Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:02

Ўзбекистон хабарлари

Россия бозорида ўзбек автомобиллари кескин арзонлаб кетди

Россия бозорида Ўзбекистондаги UzAuto Motors автозаводининг Ravon савдо белгиси билан сотилаётган автомобиллари кескин арзонлаб кетди.

Ravon.ru сайтида эълон қилинган маълумотларга таяниб, Fergana.ru сайтининг хабар қилишича, Nexia R3 модели 120 минг рублга ($1850) арзонлаб кетган.

Nexia R3 670 минг рублдан ($10 300) 550 минг рублга ($8460);

Ravon R4 678 минг рублдан ($10 430) 603 минг рублга ($9280);

Ravon R2 646 минг рублдан ($9940) 586 минг рублга ($9015) пасайган.

Мамлакат бўйлаб 5,7 млн киши расман ишли эканлиги айтилди

Тошкентдаги аёллар мардикор бозори.

Ишсизлик даражаси 2019 йил бошига нисбатан 0,4 фоизга камайиб, жорий йил 1 октябрь ҳолатига 8,9 фоизни ташкил этди. Расмий банд аҳоли сони 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 фоизга ёки 308 минг кишига ошган ва 5,7 миллион кишига етди. Иқтисодий нофаол аҳоли сони 200 мингга камайиб, 4,0 миллион кишини ташкил этмоқда.

Бу маълумотлар 2020 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш параметрларига тўғрисидаги президент қарори лойиҳасида келтирилди

Ҳужжатда қайд этилишича, ёшлар ва аёллар ўртасидаги ишсизлик юқорилигача қолмоқда (мос равишда 14,9 фоиз ва 12,5 фоиз), ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1,3 миллион кишини ташкил этган. Иш билан банд аҳоли таркибида норасмий банд кишилар улуши (меҳнат миграциясисиз) юқорилигича қолиб, 39,0 фоизни ташкил этмоқда.

Мирзиёевнинг машина теримига оид 6 йил олдинги режаси бажарилмади. Бошқа режа эълон қилинди

Тошкент трактор заводида йиғиладиган янги пахта териш машинаси

2020 йилдан Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида пахтани машинада териш ҳажмини 50 фоизга, келгуси йилларда эса 80 фоизга кўтариш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси - "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нодир Отажонов баёнот бергани тўғрисида маҳаллий нашр хабар қилди.

"Бу йилги пахта теримини механизациялашга, пахта териш машиналаридан фойдаланишга фаол киришдик. Пахтани қўлда тергандан кўра машинада териш анча афзал. Қўлда терилган бир кило пахта учун 800-1000 сўм маблағ тўланган бўлса, машинада терилган пахтанинг 1 килоси 600 сўмдан тушди", деган Нодир Отажонов

  • Бундан 6 йил муқаддам, 2013 йилнинг октябрида IX Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев “2016 йилга бориб Ўзбекистон пахта йиғим-теримини 80-90 фоиз механизациялашган тартибда амалга оширади” деб баёнот берган эди.
  • Мирзиёев ўшанда Ўзбекистон машинасозлари томонидан техник параметрлари, нарх кўрсаткичлари ҳамда сервис хизмати бўйича фермерларнинг бугунги талабларига жавоб берадиган “янги пахта териш машиналари” яратилганини айтиб ўтган.
  • - Биз пахта териш техникаларини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттирамиз. Ҳозирги кунда энг замонавий техник ишланмалардан фойдаланилаётган 6 русумдаги пахта териш машинаси синовдан ўтмоқда”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

ЕТТБ бир марталик тиббиёт ашёлари ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонга кредит ажратди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Сума Чакрабарти.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда бир марталик тиббий қўлқоплар ишлаб чиқариш учун 8,55 млн еврога тенг маблағ ажратди. Бу ҳақда Газета.уз нашри ЕТТБ матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.

Банк кредити шприц ва диализ фильтрлари каби бир марталик тиббиёт ашёларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Healthline қўшма корхонасига берилади.

Кредит маҳсулот ассортиментини кенгайтириш ва бир марталик тиббий қўлқоплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун сарфланади.

Шу пайтгача ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётидаги 73 та лойиҳага 1,6 млрд евро миқдорида сармоя киритган.

Банк делегацияси шу йил июнида Хиванинг Нуриллабой саройида уюштирилган зиёфатда иштирок этгани учун танқидга нишон бўлган эди.

Жорий йил 10 ойи ичида Ўзбекистонга Қозоғистондан 309 млн доллар жўнатилди

Иллюстратив сурат.

2019 йилнинг январь-октябрь ойларида Қозоғистондан Ўзбекистонга 119,6 миллиард тенге ёки тақрибан 309 млн АҚШ доллари миқдорида пул жўнатилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўпдир. Бу ҳақда finprom.kz нашри хабар қилади.

Айни пайтда Ўзбекистондан Қозоғистонга жорий йилнинг 10 ойи давомида 25,4 миллиард тенге ёки 65,6 млн доллар пул ўтказилган.

Ўзбекистон Қозоғистондан пул ўтказмалари бўйича Россиядан ($443,9 млн) кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Ундан кейинги ўринларни Туркия ($195 млн)ва Қирғизистон ($182 млн)эгаллаган.

Умрага борган 14 нафар ўзбекистонлик Саудиядан депортация қилинди

Иллюстратив сурат.

Саудия Арабистони чегара хизмати Умра зиёратига борган 14 нафар ўзбекистонликни ватанига депортация қилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига кўра, шу йил 26 ноябрь куни Андижон вилоятида жойлашган туристик фирмалардан бири томонидан Жидда шаҳрига юборилган 14 нафар ўзбекистонликнинг визаси қалбаки бўлиб чиққан.

Турфирма уларга қалбаки виза расмийлаштирган ва Саудия Арабистонига йўллаган. Саудия Арабистони чегара хизматининг маълум қилишича, уларнинг визаси бекор қилиниб, мамлакатга киритилмасдан депортация қилинган.

“Жидда шаҳридаги Бош консулхона ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АКнинг Саудиядаги вакиллари билан ҳамкорликда ҳолат юзасидан барча зарурий ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, 27 ноябрь куни “Жидда-Тошкент” авиақатнови билан юқоридаги 14 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди”, дейилади қўмита хабарномасида.

Алишер Усмоновнинг қиличбозлик ривожига сарфлаган пули 80 млн долларга етади

Иллюстратив сурат.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг Халқаро қиличбозлик федерациясига (FIE) харжлаган маблағи 2020 йилга бориб 80 миллион АҚШ долларига етади. Бу ҳақда Insidethegames сайти хабар қилади.

Усмонов 2008 йилдан буён Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти лавозимини эгаллаб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у мунтазам равишда федерацияга ўз маблағларини сарфлаб келган. FIE маълумотига кўра, тадбиркор иона қилган 16,4 миллион доллар туфайли федерация 2018 йилдан 2,8 миллион долларлик профицит билан чиққан.

Яқин икки йил ичида Усмонов федерацияга яна 5 миллион доллардан сарфламоқчи. Шу тариқа тадбиркорнинг ўзи президент бўлгандан бери федерацияга қилган ионаси миқдори 80 миллион долларга етади.

Алишер Усмонов.
Алишер Усмонов.


Forbes маълумотига кўра, сарвати 12,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган Алишер Усмонов Россиядаги энг бадавлат кишилардан бири бўлиб ҳисобланади.

Келаси мавсумдан бошлаб иситиш учун пул тўлаш тартиби ўзгаради

“Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, 2020-2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв. метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади.

2020 йил 1 январдан аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.

Қарорга кўра, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими 2019-2024 йилларда босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилади.

Аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарув компаниялари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар асосида етказиб бериш тартиби босқичма-босқич жорий этилади.

Кўп квартирали уйлар бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилган тақдирда эса икки томонлама шартномалар асосида амалга оширилади.

Қарор билан 2019-2022 йилларда республиканинг иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмоннинг ўғлини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомалини қабул қилди. Тошкент шаҳри, 2019, 3 декабрь. Сурат Ўзбекистон Президенти расмий сайтидан олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни Тожикистон Республикасининг пойтахти - Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомалини қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Учрашувда икки қўшни мамлакат пойтахтлари Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилингани хабар қилинди.

Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг катта ўғлидир.

Эмомали Раҳмон 2017 йил, 12 январь куни Рустам Эмомалини Душанбе мэри этиб тайинлаган эди.

Декабрнинг 2 кунида Туркманистондан 30 млн кВт соат электр қуввати импорт қилинди

Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Туркманистондан ўзаро имзоланган шартномага кўра, электр энергиясини етказиб бериш бошланди ва шу куни жами 14,9 млн. кВт.с электр энергияси етказиб берилди. 2 декабрь куни эса, электр энергиясини етказиб бериш 15,4 млн. кВт.соатни ташкил этди.

Бу ҳақда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Aхборот хизмати хабар қилди.

Корхона электр энергиясини етказиб бериш шартномада белгиланган, келишилган графиклар ва миқдорлар асосида амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган.

"Жорий режимларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасаруффидаги электр тармоқлари ва подстанциялари шартномада белгиланган миқдордаги электр энергиясини ҳудудий тармоқлар чегарасигача чекланишларсиз етказиб бериш имкониятига эга эканлигини маълум қилади" дейилган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” хабарида.

Корхона ўз баёнотида 2 декабрь куни Daryo.uz сайтида “Туркманистондан келган электр энергияси сабабли Самарқанддаги баъзи туманларда электр энергияси вақтинча ўчирилади” сарлавҳали материал эълон қилинганини, унда 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга “Туркманэнерго” давлат энергетика корпорацияси томонидан етказиб берилаётган электр энергиясини маҳаллий подстанциялар кўтара олмаяпти, дея хабар берилгани ва шбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини ёзди.

TV4 телеканали Озодлик радиоси билан Швецияда қулдек ишлатилаётган ўзбеклар ҳақида фильм суратга олди

Швециянинг TV4 телеканали намойиш қилган фильмдан кадр

Швециянинг TV4 телеканали Озодлик радиоси мухбири Сирожиддин Толибов билан ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирувдан юзлаб чет элликлар Швецияда қулдек ишлатилаётгани маълум бўлди. Ҳамкорлик маҳсули – 40 дақиқалик фильм TV4 телеканалида душанба, 2 декабрь куни намойиш қилинди.

- Швецияда кўпчиликнинг назаридан четда бўлган, кўринмас бир жамият бор. Бу жамиятда меҳнат муҳожирлари эксплуатация қилинади. Кўринмас эксплуатация ҳамма жойда – қурилиш майдонларида, мактабларда, шифохоналарда, ҳашаматли меҳмонхоналар ва ресторанларда давом этмоқда, - деди фильм ҳаммуаллифи Сирожиддин Толибов. Унинг айтишича, фильм ноқонуний йўллар билан ишга жойлашган ва натижада қуллик домига тушиб қолган ўзбеклар ҳақидадир.

Фильм тез орада Озодлик сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда намойиш этилади.

Марғилон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари ўз уйида осилган ҳолда топилди

Фарғона вилоят, Марғилон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари 30 ноябрда ўз уйидан осилган ҳолда топилган. Бу ҳақда маҳаллий нашр Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, 3 декабрда хабар қилди.

"Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмидан 30 ноябрь куни соат 11:00 ларда келиб тушган хабарга кўра, шаҳардаги Мустақиллик кўчаси 174-хонадонда яшаган, 1984 йилда туғилган Т.Э. яшаш хонадони ертўласида кабелдан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи осиб вафот этган", дейилган маълумотномада.

Айни вақтда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Хабарда айтилишича, Т.Э. 2018 йил 20 августда Марғилон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланиб, 2019 йил 2 апрель куни ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Тожикистон президентининг ўғли Тошкентга келиб, Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашди

Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали 3 декабрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистон пойтахтига келди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “юксак даражали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортда Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Артикходжаев кутиб олган”.

Пойтахт ҳокимлиги Tashkent City’даги конгресс-холлнинг томи жойида эканини билдирди

Tashkent City'даги конгресс-холл.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Tashkent City ҳудудидаги Халқаро конгресс-холлнинг томи қулагани ҳақида 2 декабрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.

“Ўтказилган текширув натижасида мазкур ахборот ҳақиқатга тўғри келмаслиги, том қисми бутун ҳолатда эканлиги аниқланди”, дейилади ҳокимлик хабарномасида.

Ҳокимлик вакилининг daryo.uz нашрига билдиришича, “чироқ усталари иш олиб бораётган вақтда шифт люкларидан бири жойидан чиқиб кетган, уни шу куннинг ўзидаёқ қайта жойига ўрнатиб қўйишган, ҳеч қандай том қуламаган”.

Tashkent City ҳудудидаги Халқаро конгресс-холл шу йил октябрида қурилиши битказилиб, фойдаланишга топширилганди.

Ўзбекистон Миллий банки акциядорлик жамиятига айлантирилди

Унитар корхона шаклидаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этилди. Бунга оид қарор Ўзбекистон президенти томонидан шу йил 30 ноябрида имзоланган.

Давлат томонидан “Миллий банк” АЖнинг таъсисчиси этиб Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси белгиланган.

“Миллий банк” АЖ фаолиятининг асосий вазифалари
ва йўналишлари ўлароқ қуйидагилар кўрсатилган:

хорижий кредит линиялари, халқаро капитал бозоридаги ресурслар, хорижий инвесторлар маблағларини жалб қилиш орқали иқтисодиётнинг устувор секторларида йирик инвестицион лойиҳаларни фаол равишда кредитлаш;

хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлигини ошириш учун инновацион молиявий маҳсулотларни жорий этиш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига банк хизматларини, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият масалаларида молиявий маслаҳатлар бериш ва ахборот кўмагини кўрсатиш;

аҳолига чакана банк хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда банк хизматларининг янги турларини жорий этиш;

биринчи навбатда миллий валютадаги узоқ муддатли маблағларни сафарбар қилиш ҳисобига банк фаолиятини молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш;

савдо-экспорт молиялаштириш бизнеси маҳсулотларини ривожлантириш ва унинг географиясини кенгайтириш, шунингдек, республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш, экспорт қилувчиларга консалтинг хизматларини тақдим этиш;

корпоратив мижозларга инвестицион банкинг, жумладан, ички ва ташқи бозорларда қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш хизматларини кўрсатиш.

Айни пайтда Ўзмиллийбанкнинг хўжалик жамиятлари устав фондидаги акциялар ва улушлар шаклидаги айрим асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган активларини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиб бериш, айрим активларни эса акция ва ширкат низом жамғармасидаги улуш шаклида сотиш кўзда тутилган.

UMS отини бошқа қўйди ва Mobiuz’га айланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондаги UMS мобиль алоқа оператори ребрендинг ўтказди ва 2 декабрдан ўз фаолиятини Mobiuz савдо маркаси остида юрита бошлади. Бу бренд остида муштарийларга қатор янги маҳсулотлар, жумладан, электрон ҳамён ҳамда фильм, телекўрсатувларни кўриш ва мусиқа тинглаш учун хизматлар таклиф қилинади, дея хабар қилади Газета.уз нашри.

Ширкат ребрендингни бутун Ўзбекистон ҳудудини ривожланган мамлакатлар даражасида интернет тармоғи билан қоплаш ҳамда ўзининг маълумотларни қайта ишлаш марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ўз олдига қўйган янги вазифалар билан изоҳлаган.

UMS техник директори Ольга Филатовага кўра, ҳозирда оператор интернет-каналининг ўтказиш имконияти 29 Гбитни ташкил қилади, бу кўрсаткични кейинги йил охиригача 100 Гбитгача кўтариш режаланган.

ЎзА бош директори вазир имтиёзларига эга бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳузурида Маслаҳат кенгаши тузилади ва Медиа марказ очилади, агентлик эса замон талаблари жавоб бериши учун ислоҳ қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2 декабрь куни имзоланган қарорда айтилган.

Қарорда матбуот, оммавий ахборот воситалари, ахборот тарқатиш, аҳолини холис ва тезкор ахборот билан таъминлаш, Ўзбекистонда содир бўлаётган янгиликларни чет давлатларга, чет давлатлардаги воқеа-ҳодисаларни мамлакат аҳолисига тезкорлик билан етказиш бўйича амалдаги тизим бугунги кун талабларига жавоб бермаётгани урғуланади.

Ҳужжатда ЎзА таркибида Медиа марказ ташкил этиш “республика ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш, уларга ахборот-таҳлилий, шу жумладан, аудио ва видео ахборотлар етказиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсади” билан, Маслаҳат кенгаши тузиш эса ЎзА фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш зарурати билан изоҳланган.

Қарор билан ЎзА бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирга, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари эса тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилган.

Президент қарорида 2020 йил 1 майга қадар муддатда фойдаланувчилар учун қулай, аудио ва видео ахборотларни тарқатиш, тарқатилаётган ахборотларни тижорат йўли билан юклаб олиш имкониятлари мавжуд бўлган ЎзАнинг ахборот порталини ишга тушириш вазифаси қўйилган.

Ҳокимларнинг ўзбошимчалик билан машина ва уй улашишига чек қўйилади

Андижон ҳокимидан совға сифатида автомобиль олган шоир Шарофиддин Болтабоев (сурат Андижон вилоят ҳокимлиги расмий сайтидан олинган).

Ўзбекистонда бундан буён ҳокимлар истаган одамига машина, уй совға қилолмайди, фақатгина маҳаллий кенгашлар маъқуллаган йўналишларга қўшимча даромадларни ишлатишлари мумкин. Бу ҳақда Молия вазирлиги давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Абруев kun.uz нашрига маълум қилган.

“Ижтимоий тармоқларда кўрдик - ҳокимлар уй-жой, машиналарни қаердан олиб бераётгани ҳақида жамоатчиликда саволлар туғиляпти. Булар қўшимча даромадлар ҳисобидан олинди, дейишлари мумкин. Маҳаллий ҳокимликларнинг қўшимча даромадлари ҳам барибир маҳаллий бюджетнинг маблағи. “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддаси билан бюджет маҳаллий бюджет кенгашида қандай тасдиқланса, қўшимча даромадлар ҳам худди шу тартибда тасдиқланиши керак деган норма киритилди. Бу бюджет интизомини тартибга солади”, дея иқтибос келтиради нашр Жамшид Абруев сўзларидан.

Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи ҳокимларга фавқулодда вазиятлардаги кичик харажатлар учун маблағларни маҳаллий бюджетдан олишга рухсат берилаётгани, бунда ҳам пуллар нимага сарфлангани ҳақида ҳар чоракда ҳисобот топширилиши шартлигини қўшимча қилган.

Ғузор туман ҳокимлиги қарийб 56 млн сўмлик электрни ноқонуний ишлатгани аниқланди

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоят, Ғузор туман ҳокимлигига қарашли бинода ўрнатилган ҳисоблагич дастурда ўчирилганлиги кўрсатилган бўлса-да, амалда ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб фойдаланаётганлиги аниқланиб, баённома тузилди ва 55 896 300 сўм (124 214 кВт.с) ҳисобланмаган энергия қиймати аниқланди.

Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» ҳудудий бўлими хабар қилди.

Шунингдек, Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қарашли кўча чироқлари электр таъминоти ҳисоб нуқталари ўрганилганда, битта ҳисоб нуқтасида ҳисоблагичсиз ўзбошимчалик билан улангани, битта ҳисоб нуқтасида ҳисоб-схема бузилгани, яъни ҳисоблагич ажратиб қўйиб ишлатилаётгани, 4 та ҳисоб нуқтасида мавжуд трансформатор пункти ва ҳисоблагичлар шартнома ва дастурга киритилмасдан ишлатилаётгани аниқланди.

Текширув якунлари бўйича 335,6 млн сўм (745,8 минг кВт.с) қайта ҳисоб қилинди ва ундиришга йўналтирилди.

Наманганда 82 яшар йўловчи поезд уриб, ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

2 декабрь, соат тахминан 05:50да 1230-сонли юк поезди Наманган вилоят, Поп тумани ҳудудидан ўтувчи "Қўшминор-Поп" темир йўл оралиғининг 115- километри, 1-пикетида ҳаракатлантириб кетаётган вақтда темир йўлни кесиб ўтаётган пиёда 82 ёшли Т.М.ни уриб юборган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизматининг хабар қилишича, натижада Т.М. ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Юк поезди соат 05−50 да тўхтаб, соат 06−37 да ўз йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетган. Тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса сабабларини ўрганаётгани хабар қилинди.

Қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга биноан 1 декабрдан бир қатор ўзгаришлар кучга кирди

Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги 1 декабрдан кучга кирган қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар тўғрисида маълумот берди:

1. Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатидаги дорилар айрим дорихоналардагина сотилади

2019 йил 1 декабрдан бошлаб кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дорилар фақат ижтимоий дорихоналар ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш фаолияти бўйича лицензияга эга бўлган дорихоналар томонидан сотилади.

2. IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш пулли бўлди

Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмалар жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали пулли асосда рўйхатга олинади.

3. Фаолиятнинг лицензияланадиган тури биттага кўпайди

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият учун лицензия олиш талаб этилади.

4. Грант маблағларини жалб қилишда қатнашган ходимлар рағбатлантирилади

2019 йил 1 декабрдан бошлаб:

хорижий давлатлар ва ташкилотлар донорлар делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифларини ва уларнинг расмий шахслар билан учрашувларини ташкил этиш бўйича сўровларни Ташқи ишлар вазирлигига олдиндан юбориш муддати 30 иш кунидан 15 иш кунигача қисқартирилади;

грант олувчилар томонидан банк ҳисобварақларидан кўчирмаларни, шунингдек, техник кўмак маблағлари тўғрисида ахборот ва идоравий ҳисоботни Молия вазирлигининг Ғазначилигига тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;

грант олувчилар ҳар чоракда олинган ва ўзлаштирилган грантлар ҳамда амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этади;

давлат органлари раҳбарлари грант маблағларини жалб қилишда бевосита қатнашган ходимларни меҳнатга ҳақ тўлаш минимал миқдорининг 15 бараваригача бир йўла мукофотлаш тарзидаги рағбатлантиришга ҳақли бўлади.

5. Фармацевтик инспекция ўтказиш бўйича низом кучга кирди

Зарур амалиётлар (GxP) талабларига мувофиқлик юзасидан инспекциялар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.

6. Энергетика менежменти тизими жорий этилади

Айрим корхона ва ташкилотларда энергетика менежменти тизими халқаро стандартга (ISO 50001) мувофиқ босқичма-босқич жорий этилади.

Мазкур тизимда қуйидагилар назарда тутилади:

энергия истеъмоли самарадорлигини баҳолашнинг шаффофлиги ва холислиги, корхоналарнинг энергия сарфи ҳажмини пасайтириш, шунингдек, атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш;

ресурсларни, биринчи навбатда молиявий маблағларни минимал даражада сарфлаб энергия истеъмолини бошқариш самарадорлигига эришиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш.

7. Тракторчи-машинист гувоҳномасининг янги намунаси берилади

2019 йил 1 декабрдан Тошкент шаҳрида, 2020 йил 1 мартдан бутун республикада тракторчи-машинист гувоҳномасининг, техник паспорт ва техник гувоҳноманинг янги намуналари берилади.

8. Тренерлар ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади

Республикада фаолият юритаётган тренерлар Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари базасида ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади.

Давстатқўм: Ноябрь ойида инфляция 1,7 фоизни ташкил этди

Иллюстратив сурат.

Жорий йил ноябрида Ўзбекистонда истеъмол нархлари даражасининг ой давомидаги ўртача ошиши 1,7 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг галдаги ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботда келтирилишича, йил бошидан бери истеъмол бозоридаги хизмат ва товарлар нархлари 13,3 фоизга қимматлаган.

2018 йил ноябрь ойига нисбатан эса истеъмол секторидаги ўртача нархлар даражаси 15,6 фоизга кўтарилган.

Қайд этилишича, шу йил ноябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 3 фоизга қимматлаган. Айни пайтда ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, хизматлар эса 0,6 фоизга ошгани айтилмоқда. Қиёс учун: ўтган йил ноябрида хизматлар 3,3 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса 1,2 фоизга ошганди. Ўша пайтда озиқ-овқат маҳсулотлари бир ой ичида 2,7 фоизга қимматлаган.

Хива турк дунёси маданий пойтахти мақомига эга бўлади

Хивадаги Ичан қалъа.

ТУРКСЎЙ доимий кенгаши шу йил 30 ноябрида ўтказилган 37-мажлисида 2020 йили Хивани турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилди.

Йиғилишда сўзга чиққан Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқулов Хивани турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилиш қарори кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилганини урғулади.

Йиғилишда ТУРКСЎЙ бош котиби Дюсен Касеинов, Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова, Озарбайжон маданият вазири ўринбосари Рафиг Байрамов, Қозоғистон маданият вазири ўринбосари Нуркиса Дауешов, Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпарслон, Туркманистон маданият вазири ўринбосари Ғурбанмурад Мирадалиев ҳамда Шимолий Кипр турк жумҳурияти таълим ва маданият вазири Нозим Човушўғли иштирок этдилар.

Йиғилишда сўзга чиққан Камола Оқилова кўҳна Хива тўлалигича ўз тарихий қиёфасини сақлаб қололган шаҳарлардан бири эканини қайд этди.

ТУРКСЎЙ ҳар йили туркий тилли давлатлар шаҳарларидан бирини турк дунёси маданий пойтахти деб эълон қилади. 2019 йили бу мақом Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига берилган эди.

Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби жўнлашади

Олий Мажлис Сенати (иллюстратив сурат).

Ўзбекистонлик сенаторлар мамлакатда тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини такомиллаштиришга оид қонунни маъқулладилар.

“Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мақсади, Сенат ахборот хизматининг қайд этишича, тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштириш, шаффофликни ошириш орқали коррупция омилларининг олдини олишдир.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг 5 та қонуни ва 2 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, Фуқаролик кодексига фаолият рухсатномасиз (лицензиясиз) амалга оширилган ёки қонунда тақиқланган фаолият амалга оширилган тақдирда, суднинг қарорига кўра юридик шахсни тугатиш имкониятини назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Бундан ташқари, тугатувчи юридик шахснинг тугатилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон бериши, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектини ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги эълон рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Юридик шахснинг тугатилиши ҳақидаги эълонда унинг кредиторлари талабларини билдириш тартиби ва муддатлари кўрсатилади. Бу муддат тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан пайтдан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги керак.

Ўзбекистонлик ва австриялик дипломатлар Венада сиёсий маслаҳатлашув ўтказади

Вена (иллюстратив сурат).

Жорий йилнинг 2 декабрь куни Вена шаҳрида Австрия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди ўтказилади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, маслаҳатлашувлар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш режаланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG