Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2020, Тошкент вақти: 17:14

Ўзбекистон хабарлари

Андижонлик мулозимлар шикояти асосида қамалган блогер озодликка чиқди

Андижонлик блогер Абдуфатто Нуритдинов.

Facebook ижтимоий тармоғи орқали Отабек Нуритдинов тахаллуси остида ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабат билдириб келган блогер Абдуфатто Нуритдинов 14 январь оқшомида озодликка чиқди. Бу ҳақда Газета.уз нашри блогернинг адвокати Умидбек Давлатовдан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Адвокатга кўра, Нуритдинов ҳибсдан озод бўлиши билан кўзи ёриган рафиқаси ва янги туғилган чақалоғини кўриш учун туғруқхонага йўл олган.

Андижонлик блогер маҳаллий мулозимлар шикояти асосида ўтган йил 30 декабрь куни вилоят маъмурий суди томонидан 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Расмий маълумотларда айтилишича, Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбдор, деб топилган. Бундан ташқари блогерга БҲМнинг 60 баробари миқдорида жарима ҳам солинган. Блогер ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган.

Ўзини таништиришни истамаган манбанинг айтишича: “Нуритдинов асосан Андижон вилояти ва Асака тумани хокимлик вакилларининг бюджет пулларини талон-торож қилишларини аёвсиз ёритиб келган”.

Андижон вилоят маъмурий суди 4 январь куни Нуритдиновнинг кассация тартибида берган шикоятини рад қилиб, қаноатлантирилмасдан қолдириш ва Андижон вилоят маъмурий суди томонидан 2019 йил 30 декабрдаги унга нисбатан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилганди.

БП дизайнер Нариман Григоряннинг ўлимига оид баъзи тафсилотларни очиқлади

Gazeta.uz сайти Ўзбекистон Бош прокуратурасидан олинган маълумотларга таяниб, Тошкентда дизайнер Нариман Григорян ўлими тафсилотларини хабар қилди.

Қайд этилишича, 14 январь куни соат 11:50 ларда Яшнобод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига ҳодиса тўғрисида хабар келиб тушган. Унга кўра, Яшнобод туман, Чигил кўчасида жойлашган хонадоннинг меҳмонхонасидан ушбу хонадонда ижарада истиқомат қилиб келган 1985 йилда туғилган Нариман Григоряннинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Яшнобод туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Нариман Григорян — таниқли ўзбек дизайнери, хореографи, «Тодес» гуруҳи биринчи таркибининг собиқ аъзоси, халқаро кўргазмалар, танловлар ва фестиваллар иштирокчиси. 2004−2008 йилларда Ўзбекистон Хореография академиясида таҳсил олган. У Тошкентда Nariman Grigoryan савдо белгиси остидаги мода уйларига эгалик қилган.

Тошкентда дизайнер Нариман Григорян ўлдириб кетилди

Нариман Григорян

Тошкентда дизайнер Нариман Григорян ўлдириб кетилгани тўғрисидаги хабар 14 январь куни Фейсбукдаги Uzbfashion саҳифасида пайдо бўлди. Gazeta.uzнинг хабар қилишича, бу маълумотни сайтнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбалари тасдиқлаган.

Нариман Григорян таниқли ўзбекистонлик дизайнер, халқаро кўргазмалар, танловлар ва фестиваллар иштирокчиси. 2004−2008 йилларда Ўзбекистон Хореография академиясида таҳсил олган. У Тошкентдаги Нариман Григорян савдо белгиси остидаги мода уйлари эгаси эди.

Самарқанддаги тарихий почта биноси бузилмайдиган бўлди

Самарқанддаги тарихий почта биноси.

Самарқанддаги ЮНЕСКО ҳимояси остига олинган тарихий почта биноси бузилмайдиган бўлди. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги 1910 йилда қурилган тарихий почта биносини бузмаслик тўғрисида 2019 йилнинг декабри охирида қарор қабул қилгани Озодликка 14 январь куни маълум бўлди.

Бу бинонинг бузилиши режалаштирилаётгани тўғрисида Озодлик 2018 йилнинг июлида хабар берган эди. Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган ва жамоатчилик почта биноси бузилишига норозилик билдирганди.

Шундан сўнг шаҳар ҳокимлиги бино бузилмаслиги тўғрисида 2018 йилда икки марта расмий баёнот билан чиққан. Бироқ маълум бўлишича, шаҳар ҳокимияти бинони бузмасликка ваъда берган бўлса-да, аслида бинонинг бузилишига қарши ҳеч қандай ҳаракат олиб бормаган ва почта биносини бузилиши белгиланган объектлар рўйхатидан чиқариб ташлашга тўсқинлик қилган.

Адлия вазирлиги 2019 йил 18 ноябрда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги номига «аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларни содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида» тақдимнома киритган. Шундан сўнггина 2019 йил 27 декабрда шаҳар ҳокимияти почта биноси бузилишини тақиқловчи қарор қабул қилинган.

1 мартдан янги намунадаги кадастр паспорти жорий қилинади

Вазирлар Маҳкамаси “Кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига биноан қабул қилди 2020 йил 1 мартдан бошлаб янги намунадаги паспорт босқичма-босқич жорий этилади:

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар қилди. Ҳукумат қарори 2019 йилнинг 12 декабрида қабул қилинган эди.

"Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштиришга" қаратилган мазкур қарорга мувофиқ

• 2020 йил 1 мартдан бошлаб - Тошкент шаҳрида, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида;

• 2020-2022 йилларда босқичма-босқич - бошқа вилоятларда ва Қорақалпоғистонда.

Қарорга кўра, кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш юзасидан мурожаат қилинганда, ариза берувчига давлат хизматлари марказлари орқали янги намунадаги кадастр паспорти берилади.

Ҳукумат пахта теримини механизациялашга доир янги қарор қабул қилди

Вазирлар Маҳкамаси “Республика ҳудудларида пахта ҳосили теримини механизациялаш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қарорга биноан, биринчи босқичда (2020-2022 йиллар) Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида;

иккинчи босқичда (2023-2026 йиллар) республиканинг қолган ҳудудларида пахта ҳосилини йиғиштириб олишни механизациялашни жорий этишни жадаллаштириш назарда тутилган.

Япониялик мутахассис Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида иш бошлади

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида япониялик мутахассис Эцуаки Ёшида иш бошлади.

Бу ҳақда хабар қилган вазирлик ахборот хизматига кўра, 1971 йил туғилган Эцуаки Ёшида фаолиятини Япония банкида бошлаган. Эцуаки Ёшида турли йилларда Япония халқаро молия маркази, тадқиқотлар ва статистика департаменти, Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC)да қатор масъул лавозимларда ишлаган.

Эцуаки Ёшида бугунги кунга қадар Япония халқаро ҳамкорлик банки Кредит, баҳолаш ва хатарларни бошқариш гуруҳи Мамлакатни кредитлаш департаменти 3-бўлим директори ва бош иқтисодчиси вазифасида ишлаган.

Эндиликда Япониялик мутахассис Ахборот технологиялари корхоналарининг инвестиция фаолиятини жадаллаштириш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш дастурини амалга оширишда хорижий инвестициялар ва халқаро кредит линияларини жалб қилиш билан шуғулланади.

Ўзбекистонда доллар нархи яна ошиб кетди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 14 январидан валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилади.

Маълумотга кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси 42 сўм 87 тийинга қимматлаб, 9550 сўм 76 тийинни ташкил этади. Ўтган ҳафта АҚШ доллари ўзбек сўмига нисбатан бор-йўғи 33 тийинга қимматлаганди.

Евро курси эса 11 сўм 55 тийинга қимматлаб, 10 минг 620 сўм 45 тийинни ташкил этади.

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

Самарқандда бир пайтнинг ўзида 13 та машина тўқнашди, 8 киши тан жароҳати олди

Самарқанддаги автоавариялар қалин туман тушган ва қор ёғаётган пайтда содир бўлган (иллюстратив сурат).

Жорий йил 13 январь куни соат 13.10 ларда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобиль йўлининг 19-километрида об-ҳаво шароити ёмонлиги туфайли йўл четига тўхтамоқчи бўлган КамАЗга Форд машинаси келиб урилган. Йўл сирпанчиқлиги туфайли Форд ортидан келаётган яна 11 машина занжирли тўқнашув ҳосил қилган.

Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур йирик автоҳалокатда икки ҳайдовчи ва икки йўловчи енгил тан жароҳати олган.

Самарқандда 13 автомобиль иштирокида содир бўлган автоҳалокат видеосини ZarNews нашри ўз канали орқали ёйинлаган:

Орадан 5 дақиқа ўтиб, мазкур ҳодиса юз берган жойдан 300 метр ортда қамашилик ҳайдовчи Нексиясини олмаоталик ҳайдовчининг “Мерседес-Бенц” русумли юк автомобили ярим тиркамасига бориб урган. Натижада Нексия ҳайдовчиси ва бир йўловчиси шифохонага ётқизилган, яна икки йўловчи енгил даражада тан жароҳати олган.

Ўзбекистонда кичик ГЭСлар барпо этиш вазифаси хусусий секторга берилиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда келажакда электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорини шакллантириш, генерация жараёнига давлат-хусусий шериклик тамойили асосида инвесторларни жалб қилиш ва бунда давлат кафолатини босқичма-босқич камайтириш муҳим. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 январь куни электр энергетикаси соҳасини янада ривожлантириш бўйича 2020 йилдаги асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда билдирган.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, жорий йилда Ўзбекистонда “электр энергияси истеъмоли 71 миллиард киловатт-соатни ташкил этиб, ўтган йилгига нисбатан ўртача 9 фоизга, яъни иқтисодиёт тармоқлари талаби 10, аҳолиники эса 8,5 фоизга ошиши кутилмоқда”.

Йиғилишда ушбу эҳтиёж қайси манбалар ҳисобидан қопланиши, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “йўл харитаси” ижроси муҳокама қилинган.

Ш. Мирзиёев 2020 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва етказиб бериш бўйича белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ, сифатли амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Айтилишича, жорий йилда иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт, гидро электр станцияларида 120 мегаватт қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 3 минг 500 мегаваттли буғ-газ қурилмалари, 400 мегаваттли шамол ва шундай қувватга эга қуёш электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар шакллантирилган.

Йиғилишда тармоқ корхоналарида рентабелликни таъминлаш, энергия истеъмоли учун қарздорликни бартараф этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими бу борада яхши самара бераётгани қайд этилиб, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига йил якунигача яна 4 миллион 500 минг дона замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш вазифаси қўйилган.

Йиғилишда соҳани ривожлантиришнинг узоқ истиқболлари ҳам кўриб чиқилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли ҳозиргига нисбатан 2 баробар кўп бўлиши кутилмоқда. Шу боис Энергетика вазирлигига кейинги ўн йилда умумий қуввати 7 минг 900 мегаваттни ташкил этадиган янги иссиқлик электр станцияларини ишга тушириш бўйича топшириқлар берилган.

Шунингдек, инвесторларни жалб қилган ҳолда, 8 минг мегаватт қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, гидро электр станциялари қувватини 1 минг 935 мегаваттга ошириш, кичик гидро электр станциялар барпо этишни хусусий секторга бериш юзасидан вазифалар белгиланган.

Мутасадди ташкилотларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда электр энергияси соҳасида замонавий технологиялар билан бевосита ишлайдиган ўрта ва кичик бўғин мутахассисларини тайёрлаш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Ўзбекистонда кўп йиллардан бери кузатиладиган энергетик бўҳрон бу йилги қиш мавсумида ҳам аҳоли норозилигига сабаб бўлди.

Ноябрь ва декабрнинг бошларида мамлакатнинг бир қанча вилоятлари туманларида аҳоли газ ва свет йўқлигига норозилик билдириб автомагистрал йўлларини тўсиб қўйгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Марказий банк банклардаги ахборот оқсоқлигини танқид қилди

Ўзбекистон Марказий банки биноси.

Ўзбекистонда айрим банклар ахборотни ошкор қилишга доир талабларга лозим даражада амал қилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки ахборотида айтилади.

Қайд этилишича, банклар банк хизматлари тўғрисида шартнома тузишдан олдин истеъмолчиларга банк хизматларидан фойдаланиш шартлари билан танишиш имкониятини таъминлашлари шарт.

Айни пайтда банк хизматларини тақдим этишнинг умумий шартлари, комиссия тўловлари, тарифлар ва банк хизматлари учун фоиз ставкалари тўғрисидаги маълумотлар очиқ маълумотлар бўлиб, банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши керак. МБ томонидан банкларнинг веб-сайтлари юритилиши ўрганилган пайтда айрим банклар ахборотларни ошкор қилишга доир талабларга лозим даражада амал қилмагани аниқланган.

МБ урғусича, хусусан, айрим банкларнинг веб-сайтларида долзарб маълумотлар жойлаштирилмаган, хизматлар ҳақидаги маълумотлар янгиланмаган ёки тақдим этилаётган хизматларнинг шартлари тўлиқ келтирилмаган, потенциал қарз олувчилар учун кредитнинг тўлиқ қийматини мустақил равишда ҳисоблаш имконияти яратилмаган, қарз олувчилар учун шахсий кабинет очиш имконияти мавжуд эмас ва мурожаатларни юбориш учун имкониятлар яратилмаган.

Марказий банк вакиллари жорий йилнинг 10 январь куни тижорат банклари вакиллари билан банклар фаолияти ва улар томонидан тақдим этилаётган хизматлар тўғрисида ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли маълумотларни эълон қилиш масалалари бўйича учрашув ўтказган. Учрашувда банкларнинг ўз хизматлари тўғрисида ахборотларни ошкор қилмаслиги банк фаолиятида йўл қўйилган қўпол қоидабузарлик ҳисобланиши таъкидланиб, корпоратив веб-сайтлар орқали маълумотларни ошкор қилишда қоидабузарликларга йўл қўйган банкларга уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Президент электр энергетикаси масалаларига бағишланган мажлис ўтказди

Жорий йилда иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт, гидро электр станцияларида 120 мегаватт қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 3 минг 500 мегаваттли буғ-газ қурилмалари, 400 мегаваттли шамол ва шундай қувватга эга қуёш электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар шакллантирилган.

Бу ҳақда 13 январь куни президент Мирзиёев ўтказган электр энергетикаси соҳасини янада ривожлантириш бўйича жорий йилга асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда билдирилгани тўғрисида давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Айтилишича, ўтган йили Ўзбекистонда 6 та йирик лойиҳа доирасида жами 1076 мегаватт электр энергия қувватлари ишга туширилган.

Жорий йилда электр энергияси истеъмоли 71 миллиард киловатт-соатни ташкил этиб, ўтган йилгига нисбатан ўртача 9 фоизга, яъни, иқтисодиёт тармоқлари талаби 10, аҳолиники эса 8,5 фоизга ошиши кутилмоқда.

Адлия вазирлиги вилоят ва туман ҳокимлари тасдиқланиши тартибини эслатди

"Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонунга биноан вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Президент томонидан тайинланиши ҳамда лавозимидан озод этилишини Адлия вазирлиги эслатди.

Бунда номзодлар Президент томонидан тегишли халқ депутатлари кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Тегишли Халқ депутатлари кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

Туман, шаҳар ҳокимлари вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли Халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланади.

Ҳокимлар ўз лавозимига қайта тасдиқланмоқда

Эгаллаб турган лавозимига яна тасдиқланганлар орасида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам бор. 2020, 13 январь.

13 январда Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг номзодини;

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши Тўра Боболовнинг номзодини;

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши Хайрулло Бозоровнинг номзодини тегишли вилоят ҳокими лавозимига тасдиқлади.

Ўзбекистон Конституциясининг 98-моддаси, шунингдек “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига биноан вилоят ҳокимлигига номзод Ўзбекистон президенти томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг ушбу Кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилиши белгиланган.

13 январда вилоятларда ўтказилган Халқ депутатлари вилоят кенгашлари сессиялари 2019 йилнинг 22 декабрда ўтказилган маҳаллий кенгашларга сайловдан кейинги биринчи сессиялардир.

Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон вилоятини 2013 йилнинг апрелидан буён;

Тўра Боболов Сурхондарё вилоятини 2019 йил 1 майдан буён;

Хайрулло Бозоров Наманган вилоятини 2015 йилдан буён бошқариб келаётган эди.

Ақтўбе – Оренбург йўлида ўзбекистонлик ҳайдовчи ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат

13 январда Ақтўбе – Оренбург трассасида йўл-транспорт ҳодисаси юз бериб, воқеа жойида ҳайдовчи, Ўзбекистон фуқароси Е.М. ҳалок бўлди, яна бир ўзбекистонлик И.К. турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистоннинг Aқтау шаҳридаги Бош консулхонаси вазиятни назоратга олгани ва Қозоғистоннинг тегишли органлари билан доимий алоқада бўлиб тургани хабар қилинди.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этган ва яна бир бор Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобил транспортининг бошқа турларида қиш мавсумида Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратган.

Шунингдек, Самара-Чимкент йўналишида кетаётган, ичида 53 ўзбекистонлик бўлган, техник носозлик туфайли Қозоғистонинг Ақтобе вилояти ҳудудида тўхтаб қолган автобус 13 январь, маҳаллий вақт билан соат 11:00 да созлаш ишлари якунлангач, маршрут бўйича ҳаракатини бошлади. Автобус 12 январда тўхтаб қолган эди.

Бу сўнгги ойлардаги иккинчи ҳолат бўлиб, Қозоғистоннинг Ақтўбе (Актюбинск) вилояти ҳудудидан ўтган Самара-Чимкент автомобиль йўлида 2019 йилнинг декабрь ойида ҳам хорижликларни олиб кетаётган автобус бузилиб қолганди. Салонда 54 киши бўлган. Улардан 50 нафари Ўзбекистон, тўрт нафари Тожикистон фуқаролари эди. Вақтида кўрсатилган ёрдам сабабли ҳар икки ҳолатда автобус йўловчилари жабрланмади.

2018 йил 18 январь куни соат 10:30 да Ақтўбе вилоятининг Иргиз туманида “Самара – Чимкент” трассасининг 1068 километрида, Калибай посёлкасидан 10 км. масофада “Икарус” автобуси ёниб кетган эди. Автобус салонида 55 йўловчи ва икки нафар ҳайдовчи бўлган. 52 нафар ўзбек фожиа қурбонига айланган эди.

Баъзи касалликлар бўйича маълумотномаларни доктор эмас, ДХМ беради

10 январда Вазирлар Маҳкамаси “Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб:

Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади;

Наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.

2020 йил 1 мартгача давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Қарор билан фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш бўйича маъмурий регламентлар тасдиқланди.

Ўзбекистонда Қуръони каримнинг навбатдаги нашри сотувга чиқди

Тошкентда Мадина мусҳафи нусхаси асосида босилган Қуръони карим сотувга чиқди. Бу ҳақда Islom.uz нашри хабар қилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда одамлар Мусҳафи шарифни сотиб олиш учун узун-узун навбатда турганлари акс этган.

Каломуллоҳнинг янги нусхаси марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асос солган “Ҳилол” нашриёти томонидан нашр этилган.

Китоб 35 минг сўмдан сотилмоқда.

Бухорода икки маст туркиялик ҳайдовчини калтаклади

Иллюстратив сурат.

Бухоро вилоятида ўзбекистонлик икки ширакайф йўлдан ўтиб бораётган юк машиналарига тош отиб, туркиялик ҳайдовчини калтаклашди.

“Бухоро Инфо” хабарига кўра, 9 январь куни соат 19:20 ларда М-37 автойўлининг 303-километрида 31 ёшли Г.Х. ва 30 ёшли Ж.Р. маст аҳволда ўтаётган машиналарга сабабсиз тош отиб ўтириб, Туркия давлат рақамига эга бўлган Mercedes-Benz юк машинасини тўхтатишган. Машинани 63 ёшли туркиялик ватандош бошқариб бораётган бўлган.

Шундан сўнг икки маст ҳеч бир сабабсиз оқсоқол ҳайдовчини калтаклай бошлаган. Нохуш ҳодисадан сўнг жабрланувчига илк тиббий ёрдам кўрсатилган, безорилар эса маҳаллий ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Ҳодиса жойида тегишли экспертизалар ўтказилган.

Ҳодиса юзасидан Жондор туман ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган. Туркиялик ҳайдовчини калтаклаган икки ўзбекистонлик қўлга олиниб, гумонланувчи сифатида сўроқ қилинмоқда.

Ўзбекистонга келган хорижликларнинг 82 фоизи яқинларини кўришга келганлардир

Иллюстратив сурат.

Ўтган йили Ўзбекистонга 6 748 500 нафар киши келган, бу 2018 йилдаги кўрсаткичдан (5 346 200 киши) 26 фоизга кўпдир.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўтган ҳафта охирида ўтказилган брифингида очиқланмиш маълумотларга кўра, 2019 йили Ўзбекистонга ташриф буюрганлар орасида қариндош-уруғ ва дўстларини кўришга келганлар 81,8 фоизни, саёҳат мақсадида келганлар 15,5 фоизни ташкил қилган. Қолган 2,7 фоиз эса бошқа сабаблар, жумладан даволаниш, харидлар, бизнес учрашувларда иштирок этиш ҳамда таълим олиш мақсадида келганлардир.

Қайд этилишича, 2019 йили туристик хизматлар экспорти кўрсаткичи 1 млрд 313 млн АҚШ долларини ташкил қилган. 2018 йилда бу кўрсаткич 1 млрд 41 млн АҚШ долларини ташкил этганди.

Ўтган йили Ўзбекистонга энг кўп Марказий Осиё минтақасида яшаганлар ташриф буюрган бўлиб, уларнинг сони 5 764 500 кишига етган. МДҲ мамлакатларидан келганлар сони 495 600 кишини ташкил қилган. Узоқ хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонлар сони эса 488 400 минг кишига етган.

ЖБ: 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,7 фоизга ошади

Ўзбекистон иқтисодиёти 2020 йилда 5,7 фоизга ўсади. Бу тахмин Жаҳон банкининг ўтган ҳафтада ёйинланмиш “Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари: секин ўсиш, сиёсий хатарлар” ҳисоботида келтирилган.

5,7 фоизлик ўсиш Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир. Иқтисодий ўсиш кўрсаткичи бўйича иккинчи ўринга Тожикистон (5,5%), учинчи ўринга эса Туркманистон (5,2%) қўйилган.

ЖБ 2021 ва 2022 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти 6 фоизга ўсишини тахмин қилади.

Минтақанинг иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган омиллар сифатида таҳлилчилар геосиёсий турбулентлик, сиёсатдаги ноаниқлик ҳамда Евроҳудуд ва Хитойдаги иқтисодий ўсиш суръати пасайиши каби ташқи омилларни келтирадилар.

Хавфсизлик кенгаши кенгайтирилган йиғинида мудофаа қобилияти танқид қилинди

Президент Мирзиёев Қуролли кучлар Академиясида Хавфсизлик кенгашининг миллий армияни ривожлантириш ва ислоҳ қилишга бағишланган кенгайтирилган йиғилишини ўтказди.

Президент матбуот хизматига кўра, 10 январь куни йиғилишда масъуллар "мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш" бўйича қилинган ишлар ҳақида президентга ҳисоб берган.

Хабарга кўра, йиғилишда президент вазирлик ва маҳаллий ҳокимият органларининг мудофаа соҳасидаги фаолиятига танқидий баҳо берган.

"Ҳозирги ахборот маконидаги қарама-қаршилик, одамлар, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш кучайган шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди", деб хабар қилди матбуот хизмати.

Ўзбекистон глобал озиқ-овқат рейтингида 113 мамлакат орасида 71-ўринда

The Economist Intelligence Unit ташкилотининг "Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги" индексида Ўзбекистон 113 мамлакат орасида 71-ўринни эгаллади.

Бир йил олдин, ушбу рўйхатда Ўзбекистон 80-ўринда бўлган.

Ҳисобот учта асосий меъзон бўйича тузилган. Булар озиқ-овқат маҳсулотларининг мақбуллиги ва истеъмоли; озиқ овқат маҳсулотларининг мавжудлиги ва етарлилиги; озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлиги даражасидир.

Жаҳоннинг энг яхши мамлакатлари юқори ўнталигида Сингапур, Ирландия, АҚШ, Швейцария, Финляндия, Норвегия, Швеция, Канада, Холландия ва Австрия давлатлари бор.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон 48-ўрин билан озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистонда ғишт ишлаб чиқарувчиларга газ бериш тўхтатилади

Ўзбекистон ҳукумати ғишт ишлаб чиқарувчиларга газ беришни тўхтатишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтган табиий газ бўйича дебитор қарздорликни камайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.

Арипов ғишт ишлаб чиқаришнинг табиий ва иқтисодий зарари кўплигини билдирган.

Бош вазир, шунингдек, коммунал хизматлар учун кўр-кўрона маошдан ушлаб қолишга йўл қўйилмаслигини ҳам таъкидлаган.

"Шу вақтгача корхона-ташкилотлар ходимларининг маошидан коммунал хизматлар учун ойма-ой маблағ ушлаб қолинган. Ўша истеъмолчи ҳақиқатан ҳам қарздорми, йўқми, бу бировни қизиқтирмаган. Буни емаган сомсага пул тўлаш, дейиш мумкин. Энди бундай ҳолатга йўл қўйилмайди", - деган Арипов.

Ўтган ой газ муаммоси сабаб Ўзбекистоннинг бир қанча вилоят ва туманларида норозилик акциялари бўлди.

Айрим туманларда аҳоли газ тақчиллигига йўлларни тўсиш билан норозилик билдирди.

Москва ҳарбий суди андижонлик муҳожирни Интернетдаги постлари учун 5,5 йилга қамади

Иллюстратив сурат

Москвада террорчиликни Интернет орқали оқлашга уринганликда айбланган ўзбек муҳожири 5,5 йилга қамалди. Россия Ҳарбий суди андижонлик 24 яшар Шермуҳаммад Шамсиддиновни 2 йил давомида ижтимоий тармоқларда террорчиликка даъват этувчи аудио ва видеофайлларни жойлаштирганликда айбдор деб топди.

Москвадаги Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди терроризм пропагандасида айбдор топилган ўзбек муҳожирини 5 йилу 6 ой қамоқ жазосига маҳкум этди.

Россия Бош прокуратураси 10 январда тарқатган хабарга кўра, Шермуҳаммад Шамсиддинов ижтимоий тармоқлардан бирида экстремистик даъватлар ёзилган аудио ва видеофайлларни “қасддан жойлаштириб келган”.

"Аниқланишича, Шамсиддинов 2016 йилнинг июлидан 2018 йилнинг июнига қадар ўзининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларидан бирида террорчи ташкилотлар фаолиятини оқловчи, зўравонлик мафкураси пропагандаси акс этган, бундай курашда террорчилик амалиётларни қўллаш кераклигини тасдиқловчи ҳамда Интернет тармоғи фойдаланувчиларини террорчилик ташкилотларига қўшилишга даъват этувчи аудио- ва видеофайлларни қасддан жойлаштириб келган", дейилади расмий хабарда.

Озодликнинг прокуратурадаги манбасидан маълум бўлишича, Москвада меҳнат муҳожирлигида юрган Шермуҳаммад Муҳаммадали ўғли Шамсиддинов 1995 йилда Андижон шаҳрида туғилган. У ўзининг коммент ва постларини "Одноклассники" ижтимоий тармоғида жойлаштириб келган.

2018 йил ўрталарида Шермуҳаммад Москва ФСБсининг экстремизмга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Андижонлик муҳожир йигит устидан ёпиқ ўтган ҳарбий суд мажлисида Москва шаҳар прокурори Денис Попов бошчилигидаги бир гуруҳ экспертлар ва прокуратура ходимлари ўз тергов хулосаларини келтирган.

Давлат айбловчилари келтирган даъволарни инобатга олган ҳарбий суд ҳаками Шермуҳаммад Шамсиддиновни Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205.2- моддаси 2 қисми (“Террорчилик фаолиятига очиқ даъват қилиш, жамоат жойда терроризмни оқлаш ва Интернет ахборот-коммуникациялари тармоқлари орқали террорчилик пропагандаси”) асосида 5 йилу 6 ойлик қамоқ жазоси тайинлади.

Тайинланган жазо муддатини ўзбекистонлик йигит умумий режимдаги колонияда ўтайди.

Суд, шунингдек, Шермуҳаммадга 3 йил муддатга электрон ва ахборот-коммуникация тармоқларида сайтлар очиш билан боғлиқ барча фаолият билан шуғулланишга тақиқ қўйди.

Ҳозирча суд қарори кучга киргани йўқ, Шермуҳаммад суднинг бу қарори устидан юқори инстанцияларга арз қилиш имконига эга.

4 460 000 сўм. Мингбулоқ ҳокими фермерларни ҳақоратлагани учун шунча жаримага тортилди

Мингбулоқ ҳокими Нуршод Худойбердиев узр сўрамоқда.

Мингбулоқ туман маъмурий судининг 10 январдаги қарорига кўра, шу туман ҳокими вазифасини бажарувчи Н.Худойбердиев МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахс деб топилиб, унга нисбатан қайд этилган модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида, яъни 4 млн. 460 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Наманган вилоят, Мингбулоқ ҳокими Нуршод Худойбердиевнинг овози деб иддао қилинаётган аудио ижтимоий тармоқларда тарқалгани тўғрисида Озодлик 2 январда хабар қилган эди.

Бу хабар чиққан куннинг эртасига ​Наманган вилоят ҳокимлиги вилоят прокуратураси ушбу аудиоёзув юзасидан ўрганиш ўтказишини ва маъмурий жавобгарлик жиҳатини аниқлаб, қонуний чора кўришини билдирган.

Бош прокуратуранинг 10 январда маълум қилишича, бу ҳолат юзасидан Наманган вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

"Аниқланишича, 09.12.2019 йил соат 10-00да Мингбулоқ тумани, Меҳнатобод м.ф.й. ҳудудидаги “Гигант” муқобил машина трактор парки саройида Мингбулоқ туман ҳокими вазифасини бажарувчи Н.Худойбердиев раҳбарлигида техника ва кузги-қишки агротехник тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказилиб, унда тумандаги “Гигант”, “Гулистон”, “Гулбоғ-1” ММТП ҳудудлари раислари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси мавжуд фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган" дейилган БП хабарида.

Йиғилиш давомида туман ҳокими вазифасини бажарувчи Н.Худойбердиев “Гулистон дача” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси М.Халилов ва бошқа фермер хўжаликлари раҳбарларини қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирламаётгани, сусткашликка йўл кўйиб келаётганлари хусусида танбеҳ бериб, сўнг ҳақорат қилгани ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлиги аниқланган.

Текшириш натижасига кўра, Наманган вилоят прокуратураси томонидан Н.Худойбердиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан маъмурий ҳуқубузарликка доир иш қўзгатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, маъмурий чора қўллаш учун тўпланган ҳужжатлар Мингбулоқ тумани маъмурий судига юборилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG