Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 02:34

Ўзбекистон

МДҲ бош чекистлари Тошкентда учрашади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги 47-йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати uza.uz сайти орқали маълумот тарқатди.

Йиғилишда, қайд этилганидек, халқаро террорчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқиш, МДҲ маконида миллатлараро ва конфессиялараро низолар келиб чиқишининг олдини олиш, транспорт коммуникациялари ва иқтисодиёт соҳасида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш доирасида Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Йиғилиш чоғида “МДҲ Аксилтеррор маркази раҳбари ҳамкорликдаги аксилтеррор ўқув машғулотлари якуни бўйича ҳисобот тақдим этади ва Марказнинг 2020 йилга мўлжалланган иш режасини маълум қилади”, дейилади ДХХ хабарномасида.

Тошкентда қизалоғини ўлдириб, мурдасини ёқиб юборган эр-хотин қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда фарзандини дўппослаб, қасддан ўлдириб, мурдасини ёқиб юборган эр-хотин ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратураси ўз Телеграм-канали орқали маълум қилади.

Прокуратура маълумотига кўра, 4 ноябрь куни А.В. исмли аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, 5 ёшли қизи Д.К.ни Бектемир туманида жойлашган “Compass” савдо мажмуасида йўқотиб қўйганлиги ҳақида маълум қилган. Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда Ички ишлар бош бошқармаси томонидан тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, қизчани қидиришга киришилган.

Айни пайтда А.В. ҳамда унинг шаръий никоҳдаги эри М.Ф.нинг кўрсатмалари терговчиларда шубҳа уйғотган.

Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида аниқланишича, 25 октябрь кечаси соат 3:00 лар атрофида эр-хотин Сергели туманида ижарада яшаб келган хонадонда спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, фарзандини дўппослаб, қасддан ўлдирганлар. Сўнгра улар содир этган жиноятларини яшириш ва жазодан қутулиш мақсадида мурдани йўқотиш пайига тушганлар. Тонг отгач, мурдани сумкага жойлаб, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ижарага олинган дала-ҳовлига олиб боришган. Мурда ўчоқда ёқилиб, сўнг ёнмай қолган қолдиқлари қопга солиниб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборилган.

Шундан сўнг эр-хотин ҳуқуқ-тартибот идораларини чалғитиш ва асл ҳолатни яшириш мақсадида фарзандининг бедарак йўқолиб қолганини айта бошлаган.

Воқеа жойини кўздан кечириш давомида Д.К.нинг мурда суяклари топилиб, ашёвий далил тариқасида олинган.

Ҳозирда қасддан одам ўлдиришда гумонланаётган А.В. ва М.Ф. қўлга олинган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара шартномаси имзолаш учун ҳозир қилиб қўйилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги давлат чегараси делимитацияси ва демаркациясига оид шартнома лойиҳаси ўзаро келишилиб, имзолаш учун тайёр қилиб қўйилди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

“Бугунги кунга келиб Тожикистон билан Ўзбекистон чегараси тўғрисидаги келишилган шартнома лойиҳаси имзолаш учун тайёр, шартномага икки давлат чегараларининг ўтиш чизиқлари аниқ кўрсатилган хариталар илова қилинади. Бундан ташқари, чегара устунлари қўйиладиган жойлар ҳақида ҳам келишиб олинган”, деган агентлик манбаси.

Шартнома чегара масалалари бўйича икки мамлакат ҳукуматлараро комиссиясининг шу йил охиригача бўлиб ўтиши бўлган мажлиси якунига кўра Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари томонидан имзоланиши керак эди. Бироқ, манбага кўра, Ўзбекистонда парламент сайлови ўтказилаётгани туфайли мазкур мажлис кечиктирилиши ва 2020 йилнинг январь-февраль ойларига кўчирилиши мумкин.

Шимолий Осетияда 7 яшар қизалоққа тажовуз қилган ўзбекистонлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Россия Федерацияси таркибига кирувчи Шимолий Осетияда 7 яшар қизчанинг номусига тажовуз қилган ўзбекистонлик йигит ушланди. Regnum ахборот агентлиги минтақа Тергов қўмитаси матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда ҳодиса 28 октябрь куни содир бўлгани ҳақида хабар қилган.

Қайд этилишича, тажовузкор тонг чоғи қизалоқнинг ортидан кўп қаватли уй йўлагига кириб, унинг ҳимоясизлигидан фойдаланган ҳолда номусига теккан ва ғойиб бўлган.

Ҳозирда педофил қўлга олинган, унга нисбатан вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик моддаси бўйича жиноят иши очилган. Тергов ҳаракатлари давом этаяпти.

Freedom House Ўзбекистонни яна интернет “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторида қолдирди

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Freedom House ташкилотининг Интернет эркинлиги бўйича эълон қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистон 58-ўринни эгаллади. 26 балл йиққан Ўзбекистон рейтингда Покистон ва Миср каби мамлакатлар билан ёнма-ён турибди.

Тадқиқот методологиясига кўра, 0 дан 39 гача балл йиққанлар интернет эркин бўлмаган мамлакатлар қаторига, 40 дан 69 гача балл йиққанлар интернет қисман эркин бўлган мамлакатлар қаторига, 70 дан 100 гача балл йиққанлар эса интернет эркин бўлган мамлакатлар қаторига киритилган.

Рейтингни тузишда интернетга киришга расмийлар томонидан тўсиқ қўйилиши, цензуранинг мавжудлиги ва фойдаланувчилар ҳуқуқларининг бузилиши каби омилларга эътибор қаратилган.

Ўзбекистонда узоқ йиллар мобайнида сўз эркинлиги билан боғлиқ муаммолар кузатилган, расмийларга ёқмаган сайтларга тўсиқ қўйилганди. Жорий йил майида Ўзбекистонда мустақил нашрларнинг айримларига қўйилган тўсиқлар олиб ташланган бўлса-да, расмийлар сайтларни блокировка қилиш амалиётидан тўла воз кечгани йўқ.

Вазир ўринбосари Иқтисодиёт университетига ректор этиб тайинланди

Конгратбой Шарипов

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Конгратбой Шарипов Тошкент Иқтисодиёт университетига ректор этиб тайинланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Конгратбой Шарипов бироз аввалроқ университет ректорлигидан бўшатилган Баҳодир Ходиев ўрнини эгаллади.

Конгратбой Шарипов 2009-2010 ва 2017-2019 йилларда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори сифатида, 2010-2017 йилларда шу университетда молиявий ва иқтисодий ишлар бўйича биринчи проректор лавозимида ишлаган.

У олти ой муқаддам Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

Ўзбекистонда интернет хизматлари нархи йил охиригача 20 фоизга қадар арзонлашиши кутилмоқда

Google рамзи

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошевнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2019 йил охиригача интернет хизматлари нархи 15-20 фоизга арзонлашиши кутилмоқда.

4 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирган Қаҳрамон Йўлдошвга кўра, охирги тўққиз ой ичида оператор ва провайдерлар учун интернет тармоғига уланиш хизматлари нархи 29 фоизга арзонлашди.

Унинг маълум қилишича, 2018 йилда йирки лойиҳани амалга оширган "Ўзбектелеком" халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлик қобилиятини 10 баробар кенгайтирган.

Ҳозир ўтказувчанлик қобилияти Ўзбекистонда 1,2 гигабит тезликка тенг.

"Агар 2019 йилнинг 9 ойида 29 фоиз арзонлашган бўлса, йил якунигача интернет хизматлари нархи 15-20 фоизга арзонлашиши кутилмоқда", дея деди Қаҳрамон Йўлдошев.

"Тармоқ шунақа жадал суръатлар билан ривожланяптики, яқин бир неча йил ичида халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш лойиҳасининг кейинги босқичини давом эттирмасак, талабни қондира олмай қолишимиз эҳтимоли ҳам бор. Шунинг олдини олиш учун ҳозирги кунда яна иккинчи босқичдаги техник лойиҳа устида иш олиб борилмоқда", дея қўшимча қилди Қаҳрамон Йўлдошев.

Аммо унинг қайд этишича, ҳозир Ўзбекистонда мобиль алоқа хизмати етиб бормаган 478та аҳоли пункти мавжуд.

Ҳужжатлар ижроси мониторинги билан Адлия вазирлиги шуғулланади

Ўзбекистонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тизими жорий этилади. Бу ҳақдаги президент қарорида қайд этилишича, мониторингни амалга ошириш вазифаси Адлия вазирлиги юклатилган.

Қарорда мазкур чора “норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш, нотўғри ёки зиддиятли ҳуқуқни қўллаш амалиётига олиб келадиган нормалар пайдо бўлишининг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида” амалга оширилаётгани урғуланган.

Ҳуқуқий мониторингнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ягона амалиётини жорий этиш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш мақсадларига мувофиқлигини ўрганиш;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлигини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, коррупцияга оид омиллар, бир-бирини такрорловчи ва коллизион нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ягона тушунча ва атамалар тизимини яратиш.

“Буханка” нон нархи яна кўтарилди

Иллюстратив сурат.

Сўнгги уч ҳафта мобайнида Ўзбекистонда “буханка” нон нархи икки марта ошди.

Кун.уз нашри шу кунда кўплаб жойларда “буханка” нархи 100-200 сўмга ошгани, баъзи дўконларда 1600 минг сўмдан, бозорларда эса 1700 сўмдан сотилаётганини ёзади.

Ўзбекистонда 15 октябрдан “буханка” нархи кўтарилиб, 1300-1500 сўмдан сотила бошлагани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди. Бунгача мазкур нон 1100 сўмдан сотилган.

2018 йил сентябригача эса бу нон 600-650 сўмдан сотилган эди.

Туркияда оғир жароҳат туфайли оламдан ўтган муҳожирнинг жасади Ўзбекистонга юборилди

Истанбул (иллюстратив сурат).

Иш жойида олган оғир жароҳати туфайли 31 октябрь куни Истанбулдаги Чўрлу давлат касалхонасига жойлаштирилган ва ўша жойда жон берган ўзбекистонлик З.В.нинг жасади Ўзбекистонга жўнатилган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Бош консулхона вазиятни назоратга олгани, марҳум ишлаган Yıldız Taşlama фабрикасида авария ва хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик бўйича тергов давом этаётганини билдирган.

Россия¸ Қозоғистон¸ Жанубий Корея каби Туркия ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари энг кўп бораëтган мамлакатлардан бирига айланган. Ҳозиргача Туркияда қанча ўзбекистонлик муҳожир борлигига оид аниқ маълумот йўқ.

Визасиз уч ойгача қолиш мумкин бўлган Туркияда ўзбек меҳнат муҳожирлари сонининг юз мингларча экани тахмин қилинади.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида авиақатновлар сони ошади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон билан Хитой мулозимлари ўзаро авиақатновларни ҳафтасига 15 тагача оширишга келишиб олдилар. Бу борадаги музокаралар, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, Пекинга сафар қилган вазирлик делегацияси ҳамда Хитой фуқаро авиацияси бош бошқармаси мулозимлари ўртасида ўтган ҳафта ўтказилган.

Музокаралар якунига кўра, эндиликда авиақатновлар амалга оширилаётган Пекин, Урумчи, Шанхай, Гуанчжоу, Тяньзинь шаҳарларига Хитойнинг Сиань, Санья, Иу ва Чэнду шаҳарларини қўшиш, авиаширкатлар қатновларини Пекин шаҳридаги янги “Дасин” халқаро аэропортига ўтказиш бўйича ташкилий-техник масалаларни ишлаб чиқишни бошлаш юзасидан келишувга эришилган.

ЎзА президент қизи туғилган кунни кун воқеаси сифатида ëритди

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги президент Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич қизи Саида Миризëева туғилган кунни 4 ноябрь кунги асосий сана сифатида ëритди.

Агентликнинг 4 ноябрь кунги “Бугун туғилган кун” рукнида ëзилган матн “Ўзбекистон республикаси президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиëева бугун ўз туғилган кунини нишонламоқда”¸ деб бошланади.


Кун давомида миллий агентликнинг рус тилидаги саҳифаси тепасида турган бу матнда Саида Мирзиëва таржимаи ҳоли ëзилган.

Расмий биографиясидан Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатияси ва Юридик университетда ўқигани қайд этилган Мирзиëеванинг¸ отаси президентликка келгунга қадар бирор давлат тизимида ишлагани¸ хусусан¸ раҳбарлик лавозимида ишлаб тажриба орттирганига оид маълумот йўқ.

2019 йил январида Шавкат Мирзиëев тўнғич қизини Президент администрацияси ҳузурида янги ташкил этилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари ўринбосари этиб тайинланди.

Бу агентликка мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари устидан назорат ўрнатишга қаратилган кенг ваколатлар берилди.

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов ҳам ўз қизларига хориждаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарини бошқариш ваколати ва дипломатик дахлсизлик мақомини берган эди.

Айни пайтда¸ Каримов президентлиги даврида унинг қизларининг туғилган куни давлат матбуоти¸ хусусан¸ ЎзАда эътиборга лойиқ воқеа сифатида ëритилган эмас.

Москвадан Душанбега парвоз қилаётган учоқ мажбуран Тошкентга қўнди

Иллюстратив сурат.

“Уральские авиалинии” авиаширкатининг Москва-Душанбе йўналиши бўйлаб парвоз қилган А320 учоғи 4 ноябрь тонгида Тошкентга қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда РИА Новости ахборот агентлиги Тошкент вакили маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Учоқнинг Тошкентга мажбурий қўнишига Душанбе аэропорти узра момақалдироқ бўлаётгани сабаб қилиб келтирилмоқда.

А320 лайнери Тожикистон пойтахтига эрталабки соат 4.00 да етиб бориши керак эди, бироқ об-ҳаво шароити бунга монеълик қилган.

Айни пайтда учоқ парвоз учун изн кутаётгани айтилмоқда.

Қуйичирчиқда ўзбек ва ҳинд ҳарбийларининг қўшма машқлари бўлиб ўтмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ўзининг ҳиндистонлик ҳамкасби Ражнатҳ Сингҳ билан биргаликда “Дўстлик-2019” деб номланган Ўзбекистон-Ҳиндистон илк ҳарбий машқларини очиб берди.

The Hindu нашри хабарига кўра, бу Ҳиндистон мудофаа вазирининг сўнгги 15 йил ичида Ўзбекистонга илк ташрифидир.

4-13 ноябрь кунлари Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида бўлиб ўтадиган машқлар аксилтеррор характерига эга бўлиши айтилмоқда.

Сингҳнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки давлат ўртасида учта англашув меморандуми имзоланган. Улардан биттаси ҳарбий тиббиёт, қолган иккитаси эса олий ҳарбий таълимга оиддир.

Қозоғистондаги автоҳалокатда ўзбекистонлик нобуд бўлди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг Манғистау вилояти ҳудудидаги Тажен-Бейнеу автомобил трассасида содир бўлган автоҳалокат оқибатида ўзбекистонлик Ш.Х. оламдан ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Ақтаудаги бош консулхона маълумотига таянган ҳолда билдиришича, ҳодиса 2 ноябрь куни соат 17:20 да юз берган.

Автоҳалокатга учраган автомобиль ҳайдовчиси Ж.Ж. ва машина ичидаги бошқа 5 нафар ўзбекистонликнинг ҳаёти хавф остида эмас.

Автоҳалокат сабаблари очиқланмаган, бироқ маҳаллий полиция департаменти 2 ноябрь куни ҳодиса содир бўлган ҳудудда қор ёққанини маълум қилган.

Йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тергов иши Бейнеу тумани Ишки ишлар бўлинмаси томонидан юритилаётганини билдирган ТИВ вазият Ақтаудаги бош консулхона назорати остида эканини қўшимча қилади.

Ўзбекистон электротехника экспорти ҳажмини оширмоқчи

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари ва маиший электромаҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини, экспорт ҳажмини ҳамда электротехника саноатида мис хом ашёсини қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ниятида.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, бу ишни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ҳукуматнинг “2019 – 2022 йилларда электротехника саноатини жадал ривожлантириш дастури”да кўзда тутилган.

Қарор билан электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни 2,7 бараварга, экспортини 4,3 бараварга ва мисни қайта ишлашни 5 бараварга кўпайтиришни кўзда тутувчи мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланган.

Хитойга анор экспорт қилиш учун йўл очилди

Ўзбекистон Хитойга анор мевасини экспорт қилиш имкониятига эга бўлди. Бунга оид келишув Хитой Халқ Республикаси давлат кенгаши бош вазири Ли Кецяннинг жорий йил 1—2 ноябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида имзоланган.

Маҳаллий нашрларнинг “Ўздавкарантин” инспекцияси ахборот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, Ли Кецяннинг ташрифи давомида меваларни автотранспортларда учинчи мамлакат ҳудудидан транзит орқали Хитойга экспорт қилиш имконияти ҳам яратилган ва буни амалга ошириш бўйича талаблар белгиланган.

Талабларни бажариш орқали бундан буён тадбиркорлар Хитойга экспорт қилинишига рухсат этилган меваларни Қозоғистон орқали Харгос ва Алашанкоу ҳамда Қирғизистон орқали Иркештам ва Тургарт чегара ўтказиш пунктларидан Хитойга автотранспортларда олиб ўтиши мумкин бўлади.

Ҳозирда Хитойга гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, қобиқсиз ёнғоқ, ширин ва аччиқ бодом, узум данаклари, кунжут, майиз, ўрик қоқиси экспортига рухсат олишга эришилган бўлиб, бунга қўшимча равишда эндиликда узум, лимон, хурмо, олма, анжир, олхўри, шафтоли, тарвуз, пиёз, ловия, ерёнғоқ, қуритилган аччиқ қалампир, олхўри, қовун экспортига рухсат олиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

Ўзбекистонга АҚШдан диний эркинликлар бўйича экспертлар делегацияси келади

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистонга АҚШдан диний эркинликлар бўйича халқаро экспертлар ва турли дин вакилларидан иборат делегация келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Ташриф доирасида АҚШ, Британия, Швеция, Украина, Қозоғистон, Покистон, Камбожа ва Ироқдан келган 40 зиёд теолог олим, ҳуқуқ ва дин соҳаси мутахассислари, конфессия раҳбарлари ва фаол аёллар иштирокида семинарлар, давра суҳбатлари ва экспертларнинг учрашувларини ўтказиш режаланган.

Учрашувларда АҚШ томонини Глобал жалб қилиш институти раҳбари Крис Сайпл, диний эркинликлар соҳасида махсус топшириқлар бўйича собиқ элчи Дэвид Саперштейн, Шимолий Америкадаги мусулмон жамоатининг таниқли пешволаридан имом Муҳаммад Мажид, Қўшма Штатлар диний ва ижтимоий-сиёсий доираларида машҳур бўлган пастор Боб Робертс ва бошқалар тамсил этади.

Режага мувофиқ, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳақ-ҳуқуқ ва диний эркинликлар устуворлиги масалалари бўйича семинар ўтказилади. Семинар дастуридан дин, қонунлар, давлат бошқаруви ва хавфсизлик чораларининг ўзаро муносабати шарҳига оид муҳим масалалар ўрин олган.

АҚШ Ўзбекистонни узоқ йиллар мобайнида диний тоқатлилик бўйича энг ёмон кўрсаткичга эга мамлакатлар рўйхатига киритиб келган. Аммо ўтган йили Ўзбекистон сўнгги 13 йил ичида илк бор диний эркинликлар ўта чекланган мамлакатлар сирасига киритилмаган.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда яна диний эркинликлар чекланиши мумкинлигига оид хавотирлар янграй бошлади. Бу хавотирлар манбаи ўлароқ президент Шавкат Мирзиëевнинг мамлакатдаги диний вазиятни соғломлаштиришга оид 2019 йил 4 сентябрь кунги махфий қарори кўрсатилмоқда.

Божхона тартибини бузганлик учун жарима 50 бараваргача оширилади

Навоий халқаро аэропорти божхона омборхонаси (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда Божхона фаолиятини такомиллаштириш доирасида тартибни бузганлар учун "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"га жазони кучайтиришга қаратилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Адлия вазирлиги "Ҳуқуқий ахборот" Telegram каналининг хабар қилишича, президент 2019 йилнинг 31 октябрида шу ҳақдаги қонунни имзолаган.

Қонунга мувофиқ, божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, муайян божхона режимига жойлаштирилган товарлар ва транспорт воситаларини ушбу божхона режими талабларига мувофиқ бўлмаган тарзда тасарруф этганлик учун, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

Шунингдек, божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситаларини тасарруф этганлик учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

Қонун расман эълон қилинганидан 3 ой ўтиб, кучга киради.

Тошкентда таксиларни ягона рангга бўяш талабидан воз кечилиши мумкин

Тошкентда йўналишсиз такси учун белгиланган ранг бекор қилиниши кутиляпти.

Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг 1 ноябр куни ўтказилган матбуот анжуманида айтишича, бу ўзгариш йўналишсиз такси фаолияти учун қўйиладиган талабларни соддалаштириш йўлида қилинаётган ишлардан бири бўлади.

Жўраевга кўра, 2019 йил 1 июл ҳолатига 6837 та лицензияланган транспорт воситаси қайд этилган бўлса, 3 ой ичида бу кўрсаткич 8 363 тага етган, ўсиш 122 фоизни ташкил этган ёки 1526 тага ортган.

Ҳозирда Тошкентда юридик шахсларга тегишли бўлган 8788 та транспорт воситалари тегишли рухсатномалар асосида йўловчи ташиш билан шуғулланмоқда.

Ташувчиларнинг ноқонуний фаолият кўрсатишнинг асосий сабаблардан бири – бу ҳанузгача лицензия талабларининг юқорилиги.

Шу талаблардан бири бўйича Тошкентдаги лицензияланган такси эгалари ўз уловларини фил суяги рангига бўяши керак.

Ўзбекистонда келаси йилдан фойда солиғи 15 фоизга кўтарилиши кутиляпти

Ўзбекистонда келаси йилдан фойда солиғи ставкаси оширилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда "Фуқаролар учун бюджет 2020" лойиҳасида айтилган.

Ҳозирги кунда ставка 12 фоизни ташкил этади, келаси йилдан эса уни 15 фоизгача кўтариш мўлжалланмоқда.

Айни вақтда дивидендлар тариқасида тўланадиган даромадлар солиғи ставкаси 5 фоиз даражасида сақлаб қолинади.

Тижорат банклари учун солиқ ставкалари ҳамда цемент (клинкер) ва полиэтилен гранулалар ишлаб чиқаришни амалга оширувчи, шунингдек, асосий фаолият тури мобил алоқа хизматлари кўрсатишдан иборат бўлган юридик шахслар учун солиқ ставкалари 20 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.​

Ўзбекистонда фойда солиғи ставкаси 35, 24, 15, 5 ва 14 фоизни ташкил этган.

Ҳозирги 12 фоизли ставка эса собиқ Иттифоқ ҳудудида энг пастлардан бири ҳисобланади.

Беларусда фойда солиғи ставкаси 18 фоизни ташкил этади. Қозоғистонда - 20 фоиз, Россияда - 20 фоиз, Тожикистонда - 23 фоиз, Қирғизистонда - 10 фоиз, Грузияда - 15 фоиз.

Давлат бюджети-2020 ҳаражатлар қисмининг баъзи параметрлари очиқланди

2020 йили давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимига йўналтириладиган харажатлар жорий йилдагига нисбатан 18 фоизга, таълим соҳасига – 10 фоизга ва илм-фан ривожига – 47 фоизга кўпаяди.

Бу маълумотлар президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишлаб ўтказган йиғилишда очиқлангани ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Аҳолини дори воситалари билан таъминлаш учун 1,3 баробар, болалар спорти дастури учун 3 баробар, геология-қидирув ишлари дастурига 4 баробар кўп маблағ ажратиш мўлжаллангани хабар қилинди..

Хабарда давлат бюджети ҳаражатлар қисмининг бошқа параметрлари бўйича, масалан, ДХХ, ИИВ, Қуролли Кучларни молиялаштиришга оид режалаштирилаётган ҳаражатлар ҳақида маълумот берилмаган.

Меҳнат вазирлиги: 389 минг аёл чет давлатларда ишламоқда

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни, хотин-қизлар ўртасидаги ишсизлик 13 фоизни ташкил этди. Яъни, ишсизларнинг 53 фоизи аёлларга тўғри келади.

Бу маълумотни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлим бошлиғи Фазлиддин Мамарасулов Самарқандда ўтказилган "XXI аср ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда Марказий Осиё хотин-қизлари роли" халқаро форумида очиқлагани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Вазирлик вакилининг айтишича, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет давлатларга чиқиб кетган 2 миллион 594 минг фуқаронинг 15 фоизга яқини (389 минг нафар) аёллардир. Бу эса ҳануз Ўзбекистонда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар етарли бўлмаётганидан далолат беради, – деган Меҳнат вазирлиги вакили.

Етим болани калтаклаганлар жазоланди (ВИДЕО)

Ётим болани калтаклаганлар жазоланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:55 0:00

31 октябрь куни Самарқанд шаҳар маъмурий судининг очиқ суд мажлисида шаҳарнинг Ҳазора маҳалласида етим бола У .Ҳ.ни калтаклаган Ҳ.И. ва И.З.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди. Суд мажлисида ҳуқуқбузар Ҳ.И. ўз айбини тан олиб, содир қилган қилмишидан пушаймонлигини, қонуний енгиллик беришларини сўради.

Бу ҳақда zarnews,uz хабар қилди.

Суд қарорига кўра, Ҳ.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 195 ва 194-моддаси («Майда безорилик», «Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш» ҳамда «Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ҳуқуқбузар И.З.га нисбатан эса 11 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги Ҳазора маҳалласида етим бола калтакланаётгани акс этган видео тарқалган эди.

Нобиометрик паспортларни биометрикка алмаштириш учун белгиланган муддат тугашига 2 ой қолди

Ўзбекистон Республикасининг эски намунадаги паспортларини янги биометрик паспортга алмаштириш учун белгиланган муддат якунланишига 2 ой, атиги 60 кун қолди. Шу муносабат билан ЎзР ИИВ МваФРББ эски намунадаги (нобиометрик) паспортларини алмаштиришга улгурмаган фуқароларга эслатди, деб хабар қилди kun.uz.

Таъкидланишича, эски намунадаги (нобиометрик) паспортларини биометрик паспортларга алмаштиришга улгурмаган ёки ўз муддатида алмаштирмаган фуқароларга ЎзР Маъмурий жавобгарлик кодексига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч баравари миқдоригача жарима солишга сабаб бўлади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG