Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2019, Тошкент вақти: 12:55

Ўзбекистон хабарлари

АҚШ санкция жорий қилган ҳакерлар орасида ўзбекистонлик ҳам бор

Иллюстратив сурат.

АҚШ дастур таъминоти билан боғлиқ фирибгарлик ва банклардан кўп миллионли маблағларни ўмариш билан шуғулланган Evil Corp (“Ёвузлик корпорацияси”) ҳакерлар гуруҳи билан алоқадорликда айбланмиш Россиянинг етти юридик шахси ва 17 нафар жисмоний шахсга қарши санкциялар жорий қилди. АҚШ Молия вазирлиги сайтида ёйинланмиш кибержиноятда айбланганлар рўйхати ичида ўзбекистонлик 29 ёшли Азамат Сафаров ҳам бор.

Илова этилган маълумотларга кўра, Азамат Сафаров 1990 йил 26 мартида Ўзбекистонда туғилган, шу мамлакат паспортига эга, аммо Москвада яшайди ва Evil Corp билан алоқага эга. Рўйхатга Испания, Греция, Исроил, Россия ва Украина ватандошлари ҳам киритилган.

АҚШ Молия вазири Стивен Мнучин Evil Corp гуруҳини “киберфазода дунёдаги энг фаол криминал ташкилот”лардан бири, деб атади. Вазирлик хабарномасида келтирилишича, бу гуруҳ ўз фаолияти билан миллионлаб долларлик зарар етказган, шу жумладан, 40 та мамлакатдаги 300 банк ва молиявий ташкилотлардан 100 миллион доллар ўғирлаган.

Dridex gang номи билан ҳам таниш бўлган Evil Corp компьютерларга вирус юқтириш ва молиявий ташкилотлардаги маълумотларни йиғиш учун Dridex вирусидан фойдаланган. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, гуруҳ кўп йиллардан бери фаолият кўрсатиб келади. Гуруҳ лидери ФСБнинг (Россия Федерал хавфсизлик хизмати) собиқ ходими Максим Якубец бўлиб, у 2017 йилгача мазкур ташкилотда ишлаган.

АҚШ бу гуруҳ ҳакерларини Россия расмийлари билан ҳамкорлик қилганликда айблаган, лекин Россия томони бу айбловларни рад этган.

Президент қизи Ноширлик коллежи биносининг очилишида қатнашди

Президент тўнғич қизи алвон гилам устида қарши олинди.

5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарлари – Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиëева янги ремонт қилинган Ноширлик коллежи биносининг очилишида қатнашган.

Бу ҳақда агентлик директори Комил Алламжонов ўз Facebook саҳифасида хабар қилди.

Бугун Агентлигимиз тасарруфидаги Ноширлик коллежининг капитал таъмирдан чиқарилган биносини ўқувчилар учун фойдаланишга топширдик.

Коллеж келгусида етук матбаачилар ва ноширларни тайёрлайдиган муҳим масканга айланади, деб ишонаман. Бунинг учун барча шароит ва имконият етарли”¸ деб ëзди Алламжонов.

АОКА раҳбари бу хабарига очилиш маросимига оид суратларни ҳам илова қилган.

Бу расмлардан президент тўнғич қизининг алвон гилам устида қарши олингани¸ очилиш маросимида қизил лентани олтин дастали қайчи билан қирқаëтгани кўрилади.

Тилла суви югуртирилган қайчи.
Тилла суви югуртирилган қайчи.

29 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиëевнинг Тошкентга келган Марказий Осиë раҳбарлари билан бирга қор босган боғдаги арчага тилла суви югуртирилган челакдан сув қуйгани суратлари эълон қилинган эди.

Алишер Усмонов $100 миллион ажратган Тошкентдаги Ислом цивилизация марказида ëнғин чиқди (ВИДЕО)

Ўтган йил июнь ойида Шавкат Мирзиëев марказ қурилишини бориб кўрган эди.

Тошкент шаҳар Ëнғин хавфсизлиги хизмати бошқармаси 5 декабрь куни тушдан кейин янги қурилаëтган Ислом цивилизация марказида ëнғин чиққанини тасдиқлади.

Бошқарма баëнотига кўра¸ “соат 16:38 да, Олмазор тумани, Зарқайнар 1-тор кўчасида жойлашган янги қурилаётган Ислом цивилизация маркази ҳудудида 150 кв.м. майдонида теплоизоляция (пенопласт) маҳсулотлари ёнган”.

Расмий баëнотдан тушунилишича¸ ëнғин оқибатида янги қурилаётган бинога зарар етмаган.

Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 16:44да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 16:54да қуршаб олиниб, соат 17:06да ўчирилган”¸ дейилади бошқарма хабарида.

Тошкент ислом цивилизация маркази бош ҳомийси асли наманганлик миллиардер Алишер Усмоновдир.

Ўтган йил Forbes журнали мухбири билан суҳбатда Усмонов бу марказ қурилишига “аллақачон 100 миллион доллар ëтқизганини” айтган эди.

Турк ширкати билан пуллик йўл қуриш бўйича музокаралар натижасиз тугади

Ҳукумат иддаосича¸ Тошекнт-Самарқанд ўртасида қурилажак пулли магистраль йўл орадаги 300 кмлик масофани ҳозирги 4 соат ўрнига¸ 2 соатда босиб ўтиш имконини беради.

Ўзбекистон Бош вазирининг инвестиция ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари Элëр Ғаниев Туркиянинг Cengiz-Kolin-Kalyon консорциуми билан музокаралар самарасиз тугаганини билдирди.

2018 йил сентябрь ойида ҳукумат бу компания билан Тошкент ва Самарқанд ўртасида пулли магистраль қуриш бўйича келишувга эришилганини эълон қилган эди.

2018 йил июлида эса¸ бу лойиҳани Германиянинг GP Papenburg Baugesell schaft компанияси амалга ошириши эълон қилинган эди.

Бу режанинг амалга ошмагани ҳақида ҳукумат расмий изоҳ берган эмас.

Туркия консорциуми билан музокаралар¸ Элëр Ғаниевга кўра¸ нарх борасидаги келишмовчилик сабаб самарасиз тугаган.

Тошкент¸ Ғаниев иддаосича¸ турк ширкатининг Тошкент-Самарқанд йўлига ўрнатадиган қиммат нархига кўнишни истамаган.

Музокараларнинг айнан қайси сабабга кўра муваффақиятсиз тугагани ҳақида ҳозирча Озодлик мустақил маълумотга эга эмас.

Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг аксар йирик лойиҳаларнинг хориж инвесторларига берилгани эълон қилинди.

Аммо ўтказилган журналистик суриштирувлар натижасида «хориж ширкати» деб аталган аксар компанияларнинг ўзбекистонликлар номига чет элда расмийлаштирилган¸ асл эгаси бекитилган қобиқ ширкатлар экани аниқланди.

Масалан¸ Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат лойиҳа – Tashkent Cityдаги тўртта лот қурилиши берилган “хориж инвесторлари”¸ британиялик тадқиқотчи ўтказган суриштирув натижасида¸ аслида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли ширкатлар бўлиб чиқди.

Келаси йилдан 10 та олий ўқув юрти ўз-ўзини молиялаштиришга ўтади

Вазирлар Маҳкамасининг 3 декабрь кунги қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб, мамлакатдаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот Telegram канали 5 декабрь куни хабар тарқатди.

Бу рўйхатга Самарқанд давлат чет тиллари институти¸ Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти¸ Тошкент давлат юридик университети¸ Тошкент давлат иқтисодиёт университети¸ Тошкент молия институти¸ Тошкент давлат шарқшунослик институти¸ Тошкент фармацевтика инситути¸ Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети¸ Урганч давлат университети ва Тошкент темир йўл муҳандислари институти киритилган.

Бу олийгоҳларнинг тажриба рўйхатига киритилишда¸ расмий хабарда ëзилишича¸ “уларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, молиявий фаолиятининг барқарорлиги, моддий-техника базаси етарли даражадалиги, таълим хизматлари бозорида мазкур мутахассисликларга талаб юқорилиги инобатга олинган".

Мазкур рўйхатга киритилган ОТМлар Ўзбекистонда энг кўп абитуриент ҳужжат топширадиган¸ коррупция даражаси ҳам баланд экани айтиладиган олийгоҳлар саналади.

Ҳукумат қарорига кўра¸ мазкур 10 олийгоҳларда “тўлов-контракти асосида таълим олаётган талабаларнинг контракт тўлаш муддатлари томонлар келишувига кўра шартнома асосида белгиланади”.

Бу эса¸ келаси ўқув йилидан мазкур ОТМлардаги контракт нархининг ўзгаришини назарда тутади.

Президент Шавкат Мирзиëев жорий йил 11 июль куни 2020 йилдан бошлаб айрим ОТМлар босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтишини кўзда тутувчи 5763-сонли қарорга қўл қўйган эди.

ЕТТБ бир йилда Ўзбекистонга рекорд даражадаги 400 миллион евро қарз берган

Озарбайжондаги Trend News агентлигининг хабар қилишича¸ Европа тикланиш ва тараққиëт банки 2018 йили Ўзбекистондаги 12 та лойиҳага 400 миллион евро маблағ ажратган.

Агентлик гаплашган ЕТТБ расмийси таъкидича¸ бу банк тарихида битта давлатга бир йил давомида қарз бериш бўйича мисли кўрилмаган рекорддир.

2017 йил охирида Ўзбекистондаги ўз фаолиятини қайта тиклаган ЕТТБ мулозими бу маблағнинг ҳам давлат¸ ҳам хусусий секторга ажратилганини таъкидлаган.

“2019 йил учун ҳозиргача эришилган келишувларимиз қиймати 475 миллион евро ва бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. Бу келишувлар ҳукумат бошлаган реформалар ва бизнинг Ўзбекистондаги ўтиш даврини қўллаб-қувватлаш ниятимиз маҳсулидир”¸ деган номи очиқланмаган ЕТТБ расмийси Trend News агентлиги билан суҳбатда.

ЕТТБ расмий сайтида келтирилган рақамларга кўра¸ ҳозирда банк Ўзбекистонда умумий қиймати 726 миллион евролик 23 та лойиҳада фаол иштирок этмоқда; бу маблағнинг 21 фоизи хусусий секторга¸ 79 фоизи эса давлат назоратидаги инфраструктура лойиҳаларига ажратилган.

Марказий банк баëнотига кўра¸ Ўзбекистон умумий қарзи 2019 йил июлига келиб¸ 20,7 миллиард долларга етган ва бу йил бошига нисбатан 3,4 миллиард долларга кўпдир.

Молия вазирлиги расмийси 18 ноябрь куни берган баëнотга кўра¸ 2019 йил кузига келиб давлат умумий қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотига (ЯИМ) нисбатан 33,6 фоизни ташкил этган.

Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра¸ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти миқдори 2018 йили 50¸5 миллиард долларни ташкил этган.

Самарқандда Ҳолливуд типидаги кино шаҳарчаси қурилади

Самарқанд валояти Нуробод туманидаги Ҳазрати Довуд зиëратгоҳи (иллюстратив сурат).

Самарқандда АҚШ ҳамда дунё киносаноати марказларидан бири бўлган Ҳолливуд типидаги кино шаҳарчаси қурилади.

“Дарё” нашри хабарига кўра, Самарқанд вилояти Нуробод тумани Оқсой ҳудудида қурилиши режалаштирилган киношаҳарча лойиҳаси Vendo group компанияси томонидан амалга оширилади.

Лойиҳа муаллифи Ҳ.Мамасолиевга кўра, умумий ер майдони 160 гектар бўлган шаҳарча Cinema City Sollywood номини олади. Унда замонавий кўринишдаги 3-4 юлдузли меҳмонхоналар, ресторан ва кафелар, дам олиш ва истироҳат боғлари, аквапарк, кинотеатр, концертлар ва конференциялар ўтказиладиган заллар барпо этилади.

Шаҳарча АҚШнинг Daha USA Group ҳамда Хитойнинг Yiwu Compass Trading компаниялари билан ҳамкорликда қурилади. Биринчи босқичда лойиҳа учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағларини киритиш режалаштирилган.

Тошкент туманларидаги газ тақчиллигига метро қурилиши сабаб қилиб кўрсатилди

Иллюстратив сурат.

Тошкентнинг айрим туманларида газ тақчиллигига метро қурилиши важидан газ қувурларининг демонтаж қилиниши сабаб бўлган. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Дарҳақиқат, Роҳат мавзеси томондан Қўйлиқ бозоригача бўлган Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб ер усти метро қурилиши вақтида, зарурат туфайли, 1,5 км узунликдаги газ қувури демонтаж қилинди. Шу сабабли совуқ кунларда шаҳарнинг айрим ҳудудларида табиий газ тақчиллиги кузатилди”, дейилади хабарномада.

Ширкат шу кунда газ қувурини тиклаш бўйича қурилиш ишлари олиб борилаётгани, Қўйлиқ деҳқон бозори яқинидаги ҳалқа йўли ёқалаб 800 метр газ қувурлари ётқизилганини билдирган ҳамда вақтинча ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.

Маълумотларга кўра, шу йил 22 ноябридан Тошкентнинг Миробод, Чилонзор, Сергели, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Учтепа туманларида газ босими пасайиб кетган.

Ўзбекларнинг “тилла бува”си оламдан ўтди

Миртоҳир Миралиев ("Тилла бува" фильмидан скриншот).

Ўзбекистон халқ артисти Миртоҳир (Тоҳир) Миралиев вафот этди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Актёр "Тилла бува" (2011), "Учар отлар" (2011), "Қовун" (2012), "Жасур" (2011), "Аросат" (2009), "Чавандоз" (2007), "Армон" (1987) каби кўплаб фильмларда роль ижро этиб, халқ кўнглидан муносиб жой олган.

Миртоҳир Миралиев узоқ йиллар давомида ёш ҳамкасбларига актёрлик маҳоратидан сабоқ берган. Актёрни таниганлар уни ўз касбига содиқ профессионал қатори ёдга оладилар.

Озодлик радиоси жамоаси марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этади.

Фарғонада 3-синф ўқувчиси 11-синф ўқувчиси томонидан зўрланди

Иллюстратив сурат.

Фарғона вилоятидаги туманлардан бирида мактабнинг 3-синф ўқувчиси шу мактабнинг 11-синф ўқувчиси томонидан зўрланди. Бу ҳақда Газета.uz Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Ҳодиса сентябрь ойи бошида қурилиши битмаган ер участкасидаги вагонда содир бўлган. Жабрланувчига кўра, юқори синф ўқувчиси кимдир воқеадан хабардор бўлса, сўйиб ташлаш билан таҳдид қилган.

Ноябрь ойида ўтказилган экспертизалар тажовузкор ўқувчининг жиноятга алоқадорлигини тасдиқлаган. Ўсмир айбини бўйнига олган. Унга нисбатан 26 ноябрь куни судгача уй қамоғи шаклида эҳтиёт чораси қўлланилган.

Россияда ўтган ой ўзбекистонлик ва тожикистонликлар олиб борган ярим тонна мева ёқилди

Самара (Россия) аэропортида шу йил ноябрь ойида ўзбекистонлик ва тожикистонлик 147 нафар йўловчи томонидан олиб келинган ярим тонна хўл ва қуруқ мева карантин баҳонаси билан олиб қўйилган. Бу ҳақда sgpress.ru Россельхознадзорнинг Самара вилоят бошқармаси матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.

Қайд этилишича, олиб қўйилган маҳсулотлар ичида мева-сабзавот, қуруқ мева, қуруқ чой ва гуруч бўлган. Фитосанитария талабларига жавоб бермаганлиги сабабли олиб қўйилган бу озиқ-овқатлар аэропорт печида ёқилган.

Самарқанд бош меъмори $735 000 ўмарганликда гумонланмоқда

Самарқанд (иллюстратив сурат).

Самарқанд вилоят бош архитектори Бобир Элмурадов давлат мулкини талон-торож қилишда гумонланиб қўлга олинган, дея хабар қилади Kun.uz нашри.

Нашр манбасига кўра, мулозим гаров эвазига озод қилинган ва ҳозирда 7 миллиард сўмлик (735 минг доллардан кўпроқ) бюджет маблағини ўзлаштирганликда айбланиб, суд қилинмоқда.

Элмурадов вилоят бош архитектори лавозимига шу йил мартида тайинланган. Унгача эса Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари вазифасида ишлаган. У ўша вақтда шаҳарнинг “Саид” маҳалласидаги 26 нафар ватандошга уйлари “снос”га тушган деб давлат бюджетидан 7 миллиард сўм миқдоридаги пулни асоссиз равишда беришда айбланган.

Россия бозорида ўзбек автомобиллари кескин арзонлаб кетди

Россия бозорида Ўзбекистондаги UzAuto Motors автозаводининг Ravon савдо белгиси билан сотилаётган автомобиллари кескин арзонлаб кетди.

Ravon.ru сайтида эълон қилинган маълумотларга таяниб, Fergana.ru сайтининг хабар қилишича, Nexia R3 модели 120 минг рублга ($1850) арзонлаб кетган.

Nexia R3 670 минг рублдан ($10 300) 550 минг рублга ($8460);

Ravon R4 678 минг рублдан ($10 430) 603 минг рублга ($9280);

Ravon R2 646 минг рублдан ($9940) 586 минг рублга ($9015) пасайган.

Мамлакат бўйлаб 5,7 млн киши расман ишли эканлиги айтилди

Тошкентдаги аёллар мардикор бозори.

Ишсизлик даражаси 2019 йил бошига нисбатан 0,4 фоизга камайиб, жорий йил 1 октябрь ҳолатига 8,9 фоизни ташкил этди. Расмий банд аҳоли сони 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 фоизга ёки 308 минг кишига ошган ва 5,7 миллион кишига етди. Иқтисодий нофаол аҳоли сони 200 мингга камайиб, 4,0 миллион кишини ташкил этмоқда.

Бу маълумотлар 2020 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш параметрларига тўғрисидаги президент қарори лойиҳасида келтирилди

Ҳужжатда қайд этилишича, ёшлар ва аёллар ўртасидаги ишсизлик юқорилигача қолмоқда (мос равишда 14,9 фоиз ва 12,5 фоиз), ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1,3 миллион кишини ташкил этган. Иш билан банд аҳоли таркибида норасмий банд кишилар улуши (меҳнат миграциясисиз) юқорилигича қолиб, 39,0 фоизни ташкил этмоқда.

Мирзиёевнинг машина теримига оид 6 йил олдинги режаси бажарилмади. Бошқа режа эълон қилинди

Тошкент трактор заводида йиғиладиган янги пахта териш машинаси

2020 йилдан Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида пахтани машинада териш ҳажмини 50 фоизга, келгуси йилларда эса 80 фоизга кўтариш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси - "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нодир Отажонов баёнот бергани тўғрисида маҳаллий нашр хабар қилди.

"Бу йилги пахта теримини механизациялашга, пахта териш машиналаридан фойдаланишга фаол киришдик. Пахтани қўлда тергандан кўра машинада териш анча афзал. Қўлда терилган бир кило пахта учун 800-1000 сўм маблағ тўланган бўлса, машинада терилган пахтанинг 1 килоси 600 сўмдан тушди", деган Нодир Отажонов

  • Бундан 6 йил муқаддам, 2013 йилнинг октябрида IX Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев “2016 йилга бориб Ўзбекистон пахта йиғим-теримини 80-90 фоиз механизациялашган тартибда амалга оширади” деб баёнот берган эди.
  • Мирзиёев ўшанда Ўзбекистон машинасозлари томонидан техник параметрлари, нарх кўрсаткичлари ҳамда сервис хизмати бўйича фермерларнинг бугунги талабларига жавоб берадиган “янги пахта териш машиналари” яратилганини айтиб ўтган.
  • - Биз пахта териш техникаларини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттирамиз. Ҳозирги кунда энг замонавий техник ишланмалардан фойдаланилаётган 6 русумдаги пахта териш машинаси синовдан ўтмоқда”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

ЕТТБ бир марталик тиббиёт ашёлари ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонга кредит ажратди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Сума Чакрабарти.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда бир марталик тиббий қўлқоплар ишлаб чиқариш учун 8,55 млн еврога тенг маблағ ажратди. Бу ҳақда Газета.уз нашри ЕТТБ матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.

Банк кредити шприц ва диализ фильтрлари каби бир марталик тиббиёт ашёларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Healthline қўшма корхонасига берилади.

Кредит маҳсулот ассортиментини кенгайтириш ва бир марталик тиббий қўлқоплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун сарфланади.

Шу пайтгача ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётидаги 73 та лойиҳага 1,6 млрд евро миқдорида сармоя киритган.

Банк делегацияси шу йил июнида Хиванинг Нуриллабой саройида уюштирилган зиёфатда иштирок этгани учун танқидга нишон бўлган эди.

Жорий йил 10 ойи ичида Ўзбекистонга Қозоғистондан 309 млн доллар жўнатилди

Иллюстратив сурат.

2019 йилнинг январь-октябрь ойларида Қозоғистондан Ўзбекистонга 119,6 миллиард тенге ёки тақрибан 309 млн АҚШ доллари миқдорида пул жўнатилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўпдир. Бу ҳақда finprom.kz нашри хабар қилади.

Айни пайтда Ўзбекистондан Қозоғистонга жорий йилнинг 10 ойи давомида 25,4 миллиард тенге ёки 65,6 млн доллар пул ўтказилган.

Ўзбекистон Қозоғистондан пул ўтказмалари бўйича Россиядан ($443,9 млн) кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Ундан кейинги ўринларни Туркия ($195 млн)ва Қирғизистон ($182 млн)эгаллаган.

Умрага борган 14 нафар ўзбекистонлик Саудиядан депортация қилинди

Иллюстратив сурат.

Саудия Арабистони чегара хизмати Умра зиёратига борган 14 нафар ўзбекистонликни ватанига депортация қилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига кўра, шу йил 26 ноябрь куни Андижон вилоятида жойлашган туристик фирмалардан бири томонидан Жидда шаҳрига юборилган 14 нафар ўзбекистонликнинг визаси қалбаки бўлиб чиққан.

Турфирма уларга қалбаки виза расмийлаштирган ва Саудия Арабистонига йўллаган. Саудия Арабистони чегара хизматининг маълум қилишича, уларнинг визаси бекор қилиниб, мамлакатга киритилмасдан депортация қилинган.

“Жидда шаҳридаги Бош консулхона ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АКнинг Саудиядаги вакиллари билан ҳамкорликда ҳолат юзасидан барча зарурий ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, 27 ноябрь куни “Жидда-Тошкент” авиақатнови билан юқоридаги 14 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди”, дейилади қўмита хабарномасида.

Алишер Усмоновнинг қиличбозлик ривожига сарфлаган пули 80 млн долларга етади

Иллюстратив сурат.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг Халқаро қиличбозлик федерациясига (FIE) харжлаган маблағи 2020 йилга бориб 80 миллион АҚШ долларига етади. Бу ҳақда Insidethegames сайти хабар қилади.

Усмонов 2008 йилдан буён Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти лавозимини эгаллаб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у мунтазам равишда федерацияга ўз маблағларини сарфлаб келган. FIE маълумотига кўра, тадбиркор иона қилган 16,4 миллион доллар туфайли федерация 2018 йилдан 2,8 миллион долларлик профицит билан чиққан.

Яқин икки йил ичида Усмонов федерацияга яна 5 миллион доллардан сарфламоқчи. Шу тариқа тадбиркорнинг ўзи президент бўлгандан бери федерацияга қилган ионаси миқдори 80 миллион долларга етади.

Алишер Усмонов.
Алишер Усмонов.


Forbes маълумотига кўра, сарвати 12,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган Алишер Усмонов Россиядаги энг бадавлат кишилардан бири бўлиб ҳисобланади.

Келаси мавсумдан бошлаб иситиш учун пул тўлаш тартиби ўзгаради

“Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, 2020-2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв. метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади.

2020 йил 1 январдан аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.

Қарорга кўра, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими 2019-2024 йилларда босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилади.

Аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарув компаниялари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар асосида етказиб бериш тартиби босқичма-босқич жорий этилади.

Кўп квартирали уйлар бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилган тақдирда эса икки томонлама шартномалар асосида амалга оширилади.

Қарор билан 2019-2022 йилларда республиканинг иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмоннинг ўғлини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомалини қабул қилди. Тошкент шаҳри, 2019, 3 декабрь. Сурат Ўзбекистон Президенти расмий сайтидан олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни Тожикистон Республикасининг пойтахти - Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомалини қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Учрашувда икки қўшни мамлакат пойтахтлари Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилингани хабар қилинди.

Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг катта ўғлидир.

Эмомали Раҳмон 2017 йил, 12 январь куни Рустам Эмомалини Душанбе мэри этиб тайинлаган эди.

Декабрнинг 2 кунида Туркманистондан 30 млн кВт соат электр қуввати импорт қилинди

Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Туркманистондан ўзаро имзоланган шартномага кўра, электр энергиясини етказиб бериш бошланди ва шу куни жами 14,9 млн. кВт.с электр энергияси етказиб берилди. 2 декабрь куни эса, электр энергиясини етказиб бериш 15,4 млн. кВт.соатни ташкил этди.

Бу ҳақда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Aхборот хизмати хабар қилди.

Корхона электр энергиясини етказиб бериш шартномада белгиланган, келишилган графиклар ва миқдорлар асосида амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган.

"Жорий режимларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасаруффидаги электр тармоқлари ва подстанциялари шартномада белгиланган миқдордаги электр энергиясини ҳудудий тармоқлар чегарасигача чекланишларсиз етказиб бериш имкониятига эга эканлигини маълум қилади" дейилган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” хабарида.

Корхона ўз баёнотида 2 декабрь куни Daryo.uz сайтида “Туркманистондан келган электр энергияси сабабли Самарқанддаги баъзи туманларда электр энергияси вақтинча ўчирилади” сарлавҳали материал эълон қилинганини, унда 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга “Туркманэнерго” давлат энергетика корпорацияси томонидан етказиб берилаётган электр энергиясини маҳаллий подстанциялар кўтара олмаяпти, дея хабар берилгани ва шбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини ёзди.

TV4 телеканали Озодлик радиоси билан Швецияда қулдек ишлатилаётган ўзбеклар ҳақида фильм суратга олди

Швециянинг TV4 телеканали намойиш қилган фильмдан кадр

Швециянинг TV4 телеканали Озодлик радиоси мухбири Сирожиддин Толибов билан ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирувдан юзлаб чет элликлар Швецияда қулдек ишлатилаётгани маълум бўлди. Ҳамкорлик маҳсули – 40 дақиқалик фильм TV4 телеканалида душанба, 2 декабрь куни намойиш қилинди.

- Швецияда кўпчиликнинг назаридан четда бўлган, кўринмас бир жамият бор. Бу жамиятда меҳнат муҳожирлари эксплуатация қилинади. Кўринмас эксплуатация ҳамма жойда – қурилиш майдонларида, мактабларда, шифохоналарда, ҳашаматли меҳмонхоналар ва ресторанларда давом этмоқда, - деди фильм ҳаммуаллифи Сирожиддин Толибов. Унинг айтишича, фильм ноқонуний йўллар билан ишга жойлашган ва натижада қуллик домига тушиб қолган ўзбеклар ҳақидадир.

Фильм тез орада Озодлик сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда намойиш этилади.

Марғилон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари ўз уйида осилган ҳолда топилди

Фарғона вилоят, Марғилон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари 30 ноябрда ўз уйидан осилган ҳолда топилган. Бу ҳақда маҳаллий нашр Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, 3 декабрда хабар қилди.

"Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмидан 30 ноябрь куни соат 11:00 ларда келиб тушган хабарга кўра, шаҳардаги Мустақиллик кўчаси 174-хонадонда яшаган, 1984 йилда туғилган Т.Э. яшаш хонадони ертўласида кабелдан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи осиб вафот этган", дейилган маълумотномада.

Айни вақтда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Хабарда айтилишича, Т.Э. 2018 йил 20 августда Марғилон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланиб, 2019 йил 2 апрель куни ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Тожикистон президентининг ўғли Тошкентга келиб, Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашди

Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали 3 декабрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистон пойтахтига келди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “юксак даражали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортда Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Артикходжаев кутиб олган”.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG