Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 18:34

Ўзбекистон

Алоқа операторлари тақдим этадиган рақамлар учун абонент тўлови 2 баробарга ошди

Ўзбекистон ҳукумати 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб мобил алоқа (уяли алоқа компаниялари) хизматини кўрсатувчи юридик шахслар томонидан абонентлик рақамини ишлатиш учун тўлов миқдорни оширди, деб хабар қилди кун.уз сайти.

Нашрга кўра, бу Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 29 декабрда имзолаган «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Эндиликда мобил алоқа операторлари томонидан тақдим этилган рақамларга нисбатан абонент тўлови — ойига 4000 сўм этиб белгиланди. Бундай тўлов миқдори 2017 йилда 2000 сўм ва 2016 йилда 1500 сўмни ташкил қилган.

Тўлов ҳар бир абонентлик рақами учун олинади. Уларнинг сони эса ойнинг сўнгги кунидаги ҳолат бўйича аниқланади.

Бунинг ортидан мобил алоқа операторлари хизматлари нархи ошиши кутилади.

Президент Янги йил арафасида 95 кишини Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги фармонни имзолади. Фармон билан 95 кишининг фуқароликка қабул қилиш ҳақидаги аризалари қаноатлантирилди.

Фуқароликка қабул қилинганларнинг исм-фамилиялари Президент фармонида келтирилган.

Бундан аввалроқ сўнгги йилда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги аризаларни тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиш жорий этилгани муносабати билан 1148 киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган эди. Қиёслаш учун: 1991 йилдан 2007 йилгача 482 кишига фуқаролик берилган.

Молия ва солиқ хизмати органлари раҳбарларини мукофотлаш ва жазолаш механизми кучга кирди

Давлат солиқ қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси

Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 13 декабрдаги фармонига биноан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб молия органлари ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларига жавобгарлик ва рағбатлантириш чоралари кўрилади.

Эндиликда бу органлар раҳбарлари маҳаллий бюджет даромадларининг тасдиқланган прогнози ижро этилгани учун 10 фоиз, бюджетга тўловлар бўйича солиқ қарздорлиги қисқартирилгани учун 20 фоиз ва маҳаллий бюджет даромадларини ошириш резервларини аниқлаш бўйича ҳисоб-китоб кўрсаткичлари бажарилгани учун 20 фоиз миқдорида мукофотланади.

Аксинча, юқорида кўрсатилган мезонларнинг ижроси таъминланмагани учун уларнинг лавозим маошларидан 30 фоиз миқдорида жарима санкцияларини қўллаш тизими жорий этилади.

Молия ва солиқ органлари раҳбарларини мукофотлаш ёки жавобгарлик чораларини қўллаш молия вазири ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг тавсияларига кўра амалга оширилади.

Қозоғистон ва Россияга поездда борувчилар чиптани эрта олса, арзон олади

2018 йилдан бошлаб Россия ва Қозоғистон темирйўл йўналишидаги тўғридан-тўғри йўловчи рейсларига чегирмалар жорий қилинади. Бу ҳақда “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамиятига таяниб, ЎзА хабар қилди.

2 январдан эътиборан чипталарнинг олдиндан харид қилиш муддатига қараб қуйидагича чегирмалар белгиланди:

- агарда йўловчи купе ва махсус вагонлар учун чиптани поезднинг жўнаш кунидан 45-31 сутка олдин харид қилса, 45 фоизлик 30-6 сутка олдин харид қилса, 35 фоизлик чегирма олади;

- агарда йўловчи плацкарт вагонлар учун чиптани поезднинг жўнаш кунидан 45-31 сутка олдин харид қилса, 35 фоизлик чегирма тақдим этилади;

- агарда йўловчи плацкарт вагонлар учун чиптани поезднинг жўнаш кунидан 30-6 сутка олдин харид қилса, 35 фоиз чегирма берилади;

- агарда йўловчи чиптани поезднинг жўнаш кунидан 5 сутка олдин ва ундан камроқ вақт қолганда харид қилса, 5 фоизлик устама қўшилиши мумкин;

Мазкур чегирмалар ички йўналишлар, шунингдек, уюшган йўловчилар гуруҳига нисбатан татбиқ этилмайди.

Путин: 2017 - Ўзбекистон ва Россия муносабатларида чинакам муваффақиятлар йили бўлди

Владимир Путин

Бу ҳақда Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган табригида айтилган:

“Сизни кириб келаётган Янги йил билан чин юракдан табриклайман. Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида ўтиб бораётган йил Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларда чинакам маънода муваффақиятлар йили бўлди. Икки томонлама ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиққан бир қатор муҳим келишувлар имзоланди.

Аминманки, эришилган натижаларга таянган ҳолда биз Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкорлиги ва иттифоқчилиги янада ривожланишини таъминлаймиз ва Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаол ҳамкорликни давом эттирамиз”, дейилган Путиннинг табригида.

Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари акциз солиғи яна оширилди

Ўзбекистонда фильтрли, фильтрсиз сигарета ва папирослар учун акцизлар (ҳар минг донага) 37432 сўмдан 84222 сўмга оширилади.

Алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи чорак қисмга ортади.

Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 29 декабрдаги қарорида маълум қилинди.

2017 йили сигареталар учун акциз 30 фоизга, 2016 йилда эса 50 фоизга ошган эди.

Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг акциз солиғи ошади.

Ўзбекистонда спиртли ва тамаки маҳсулотлар ишлаб чиқариш рентабеллиги юқори бўлгани учун уни ишлаб чиқарувчиларга нисбатан солиқ тизимини такомиллаштириш мақсадида деярли ҳар йили шундай чора кўрилади.

Мирзиёев афв этган собиқ маҳбуслар Каримов қабрини зиёрат қилди

Каримовнинг Самарқанддаги қабри ёнидаги масжид

Илгари турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолгани сабабли озодликдан маҳрум этилган ва Ўзбекистоннинг жорий президаенти Шавкат Мирзиёев қарори асосида озодликка чиқарилган ва афв этилган фуқаролар учун Самарқанд вилоятига икки кунлик зиёрат ташкил этилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, собиқ маҳкумлар Самарқанддаги "Имом Бухорий" ёдгорлик мажмуасида бўлишган, шунингдек, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов мақбарасини ҳам зиёрат қилишган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида президент Шавкат Мирзиёев 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Ўтган бир йил давомида 14 нафар журналист, сиёсий партиялар фаоллари ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Муҳаммад Бекжон, Аъзамжон Фармонов, Солижон Абдураҳмонов, Бобомурод Раззоқов, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Рустам Усмонов, Самандар Қўқонов, Эркин Мусаев, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Даврон Тожиев ва Муҳаммадали Қорабоев озод этилди.

Ҳюман Райтс воч инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида яна 12 нафар инсон ҳуқуқи фаоли ва журналистлар қолмоқда.

"GM Uzbekistan" ногиронлар учун мўлжалланган Spark автомобилини тақдим этди

Ўзбекистондаги "GM Uzbekistan" автомобил ишлаб чиқарувчи ширкати ногиронлар учун мўлжалланган махсус мосламали Spark русумли автомобилни тақдим этди.

Бу ҳақда хабар берган "Ўзавтосаноат" матбуот хизматига кўра, "GM Uzbekistan" томонидан ногиронлар учун мўлжалланган махсус мосламали Spark автомобили ногиронларга қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқарилмоқда.

Келажакда ушбу транспорт воситаларини кенг ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларни ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланишлари учун етказиб бериш кўзда тутилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ ногирон борлиги айтилади.

Bloomberg: Ўзбек сўми 2017 йилнинг энг қадрсиз валютаси

Қимматли қоғозлар бозоридаги вазияни кузатиб борувчи Bloomberg маркази 2017 йилнинг энг қадрли ва энг қадрсиз валюталари рейтингида Ўзбек сўмини ўтаётган йилнинг энг қадрсиз валютаси, дея эълон қилди.

Рейтингга кўра, ўзбек сўми 2017 йилда унинг курси 60 фоизга пасайган.

5 сентябрдан АҚШ долларнинг Ўзбекистондаги расмий курси 3889 сўм 65 тийиндан 8100 сўмга оширилган ва сўмнинг қурби қарйиб иккки баравар қадрсизланганди.

Тожикистон сомонийси ҳам рейтингда энг қадрсиз валюталар сафида келтирилган бўлиб, унинг курси 10,7 фоизга пасайган.

Bloomberg рейтингига кўра, йилнинг энг кўп фойда келтирган валютаси Мозамбик метикалидир.

Ундан кейинги ўринларда Чехия кронаси ва Польша злотийси қайд этилди, уларнинг курси 18 фоизга кўтарилган.

Ўзбекистон билан Россия ўртасида тинч атом бўйича битим имзолади

«Росатом» бош директори Алексей Лихачев.

Ўзбекистон ва Россия жума куни атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро битимни имзолади. Бу ҳақда «Росатом» давлат корпорацияси ахборот хизматига таяниб, кун.уз хабар қилди.

Ҳужжат Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов ва «Росатом» бош директори Алексей Лихачев томонидан имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадда фойдаланиш соҳасида икки томонлама ўзаро алоқалар учун ҳуқуқий асос яратади.

«Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун истиқболли йўналишлар орасида Ўзбекистон атом энергетикаси учун миллий инфратузилмани яратиш ва такомиллаштириш ҳамда кадрларни тайёрлаш, мамлакатда АЭС ва тадқиқот реакторларини қуриш, шунингдек уларни бутун цикл давомида қўллаб-қувватлаш кабилар бор», - дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳамкорликдаги ишларнинг эҳтимолий йўналишлари орасида Ўзбекистон минерал-хомашё базасини ўрганиш билан уран конларини қидириш ва ўзлаштириш, уран моддасини сақлаш бўйича махсус жойларни асл ҳолатига қайтариш, радиофаол изотопларни ишлаб чиқариш ва уларни саноатда, тиббиёт ҳамда қишлоқ хўжалигида қўллаш, бошқа илмий тадқиқотлар бор.

Битим аниқ лойиҳалар ва илмий тадқиқотларни бажариш учун қўшма ишчи гуруҳларни ташкил этиш, экспертлар билан алмашиш, семинарларни ташкиллаштиришни ҳам назарда тутади.

Ўқитувчиларни калтаклаган Сайхунобод ҳокими иши судга оширилди

Сайхунобод тумани прокуратураси мулозими 5 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Носиржон Эгамбердиев устидан даъвочи йўқлиги сабаб унга нисбатан жиноий иш очилмаганини айтган эди.

Сайхунобод туман прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижаси бўйича шу туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ва 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилганҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Бу ҳақда kun.uz сайти Сирдарё вилояти прокуратурасига таяниб хабар қилди.

Сайтга кўра, ҳоким устидан қўзғатилган иш 2017 йил, 28 декабрда маъмурий ишлар бўйича Сайхунобод туман судига юборилган.

Хабар қилинишича, айни пайтда, Сайхунобод туман ҳокими Н.Эгамбердиев ҳам туман прокурори номига ариза билан мурожаат этиб, унда 28 август куни туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишдан яширин равишда ёзиб олинган видеотасвирни оммавий ахборот воситаларига чиқариб юбориб, унинг обрўсига путур етказган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

“Текшириш натижаси бўйича Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежи директори К.Раҳмоновнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 46-моддасида назарда тутилган фуқароларга маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, яъни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий зарар етказадиган маълумотларни ошкор этиш ҳуқуқбузарлиги аломатлари мавжуд бўлганлиги аниқланган”, дейилган сайт хабарида.

Сайхунобод тумани прокуратураси мулозими 5 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Носиржон Эгамбердиев устидан даъвочи йўқлиги сабаб унга нисбатан жиноий иш очилмаганини айтган эди.

Озодлик Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиев жорий йил августида мактаб директорларини Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб бормагани учун калтаклаётгани акс этган видеони эълон қилган эди.

"Ўзбекнефтегаз" Европа стандартларига жавоб берувчи бензин сотадиган АЁҚШлар тармоғини барпо этмоқчи

Таъсисчиларидан бири “Ўзбекнефтегаз” бўлган Jizzakh Petroleum қўшма корхонаси Ўзбекистонда тижорат нархлари асосида хориждан келтирилган бензин билан савдо қилувчи АЁҚШлар тармоғини барпо этади.

Podrobno.uz хабарида айтилишича, мазкур тармоқда Европа сифати ва стандартларига мос келувчи Аи-92, Аи-93, Аи-95, Аи-98 бензини ва дизель ёқилғиси сотилади.

“Ўзбекнефтегаз” бу иш “яқин кунларда амалга оширилишини” маълум қилди, лекин аниқ бир муддат ҳақида билдирмади.

Хабарда айтилишича, Jizzakh Petroleum қўшма корхонаси йилига "Евро-5" стандартига мос келувчи 5 миллион тоннагача нефтни қайта ишлашни, 3 миллион 700 минг тонна мотор мойлари, 700 минг тоннадан кўпроқ авиация керосни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Тошкент вилоятида 15 январдан аналог телеканаллар трансляцияси тўхтатилади

Тошкент вилоятида 2018 йилнинг 15 январидан бошлаб аналог телеканалларни трансляция қилиш тўхтатилади. Бу ҳақда 28 декабрда Радиоалоқа, радиоэшиттирш ва телевидения марказига таянган ҳолда Podrobno.uz хабар берди.

Хабарда айтилишича, аналог телевидениядан воз кечиш босқичма-босқич амалга оширилади ва 2018 йил охирига бориб, аналог телевидения бутун мамлакат ҳудудида ўчирилади.

Аввалроқ рақамли телевиденияга ўтиш жараёни учун бепул рақамли телеканаллардан иборат мультиплекс шакллантирилгани хабар қилинган эди. Мазкур мультиплексга Миллий телерадиокомпания таркибига кирувчи телеканаллар ва мустақил телекомпаниялар киритилган.

Хабарда айтилишича, рақамли телевидения жорий этилиши ортидан кабел телеканаллари фаолияти тўхтатилмайди, лекин кабел телеканаллари операторлари аналог ўрнига рақамли телеканалларни эфирга узатади.

Ўзбекистонда рақамли телеканаллар тизимини шакллантириш учун Япония қарз берган эди.

Дастлаб, бу мақсад учун ажратилган кредит миқдори 78 миллион доллар экани айтилган. Бироқ сўнгги хабарда Япония берган қарз миқдори 62,5 миллион доллар экани қайд этилди.

Халқаро пресс клуб ва Kun.uz Мирзиёевни “президент ва миллат етакчиси” деб атади

Шавкат Мирзиёев.

Kun.uz сайтида 29 декабрда чоп этилган Халқаро Пресс-клубнинг Таҳлил ва мониторинг бўлими бошлиғи Сардор Усмонов мақоласига “Президент ва миллат етакчисининг мурожаатномаси”, деб сарлавҳа қўйилган.

“Буюк нотиқнинг маърузаси уч муҳим жиҳат билан фарқ қилади. Булар услуб, мазмун ва ўзининг мақсадли аудиториясига ўтказган таъсиридир. Атоқли тарихий нутқлар олийжаноб қадриятларга таянган ҳолда келажак ҳиссиётини ифодалайди ва миллат олдида турган вазифаларни бажариш учун бутун давлат ва жамият кучини сафарбар этишга даъват этади. Пировардида эса бундай нутқлар миллат онгининг ажралмас қисми сифатида хотирада сақланиб қолади”, дейилади Мирзиёевнинг 22 декабрда Олий Мажлисга мурожаат нутқига муносабат билдирилган мақолади.

Ўзбекистонда собиқ президент Ислом Каримов матбуот ва халқ орасида “юртбоши” сифатида алқанар эди.

Ўзбек матбуоти президентга нисбатан “миллат етакчиси” таърифини биринчи марта ишлатмоқда.

Прокуратура Сергелидаги янги уйларни бўлиштирганларга жиноят ишларини очди

Сергелида янги қурилган уйлардан бири.

Тошкентда Сергели туманидаги янги қурилган уйларни муҳтож оилаларга бўлиштириш жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликлар юзасидан жиноят иши очилди.

Газета.uz нашрининг Тошкент шаҳар прокуратураси расмийси Бобир Деҳқоновга таянган ҳолда 28 декабрда билдиришича, уй-жой бўлиштириш комиссияси айрим ҳужжатларни, жумладан, яшаш шароитини текшириш, кадастр ва уй олувчининг иш ҳаққига оид ҳужжатлар соҳталаштиргани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 11та жиноят иши очилган ва Жиноят кодексининг ”хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш”, “масъулиятсизлик”, “хизмат ваколатидан фирибгарлик билан фойдаланиш”, “мурожаатлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш” моддалари асосида айбловлар билдирилган.

Прокуратура расмийси мазкур жиноят иши бўйича қанча одам жавобгарликка тортилаётгани тўғрисида маълумот бермади. Унга кўра, бу иш юзасидан тергов давом этмоқда.

Озодлик радиоси "Камбағаллар учун Сергелида қурилган уйлар бойларга бўлиштириб берилгани" тўғрисида 24 ноябрда хабар берган эди.

Саудия Арабистони Ўзбекистон учун Умра квотасини оширди

Ҳаж амалларини бажариш учун Маккага жўнаб кетаётган ўзбекистонликлар.

Саудия Арабистони Ўзбекистон учун 2018 йилга мўлжалланган Умра квотасини деярли икки баробарга кўпайтирди.

Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси вакилига таянган ҳолда 28 декабрда хабар берган Новости агентлигининг ёзишича, 2018 йили 10 минг ўзбекистонлик Умра зиёратини амалга оширади. Аввалги йилларда Умра зиёратига ҳар йили 6 минг нафарга яқин ўзбекистонлик жўнатилар эди.

Диний идора вакили бундай келишувга Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси, Мусулмонлар идораси раҳбариятининг Ҳаж ва Умра зиёратлари бўйича Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳамкори ҳисобланган Al-Hidaya ширкати вакиллари билан ўтказган музокараси чоғида эришилганини айтди.

Жорий йилда Ўзбекистон учун Ҳаж квотаси 1,4 мартага оширилиб, 7 минг 200 кишига етказилган эди. Бироқ Умра квотаси 6 минг киши миқдорида сақланиб қолинган эди.

2018 йилдан бошлаб Қурбон ва Рамазон ҳайит байрамларида узлуксиз 3 кун дам олинади

Фатҳ жоме масжиди. Тошкент вилояти.

"Халқимизнинг маънавий ҳаётида олийжаноблик, миннатдорчилик, эзгулик, раҳмдиллик, ҳамжиҳатлик фазилатлари белгиланишида муқаддас Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, миллий-маънавий қадриятларимизни юксалтириш ва сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига қўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланиши кўзда тутилмоқда".

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармони айтилгани тўғрисида ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Тилга олинган фармонга биноан Ўзбекистонликлар Янги йил, Наврўз ва Мустақилликда қаторасига 5 кундан дам олажаги тўғрисида олдинроқ хабар берилган эди.

Ўзбекистонликлар Янги йил, Наврўз ва Мустақилликда қаторасига 5 кундан дам олади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги Фармонни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган gazeta.uzга кўра, ҳужжат давлат байрамлари даврида, қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида фуқароларга тўлиқ ва фойдали дам олиш учун қўшимча шароитларнинг яратилишини таъминлашга қаратилган. Шу мақсадда 2018 йилда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик куни давлат байрамларига тўғри келган қўшимча ишланмайдиган кунлар қонунчиликда белгиланмоқда, шунингдек айрим дам олиш кунларини ушбу байрам саналарига яқин бўлган иш кунларига кўчирилиши амалга оширилмоқда. Натижада 2018 йилда байрам кунларида узлуксиз дам олиш давомийлиги қўшимча ишламайдиган кунларни белгилаш ва айрим дам олиш кунларни кўчириш орқали таъминланади:

Янги йилга — 5 календарь куни (2017 йил 30 ва 31 декабрь -календарь бўйича дам олиш кунлари, 2018 йил 1 январь — ишламайдиган байрам куни, 2018 йил 2 январь — қўшимча ишламайдиган кун, 2018 йил 3 январь — 6 январдан кўчирилган дам олиш куни);

Наврўз байрамига — 5 календарь куни (18 март — календарь бўйича дам олиш куни, 19 март — 17 мартдан кўчирилган дам олиш куни, 20 март — кўшимча дам олиш куни, 2018 йил 21 март — ишламайдиган байрам куни, 22 март — 24 мартдан кўчирилган дам олиш куни);

Мустақиллик кунига — 5 календарь куни (2018 йил 31 август — кўшимча ишламайдиган кун, 2018 йил 1 сентябрь — ишламайдиган байрам куни, 2 сентябрь — календарь бўйича дам олиш куни, 3 — сентябрь 15 сентябрь шанба кунидан кўчирилган дам олиш куни, 4 сентябрь — 8 сентябрдан кўчирилган дам олиш куни).

Тошкент билан Бишкек ўртасида солиққа оид битим имзоланди

Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати хабар қилди. Айтилишича, 2017 йилнинг 5 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси ҳукумати ўртасида Солиқ қонунчилигига риоя этиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битим 2017 йил 26 декабрда кучга кирди.

Мазкур ҳужжат солиқ масалаларида ҳамкорлик қилиш ва ўзаро ёрдам бериш ҳамда тажриба ва ахборот алмашишнинг самарали механизмларини кенгайтириш учун ҳуқуқий асос яратишга ҳамда икки давлатда солиқ қонунчилиги бузилишини олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган.

Ушбу Битим доирасида ҳамкорлик томонлар давлатларининг солиқ идоралари орқали бир-бирларига ёрдам бериш тўғрисида сўров жўнатиш йўли билан амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳасидаги иштироки юзасидан музокаралар бўлди

Қамбарота-2 ГЭСи 2011 йилда ишга туширилган эди.

Ўзбекистоннинг Қамбарота-1 ГЭСи қурилишида иштирок этиши юзасидан эришилган келишув қоғоздагина қолмай, балки амалга тадбиқ этила бошланди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Данияр Сидиков маълум қилди.

Podrobno.uz нашрининг 27 декабрда хабар беришича, элчи Тошкентда Қамбарота-1 ГЭСини қуриш бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон ишчи гуруҳлари ўзининг биринчи учрашувини ўтказганини ва ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинганини айтди.

Сидиковга кўра, Ўзбекистон мазкур ГЭС лойиҳасида ҳам технологик, ҳам заҳира жиҳатидан ҳам иштирок эта олади.

Октябрь ойнинг бошларида “Ўзбекгидроэнерго” ва Қирғизистоннинг Миллий энергетика холдинги Қамарота-1 ГЭСи лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш масаласида меморандум имзолаган эди.

Ўзбекистон узоқ йиллардан бери Қирғизистонга сув заҳираларини тўлиқ назорат қилиш имкониятини берувчи бу лойиҳанинг амалга оширилишига қарши чиқиб келаётган эди.

Қамбарота-1 ГЭСи 1860 мегаватт қувватга эга бўлиб, йил сайин 5 миллиард 100 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқиши режалаштирилмоқда. Қамбарота сув омбори эса 4 миллиард 600 минг кубометр сув сақлашга мўлжалланади.

Қамчиқ довонида 44 та автомашина қор уюмидан чиқариб олинди

Қамчиқ довонида кетаётган машина.

Қамчиқ довонида 27 декабрда 44та автомашина қор уюмидан чиқариб олинди ва 25 нафар одамга тиббий, психологик ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги матбуот хизмати маъулум қилди.

Хабарда айтилишича, бундай вазият Қамчиқ довонида кучли шамол эсгани, қор ёққани ва йўлларнинг музлагани оқибатида пайдо бўлди. 27 декабрь куни кечга яқин Қамчиқ довонидаги йўллар қордан тозаланиб, икки томонлама ҳаракатланиш қайта йўлга қўйилди.

Йўлларни тозалаш пайтида ҳаракат вақтинчалик чеклангани муносабати билан ҳайдовчи ва йўловчилар учун кутиш ва исиниш масканлари ташкил этилди.

"1800 нафарга яқин киши 45та умумий овқатланиш масканларига жойлаштирилиб, иссиқ чой ва овқат билан таъминланди, улардан 29 нафар бола оналари билан «Она ва бола» хоналарига жойлаштирилди. 25 нафардан ортиқ ҳайдовчи ва йўловчиларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди, 44та автотранспорт воситалари қор уюмидан чиқариб олинди, улардан 6 та автотранспорт воситалари эвакуатор ёрдамида техник таъмирлаш масканларига етказилди. Ҳаракатдаги стационар ёқилғи қуйиш шохобчаси ташкил этилди", дейилади расмий маълумотда.

2019 йилдан енгил автомобилларни техник кўрикдан тадбиркорлик субъектлари ўтказади

2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш фақатгина тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматининг 22 декабрдаги қарорига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

2018 йил 1 январдан бошлаб эса, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг жисмоний шахсларнинг енгил автотранспорт воситаларини (юк, йўловчи ва махсус транспорт воситаларидан ташқари) мажбурий техник кўрикдан ўтказиш функцияси босқичма-босқич тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларга топширилади.

15 январга қадар техник кўрикдан ўтказганлик учун тўловлар миқдорлари қайта кўриб чиқилиши, бунда транспорт воситаси тоифаси ҳисобга олинган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар учун алоҳида дифференцияланган тўлов миқдорлари жорий этилиши лозим.

Ички ишлар вазирлиги доимий равишда тадбиркорларнинг техник кўрикдан ўтказиш борасидаги фаолиятини мониторинг қилиб, самарадорлигини таҳлил қилиб боради. 2018 йилда техник кўрикдан ўтказиш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши лозим.

11 ойда ички ишларнинг 201 ходими жиноий жавобгарликка тортилди

Жорий йилнинг 11 ойида ички ишлар тизимида хизмат интизомини бузганлиги учун 7,5 мингга яқин ходим интизомий жазога, жиноят содир этганлиги учун эса 201 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбирига берган интервьюсида билдирган.

“Биз бундай масъулиятсиз ходимларни аниқлаш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ва сафларимизни тозалаш бўйича манзилли чора-тадбирларни давом эттирамиз”, - деган ички ишлар вазири.

Улуғнорнинг селектор мажлисидан кейин ўлган ҳокими ўрнига янги ҳоким тайинланди

Улуғнор тумани ҳокими 57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтган эди.

Андижон вилоят, Улуғнор туман Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Дониёр Тўйчиевич Махсудов туманга ҳоким этиб тайинланди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрга кўра, 1976 йилда туғилган Дониёр Махсудов шу вақтгача Андижон вилоятининг Булоқбоши туманига ҳокимлик қилиб келаётганди. У янги лавозимда октябрь ойида вафот этган Асилбек Юсупов ўрнида иш бошлайди.

57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтган эди. Туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ 6 октябрь куни дафн қилинган Юсупов 3 октябрь куни пахта йиғим-теримига оид вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов​ ўтказган селектор мажлисида ҳоким томонидан тергалгани ортидан иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб, йиқилиб тушган.

Улуғнор туман Халқ депупутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.

ЎзА: Молия вазирлиги тизимидан 500 дан ортиқ ходим ишдан бўшатилган

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги танқиддан кейин Молия вазирлиги тизимида катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Собиқ Молия вазири ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи паноҳида бўлган ва ҳанузгача тизимда ишлаб келаётган, молия тизимининг номига доғ тушираётган “каламушлар”ни ҳайдаш юзасидан ҳудудий раҳбарларга қатъий топшириқлар берилган.

23 декабрь куни Тошкент шаҳар давлат молиявий назорати бошқармаси бошлиғи ҳамда унинг 3 нафар ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилди.

Шундан сўнг, Молия вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан жойлардаги молия идораларидан 273 нафар (23 нафари раҳбар ходимлар):

Ғазначилик идораларидан 65 нафар (12 нафари раҳбар ходим):

Пенсия жамғармасидан 100 нафар (1 нафари раҳбар ходим):

Давлат молиявий назорати бошқармалари ходимларидан 100 нафари (4 нафари раҳбар ходим) жами молия тизими бўйича 562 нафар давлат идораси номига доғ туширган ходимлар ўз лавозимидан озод этилди.

Молия вазирлиги тизимидаги вакант иш ўринларини инновацион ғоя ва фикрга эга, замонавий технологияларни яхши ўзлаштирган, иқтидорли ёшлар билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи ҳамда иқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртларига мурожаатлар юборилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG