Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 06:00

Ўзбекистон хабарлари

Straus House иши: қарийб 400 киши жабрланувчи деб эътироф этилди

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар қилишича, Straus House МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиш арафасида турибди.

Хабарда айтилишича, бугунги кунга қадар жиноят иши бўйича 400 нафарга яқин шахслар сўроқ қилиниб, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган.

Дастлабки терговнинг тўлиқлигини таъминлаш мақсадида, Straus House МЧЖ мансабдор шахсларининг жиноий ҳаракатларидан жабр кўриб, мурожаат қилмаган фуқаролар бўлса, ўзлари яшаб турган ҳудудидаги ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимларига ёки ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига ёхуд 71-231-41-28, 71-231-43-02 телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги маълум қилинди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар, Юнусобод туман бўлими "Straus House" туяқушчилик ширкати фаолиятини текширишни сентябрда бошлагани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Нафосат Оллошукурованинг адвокати Хоразм вилоят судлов ҳайъатига кассация шикояти топширди

Нафосат Оллошукурова (ўнгдан биринчи)

Мажбурий тартибда руҳий шифохонага ётқизилган 32 яшар хоразмлик блогер Нафосат Оллошукурованинг адвокати фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят судлов ҳайъатига кассация шикояти топширди.

Бу ҳақда 14 ноябрда хабар қилган Eltuz.com сайтига кўра, кассация шикояти 6 ноябрда топширилган.

Адвокатнинг фикрича, Нафосатни руҳий шифохонага ётқизиш ҳақидаги суд қарори“Психиатрия ёрдами кўрсатиш тўғрисидаги қонун”нинг 27-моддаси талабларига хилоф. Нафосат Оллошукурова суд мажлисига чақирилмаган. Унинг руҳий холати бузилганига тўлиқ ишонч ҳосил қилинмаган. Психиатрик экспертиза хулосаси олинмаган. Суд қарорига ёлғонлардан иборат ариза асос қилиб олинган.

Нафосат фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суднинг қарори билан 2019 йилнинг 30 сентябридан Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида мажбурий сақланмоқда. Бу қарордан аввал, у журналист Маҳмуд Ражаб ҳимоясига уюштирилган норозилик акциясида иштироки учун 10 кунлик қамоққа олинган эди.

Қатор ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари, жумладан Халқаро Амнистия, “Пахта Кампанияси” коалицияси ва “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” блогерни руҳий шифохонадан чиқариш талаби билан баёнотлар беришган.

Айни пайтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжоновнинг фикрича, Хоразм вилояти психоневрологик диспансерида блогер ва инглиз тили ўқитувчиси Нафосат Оллошукурованинг мажбурий касалхонага ётқизилиши унинг танқидий материаллари билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда Алламжонов сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида баёнот берди.

Икки фарзанднинг онаси Нафосат Оллошукурова Жахон тиллари Университетини инглиз тили мутахассислиги бўйича тамомлаган. У ўзининг жамиятдаги фаол позицияси билан танилган. Унинг якинлари, илгари ҳеч қачон руҳий касалликка учрамаганини билдирган.

Президент ҳар жума "Чорвачилик куни" деб эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди..

— Ҳудудларимиз салоҳиятидан тўғри фойдаланиб, қаерга нима экиш, қайси чорва турини етиштириш, қўшилган қиймат занжирини яратиш орқали бозорларимизда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини кўпайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва даромадни ошириш бўйича, афсуски, самарали тизим мавжуд, деб айта олмаймиз, — деган президент.

Чорвачилик паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқлари муаммоларини комплекс ва тизимли ҳал этиш, бу тармоқларини изчил ривожлантириш учун президент Шавкат Мирзиёев қатор вазифалар қўйгани хабар қилинди.

Келгуси йилдан чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик тармоқларини субсидия бериш орқали қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, субсидия етиштирилган тайёр маҳсулотлар ҳажмига мувофиқ равишда берилади.

"Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш учун ҳафтанинг ҳар жумаси «Чорвачилик куни» деб эълон қилинди. Топшириқлар ижросини мувофиқлаштириб бориш ва чорвадорларга кўмаклашишга масъул Республика кенгаши тузилди", деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон 2030 йилгача оналар ўлими ва маиший зўравонликка барҳам бериш масъулиятини зиммасига олди

Иллюстратив сурат.

Жаҳон мамлакатлари етакчилари олди олиниши мумкин бўлган оналар ўлими, гендер нотенглиги ва маиший зўравонликни 2030 йилга қадар батамом тугатиш мажбуриятини зиммасига олди. Ўзбекистон ҳукумати ҳам ушбу мажбуриятларни белгиланган муддатда бажаришга аҳд қилган. Бу ҳақда gazeta.uz хабар қилди.

12−14 ноябрь кунлари Найроби шаҳрида ўтказилган Аҳоли ва Ривожланиш анжумани 25 йиллиги йиғилиши иштирок этиш учун 100дан ортиқ давлатдан 6 мингга яқин иштирокчи Кения давлатига етиб келган. Ўзбекистон Сенатининг қўмита раиси Зайниддин Низомхўжаев бошчилигидаги мамлакат делегацияси таркибида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Ойбек Усмонов, Сенат Халқаро бўлими бошлиғи Афзал Ортиқов, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Диловар Қобулова ҳамда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари Найроби саммитида иштирок этишмоқда.

«Қоҳира анжуманида аёллар ва қизларга эътибор қаратиш глобал ривожланиш кафолатларидан бири сифатида тан олинганди. Бу йўналишда кўп ишларга қўл урилди. Аммо эришилмаган натижа ва марралар бизни кутмоқда. Тугалланмаган ишларни якунлаш, кучли ирода кўрсатиш вақти келди», деди UNFPA ижрочи директори Наталиа Канем саммит очилиш маросимида.

1994 йили 179та давлат вакиллари аёллар саломатлиги, гендер тенглиги ва жинсий саводхонлик, ижтимоий имкониятлардан тенг фойдаланиш каби масалаларда ягона қарорга келганди. Орадан 24 йил ўтиб, жаҳон мамлакатлари ушбу қарорни сиёсий даражада қўллаб- қувватлашга келишиб олган. Найроби саммитида халқлар кўзланган мақсадга эришиш учун сиёсий ирода ва молиявий кўмакни ошириш масалаларига батафсил тўхталиб ўтади.

UNFPA маълумотига кўра, ўтган 25 йилда оналар ва болалар ўлими сезиларли даражада камайди ҳамда сифатли контрацептик хизматлардан фойдаланиш имконияти ошди. Шунга қарамай, тақдим этилаётган имкониятлар Ер юзидаги барча оилалар учун тенг тақсимланмаган. Ҳар куни 800 нафарга яқин ҳомиладор аёл ва болалар турли сабаблар билан вафот этмоқда, 232 миллион аёл ҳомиладорликнинг олдини олишга ҳаракат қилади, аммо замонавий контрацептик хизматлардан фойдалана олмайди. Уларга кўмак бериш учун 68,5 миллиард доллар ажратилиши кўзда тутилган. 2030 йилга қадар эришилиш кутилаётган натижалардан бири — қизларнинг таълим олиш давомийлиги сақлаш ва эрта турмуш ҳолатларини камайтириш. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун 35 миллиард доллар талаб этилади.

Саммитнинг биринчи ишчи кунида Ўзбекистон делегацияси UNFPA ижрочи директори ўринбосари Дереже Вордофе билан учрашди. Делегация раҳбари сенатор Низомхўжаев аҳоли саломатлиги, ижитимоий ривожланиш ва маиший зўравонликка қарши кураш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини жаноб Вордофега етказди. Шу билан бирга, UNFPA ижрочи директори ўринбосари Президент Шавкат Мирзиёев сиёсати, қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва шу кунгача эришилган натижаларга юксак баҳо берди.

Оқдарёда эр ҳомиладор хотинини ўлдирди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 33 ёшли фуқаро оилавий жанжал оқибатида 25 ёшли аёлини бўғиб ўлдирди, шундан сўнг ўзини осиб, жонига қасд қилди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, ҳодиса 12 ноябрь куни соат 00:10ларда содир бўлган. Терговнинг аниқлашича, бўғиб ўлдирилган аёл ҳомиладор бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "б" банди (Ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни қасддан ўлдириш) моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган.

Расман: Кам таъминланганларга ун ва нон учун 604 миллиард сўм компенсация ажратилди

Иллюстратив сурат.

Ҳукумат кам таъминланган оилаларнинг ун ва қолипли нон сотиб олиш ҳаражатларини компенсациялаш учун 2019 йилда 604 миллиард сўм маблағ ажратди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси 13 ноябрь куни хабар берди.

Билдирувда айтилишича, ҳукумат нон нархини назорат қилишдан воз кечганидан сўнг, кам таъминланган оилаларга бериладиган тўлов миқдори 1 октябрдан ойига 22,3 минг сўмдан 50 минг сўмга кўпайтирилди.

Бундан ташқари компенсация олувчи тоифалар сони 9тадан 11тага кўтарилди. Натижада компенсацияни бугунги кунда 2 миллион одам олмоқда.

Пенсия жамғармасиининг билдиришича, пенсия ва пособия олувчиларнинг ягона базаси мавжуд бўлиб, мазкур база компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлганларни автоматик тарзда аниқлайди. Ҳар ойнинг 3-кунигача тўлов ҳужжатлари расмийлаштирилиб, электрон тарзда банкларнинг филиалларига жўнатилади.

“Тўловларни пластик карточка орқали олувчиларга эса ҳар ой бошида маблағ автоматик тарзда ҳисоб рақамига ўтказилади”, дейилади билдирувда.

Қирғизистон Ўзбекистондан маҳсулот олиб кириш чекланиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги Ўзбекистондан Евросиё иқтисодий иттифоқининг фитосанитар талабларига жавоб бермаган маҳсулотлар олиб кирилаётгани тўғрисида баёнот берди.

Вазирликнинг 13 ноябрда билдиришича, 2019 йилнинг бошидан то шу кунгача 356та мана шундай ҳолат бўлган. Бу ҳолатларнинг 10тасида Қирғизистонга олиб кирилган озиқ-овқат ва меваларда, жумладан, анорда зарарли вируслар борлиги аниқланган.

“Маҳсулот Ўзбекистоннинг фитосанитар назорати сертификатига эга бўлган. Бироқ Ўшдаги лаборатория маҳсулотда “Grapholitha molesta Busck” вируси борлигини аниқлаган”, дейилади расмий баёнотда.

12 ноябрда эса Ўзбекистондан олиб келинаётган 35 тоннадан ортиқ маҳсулотнинг фитосанитар сертификати яроқсиз деб топилган ва Қирғизистонга киритилмаган.

Вазирлик шу муносабат билан Ўзбекистоннинг тегишли идораларига дипломатик каналлар орқали Қирғизистонга маҳсулот олиб киришга вақтинчалик чеклов жорий этилиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантирув мактубини жўнатган.

Президент назарига 25 ёшида тушиб қолган Олимжон Тўйчиев яна вазир ўринбосари бўлди

Олимжон Тўйчиев 2013 йилда "Шуҳрат" медали билан мукофотланган.

Ўзбек тилида сўзлашадиган робот ихтиро қилгани ортидан президент Шавкат Мирзиёев назарига тушган 28 ёшли Олимжон Тўйичев яна вазир ўринбосари лавозимига қайтарилди.

Президентнинг 12 ноябрдаги қарорига асосан Олимжон Тўйичев Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинланган.

Бунга қадар у Инновацион ривожланиш вазирлигида бошқарма бошлиғи ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати директори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

2017 йилда президент Мирзиёев 25 ёшли Олимжон Тўйчиевни ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари, 23 ёшли Алишер Саъдуллаевни халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинлаганди.

Олимжон Тўйчиев 1991 йил 27 октябрда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкентдаги Турин политехника университетини тамомлаган. 2017 йили эса Германиядаги Ҳоффенҳайм университети магистратурасини тугатган. Рус, инглиз, немис, итальян тилларида эркин сўзлаша олади.

2013 йил 4 декабрь куни Олимжон Тўйчиев президент фармонига асосан «Шуҳрат» медали билан мукофотланган.

Хорижий инвесторлар кенгаши ташкил этилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши ташкил этилади. Бу ҳақдаги қарорни президент Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни имзолади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилаётган кенгаш президент ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланади.

“Кенгаш таркиби Ўзбекистонда инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган хорижий компаниялар, банклар, инвестициявий ва бошқа тузилмалар, халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, шу жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, бошқа иштирокчилар орасидан белгиланган тартибда шакллантирилади”, дейилади қарорда.

Кенгаш ўз фаолиятини оралиқ ва ялпи мажлислар шаклида юритади. Кенгаш ялпи мажлислари йилда бир марта, оралиқ мажлислари – йилда камида икки марта ўтказилади.

Кенгаш аъзоларининг мажлисларга келиш ва уларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатлари Кенгаш аъзоларининг ўз маблағлари ҳисобидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

ХДП 2,5 млн сўмнинг овқатдан ошмаслигини тан олди. Бошқа чиқимларга пулни қаердан олишни айтмади

Ўзбекистон ХДП лидери Улуғбек Иноятов

"Бизнинг сиёсий партиямиз раҳбари, ҳурматли Улуғбек Илёсович, 2,5 миллион пул 5 кишидан иборат оилага етади деган фикрни билдирганида оиланинг барча харажатларини назарда тутмаган. Балки фақат озиқ овқат маҳсулотларини ҳарид қилишни назарда тутган эди".

Бу баёнотни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши сектор мудири Равшан Хомитов тилга олинган партия лидери Улуғбек Иноятовнинг жамоатчиликда норозилик уйғотган фикрини шарҳлаётиб билдирди.

Маҳаллий нашрларга кўра, ХДП вакили ўз фикрини 13 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган йиғилишда билдирган.

5 кишилик оила 2,5 миллион сўм пулни фақат озиқ-овқатга сарфласа, қолган ҳаражатларни қайси пул ҳисобидан қоплаши ҳақида гапирганми-йўқми - хабарларда ҳеч нарса дейилмаган.

Куни кеча Ўзбекистон ХДП етакчиси Улуғбек Иноятов "Беш нафар фарзанди бор ва битта ойлик маоши билан яшаётган бўлса, 2,5 миллион ойлик олса, бемалол уйидаги беш нафар фарзанди билан... Буни иқтисодчилар ҳисоблаб чиққан», деган, унинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлганди.

Андижон ҳокими пахтакор шоирга автомашина совға қилди

Сурат Андижон вилоят ҳокимлиги расмий сайтидан олинди

Андижоннинг эрка шоир ўғли, Ватан куйчиси Шарофиддин Болтабоевга юртни мадҳ этувчи шеърлари учун вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғаси, енгил автомашина топширилди, деб хабар қилди Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Автомашинани вилоят ҳикими Шуҳрат Абдураҳмонов Хонобод шаҳридаги Хонобод сиҳатгоҳида тиббиёт ходимларини шарафлаш тантаналари давомида тапширган.

kun.uz сайтининг хабар қилишича, автомашина билан сийланган шоир бу йилги пахта мавсумининг илк кунларидан ўзи туғилган Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани далаларида теримчилар билан бирга пахта терган.

«Шоир пахта далаларида тушлик пайти бўлган вақтларда, ҳашарчи пахтакорлар номидан ёзилган,

Шаҳди ўткир қиличдан,

Шуҳрат Қўшақбоевичдан,

«Равон» олгим келяпти,

Пахта тергим келяпти!

каби мисраларни ўз ичига олган янги шеърларини ўқиб эшиттирган.

Kun.uz "маълумотларга" таяниб, шоирга автомобиль ҳомийлар томонидан тақдим қилинганини хабар қилди.

Прокуратура ходимларига иш вақтида ижод билан шуғулланишга рухсат берилди

Президент имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан 20 га яқин қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, жумладан, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра прокуратура органлари ходимлари ишининг ўзига хос томонларидан келиб чиққан ҳолда, 20 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга 15 календарь кун қўшимча таътил берилади.

Шу билан бирга, эндиликда Прокуратура органлари ходимларига илмий, педагогик ва ижодий фаолият билан шуғулланишга рухсат этилади (илгари улар илмий, ўқитувчилик ва ижодий фаолият билан фақат асосий ишдан бўш вақтда шуғулланиши мумкин бўлган).

Бош прокуратура: Нон нархининг оширилгани коррупцияга қарши курашга ёрдам беради

Иллюстратив сурат.

Бош прокуратура қолипли нон нархининг ошиши юзасидан расмий баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, таҳлиллар қолипли нон нархининг кескин ошишига қуйидаги омиллар сабаб бўлаётганлигини кўрсатган:

1. Давлат томонидан дон ва ун сотиб олиш нархини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсатидан воз кечилгани.

2. Ёқилғи, энергетика ва газ нархининг йилдан-йилга ошиб бориши ишлаб чиқарилаётган ун ва нон тан нархи қимматлашувига олиб келмоқда. Хусусан, 2017 йилда ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга 1 кВт соат электр энергияси нархи 204,3 сўм этиб белгиланган бўлса, 2019 йилга келиб 450 сўмни (120,4 фоизга ошган) ташкил қилмоқда.

Бош прокуратура давлат томонидан дон ва ун сотиб олиш нархини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсатидан воз кечилгани нон ишлаб чиқариш соҳасидаги коррупцияга барҳам бериш мақсадини кўзлаганини ҳам эслатиб ўтди.

Баёнотда айтилишича, давлат нон нархини назорат қилаётган пайтда, биргина, “Оҳангарон дон” АЖ бошқаруви мансабдор шахслари томонидан 2011-2018 йиллар давомида аҳоли эҳтиёжлари учун қолипли нон ишлаб чиқарилиши лозим бўлган жами 18,6 млрд сўмлик ун ва дон маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

“Шунингдек, “Қорақалпоқ дон маҳсулотлари” АЖ мансабдор шахслари томонидан 2018-2019 йиллар давомида ҳар бир қопи 87.5 минг сўмдан сотилиши белгиланган 6 134 қоп ун маҳсулотларини 110 минг сўмдан, жами 674,7 млн. сўмга сотиб, 138 млн. сўм пул маблағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги ҳолати юзасидан 17.10.2019 йилда қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади баёнотда.

Марказий Осиё давлатлари президентлари 27 ноябрда Тошкентда учрашади

Минтақа давлатлари раҳбарларининг биринчи норасмий учрашуви 2018 йилда Остона (ҳозирги Нурсултон)да ўтказилган эди.

Марказий Осиё давлатлари президентларининг иккинчи консультатив учрашуви 27 ноябрда Тошкентда ўтказилади. ТАССнинг хабар беришича, бу ҳақда 12 ноябрь куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев маълум қилган.

Назарбоев 27 ноябрга мўлжалланган учрашув кечиктирилмасдан, ўз вақтида ўтказилишига умид билдирди.

Назарбоев: “Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ҳал қилинмаган муаммолар мавжуд. Тўқнашувлар содир этилмоқда, одамлар ҳалок бўлмоқда”, - деб айтган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида минтақа давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувини ташкил этиш ғоясини олға сурган эди.

2018 йилнинг март ойида Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи консультатив учрашуви бўлиб ўтган.

Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг иккинчи консультатив учрашуви 2019 йил мартида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида хабарлар берилган эди.

Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги июль ойида учрашув кузда ўтказилишини билдирган, аммо учрашувнинг аниқ кунини маълум қилмаган эди.

Европа Иттифоқи билан янги шартнома Мирзиёевнинг Брюссел сафари доирасида имзоланади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқига раислик қилаётган Финлаядия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто билан. ТИВ сайтидан олинган сурат.

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги янги ҳамкорлик шартномаси 2020 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга қиладиган ташрифи доирасида имзоланиши кутилмоқда.

Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи-Ўзбекистон ҳамкорлик кенгашининг Брюсселда ўтган навбатдаги йиғилишидан сўнг журналистларга маълум қилди.

-Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг ҳамкорлик истиқболлари қандай? Бу масалада мен эътиборингизни энг аввало Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида янги ҳамкорлик шартномасини тайёрлаш жараёнига қаратмоқчиман. Бу йўналишдаги ишларни давом эттирмоқдамиз. Мазкур шартнома 2020 йилда президентимизнинг Брюсселга қиладиган ташрифи доирасида бошқа жиддий лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги шартномалар билан биргаликда имзоланишига умид қиламиз, - деди Абдулазиз Комилов.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, музокаралар чоғида икки томон кун тартибидаги бир қатор масалалар, сиёсий, иқтисодий, инвестиция, инсон ҳуқуқлари, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон тарихда биринчи марта бешкураш бўйича Олимпиада лицензиясини қўлга киритди

Бешкураш бўйича терма жамоа аъзолари. МОҚ сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта спортнинг бешкураш тури бўйича Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини берувчи лицензия қўлга киритилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси 12 ноябрда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Токио олимпиадасига йўлланмага Хитойнинг Ухан шаҳрида ўтган Осиё ва Океания чемпионатида Алисэ Фахрутдинова сазовор бўлган. Бунга қадар спортнинг бошқа турлари бўйича Ўзбекистон Токио олимпиадасига 11та йўлланмани қўлга киритган эди.

Бешкураш чемпионатида жамоа ҳисобида Ўзбекистон Жанубий Корея ва Япониядан кейинги учинчи ўринни эгаллади. Тўртинчи ва бешинчи ўринлар эса Хитой ва Қозоғистонга насиб қилди.

Жорий йилнинг 21 августида Алисэ Фахрутдинова ва Александр Савкин Россия ва Ўзбекистон Бешкураш федерациялари ўртасидаги имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида Тошкент спорт фуқаролигига ўтказилган эди.

29 ёшли Фахрутдинова эстафета бўйича жаҳон чемпионатида бронза, Европа чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. У икки марта Россия чемпиони бўлган.

31 ёшли Савкин эса 2013 йилда эстафета бўйича жаҳон чемпиони бўлган. У, шунингдек, икки марта Европа ва беш карра Россия чемпиони ҳисобланади.

Nukus city қуриш учун Нукус марказида 400та уй бузилади

Нукус шаҳри манзараси.

Нукусда Nukus city лойиҳасини амалга ошириш учун 400 дан ортиқ хусусий уй босқичма-босқич бузилади.

ЎзАнинг 12 ноябрда хабар беришича, Nukus city қурилиши 2020 йилда бошланади. Лойиҳа учун «Турон» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудуддан 70 гектардан ортиқ ер майдони ажратилади.

Хусусий уйларни бузиб, кўчириш ишлари уч босқичда олиб борилади. Биринчи босқичда 140 та уйнинг бузилиши ва унинг эгаларини бошқа жойга кўчириш ишлари режалаштирилган.

«Nukus city»да дастлаб 16 қаватлик уйлар қурилиши режалаштирилган. Ундан ташқари 20 қаватли меҳмонхона, бизнес марказлари, кўнгилочар масканлар, банклар, савдо дўконлари қурилиши ҳам назарда тутилган.

Хабарда айтилишича, Nukus city президент қарори асосида Нукус шаҳри марказида барпо қилинади.

Риштонда вояга етмаган опа-сингил газдан заҳарланиб ҳалок бўлди

Фарғона вилоят, Риштон туманида вояга етмаган икки қиз газдан заҳарланиб вафот этди.

Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновдан олинган маълумотга таяниб хабар қилди.

2019 йил 11 ноябрь куни соат 06:30ларда Риштон тумани, “Зарариқ” маҳалласида яшаган вояга етмаган опа-сингиллар хонадонидаги ҳаммомга ювиниш мақсадида кирган вақтда ҳаммомни иситиш учун қўлбола усулда ясалган печга уланган табиий газ ўчиб қолиши натижасида табиий газдан заҳарланиб, ҳодиса жойида вафот этишган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани хабар қилинди.

Давлат тилини ривожлантириш департаментига мудир тайинланди

Ҳукуматнинг 11 ноябрдаги қарори билан Абдуғаффор Каримжонович Қирғизбоев Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаментининг мудири этиб тайинланди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти Ўзбекистон президентининг 2019 йил 21 октябрдаги фармонига асосан ташкил этилган. Давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш Департамент асосий вазифаларидан саналади.

Қашқадарёда беш нафар эркак бир қизни зўрлади

Иллюстратив сурат.

Қашқадарёда 5 нафар эркак 26 ёшли қизни зўрлаган. Бу ҳақда “Постда” газетаси 11 ноябрь куни хабар берди.

Билдирилишича, бу воқеа 2019 йилнинг октябрь ойида содир этилган. Тунги соат 01:30 да кўчада кетаётган 26 ёшли М.Т.ни Қарши шаҳрида яшовчи 30 ёшдан ошган 5 нафар фуқаро мажбурлаб машинага ўтқизиб, овлоқ жойга олиб борган ва номусига теккан.

Ҳозирги кунда жиноятчиларнинг барчаси ушланиб, ЖКнинг 118-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жанубий Корея касалхоналарни жиҳозлашга 74 миллион доллар берадиган бўлди

Иллюстратив сурат.

Жанубий Кореянинг Эксимбанки касалхоналарни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш лойиҳасига 74 миллион доллар маблағ ажратди.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 11 ноябрда билдиришича, бу борада Эксимбанк расмийлари билан Тошкентда 8 ноябрда ўтказилган учрашувдан сўнг ҳамкорлик тўғрисида протокол имзоланди.

Лойиҳада чекка туман ва қишлоқларда жойлашган 150 дан ортиқ тиббий муассасани замонавий технологиялар билан жиҳозлаш назарда тутилган.

Президент Путин Самарқандда ўтган "Валдай" анжумани иштирокчиларига қутлов йўллади

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин 11 ноябрда “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси иштирокчилари, ташкилотчилари ва меҳмонларига қутлов йўллади.

Мазкур анжуман Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари ўтказилди. Анжуманда Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 80 дан ортиқ эксперт иштирок этди.

“Халқаро экспертлар жамияти томонидан Осиёга қаратилаётган эътибор ҳақиқатан ҳам асослидир — энг йирик ва дунёда аҳолиси зич жойлашган ушбу минтақанинг жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги роли тобора кучайиб бормоқда. Бу ерда транспорт, коммуникация ва энергетика инфратузилмаси, юқори технологиялар ва фундаментал фан жадал ривожланмоқда”, дейилади Путин қутловида.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ҳам анжуман иштирокчиларига қутлов жўнатган.

“Валдай” халқаро мунозара клуби 2004 йилда россияпараст экспертлар йиғиладиган майдон ўлароқ ташкил қилинган эди.

Президент Мирзиёев Россияга хайрихоҳ экспертларнинг Самарқанддаги анжуманини қутлади

Ўзбекистон Республикаси кўп томонлама минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори. Асосий мақсадимиз Марказий Осиёни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақа, тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантиришдан иборат.

Бу ҳақда президент Мирзиёевнинг “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси иштирокчилари, ташкилотчилари ва меҳмонларига қутловида айтилган.

Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси ўтказилмоқда.

Президент қутловида яна бундай дейилган:

"Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг ишончли стратегик ҳамкори ва иттифоқдоши. Азалий дўстлик ришталарига асосланган муносабатларимиз изчил ривожланиб, янги амалий мазмун билан бойимоқда".

Расмий хабарда айтилишича, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 80 дан ортиқ эксперт иштирок этмоқда.

10 ноябрь куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган махсус сессия ҳам ўтказилди.

Анжуман доирасида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

2004 йили Россиянинг Новгород шаҳрида ташкил этилган “Валдай” клуби халқаро доираларда россияпараст экспертлар йиғиладиган майдон ўлароқ кўрилади.

Клубнинг Осиё анжумани ҳар йили турли мамлакат ва шаҳарларда ўтказиб келинади. Бундан аввалги IХ Осиё анжумани 2018 йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказилган.

Доллар қимматлади, евро ва рубль арзонлади

Марказий банк 12 ноябридан бошлаб 1 АҚШ долларини 9490.77 сўмга тенг этиб белгилади. Бу эса доллар курсининг ўтган ҳафта белгиланган қийматига нисбатан (+23.50) сўмга ошганини кўрсатади.

Евро курси эса ой бошидаги кўрсаткичга нисбатан (-115.18) пастлаб, 10455.03 сўмга тенг этиб белгиланди. Шунингдек, Россия рублида ҳам пастлаш (-0.31) кузатилиб, 148.82 сўмни ташкил этди.

Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

ФВВ: Қуйичирчиқдаги газ портлаган уйда 2 киши ҳалок бўлди, 4 киши тан жароҳати олди

Қуйичирчиқ туманидаги Сурун маҳалласида газ портлаган хонадон.

11 ноябрда Тошкент вилоят, Қуйичирчиқ туман, «Сурум» МФЙ, Намунали уй кўчасида жойлашган 1-уйнинг иситиш қозонидан табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида чақнаш содир бўлган

Бу ҳақда хабар қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, оқибатда уйнинг томи қулаб тушган ва уй жиҳозлари ёнган. Дастлабки маълумотларга кўра, 2 фуқаро воқеа жойида вафот этган. Бундан ташқари, 4 фуқаро турли даражадаги тан-жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари ва вилоятнинг тегишли мутасадди раҳбарлари, Тез ҳаракат қилиш Республика кўп тармоқли маркази, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ёнғин-қутқарув отряди қутқарувчилари чиқишган.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади ФВВ маълумотида.

Олдинроқ Озодлик бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига таяниб хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG