Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2019, Тошкент вақти: 13:17

Ўзбекистон

Самарқандда "Валдай" клубининг X Осиё конференцияси ўтказилмоқда

Самарқанд манзараси.

Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси ўтказилмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 80 дан ортиқ эксперт иштирок этмоқда.

10 ноябрь куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган махсус сессия ҳам ўтказилди.

Анжуман доирасида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

2004 йили Россиянинг Новгород шаҳрида ташкил этилган “Валдай” клуби халқаро доираларда россияпараст экспертлар йиғиладиган майдон ўлароқ кўрилади.

Клубнинг Осиё анжумани ҳар йили турли мамлакат ва шаҳарларда ўтказиб келинади. Бундан аввалги IХ Осиё анжумани 2018 йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказилган.

Хусусий бандлик агентлигининг кореялик раҳбарига жиноят иши очилди

HUMAN хусусий бандлик агентлигидан пулини ололмай, Вазирлар Маҳкамасига норозилик билдириб борган ўзбекистонликлар (Иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда фирибгарликда гумон қилинётган Жанубий Корея фуқаросига жиноят иши қўзғатилди.

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг маълум қилишича, бу шахс Korean and migrations хусусий бандлик агентлиги мулозимидир.

"Тергов департаменти томонидан Korean and Migration хусусий бандлик агентлиги МЧЖнинг (масъулияти чекланган жамият - таҳр.) мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирда жиноят содир етишда гумон қилиниб, Корея Республикасининг фуқароси Канг Намкю терговга жалб қилинди", деб хабар қилади департамент.

Департамент бу шахсдан жарб кўрганларга, шикоят қилишни истаса, мурожаат қилиши мумкин бўлган телефон рақамларини эълон қилди.

Бунга қадар Korean and migrations агентлигига ўзбекистонларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича берилган 0010-сонли лицензия тўхтатилгани маълум қилинган эди.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистонда 88 та юридик шахс хусусий бандлик агентлиги сифатида Меҳнат вазирлигида рўйхатдан ўтказилган. Улардан 65 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган ва улардан 30 таси бирорта ҳам фуқарони шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга жўнатмагани маълум бўлган.

Хусусан, 70 га яқин ўзбекистонлик Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги Германия ва Чехияга жўнатиш учун тўловларни олгани, аммо жўнатмаганидан Озодликка шикоят қилганди.

Наманган ҳокимлиги вилоятда “Hugo Boss” костюм-шимлари ишлаб чиқарилишини маълум қилди 

Наманганда жаҳоннинг машҳур “Hugo Boss” бренди остида костюм ва шимлар ишлаб чиқарилади.

Германиянинг “Hugo Boss” ширкати делегациясининг Наманган вилоятига ташрифи чоғида бунга эришилган.

Наманган ҳокимлиги расмий сайтида маълум қилинишича,“Hugo Boss” ширкати вилоятдаги кўплаб текстил корхоналари орасидан ҳамкор сифатида “Lyuks plyus servis” масъулияти чекланган жамиятни ўзига ҳамкор сифатида танлаб олган.

“Vakkoni” маркаси остидаги либослари билан танилган “Lyuks plyus servis” МЧЖ ишга туширадиган янги линия лойиҳасининг умумий қиймати 10 млн АҚШ долларини ташкил этиши айтилмоқда.

Корхонанинг 5 млн АҚШ долларлик маблағи ҳисобидан амалга ошириладиган биринчи босқичнинг ўзида 800 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда, дейилади расмий хабарда.

Ширкат маҳсулотларни “Hugo Boss” орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига, шунингдек Россия ва Қозоғистонга экспорт қилишни режалаштирилган.

Милиция амалдори машинаси билан авария содир этиши ортидан бедарак кетган Абдуллоҳ уйига қайтди

Андижонда 26 октябрда Ички ишлар бошқармаси ходимлари олиб кетиши ортидан бедарак қолаётган 20 ёшли Абдуллоҳ Тоҳиров 8 ноябр куни Жалақудуқ туманидаги уйига қайтган.

Бу ҳақда Абдуллоҳнинг отаси Дилмурод Тоҳиров 9 ноябр куни Озодликка маълум қилди.

Аммо, Тоҳиров ўғлининг шу пайтгача қаерда ушлаб турилгани ҳақидаги тафсилотларга тўхталмади.

- Муҳими соғ-омон бағримизга қайтди. Қаерда бўлгани ҳақида қизиқмадим. Уни тақдири ҳақида қайғурган, бефарқ бўлмаган барчага раҳмат, - деди Дилмурод Тоҳиров.

Андижонлик деҳқон Абдуллоҳ Тоҳиров вилоят ички ишлар бошқармасининг юқори мартабали амалдори машинаси билан йўл ҳодисаси содир этгани ортидан милицияга олиб кетилган ва ўшандан бери оиласи унинг қаердалиги ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтиб келаётган эди.

Абдуллоҳнинг йўқолиши ижтимоий тармоқда ҳам шов-шувга сабаб бўлганди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Абдуллоҳ Тоҳиров ишига изоҳ беролмаслиги, бу масала билан "бошқа идора" шуғулланаётганини айтиш билан чекланганди.

Абуллоҳ Тоҳиров Жалақудуқ туманида деҳқончилик билан шуғулланган. У Россияда бир йил ишлаб шу йил май ойида қайтганди.

Туркия элчиси Нодира Қодированинг ўлими синчковлик билан тергов қилинаётганини айтди

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Эр Меҳмет Сурайя ўз мамлакати тегишли идоралари ўзбек фуқароси Нодира Қодированинг Анқарадаги ўлими билан боғлиқ холат бўйича ҳар томонлама ва синчковлик билан тергов ўтказаётгани, ушбу ишга доир барча ҳолатлар ўрганилаётганини айтган.

Элчи бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов билан учрашувда айтган.

​Туркия элчиси тергов объектив олиб борилиши, Ўзбекистон томони эса тезкор ва мунтазам тарзда терговнинг бориши ва натижалари тўғрисида хабардор қилинишини маълум қилган.

Туркиянинг адолат ва тараққиёт партияси депутати Ширин Уналнинг уйида 1 йилдан бери ишлаб келаётган 23 ёшли ўзбекистонлик Нодира Қодированинг жасади сентябр ойида топилган.

У ўз жонига қасд қилгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Нодира Қурбонованинг фожиали ўлими билан боғлиқ вазият ўз назоратида эканлигини маълум қилган.

Анқара Хавфсизлик мулозимлари ўзбекистонлик қиз "ўзини тўппонча билан отганини" айтишган.

Аммо унинг яқин дугонаси бундан олдин Нодира депутат Уналнинг тажовузига дуч келганини ва яшагиси келмай қолганини айтган эди, деб билдирган.

Айни пайтда ўзбек қизининг Туркиядаги ўлими "шубҳали" деб кўрилмоқда.



Ўзбек чегарачилари Тошкент аэропортида Шри-Ланка фуқароларини қалбаки паспорт билан қўлга олган

Ўзбекистон Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари мамлакат ҳудудига сохта паспорт билан кирмоқчи бўлган Шри-Ланка фуқароларини қўлга олган.

Улар Малайзия паспорти билан Ўзбекистонга киришга уринишган.

Бу ҳақда ДХХ Чегара қўшинлари хабар қилди.

Хабарда айтилишича, 8 ноябрь куни Тошкент халқаро аэропортида 6 нафар шахс тақдим этган Малайзия паспортлари текширилган ва қалбаки эканлиги маълум бўлган.

Ўтказилган суриштирув ишлари натижасида ушбу шахслар аслида Шри-Ланка фуқаролари эканлиги аниқланган.

Хабарда уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилгани айтилади, лекин айнан қандай чора кўрилгани маълум қилинмаган.

Бундан аввал Ўзбекистонга қалбаки паспорт билан киришга уринган эронликлар қўлга олинган эди.

Мирзиёев нон ишлаб чиқаришда харажатларини камайтиришга буйруқ берди

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда нон ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш бўйича топшириқ берди.

Президент топшириғи Ўзбекистонда 15 октябрдан бошлаб ун ва буғдой нархларининг эркинлаштирилиши ортидан кузатилмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги қарорига мувофиқ, дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмлари жорий этилган.

Шу билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир нафақа олувчига ойига 50 минг сўмдан компенсация тўланмоқда.

Видеоселектор йиғилишида Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ноннинг нархи нисбатан юқорилигича қолаётгани кўрсатиб ўтилган.

Президент мамлакатнинг барча ҳудудларида аҳолининг нонга бўлган кунлик эҳтиёжини тўлиқ таъминлаб бориш бўйича вазифалар юклади.

Приморьеда вафот этган икки ўзбекистонликнинг жасади ватанига юборилади

Приморье ўлкасидаги чегара устуни (иллюстратив сурат).

Шу йилнинг 5 ноябрь куни Россиянинг Приморье ўлкаси Чернигов туманида ўзбекистонлик Б.Р. ис газидан заҳарланиш оқибатида оламдан ўтган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.

Хабарномада автоҳалокатга учраган ўзбекистонлик И.Н. Приморье ўлкаси Арсеньев шаҳрининг марказий касалхонасида 30 октябрь куни ҳаётдан кўз юмгани ҳам қайд этилган.

ТИВ маълумотига кўра, иккала ватандош ҳам Приморьеда қонуний равишда яшаб, меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган.

Ҳозирда Бош консулхона “Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги Ваколатхонаси билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа масалаларни ҳал қилмоқда”, дейилади хабарномада.

Президент ҳокимларга икки кун ичида тадбиркорларга кафолат мурожаати билан чиқишни буюрди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти барча вилоят ва туманлар ҳокимларига икки кун ичида тадбиркорларга мурожаат билан чиқиш бўйича кўрсатма берди.

Бу кўрсатма президент Мирзиёев томонидан 7 ноябрь куни ўтказилган, жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида янгради.

Йиғилишда давлат раҳбари ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва ишлаётган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлаши лозимлигини таъкидлаб, жуда кўп раҳбарлар бунга бефарқлик ва масъулиятсизлик билан қараб келаётганини кескин танқид қилган.

Президент айтган мурожаатда тадбиркорлар олдида бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, ҳудуддаги барча раҳбарлар уларга яқиндан кўмакчи бўлиши, ҳар куни доимий равишда тадбиркорлар масалалари билан шуғулланиши тўғрисида ҳокимлар шахсан кафолат бериши кўзда тутилган.

Мурожаатномада ҳокимлар, секторлар ва мутасадди идоралар раҳбарларининг телефон рақамлари ҳам кўрсатилиши шарт қилиб қўйилди.

“Метрика” олиш тартиби жўнлаштирилди

Ўзбекистонда туғилишни қайд этиш гувоҳномасини олиш тартиби соддалаштирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага шу йил 6 ноябрида киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, эндиликда туғилишни қайд этиш муддати ўтказиб юборилганда 16 ёшгача бўлган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш учун ариза қуйидаги шахслар томонидан тақдим этилади:

- боланинг ота-онаси;
- ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири;
- ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс;
- ота-онанинг ўрнини босувчи шахс ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари.

Авваллари бундай ариза фақат боланинг ота-онаси томонидан тақдим этилиши мумкин эди.

Бундан ташқари, эндиликда далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин бўлади.

Россияда хитойликларни тўнаган ўзбекистонликлар қамалди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Челябинск вилояти Касли шаҳар суди хитойликларни тўнаган тўрт нафар ўзбекистонлик ва тожикистонликка нисбатан ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Челябинск вилоят прокуратурасига кўра, бу одамлар 2018 йил октябрида Касли туманида жойлашган иссиқхона мажмуалари ҳудудида хитойликларнинг икки коммунасини тўнаган.

Биринчи ҳолатда талончилар хитойликлардан тақрибан 2800 долларлик, иккинчисида эса 7700 долларлик мол-мулк ўмарган. Шунингдек, улар мажмуа ҳудудида турган “Нива” автомобилини ҳам ўғирлаб кетганлар.

Талончилик ва машина олиб қочганликда айбланган бу шахслар суд қарори билан узоқ муддатларга қамалганлар.

Сурхондарё вилоятида Бандихон тумани қайтадан тикланади

Бойсун тумани

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманини қайтадан тикланади.

21 ноябрга қадар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилаётган янги қарор лойиҳасига кўра, Бандихон тумани қайтадан тикланиши натижасида Қизириқ ва Бойсун туманлари чегаралари ўзгартирилиши мумкин.

Янги ҳужжатда таъкидланишича, Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани ҳудудидаги 18 та қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳамда Бойсун туманидаги иккита даҳа Бандихон тумани таркибига ўтказилади.

Cенатор Светлана Ортиқова Бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди

Светлана Ортиқова

Daryo.uz сайтининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Ўзбекистон сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова мамлакат бош прокурори ўринбосари этиб тайинланди.

Светлана Ортиқова 1962 йил 1 январда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган.

1987 йилда Тошкент давлат университети юридик факультетини тамомлаган.

Светлана Ортиқова кўп йиллар прокуратура тизимида фаолият юритган.

2014 йилда у Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб, айни йили парламент сайловини уюштиришга бош-қош бўлди.

2015 йилдан 2019 йилга қадар Сенатга раислик қилган Ниғматилла Йўлдошевга ўринбосарлик қилди.

Ниғматилла Йўлдошев 2019 йил июнида Ўзбекистон бош прокурори этиб тайинланган эди.

Мирзиёев МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашди

Президент Мирзиёев ва МДҲ давлатлари хавфсизлик хизматлари раҳбарлари

Президент Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг Тошкентдаги йиғилишида иштирок этадиган делегация бошлиқларини қабул қилди.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, учрашув пайтида Шавкат Мирзиёев мамлакатида МДҲ доирасида "замонавий таҳдид ва хатарларга қарши кураш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратилаётганини" айтган.

"Ташкилотга аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш, шу жумладан тезкор ахборот алмашиш ҳамда терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликни бартараф этиш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди," дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев ва МДҲга аъзо давлатлар махсус хизматларининг учрашуви Тошкентда хавфсизлик органлари кенгашининг навбатдаги 47-йиғилиши рамкасида бўлиб ўтди.

Учрашув пайтида "кибержиноятчиликка қарши курашда, интернет ва бошқа ахборот-коммуникация технологияларидан зўравонлик ва радикал қарашларни тарғиб қилиш мақсадида фойдаланишга чек қўйиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди," дея таъкидланади хабарда.

Журналист Давлатназар Рўзметов автоҳалокат қурбони бўлгани айтилмоқда

Давлатназар Рўзметов.

Ижтимоий тармоқларда хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов (Давлат Назар) автоҳалокатда вафот этганига оид маълумот тарқалди.

Журналистнинг жияни Фурқат Рўзметовнинг Фейсбукдаги ўз саҳифасида ёзишича, Давлатназар Рўзметов 6 ноябрь оқшомида автоҳалокат натижасида оламдан ўтган.

Хоразмлик журналист, "Жамият" ижтимоий-сиёсий газетаси​ мухбири Давлатназар Рўзметов матбуотда оғриқли муаммоларни кўтариб чиқиши билан танилганди. У ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга фаол фикр билдириши билан ҳам машҳур бўлган.

Фурқат Рўзметовга кўра, журналистнинг жанозаси у истиқомат қилган Қўшкўпир туманида 7 ноябрь куни соат 15.00 да ўқилади.

Экология расмийлари “бирни кессанг, ўнни эк” маталига амал қилишмоқчи

Иллюстратив сурат.

Тошкентда куз охиригача кесишга рухсат берилган 4955 туп соғлом дарахт ўрнига товон ўлароқ 55 минг туп чинор, эман ва шумтол экилади. Бу ҳақда шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юсупов чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, дея хабар қилади Газета.уз.

Мулозимга кўра, пойтахтни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишида иштирок этиш истагини билдирган ташкилотлар кўпайиб кетгани учун экиладиган кўчатлар сони 100 минг тупга ҳам етиши мумкин.

Юсупов 1 ноябрдан қимматбаҳо дарахт навларини кесишга мораторий эълон қилинганига тўхталар экан, Фанлар академияси мутахассислари қимматбаҳо дарахт навлари рўйхатини кенгайтирганини, ҳозир бу рўйхат тасдиқланиши кутилаётганини билдирди.

Пахта теримида мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ қонунбузарликлар кузатилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, бу жабҳада турли ҳудудларда қонунбузарликлар учраб турибди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарномасида қайд этилишича, бу каби қонунбузарлик Нукус шаҳар 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Хўжайли туманидаги 31-умумтаълим мактаб раҳбарлари томонидан содир этилган. Ишчи ва хизматчиларни пахта йиғим-терим ишларига мажбуран жалб этган бу раҳбарлар жаримага тортилган.

Қўл остидаги ходимларни пахта теримига мажбуран йўналтиргани учун жаримага тортилганлар орасида Жиззах вилояти Арнасой тумани АТБ “Халқ банки” бошқарувчиси, ҳудуд Тиббиёт бирлашмаси бош врачи, Сувоқава ДУК Арнасой тумани филиали бошлиқлари ҳам бор.

Вазирлик хабарномасида Қашқадарё, Андижон, Жиззах ва Тошкент вилоятларида теримчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиб бермаган, шунингдек, йўловчи ташувчи “Дамас” ҳайдовчиларини пахта далаларига теримчи ташишга мажбурлаган масъуллар ҳам жазолагани қайд этилади.

Damas ўрнига Ford: Тошкентда тез ёрдам машиналари алмаштирилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам хизматидаги Damas машиналари тўлалигича замонавий Ford машиналарига алмаштирилади. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов 6 ноябрь куни парламентда ўтган “Ҳукумат соати”да маълум қилган.

Вазир Содиқовга кўра, бугунги кунда умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзоланган. Шу пайтгача 9 та замонавий тез тиббий ёрдам автомашинаси олиб келинган бўлиб, йил охирига қадар жами 150 та ана шундай автомашина етказиб берилади.

“Тошкент шаҳрида ҳозирги “Дамас”лар ўрнига замонавий “Форд” машиналари хизмат кўрсатади. Тошкентдаги тез тиббий ёрдам тизимидан “Дамас”лар чиқариб ташланади. Кейинги босқичда вазирлигимиз томонидан бутун республика бўйича тез тиббий ёрдам техник ускуналарини қайта модернизация қилиш ишлари амалга оширилади”, дея иқтибос келтиради АКТ вазири сўзларидан Kun.uz нашри.

МДҲ бош чекистлари Тошкентда учрашади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги 47-йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати uza.uz сайти орқали маълумот тарқатди.

Йиғилишда, қайд этилганидек, халқаро террорчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқиш, МДҲ маконида миллатлараро ва конфессиялараро низолар келиб чиқишининг олдини олиш, транспорт коммуникациялари ва иқтисодиёт соҳасида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш доирасида Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Йиғилиш чоғида “МДҲ Аксилтеррор маркази раҳбари ҳамкорликдаги аксилтеррор ўқув машғулотлари якуни бўйича ҳисобот тақдим этади ва Марказнинг 2020 йилга мўлжалланган иш режасини маълум қилади”, дейилади ДХХ хабарномасида.

Тошкентда қизалоғини ўлдириб, мурдасини ёқиб юборган эр-хотин қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда фарзандини дўппослаб, қасддан ўлдириб, мурдасини ёқиб юборган эр-хотин ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратураси ўз Телеграм-канали орқали маълум қилади.

Прокуратура маълумотига кўра, 4 ноябрь куни А.В. исмли аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, 5 ёшли қизи Д.К.ни Бектемир туманида жойлашган “Compass” савдо мажмуасида йўқотиб қўйганлиги ҳақида маълум қилган. Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда Ички ишлар бош бошқармаси томонидан тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, қизчани қидиришга киришилган.

Айни пайтда А.В. ҳамда унинг шаръий никоҳдаги эри М.Ф.нинг кўрсатмалари терговчиларда шубҳа уйғотган.

Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида аниқланишича, 25 октябрь кечаси соат 3:00 лар атрофида эр-хотин Сергели туманида ижарада яшаб келган хонадонда спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, фарзандини дўппослаб, қасддан ўлдирганлар. Сўнгра улар содир этган жиноятларини яшириш ва жазодан қутулиш мақсадида мурдани йўқотиш пайига тушганлар. Тонг отгач, мурдани сумкага жойлаб, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ижарага олинган дала-ҳовлига олиб боришган. Мурда ўчоқда ёқилиб, сўнг ёнмай қолган қолдиқлари қопга солиниб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборилган.

Шундан сўнг эр-хотин ҳуқуқ-тартибот идораларини чалғитиш ва асл ҳолатни яшириш мақсадида фарзандининг бедарак йўқолиб қолганини айта бошлаган.

Воқеа жойини кўздан кечириш давомида Д.К.нинг мурда суяклари топилиб, ашёвий далил тариқасида олинган.

Ҳозирда қасддан одам ўлдиришда гумонланаётган А.В. ва М.Ф. қўлга олинган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара шартномаси имзолаш учун ҳозир қилиб қўйилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги давлат чегараси делимитацияси ва демаркациясига оид шартнома лойиҳаси ўзаро келишилиб, имзолаш учун тайёр қилиб қўйилди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

“Бугунги кунга келиб Тожикистон билан Ўзбекистон чегараси тўғрисидаги келишилган шартнома лойиҳаси имзолаш учун тайёр, шартномага икки давлат чегараларининг ўтиш чизиқлари аниқ кўрсатилган хариталар илова қилинади. Бундан ташқари, чегара устунлари қўйиладиган жойлар ҳақида ҳам келишиб олинган”, деган агентлик манбаси.

Шартнома чегара масалалари бўйича икки мамлакат ҳукуматлараро комиссиясининг шу йил охиригача бўлиб ўтиши бўлган мажлиси якунига кўра Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари томонидан имзоланиши керак эди. Бироқ, манбага кўра, Ўзбекистонда парламент сайлови ўтказилаётгани туфайли мазкур мажлис кечиктирилиши ва 2020 йилнинг январь-февраль ойларига кўчирилиши мумкин.

Шимолий Осетияда 7 яшар қизалоққа тажовуз қилган ўзбекистонлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Россия Федерацияси таркибига кирувчи Шимолий Осетияда 7 яшар қизчанинг номусига тажовуз қилган ўзбекистонлик йигит ушланди. Regnum ахборот агентлиги минтақа Тергов қўмитаси матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда ҳодиса 28 октябрь куни содир бўлгани ҳақида хабар қилган.

Қайд этилишича, тажовузкор тонг чоғи қизалоқнинг ортидан кўп қаватли уй йўлагига кириб, унинг ҳимоясизлигидан фойдаланган ҳолда номусига теккан ва ғойиб бўлган.

Ҳозирда педофил қўлга олинган, унга нисбатан вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик моддаси бўйича жиноят иши очилган. Тергов ҳаракатлари давом этаяпти.

Freedom House Ўзбекистонни яна интернет “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторида қолдирди

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Freedom House ташкилотининг Интернет эркинлиги бўйича эълон қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистон 58-ўринни эгаллади. 26 балл йиққан Ўзбекистон рейтингда Покистон ва Миср каби мамлакатлар билан ёнма-ён турибди.

Тадқиқот методологиясига кўра, 0 дан 39 гача балл йиққанлар интернет эркин бўлмаган мамлакатлар қаторига, 40 дан 69 гача балл йиққанлар интернет қисман эркин бўлган мамлакатлар қаторига, 70 дан 100 гача балл йиққанлар эса интернет эркин бўлган мамлакатлар қаторига киритилган.

Рейтингни тузишда интернетга киришга расмийлар томонидан тўсиқ қўйилиши, цензуранинг мавжудлиги ва фойдаланувчилар ҳуқуқларининг бузилиши каби омилларга эътибор қаратилган.

Ўзбекистонда узоқ йиллар мобайнида сўз эркинлиги билан боғлиқ муаммолар кузатилган, расмийларга ёқмаган сайтларга тўсиқ қўйилганди. Жорий йил майида Ўзбекистонда мустақил нашрларнинг айримларига қўйилган тўсиқлар олиб ташланган бўлса-да, расмийлар сайтларни блокировка қилиш амалиётидан тўла воз кечгани йўқ.

Вазир ўринбосари Иқтисодиёт университетига ректор этиб тайинланди

Конгратбой Шарипов

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Конгратбой Шарипов Тошкент Иқтисодиёт университетига ректор этиб тайинланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Конгратбой Шарипов бироз аввалроқ университет ректорлигидан бўшатилган Баҳодир Ходиев ўрнини эгаллади.

Конгратбой Шарипов 2009-2010 ва 2017-2019 йилларда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори сифатида, 2010-2017 йилларда шу университетда молиявий ва иқтисодий ишлар бўйича биринчи проректор лавозимида ишлаган.

У олти ой муқаддам Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

Ўзбекистонда интернет хизматлари нархи йил охиригача 20 фоизга қадар арзонлашиши кутилмоқда

Google рамзи

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошевнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2019 йил охиригача интернет хизматлари нархи 15-20 фоизга арзонлашиши кутилмоқда.

4 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирган Қаҳрамон Йўлдошвга кўра, охирги тўққиз ой ичида оператор ва провайдерлар учун интернет тармоғига уланиш хизматлари нархи 29 фоизга арзонлашди.

Унинг маълум қилишича, 2018 йилда йирки лойиҳани амалга оширган "Ўзбектелеком" халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлик қобилиятини 10 баробар кенгайтирган.

Ҳозир ўтказувчанлик қобилияти Ўзбекистонда 1,2 гигабит тезликка тенг.

"Агар 2019 йилнинг 9 ойида 29 фоиз арзонлашган бўлса, йил якунигача интернет хизматлари нархи 15-20 фоизга арзонлашиши кутилмоқда", дея деди Қаҳрамон Йўлдошев.

"Тармоқ шунақа жадал суръатлар билан ривожланяптики, яқин бир неча йил ичида халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш лойиҳасининг кейинги босқичини давом эттирмасак, талабни қондира олмай қолишимиз эҳтимоли ҳам бор. Шунинг олдини олиш учун ҳозирги кунда яна иккинчи босқичдаги техник лойиҳа устида иш олиб борилмоқда", дея қўшимча қилди Қаҳрамон Йўлдошев.

Аммо унинг қайд этишича, ҳозир Ўзбекистонда мобиль алоқа хизмати етиб бормаган 478та аҳоли пункти мавжуд.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG