Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 16:04

Ўзбекистон

Президент Мирзиёев 1 сентябр куни Хастимомга борди

Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, Ислом маданияти маркази лойиҳаси билан танишди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзАга кўра, давлат раҳбари Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази, деб ўзгартириш таклифини билдирган.

Лойиҳага кўра, ушбу марказда академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиб, уларни бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш, 300 ўринли конференция зали барпо этиш кўзда тутилган.

Президент Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида давлат ва жамоат ташкилотлари, Мусулмонлар идораси раҳбарияти, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди.

Президент Мирзиёев 2017 йил, 23 июнда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.

Ўзбекистон ҳукумати: Қирғизистон билан чегаранинг 80%и бўйича шартнома тайёрланди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Дўстлик чегара пункти.

2017 йилнинг 21-31 август кунлари аввал Бишкек, сўнгра Тошкент шаҳарларида Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича учрашувлар бўлиб ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон ҳукумати порталига кўра, музокаралар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат делегацияси ишчи гуруҳи ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумат делегациясининг топография ва ер тузиш ишчи гуруҳи ўртасида ўтказилган.

“Учрашувларда чегаранинг умумий узунлигини 80 фоизини ташкил этувчи Келишилган қисм бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома лойиҳаси муҳокама қилинди ва келишилди ҳамда давлатлараро ҳужжатга тегишли иловалар тайёрланди”, дейилган расмий хабарда.

28 август куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев чегаранинг 84 фоизи бўйила шартнома тайёр бўлгани тўғрисида баёнот берган эди.

Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг умумий узунлиги 1378 километр бўлиб, унинг 320 километри ёки 58 та участкаси баҳсли бўлиб турибди.

Reuters: Ўзбекистонда бир неча кун ичида жисмоний шахсларга валюта сотиб олиш иконияти берилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда сентябрдан бошлаб жисмоний шахсларга валютани эркин конвертация қилиш имкониятини бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон бакнларида ишловчи икки мустақил манбага таянган ҳолда 31 август куни Reuters хабар берди.

Агентликнинг билдиришича, эркин конвертация амалиёти жорий этилгач, миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан қиймати "қора бозор" курсига тенглаштирилади. Бугунги кунда долларнинг қора бозордаги курси 7 700 сўм, расмий курс эса 4 210 сўмни ташкил этмоқда.

Reuters агентлиги манбалари жисмоний шахсларга хорижий валюта нақд пул кўринишида сотилмаслигини айтганлар. Манбаларга кўра, валютани пластик карта орқали сотиш тажрибасидан фойдаланилади.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 30 июнь кунги қарорига мувофиқ, тижорат банкларининг ўз мижози бўлган корхоналарга - юридик шахслар - бозор нархида валюта олиб-сотишига рухсат берилган эди.

Мазкур амалиёт жорий этилгани ортидан расмийлар яқин кунларда жисмоний шахслар учун ҳам бундай имконият яратилишини билдирган эдилар.

Мирзиёев Каримов хотирасини абадийлаштириш ишлари давом эттирилишини айтди

Шавкат Мирзиёев ва Татьяна Каримова Ислом Каримов ҳайкалининг очилиш маросимида. Фотосурат муаллифи Шерзод Икрамутдинов.

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик куни муносабати билан 31 августда сўзлаган табрик нутқида собиқ президент Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилишини таъкидлади.

Президентга кўра, 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Каримов таваллудининг 80 йиллги муносабати билан 2018 йил 30 январда Қарши шаҳрида Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилади ва мана шу санагача Самарқандда Каримовга бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ишлари тўла якунига етказилади.

31 август куни Тошкентдаги Оқсарой резиденцияси олдида Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди.

“Бугун барчамиз бир фикрда якдилмиз: Биринчи Президентимизнинг Ватан ва давлат олдидаги буюк тарихий хизматлари, сўнмас хотираси халқимиз қалбида абадий яшайди”, деди Мирзиёев.

Футбол бўйича миллий терма жамоа Хитойда мағлубиятга учради

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари.

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йилги Жаҳон чемпионатига саралаш босқичи доирасида ўтказилган навбатдаги ўйида мағлубиятга учради.

31 август куни Хитойнинг Ухан шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Хитой футболчилари 1:0 ҳисобида ғалабага эришди.

Учрашув якунлашига бир неча дақиқа қолганида ҳимоячи Анзур Исмоилов жарима майдончасида қоида бузди ва ҳакам мезбонлар фойдасига жарима тўпи белгилади.

84-дақиқада Хитой термаси ҳужумчиси Гао Линь 11 метрлик зарбани амалга оширди ва Ўзбекистон дарвозасига тўп киритди.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги учрашуви 5 сентябрь куни Жанубий Кореяга қарши бўлиб ўтади.

Миллий терма жамоа бош мураббийси Самвел Бабаян: “Жаҳон чемпионатига чиқиш учун имконият сақланиб қолди. Барчаси Тошкентда, Жанубий Кореяга қарши ўйинда ҳал бўлади”, деб билдирди.

Ўзбекистон айни пайтда ўз гуруҳида 4-ўринда бормоқда.

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити нишонланмоқда

Бугун Ўзбекистонда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби Қурбон ҳайити нишонланмоқда.

Президент Мирзиёевнинг 24 августдаги қарори билан 1 сентябрь Қурбон ҳайити муносабати билан дам олиш куни деб эълон қилинди.

Қурбон ҳайити муносабати билан пойтахт Тошкентда жамоат транспорти эрталабки соат 04:00 дан бошлаб ишлай бошлайди.

Айни пайтда Саудия Арабистонида 2 миллионга яқин зиёратчи Ҳаж амалларини бошлади. Зиёратчилар беш кун мобайнида Кааба атрофини 7 марта айланиш, Арофат тоғида Шайтонга тош отиш каби амалларни бажарадилар.

Жорий йилда 7350 нафар ўзбекистонлик Ҳаж ибодатини амалга оширмоқда. Ўтган йилларда ҳар йили Ҳажга беш минг атрофида ўзбекистонлик жўнатилар эди.

Ўзбек армияси қудрати бўйича 133 давлат рўйхатида 48-ўринга қўйилди

Global Firepower халқаро ҳарбий тадқиқотлар марказининг сўнгги ҳисоботига кўра¸ Ўзбекистон армияси 133 давлат қуролли кучлари орасида ўз қудрати бўйича 48-ўринга қўйилди.

Марказ ҳисобича¸ Ўзбекистон ҳарбийлари жами сони 76 500 нафарни ташкил этади¸ улардан 20 минг нафари заҳирадаги аскарлардир. Мамлакат армияси бюджети 70 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

АҚШ ҳарбий кучлари яна дунëдаги энг қудратли армия деб топилди. АҚШдан кейинги ўринларни Россия ва Хитой армиялари эгаллади. Буюк Британия¸ Япония¸ Туркия ва Германия ҳам дунëнинг энг кучли армиялари ўнлигидан жой олди.

Йиллардан бери бу рўйхатдаги биринчиликни бермай келаëтган АҚШ армияси ҳарбийлари сони¸ уларга ажратилаëтган маблағ ва қурол-яроғ турларининг кўплиги билан бошқа давлатлар армияларидан илгарилаб кетган.

Ҳисоботга кўра¸ АҚШ армиясига ажратилаëтган маблағ Россияникидан кўра қарийб 10 бараварга кўпдир.

Россия ҳукумати ўтган йилги ўз ҳарбий харажатларининг 2 триллион рублга тенглигини эълон қилган. Аммо БМТ ўтган ҳафта эълон қилган баëнотга кўра¸ Кремлнинг асл ҳарбий харажатлари бу рақамдан камида 60 фоизга кўпроқни ташкил этади.

Тошкентда Ислом Каримов ҳайкали тантанали равишда очилди

Оқсарой резиденцияси олдида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали.Фотосурат муаллифи Шерзод Икрамутдинов.

Тошкентдаги Оқсарой резиденцияси олдида 31 август куни марҳум президент Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанада президент Шавкат Мирзиёев, Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова, бош вазир Абдулла Арипов ва унинг ўринбосарлари, вазирликларнинг масъул раҳбарлари, парламент ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев ва Татьяна Каримова ҳайкалнинг очилиш маросимида. Фотосурат муаллифи Шерзод Икрамутдинов.
Шавкат Мирзиёев ва Татьяна Каримова ҳайкалнинг очилиш маросимида. Фотосурат муаллифи Шерзод Икрамутдинов.

Ҳайкал муаллифи Илҳом Жабборов бўлиб, у Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича халқаро танлов ғолиби бўлган эди. Мазкур танловда Ўзбекистон, Туркманистон, Украина, Жанубий Корея, Италия, Австралия ва Германиядан 58 нафар ҳайкалтарош иштирок этган ва жами 68та лойиҳа тақдим этилганди.

Ислом Каримов ҳайкали Самарқанднинг собиқ Йўлбарслар хиёбонига ҳам ўрнатилди. Ислом Каримов ҳайкалининг бўйи 5,8 метр бўлиб, 5,5 метр баландликдаги постаментга ўрнатилган.

Яқин кунларда Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида ҳам Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилиши кутилмоқда.

Эрдўғон Мирзиёев октябрь ойида Туркияга келишини билдирди

Президент Мирзиёев Туркия раҳбари Эрдўғон билан.

Президент Шавкат Мирзиёев октябрь ойида Туркияга боришни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғоннинг Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йилллиги муносабати билан Мирзиёевга йўллаган мактубидан маълум бўлди.

АН Podrobno.uz нашрининг хабар беришича, Эрдўғон ўз мактубида "2017 йилда -давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 25 йиллигида- ўзаро алоқаларимиз сезиларли даражада жонланди. Ўтган йилнинг ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган учрашувимиз бу борада бурилиш нуқтаси бўлди... Ишонаманки, Сизнинг Туркияга жорий йилнинг октябрида амалга оширадиган сафарингиз икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини янги даражага кўтаради”, деб ёзган.

Эрдўғон ўз мактубида Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан чин дилдан қутлаган.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил қилади. Томонлар бу кўрсаткич икки давлат потенциалидан паст даражада эканини билдириб келадилар.

Шу кунгача Туркиянинг қурилиш ширкатлари Ўзбекистонда умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган 110та лойиҳани амалга оширган. Туркия ширкатларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси эса 1,2 миллиард долларни ташкил қилади.

Алишер Хўжаев 7 ойдан кейин яна Миллий телеканал раислигига қайтарилди

Миллий телеканал раҳбари Алишер Хўжаевв ва бош вазир Абдулла Арипов.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси лавозимига яна қайта Алишер Хўжаев тайинланди.

Озодлик радиоси манбаларининг билдиришича,30 август куни кечқурун Миллий телерадиокомпанияда навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилган ва йиғилишда Алишер Хўжаев компания раиси сифатида таништирилган.

Аввалроқ 27 кун олдин Миллий телерадиокомпанияси раислигига тайинланган Бобур Алихонов 29 август куни лавозимидан озод этилганини хабар қилганди. Ўша куни президент матбуот котиби Асаджон Хўжаев ҳам ишдан олинган.

Озодлик манбалари 30 август куни бу икки раҳбар “Шарқ тароналари” фестивалини ёритиш жараёнида йўл қўйган хатолари учун жазоланди. Миллий телевидения журналистларидан бири “Шарқ тароналари”нинг очилиш маросимда телеканал орқали президент оила аъзолари кўп маротаба катта планда кўрсатилгани билан боғлиқ ҳолат ортидан бу икки мулозим ишдан бўшатилган

Бош вазир Абдулла Ариповнинг қудаси экани айтиб келинадиган Алишер Хўжаев 2005 йил апрелидан 2017 йил бошига қадар Миллий телерадиокомпания раиси бўлган.

У шу йил бошида ишдан кетган ва унинг ўрнига Хуршид Мирзоҳидов тайинланганди. Мирзоҳидов бу лавозимда ярим йил, 2017 йил августига қадар фаолият юритди.

Самарадаги автоҳалокатда ўзбекистонликлар ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумот тасдиқланмади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Самара вилоятида юз берган автоҳалокатда Ўзбекистон ватандошлари ҳалок бўлгани тўғрисида Россия матбуотида пайдо бўлган хабарларни инкор этди.

Podrobno.uz нашрининг 30 августда хабар беришича, элчихона ўтказган текширув натижасида автоҳалокатда ўзбекистонликлар ҳалок бўлгани тасдиқланмади.

27 август куни Самара вилоятининг Волжский туманидаги Чернов сув омбори яқинида Lada Largus автомашинаси "КамАЗ" билан тўқнашгани оқибатида уч одам ҳалок бўлгани ва 4 одам жароҳатлангани хабар қилинган эди.

Элчихонанинг билдиришича, айни пайтда консулхона ходимлари жароҳат олганлар орасида ўзбекистонликлар бор ёки йўқлигини текширмоқда.

Россияда, жумладан, Саратовда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг автоҳалокатга йўлиқиши тез-тез юз бериб туради.

Саратов вилояти Озинский туманида 25 июлда юз берган автоҳалокатда 6 ўзбекистонлик жароҳатланган.

Саратов вилояти Петровский туманида 15 январга ўтар кечаси содир бўлган автоҳалокатда эса 7 меҳнат муҳожири, жумладан 2 ўзбекистонлик нобуд бўлган эди.

Жорий йилнинг 22 июн куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан Россиянинг Волгоградига 50 дан зиёд ўзбекистонлик муҳожир кетаётган автобус ағдарилиб кетган эди.

Оқтўбе вилоятининг Ойтекебий туманида содир бўлган бу авария оқибатида 9 нафар Ўзбекистон ватандоши ҳодиса жойида ҳалок бўлган, 17 нафар ўзбекистонлик ва бир нафар қозоғистонлик йўловчи касалхонага ётқизилган¸ 25 жароҳатланган йўловчига эса воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилганди.

Бизнес омбудсман тўғрисидаги қонун кучга кирди

Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектларидан бири.

Ўзбекистонда бизнес омбудсман тўғрисидаги қонун матбуотда эълон қилингани ортидан кучга кирди. Бу ҳақда 30 август куни хабар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонунда таъкидланишича, “тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобот беради”.

Бизнес омбудсмен лавозимига 30 ёшга тўлган, олий маълумотли, давлат тилини билган, тадбиркорлик субъектлари ёки тадбиркорлик фаолияти қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тажрибасига эга бўлган шахс тайинланиши мумкин.

Бизнес омбудсмен дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.

"Шарқ тароналари" ғолиблари эълон қилинди

"Шарқ тароналари" фестивали репетицияларидан бири пайтида олинган сурат.

"Шарқ тароналари" XI Халқаро фестивалининг Гран-при мукофотига Озарбайжонлик Соҳиб Пошозода ва Камрон Каримовлар сазовор бўлди. Уларга 10 минг долларлик пул мукофоти берилди.

Иккита биринчи ўрин Жанубий Кореянинг Goseong Folk-song Preservation Foundation ва Ўзбекистоннинг Моҳичеҳра ансамблига берилди. Улар 7 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти билан ҳам тақдирланди.

Фестивалда иккита иккинчи ўрин ва 5 минг доллар пул мукофоти Қирғизистоннинг “Мурас” ансамбли ва Литванинг Sauges дуэтига, учта учинчи ўрин ва 3 минг доллар пул мукофоти Эроннинг Naghah, ИндонезиянингINO Ensamble ва ТуркиянингMeshk Ensemble гуруҳларига насиб қилди.

Самарқандда 25 августдан 30 августгача ўтказилган фестивалда 59 давлатдан келган 240 санъаткор иштирок этди. “Шарқ тароналари” фестивали 1997 йилдан бери ўтказилиб келинади.

“Шарқ тароналари” XI Халқаро мусиқа фестивалининг 28 августда ўтган очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Озодлик манбаси фестивалнинг очилиш маросимида президент иштирок этаётгани учун жонли ижро тақиқланиб, фонограмма қўлланилганини билдирган эди.

Шунингдек, жорий йил “Шарқ тароналари”да 20 йил мобайнида тақиқ остида бўлган Шерали Жўраев ҳам иштирок этган.

ЖЧ-2017: Ўзбекистонлик 6 боксчи ярим финалга чиқди

49 кг тоифада Ҳасанбой Дўсматов 31 август куни Колумбиялик Мартинез Риварес билан учрашади.

Германияда бўлиб ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида олти нафар ўзбекистонлик спортчи ярим финалга чиқди, деб хабар қилди Спутник нашри.

Ярим финал жанглари 31 август ва 1 сентябрда бўлиб ўтади.

49 кг тоифада Ҳасанбой Дўсматов 31 август куни Колумбиялик Мартинез Риварес билан учрашади.

Чорак финалга чиққан боксчилар сони бўйича Ўзбекистон Кубани ортда қолдирди

64 кг вазн тоифасида Икболжон Халдаров ҳам ўша куни АҚШлик Рожас Фредис билан баҳслашади.

91 кг тоифада Санжар Турсунов россиялик Евгений Тищенко билан учрашади.

1 сентябрь куни бўлиб ўтадиган жангларда:

52 кг вазн тоифасида Жасурбек Латипов Жанубий Кореялик Ким Ин Кю билан учрашади.

69 кг вазн тоифасида Шахрам Ғиёсов Қозоғистонлик Абилайхан Жусупов билан рингга чиқади.

81 кг вазн тоифасида эса Бектемир Меликузиев Ирландиялик Жозеп Уордом билан жанг қилади.



Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга қачон бориши маълум бўлди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев (ўнгда) Ўзбекистонга 2016 йили хизмат сафари билан борган эди.

Президент Мирзиёев 6 сентябрда Қирғизистонга расмий ташриф билан боради

Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати маъмуриятига таянибхабар қилган Азаттиқ радиосига кўра, 30 август куни икки қўшни давлат ҳукуматлари бошлиқлари Сапар Исақов ва Абдулла Ариповлар ўртасида телефон орқали сўзлашув бўлиб ўтган. Сўзлашув ташаббуси Тошкентдан чиққан.

Бош вазирлар ўртасида мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорлик, шу жумладан Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга сафари муҳокама қилинган.

Олдинроқ Президент Мирзиёевнинг Қирғизистонга расмий сафари сентябрь ойининг биринчи ҳафтасига режалаштирилаётгани айтилган, бироқ аниқ сана хабар қилинмаган эди.

16 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирларининг Бишкекда бўлиб ўтган учрашувида президент Алмазбек Атамбаев сентябрь ойида Тошкентга ташриф буюриши режалаштирилгани билдирилган эди.

Кейинроқ Шавкат Мирзиёев ҳам Қирғизистонга бориши тўғрисида хабар берилган, бироқ бу ташриф қачон амалга оширилиши тўғрисида аниқ маълумот берилмаганди.

Янги ўқув йили душанба эмас, шанба куни бошланади

Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида 2017-2018 - ўқув йили шанба, 2 сентябрда бошланади.

Халқ таълими вазирлигига таяниб, маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, янги ўқув йилининг биринчи кунида 2-10 синф ўқувчилари учун тантанали "линейка"лар ўтказилади ва 1- синфга келган ўқувчилар учун биринчи қўнғироқ садолари янграйди.

"Линейка"дан кейин ҳар бир синфда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти хотирасига бағишланган "Мустақиллик" ва "Хотира" дарслари ўтилади.

Халқ таълими вазирлиги, шунингдек, ўша куни Мустақилликнинг 26-йиллигига бағишланган махсус тақдимот ҳамда Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фильм намойиш этилади, дея қўшимча қилган.

Пойтахт мактаблари ўқитувчилари Оқсарой олдидаги Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиш тадбири иштирокчиларига айланишади, деб хабар қилган нашр.

Олдинроқ янги ўқув йилининг 4 сентябрда бошланиши тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.


Қабул қилиниши кутилаётган қонунга биноан давлат амалдори даромади тўғрисида декларация топширади

"Давлат хизмати тўғрисида"ги қонун қабул қилинса, Ўзбекистонда давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топширади.

Бу меъёр Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси сайтида эълон қилинган қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, давлат хизматида амал эгаллаган мансабдорлар ("кичик мутахассис" тоифасидагилардан ташқари), ҳар йили мол-мулки, оладиган даромадлари ва қиладиган сарф-ҳаражатлари ҳақида маълумот беришлари керак бўлади.

Шунингдек, давлат хизматчиларининг оила аъзолари, хусусан ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари (шу жумладан асраб олинганлари ҳам) мол-мулк ва даромадлари ҳақида декларация тақдим этишлари керак бўлади.

Айрим тоифадаги давлат хизматчилари учун қўшимча талаблар белгиланиши мумкин. Шу жумладан, уларнинг оила аъзолари рўйхати кенгайтирилиши мумкин. Қўшимча талаблар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади

Даромад, харажатлар ва мол-мулк тўғрисида декларацияни тақдим этмаслик ёхуд тўлиқсиз, нотўғри маълумотларни тақдим этиш мансабдорнинг давлат хизматидан четлатилиши учун асос бўлиб хизмат қила олади.

Президент матбуот котиби ва МТРК раиси бир кунда ишдан олинди

Асаджон Хўжаев президент матбуот котиби лавозимида 5 ой ишлади.

Жорий йил март ойида президенти матбуот хизмати раҳбари лавозимига тайинлапнган Асаджон Хўжаев ишдан олинди. Бу ҳақда Kun.uz ўз манбаларига таянган ҳолда 29 август куни маълум қилди.

Аввалроқ Podrobno.uz нашри 29 август куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Бобур Алихонов ҳам лавозимидан озод этилганини хабар қилганди. Бобур Алихонов бир ой олдин бу лавозимга тайинланган эди.

Шу билан сўнгги 8 ой ичида Миллий телерадиокомпанияда уч марта раис алмашди. Бунга қадар 2005 йилдан бери Миллий телерадиокомпанияни бошқариб келган Алишер Хўжаев ишдан олиниб, унинг ўрнига Хуршид Мирзоҳидов тайинланганди.

Хуршид Мирзоҳидов “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Таҳлилнома” кўрсатувида Ислом Каримов сиёсати танқид қилиниб, Мирзиёев сиёсати мадҳ этилгани ортидан 2 август куни лавозимидан бўшатилган ва унинг ўрнига Бобур Алихонов тайинланган эди.

Хабарларда айтилишича, Бобур Алихонов ва Асаджон Хўжаевнинг ишдан бўшатилиши сабаблари ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Бироқ Kun.uz нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бу истеъфолар ўзаро боғлиқ бўлиб, икки раҳбар ҳам Самарқанд шаҳрида бошланган "Шарқ тароналари" фестивали ёритилишида йўл қўйилган камчиликлар туфайли ишдан олинган.

Қурбон ҳайити куни Тошкентда жамоат транспорти соат тонгги 4дан ишлай бошлайди

Тошкентдаги Минор масжидида Рамазон ҳайит намозини ўқиётган одамлар.

Қурбон ҳайити муносабати билан пойтахт Тошкентда жамоат транспорти эрталабки соат 04:00 дан бошлаб ишлай бошлайди.

“Ушбу қарор аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қабул қилинди”, деб хабар берди "Ўзбекистон24" телеканали.

Қурбон ҳайити Ўзбекистонда 1 сентябрь куни нишонланади. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёевнинг 24 августдаги қарорига асосан 1 сентябрь дам олиш куни деб эълон қилинди.

Қарорда ҳар доимгидай "Нуроний", "Маҳалла" жамғармалари ва бошқа мутасадди идораларга Қурбон ҳайит кунини "миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириш" ҳақида кўрсатма берилган.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган.

Дональд Трамп Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклади

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Мустақиллик куни муносабати билан президент Шавкат Мирзиёевга табрик мактуби йўллади.

"Ўзбекистон 24" телеканалининг "Ахборот 24" дастурида мазкур мактуб матни ўқиб эшиттирилди.

"Сизни ва Ўзбекистон халқини 1 сентябрь куни нишонланадиган мамлакатингиз мустақиллигининг 26 йиллиги билан Америка халқи номидан муборакбод этаман. Ўзбекистон миллий байрами ҳамда Сизнинг давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятингизнинг биринчи йили якунланаётгани муносабати билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлида қатъий эканимизни тасдиқламоқчиман", — дейилади табрикда.

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёев ва бутун Ўзбекистон халқига Мустақиллик кунини шоду хуррамлик билан нишонлашни тилади.

ЖЧ–2017. Яна 5 ўзбек боксчи чорак финал йўлланмасини қўлга киритди

Германиянинг Гамбург шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг 28 август куни ўтказилган иккинчи саралаш босқичида яна 5 нафар ўзбекистонлик боксчи чорак финал йўлланмасини қўлга киритиш учун жангга тушди.

Бу ҳақда хабар қилган uz24.uzга кўра, 60 кг.гача бўлган вазн тоифасида Элнур Абдураимов арманистонлик Карен Тонаканян, 69 кг.гача вазнда, Шаҳрам Ғиёсов украиналик Евгений Барабанов, 91 кг.дан ортиқ вазн тоифасида Баҳодир Жалолов даниялик Кем Ларссен, 52 кг.гача бўлган вазн тоифасида Жасурбек Латипов болгариялик Даниэл Асенов ва 81 кг.гача бўлган вазнда Бектемир Мелиқўзиев россиялик Муслим Гажимагомедов устидан ғалабага эришиб, чорак финалга йўл олишди.

Мусобақада иштирокини бошлаган 10 нафар ўзбекистонлик боксчидан фақат Муроджон Аҳмадалиев рақибига имкониятни бой бериб турнирни тарк этди, қолган 9 боксчи чорак финал жангларида рингга чиқади.

Шайхонтоҳур туманида “Сузук ота” жомеъси реконструкцияси бошланди.

Озодлик архивидан

28 август куни Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” жомеъ масжиди реконструкцияси бошланди.

Бу ҳақда Мусулмонлар идорасига таяниб, маҳаллий нашр хабар қилди.

Айтилишича, 26 май куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 майда “Сузук ота” мақбараси ва жомеъ масжидида бўлиб, мутасаддиларга мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқ берган.

Нашрнинг тарихчи олим Асқар Обидовга таяниб хабар қилишича, Сузук отанинг исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда туғилган. У Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис шу исм бўлиб қолган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1217 йилда вафот этган. 1391 йилда Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.

МБ валюта сотиб олишнинг узлуксизлигини таъминлайдиган низом қабул қилди

Тошкентнинг Олой бозорида ўрнатилган банкомат. Сурат Gazeta.uzдан олинди.

Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган, “Тижорат банкларини жисмоний шахслардан валюта сотиб олиш учун узлуксиз равишда нақд пул маблағлари билан таъминлаш тўғрисида”ги низом кучга кирди, деб хабар қилди Марказий банк матбуот хизматига таяниб, маҳаллий нашрлар.

Низомда валюта алмаштирув пунктлари орқали аҳолидан валютани узулуксиз равишда сотиб олиш учун тижорат банкларини нақд пул билан таъминлаш тартиби, ҳисоб-китобни амалга ошириш муддати ҳамда рухсат берилган бухгалтерия ўтказмалари белгиланган.

“Янги тартиб валюта алмашув пунктлари фаолиятини узлуксиз амалга ошириш, мижозларга ўз вақтида, сифатли хизмат кўрсатиш масалаларини ҳал қилиши керак”, дейилган хабарда.

Ўзбекистон Миллий банки яқин орада Тошкент ва Самарқандда нақд сўм ва доллар олиш мумкин бўлган 55 та банкомат ўрнатишни режалаштиргани, шу кунга қадар банкоматлар Олой бозори, Сергели ярмаркаси, Авиасозлар бозори ва Олмазор туманидаги бозорларда ўрнатилгани айтилди.



Ўзбекистонда доллар, евронинг расмий курси яна қимматлади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 29 августдан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини эълон қилди.

1 АҚШ долларининг янги курси ўтган ҳафтадаги курсдан 28 сўм 5 тийинга ортиб, 4210 сўм 35 тийинни ташкил қилади.

1 евро қиймати эса 39,73 сўмга ошиб, 4966 сўм 88 тийин деб белгиланди.

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

Ўзбекистон валюта қора бозорида доллар курси 7750-7900 сўмни ташкил қилмоқда.


Бухоролик уй қураётиб, ҳовлисидан танга тўла кўза топиб олди

Озодлик архивидан. Суратнинг Бухородаги воқеага алоқаси йўқ.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон шаҳрида яшовчи фуқаро ўз уйидан XIV асрнинг биринчи ярмида муомалада бўлган кумуш танга тўла кўза топиб олди.

Маҳаллий нашрларга кўра, "Эркин Мўминов хазинани уй қурилиши жараёнида топиб олган ва топилмани Бухоро давлат архитектура-бадиий музей қўриқхонасига топширган".

"22 август куни ҳамюртимиз туфайли бир Чиғатой даврига қарашли қадимий тангаларни қўлга киритдик. Тангалар рақамланиб, консервацияланганидан сўнгг уларни баҳоласа бўлади. Бунга икки ҳафта вақт кетади. Бундай тангалар Бухоро ҳудудида камёб бўлгани учун, топилмани "ноёб" деб атаса ҳам бўлади", — деган нашр мухбирига музей раҳбари ўринбосари Жамшид Халилов.

Мовароуннаҳрни XIII-XIV асрларда бошқарган Чиғатой Чингисхоннинг ўғилларидан бири бўлган.



Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG