Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2019, Тошкент вақти: 22:10

Ўзбекистон

Гондурасликлар ҳам 1 январдан бошлаб Ўзбекистонга визасиз кела олади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, фармонга биноан 2020 йил, 1 январдан бошлаб 20 та мамлакат (қуйида рўйхати келтирилган) фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилади:

1. Антигуа ва Барбуда
2. Барбадос
3. Белиз
4. Гренада
5. Доминикан Республикаси
6. Мексика Қўшма Штатлари
7. Гватемала Республикаси
8. Гондурас Республикаси
9. Коста-Рика Республикаси
10. Куба Республикаси
11. Никарагуа Республикаси
12. Панама Республикаси
13. Тринидад ва Тобаго Республикаси
14. Эль-Сальвадор Республикаси
15. Сент-Винсент ва Гренадина
16. Сент-Люсия
17. Багам Ороллари Ҳамдўстлиги
18. Доминика Ҳамдўстлиги
19. Сент-Китс ва Невис Федерацияси
20. Ямайка

Боғи ёки иссиқхонасини томчилатиб суғорадиганлар харажатининг бир қисмини давлат кўтаради

12 августда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи технологияларни жорий қилишга кетган харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, низом билан, мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг янги ташкил этилган боғ ва иссиқхона хўжаликларида сув тежовчи технологияларини жорий қилишга кетган харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланди.

2019 йил ва ундан кейинги йиллардаги харажатларини қоплаш бўйича қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:

томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилинган 1 гектар майдон учун бир марталаик 6 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда;

майдони 35 гектардан зиёд боғларда сув чиқариш учун бурғуланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станциясини қуришга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда.

Субсидия маблағлари 2019 йилда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан, 2020 йилдан бошлаб эса жамғарма ҳамда давлат бюджетидан тенг улушларда ажратилади.

Харажатларнинг бир қисмини қоплаш истагини билдирган ишлаб чиқарувчилар ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича ваколатли лойиҳа институтининг лойиҳаси;

тижорат банки билан тузилган кредит шартномаси ҳамда кредит ажратилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

пудрат ташкилотлари билан тузилган шартнома нусхаси;

амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 майга қадар келгуси йилда суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг якуний рўйхатини шакллантириб Ҳукуматга тақдим этади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Эридан ажрашган андижонлик муаллималар рўйхати нега тузилгани тушунтирилди

Андижон шаҳри

Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилишда суҳбатга чақириш учун [рўйхат] тузилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда аёл ходимлар, хусусан, педагоглар сонини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Рўйхатда қайд этилган аёллар розилиги олинган ҳолда суҳбатга юборилган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлашни хоҳламаганлар эса рўйхатдан ўчирилган ва суҳбатга чақирилмаган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Халқ таълими вазирлиги билан қўшма баёнотида билдирилди.

“Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур рўйхатнинг тузилишига мутлақо алоқаси йўқлигига қарамай, жамоатчилик олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда, тегишли идоралар билан биргаликда юқоридаги саволларга жавоб излади. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги ушбу рўйхатдаги аёллар масаласида аҳолининг ваҳимага тушишига ўрин йўқ деб ҳисоблайди” дейилган баёнотда.

Икки нуфузли идоранинг бу баёноти ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабларда ишловчи 25 — 35 ёшдаги, турмушга чиқмаган ва турмушидан ажраган аёлларнинг алоҳида рўйхати юритилишига оид маълумот пайдо бўлиши муносабати билан эълон қилингани айтилди.

Қирғиз божгирлари Ўзбекистон билан чегарадаги барча пунктларни очишни таклиф қилмоқда

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги "Дўстлик" назорат-ўтказиш пункти.

Қирғизистон Давлат божхона хизмати Ўзбекистон билан чегарадаги ишламай турган ўтказиш-назорат пунктларини қайта очиш таклифини илгари сурмоқда. Божхона хизмати бу таклифни 2019-2020 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси доирасида киритди.

Ҳужжатда таъкидланишича, икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқни янада ривожлантириш учун қўшимча йўллар керак бўлмоқда.

Давлат Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаеванинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдиришича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 15та чегара назорат-ўтказиш пункти мавжуд. Бироқ бугунги кунда улардан фақат 8тасигина ишламоқда. Қолганлари эса Ўзбекистон ҳукуматининг бир томонлама қарори билан ёпиқ ҳолатда қолмоқда.

Айни пайтда ишламай турган назорат-ўтказиш пунктларини қайта очиш масаласи ҳукуматлараро даражада кун тартибиги киритилгани ёки киритилмагани тўғрисида аниқ маълумот йўқ.

2005 йилда ёпилган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара пунктлари 2016 йилнинг сентябрида Бишкек ва Тошкент муносабатлари яхшилангани ортидан қайта очилган эди.

Самарқандда коллеж яқинидаги "заправка" ёниб кетди (ВИДЕО)

Самарқандда ёниб кетган шоҳобча. Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати сайтидан олинган сурат.

Самарқанд шаҳрида 12 август куни автомобилларга суюлтирилган газ ва бензин ёқилғисини қуйиш шоҳобчаси ёниб кетди. Бу ҳақда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, Самарқанд шаҳри Рудакий кўчаси 5-уйда жойлашган “Автогаз-Инвест” оилавий корхонасига қарашли шоҳобчада ёнғин соат 17:27да бошланган.

Бошқа хабарларда мазкур шоҳобча Олимпия захиралари коллежи олдида жойлашгани, ёнғин пайтида портлаш бўлгани маълум қилинди.

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати воқеа жойига 5 та ёнғин ўчириш автоэкипажи ва 2 та ёрдамчи техника уч дақиқа ичида етиб боргани ва 20 дақиқа ичида ёнғин ўчирилганини билдирмоқда.

“Ёнғин пайтида тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин оқибатида шоҳобчанинг 2 та газ ва 1 та бензин қуйиш колонкалари, 200 кв.метр майдонда шифти, томи ҳамда оператор хонасининг ички жиҳозлари ёниб зарарланган”, дейилади расмий хабарда.

Ёнғин “Нексия 1” русумли автомобилга бензин қуйиш вақтида электр статик ҳодисаси рўй бериши оқибатида юз бергани тахмин қилинмоқда.

Маҳбусларни "соғлом ҳаётга қайтариш" ишига маҳалла раислари ҳам жалб қилинди

Иллюстратив сурат.

Тошкентдаги маҳаллаларнинг раисларидан иборат гуруҳ Қашқадарё вилоятидаги қамоқхоналарга бориб, маҳбуслар ҳолидан хабар олишди.

ЎзАнинг 12 август куни билдиришича, мазкур тадбир “Маҳалланинг меҳри” лойиҳаси доирасида ўтказилди. Хабардан маълум бўлишича, маҳалла раислари қамоқдаги маҳалладошларига “маҳалласи ҳаётидан, оила аъзолари ҳолидан, дўстлари, ёру биродарларидан илиқ хабар келтирган”.

Хабарда таъкидланишича, “Маҳалланинг меҳри” лойиҳасидан кўзланган мақсад умрини “панжара ортида ўтказаётган фуқароларни соғлом ҳаётга, оиласи бағрига қайтаришдир”.

“Мулоқотлар давомида иштирокчилар маҳбусларнинг яшаш шароитлари билан ҳам яқиндан танишди”, деб ёзди ЎзА.

Шанба ва якшанба кунлари яна умумхалқ ҳашари ўтказилади

Умумхалқ ҳашари пайтида олинган сурат.

Ўзбекистонда 15 августдан 30 августгача ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ўтказилиши эълон қилинди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, вазирлар Маҳкамаси бу борада 10 август куни фармойиш берди.

Фармойишга асосан 17−18 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш белгиланди.

Ўзбекистонда умумхалқ ҳашарлари турли муносабат билан бир йилда бир неча бора ўтказиб турилади.

Масалан, сўнгги марта умумхалқ ҳашари Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан 2019 йилнинг 26 январида ўтказилган эди.

Ўшанда ҳашарчиларнинг бир кунлик иш ҳақи “Оролбўйидаги экологик ҳолатни яхшилаш учун” ушлаб қолинганидан норози бўлган кўплаб фуқаролар Озодлик радиосига мурожаат қилган эдилар.

Жазирама иссиқ чекинмоқда, эртадан бошлаб ҳаво салқинлайди

Тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

13 августдан Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, сўнгра бутун мамлакат ҳудудига Волгабўйи минтақасидан салқин ҳаво оқимлари кириб келади. Бу ҳақда Ўзгидрометга таяниб gazeta.uz хабар қилди.

Антициклон таъсирида Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчиликларсиз об-ҳаво ҳукмрон бўлади. Фақатгина республиканинг тоғли ҳудудларига қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати кечаси +15…+18, кундузи эса +25…+28 даражагача тушади. Ушбу ҳарорат кўп йиллик ўртача кўрсаткичлардан 5−8 даража пастроқдир, деган синоптиклар.

13−15 август кунлари айрим жойларда шамол тезлиги секундига 15−20 гача кучаяди. Бундай салқин об-ҳаво 16 августга қадар сақланиб қолади.

Антициклон чекинганидан сўнг ҳаво ҳарорати ошишни бошлайди ва кечаси +18…+20, кундузи — +32…+35 даражага қадар кўтарилади.

Амударёда келини кетмон билан урган қайнота касалхонага ётқизилди

2019 йил 11 июль куни Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида яшовчи 25 яшар Р. Собирова уйида оилавий жанжал оқибатида 62 ёшли қайнотасининг курагига кетмон билан уриб жароҳат етказган.

Бу ҳақда хабар қилган ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси қайнотанинг исм-фамилияси бош ҳарфидан бошқа шахсий маълумотларни, жанжалга нима сабаб бўлгани очиқламаган.

Кетмон билан урилган қайнота касалхонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Р.Собирова ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Экспортчилар ташиш ҳаражатларининг 50 фоизгача қисмини давлат кўтарадиган бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг 10 августдаги қарори билан маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотни экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш бўйича харажатларининг 50 фоизигача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланиши тартиби белгиланди.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги манфаатдор субъектларга компенсация тақдим этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Шунингдек, манфаатдор субъектлар 2019 йил 1 майдан бошлаб экспорт қилган маҳсулотлари бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисмига компенсация олиш учун ариза топшириш ҳуқуқига эга.

Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганда ваколатли орган томонидан аризалар 7 иш куни давомида кўриб чиқилади.

Молия вазирлиги ваколатли орган буюртманомасига асосан 3 иш кунида давлат бюджетидан субсидия маблағларини ваколатли органга, ваколатли орган эса ушбу маблағни 3 иш куни мобайнида манфаатдор субъектнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб беради.

Компенсация берилган манфаатдор субъектларнинг реестри юритиб борилади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Москвадаги ёнғинда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси Москва вилоятининг Сергиев Посад шаҳри яқинида юз берган ёнғинда ҳалок бўлди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 9 август куни билдиришича, Слободка қишлоғидаги Дивное дала-ҳовлилар бирлашмасида маиший эҳтиёжлар учун ёғочдан қурилган уйча ёниб кетган.

Москва вилояти Фавқулодда ҳолатлар бош бошқармаси "ярим соат давом этган ёнғинни ўчиришда 23 одам ва 7та техник бирлик иштирок этган", деб хабар берди.

“Ёнғин оқибатида тўрт нафар одам жабрланди, улардан икки нафари ҳалок бўлди”, дейилади расмий хабарда.

Маълум бўлишича, ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг ёши 28 ва 40да бўлган. 30 ёшли яна бир ўзбекистонлик куйиш жароҳатларини олган. Расмий хабарда билдирилишича, ёнғин олов билан эҳтиётсиз муомалада бўлиш оқибатиида келиб чиққан.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасининг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг жасадини ватанига жўнатиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Афғонистон Ўзбекистон расмийлари Толибон вакиллари билан учрашганига норозилик билдирди

Ўзбекистон - Ташқи ишлар вазирлиги Facebook саҳифаси

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон расмийлари Толибон вакиллари билан учрашганига норозилик билдирди.

Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Суҳбатулло Аҳмади 10 август куни Кобул тинчлик ўрнатилишини олға сурувчи ҳар қандай ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини, бироқ мазкур учрашув характери Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги музокараларга кўмак кўрсата олмаслиги тўғрисида баёнот берди.

Расмий тинчлик ўрнатиш жараёнида Афғонистон ҳукумати ва халқини ҳурмат қилишга чақирди.

8 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Толибон ҳаракатининг Доҳа шаҳридаги сиёсий офиси раҳбари мулла Бародар Охунд бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтгани хабар қилинган эди.

Учрашув чоғида Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш мақсадида мамлакатда тинч сиёсий жараёнларни илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Толибон ҳаракатининг сиёсий офиси раҳбари афғонлараро мулоқотнинг навбатдаги раундини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлади.

Қашқадарёда янги нефть кони очилгани хабар қилинди

Иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилоятида табиий газ ва газ конденсати мавжуд бўлган янги нефть кони очилди.

Epsilon Development Company расмий веб-сайтида билдирилишича, Муборак туманидаги Баҳористон тузилмасидаги конда нефть борлиги 10 август куни тасдиқланди ва у “Баҳористон кони” деб номланди.

“Олинган углеводородлар оқими ҳамда геологик маълумотлар Ўзбекистонда Бохористон номли янги нефть, газ ва конденсат конининг очилганлиги тўғрисида далолат беради” дейилади хабарда.

"Epsilon Development Company"га кўра, кон Юра қатламида жойлашган. Мутахассислар режасига кўра, қудуқни Палеозой қатламигача қазиш давом эттирилади.

Янги очилган нефть конида қанча нефть борлиги ҳали маълум қилинмади.

Қўқон Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилди

Қўқонда жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади.

Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши (World Craft Council) Қўқонни Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига (World Craft City) киритди.

“Дунё” ахборот агентлигининг билдиришича, World Craft Council президенти Рози Гринлис шу муносабат билан: “Жаҳон кенгашига берилган ариза эвазига, биз ҳунармандчилик Қўқон шаҳри маданияти ва саноатида катта роль ўйнаши ҳақидаги хулосага келдик. Қўқон ҳунармандлар шаҳарлари жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши қувонарлидир. Қўқон рўйхатга киритилиши билан боғлиқ ўз мажбуриятларини бажариши ва бутун дунё ҳунармандлари учун умумий платформа яратиш мақсадида халқаро алмашувларни кенгайтириши, ҳунармандчилик шаҳарлари тармоғидаги бошқа шаҳарлар билан фаол ҳамкорлик қилишига умид қиламиз”, деб баёнот берган.

Қўқонда жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади.

Агентликнинг таъкидлашича, Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхати 2014 йилдан бери мавжуд. Бугунги кунгача мазкур рўйхатга дунёнинг 30 шаҳри киритилган.

Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси 2019 йил мартидан Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши аъзолигига қабул қилинган.

АҚШ молия холдинги Қувасойда завод қуриш учун қарз берадиган бўлди

JP Morgan Chase холдингининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи.

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида полировкаланган флоат-шишаларни ишлаб чиқарувчи завод қурилишини АҚШнинг JPMorgan Chase Bank молия холдинги молиялаштиради.

JPMorgan Chase Bank АҚШнинг энг йирик тўртта банкидан биридир.

Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, 8 августда Москвада JPMorgan Chase Bank ва “Асака” акциядорлик тижорат банки ўртасида халқаро даражадаги экспорт-кредит келишуви имзоланган.

Мазкур ҳужжатга асосан Қувасойдаги “Кварц” ҳиссадорлик жамияти базасида қуриладиган завод лойиҳаси учун 36 миллион 400 минг евро кредит берилади. Ушбу маблағ Хитойнинг “Sinosure” экспорт-кредит агентлиги суғурта қоплами асосида 7 йил муддатда тўлаб борилади.

«Заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг бир кунлик максимал ҳажми 400 тоннани ташкил қилади. Заводга технологик ускуналар Хитойнинг Shanghai Pony Technologies компанияси томонидан етказилади», дейилади хабарда.

Янги завод 300 одамни иш билан таъминлаши айтилмоқда.

Қоракўлда Халқаро математика мактаби ташкил этилди

Иллюстратив сурат.

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-сонли ихтисослашган мактаб интернат Халқаро математика мактаби мақомига эга бўлди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, бу борада вазирлар маҳкамаси 9 августда қарор қабул қилган.

Қарорга асосан мактабга замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, ёш авлодга аниқ ва табиий фанларни чуқурлаштириб ўқитиш вазифаси юклатилди. Бундан ташқари бу ерда хориж тилларини мукаммал ўргатиш ҳам белгилаб берилди.

2019—2020 ўқув йилида мактабнинг 7-синфига 90 нафар ўқувчини қабул қилиш режалаштирилди.

Мазкур мактабда хориж давлатлари фуқаролари ҳам шартнома асосида ўқиши мумкин. Бундан ташқари мактабга хорижлик ўқитувчиларни ҳам ишга таклиф қилишга рухсат берилди.

Бузиладиган биноларни баҳолашнинг янги тартибига оид лойиҳа муҳокамага қўйилди

Вазирлар Маҳкамасининг "Бузилиши мўлжалланган биноларни баҳолаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама порталида чоп этилган лойиҳада бузиладиган биноларни фақат кадастр ҳужжатлари асосида амалга ошириш кўзда тутилган.

Бино эгаси берилган баҳолаш қийматига рози бўлмаган тақдирда эса экспертиза тайинлаш, аммо бунга фақат ҳокимлар буюртма бериши кўзда тутилган.

Айни пайтда, баҳоланаётган бино, ер участкаси ва ундаги қурилмаларнинг бозордаги нархини бузилиш арафасида аниқлаш таклиф қилинган.

Айни пайтда, бу лойиҳада бузиладиган объектларни баҳолашни Х. Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза маркази томонидан ўтказишни тақиқлаш кўзланмоқда.

Ҳужжат муҳокамаси 8 август куни бошланди, 23 август куни якунланади.

Президентга табрик йўллаган ҳожилар "маънавий муҳитни яхшилаш"да хизмат қилишга ваъда берди

Саудия Арабистони Макка шаҳрида Ҳаж зиёратида юрган ўзбекистонлик ҳожилар Мирзиёев ва ҳамюртларига оммавий табрик йўллади.

Мусулмонлар идораси сайтида чоп этилган табрик матни президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида эҳтиром ва олқишлар битилган ҳамда юрт раҳбари "йўлчи юлдуз", деб таърифланган.​

"Янгидан барпо этилган масжидлар, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси ва Ҳадис илми мактаби юртимизда миллий-диний қадриятларимизга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ифодасидир. Ушбу муаззам мажмуалар халқимизга илм-маърифат тарқатиш, ёшларимизни тўғри йўлга бошлашда йўлчи юлдуз вазифасини бажаришига ишонамиз", дейилади табрик хатида.

Шунингдек, ҳожилар юртига қайтгач, шахсий ва жамият ҳаётида бошқаларга намуна кўрсатишга ваъда берган.

"Шундай экан биз — ўзбекистонлик ҳожилар ишонтириб айтамизки, Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатиб, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ҳудудларни обод этиш ва эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзишдек савобли ишларда бор куч-ғайратимизни аямаймиз", дейилади оммавий табрик хатида.

Президент Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистондан Саудия Арабистонига Ҳажга борувчилар сони, йиллар давомида ўзгармай келган 5 ярим минглик рақамдан, 7 минг 200га оширилди.

Бу рақамнинг келгуси йиллар давоми мунтазам ошириб борилиши айтилган.

Ўзбекистон ва Туркия президентлари кутилаётган олиймақом йиғилиш режасини муҳокама қилди

11 август куни президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон телефон орқали суҳбатлашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари икки давлат халқини Қурбон ҳайити билан табриклаган, сўнгра томонлар ўртасидаги стратегик ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Мулоқот чоғида шу йилнинг 5-6 август кунлари Анқарада икки давлат ташқи ишлар вазирлари ҳамраислигида бўлган Стратегияни режалаштириш гуруҳи илк йиғилиши натижалари олқишланган. Шунингдек, президентлар раислигида бўлиши кутилаётган Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши илк йиғилишига ҳозирлик масалаларида фикр алмашилган.

Бу олиймақом учрашувнинг шу йил Анқарада бўлиб ўтиши хабар қилинган, аммо ҳозирча учрашув санаси ошкор қилинмади.

Шу йилнинг 5 августида Анқарада икки давлат ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Комилов ва Мавлут Чавушўғлу раислигида Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг илк йиғилиши ўтказилди.

Ташқи ишлар вазирлиги берган хабарга кўра, вазирлар ҳам асосий эътиборни кутилаётган олий даражадаги йиғилишга тайёргарлик масаласига қаратган.

Расмий рақамларга кўра, ўтган йил якунида томонлар ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 40 фоиздан ошган ва 2 миллиард 172 миллион АҚШ долларига етган. Айтилишича, бу аввалги йилдан 22 фоизга кўпдир.

Риштонда буза-буз ишларига жалб этилган ҳашарчи аварияда ҳалок бўлди

Фарғона вилояти Риштон туманидаги буза-буз ишларига жалб этилган Қўштепа тумани ободонлаштириш бўлими ходимларидан бири — 48 ёшли Улуғбек Аҳмаджонов ҳашардан қайтаётганида автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлган.

Бу ҳақда Кун. уз нашри марҳумнинг оила-аъзоларига таяниб хабар берди.

Нашрга кўра, ҳодиса 29 июл куни содир бўлган. Улуғбек Аҳмаджонов автоҳалокат оқибатида очиқ мия шикасти ташхиси билан Лангар ШТТЁМ жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.

Озодлик ушбу ҳодиса юзасидан Риштон тумани ҳокимлигига боғланди, лекин ҳоким ёрдамчиси бу ҳақда изоҳ беролмаслигини айтди.

Риштонда буза-бузлар май ойида бошланди. Уйи бузилганларга товон берилмаётгани аҳоли норозилигига сабаб бўлди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 4 август куни Риштон туманига бориб, маҳаллий аҳоли билан учрашган.

Учрашув давомида вилоят ҳокими туманда олиб борилган бузилиш ишларида йўл қўйилган хатолар учун кечирим сўраган эди.

Ўзбекистонда доллар курси бир ҳафтада 177 сўмга қимматлаб, 8882 сўмга етди

Ўзбекистон миллий валютаси - сўм рекорд даражада қадрсизланди.

Ўзбекистон Марказий банки 10 август куни хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан эълон қилган қийматига кўра, 1 АҚШ доллари 8882,00 сўмга етган.

Бу душанба куни эълон қилинган курсга нисбатан 177,13 сўмга кўпдир.

Айни пайтда бу илк бор расмий курс 8700 сўмлик нуқтадан ошишидан сўнг навбатдаги кескин кўтарилиш бўлди.

Ўзбекистонда доллар ошиши билан нарх-наволар ҳам кўтарилмоқда.

Айрим товарларга баҳоларнинг соат сайин кўтарилаётганини кузатиш мумкин.

Ишчилари 12 соатлаб ишлатилган Crafers “Ҳалол” сертификатини олди

Расмий матбуотда ëзилишича¸ 32 гектарлик ҳудудда жойлашган корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

Ишчилари 8 соат ўрнига 12 соатлаб ишлатилаëтгани ҳақида Озодликка шикоят қилган Crafers қандолат фабрикаси “Ҳалол” сертификатига эга бўлди.

Бу ҳақда ширкат 9 август куни маълум қилди.

Ҳалол сертификати – бу ишлаб чиқаришда ишлатиладиган барча хом-ашёлар (қўшимчалар ва махсус маҳсулотларлар), шунингдек ишлаб чиқариш фабрикасининг ўзи, асбоб-ускуналари, иш юритиш (бизнес) усули ва тайёр маҳсулотлари ҳалолликнинг барча талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

“Халал Даму” сертификатлаштириш маркази мутахассислари ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари билан танишиб, хом-ашё ҳужжатларини таҳлил қилдилар ва барча намуналарни ўз лабораторияларида текширувдан ўтказган.

Шу йилнинг январ ойида Озодлик фабрикада ишчилар 2018 йил октябрь ойидан бери ўтган 4 ой давомида жорий қонунларга зид тарзда 12 соатдан ишлатилгани ҳақида хабар берганди.

Ишчилар шикояти юзасидан Озодлик Crafers қандолат фабрикаси маъмурияти билан боғланди. Фабриканинг ўзини "хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича ходим", деб таништирган вакили “Ишчиларнинг ненормированний ишлаши вақтинча. Февраль ойида 3 смена жорий қилинганидан кейин муаммо барҳам топади”, деди деб айтганди.

Тошкент шаҳридаги собиқ “Лак-бўёқ” заводи ўрнида ташкил этилган “Амилов” фабрикаси (кейинчалик фабрика номи Crafers дея ўзгартирилди) 2018 йилнинг 5 октябрда ишга туширилган эди. 2018 йилнинг 26 октябрида айни фабрикани бориб кўрган президент Шавкат Мирзиëев 850 киши учун иш ўрни яратилганини олқишлаган эди.

Расмий матбуотда ëзилишича¸ 32 гектарлик ҳудудда жойлашган корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

Ўзбекистонда сотилаётган гўштнинг қарийб 95 фоизи деҳқон (шахсий ) хўжаликларида етиштирилади

Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда етиштирилаётган гўштнинг (тирик вазнда) 94,3 фоизи деҳқон (шахсий ) хўжаликларига, 4,8 фоизи фермер хўжаликларига ва 0,9 фоизи қишлоқ хўжалик фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келган.

Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитасига таяниб хабар қилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси гўшт бозорида ҳеч қандай монополия йўқ ва рақобат шаклланган, деб ҳисоблайди.

"Шунингдек, бу ўз навбатида республикамизда гўшт бозорининг талаб ва таклифдан келиб чиқиб барқарор ишлаб чиқаришни таъминлайдиган саноат ишлаб чиқариш улуши жуда камлигини кўрсатади" дейилган қўмита баёнотида.

Айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сон қарори билан Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхати тасдиқланган. Унга кўра, гўшт ушбу рўйхатга киритилмаган ва унинг нархи ишлаб чиқарувчи томонидан мустақил равишда белгиланади.

Қўмита томонидан гўшт бозори ўрганилаётгани, ўрганиш якуни бўйича Қўмита айнан шу соҳада тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар ва чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши билдирилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати бу баёнотини ижтимоий тармоқлардаги гўшт нархи хақида постлар муносабати билан эълон қилганини билдирди.

Куни кеча Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси расмийлари мамлакатда гўшт нархининг юқорилаб бораётганига монополия сабабчи эканини айтган эди.

19 июл куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида қўмита раиси ўринбосари Аброр Акбаров бу ҳақда шундай деди:

"Тўғрисини айтиш керак, гўшт нархининг қимматлиги бу – соҳадаги монополия билан боғлиқ жиҳат. Гўшт бозорларини кўпчилик қассоблар ўз шахсий монополиясига айлантириб олишган, табиийки, нарх-наво ҳам улар томонидан бошқарилади. Бунда ҳатто молиявий пирамиданинг кўринишларини ҳам учратасиз", - деди Акбаров.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг айрим бозорларида гўшт нархи 60 минг сўмдан ошиб кетган.

Риштонда амалдор боғча мудири лавозимига тайинлаш учун $1000 олаётганда қўлга тушди

Риштон туман (Фарғона вилояти) мактабгача таълим бўлими мудири бир фуқародан боғча мудираси лавозимига тайинлаш эвазига 1000 АҚШ доллари олаётган вақтда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА пора олувчининг исм-фамилиясини ўзгартириб Фарҳод Қорабоев, пора берувчини эса, Г. Т. деб атаган.

Айтилишича, пора бериши керак бўлган шахс бу ҳақда тегишли органларга хабар қилган ва шундан сўнг туман мактабгача таълим бўлими мудири махсус ишлов берилган пулни олаётган пайтда қўлга олинган.

Воқеа қачон содир бўлгани хабар қилинмади.

"Ўзбекистон"га февралда қўйилган нархга харидор чиқмагач, 10%га арзонлатилди

Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонаси. 4 август, 2018.

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзбекистон» меҳмонхона комплексини сотиш учун ошкора танлов савдосига қўяр экан, бу объект давлат улушининг бошланғич нархини 10 фоизга пасайтириб, 29,7 млн. АҚШ доллари этиб белгилади.

Бу ҳақда ЎзА агентликнинг матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Агентлик "Ўзбекистон"ни дастлаб жорий йилнинг февралида сотувга қўйган, ўшанда унинг бошланғич баҳоси 33 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган эди.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси Тошкентнинг энг машҳур меҳмонхоналаридан бири. У 1974 йилда, шаҳарнинг қоқ марказида қурилган.

Меҳмонхона ойналаридан Амир Темур хиёбони кўриниб туради. Кўп қаватли меҳмонхона ер қимирлашига чидамли бўлиши учун ярим айлана шаклида лойиҳалаштирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG