Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 18:58

Ўзбекистон

Магнитогорскда қулаган бинода ўзбекистонликлар йўқ

Қулаган бино

Екатеринбургдаги Ўзбекистон бош консулхонаси 1 январда тарқатган хабарга кўра, Россиянинг Челябинск вилояти Магнитогорск шаҳрида турар жой биноси қулаши оқибатида қурбон бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

ТАСС агентлигининг тезкор штабдаги манбага таяниб хабаб беришича, 31 декабрда Магнитогорскда турар жой биносининг қулаши натижасида ўлганлар сони саккиз нафарга етгани аниқланган.

Челябинск вилоятида 2 январь мотам куни дея эълон қилинган.

"Магнитогорск фожиаси бўйича вазиятни Бош консулхона жиддий назотга олган" дея маълум қилди Екатеринбургдаги консуллик.

Мирзиёев 2019 йилда аҳоли даромадини оширишга эътиборни кучайтирмоқчи

Диёримизни янада обод ва кўркам қилиш асосий вазифамиз бўлиб қолади, деди президент Шавкат Мирзиёев 31 декабрь оқшоми, 2019 йил киришига бир неча дақиқа қолганда Ўзбекистон халқига йўллаган табригида.

Президентнинг ўзбек ва рус тилларидаги табриги Миллий телевидение орқали кўрсатилди.

У 2018 йилда "барча соҳаларда халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига катта ўзгаришларни амалга оширдик" дея билдирди.

"Замонавий корхоналар, уй-жойлар, йўллар, кўприклар қурилди. Таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилди. Хорижий давлатлар, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик янада кучаймоқда. Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш учун салмоқли ишлар қилинди," дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Янги йил табригида давлат раҳбари "2019 йилнинг қадами қутлуғ келсин" дея тилак билдирди.

У жумладан яна шундай деди:

"Эҳтиёжманд оилалар ва ёрдамга муҳтож инсонларни ҳимоя қилишга, аҳоли даромадларини оширишга эътиборни янада кучайтирамиз. Муҳтарам фахрийлар, опа-сингилларимиз ва ёшларимизга ғамхўрлик кўрсатиш доимо диққатимиз марказида бўлади."

Президент Шавкат Мирзиёевнинг уч йилдан буён 31 декабрь оқшомида ТВ орқали халқни янги йил билан табриклайди.

Собиқ президент Ислом Каримов даврида унинг янги йил табриги доимо давлат телевидениесининг бошловчиси томонидан ўқиб эшиттириларди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: "Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга"

ЎзА ахборот агентлигининг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига таяниб хабар беришича, юқумсиз касалликлар мамлакат аҳолиси саломатлиги кўрсаткичига ўз таъсирини ўтказмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, "Ўзбекистон Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга".

Вазирлик бу ҳолатни "камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш" билан изоҳлаган.

"Аҳолининг 46 фоизида қон таркибида меъёридан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида эса қон босими юқори," дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қорақалпоғистондаги автоҳалокатда вазирликнинг уч мулозими ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат

"Нукус-Бухоро-Денов" автойўлининг Хўжайли туманидаги 810-километрида 27 декабрь куни эрталаб тахминан соат ўнларда содир бўлган автоҳалокатда тўрт киши ҳалок бўлди.

Газета.уз хабарига кўра, Nexia-3 автомобилининг сирпанчиқ йўлда бетон тўсиққа бориб урилиши оқибатида, машинадаги газ баллони портлаб кетган.

Фалокат оқибатида автомобилда бўлган барча одамлар - ҳайдовчи, Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмати вазири ўринбосари, "Туямўмин-Нукус" минтақалараро сувоқова эксплутацияси бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва Қорқалпоғистон Вазирлар Маҳкамасининг етакчи мутахассиси ҳалок бўлган.

Томчилатиб суғориладиган пахта майдонининг ҳар гектари учун давлат 8 млн сўм субсидия беради

Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда ўзининг Telegram каналида хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарор билан ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Томчилатиб суғоришни жорий қилганлар ҳамда ушбу тизимни ишлаб чиқарувчиларни қуйидагича қўллаб-қувватлаш белгиланди:

бюджет маблағидан томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун ҳар бир гектар ерга 8 млн сўм субсидия берилади;

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, таъмирлаш учун ажратиладиган кредит бўйича фоизлар банклар томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 млн сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида қопланади;

импорт шартномаларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича тузиладиган импорт шартномаларига қўлланилмайди;

томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашё 2021 йил 1 январгача божхона божини тўлашдан озод этилади.

Қарорга мувофиқ, Ҳукуматнинг сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлари тасдиқланди.

Шунингдек, қарор билан 2019-2020 йилларда пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

“Йўл харитаси” доирасида сувни тежайдиган технологияларни қўллаган ҳолда пахта хом ашёсини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган сувда эрувчан минерал ўғитлар ишлаб чиқарилади.

2019 йил 1 ноябргача томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишдаги рағбатлантиришларни экинларнинг бошқа турларига ҳам татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Умрага бундан буён хоҳлаган одам боравериши мумкинлиги хабар қилинди

Ҳукуматнинг Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига ўзгартириш киритилди.

Бу ҳақда ўзининг Telegram каналида хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, “Умра” сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин.

Илгариги тартибга кўра, Умра сафарига бориши мумкин бўлган зиёратчилар квотаси ҳар йили ўн минг киши этиб белгиланган эди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари белгиланди

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисидаги Президент қарорига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари қуйидаги миқдорда белгиланди:

Чакана савдо

Озиқ-овқат ва бошқа товарларни сотиш:
Тошкент шаҳри – 1 000 000 сўм;
Нукус шаҳри ва вилоятлар маркази – 750 000 сўм;
бошқа шаҳарлар – 400 000 сўм;
бошқа аҳоли пунктларида – 300 000 сўм.

Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (айрим маҳсулотларни истисно қилганда) сотиш:

Тошкент шаҳри – 400 000 сўм;
Нукус шаҳри ва вилоятлар маркази – 200 000 сўм;
бошқа шаҳарлар – 100 000 сўм;
бошқа аҳоли пунктларида – 50 000 сўм.

Газета, журнал ва китоблар сотиш:

Тошкент шаҳри – 500 000 сўм;
Нукус шаҳри ва вилоятлар маркази – 250 000 сўм;
бошқа шаҳарлар – 200 000 сўм;
бошқа аҳоли пунктларида – 50 000 сўм.

Марказий банк Ўзбекистоннинг неча пуллик ташқи қарзи борлигини билдирди

Марказий банк

Ўзбекистон Республикаси умумий ташқи қарзининг ҳажми 2018 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 16,4 млрд. долларни ташкил қилди. Бу маълумот Марказий банкнинг "Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи" тўғрисидаги ҳисоботида келтирилди.

Ҳисоботга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 14,5 млрд доллардан 14,7 млрд долларгача ошганди. Ташқи қарз учинчи чоракда 2018 йилнинг бошига нисбатан 4,2 фоизга ёки 664,3 млн. долларга ўсган.

Марказий банкка кўра, давлат ташқи қарзи давлат томонидан жалб қилинган қарз ва давлат кафолати остида олинган қарздан иборат.

Хусусий ташқи қарз хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан давлат корхоналарининг, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарзидан иборат бўлади.

Марказий банк: 9 ойда 2 млрд долларлик табиий газ экспорт қилинди

Асака шаҳри (Андижон) яқинидаги газга навбатда турган автомашиналар. 2018, 22 декабрь.

Ўзбекистон жорий йилнинг 9 ойида 2 млрд долларлик табиий газ экспорт қилди. Бу маълумот Марказий банкнинг "Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи" тўғрисидаги ҳисоботида келтирилди.

Ҳисоботга кўра, "2018 йилнинг учинчи чорагида газ экспорт ҳажми 834,8 млн долларни ташкил этди. Бунда экспертлик баҳолаши асосида, умумий қийматнинг умумий ҳажмга нисбати сифатида ҳисобланган газнинг ўртача нархи жорий йилнинг 9 ойи учун 1000 кубометр учун 145 долларни ташкил қилди".

Айни пайтда мамлакатнинг ўзида газ тақчиллиги йиллардан буён ечими топилмаётган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

2019 -“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”

Ўзбекистон президенти тадбиркорлик, бизнес учун янада қулай муҳит яратиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, пенсия таъминотини яхшилаш бўйича ҳам кўп ишлар қилиниши кераклигини таъкидлаб, келгуси йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном беришни таклиф қилди.

Президент Мирзиёев 28 декабрь куни мамлакат парламентида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Мурожаатномасини ўқиб эшиттирди.

Ортда қолаётган йил Ўзбекистонда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш» йили деб номланган эди.

Шавкат Мирзиёев Россия, Туркия, Қозоғистон ва Туркманистон президентлари билан телефонда гаплашди

Мирзиёев Путин ва Назарбоев билан.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан телефон орқали суҳбатлашди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, эзгу тилаклар билдирдилар.

“Суҳбат чоғида ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, 2018 йилда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш якунлари сарҳисоб қилинди, кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари ва аниқ лойиҳалари кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.

Тошкентда ҳарбий оркестр Қорбоболар парадини ўтказмоқда

Тошкентда қорбоболар. Тошкент шаҳри бўйлаб 505 та маҳалла пойтахтни Қорбобо билан таъминламоқда.

Тошкентда Қорбоболар паради ўтказилмоқда. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, 27 декабрда бошланиб 3 январда якунланадиган мазкур парад Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий оркестри томонидан уюштирилди.

Қорбобо кийимини кийган ҳарбий санъаткорлар Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари учун марказий кўчаларда Қорбобо кийимида байрамона концерт дастурларини намойиш этмоқда.

31 декабргача бундай томошаларни метро станцияларида, кўнгилочар марказлар ва йирик савдо марказларида ўтказиш режалаштирилган.

“Бундан ташқари Тошкентнинг бош арчаси ўрнатилган майдонда 2019 йилнинг 3 январига қадар соат 19:00 дан 20:00 гача мазкур томошалар бўлиб ўтади”, деб билдирилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент шаҳри бўйлаб 505 та маҳалла фуқаролар йиғини ўз посбон ва кўнгилли фаолларини Қорбобо кийимида бу йилги "Янги йил" байрами тадбирларига йўллаши маълум қилинган эди.

Акбар Жўраев йилнинг энг яхши спортчиси сифатида 10 минг доллар билан мукофотланди

Оғир атлетикачи Акбар Жўраев. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан олинган фотосурат.

Оғир атлетикачи Акбар Жўраев Ўзбекистоннинг 2018 йилдаги энг яхши спортчиси бўлди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида махсус комиссия 27 декабрь куни мана шундай қарор қабул қилди.

Акбар Жўраев 1-10-ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхободда ўтган Жаҳон чемпионатида 102 килограммгача бўлган вазнда даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медаль билан тақдирланган.

19 ёшли Акбар Жўраев “Йилнинг энг яхши спортчиси” Миллий кубоги, белгиланган намунадаги гувоҳнома ҳамда 10 минг доллар пул мукофоти билан тақдирланди.

Хабарда айтилишича, “Йилнинг энг яхши спортчиси” мукофотига жами 28 спортчи номзоди кўрсатилган. Жумладан, Бекзод Абдураҳмонов, Мўминжон Абдуллаев, Диёрбек Ўрозбоев, Исроил Мадримов, Светлана Радзивил, Вадим Менков ҳамда Денис Истомин каби юлдузлар номзодлар рўйхатига киритилган эди.

"Ўзбекэнерго": Афғонистонга Ўзбекистон импорт қилган электр қувватини экспорт қилмоқда

"Афғонистонга қилаётган экспортимиз юзасидан кўп танқидлар эшитамиз. Лекин бир нарсани тўғри тушунишимиз керак – биз Афғонистонга ўзимизда ишлаб чиқарилган, биринчи навбатда ўз истеъмолчиларимиз учун мўлжалланган электр энергиясини экспорт қилмаяпмиз. Бизда импорт ҳажми экспорт ҳажмидан анча кўп, яъни ўзимиз харид қилаётган электр энергиясининг бир қисмини фойдали асосларда Афғонистонга етказиб бераяпмиз. Бу ҳамкорлик келишувларга асосланган ва жамиятимиз буни бажаряпти".

«Ўзбекэнерго» АЖ раҳбари Улуғбек Мустафоевнинг бу гапини kun.uz сайти келтирди.

Олдинроқ "Ўзбекэнерго" АЖ матбуот хизматининг Ўзбекистонда ҳозирги вақтда иш фаолиятида бўлган энергетика қурилмалари ўтган асрнинг ўрталарида ишга туширилган бўлиб, уларнинг деярли 67 фоизи эскиргани, мамлакатдаги мавжуд электростанциялар ҳам ўтган асрнинг 50-60 йилларида барпо этилган бўлиб, уларнинг аксариятида қувватлар аллақачон муддатини ўтаб бўлгани, энг янгиси ҳисобланган Тахиатош ИЭСнинг ҳам фойдаланишга топширилганига 27 йилдан ошгани тўғрисидаги баёноти тўғрисида хабар қилган эдик.

Наманганда она-бола газдан заҳарланиб ҳалок бўлди

26 декабрга ўтар кечаси Наманган шаҳар “Ҳақиқат” МФЙда яшаган Г.М. исмли аёл уйида ўғли билан бирга газ плитасидан сизиб чиққан табиий газдан заҳарланган ва воқеа жойида вафот этган.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасига кўра, фожиа она-бола ухлаётган пайтда содир бўлган.

Хабарда она ва унинг фарзандининг шахсига оид маълумотлар очиқланмаган.

Суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

"Ўзбекэнерго" чироқ нега ўчаверишини тушунтирди

Ўзбекистонда ҳозирги вақтда иш фаолиятида бўлган энергетика қурилмалари ўтган асрнинг ўрталарида ишга туширилган бўлиб, уларнинг деярли 67 фоизи эскирган.

Бу маълумот "Ўзбекэнерго" АЖ матбуот хизматининг баёнотида келтирилган.

Маҳаллий сайтлар эълон қилган баёнотда айтилишича, мамлакатдаги мавжуд электростанциялар ҳам ўтган асрнинг 50-60 йилларида барпо этилган бўлиб, уларнинг аксариятида қувватлар аллақачон муддатини ўтаб бўлган. Энг янгиси ҳисобланган Тахиатош ИЭСнинг ҳам фойдаланишга топширилганига 27 йилдан ошган.

«Ўзбекэнерго» ўз хатида электр энергияси таъминотини яхшилаш устида ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида ёзган.

Халқаро миграция ташкилоти Конституциясини ратификация қилиш тўғрисидаги Қонун имзоланди

Халқаро миграция ташкилоти рамзи

Халқаро миграция ташкилоти Конституциясини ратификация қилиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги Telegramдаги саҳифасида хабар қилди.

Халқаро миграция ташкилоти Конституцияси 1953 йил 19 октябрда Брюссель шаҳрида (Бельгия) қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжатда мигрантларнинг ташкилий ҳаракатланиши, миграцион хизматлар кўрсатишни таъминлаш (йиғим, танлов, миграцияга тайёрлаш, тил ўргатиш, мигрантларга ахборот бериш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва б.), мигрантларнинг ҳуқуқий ҳимояси, халқаро давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш каби масалалар белгиланган.

Ўзбекистон Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияга қўшилди

Ўзбекистон президенти 26 декабрда имзолаган Қонун билан Ўзбекистон Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммалари ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенцияга қўшилди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Конвенция 1971 йил 29 октябрда Женева шаҳрида (Швейцария) қабул қилинган.

Давлат солиқ қўмитасига раис тайинланди

Беҳзод Мусаев (ДСҚ расмий сайтидан олинди)

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мусаев Беҳзод Анварович Давлат солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Беҳзод Мусаев (1973 й. т.) жорий йил март ойида ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари, май ойидан эса ДСҚ раиси вазифасини бажарувчи сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Давлат солиқ қўмитасини бошқариб келган генерал Ботир Парпиев жорий йил майида ишдан кетган эди.

Ўшанда Ботир Парпиевнинг ўрнига қўмита раиси вазифасини бажарувчи этиб Беҳзод Анварович Мусаев тайинланган.

Беҳзод Мусаев Ўзбекистон президенти қарори билан 12 март куни Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

Норасмий манбалар 2012 йилда Солиқ қўмитаси раиси 1-ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг ўз устидан жиноий иш очилиши арафасида АҚШдан сиёсий бошпана олганини иддао қилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Озодликда тасдиқлашнинг ҳозирча имкони бўлмаган бу хабарларга кўра¸ Беҳзод Мусаев 2012 йили АҚШга тажриба алмашиш дастури бўйича бориб, ўша ерда қолиб кетган. Норасмий манбаларга кўра, Беҳзод Мусаев бошпана сўрашини ватанида унга нисбатан хавф туғилгани билан изоҳлаган.

Ўзбекистонликлар ёниб кетган автобуснинг эгаси Қозоғистонга экстрадиция қилинди

Мана шу автобусда 2018 йил 18 январда 52 ўзбекистонлик ёниб кетган эди.

Ўзбекистонлик 52 киши ёниб кетган автобуснинг эгаси Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига экстрадиция қилинди. Tengrinews.kz нашрининг ёзишича, автобус эгаси Ордухан Мехтиев 1 декабрь куни Ўзбекистонда қўлга олинган эди.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Ордухан Мехтиев техник носоз автобусдан ноқонуний равишда фойдаланишда гумонланмоқда. У Чимкентдаги тергов изоляторида сақланмоқда.

Шу йилнинг 18 январь куни Самара-Чимкент автойўлининг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетганди.

Бу воқеадан сўнг Ордухан Мехтиевга нисбатан жиноят иши очилган, бироқ у Ўзбекистонга қочиб ўтиб, яширинган. Шундан сўнг у халқаро қидирувга берилган эди.

Ақтўбе суди 9 ноябрда автобуснинг уч ҳайдовчисини беш йилга озодликдан маҳрум этган. Суд уларни эҳтиётсизлик оқибатда одам ўлдириш ва автобусда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузишда айбдор деб топган эди.

Шахмат бўйича жаҳоннинг абсолют чемпиони ўзбек ўсмирига ютқазди

Шахмат бўйича биринчи абсолют жаҳон чемпиони Магнус Карлсен.

Ўзбекистонлик 16 ёшли шахматчи Шамсиддин Воҳидов шахмат бўйича жаҳоннинг амалдаги 16-чемпиони Магнус Карлсен устидан ғалабага эришди, деб хабар қилди Ўзбекистондаги нашрлар.

Бироқ Россиянинг “Спорт экспресс” нашрининг ёзишича, 26 декабрда Санкт-Петербургда бошланган шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида Магнус Карлсен 5та турда биринчи икки партияни ютқазган, қолган уч турда эса ғалаба қозонган.

Турнирга Карлсен 1-рақамли шахматчи спортчи сифатида ташриф буюрган. Ўзбекистонлик Шамсиддин Воҳидов эса мусобақада 188-рақамда сараланган. Воҳидов 14 ёшида ўсмирлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган.

“Шамсиддин Воҳидов жорий йилнинг 24 ноябрь — 3 декабрь кунлари Туркиянинг Кўнё шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида олтин медални қўлга киритган эди”, дейилади хабарда.

28 ёшли Магнус Карлсен шахмат бўйича 16-жаҳон чемпиони ва тарихдаги шахмат бўйича биринчи абсолют жаҳон чемпиони ҳисобланади. У бу унвонларни 2013 йилда қўлга киритган ва шу кунгача сақлаб келмоқда.

Қаршидаги руҳий касалликлар шифохонасида ёнғин юз берди

Иллюстратив сурат.

Қаршидаги 1-сонли руҳий-асаб касалликлари шифохонасида юз берган ёнғинда бир нафар бемор куйиш жароҳати олди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” газетаси хабар берди.

Хабарда айтилишича, шифохонанинг 2-қаватида чиққан ёнғинда 2 квадрат метр майдон ёнган. Олов шифокорлар томонидан ўчирилган. Даволанаётган беморлардан бири куйиш жароҳатини олган.

Суриштирув натижасида ёнғинга электр иситиш печи устига кийим-кечакларни қуритиш учун илиб қўйилгани сабаб бўлгани аниқланган.

Шуманайда қутурган шоқол одамларга ҳужум қилди

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида бир неча одамни қутурган шоқол тишлагани аниқланди. Улар бугунги кунда қутуриш касалига қарши даволанмоқда. Бу ҳақда “Даракчи” нашри хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Бегжап қишлоғида икки нафар эркак, Қарабайли қишлоғида бир нафар аёл қутурган шоқол ҳужумига учраган.

Туман ҳокимияти овчиларга қутурган шоқолларни отишга кўрсатма берди. Шоқолни отиб ўлдирган овчига 50 минг сўм мукофот пули ваъда қилинди.

Шуманай туманида шоқол аҳолига биринчи маротаба ҳужум қилаётгани йўқ. Ўтган йили ҳам туманнинг Дўстлик байроғи ва Дехқонобод қишлоғида бир гуруҳ болаларни шоқол талагани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Шавкат, Миромон ва Мирзиёнинг ота-онасига президент Cobalt совға қилди

Бундан аввал Бухоро ва Хоразмда ҳам уч эгизга Шавкат, Миромон ва Мирзиё исмлари қўйилган.

Тошкент шаҳрида туғилган уч эгизак Шавкат, Миромон ва Мирзиёнинг ота-онасига президент Cobalt автомашинасини совға қилди. Бу ҳақда «Дарё» нашри 25 декабрь куни хабар берди.

Шунингдек, оилага президент номидан коляскалар ва бошқа турли совғалар ҳам топширилди.

18 декабрда Тошкентда Руслан Қорёғдиев ва Моҳигул Шойиқуловалар оиласида уч эгизак ўғил фарзанд дунёга келгани ҳақида хабар берилган эди.

Яқинларига кўра, Руслан Қорёғдиев ва Моҳигул Шойиқулова​ ўғилларини ​Ўзбекистон президенти шарафига Шавкат, Миромон ва Мирзиё номлаганлар.

Ўтган йил худди шу пайт ​Хоразмнинг Гурлан туманида Мансурбек Матжонов дунёга келган уч ўғлига Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйганди.

2017 йилнинг апрель ойида эса Бухорода Жамшид Шодиев бирваракайига туғилган уч ўғлига Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб номлаганди.

Ўзбекистонда эгизак фарзандларига президент исмини бериш Ислом Каримов президентлиги даврида урф бўлганди.

Тўрт йил аввал Андижондаги оилалардан бирида туғилган 3 эгизак ўғилларга Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти шарафига Ислом, Абдуғани ва Каримжон деб исм берилган эди.

2013 йилда эса тўрт ўғил кўрган тошкентлик 33 ёшли Гулшан Ҳайдарова чақалоқларига Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим деб исм қўйган эди.

Ақмўлада совуқда қолган ўзбекистонликлар қутқарилди

Қозоғистонда қиш.

Қозоғистоннинг Ақмўла вилоятида совуқда қолган автобуснинг 53 йўловчиси Фавқулодда вазиятлар департаменти ходимлари томонидан иссиқ жойга эвакуация қилинди.

Казинформ агентлигининг билдиришича, эвакуация қилинган йўловчиларнинг асосий қисми Ўзбекистон фуқарорларидир. Хабарда уларнинг аниқ сони айтилмаган.

Хабар қилинишича, 25 декабрга ўтар кечаси «Петропавловск-Сариагаш» йўналишида кетаётган автобус йўловчилари Бурабай тумани ҳудудига етганларида совуқ қота бошлаганлар. Улар Ақмўла Фавқулодда вазиятлар департаментига ёрдам сўраб мурожаат қилганлар. Воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар йўловчиларни Кенесари қишлоғидаги мактабга жойлаштирган.

Расмий маълумотга қараганда, йўловчилар орасида жабрланганлар йўқ. Улар иссиқ овқат ва ётоқ билан таъминланган.

Озодлик радиоси 2018 йилда юзлаб ўзбекистонликлар Қозоғистонда совуқ қотишдан қутқариб қолингани тўғрисида хабар берган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG