Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 00:16

Халқаро янгиликлар

Қирғизистонда мухолифатчи депутат Темир Сариев устидан мамлакатдан 100 минг АҚШ долларини декларация қилмасдан олиб чиқиш кетишга уриниш айби билан жиноят иши қўзғатилди.

Т.Сариев ва унинг “Ислоҳотлар учун” ҳаракатидаги тарафдорлари бу жиноят иши қўзғатилиши ортида сиёсий сабаблар турганини таъкидлаётир. 9 январь куни Т.Сариев декларацияда кўрсатилмай 100 минг долларни олиб чиқиб кетаётганликда айбланиб Истанбулга учиб кетиши арафасида Бишкек аэропортида ҳибсга олинган эди.

Қозоғистон парламенти депутатлари президент Нурсултон Назарбоев томонидан бош вазир лавозимига таклиф қилинган Карим Масимов номзодини маъқуллади.

Парламент юқори палатасининг 37 депутати ва қуйи палатасининг 66 депутати К.Масимов номзодини қўллаб-қувватланди. К.Масимовнинг миллати уйғур бўлиб, президент маслаҳатчиси, бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган. Мамлакатнинг аввалги бош вазири Дониёл Аҳмедов 8 январь куни истеъфога чиққан, аммо бунинг сабаблари маълум қилинмаган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари 8 январь куни икки давлатнинг чегараолди ҳудудларида рўй берган зизила оқибатлари ҳақида эълон қилди.

Қирғизистон расмийларининг билдиришича, кучи Рихтер ўлчови бўйича олти баллни ташкил этган мазкур ер силкиниши оқибатида Боткен вилоятида 965 хонадон ва бир неча маъмурий бинога зарар етган. Тожикистон расмийлари эса, асосан, Исфара туманидаги хонадонларга зарар етгани, қўшни туманларда эса элликка яқин уй-жой жиддий зарар кўрганини маълум қилди. 9 январь куни Хитойда ҳам ер силкиниши кузатилгани хабар қилинди. Маълумотларга кўра, ер силкиниши кучи тўрт баллни ташкил қилган. Хитойнинг “Синхуа” ахборот агентлиги хабарида айтилишича, зилзила оқибатида икки мингга яқин уй-жойга зарар етган. Тинч аҳоли орасида қурбон бўлмаган.

Ироқда давом этаётган зўравонликлар оқибатида тўрт киши нобуд бўлди, шунингдек, икки номаълум шахснинг жасади топилди.

Бағдоднинг Садр мавзеисидаги хонадонга жангарилар отган ракета тушиши натижасида тўрт киши ҳалок бўлди. 9 январда Ироқ хавфсизлик кучлари сунний исёнчи гуруҳлар таянч нуқтаси саналадиган туманлардан бирида эликка яқин жангарини ўлдирганди.

Беларус президентининг матбуот хизмати Россия билан ёнилғи борасидаги тортишувлар барҳам топганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатидан сўнг томонлар юзага келган тортишувга барҳам бериш тўғрисида келишиб олган. Кремль расмийлари президентлар ўртасидаги суҳбат А.Лукашенко илтимоси билан бўлиб ўтганини, унда иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва Россия нефтини Беларус орқали транзит қилиш масалалари муҳокама қилинганини билдирди. Айни пайтда Беларус ўз ҳудуди орқали Европага ўтадиган рус нефтига ўтган ҳафтада жорий этган бож тўловини бекор қилди.

Покистоннинг Балужистон вилоятида хавфсизлик кучлари ва маҳаллий жангарилар ўртасида рўй берган тўқнашув натижасида хавфсизлик хизмати ходимларидан икки нафари нобуд бўлди.

Покистон полициясининг билдиришича, Кветта шаҳрида рўй берган отишма чоғида тўққиз жангари ўлдирилган. Балужистон вилоятида ҳукумат кучлари ва маҳаллий жангарилар ўртасида тўқнашувлар тез-тез рўй бермоқда. Бу тўқнашувларга маҳаллий гуруҳларнинг минтақадаги газ захиралари устидан назоратни ўз қўлига киритишга уринишлари сабаб бўлаётир.

Ироқ президенти Жалол Талабоний ҳукумат Саддам Ҳусайннинг икки сафдошини қатл этишни “кечиктириши шарт”лигини билдирди.

Саддамнинг ўгай укаси Барзан Иброҳим ат-Тикритий ва Инқилобий суднинг собиқ раҳбари Авод ал-Бандар инсониятга қарши жиноят қилишда айбдор топилган ва ўлим жазосига ҳукм этилган. Ироқ президентининг таъкидича, расмийлар ҳозирги вазиятни синчковлик билан ўрганиб чиқиши шарт. 30 декабрь куни дорга осилган Саддам Ҳусайнни қатл этиш жараёни жаҳонда ғазаб билан кутиб олинди ва Ироқда мазҳаблараро зиддиятлар кучайишига олиб келди.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Додфар Спанта БМТнинг янги раиси Пан Ги Мунга мактуб йўллаб, Покистоннинг икки давлат чегарасига тўсиқ ўрнатиш ва уни миналаштириш режасидан ташвиш билдирди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходимининг айтишича, Додфар Спанта жаҳон ҳамжамиятини “террорчиларнинг машғулот марказларини молиялаштириш, жангариларни ёллаш каби иллатлардан қутулиш учун жиддий чоралар кўришга” чақирган.
“Европа ва Осиёнинг узоқ йиллик тажрибаси шуни кўрсатдики, тўсиқ тортиш ва мина ўрнатиш миллатларнинг бирлашиши ва тинчликнинг равнақ топишига олиб келмайди”, - деди вазирлик вакили.

Исломобод расмийлари БМТ вакилининг Покистонда “Толибон” ҳаракати раҳбарлари яшириниб ётгани ҳақидаги иддаоларини рад этди.

Ҳафта бошида БМТнинг Афғонистондаги вакили “Толибон” жангарилари Покистон ҳудудида фаол экани, “улар қўпорувчилик амалиётларини режалаштираётгани ва амалга ошираётгани” ҳақида баёнот берган эди. Покистон расмийларининг таъкидича, коалиция кучлари Афғонистондаги дала қўмондонларига қарши етарлича кураш олиб бора олмаяпти.

Таиландда мамлакат жанубида ўқитувчиларга мактаб ташқарисида қурол олиб юриш ҳуқуқини берувчи қонун қабул қилинди.

Мамлакатнинг Паттани вилоятида ўқитувчининг жангарилар томонидан отиб кетилиши мазкур қонуннинг қабул қилишга туртки бўлди. Бу минтақада ҳукумат сиёсатидан норози бўлган исёнчи гуруҳлар мавжуд. Жангарилар ўқитувчиларни ҳукумат манфаатларига хизмат қилувчи шахслар сифатида кўрмоқда. Сўнгги уч йил мобайнида Таиланд жанубида 65 нафар маориф ходими жангарилар қурбони бўлган.

Ҳиндистон шарқида жойлашган Лаҳона қишлоғи мусулмонлари ҳукумат расмийларидан бу қишлоққа Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн номини беришни талаб қилди.

Қишлоқ диний пешвоси Муҳаммад Аъламнинг маълум қилишича, Саддамнинг телевидение орқали кўрсатилган қатл жараёнини қишлоқ аҳолиси кўзида ёш билан томоша қилган. Ҳиндистонлик сунний мусулмонлар Саддам Ҳусайн қатл этилган куни норозилик намойишлари ўтказган эди.

Эронда 1999 йилдаги норозилик намойишларидан сўнг қамалган талаба фаоллардан бири Аббос Дилдор озодликка чиқарилди.

А.Дилдорнинг адвокати ўз мижози 15 йиллик қамоқ жазосининг ярмини ўтаб бўлгани сабабли шартли равишда озод қилинганини билдирди. Эронда 1999 йилги намойишлардан сўнг кўплаб фаол талабалар ҳибсга олинган. Уларнинг орасида жамоатчи таниқли талаба Аҳмад Батеби ҳам бор ва у шу кунгача қамоқда сақлаб келинмоқда.

Футбол бўйича Англия терма жамоасининг собиқ капитани Дэвид Бекҳэм ўзи тўп сўраётган Мадриднинг “Реал” жамоасини тарк этиши мумкин.

Испаниядан олинган хабарга кўра, “Реал” Дэвид Бекҳэмга янги шартнома таклиф қилмайди. Жамоа расмийларининг “Sky Italia” телевидениесига маълум қилишича, 31 ёшли футбол юлдузи 1 январдан бошлаб бошқа исталган жамоа билан шартнома тузиши мумкин. Айни пайтда Англиянинг бир неча клуби ва Италиянинг “Интер” жамоаси Бекҳэмни ўз сафида кўришни истамоқда.


* * * * * * * * * *



Германия канцлери Ангела Меркел 21 январ куни Москвага боради.

У президент Владимир Путин билан Россия-Европа иттифоқи муносабатлари бўйича музокара юритиш ниятида. Сешанба куни Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозо билан Берлинда ўтган учрашувда, Меркел, Минск ва Москва ўртасидаги низо туфайли рус нефтининг Европага узатилиши тўхтаб қолгани хусусида ҳам тўхталди.
“Биринчи навбатда, табиийки, ҳозирги вазиятни инобатга олган ҳолда биз бу узилишлар энергетик хавфсизлик масаласининг муҳимлигини яна бир карра исботлади, деган хулосага келдик. Биз Еврокомиссия раҳбари билан якдил фикрдамизки, энергетик хавфсизлик масаласининг қайта ва қайта тилга олиниши мутлақо тўғри бўлган”.

Россия билан Белорус ўртасидаги энергетик низога барҳам бериш мақсадида Москвада ўтган музокаралар бесамар бўлди.

Россия Иқтисодий тараққиёт вазири Герман Грефнинг сўзларига кўра, рус нефти учун жорий этган бож тўловларини бекор қилган ва Европага бериладиган нефт транзитини тиклаган тақдирдагина Белорус ва Россия ўртасида тўлақонли мулоқот бошланиши мумкин. Душанба куни “Дружба” нефт қувури орқали Полша, Германия, Словакия ва Чехияга нефт узатиш тўхтатилган эди. Ўтган ҳафтада Минск ўз ҳудуди орқали Европага ўтадиган рус нефтига бож тўловини жорий қилган, бунга эса Москва Белорусга сотаётган газ нархини бирдан кўтаргани сабаб бўлган. Айни вақтда Россия президенти Владимир Путин ҳукумат аъзолари билан нефт қазиб чиқариш ҳажмини камайтириш масаласини муҳокама қилмоқчи.

Ироқда содир бўлган авиаҳалокатда, тахминан, 32 одам қурбон бўлган.

Хабарларга кўра, Бағдод шимолидаги Балад шаҳри яқинида қуюқ туман ичида қўнишга уринган АН-26 русумли самолёт қулаб тушган. Унинг бортида 30 га яқин турк, америка ишчиси, шунингдек, экипаж аъзолари — бир россиялик, бир украиналик ва 3 нафар молдавиялик фуқаро бўлган. Айрим маълумотларга кўра, икки киши омон қолган. Туркия ахборот агентликлари эса самолёт бортидагиларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда. Авиаҳалокат сабаблари эса ҳали номаълум.

Бағдодда навбатдаги кескин тўқнашувлар оқибатида 50 га яқин исёнчи ўлдирилди, 20 га яқини ҳибсга олинди.

Полиция берган маълумотга кўра, қуролланган одамлар Америка ҳарбий блокпостига ҳужум қилган. Бу пост, асосан, сунний исёнчи гуруҳлар таянч нуқтаси саналадиган туманлардан бирида жойлашган.

Қайриб 3 кун давомида Транскавказ йўлининг Россияга кираверишдаги божхона постини беркитиб турган юк машиналари йўлни бўшатди.

Грузин мандарини ортилган машиналарнинг норози ҳайдовчилари йўлни бўшатишга рози бўлди. Ўтган ҳафтада осетияликлар катта миқдорда грузин мандаринини сотиб олиб, Россияда сотишни кўзлаган, аммо, Россия ҳукумати бунга рухсат бермаганидан сўнг низо бошланган эди. Россия томони Грузияда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мамлакатга киритилишини таъқиқлаган.

Америка Ҳарбий ҳаво кучлари Сомалининг “Ал-Қойда” базалари жойлашган, деб тахмин қилинган нуқталарига ҳаводан ҳужум уюштирганини тасдиқлади.

АҚШ Давлат департаменти вакили Шон Маккормак бундай амалиёт ўтказишга асосларни шундай изоҳлади:
“Сомалида ҳаракатланаётган террорчилар у ердан қочиши ва хавфсиз жойга беркинишга улгуришидан хавотирда эдик. Бу минтақадаги бошқа давлатлар — Эфиопия, Кения ҳукуматлари ҳам бошқалар каби хавотиримизни тушунади”, - деди АҚШ Давлат департаменти расмийси.
Бундан аввал Сомали муваққат ҳукумати ҳаво ҳужумлари оқибатида 30 нафардан кўпроқ жанггари ўлдирилди, деб маълум қилган эди. Сомали президенти Абдулла Юсуф Аҳмад АҚШ ҳаракатини маъқуллади. Унинг таъкидича, АҚШ ҳарбийлари мамлакат ҳудудидаги террорчиларга қарши ҳужум қилишга ҳақли.

Озарбойжон яна Грузияга газ бера бошлади.

Бу ҳақда икки давлат декабр ойида келишув имзолаган эди. Ҳозир Грузия озарбойжон газининг ҳар минг кубометрини 120 доллардан сотиб олмоқда. Шунингдек, бу давлат Россиядан ҳам минг кубометр учун 235 доллар нархида газ сотиб олади. Расмий Тбилиси бир неча бор Россиядан олинадиган газни аста-секин бошқа манбалардан сотиб олишни йўлга қўйиши ҳақида баёнот берган.

Исроил Бош вазири Эҳуд Олмерт устидан жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Бу ҳақда сешанба куни Исроил телеканалларидан бирида хабар берилди. Хабарга кўра, Эҳуд Олмерт ўз хизмат лавозимини суистеъмол қилган, 2004 йилда бакнларни хусусийлаштиришда молиявий жиноятга қўл урган. Бунга қадар ҳам Исроил Бош вазирининг номи коррупцияга оид бир неча йирик ишларда тилга олинган, бироқ, унга қарши айблов эълон қилинмаган эди.

AҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс 12 январдан Яқин Шарқ ва Европа мамлакатлари бўйлаб сафар бошлайди.

АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, Яқин Шарқ сафаридан бош мақсад Исроил-Фаластин ўртасида тинч мулоқотни тиклашдир. АҚШ Давлат котиби Исроил, Фаластин мухторияти, Миср, Иордания, Қувайт ва Саудия Арабистонига боришни кўзлаган.
Кейин эса Кондолиза Райс ўз сафарини Европа давлатларида давом эттириб, Британия ва Германияга бормоқчи. Райснинг навбатдаги сафари 8 кунга мўлжалланган.

2006 йилда Россияда 9 журналист ҳалок бўлган.

Бу ҳақда “Ошкораликни ҳимоя қилиш жамғармаси” хабар қилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари эълон қилган ҳисоботда айтилишича, якунланган 2006 йил давомида марказий ва регионал оммавий ахборот воситаларида ишлаётган журналистларга 69 марта ҳужум қилинган. Бу 2005-2004 йилларидагидан анча кўп. Оммавий ахборот воситалари теграсида жамғарма қайд этган жами низолар сони эса 1 минг 300 дан ортиқроқ.

АҚШ Молия вазирлиги, Эрон ҳукумати назорати остидаги “Сепах” банкидан оммавий қирғин қуроли тарқатиш мақсадидаги харидлар йўлида фойдаланилади, деб баёнот тарқатди.

Вашингтон Америка компанияларининг мазкур банк билан ҳамма операцияларини таъқиқлади ва АҚШ даги “Сепах” банкига қарашли ҳамма ҳисоб-рақамларини ҳибс қилишга кўрсатма берди. АҚШ Молия вазири ўринбосари Стюарт Левининг маълум қилишича, “Сепах” банки Эрон ҳукуматининг оммавий қирғин қуроли ташишга мўлжалланган ракета яратиш бўйича ҳаракатларида фаол иштирок этади.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бош вазир лавозимига Карим Масимов номзодини тақдим этди.

9 январь куни ҳукуматпараст “Нур-Ватан” партияси президент таклифини маъқуллади. К.Масимовнинг миллати уйғур бўлиб, Хитойда таълим олган. Шу пайтгача у президент маслаҳатчиси, транспорт ва алоқа вазири лавозимида фаолият юритиб келган. Қозоғистон парламентининг 10 январь кунги ялпи мажлисида депутатлар К.Масимов номзодини муҳокама қилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG