Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 17:40

Ўзбекистон

Муфтийнинг "ишдан олингани" ҳақидаги хабар ортидан бош муҳаррир ишдан бўшатилди

Azon.uz туркча сериалларга қарши чиқиб, уларни "ҳаром" деб атагани билан ҳам танилган. Azon.uz сайтидан олинган мақола скриншоти.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов лавозимидан озод этилгани тўғрисида янглиш ахборот берган Azon.uz нашри бош муҳаррири ишдан олинди.

“2019 йил 10 сентябрь куни “Azon New Media”да шошилинч мажлис чақирилди ҳамда хабар тайёрлашда эътиборсизликка йўл қўйгани учун Azon.uz Бош муҳаррири ишдан олинди”, дейилади бу борадаги расмий ахборотда.

10 сентябрда айрим маҳаллий сайтлар ижтимоий тармоқларда Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимидан озод этилди, деган хабарлар пайдо бўлган эди. Шундан сўнг Мусулмонлар идораси Усмонхон Алимовнинг муфтий лавозимидан озод этилмаганини билдирган эди.

Ўзбек аскарлари "Марказ-2019" ҳарбий машғулотларидаги иштирокини ош дамлаш билан бошлади

Ўзбекистон ҳарбийларининг Донгуз полигонида кутиб олиниши. Мудофаа вазирлиги фотоси.

“Марказ-2019” ҳарбий ўқув машғулотларининг Россияда ўтаётган босқичида иштирок этаётган Ўзбекистонлик ҳарбийлар Донгуз полигонидаги барча бўлинмаларга ош дамлаб берди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлигига таянган ҳолда Новости агентлиги 11 сентябрда хабар берди.

Маълумотда айтилишича, ўзбек ҳарбийлари гурунчни, зираворларни ва қозонни ўзлари билан Ўзбекистондан олиб келишган.

Вазирлик расмийси Ўзбекистон ҳарбийлари яқин кунларда машғулотларга тайёргарликнинг фаол фазасида иштирок эта бошлашини билдирган.

16 сентябрдан 21 сентябргача машғулотлар Оренбург, Доғистон, Астрахан, Челябинск, Кемерово ва Олтойда ўтказилади. Унда 128 минг ҳарбий, 20 минг техника, 600га яқин самолёт ҳамда вертолёт, 15тагача ҳарбий кема иштирок этишини маълум қилди.

“Марказ-2019” ўқув машғулотларида 8 мамлакат - Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этади.

Ўзбекистоннинг юз кишидан иборат аскарлари гуруҳи Оренбургнинг Донгуз полигонига 7 сентябрь куни етиб келган эди.

Аввалроқ “Марказ-2019”нинг биринчи босқичи Намангандаги Ғурумсарой полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида ўтказилиши хабар қилинган эди. машғулотда Ҳар иккала томондан 200дан ортиқ аскар, ҳарбий самолётлар ва вертолётлар иштирок этади. Ғурумсарой полигонида шартли террорчи гуруҳларини йўқ қилиш бўйича вазифалар амалда бажарилади.

АҚШ расмийси билан Афғонистонни ҳамкорликка жалб қилиш масаласи муҳокама этилди

Ташқи ишлар вазирлиги Facebook саҳифаси.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 11 сентябрь куни АҚШ Мудофаа вазири ёрдамчисининг ўринбосари Рэндал Шрайверни қабул қилди. АҚШ мулозими ишчи ташриф билан Тошкентга келган эди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, учрашувда минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик, жумладан, Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари Афғонистонни Марказий Осиёдаги иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш масаласи муҳокама қилинган.

Томонлар икки томонлама ҳамкорлик, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашганлар.

Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниэл Розенблюм ҳам иштирок этди.

Президент ўрта бизнесни шакллантириш тўғрисида кўрсатма берди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ўрта бизнес мавжуд эмаслигидан афсус билдирди ва бу тоифани шакллантириш тўғрисида кўрсатма берди.

Президент матбуот хизматининг 11 сентябрда билдиришича, Шавкат Мирзиёев бу ҳақда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши пайтида гапирган.

“Кўплаб чет мамлакатларда бизнес субъектлари 3 тоифага (кичик, ўрта ва йирик) бўлинган ва давлат томонидан ҳар бир тоифага нисбатан алоҳида қўллаб-қувватлаш сиёсати олиб борилади. Лекин Ўзбекистонда иқтисодиёт ривожида алоҳида роль ўйнайдиган “ўрта бизнес” тушунчаси, афсуски, умуман йўқ”, дейилади расмий хабарда.

Шуни ҳисобга олган ҳолда президент Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирликларга ўрта бизнес тоифасини жорий этиш, кичик, ўрта, йирик бизнес мезонларини қайта кўриб чиқиш, уларни алоҳида механизмлар асосида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича уч ой муддатда аниқ таклифларни ишлаб чиқиш тўғрисида кўрсатма берди.

Бундан ташқари Молия вазирлигига қўшилган қиймат солиғи ставкасини камайтириш бўйича аниқ асосланган таклиф киритиш топширилди.

Йиғилишда таъкидланишича, "Ўзбекистондаги тизимли ўзгаришлар натижасида" жорий йилнинг ўтган 8 ойида 70 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга кўпдир.

ММА жангчиси Муслим Омонов пичоқ еб ҳалок бўлди

23 яшар таниқли спортчи Муслим Омонов 11 сентябрь, тонгда вафот этди.

Бу ҳақда хабар қилган Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига кўра, 11 сентябрга ўтар тунда, тахминан соат 00.50 да, Юнусобод туманида жойлашган кафелардан бирида икки гуруҳ ёш йигитлар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан.

Ташқарига чиққан ёшлар Шайхонтоҳур туманига бориб, муштлашган.

Натижада муштлашувда иштирок этган уч йигит тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Улардан бири – 23 ёшли Муслимбек Омонов шифокорларнинг уринишларига қарамасдан, ҳаётдан кўз юмган.

Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилгани, безориликда қатнашган барча ёшларнинг шахси аниқлангани тергов олиб борилаётгани хабар қилинди.

Муслим Омонов Москвада бўлиб ўтган аралаш жанг санъатлари бўйича FFC-2 мусобақасида ғолиб бўлган эди.

2018 йилнинг 8 августидан 9 августига ўтар кечаси MMA чемпиони Жамшид Кенжаев Тошкентдаги "Aurum-898" тунги клубида пичоқлаб кетилган эди.

Мусулмонлар идораси: Усмонхон Алимов лавозимидан озод қилинган эмас

Усмонхон Алимов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 11 сентябрда Тошкент вилоят, Зангиота туманида қуриладиган "Салмон Форсий" жоме масжидига ғишт қўйиш маросимида иштирок этди, деб хабар қилди ЎзА ахборот агентлиги.

Мусулмонлар идораси расмий сайтида 10 сентябрь, кечқурун Усмонхон Алимовнинг муфтий лавозимидан озод этилмагани тўғрисидаги хабар эълон қилинди.

10 сентябрда айрим маҳаллий сайтлар ижтимоий тармоқларда Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимидан озод этилди, деган хабарлар пайдо бўлган эди.

"Таъкидлаш лозимки, Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишламоқдалар – фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Муфтий ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраймиз" дейилган Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабарида.

Президент атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Иллюстратив сурат.

9 сентябрда Ўзбекистон президенти атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, ушбу қонунга биноан, атом энергиясидан фойдаланиш объектлари давлат мулки ёки президент томонидан белгиланадиган юридик шахслар мулки ҳисобланади.

Бундай объектлар рўйхати президент томонидан тасдиқланади.

Энергетика вазирлиги ушбу соҳадаги ваколатли орган ҳисобланади ва атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси эса атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, фуқаролар ядровий қурилмалар хавфсизлиги тўғрисида тегишли давлат органларидан ахборот сўраш ва олиш, танишиш, ядровий қурилмалар пунктларига белгиланган тартибда ташриф буюриш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, қонунга кўра, ядровий қурилма зоналарида рухсат этилмаган йиғилишлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади.

Қонун билан радиоактив чиқиндиларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш масаласи ҳам тартибга солинган бўлиб, унга кўра республика ҳудудига фақат илгари олиб чиқиб кетилган радиоактив чиқиндилар ва қайта ишлаш маҳсулотлари олиб кирилишига йўл қўйилади.

Ҳукумат шароити оғир ҳудудлар рўйхатини тузди, бу ҳудудларда ишлайдиганларга қўшимча ҳақ тўлаш тартибини белгилади

Шароити оғир ҳудудлар рўйхатида Мўйноқ тумани ҳам бор.

Ҳукуматнинг 6 сентябрдаги қарори билан Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойлар рўйхатига киритилган жойларда ишлайдиган барча ходимларга йиллик устама ва йиллик қўшимча таътиллар берилади.

Бунда устама миқдори ушбу жой учун белгиланган тегишли коэффициентни иш ҳақи суммасига кўпайтириш орқали белгиланади.

Устамалар ходим ушбу жойда яшаши ёки яшамаслигидан қатъи назар иш жойи бўйича тўланади.

Рўйхатда кўрсатилган ҳудудларга бир ойдан ортиқ муддатга хизмат сафарига юборилган ходимларга ҳам мазкур ҳудудда бўлган вақти учун ушбу жой учун назарда тутилган миқдорда устама тўланади.

Бунда устама меҳнатга доир қонун ҳужжатларида назарда тутилган сафарларда харажатларни қоплаш учун тўловдан қатъи назар тўланади.

Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойлар рўйхатига Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари, Навоий вилоятининг Учқудуқ ва Зарафшон шаҳарлари ва бошқа бир қатор туман ва шаҳарлар киритилган.

Президентнинг куёви раҳбарлик қиладиган федерация терма жамоасига украиналик чемпион мураббий бўлди

Триатлончилар сузиш мусобақаси пайтида.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон триатлон федерацияси миллий терма жамоасига украиналик чемпион Виктор Земцев бош мураббий этиб тайинланди.

Олимпия қўмитасининг билдиришича, жаҳон чемпиони ва Ironman сериясининг ўн маротаба чемпиони бўлган 45 ёшли Земцев Францияда ўзбек спортчилари билан 15 августдан 8 сентябргача машқлар ҳам ўтказишга улгурган. Лекин Земцевнинг айтишича, ҳали миллий терма жамоа шакллантирилмаган.

“Энди спортчилар ўз кучларини бўлажак мусобақаларда синаб кўрадилар. Биринчи халқаро турнир Иорданияда, иккинчи мусобақа Ўзбекистон кубоги финали. Мана шу мусобақалардан сўнг мамлакат терма жамоасини шакллантира оламиз”, деб айтган Земцев.

Отабек Умаров 7 март куни Ўзбекистон триатлон федерацияси президентлигига сайланган.

Июль ойида эса Гулнора Каримовадан мусодара қилинган Сижжак қўрғонидаги ҳашаматли қароргоҳ ичидаги барча жиҳозлари билан Ўзбекистон триатлон федерациясига текин фойдаланишга берилгани хабар қилинган эди.

Триатлон спортнинг энг мураккаб турларидан бири ҳисобланади. Триатлон мусобақалари ёзги ва қишги турларга бўлинади. Триатлоннинг ёзги турида спортчи кетма-кет ва тўхтамасдан сузиш, велопойга, югуриш мусобақаларида, қишки турида эса югуриш, велопойга ва чанғи мусобақаларида иштирок этиши лозим.

Ўзбекистон чегарачиларининг чегарани тўсаётгани қирғизистонликлар норозилигига сабаб бўлди

Воқеа юз бергани айтилаётган ҳудуд.

Ўзбекистон чегарачиларининг Каркидон сув омбори атрофидаги ҳудудни тўсиб олиш ҳаракати қирғизистонликларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Қирғизистоннинг Аравон туман ҳокими Курбанбек Айтибаев 10 сентябрь куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига бу хабарни тасдиқлади:

-Бу ерда аниқланган ва Қирғизистон Ўзбекистон билан алмашган ерлар бор. Ўшандай ерлардан бирини Ўзбекистон тўса бошлаган экан. Бу ерларнинг делимитацияси якунланган, лекин ҳали демаркацияси давом этмоқда. Ўзбекистон жараён якунланишини кутмай, тўсишни бошлаб юборибди. Ҳозир бу ишни тўхтатдик. Жанжал бўлгани йўқ, вазият тинч, - деди Курбанбек Айтибаев.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Каркидон сув омбори атрофини Ўзбекистон тўсиб олди қабилидаги видео тарқалган эди.

Мазкур видеода бир нечта Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон аскарлари билан даҳанаки жанг қилаётганини, чегаранинг Ўзбекистон томонида ҳарбий техника турганини кўриш мумкин.

2015 йилда Аравон туманидаги 400 гектар ерни Ўзбекистон тўсиб олгани ортидан аҳоли норозилик намойишларига чиққан эди. Кейинроқ бу ер Ўзбекистонга сотиб юборилгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлган эди.

Жисмоний шахслар пахта териб топган пулидан солиқ тўламайди

Адлия вазирлиги жисмоний шахсларнинг пахта териш орқали топган даромадига солиқ солинмаслигини эслатди.

Вазирликка кўра, бу меъёр Солиқ кодексида белгилаб қўйилган. Кодексга мувофиқ, пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахсларнинг пахта териш орқали топган даромадига солиқ солинмайди.

Германияда Бухоро яҳудийларининг илк халқаро анжумани иш бошлади

Бухоро яҳудийларининг саккизинчи халқаро анжумани ўз ишини 10 сентябрь куни бошлади.

Германиянинг Ҳанновер шаҳрида Бухоро яҳудийларининг саккизинчи, лекин Германия ҳудудидаги биринчи халқаро анжумани 10 сентябрь куни ўз ишини бошлади.

Анжуманда дунëнинг 9 мамлакатидан келган юздан ортиқ Бухоро яҳудийлари ва Германияда истиқомат қиладиган 300 дан зиëд диаспора вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуман очилишида сўзга чиққан Ҳанновер бургомистри Томас Ҳерман Бухоро яҳудийлари немис жамиятининг ажралмас ва ардоқли қисми эканинини урғулади. Бухоро яҳудийларининг Германиядаги бош раввини Йоханан Ëқубов Озодлик мухбири билан суҳбатда анжуманда Ўзбекистон¸ Тожикистон¸ Қирғизистон АҚШ ва Исроилдан меҳмонлар келганини айтди.

- Бухоро яҳудийларининг Марказий Осиë, хусусан, Ўзбекистонда икки минг йиллик тарихи бор. Улар бу тарихий меросни эъзозлаб келишмоқда¸ деди Ëқубов.

2 киши ҳалок бўлди, 3 киши жароҳат олди - Олмалиқда поезд қулаб "Дамас"ни босиб қолди

Иллюстратив сурат. Олмалиқдаги воқеага алоқаси йўқ.

10 сентябрь, соат 04:00 ларда юк поездининг иккита вагони қулаб, "Дамас"ни босиб қолиши оқибатида 2 йўловчи ҳалок бўлди, 3 нафари тан жароҳати олди.

Бу ҳақда хабар қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги га кўра, Тошкент вилоятидаги Олмалиқ кон металлургия комбинатининг кон бошқармасига қарашли “Ангрен Олтин саралаш фабрикаси”га олиб борувчи темир йўл шохобчасининг кесишмасида юк ташиш поезди автотранспорт воситалари билан тўқнашиб кетган.

Тошкентдан Фарғона водийсига кетаётган “САМС” юк машинаси юк поездига урилган. Натижада вагонларнинг 2 таси изидан чиқиб кетиб, қарама-қарши йўналишда турган “Дамас” автомобилини босиб қолган.

Натижада, “Дамас” автомобилда бўлган 5 нафар фуқародан 2 нафари воқеа жойида вафот этган, 3 нафари тан жароҳати олиб, Ангрен шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган. Шунингдек, “САМС” ҳайдовчиси ҳам тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

"Мазкур вазият юзасидан, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ходимлари, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ мутассадди ходимлари, шунингдек, Фавқулодда вазиятларда уларни олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг куч ва воситалари етиб бориб вазият окибатларини бартараф этиш буйича тегишли тадбирлар амалга оширилди", дейилган ФВВ хабарида.

Туркистон вилоятида яна ўзбекистонликлар ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида уч нафар ўзбекистонлик автоаварияда ҳалок бўлганини билдирди.

Хабарда айтилишича, 8 сентябрь куни Чимкент-Самара трассасида Nexia автомашинаси аварияга учраган. Машина йўловчиларидан икки нафар аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна бир йўловчи эса касалхонада вафот этди. Автомобил ҳайдовчиси Ўрдабаси туман касалхонасининг реанимация бўлимида сақланмоқда. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари айтилмаган.

Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консуллиги ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга қайтариш чораларини кўрмоқда.

Август ойида ҳам Олмаота-Тошкент-Термиз трассасининг Туркистон вилоятидан ўтадиган қисмида авария юз бериб, уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди.

Бир неча кун олдин эса Туркистон вилоятининг Сариағаш туманидаги қурилишлардан бирида бир нафар ўзбекистонлик баландликдан йиқилиб вафот этгани билдирилган.

ОАВ жамғармаси раҳбари Саид-Абдулазиз Юсуповнинг суди ёпиқ тарзда ўтмоқда

Саид-Абдулазиз Юсупов.

Тошкентнинг жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан суд жараёни бошланди.

Маҳаллий матбуотнинг Олий судга таянган олда 9 сентябрда хабар беришича, жараён ёпиқ тарзда ўтказилмоқда.

Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят кодексининг 167 - (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168- (фирибгарлик) ва 28, 211-моддалари (пора бериш) асосида айбланмоқда.

1982 йилда туғилган Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май куни қўлга олинган эди. 12 май куни Бош прокуратура Юсупов катта миқдорда фирибгарлик қилиш моддаси бўйича айбланаётганини билдирган эди.

12 май куни Facebook тармоғида Саид-Абдулазизнинг укаси экани айилаётган Муҳаммад Юсупов cаҳифасида Саид-Абдулазиз Юсуповнинг президентга мурожаат қилган видеосини эълон қилганди.

Видеода Юсупов ўзига нисбатан очилган жиноят иши журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлганини иддао қилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги контракт ҳақи нега оширилганига тушунтириш берди

Иллюстратив сурат.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019 -2020 ўқув йилида тўлов-контракт миқдорининг 18 фоизга оширилишига оид тушунтириш берди.

Вазирликнинг маълум қилишича, бунга олийгоҳлар ходимларининг ойликлари ўтган ўқув йилида 3 маротаба оширилгани, коммунал хизматлар ва бошқа харажатлар ошгани, олийгоҳларнинг харажатлари даромадларга нисбатан 74 фоизга ўсгани асосий сабаб бўлган.

“Шу билан бирга, ёшларни олий таълим билан қамров кўрсаткичи 2017/2018 ўқув йилидаги 9 фоиздан жорий ўқув йилида 20 фоизга ортганлиги ёки талабалар контингентининг 126 минг нафарга кўпайганлиги олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқув бинолари қувватларини яратиш бўйича қўшимча эҳтиёжга олиб келади, бу эса ўз навбатида қўшимча харажатларни талаб этади”, дейилади расмий билдирувда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, фаолияти тугатилаётган касб-ҳунар коллежлари ва лицейларнинг 77 251 ўринли ўқув бинолари, 3 000 ўринли талабалар турар жойлари қўшимча қувват сифатида олий таълим муассасаларига ўтказиб берилгани ҳам қайд этилган.

Вазирлик контракт тўлови бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини ўртача 68 фоизини қоплашини маълум қилган.

Хорижликлар Марказий банк рухсатисиз банкларнинг 5 фоиз акцияларини сотиб олишлари мумкин

Ўзбекистондаги банклардан бири.

Хорижликларга Ўзбекистон банкларининг акцияларини енгиллаштирилган тартибда сотиб олишга рухсат берилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги 9 сентябрь куни маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, ҳукуматнинг 6 сентябрда қабул қилган 744-сон қарорига асосан “Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Ўзгартиришларга асосан хорижий инвесторларга Марказий Банк розилигисиз, тижорат банкларининг 5 фоизгача миқдордаги акцияларини сотиб олишга рухсат берилади.

Аввалроқ Марказий банк мамлакатдаги тижорат банкларининг умумий капитали 2019 йилда 30 триллион сўмдан ошиб кетишини билдирган эди.

Фергана агентлигининг ёзишича, халқаро экспертлар ўзбек банклари акцияларини сотиб олиш жараёни соддалаштирилса, банк тизимига 5 триллион сўм, яъни тақрибан 532 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиши мумкин, деб ҳисобламоқдалар.

Санитария-эпидемилогия назорати тугатилди, ўрнига иккита ташкилот тузилди

Иллюстратив сурат.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати самарасиз фаолияти ортидан тугатилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда қайд этилди.

“Битта давлат органи доирасида бир вақтнинг ўзида давлат санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш функцияларининг ушбу соҳада рухсат бериш ва назорат функциялари билан бирга амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати фаолияти самарадорлигини таъминлашга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар юзага келишига олиб келди”, дейилади фармонда.

Шундан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати тугатилиб, унинг негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилди.

Давлат инспекциясининг асосий вазифаларидан бири санитария-эпидемиология назорати соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилишни таъминлашдан иборат.

Янги ташкил этилаётган Агентлик эса, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боради.

Фармонга кўра, Давлат инспекцияси бошлиғи бир вақтнинг ўзида Бош давлат санитария инспектори, Агентлик директори эса бир вақтнинг ўзида Бош давлат санитария врачи ҳисобланади.

Шунингдек, Давлат инспекцияси ва Агентлик ҳузурида юридик шахс ташкил этмасдан бюджетдан ташқари моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармалари ташкил этилди.

Қашқадарё ИИБ да 182 ходим "семизлар рўйхати"дан чиқарилди

Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғи Дилшод Турсунбоев.

Қашқадарё вилоят Ички ишлар органларининг "семизлар рўйхатига" киритилган 1168 ходимидан 188 нафари жорий йил 31 апрелгача ортиқча вазндан халос бўлган.

Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси Телеграм каналида хабар қилди.

Ходимлар антропометрик параметрларини қайта ўлчаш натижасида 2019 йил, 30 июнь куни ҳолатига жами 741 ходим I даражали, 237 ходим II-даражали, 18 нафар III даражали, 2 ходим IV даражали семиз сифатида қайдга олинган.182 ходим "семизлар рўйхати"дан чиқарилган.

Президент қарори: дорихоналарда видео кузатув камералари бўлиши шарт

Ўзбекистон президенти 6 сентябрда дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга биноан, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дориларнинг чакана савдоси фақат ижтимоий дорихоналар, тегишли лицензияга эга бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилади.

Мазкур рўйхат Ҳукумат томонидан бир ҳафта муддатда тасдиқланиши лозим.

Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дорилар учун ёзилган рецептлар дорихоналарда бир йил давомида сақланади;

беморга рецептли дориларни рецептни расмийлаштирмасдан тайинлаш тақиқланади;

2020 йил 1 январдан бошлаб дорилар ва тиббий буюмларнинг савдо жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш мазкур фаолият учун лицензия талаби ҳисобланади ва талабнинг мунтазам бир йил давомида бир мартадан кўп бузилиши лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлади.

2021 йил 1 январга қадар электрон тарзда рецепт бериш ахборот тизими жорий этилади.

Мазкур ахборот тизими 2021 йил 1 мартдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 мартдан бошлаб эса республиканинг барча ҳудудларида мажбурий равишда қўлланилади.

Диний идорада безорилик қилганликда айбланганлар устидан суднинг иккинчи мажлиси бугун бўлади

Судланувчилар Рустам Каримов (чапда) ва Тўлқин Астанов.

9 сентябрда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Рустамбек Каримов (Рустам Карим — 1975 й. т.) ва Тўлқин Астановлар (1971 й. т.) устидан 6 сентябрда бошланган суд жараёнининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Азиз Обидовга таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Ориф Қиличев раислигида кўриб чиқилмоқда.

Рустам Карим ва Тўлқин Астанов жорий йилнинг 8 апрелида Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида безорилик қилганликда гумонланиб қўлга олинган эди. Тошкент ИИББ бу икки шахснинг Facebook ижтимоий тармоғида диний идора раиси «шаънига путур етказувчи постлар қолдирган"ини ҳам маълум қилган.

Рустамбек Каримов Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 1-қисми, Тўлқин Астанов Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқдалар.

Forbes: Қозоғистонлик ун ишлаб чиқарувчилар бизнесини Ўзбекистонга кўчирмоқда

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг бир нечта ун ишлаб чиқарувчи ширкатлари ўз фаолиятни Ўзбекистонга кўчирди. Бу ҳақда 7 сентябрь куни “Forbes Казахстан” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, қозоқ ширкатлари Ўзбекистонда фаолият юритиш шароити Қозоғистондагига қараганда фойдалироқ эканидан келиб чиқиб, мана шундай қарорга келганлар.

“Forbes Казахстан”га интервью берган Қарағандадаги “Мутлу” ун ишлаб чиқариш ширкати директори Дос-Мукасан Таукебаев Қозоғистонда ун ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали дастурлар йўқ эканини айтган.

Унга кўра, ҳукумат ишлаб чиқарувчиларни темир йўл вагонлари билан узлуксиз таъминлаш, электр энергияси нархини арзонлатиш талабига бефарқ муносабатда бўлаётгани учун тадбиркорлар ўз корхоналарини Ўзбекистонга кўчирмоқда.

- Ўзбекистонда ун ишлаб чиқарувчи ширкатларни президент 5 йилга солиқларнинг кўплаб турларидан озод қилган. Бизда кредитлар бўйича ўртача фоиз 14 бўлса, Ўзбекистонда 15 йилгача 4 фоиз устама билан кредит берилади. Қозоғистонда бир киловатт электр энергияси 20 тенге, Ўзбекистонда эса 10 тенге. Бундан ташқари Ўзбекистонда ишчи кучи ҳам Қозоғистонга қараганда икки баробарга арзон,-деб айтган Дос-Мукасан Таукебаев.

“Маълумки, Қозоғистон 2007-2010 йилларда ун экспорт қилиш бўйича жаҳонда лидер эди. Кейин турли сабаблар ортидан биринчиликни Туркияга бой берди. Энди вазият шунга қараб кетмоқдаки, Ўзбекистон бизнинг мамлакатимизни иккинчи ўриндан ҳам сиқиб чиқаради. Бу иш жорий мавсумда амалга ошиши мумкин”, деб хулоса қилади “Forbes Казахстан”.

Тўртта вилоят Хитойга қовун экспорт қилади

Санкт - Петербургда қовун сотаётган ўзбеклар.

Хоразм, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан Хитойга қовун экспорт қилинади. Бу ҳақда хабар берган Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг билдиришича, бу борадаги шартнома Бош вазир Абдулла Ариповнинг 27-28 август кунлари Хитойга қилган сафари доирасида имзоланган.

Икки давлат ўртасида имзоланган «Ўзбекистондан Хитойга қовун экспорт қилиш бўйича фитосанитар талаблар тўғрисида баённома»га асосан Хитойга экспорт қилинадиган қовун фитосанитар талабларга тўлиқ мувофиқ келиши лозим.

Расмий билдирувда айни пайтда Хитойга экспорт қилинаётган мева ва полиз маҳсулотлари тури 12тани ташкил этгани ҳам таъкидланди.

Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Хитойга қўшимча равишда анор, узум ва лимон экспорт қилинишига рухсат олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Тошкентда биринчи электробус йўловчи ташишни бошлайди

Тошкентга келтирилган электробус. "Газета уз" фотосурати.

Тошкентда жорий ҳафтадан бошлаб мамлакатга келтирилган биринчи электробус йўловчиларга хизмат кўрсата бошлайди.

“Тошшаҳартрансхизмат”нинг маълум қилишича, 7 сентябрда электробуснинг синов қатнови амалга оширилди. Унинг биринчи йўловчилари “Тошшаҳартрансхизмат” раҳбарлари ва журналистлар бўлди.

Расмий хабарда айтилишича, Беларуснинг «Белкоммунмаш» ширакти томонидан ишлаб чиқарилган Е420 “Vitovt Elektro” русумли мазкур электробус бир марталик қуввати билан 20-25 километр масофани босиб ўтади. Электр қувватини олиш вақти эса 6-8 дақиқани ташкил қилади. Электробус ўртача 90 нафар йўловчига мўлжалланган.

Электробус Тошкентга синовдан ўтказилиш учун олиб келинган.

"Иссиқ нон" "Киношок" Гран-присига сазовор бўлди

Иллюстратив сурат.

“Ўзбеккино”да тасвирга олинган “Иссиқ нон” бадиий фильми Россиянинг “Киношок” 28- кинофестивали Гран-присига сазовор бўлди.

Режиссёр Умид Ҳамдамов томонидан суратга олинган мазкур фильмда ўйнаган актриса Феруза Саидова энг яхши аёл роли учун, бастакор Тоир Қўзиев эса энг яхши мусиқа учун мукофотланди.

2018 йилда суратга олинган мазкур фильм Ўзбекистонда “Йилнинг энг яхши фильми”, “Энг яхши сценарий” ва “Энг яхши монтаж” номинациялари бўйича “Олтин Хумо” миллий мукофотига сазовор бўлган эди.

“Киношок” 28- кинофестивали Анапада 1 сентябрдан 8 сентябргача ўтказилди. Кинофестивал жюрисига таниқли ўзбек режиссёри Юсуф Розиқов раислик қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG