долларлик келишувлар имзолангани хабар қилинганига қарамай¸ ҳозирча ўзбек иқтисодига олиб кирилаëтган хориж сармоясининг деярли кўпаймагани айтилмоқда.

Сенатдаги ҳисоботида айни шу муаммога тўхталган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов¸ мамлакатда валюта эркин конвертациясининг йўқлигини хориж сармояси йўлидаги асосий тўсиқ сифатида тилга олди.

Мирзиëев “Made in Uzbekistan” маҳсулотлари экспортини енгиллатувчи фармон чиқарди

1 июндан бошлаб ўзбекистонлик хусусий тадбиркорларнинг ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш жараëнини соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар кучга киради.

Президент Мирзиëев чиқарган “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар экспортини янада рағбатлантириш ва рақобатдошлигини таъминлаш бўйича чоралар тўғрисида”ги фармонга мувофиқ¸ хўжалик субъектлари қиммати 100 минг доллардан ошмаган шартнома асосида хорижий валютада бошланғич тўловсиз ўз маҳсулотини хорижга олиб чиқиши мумкин.

Фармонга кўра¸ бундай экспортдан олинган валюта тушумининг белгиланган қисми 90 кун ичида тўланиши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил1 февраль кунги қарори билан хўжалик субъектларининг чет эл валютаси тушумини мажбурий сотиш тартибларига ўзгартиш киритилди ва маҳсулот ҳамда хизматлар экспортидан тушган валютанинг мажбурий тартибда сотилиши шарт бўлган қисми 50 фоиздан 25 фоизга туширилди.

Чехия ҳукумат делегацияси Тошкентга сафар қилади

31 май куни Чехия Ташқи ишлар вазирлиги расмий делегацияси Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги сиëсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги доирасини ўтказиш мақсадида Тошкентга келади¸ деб хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Иван Янчарек бошчилигидаги бу делегация музокараларнинг 6-давраси доирасида ўзбекистонлик дипломатлар билан учрашиш баробарида¸ Олий Мажлис Сенати аъзолари¸ Ташқи савдо вазирлиги¸ Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раҳбарлари билан сўзлашувлар ўтказади¸ шунингдек Хоразм вилоятига сафар қилади.

Чехия президенти Милош Земан¸ чех ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистон каби давлатлар билан ҳамкорлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб келади.

Шу ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Земан 2014 йили Ўзбекистоннинг ўшандаги президенти Ислом Каримовни расмий сафар билан Прагага таклиф қилган ва иккала томон умумий қиммати 700 миллион долларга яқин иқтисодий шартномаларни имзолашни режалаган эди.

Аммо халқаро ва Чехия ҳуқуқ фаолларининг жиддий босими туфайли Чехия Бош вазири ва қатор вазирлар¸ шунингдек Прага мэри Ислом Каримов билан учрашувларга «вақт топа олмаслигини» билдирганидан сўнг¸ Ўзбекистон президенти Прага сафарини бекор қилган эди.

Ҳозирча Чехия дипломатлари сафари давомида президент Шавкат Мирзиëевнинг ЕИ га аъзо бу давлатга сафар қилиш истиқболларининг муҳокама қилинишига оид маълумот йўқ.

Комилов: Президент топшириғини бажара олмаган 7 нафар элчи ишдан олинди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакат Олий Мажлис Сенатига берган биринчи ҳисоботида¸ ўз вазирлигининг йил давомидаги фаолиятини сарҳисоб қилди.

Вазирга кўра¸йил бошидан бери «ишни заиф ташкиллаштириш¸ давлат раҳбари топшириқларини бажаришгага сусткашлик ва лоқайдлик” билан ëндашганлик учун етти давлатдаги элчилар лавозимидан озод этилган¸вазирнинг уч ўринбосари ва икки бошқарма раҳбарига қаттиқ огоҳлантириш берилган.

Айни пайтда¸ Комилов ишдан бўшатилган ва ҳайфсан олган элчи ва раҳбарлар номини ошкор қилмади.

Сенатнинг айни мажлисида¸ Бельгия¸ Ҳиндистон ва Корея республикасига янги элчилар номзоди тасдиқланди.

Шавкат Мирзиëв президентликка келиши билан мамлакатга чет эл сармоясини жалб қилиш ва экспорт имконларини очишни хориждаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарининг асосий вазифаси қилиб белгилаган эди.

Комиловнинг айтишича¸ ишдан олинган элчилар айнан шу топшириқни бажаришда сусткашликка йўл қўйган.

Айни пайтда¸ хориждаги ўзбекистонликлар мамлакат дипломатик ваколатхоналарининг муҳожиратдаги ўзбеклар муаммосига лоқайдлик билан қарашини танқид қилиб келади.

Газ ва электр ҳақини ундирадиган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди

Газ ва электр энергияси тўловларини бундан буён Бош прокуратура қошидаги Мажбурий ижро бюроси ундира бошлайди.

Президент Мирзиёев бу борадаги фармонни 19 май куни имзолагани тўғрисида ЎзА 29 май куни хабар берди.

Фармонда қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси Адлия вазирлигининг тарқатилиб юборилаётган суд департаменти базасида ташкил этилади. Мажбурий ижро бюросининг штат бирлиги 1300 одамдан кўпроқни ташкил қилади.

Мазкур тузилма электр қуввати, газ учун ҳақнинг ўз вақтида тўланиши, газ ва электр қувватининг ўғирланиши ҳолатларини аниқлаш ва бу хизмат турларига ноқонуний уланишнинг олдини олиш, бу соҳа бўйича чиқарилган барча суд ҳукмларини мажбурий тарзда ижро этилишини таъминлаш билан шуғулланади.

Хабарларда айтилишича, Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиши муносабати билан “Ўзбекэнерго” тармоғида 6562 штат бирлиги, “Ўзтрансгаз”да эса 4255 штат бирлиги қисқартирилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG