Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:45

Ўзбекистон хабарлари

Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмоннинг ўғлини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомалини қабул қилди. Тошкент шаҳри, 2019, 3 декабрь. Сурат Ўзбекистон Президенти расмий сайтидан олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни Тожикистон Республикасининг пойтахти - Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомалини қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Учрашувда икки қўшни мамлакат пойтахтлари Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилингани хабар қилинди.

Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг катта ўғлидир.

Эмомали Раҳмон 2017 йил, 12 январь куни Рустам Эмомалини Душанбе мэри этиб тайинлаган эди.

Декабрнинг 2 кунида Туркманистондан 30 млн кВт соат электр қуввати импорт қилинди

Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Туркманистондан ўзаро имзоланган шартномага кўра, электр энергиясини етказиб бериш бошланди ва шу куни жами 14,9 млн. кВт.с электр энергияси етказиб берилди. 2 декабрь куни эса, электр энергиясини етказиб бериш 15,4 млн. кВт.соатни ташкил этди.

Бу ҳақда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Aхборот хизмати хабар қилди.

Корхона электр энергиясини етказиб бериш шартномада белгиланган, келишилган графиклар ва миқдорлар асосида амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган.

"Жорий режимларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасаруффидаги электр тармоқлари ва подстанциялари шартномада белгиланган миқдордаги электр энергиясини ҳудудий тармоқлар чегарасигача чекланишларсиз етказиб бериш имкониятига эга эканлигини маълум қилади" дейилган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” хабарида.

Корхона ўз баёнотида 2 декабрь куни Daryo.uz сайтида “Туркманистондан келган электр энергияси сабабли Самарқанддаги баъзи туманларда электр энергияси вақтинча ўчирилади” сарлавҳали материал эълон қилинганини, унда 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга “Туркманэнерго” давлат энергетика корпорацияси томонидан етказиб берилаётган электр энергиясини маҳаллий подстанциялар кўтара олмаяпти, дея хабар берилгани ва шбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини ёзди.

TV4 телеканали Озодлик радиоси билан Швецияда қулдек ишлатилаётган ўзбеклар ҳақида фильм суратга олди

Швециянинг TV4 телеканали намойиш қилган фильмдан кадр

Швециянинг TV4 телеканали Озодлик радиоси мухбири Сирожиддин Толибов билан ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирувдан юзлаб чет элликлар Швецияда қулдек ишлатилаётгани маълум бўлди. Ҳамкорлик маҳсули – 40 дақиқалик фильм TV4 телеканалида душанба, 2 декабрь куни намойиш қилинди.

- Швецияда кўпчиликнинг назаридан четда бўлган, кўринмас бир жамият бор. Бу жамиятда меҳнат муҳожирлари эксплуатация қилинади. Кўринмас эксплуатация ҳамма жойда – қурилиш майдонларида, мактабларда, шифохоналарда, ҳашаматли меҳмонхоналар ва ресторанларда давом этмоқда, - деди фильм ҳаммуаллифи Сирожиддин Толибов. Унинг айтишича, фильм ноқонуний йўллар билан ишга жойлашган ва натижада қуллик домига тушиб қолган ўзбеклар ҳақидадир.

Фильм тез орада Озодлик сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда намойиш этилади.

Марғилон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари ўз уйида осилган ҳолда топилди

Фарғона вилоят, Марғилон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари 30 ноябрда ўз уйидан осилган ҳолда топилган. Бу ҳақда маҳаллий нашр Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, 3 декабрда хабар қилди.

"Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмидан 30 ноябрь куни соат 11:00 ларда келиб тушган хабарга кўра, шаҳардаги Мустақиллик кўчаси 174-хонадонда яшаган, 1984 йилда туғилган Т.Э. яшаш хонадони ертўласида кабелдан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи осиб вафот этган", дейилган маълумотномада.

Айни вақтда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Хабарда айтилишича, Т.Э. 2018 йил 20 августда Марғилон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланиб, 2019 йил 2 апрель куни ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Тожикистон президентининг ўғли Тошкентга келиб, Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашди

Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали 3 декабрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистон пойтахтига келди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “юксак даражали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортда Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Артикходжаев кутиб олган”.

Пойтахт ҳокимлиги Tashkent City’даги конгресс-холлнинг томи жойида эканини билдирди

Tashkent City'даги конгресс-холл.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Tashkent City ҳудудидаги Халқаро конгресс-холлнинг томи қулагани ҳақида 2 декабрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.

“Ўтказилган текширув натижасида мазкур ахборот ҳақиқатга тўғри келмаслиги, том қисми бутун ҳолатда эканлиги аниқланди”, дейилади ҳокимлик хабарномасида.

Ҳокимлик вакилининг daryo.uz нашрига билдиришича, “чироқ усталари иш олиб бораётган вақтда шифт люкларидан бири жойидан чиқиб кетган, уни шу куннинг ўзидаёқ қайта жойига ўрнатиб қўйишган, ҳеч қандай том қуламаган”.

Tashkent City ҳудудидаги Халқаро конгресс-холл шу йил октябрида қурилиши битказилиб, фойдаланишга топширилганди.

Ўзбекистон Миллий банки акциядорлик жамиятига айлантирилди

Унитар корхона шаклидаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этилди. Бунга оид қарор Ўзбекистон президенти томонидан шу йил 30 ноябрида имзоланган.

Давлат томонидан “Миллий банк” АЖнинг таъсисчиси этиб Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси белгиланган.

“Миллий банк” АЖ фаолиятининг асосий вазифалари
ва йўналишлари ўлароқ қуйидагилар кўрсатилган:

хорижий кредит линиялари, халқаро капитал бозоридаги ресурслар, хорижий инвесторлар маблағларини жалб қилиш орқали иқтисодиётнинг устувор секторларида йирик инвестицион лойиҳаларни фаол равишда кредитлаш;

хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлигини ошириш учун инновацион молиявий маҳсулотларни жорий этиш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига банк хизматларини, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият масалаларида молиявий маслаҳатлар бериш ва ахборот кўмагини кўрсатиш;

аҳолига чакана банк хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда банк хизматларининг янги турларини жорий этиш;

биринчи навбатда миллий валютадаги узоқ муддатли маблағларни сафарбар қилиш ҳисобига банк фаолиятини молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш;

савдо-экспорт молиялаштириш бизнеси маҳсулотларини ривожлантириш ва унинг географиясини кенгайтириш, шунингдек, республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш, экспорт қилувчиларга консалтинг хизматларини тақдим этиш;

корпоратив мижозларга инвестицион банкинг, жумладан, ички ва ташқи бозорларда қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш хизматларини кўрсатиш.

Айни пайтда Ўзмиллийбанкнинг хўжалик жамиятлари устав фондидаги акциялар ва улушлар шаклидаги айрим асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган активларини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиб бериш, айрим активларни эса акция ва ширкат низом жамғармасидаги улуш шаклида сотиш кўзда тутилган.

UMS отини бошқа қўйди ва Mobiuz’га айланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондаги UMS мобиль алоқа оператори ребрендинг ўтказди ва 2 декабрдан ўз фаолиятини Mobiuz савдо маркаси остида юрита бошлади. Бу бренд остида муштарийларга қатор янги маҳсулотлар, жумладан, электрон ҳамён ҳамда фильм, телекўрсатувларни кўриш ва мусиқа тинглаш учун хизматлар таклиф қилинади, дея хабар қилади Газета.уз нашри.

Ширкат ребрендингни бутун Ўзбекистон ҳудудини ривожланган мамлакатлар даражасида интернет тармоғи билан қоплаш ҳамда ўзининг маълумотларни қайта ишлаш марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ўз олдига қўйган янги вазифалар билан изоҳлаган.

UMS техник директори Ольга Филатовага кўра, ҳозирда оператор интернет-каналининг ўтказиш имконияти 29 Гбитни ташкил қилади, бу кўрсаткични кейинги йил охиригача 100 Гбитгача кўтариш режаланган.

ЎзА бош директори вазир имтиёзларига эга бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳузурида Маслаҳат кенгаши тузилади ва Медиа марказ очилади, агентлик эса замон талаблари жавоб бериши учун ислоҳ қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2 декабрь куни имзоланган қарорда айтилган.

Қарорда матбуот, оммавий ахборот воситалари, ахборот тарқатиш, аҳолини холис ва тезкор ахборот билан таъминлаш, Ўзбекистонда содир бўлаётган янгиликларни чет давлатларга, чет давлатлардаги воқеа-ҳодисаларни мамлакат аҳолисига тезкорлик билан етказиш бўйича амалдаги тизим бугунги кун талабларига жавоб бермаётгани урғуланади.

Ҳужжатда ЎзА таркибида Медиа марказ ташкил этиш “республика ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш, уларга ахборот-таҳлилий, шу жумладан, аудио ва видео ахборотлар етказиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсади” билан, Маслаҳат кенгаши тузиш эса ЎзА фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш зарурати билан изоҳланган.

Қарор билан ЎзА бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирга, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари эса тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилган.

Президент қарорида 2020 йил 1 майга қадар муддатда фойдаланувчилар учун қулай, аудио ва видео ахборотларни тарқатиш, тарқатилаётган ахборотларни тижорат йўли билан юклаб олиш имкониятлари мавжуд бўлган ЎзАнинг ахборот порталини ишга тушириш вазифаси қўйилган.

Ҳокимларнинг ўзбошимчалик билан машина ва уй улашишига чек қўйилади

Андижон ҳокимидан совға сифатида автомобиль олган шоир Шарофиддин Болтабоев (сурат Андижон вилоят ҳокимлиги расмий сайтидан олинган).

Ўзбекистонда бундан буён ҳокимлар истаган одамига машина, уй совға қилолмайди, фақатгина маҳаллий кенгашлар маъқуллаган йўналишларга қўшимча даромадларни ишлатишлари мумкин. Бу ҳақда Молия вазирлиги давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Абруев kun.uz нашрига маълум қилган.

“Ижтимоий тармоқларда кўрдик - ҳокимлар уй-жой, машиналарни қаердан олиб бераётгани ҳақида жамоатчиликда саволлар туғиляпти. Булар қўшимча даромадлар ҳисобидан олинди, дейишлари мумкин. Маҳаллий ҳокимликларнинг қўшимча даромадлари ҳам барибир маҳаллий бюджетнинг маблағи. “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддаси билан бюджет маҳаллий бюджет кенгашида қандай тасдиқланса, қўшимча даромадлар ҳам худди шу тартибда тасдиқланиши керак деган норма киритилди. Бу бюджет интизомини тартибга солади”, дея иқтибос келтиради нашр Жамшид Абруев сўзларидан.

Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи ҳокимларга фавқулодда вазиятлардаги кичик харажатлар учун маблағларни маҳаллий бюджетдан олишга рухсат берилаётгани, бунда ҳам пуллар нимага сарфлангани ҳақида ҳар чоракда ҳисобот топширилиши шартлигини қўшимча қилган.

Ғузор туман ҳокимлиги қарийб 56 млн сўмлик электрни ноқонуний ишлатгани аниқланди

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоят, Ғузор туман ҳокимлигига қарашли бинода ўрнатилган ҳисоблагич дастурда ўчирилганлиги кўрсатилган бўлса-да, амалда ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб фойдаланаётганлиги аниқланиб, баённома тузилди ва 55 896 300 сўм (124 214 кВт.с) ҳисобланмаган энергия қиймати аниқланди.

Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» ҳудудий бўлими хабар қилди.

Шунингдек, Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қарашли кўча чироқлари электр таъминоти ҳисоб нуқталари ўрганилганда, битта ҳисоб нуқтасида ҳисоблагичсиз ўзбошимчалик билан улангани, битта ҳисоб нуқтасида ҳисоб-схема бузилгани, яъни ҳисоблагич ажратиб қўйиб ишлатилаётгани, 4 та ҳисоб нуқтасида мавжуд трансформатор пункти ва ҳисоблагичлар шартнома ва дастурга киритилмасдан ишлатилаётгани аниқланди.

Текширув якунлари бўйича 335,6 млн сўм (745,8 минг кВт.с) қайта ҳисоб қилинди ва ундиришга йўналтирилди.

Наманганда 82 яшар йўловчи поезд уриб, ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

2 декабрь, соат тахминан 05:50да 1230-сонли юк поезди Наманган вилоят, Поп тумани ҳудудидан ўтувчи "Қўшминор-Поп" темир йўл оралиғининг 115- километри, 1-пикетида ҳаракатлантириб кетаётган вақтда темир йўлни кесиб ўтаётган пиёда 82 ёшли Т.М.ни уриб юборган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизматининг хабар қилишича, натижада Т.М. ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Юк поезди соат 05−50 да тўхтаб, соат 06−37 да ўз йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетган. Тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса сабабларини ўрганаётгани хабар қилинди.

Қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга биноан 1 декабрдан бир қатор ўзгаришлар кучга кирди

Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги 1 декабрдан кучга кирган қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар тўғрисида маълумот берди:

1. Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатидаги дорилар айрим дорихоналардагина сотилади

2019 йил 1 декабрдан бошлаб кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дорилар фақат ижтимоий дорихоналар ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш фаолияти бўйича лицензияга эга бўлган дорихоналар томонидан сотилади.

2. IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш пулли бўлди

Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмалар жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали пулли асосда рўйхатга олинади.

3. Фаолиятнинг лицензияланадиган тури биттага кўпайди

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият учун лицензия олиш талаб этилади.

4. Грант маблағларини жалб қилишда қатнашган ходимлар рағбатлантирилади

2019 йил 1 декабрдан бошлаб:

хорижий давлатлар ва ташкилотлар донорлар делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифларини ва уларнинг расмий шахслар билан учрашувларини ташкил этиш бўйича сўровларни Ташқи ишлар вазирлигига олдиндан юбориш муддати 30 иш кунидан 15 иш кунигача қисқартирилади;

грант олувчилар томонидан банк ҳисобварақларидан кўчирмаларни, шунингдек, техник кўмак маблағлари тўғрисида ахборот ва идоравий ҳисоботни Молия вазирлигининг Ғазначилигига тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;

грант олувчилар ҳар чоракда олинган ва ўзлаштирилган грантлар ҳамда амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этади;

давлат органлари раҳбарлари грант маблағларини жалб қилишда бевосита қатнашган ходимларни меҳнатга ҳақ тўлаш минимал миқдорининг 15 бараваригача бир йўла мукофотлаш тарзидаги рағбатлантиришга ҳақли бўлади.

5. Фармацевтик инспекция ўтказиш бўйича низом кучга кирди

Зарур амалиётлар (GxP) талабларига мувофиқлик юзасидан инспекциялар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.

6. Энергетика менежменти тизими жорий этилади

Айрим корхона ва ташкилотларда энергетика менежменти тизими халқаро стандартга (ISO 50001) мувофиқ босқичма-босқич жорий этилади.

Мазкур тизимда қуйидагилар назарда тутилади:

энергия истеъмоли самарадорлигини баҳолашнинг шаффофлиги ва холислиги, корхоналарнинг энергия сарфи ҳажмини пасайтириш, шунингдек, атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш;

ресурсларни, биринчи навбатда молиявий маблағларни минимал даражада сарфлаб энергия истеъмолини бошқариш самарадорлигига эришиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш.

7. Тракторчи-машинист гувоҳномасининг янги намунаси берилади

2019 йил 1 декабрдан Тошкент шаҳрида, 2020 йил 1 мартдан бутун республикада тракторчи-машинист гувоҳномасининг, техник паспорт ва техник гувоҳноманинг янги намуналари берилади.

8. Тренерлар ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади

Республикада фаолият юритаётган тренерлар Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари базасида ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади.

Давстатқўм: Ноябрь ойида инфляция 1,7 фоизни ташкил этди

Иллюстратив сурат.

Жорий йил ноябрида Ўзбекистонда истеъмол нархлари даражасининг ой давомидаги ўртача ошиши 1,7 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг галдаги ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботда келтирилишича, йил бошидан бери истеъмол бозоридаги хизмат ва товарлар нархлари 13,3 фоизга қимматлаган.

2018 йил ноябрь ойига нисбатан эса истеъмол секторидаги ўртача нархлар даражаси 15,6 фоизга кўтарилган.

Қайд этилишича, шу йил ноябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 3 фоизга қимматлаган. Айни пайтда ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, хизматлар эса 0,6 фоизга ошгани айтилмоқда. Қиёс учун: ўтган йил ноябрида хизматлар 3,3 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса 1,2 фоизга ошганди. Ўша пайтда озиқ-овқат маҳсулотлари бир ой ичида 2,7 фоизга қимматлаган.

Хива турк дунёси маданий пойтахти мақомига эга бўлади

Хивадаги Ичан қалъа.

ТУРКСЎЙ доимий кенгаши шу йил 30 ноябрида ўтказилган 37-мажлисида 2020 йили Хивани турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилди.

Йиғилишда сўзга чиққан Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқулов Хивани турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилиш қарори кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилганини урғулади.

Йиғилишда ТУРКСЎЙ бош котиби Дюсен Касеинов, Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова, Озарбайжон маданият вазири ўринбосари Рафиг Байрамов, Қозоғистон маданият вазири ўринбосари Нуркиса Дауешов, Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпарслон, Туркманистон маданият вазири ўринбосари Ғурбанмурад Мирадалиев ҳамда Шимолий Кипр турк жумҳурияти таълим ва маданият вазири Нозим Човушўғли иштирок этдилар.

Йиғилишда сўзга чиққан Камола Оқилова кўҳна Хива тўлалигича ўз тарихий қиёфасини сақлаб қололган шаҳарлардан бири эканини қайд этди.

ТУРКСЎЙ ҳар йили туркий тилли давлатлар шаҳарларидан бирини турк дунёси маданий пойтахти деб эълон қилади. 2019 йили бу мақом Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига берилган эди.

Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби жўнлашади

Олий Мажлис Сенати (иллюстратив сурат).

Ўзбекистонлик сенаторлар мамлакатда тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини такомиллаштиришга оид қонунни маъқулладилар.

“Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мақсади, Сенат ахборот хизматининг қайд этишича, тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштириш, шаффофликни ошириш орқали коррупция омилларининг олдини олишдир.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг 5 та қонуни ва 2 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, Фуқаролик кодексига фаолият рухсатномасиз (лицензиясиз) амалга оширилган ёки қонунда тақиқланган фаолият амалга оширилган тақдирда, суднинг қарорига кўра юридик шахсни тугатиш имкониятини назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Бундан ташқари, тугатувчи юридик шахснинг тугатилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон бериши, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектини ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги эълон рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Юридик шахснинг тугатилиши ҳақидаги эълонда унинг кредиторлари талабларини билдириш тартиби ва муддатлари кўрсатилади. Бу муддат тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан пайтдан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги керак.

Ўзбекистонлик ва австриялик дипломатлар Венада сиёсий маслаҳатлашув ўтказади

Вена (иллюстратив сурат).

Жорий йилнинг 2 декабрь куни Вена шаҳрида Австрия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди ўтказилади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, маслаҳатлашувлар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш режаланган.

Форбс Ўзбекистон журнали чиқади, аммо рус тилида

Қозоғистонлик ношир Арманжан Байтасов.

Ўзбекистонда 2020 йил март ойидан Forbes журнали чиқа бошлайди. Бу ҳақда Forbes Kazakhstan (Қозоғистон) ва Forbes Georgia (Грузия) журналлари ношири Арманжан Байтасов маълум қилган.

Таҳририяти Тошкентда жойлашадиган Forbes Uzbekistan рус ва ўзбек тилларидаги сайтини ишга туширади, бироқ журналнинг ўзи ҳозирча фақат рус тилида чиқиб туради.

Ноширга кўра, аҳоли сони 33 миллиондан ошган Ўзбекистонда ўқувчилар аудиторияси катта. Шу важдан республика ватандошларининг йўқ деганда бир қисмида сифатли таҳлил ва бизнес журналистикасига талаб бор.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда хорижлик ҳамкор оммавий ахборот воситаси низом жамғармасининг 30 фоизигагина эгалик қилиши мумкин. Қозоғистонлик ношир бу масалани қандай ҳал қилиши ҳали маълум эмас.

"Аҳмадбой иши" иши бўйича 12 минг ижро ҳужжати МИБга ўтказилди

Аҳмадбой Турсунбоев

Тошкент вилояти прокурори "Аҳмадбой иши" иши бўйича 12 минг ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросига (МИБ) келиб тушганини маълум қилди.

ЎзА агентлиги 1 декабрда берган хабарга кўра, вилоят прокурори иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилган.

Анжуманда қатнашган МИБ вилоят бошқармаси вакили, айни пайтда жабрланган аҳоли вакилларига пластик карточка очилиб, мол-мулк хатловидан мажбурий тарзда ундирилган маблағларни уларга ўтказиш чораси кўрилаётганини билдирган.

Хабарда шу кунда МИБга келиб тушган ижро ҳужжатларида қанча маблағ ҳақида гап бораётгани очиқланмаган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, 2019 йил давомида вилоятда қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини таъминлаш борасида 7064 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг 6191 нафарининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Бу жараёнда 2153 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, етказилган 3 млрд. сўмлик зарар ихтиёрий ундирилган.

Иқтисодиёт вазири: истеъмол саватчасини аниқлаш методологияси синалаяпти

Иллюстратив сурат

Иқтисодиёт ва саноат вазири Ўзбекистонда истеъмол саватчаси ҳажмини аниқлаш ва унинг асосида яшаш даражаси минимумини белгилаш бўйича методология ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Kun.uz нашрининг ёзишича, вазир Ботир Хўжаев Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида бу ҳақда маълумот берган.

Вазирга кўра, янги методология тест режимида бир қатор вилоятлар, хусусан, Фарғона, Тошкентда тест режимида амалга оширилмоқда ва унда пенсионерлар, болалар, ишлик фуқаролар иштирок этмоқда.

Биринчиси, истеъмол саватчасининг таркибини шакллантириш. Бу тахминан 50 турдаги озиқ-овқат маҳсулотидан иборат. Иккинчиси, ҳудудлар кесимида истеъмол саватчасининг таркибини, ҳажмини аниқлаш. Методологияга киритилган учинчи масала - аҳолининг табақасига қараб туриб озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ҳам инобатга олинган”, дея иқтибос келтиради Ботир Хўжаевдан Kun.uz нашри.

Вазирга кўра, методология бўйича синовлар 2019 йил январидан бошланган ва натижалар ҳар чорак якуни бўйича аниқланмоқда.

Вазир шунингдек, методика МДҲга аъзо давлатлар, жумладан, Қозоғистон ва Россия тажрибаси асосида ишланганини билдирган.

"Россия тажрибасини оладиган бўлсак, яшаш минимумини аниқлаш ва энг кам ойлик миқдорини белгилашга 10 йил кетган. Бизда ҳам иккита кўрсаткични мувозанатга келтиришга бир неча йил кетади”, деган Ботир Хўжаев.

Иқтисодиёт ва саноат вазирига кўра, истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини белгилашда инфляция кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олиниши, шу сабабли вазирлик ҳозирча бир тўхтамга келишдан тийилаётгани, тест натижалари якунлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот берилиши кўзда тутилган.

Самарқандда қувур ўтказаётган 2 ишчини тупроқ босиб қолди, бири ўлди

Самарқанднинг Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари чорраҳасида қувур ўтказаётган икки ишчини тупроқ босиб қолди.

Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, ҳодиса 30 ноябрь куни кечки пайт содир бўлган. Коммуникация қувурларини ётқизиш ишлари бораётган пайтда катта ҳажмдаги тупроқ кўчиб тушган.

Тупроқ остида қолган икки ишчидан бири вафот этган.

Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, ишчилар "Стапласт" масъулияти чекланган жамиятида ишлаган.

1981 йилда туғилган У. Рустамов воқеа жойида вафот этган, 1997 йилда туғилган М.Турсунқулов эса жиддий тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Gazeta.uz нашрига кўра, шу йилнинг 13 ноябрда ҳам Самарқандда сув қувурини таъмирлаётган икки ёлланма ишчини тупроқ босиб қолган, оқибатида иккиси ҳам ўлган.

Туркманистондан Ўзбекистонга электр токи узатила бошлади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон 1 декабрдан қўшни Туркманистондан электр энергиясини сотиб олишни бошлади.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, 500 кВли ҳаво тармоғи орқали электр энергия импортига старт берилган.

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти ва "Туркманэнерго" давлат электр энергетика коорпорацияси билан 2019-2020 йилларда электр энергиясини импорт қилиш юзасидан келишувга эришилган.

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти 29 ноябрь куни берган баёнотга кўра, келишувга асосан 1 декабрдан тармоқдаги чекловлар кескин камаяди.

Бош вазир Абдулла Арипов 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда 27 ноябрда кун давомида 110 кВ кучланишли 144 та электр ўтказиш линияларида 300 дан ортиқ чекловлар киритилгани, бу чекловлар 1,5 соатдан 5 соатгача давом этганини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ салкам 31,5 мингта ҳолат аниқланиб, етказилган зарар миқдори 22 миллиард сўмга тенг экани таъкидланган эди.

Боситхонова: Оналар ўлимининг ярми шифокорга вақтида мурожаат қилмаслик билан боғлиқ

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова оналар ва болалар саломатлиги масаласига бағишлаб Тошкентда ўтказилган анжуманда мамлакатда оналар ўлимининг ярми шифокорга вақтида мурожаат қилмаслик билан боғлиқ эканини айтди.

Боситхоновага кўра, ҳомиладор аёлларнинг ўз соғлигига эътиборсизлиги ва шифокорга кеч мурожаат қилиши туфайли 45-50 фоиз ҳолатларда оналар ўлими кузатилади.

"Шунингдек, бугунги кунда шифохоналарда бемор болалар кўпайиб кетишини бирламчи тизимда - оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида участка педиатрлари йўқлиги билан изоҳлаш мумкин. Ваҳоланки, мамлакатнинг 33 фоиз аҳолисини 18 ёшгача бўлганлар ташкил қилади", - деди Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари.

Шу ой ўрталарида жаҳон мамлакатлари етакчилари Найробида ўтказилган халқаро анжуманда олди олиниши мумкин бўлган оналар ўлими, гендер нотенглиги ва маиший зўравонликни 2030 йилга қадар батамом тугатиш мажбуриятини зиммасига олди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам ушбу мажбуриятларни белгиланган муддатда бажаришга аҳд қилган.

Ўзбекистон Туркманистондан электр энергиясини сотиб олади

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" ширкати 2019—2020 йилларда электр энергиясини импорт қилиш юзасидан Туркманистоннинг "Туркманэнерго" давлат электр энергетика корпорацияси билан келишувга эришганини эълон қилди.​

Ширкатга кўра, Туркманистон Ўзбекистонга 1 декабрдан электр узатишни бошлайди. Ўзбекистон қўшни давлатдан қанча ва қандай нархда электр олиши ҳақида ширкат маълум қилмаган.

Ўзбекистонда ҳаво совиши ортидан Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда электр таъминотида узилишлар юз бера бошлаган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда 27 ноябрда кун давомида 110 кВ кучланишли 144 та электр ўтказиш линияларида 300 дан ортиқ чекловлар киритилгани, бу чекловлар 1,5 соатдан 5 соатгача давом этганини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ салкам 31,5 мингта ҳолат аниқланиб, етказилган зарар миқдори 22 миллиард сўмга тенг экани таъкидланган эди.


Ўзбекистонда Интернет постсовет мамлакатлари орасида энг сустлиги маълум бўлди

Ирландиянинг Ookla компаниясига қарашли Speedtest.net Интернет-сервисининг октябрь ойи якунларига оид маълумотларга қараганда, Ўзбекистон мобил Интернет тезлиги бўйича 141 давлат ичида 136-ўринда, Интернетдан ўртача юклаб олиш тезлиги 9,48 Мб/сония, юклаш тезлиги эса 5,73 Мб/сониядир.

Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон сентябрь ойидаги кўрсаткичдан 7 ўринга пастлаган.

Симли интернет соҳасида Ўзбекистон 176 давлат орасида 119-ўринни эгаллаган. Интернетдан ўртача юклаб олиш тезлиги 18,90 Мб/сония, юклаш тезлиги эса 19,27 Мб/сониядир.

Собиқ Совет мамлакатларидаги кўрсаткичлар қуйидагича:

Мобил Интернет тезлиги бўйича Литва — 19, Эстония — 26, Молдова — 41, Латвия — 56, Арманистон — 57, Озарбайжон — 60, Грузия — 66, Украина — 88, Россия — 91, Қозоғистон — 99, Қирғизистон — 106, Беларусь — 118, Тожикистон — 132-, Ўзбекистон 136- ўринда.

.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG